Автобус лиқ тўла одам. Шулардан бири автобусга янглишиб чиқиб қолганга ўхшайди. Аслида у «Тез ёрдам» машинасига муҳтож кўринади. Боёқишнинг чап қўли бўйнига латта билан осиб қўйилган, боши чандиб ташланган. Бир кўзи моматалоқ бўлиб шишиб кетибди, иккинчиси эса қонталаш. Қўлидаги ҳассаси билан зўр бериб, ўзига жой очмоқчи бўлади, худди соатнинг капгиридай жағи тинмай, дам-бадам: «Иҳ!» «Уҳ!» «Воҳ!» деб инқиллайди. Гўё автобус бир чайқалса, қўл-оёғи узилиб, бир қоп суяк бўладиган важоҳати бор.
Раҳми келди шекилли, бир киши унга жойини бўшатиб берди.
— Худоё кам бўлманг, — миннатдорчилик билдирди у инқиллаб.
Ёнидаги одам буни таниб қолди.
— Уҳ… Вой жоним, омонмисиз, Шарофиддинбей. Абгор бўлдим, абгор. Уҳ…
— Худо шифо берсин. Ҳа, тинчликми, нима бўлди?
— Вой биқиним… Асти сўраманг, уч ойдан бери аҳвол шу.
— Чакки бўпти-ку… Шифоси билан берган бўлсин, Солмонбей. Нима касал бўлдингиз? Қаерингиз оғрийди?
— Оҳ, нимасини айтасиз. Бу ҳам кўргилик экан. Шунақа касал ҳам бўларкан… Уф, ўлар бўлсам ўлиб бўлдим…
— Оббо, сизга қийин бўпти-ку. Докторлар нима деяпти? Касални аниқлашдими?
— Вой белим… Бунга докторнинг кучи етмайди, биродар. У ҳам ожизлик қилади… Уҳ-ҳ… Душманингга ҳам кўрсатмасин бу кунни. Аъзойи баданим зирқираб оғрийди-я, худди биров омбур билан суғуриб олаётганга ўхшайди. Икки сонимни кўтара олмайман. Ана, ана, иҳ…
— Докторга мурожаат қилиш керак, Солмонбей. Бунақа юришда бўлмайди. Лоақал касалхонага ётиш керак.
— Меникининг касалхонага алоқаси йўқ, Шарофиддинбей. Руҳиятга боғлиқ нарса бу. Вой жоним-эй… Ўзиям жуда юқумли бўларкан.
Шарофиддинбей сал четга сурилиб ўтирди.
— Ундай бўлса кўчага чиқмаслик керак.
— Уф… Иҳ… Чиқмай бўладими? Айтишга осон, бошидан ўтган билади буни. Чиқмай кўринг-чи… Ўғлимдан юқди бу касал.
— Ия, ўғилча ҳам бетоб денг?
— Нимасини айтасиз. Бетоб бўлганда ҳам… жуда танг аҳволда. Анчадан бери шунақа. Вой-вой… Мен сизга айтсам, гап бундоқ, афандим… Ўғлим лицейни битиролмади. Тўққизинчи синфда икки йил ўтириб, аранг ўнинчига чиқиб олувди. Ўнинчи синфда ҳам икки йил қолиб кетди. Ҳаммасига копток сабабчи… Вой биқиним… Ўғлимга насиҳат қилдим, коптогингни қўй энди, эс-ҳушингни йиғиб ол, кейинингни ўйла, дедим. «Бу нарса менга боғлиқ эмас, дада», дейди. Қолаверса, ҳар футбол ўйинидан кейин ҳамма ёғи дабдала бўлиб келади. Чап оёғи синиб, копток ўйнамайдиган бўлиб қолувди, шунга ҳам шукур қилдим. Уф, бўлмай кетяпман… Оёғи синган бўлса ҳам ўзи соғ қолганига суюндим. Ахир бир кунмас, бир кун майдондан ўлигини судраб чиқишим ҳам мумкин эди-да. Уҳ, аъзойи баданим ўт бўлиб ёняпти… Шундан кейин, афандим, ўғилча футбол жинниси бўлиб қолди. Ўзи ўйнамайди-ю, лекин бирорта ўйиндан қолмайди.
