У тўхтади. Атрофга қулоқ тутди: жимжитлик – ҳамма ёқ сукут чодирига ўралган. Лекин хотиржам бўлиб, яна аста юриб кетди. Лекин хотиржамлиги узоққа бормади, дам ўтмай сукунатдан қўрқа бошлади. Ҳеч бўлмаса оҳиста-оҳиста босаётган оёқларининг заиф товушини эшитгиси келди. Бу кеч борлиққа ҳукмрон бўлиб олган сукунат бағрини ҳеч қандай товуш тила олмайдигандай эди. Шахан қиёмат қичқириғи ҳақида эшитган, назарида бу тун уни қиёмат сукунати ўраб олиб, юта бошлагандай эди.
Шахан Халабда ишлаб топган пулини иккита тилла тангага алмаштириб олганди. Агар омади шу тарзда юришиб турса, Сурияга яна бир марта бориб, сўнг бу ишларини йиғиштиришга аҳд қилганди. Чунки “контрабандист” деган сўзнинг ўзиёқ унинг кўнглини хижил қиларди. Қоп-қоп афюнми, тиллами ё бошқа таъқиқланган нарсани чегарадан яширинча олиб ўтувчиларни “контрабандачи”, деса ярашади. Чегарадан ўтиб, меҳнат қилиб пул топишнинг нимаси жиноят экан, Шахан тушунмайди. Чегарадан фақат ўғринча ўтиш мумкин, бошқа йўл йўқ. Тўғри йўл билан ўтай деса, топган пулининг ярмини божхона шилиб олади.
Узоқдан итларнинг ҳуриши эшитилгач, Шахан қадамини секинлатди. Атрофга олазарак боқди. Ҳатто осмонга ҳам қаради: яримта Ой заиф нур сочиб турибди. Осмонга узоқ тикилди: назарида юргани сайин Ой ундан қочаётгандай эди. У бош чайқаб, “Во, ажаб!” деб пичирлади. Ҳозир осмоннинг мўъжизаларига маҳлиё бўлиб туриш вақти эмасди. Алҳол унинг мақсади бир – чегарадан эсон-омон ўтиб олиш. Чегарадаги ажал майдонидан бехатар ўтдими, бу ёғига қишлоғи бир қадам йўл. У чўнтагидан сигарет чиқариб, чўк тушди-да, кафтлари билан беркитиб тутатди. Чуқур-чуқур тортиб, хавотирини босмоқчи бўлди. Хаёлан уйини кўз олдига келтирди: хотини ва болалари ширин уйқудадир. Қоронғилик бағрида кенжатойи кўзига кўринди. Кенжатойини жуда яхши кўради. Ҳатто баъзан: “Бу ўғлимни нега бошқалардан аълороқ кўраман?” деб ажабланади ҳам. Кенжатойи акаларига ўхшамайди: сочлари жингалак, кўзлари тим қора, ўрдакчага ўхшаб лапанглаб юриши ҳам ёқимли… Ҳозир ширинтойи қоронғилик бағрини тилиб юриб келаётгандай бўлиб, Шаханнинг вужудига илиқлик берди. У шошиб атрофга хавотир билан аланглади. “Ўғлим контрабандачи бўлмайди, мен бунга йўл қўймайман”, деган фикр хаёлини чақмоқ нури каби ёритиб ўтди.
Ўрнидан туриб, юра кетди. Чегарага яқинлашиб қолганди. Сарҳад томонда ит вовуллаб, сукунатни поралаб ташлади. Шахан ғарб сари юрарди. Ўн дақиқадан сўнг сой бўйига етди. Баҳорда шиддат билан тўлиб оқувчи сойда ҳозир сув кам, нариги қирғоққа бемалол ўтиб олиш мумкин. Шахан ечиниб, сувга тушди. Сойнинг тинчини бузишдан қўрққандай эҳтиётлик билан ўта бошлади. Нариги кирғоққа ўтгач, ўтирди, кейин ётиб олди. Бағрини ерга бериб бироз тин олгач, энди эмаклаб кетди. Мўлжали бўйича эмаклаб ўтилиши лозим бўлган масофадан ўтиб қуриб қолган дарахтга етгач, адашганини англади.
Шахан ер бағрига сингиб кетишни истагандай ўнг бетини тупроққа босиб ётиб олди. Ер уни бағрига олишни истамади, аксинча вужудига қўрқув таратди. “Оллоҳ, Оллоҳ, ё бағримдаги қўрқувни ол ё жонимни ол!” деб пичирлаб, бошини кўтариб аланглади. Яна кенжасини эслаб, қўрқоқлигидан уялиб кетди: “Менга нима бўлди, қайси жин чалди? Контрабанда ожизларнинг эмас, мардларнинг иши-ку!”
Шахан ётган ерида дуоларни ўқигач, Оллоҳга таваккул қилиб қаддини кўтарди-да, миналар кўмилган ажал майдонига аста қадам ташлади. Ҳукумат одамлари сарҳадни контрабандачилардан ҳимоя қилиш мақсадида чегара бўйлаб сон-саноқсиз миналарни кўмиб ташлашгани учун бу Худо урган жойларни “Ажал майдони” деб аташарди. Шаханнинг ҳаёти энди қилга осилиб қолган эди. Ҳар бир босган қадами сўнгги қадам бўлиши мумкин. Бир нима “ширқ” этиб, Шахан тўхтади. Ҳали оёқ остидаги бомба портламай туриб, жони чиқиб кетгандай бўлди. Чап оёғида жон бор, олдинга босилган ўнг оёқ остида эса ўлим яширинган. Шахан Худога илтижо қилганича, нафас ютиб, ўнг оёғини аста кўтарди. Оёқ остида ўлим йўқ экан, “ширк” этган товуш алдамчи экан. Тирик қолганига ишониб-ишонмай, бир неча нафас қимирламай турди. Ҳозиргина ўлим қўрқуви баданини музлатган эди, энди ҳаёт шодлиги бағрига илиқлик берди.
Бу кеч қўрқувдан қутула олмаётганига ўзи ҳам ажабланди. Аввалги сафарларда бунчалик қўрқмаган эди-ку? Балки кўнгли бир шумликни сезаётгандир? Ё ортига қайтгани маъқулми? Бу фикрни дарҳол қувди – Сурияга қайтиши мумкин эмас эди. Машаққат билан топган бу икки тилла тангани қандай қилиб бўлса-да, уйига етказиши шарт! Оиласининг эртанги ҳаёти, умидларининг ушалиши шу икки тангага боғлиқ.
Шахан қадам босишдан олдин оёғининг учи билан ерни пайпаслади. Баданидаги қўрқув титроғи уни тарк этмади. Иккинчи қадамни босиши билан оёғи остидаги мина портлади. Шахан аввалига нима бўлганини англамади, ўша қўрқув титроғида гаранг ҳолда қимирламай ётди. Портлаш натижасида осмонга кўтарилган тупроқ зарралари худди ёмғир томчилари каби юзига тўкилди. Кўзларини юммоқчи бўлганида битта кўзи қолганини сезди. Ўнг қўлини пешонасига олиб келди: битта кўз ўрнидаги юмшоқ чуқурчани пайпаслади. Шу онда баданидаги қўрқув титроғи қайгадир учиб кетгандай туюлди. Вужуди енгиллашди, тупроқ майинлашди, худди юмшоқ ва илиқ тўшак устида ётгандай бўлди. “Ўляпман, шекилли, – деб ўйлади у. – Яна бироз нафас ололсам эди…” Унинг ҳали тирик хаёлини яна жингалак сочли, қоп-қора кўзли кенжатойининг кулимсираган чеҳраси ёритиб ўтди.
Шахан минг бир азоб билан соғ қолган кўзини очди. Тупроқ зарраларини аранг кўтара олган киприклари орасидан кучли бир нурни кўрди. Кўрди-ю, киприклари яна қовушди. “Ҳаммаси тамом бўлдими? – деб ўйлади. Шунақага ўхшайди, осмонга кўтариляпман. Менга ўхшаган бечораларга ерда ҳам, у дунёнинг жаннатида ҳам жой йўқ, биз ҳеч қаерга сиғмаймиз…”
Кўзини яна очди, яна нур кўринди. Бу алдамчи нур эмас, у томонга полиция машинаси шитоб билан яқинлашаётган эди. Шахан буни англаб, шалвари чўнтагига яширган иккита тилла тангани эслади. Танга чўнтагида қолса, уларнинг қўлига тушади, уларнинг нафси чатоқ, тошни ҳам ютиб, ҳазм қилиб юборади. Бунга сира-сира йўл қўймаслик керак! Шахан шу аҳдда қаддини кўтармоқчи бўлди, аммо бадани ўзига бўйсунмади. Қўшалоқ нур эса унга тобора яқинлашаверди. “Ё Оллоҳ, Оллоҳ! Мендан юз ўгирма, болаларим ҳақи учун менга ёрдам бер!” деган илтижо билан ҳаракат қилиб, ўтириб олди. Шунда ўнг оёғида кучли оғриқ сезиб, инграб юборди. Оғриқ қўзғалган оёғига қўл узатди: панжаси илиқ қон ва гўштга тегди – оёғи узилиб тушган эди.
Машина чироқлари билан ерни пайпаслаб унга тобора яқинлашарди. Шахан ёнида узилиб ётган оёғини олиб, ўрнига жойлаб қўймоқчи бўлгандай ҳаракат қилди. Бу орада машина ундан сал нарида тўхтади. Шахан ҳолсизланиб йиқилди.
Жандармлардан бири уни кўриб, “Анавини қара”, деб шеригини туртди. Сўнг Шаханга қараб қичқирди:
– Ҳой, кимсан. Тур ўрнингдан!
– Жавоб бўлмади.
– Ким бўларди, итдан тарқаган бир контрабандист-да, – деди иккинчиси сўкиниб.
– Ҳой, ўликмисан, тирикмисан, жавоб бер?!
– Ўлганга ўхшайди.
– Аблаҳ, ширингина уйқумизни бузди-я!
– Ит бўлганидан кейин итнинг ўлимини топади-да, бўпти, юр кетдик. – Ўлмаган бўлса-чи?
– Эрталабгача барибир ўлади. Кундузи келиб ўлигини олиб кетамиз.
– Ўтган сафардагидай машинага боғлаб судраб кета қоламиз.
Шахан уларнинг гапларини эшитиб ётарди. Судраб кетишадими ё қолдиришадими – унга фарқсиз: қилга илинган жони узилай-узилай деб турибди. Қил узилмасидан олдин тилла тангаларни беркитишга улгуриши керак! Қонга беланган ўнг қўлини шалвари чўнтагига тиқиб, тилла тангаларни чиқарди-да, шошилганича оғзига солди. Асосий ишни бажарди. Энди калима қайтаришга улгурса бас.
Жандармлардан бири тўппончасини чиқариб, чалажон танага кетма-кет ўқ узди. Шахан биринчи ўқдаёқ ўлди… Битта танга томоғига тиқилди, иккинчиси тили остида қолди. Лаблари қаттиқ қимтилди. Тишлари пўлат қалқон каби тилла тангалар йўлини тўсди.
* * *
Қуёш тиккага келди. Бу пайтда катталар панада, соя-салқинда жон сақлашади. Болалар эса иссиққа ҳам, атрофда содир бўлаётган воқеаларга ҳам парво қилмай, кўчаларни ва майдончани чангитиб ўйнашади.
Шаханнинг ўлигини майдончага судраб келишди. Сўнг узилиб тушган оёғини ёнига ташлашди. Қонга беланган афт-башарасига қараб уни таниш қийин эди. Ўликни бир зумда пашшалар талай бошлади.
Полициянинг зўри билан тўпланган деҳқонлар бошларини хам қилиб дабдаласи чиқиб кетган ўликка қараб-қараб қўйишади. Эркаклар жим, ҳатто аёллар ҳам овоз чиқаришмайди. Тўпланганлар ўликка қарайдилар-у, бир ҳафта ёки бир ой ёки ўтган йили судраб келинган қариндошларини эслайдилар. Эслаб, юраклари пора-пора бўлади. Эркакларнинг томоғига йиғи қадалади, аёллар уввос тортиб фарёд ургилари келади, лекин улари ҳам, булари ҳам ўзларини тутишга куч топадилар.
– Хотинларга жавоб, уйларига кетишсин! – деб буюрди лейтенант.
Аёллар лабларини тишлаганларича майдонни тарк этишди. Бу онда Худо улардан йиғлаш насибасини ҳам тортиб олган эди. Бу атрофдаги қишлоқларнинг ёзилмаган тартиб-одатлари бор эди: жандарм судраб келтирган ўликни “танимаймиз” деб туришарди. “Билдим” дедим – тутилдим, “билмадим” дедим – қутулдим”, деганларидай, “танийман, бу фалончи” деган одамнинг шўри қурийди. Жандармлар тинтувлар, сўроқ-терговларни бошлаб, ҳамманинг силласини қуритишади.
Майдондан узоқлашаётган аёллар орасида Шаханнинг хотини ҳам бор эди. Беш-олти қадам босиб, орқасига ўгирилиб қаради: у югуриб бориб ўзини эрининг мурдаси устига ташлагиси, фарёд уриб йиғлагиси келди. Лекин болаларининг тақдирини ўйлаб, ўзини босди. Оёқларига оғир тошлар боғлаб қўйилгандай базўр қадам босиб майдондан узоқлашди. Уйига келганида ҳовлида қум ўйнаб ўтирган жингалак сочли, қоп-қора кўзли ширингина кенжатойи уни хурсандликдан қийқириб кутиб олди. У ўғилчасини кўтариб бағрига босди. Ўйинига ҳалал берганидан норози бўлган кенжатой йиғлай бошлади. Ана шунда она унга қўшилди: она-бола баравар йиғлай бошлашди.
Бу он офтобда беҳаловат бўлган лейтенант жандармга буюрди:
– Манавиларни олдинма-кейин бир сафга тиз!
Жандарм тўпланганларни туртиб-суртиб сафлай бошлади. Айджикент қишлоғининг майдончага тўпланган эркаклари бир қаторга тизилишди. Бир-бирларининг гарданларига бурнилари теккудай бўлиб сафга туриш улар учун янгилик эмас, энг яқин қариндошларининг ўлигига қараб туриб, “Танимайман”, дейиш ҳам одатий ҳол эди. Турнақатор саф тартибга келгач, битта-битта лейтенантга яқинлаша бошладилар:
– Танияпсанми?
– Жавоб бериши лозим бўлган одам ўликка қараб, уни биринчи марта кўриб тургандай бош чайқади:
– Танимадим, энди кўришим.
Кейинги кишига ҳам айни савол берилди:
– Яхшилаб қара, танидингми?
– Худо ҳақи, танимадим…
– Тўртинчи, бешинчи одамдан кейин лейтенант асабийлаша бошлади. Кейингисини қийин-қистовга олди:
– Сезиб турибман, сен танидинг, исмини менга секингина айта қол, бировга билдирмайман.
У одам лейтенантда умид уйғотиб, ўликка яқинлашди, синчиклаб тикилди-да, сўнг қаддини кўтариб, бош чайқади:
– Қасам ичаман: танимадим.
Қуёшнинг оловли тили лейтенантнинг миясини қовжиратиб юборгандай бўлди. Назарида қуёш фақат унинг бошини қиздириш учунгина осмонга кўтарилгандай эди. У деҳқонлардан бирон-бир маълумот ололмаслигини олдиндан биларди, билса-да, бу тадбирни ўтказишга мажбур эди. Ҳозир ҳолдан тойган пайтда “ўликни таниш маросимини” тезроқ якунлашни истаб, савол-жавобни қисқа қилди. Ўликка секин-аста яқинлашаётганларга қараб:
– Тезроқ бўлларинг, имилламаларинг! – деб бақирди.
Саф ортида турган қария лейтенантнинг чақиришини кутмай, секин юра бошлади.
– Ҳой, чол, ўликмисан, тирикмисан?! Тезроқ юр!” – деб қичқирди лейтенант.
Қария унинг дағдағасини эшитмагандай ўша секинликда яқинлашаверди. Бундан ғазабланган лейтенант унга яқинлашиб, билагига чанг солди-да, бир-икки силтади:
– Гарангмисан, буйруғимни эшитмадингми?
– Эшитдим. Кўрмаяпсанми, мен қариман, дарди бедавоман, – деб минғирлади қария хаста овозда.
– Тезроқ юр, дедим!
