Роса ҳолдан тойганман. Толеим пастга ўхшайди, қаерга иш сўраб бормайин, йўқ, деган жавобни оламан. Аҳволинг ночор бўлганидан кейин мияга ҳар хил бўлар-бўлмас фикрлар келавераркан. Ўзим Мачкадан Дўлмабоғча томонга қараб кетяпману, етти ухлаб тушга кирмайдиган хаёллар оғушидаман. Бир пайт қарасам, стадионнинг олдидан чиқиб қолибман. Худди қиёмат қойим бўлганга ўхшайди. Атроф-теварак ғуж-ғуж одам, ўтиб кетишнинг сира иложи йўқ. Булар стадионга қандоқ киришади? Ҳайронман. Гирдобга тушиб қолган одамдай турган жойимда гир-гир айланаман. Баъзан юқоридан босиб қолишса, эллик қадам орқага ташлаймиз, орқадан суриб келишадиган бўлса, яна шунча олдинга силжиймиз. Гоҳо оломон тўрт томондан чунонам қисиб келадики, турган еримда чирпирак бўлиб кетаман.
Бундоқ қарасам, оломонни ёриб ўтишнинг ҳеч иложи йўқ. Аслида-ку бўлар иш бўлди, деб қўл қовуштириб ўтирганим йўғ-а, аммо қанчалик уриниб-суринсам ҳам кучим етмади. Назаримда, катта бир ўпқонга тушиб қолганману, бунинг ичидан энди ҳечам чиқолмайдигандайман. Қанчалик ўзимни тўрт томонга уриб, қўл-оёғимни ншга солмайин, барибир нафасим бўғилиб, шу ернинг ўзида асфаласофилинга кетворадиганга ўхшайман.
Шу тариқа дунёдан умидимни узиб турган эдим, бирдан чуриллаган ҳуштак овози эшитилиб қолди. Ўзиям кетворган ҳуштак экан шекилли, туғма карларнинг қулоғини ҳам қоматга келтирворади. Ҳозиргина қайнаб, кўпириб турган оломон бир зумда қоқ иккига ажралиб, ҳуштак чалган одамга йўл бўшатди. Ким экан бу азамат, деб бундоқ қарасам, ўзимизнинг Муса келяпти!
— Муса-а-а! — деб қичқириб юбордим суюнганимдан. Аслида-ку «ҳув Муса!» деб чақирсам ҳам бўларди-я, лекин ҳуштакка ҳурмат зўр эканми менда, ҳайтовур ундоқ қилмадим. Мени кўриб, Муса олдимга келди, қўлимдан ушлаб, ўзи билан олиб кетди. Илдам юриб кетдик. Мабодо бирор ердан ўтолмай қолсак, ошнам ҳуштагини чуриллатиб қўяди. Одамлар бир-бирини йиқитиб бўлса ҳам, дарров бизга йўл бўшатишади. Олдинда Муса, орқада мен — шу тариқа стадионнинг эшигига етиб олдик. Муса яна ҳуштак чалган эди, эшикда турган бир одам «буюрсинлар!» деб бизни ичкари қўйиб юборди.
— Спорт бўйича каттакон бўлдингми, Муса? Бу қандоқ гап ўзи, ҳуштак чалсанг, ҳамма сенга йўл берадиган бўпти? — ҳайрон бўлиб сўрадим ундан, бир оз нафасимни ростлаб олгач.
— Қўявер, парво қилма. Хўш, ўзингдан гапир, қаерда ишлаяпсан?
— Ҳеч қаерда. Беш ойдан буён ишсизман. Эркакларга иш йўқ. Ҳозир йўл-йўлакай шуни ўйлаб келаётган эдим. Озроқ грим қилиб хотин киши бўлиб олсаммикин, деган хаёлга ҳам бордим. Аммо бу масалада бировни айблаб ҳам бўлмайди. Менинг ўзимга ҳам бирор хизматчи керак бўлса, ғўдайиб кириб, ғўдайиб чиқадиган эркаклардан кўра аёл кишини афзал кўрардим. Ниятимда бирор ғараз бўлгани учунмас. Ахир эркак билан аёлнинг қиладиган иши бир бўлганидан кейин оладиган одаминг чиройлироқ бўлгани маъқул эмасми? Лоақал ҳуснини кўриб, яйраб ўтирасан-ку.
— Бўлди, бўлди. Миянг айниб қолганга ўхшайди.
— Сен ҳам беш ой ишсиз юриб кўр, кейин биласан.
Майдонда ўйин бошланиб қолди, икковимиз ўйинга берилиб кетдик. Футбол тугаганидан кейин яна кўчага чиқдик. Бу гал ҳам Муса ҳуштагини чуриллатиб, йўл очиб борди. Катта кўчага чиқиб олган эдик, «машинага ўтирамиз» деб қолди. Яхшику-я, лекин шу топда машинага тушиб бўладими? Машина ёки автобусга чиқаман, деб турганларнинг кети кўринмайди. Бирорта машина кўриниб қолгудай бўлса, тумонат одам ёпирилиб боради.