Анқара билан Измир унга икки қадам йўл бўлиб қолди. Соғ-саломат бориб келадиган бўлса майлийди-я, ҳар гал калтакдан шишиб, майиб бўлиб қайтади. Кейин ҳафталаб кўрпа-тўшак қилиб ётади. Ҳамиша овози хиппа бўғилган бўлади. «Овозга нима қилди, ўғлим», десам, «кўпроқ бақириб юборибман», дейди. «Камроқ бақирсанг бўлмасдими?» десам, «бу менга боғлиқ эмас», дейди. Бир ўйиндан боши ёрилиб келса, иккинчисидан бурни қонаб, кўзи шишиб қайтадиган бўлиб қолди.
— Ўғлим, яна нима бўлди?
— Ўйин пайтида ёқалашиб қолдик.
— Майдонда футболчилар жанг қилишини-ку, биламан, лекин томошабинлар ҳам ёқалашадими?
— Бўлмаса-чи.
— Бошқалар ёқалашса ёқалашаверсин, сен тинч ўтирсанг бўлмайдими?
— Четдан туриб гапириш осон, ўзинг бир бориб кўрсанг биласан.
Ўғил билан савол-жавобимиз ҳамиша шу. Бир куни уни полиция бўлимидан ажратиб олиб келдим. Яна бир сафар «Тез ёрдам» касалхонасидан топдим. Яна насиҳат қилдим, бўлмади. «Четдан туриб маслаҳат бериш осон, ўзинг бир бориб кўр, кейин биласан» деган важни қилди. Бўпти, мен ҳам бир бориб кўрай, деб аҳд қилдим.
Бир куни футбол ўйинига ўғлим билан етаклашиб бордик. Ўйин бошланиб кетди. Майдондаги командалар билан заррача ишим йўқ. Ким-кимга тўп киритса киритаверсин, менга нима. Стадионда ўтирган томошабинларнинг қилиғини куриб, кулгим қистайди. Нима бўлди-ю, бир пайт дарвозалардан бирига тўп кирди. Кирганини ўз кўзим билан кўрдим. Лекин судья буни ҳисобламади. Ошкор адолатсизлик қилди, чидаб туролмадим. «Судья кўзойнак тақсин!» деб қичқирдим. Бошқа одамлар ҳам қий-чув кўтаришди. Шу пайт ёнимда ўтирганлардан бири, «тўп кирмовди. Судья ҳақ», деб қолди. Мен ҳам бўш келмадим. «Тўп кирган эди. Судья сотилган экан, ҳисобламади», дедим. Туппа-тузук кийинган ҳалиги одам менга ҳараб, «кўзинг кўрми, ҳўкиз, тўп кирмовди-ку», деб қолса бўладими. «Ўзинг ҳўкиз экансан, аҳмоқ», дедим. Футбол ўйинига энди боришим, ҳали баланд-пастини билмасдим. Аслида сени биров ҳақорат ҳилса, индамай туришинг керак экан. Гап қайтариб чакки қилган эканман, бояги одам «гурс» этиб бурнимга бир мушт туширди. «Гуп» этиб ағдарилиб тушдим. Хайрият, одамлар ўртага тушиб, ажратиб қўйишди, бўлмаса кунимни кўрар эканман. Оғиз-бурним қон, ерда думалаб ётибман. Ўғлим ёнимга кирар, деб ўйловдим, қаёқда дейсиз. «Ўғлим, бу нима кўргилик?» десам, «тўхтаб тур, дада, ҳозир гол бўлади», деган жавобни қилди. Рўмолчани қонаган бурунга тиқиб, зўрға ўрнимдан турдим.
Бояги урган тўпини судья ