Саломат трикотаж фабрикасига дарвозабонликка кириб, саксон лира ойлик оладиган бўлди. У бунака маош бир киши у ёқда турсин, чорак кишига ҳам етмаслигини била туриб, шундай қилди, чунки у ўзининг ишчанлигига, уддабуронлигига ишонарди. Ахир унинг бу қобилияти бир кун эмас, бир кун хўжайиннинг қулоғига етмай қолмайди, ана ундан кейин ойликнинг ошиши ҳам гапми! Аслида дарвозабонлик қилиш унга тўғри келмасди-я, лекин начора, дунёнинг ишлари шунақа экан. Ҳатто ўзи дарвозабон бўлишга арзимайдиганларнинг ҳам эшигини беш-ўнлаб туппа-тузук одамлар қўриқлай берар экан. Хуллас, дунёнинг ишлари чархпалак дегандек, хўжайинлар билан дарвозабонлар ўрин алмашган эканлар-да.
Саломат ойлигим ошиб қолар, деб эртаю кеч жонини жабборга бериб ишлади. Ҳатто, ҳани энди тунги қоровул бўлиб олсам, деб кўнглига ҳам тугиб қўйди. Тунги қоровул 200 лира ойлик олади-я. Ўзи унчалик қийин иш эмас…
Одам боласи астойдил ният қилса, албатта ниятига етаркан. Бир куни уни хўжайин чақиртириб:
— Хизматингдан хурсандман, — деди.
— Раҳмат, афандим, саломат бўлинг.
Кейин хўжайин ундан:
— Уйланганмисан? — деб сўраб қолди.
— Ҳа, уйланганман, — деди у бирор ножўя иш қилиб қўйган одамдай қимтиниб.
Кейин, айбини биратўла бўйнига олиб, енгил тортмоқчи бўлган кишидай бошини эгиб, қўшиб қўйди:
— Иккита болам ҳам бор, бейафандим.
Хўжайин ҳам койиган, ҳам ачинган бўлди.
— Ана холос! Тирикчилик ҳандай ўтяпти?
— Бир амаллаб, бейафандим.
— Кел, сенга бир яхшилик килай. Кундузи дарвозабонликдан қутулгач, кечаси қоровуллик қила оласанми?
— Қўлимдан келади, афандим.
— Буни қара, кундузи олти соат дарвозабонлик қиласан, кечаси саккиз соат навбатда турасан. Жами ўн тўрт соат бўлади. Яна ўн соат бўш вақтинг қолади. Розимисан шунга?
— Қуллуқ, бейафандим.
— Кечаси ишлаганинг учун ойлигингга яна ўттиз лира қўшиб бераман.
— Раҳмат.
200 лира ойлик оладиган тунги қоровул уйқуси қаттиқ бўлганлиги учун дарҳол ишдан бўшатилди, ўрнига уни тайинлашди. Кундуз кунлари у дарвозада турадиган, кечалари эса бўйнига шақилдоқ осиб, фабрикани қўриқлайдиган бўлиб қолди. Маоши 110 лирага чиқди.
Кечани кеча, кундузни кундуз демай ишлайверди. Хўжайин ҳам бефаҳм одам эмас-ку, пайти келиб унинг жонбозлигини инобатга олар, қўлидан келадиган яхшилигини аямас, ахир. Масалан, айтайлик, фабрика котибининг ўрнига ўтса, қандай соз бўларди. Котиб ойига 300 лира ҳақ олади-я!
Одам боласи бир нарсани ният қилса, ниятига етаркан. Бу гал ҳам шундоқ бўлди.
— Хизматингдан мамнунман, — деди хўжайин уни чақириб. — Сенга яна бир яхшилик қилмоқчиман. Кечалари ҳар ҳолда бекор ўтирарсан. Арзимаган ёзув-чизув ишлари бор эди, шуни қилмайсанми? Ойлигингга яна 60 лира қўшиб берардим…
Бундоқ ўйлаб қараса, ойига 170 лира оладиган бўларкан.
— Илойим бирингиз ўн бўлсин, афандим, — деб жавоб берди у хўжайинга.
300 лира маош оладиган котиб қаҳва ичиш ва чекишдан қўли бўшамай, ишга қарамай қўйганлиги важидан фабрикадан қувилди. Бунинг юмуши ҳам дарвозабонга ўтди. Энди у кундуз кунлари дарвозабонлик қиладиган, кечалари эса фабрикани қўриқлаш билан бирга, ёзув-чизув ишларини ҳам бажарадиган бўлиб қолди.
У тиним билмай ишлайверди. Хўжайиннинг ҳам кўзи бор-ку, унинг бу ишларини кўрмай ўлибдими. Фабриканинг бухгалтери 400 лира маош олади-я! Қани энди бухгалтер ҳам бўла қолса…
Одам боласи бир нарсани астойдил ният қилса, ниятига етаркан. Кунлардан бирида хўжайин уни яна чақириб қолди:
— 170 лира сизга камлик қилаётганини сезиб турибман, шунинг учун бир оз ошириб бермоқчиман.
— Ташаккур, афандим, — дея миннатдорчилик билдирди у.
— Анча бўш вақтингиз бор кўринади. Уйда бекор ўтирганингизда фабриканинг ҳисоб-китоби билаи шуғуллансангиз девдим.
— Жоним билан, афандим.
— Жуда соз, маошингизга яна 45 лира қўшиб бераман.
400 лира ойлик оладиган бухгалтер тўрт амални чалкаштириб юборганлиги учун ишдан қувилди.
Бизнинг дарвозабон энди 215 лира ойлик оладиган бўлиб қолди. Кундузи у олти соат эшикда турадиган, кечаси саккиз соат фабрика қўриқлайдиган ва шу вақт ичида ёзув-чизув ишларини ҳам қиладиган, уйида эса фабриканинг ҳисоб-китоби устида бош қотирадиган бўлди.
У бор кучини аямай, тер тўкиб ишлади. Энди омборга мудир бўлиш тушига кирадиган бўлиб қолди. Омбор мудирининг маоши 450 лира-я!
Одам боласи бир нарсани астойдил ният қилса, ниятига етаркан.
Яна уни хўжайин чақириб қолди.
— Сизга бир яхшилик қилмоқчиман, омбор мудирлигини ҳам олиб берсам, нима дейсиз?
— Миннатдор бўламан, бейафандим.
— Жуда яхши, маошингизга яна 35 лира қўшиб қуяман. Бориб, омборни қабул қилиб олаверинг!
Омбор учун олинган баъзи молларни адашиб ўзининг уйига ташиб кетадиган паришонхотир омборчининг паттаси қўлига тутқазилди. Омбор мудирлиги ҳам дарвозабонга ўтди.
Иш кўплигидан унинг қўли қўлига тегмай қолди. Хўжайин ҳам ҳўкиз эмас-ку, кези келганда унинг тиришқоқлигини инобатга олар, ахир. Мана, инобатга олди ҳам.
Хўжайин бир куни уни ҳузурига чақириб:
— Сиздан ғоят миннатдорман, жуда хурсандман… — деди. — Ишлаган тишлайди-да. Очиғини айтганда, дарвозабонлик сизга ярашмайди. Бошқа юмушлар зиммангизда қолаверади-ю, мен сизни фабрикага директор қилиб ҳам тайинламоқчиман.
Директор бўлиш-а? Буни эшитиб Саломат довдираб қолди! Ўзи-ку айни муддао-я! Одам боласи бир нарсани астойдил ният қилса, ниятига етаркан. Мана, фабрикага директор ҳам бўлиб олди.
— Ойлигингизга 90 лира қўшилди, — деди хўжайини.
Дарвозабонликдан бўшаганлиги сабабли маоши 80 лира камайди. Лекин янги лавозими учун қўшимча равишда тўқсон лира ола бошлади. Хуллас, ойига ҳаммаси бўлиб 260 лира маош оладиган бўлди.
2 500 лира маош олиб келган директор хўжайиннинг секретари билан “дон олишиб” қолгани учун фабрика дан қувилди.
Фабрикада қирқ ишчи, икки уста ва йигирмага яқин машина бор. Оддий ишчи бўлиш унинг қўлидан келмайди, усталикни эплай олмайди, машиналарнинг ўрнини эса босолмайди. Идорада ўзи билан хўжайиннинг секретаридан бошқа ҳеч ким қолмаган.
У бўш пайтларида секретарь қиз билан валақлашиб ўтириб, унга нуқул хўжайинни мақтаб кетарди:
— Барака топкур, хўп тилло одам-да. Мен фабрикага саксон лира оладиган дарвозабон бўлиб кирувдим. Мени тунги қоровул қилиб тайинлади, ойликни 110 қилди. Иннайкейин, котибликни ҳам берувди, маошим 170 га чиқди. Сўнг ҳисоб-китоб ишларини ҳам иноят қилган эди, 215 лира оладиган бўлдим. Шундан кейин омборчиликни ҳам қўшиб берувди, ойлик 250 лирага етди. Мана энди директор ҳам бўлиб олдим. Маошимни айтмайсизми — 260 лира-я!
Секретарь қиз ҳам унга бўш келмади:
— Мен фабрикага пол ювадиган бўлиб кирганман. Ойлигим 40 лира эди. Кейин хўжайиннинг кир-пирини ювадиган, уйини супуриб-сидирадиган бўлдим, ҳақим 60 лирага чиқди. Сўнгра машинисткаликни ҳам ўрганувдим, 80 лира тўлайдиган бўлди. Уйида овқат қилиб беришга, рўзғорига қарашишга ўтдим, 100 лира ола бошладим. Кейин… кейин бўлса, хўжайин учун ким бўлиб қолганимни ўзингиз кўриб турибсиз. Менга яна 15 лира тўлайдиган бўлди. Ҳозир 115 лира олиб турибман.
Бир куни у қизга қараб:
— Кўп ишлаб, толиқиб қоляпсан-да, — деди.
— Ўзингиз-чи?— жавоб берди у. — Наҳотки маошингиз камлик қилмаётган бўлса! Ойлигингиз ошишини наҳотки истамасангиз?
У қизнинг бетига тикилди. Идорада шу секретарь қиз икковигина қолганлиги унинг эсига тушди. Кейин бу қизнинг қўшимча вазифаси нимадан иборат эканлигини кўз олдига келтириб, сесканиб кетди.
— Йўқ-йўқ, — деди у, — ойлигимнинг ошишини истамайман. Шунисига ҳам шукур. Хотин киши бўлганимда нима бўларди-а? Худо кўрсатмасин! Хўжайин сени ҳам ишдан ҳайдаб, ойлигимга яна 20 лира қўшиб берарди… Йўқ, керакмас… эркак киши бўлганимга хурсандман… Аммо лекин хотин киши бўлганимда-ю…
Туркчадан Миад Ҳакимов таржимаси