Қария Шаханга яқинлашди. Тарашадек бўлиб қолган қўллари титрарди. Кўзидан ситилиб чиққан ёш томчиси ёноғидан тезгина ўтиб, соқол босган бетига сингиб кетди. Кўз қорачиқлари қотиб, рангсиз юзини жон тарк этгандай бўлди. У ўликдан бир қадам берида тўхтаб, тиз чўкди. Қария Шаханга янада яқинроқ боришни, янада яхшироқ тикилиб қарашни истаётганди. Унинг мақсади ўликни таниб, жандармга айтиш эмас, балки дийдорига тўйиб олиш. Бошқалар таниб, айтишса ҳам, бу қария сира-сира айтмайди, чунки пашша талаб ётган Шахан унинг ўғли!
Лейтенант қариянинг елкасига туртди:
– Бўлди, тур! Таниган бўлсанг, айт!
Қария аста қаддини тиклади. Сўнг ўликдан нарида ётган оёқни олиб, ўз ўрнига авайлаб қўйди-да:
– Танимадим, – деб пичирлади.
Жандармлар ўликни судраб олиб кетишгач, Анджикентда ҳаёт сўнгандай бўлди. Ҳатто шўх болакайларнинг шовқини ҳам эшитилмай қолди.
* * *
Қария шом намозини полиция маҳкамаси яқинидаги пана жойда ўқиди. Офтобда қизиган тупроқ унга жойнамоз бўлди. Қонталаш уфқ қорайиб, атрофга қоронғилик чўкканда қария маҳкамага янада яқинроқ келиб, ўғлининг ўлигини кўриш учун пайт пойлай бошлади. Тун оғишини, жандармларнинг уйқуга кетишларини сабр билан кутди. Ярим кечада маҳкама атрофи ўлик сукунат бағрига чўмган онда ўрнидан аста турди. Шом тушмай кўрган: ўғлининг ўлиги ҳовлида дўмпайиб турибди. Тепасига эски қоп ташлаб қўйилган. Қария ҳовлига киргач, кимнингдир шарпаси эшитилгандай туюлиб чўчиб тушди, ўтириб олди, атрофга қулоқ тутди: жимжитлик… Бу жимликни безовта қилмаслик учун ўлик сари аста эмаклади. Қария ўликка етгач, қопнинг бир чеккасини кўтарди: ўғлининг жонсиз юзини силади.
Қария бу ерга фақат ўғли билан видолашиш учунгина келмади. Шахан Сурияга кетаётганида отасини бағрига босиб, бирор кори ҳол юз берса, ўлигидан бўлса ҳам тилла тангаларни олишни васият қилган эди. Ўғлининг юзини силаётганида бу васиятни унутди: кўзларидан ёш оқди. Ўғлининг бош томонига ўтириб олди. Жандарм чиқиб қолар, деган қўрқув ҳам кўтарилди. Ўғлидан ажралгани бир фожиа бўлса, уни одам қаторида дафн этолмаслиги минг фожиа эди. Бечора қариянинг илвиллаб қолган юрагини ҳозир шу фожиа азоби куйдираётган эди. У бироз ҳаракатсиз ўтиргач, уйига қайтгиси келди. Лекин келинига қуруқ қўл билай қандай кўринади? Ширин набирасининг қўлчасига тилла танга ўрнига нимани тутқазади? “Пешонам қурсин! Камбағалликка лаънатлар бўлсин! – деб пичирлади у:
– Оҳ, болам-а, болажонгинам-а, қайси фалокат билан минани босдинг-а? Бу ўлим косасини яратган шайтонга Оллоҳнинг лаънати бўлсин!
Анджикент қишлоғи томонда бесабр хўрозлар қичқириб, субҳи козиб кирганини маълум қилган онда ҳам қария бир қарорга келолмай, ҳаракатсиз ўтирганди. Дабдаласи чиқиб кетган ўликни яна безовта қилсинми? Ўғлининг юзини силаётган титроқ қўлини тортиб олди. Қаддини кўтарди. Бир қадам босди ҳам. Ана шунда ўғли қулоғи остида шивирлагандай бўлди:
“Ота, агар Оллоҳ жонимни олса, тилла тангаларни сизга васият қиламан. Аввал оғзимни очиб қаранг. Топилмаса, уни ютиб юборган бўламан, қанақа қилиб бўлса ҳам олинг…”
Қария тўхтади. Қайтди…
Тоҳир Малик таржимаси