— Ҳали-бери бизга навбат тегмайди, икки-уч кун ётиб кутиш керак, деб қўйдим.
— Қўявер, ишинг бўлмасин.
Ёнимиздан ғизиллаб бир такси ўтди. Муса дарров ҳуштагини чалиб юборди. Ҳозиргина тўхтамай ўтган такси дарҳол орқага қайтиб, олдимизга кўндаланг бўлди. Икковимиз чиқиб олдик. Шуниси қизиқки, шофёр машинага бошқа одам олмади.
— Транспорт полициясига бошлиқ бўлдингми, Муса? — яна ҳайрон бўлиб сўрадим ундан.
Дамингни чиқарма, дегандай қўлини лабига босди. Нишонтошида таксидан тушдик. Муса чўнтагига қўл солди.
— Пулингиз керак эмас, жон ака, шунинг ўзига раҳмат, — деб шофёр бола оёғини тираб туриб олди.
— Шофёр танишмиди? — деб сўрадим Мусадан.
— Йўқ.
— Бўлмаса полицияда каттароқ ишдамисан?
Яна «жим бўл» деган ишорани қилди-да, кейин қўшиб қўйди:
— Манави жойдан бирор нима олиб, уйга борамиз.
Қассоблик дўконига қараб юрдик. Дўконнинг олдида одам уймалашиб ётибди, яқинига йўлаб бўлмайди. Ҳамма ёқда қий-чув, тўполон. Яна Мусанинг ҳуштаги иш берди. Бир чуриллатиб қўйган эди, ҳамма тинчиди қолди. Қассобнинг ўзи ичкаридан югуриб чиқиб, бизни дўконга бошлаб кирди.
— Бир кило юмшоқроқ гўшт керак эди.
— Бош устига, яна нима?
— Миядан борми?
— Ўнтаси етадими?
Қассоб буларни яхшилаб ўраб берди. Муса ёнидан ҳамёнини олди.
— Хафа бўламан, бейафандим, — деганича қассоб пулни олишга асло унамади. Масаллиқни олиб, дўкондан чиқдик.
— Айтсанг-чи, энди, Муса, ўзи нима гап? Ёки муниципалитетга раис бўлиб қолдингми?
— Бугун кўчада овқатланамиз, — деди у саволимни яна жавобсиз қолдириб. — Эртага дам олиш куни, масаллиғ кунимизга ярайди. Яна бирор нима олайми?
— Бўлар.
Бу ердан чиқиб, баққол билан сабзавотфурушга учрадик. Муса ҳуштагини канда қилмади. Икки қўлимиз ўроғлиқ нарсаларга тўлиб кетди. Аммо бир лира ҳам пул сарфлаганимиз йўқ. Муса ҳуштагини чуриллатиб, битта такси тўхтатди. Уйига қараб жўнадик. Машинадан тушаётганимизда шофёрга кутиб туришни буюрди.
Ошнам уйланмаган, бир ўзи туради. Қўлимиздаги нарсаларни уйига қўйиб, кўчага чиқдик. Такси кутиб турган экан, тўғри казинога қараб юрдик. Бу шофёр ҳам пул олмади.
Казинонинг ичи лиқ тўла одам. Муса ёнидан ҳуштагини олиб, энди чаламан деб турган эди, бир гала официант билан кўринишидан казинонинг эгасига ўхшаган бир киши олдимизга югуриб келди. Дарров саҳнадан пастроққа жой қилиб беришди, биздан сўраб ҳам ўтирмай бирпасда стол устини тузаб қўйишди.
— Гапирсанг-чи, Муса, кимсан ўзи? Ё ревизорлик қиляпсанми-а?
Нимани сўрамай «жим» дейди, бир оғиз ҳам жавоб бермайди. Муса катта одам бўлиб кетганга ўхшайди-ю, лекин ким бўлиб ишлаётганикин? Ўйлаб-ўйлаб тагига етолмайман.
Бир пайт ўйин-кулги бошланиб кетди. Роҳат қилиб ўтирибмиз. Официантлар атрофимизда парвона. Тўсатдан орқа томондан шовқин кўтарилди. Маст-аласт одамлар ёқа бўғишиб кетишди. Иш пичоққа бориб тақалай деганида, Муса ҳуштак чалиб юборди. Ҳозиргина бир-бири билан шердай олишиб турган азаматлар чуриллаган овозни эшитибоқ, думларини қисиб қолишди.
Бу Муса тушмагур ким бўлиб кетдийкин-а? Ҳеч ўйимга етолмай қолдим. Икки юз лира атрофида еб-ичган бўлсак керак, деб ўтирувдим, казинонинг эгаси бир чақа ҳам пул олмади.
Уйга яна машинада қайтдик. Эртасига дам олиш куни келди. Муса енг шимариб, овқатга ўзи уннаб кетди. Мен кетмоқчи бўлган эдим, жавоб бермади.
— Ҳеч қаёққа кетмайсан, — деди у. — Меникида беш-олти кун юратур. Миянг ҳам анча дам олади.
Уйида бир ҳафта қолиб кетдим. Икковимиз роса айландик, ўйнаб-кулдик. Кайф-сафо қилдик. Лекин ошнамдан сариқ чақа ҳам кетгани йўқ. Қаерга бормайлик, ҳамиша узатган пули қўлида қолади.
— Ҳой Муса, катта одам бўлиб кетганингни тушуниб турибман. Лекин амалинг нима, айтсанг-чи? — деб роса ёлбордим. Шундаям айтмади. Охири бир куни:
— Айтсам, бировга гуллаб қўймайсанми? — деб сўради.
— Асло.
— Сўз берасан-а?
— Бераман.
— Сўз битта-я?
— Битта.
Менга роса қасам ичиртириб, бировга айтиб қўймаслигимга тўла ишонганидан кейингина чўнтагини ковлаб, ёнидан ҳуштагини олди-да, уни ўпиб, пешанасига суртди.
— Ҳамма каромат мана шу ҳуштакда, ошнам, — деди у. — Бир куни Қоракўйда такси кутиб турувдим. Одам кўп, менга навбат тегишига кўзим етмайди. Қўлимдаги занжирли ҳуштагимни ўйнаб, ғижиниб тургандим, нима бўлиб ҳам беихтиёр уни чалиб юборибман. Шу заҳотиёқ бир киши олдимга югуриб келиб, салом берди. Менинг ўрнимда бўлганингда сен нима қилардинг шунақада?
— Ҳайронман.
— Биласанми, мен нима қилдим? «Тартиб ўрнатинг, ўғлим», дедим-да, индамай кетавердим. Нарироқ бориб кўрсам, кўчадан ўтишнинг ҳечам иложи йўқ. Яна ҳуштак чалдим. Ғизиллаб кетаётган машиналар тақатақ тўхтаб қолди. Кўчанинг нариги бетига бемалол ўтиб олдим. Олдинига роса ҳайрон бўлдим, лекин чуқурроқ ўйлаб кўрсам, ҳуштакда чиндан ҳам ҳикмат кўп. Бизда ҳамма ишлар шунинг амри билан қилинмайдими, ахир? Ҳуштак чалинса, кемалар йўлга чиқиб, поездлар жойидан жилади. Машиналар ҳуштак билан тўхтайди. Ёқа бўғишганларни у бир зумда яраштириб қўяди. Унинг овозини эшитиб, баъзан одамлар тирақайлаб қочишадиям. Масалан, ҳозир мен уни бир чуриллагиб қўйсам, ҳамма каклик боласидай ин-инига кириб кетади. Ҳа, дўстим, бизнинг юртимизда ҳамма нарса ҳуштакка боғлиқ эканини мен ўшанда тушундим. Шу-шу мени ҳуштак боқиб келяпти. Жон оғайни, бу гапни зинҳор бировга айта кўрма. Акс ҳолда, ҳуштакчилар кўпайиб, менинг бозорим касод бўлади.
Бу сирни бошқа одамларга айтмасликка сўз берганим тўғри, аммо ёзмаслик ҳақида орамизда гап бўлгани йўқ. Шунга кўра ундан эшитганларимни ёзяпман. Лекин менинг ҳам сизларга битта илтимосим бор. Ҳозир бир гап айтаман, шуни ҳеч кимга билдирманглар.
Муса билан хайрлашганимдан кейин мен ҳам дарҳол ҳуштак сотиб олдим. Тақсим майдонида унинг кучини бир синаб кўрмоқчи бўлдим. Чалган ҳуштагим ҳеч кимга таъсир қилмади-ю, лекин ўзим қамоққа тушдим. Эртаси куни газеталарда менинг тўғримда бўлмағур гапларни ёзиб чиқишди: «Бир фирибгар қўлга тушди!» «Сохта полициячи, муттаҳам қамоққа олинди!..» Тепамда худо турибди, бир марта ҳуштак чалдим, холос, бошқа ҳеч қанақа гуноҳ қилганим йўқ. Шундан кейин тушундимки, бизнинг юртимизда ҳуштакка эътиқод зўру, аммо уни қойил қилиб чала билиш ҳам керак экан. Менга ўхшаб ҳуштакни дағ-дағ титраб чаладиган бўлсанг, дарров жойингни кўрсатиб қўйишаркан.
Сиздан илтимос қилмоқчи бўлган нарсам шуки, ҳуштакни қандоқ чалиш кераклигини бошқа одамларга айтиб юрманглар. Чунки чуриллатишни қойил қиладиганлар учун у зўр тилсим!
Туркчадан Миад Ҳакимов таржимаси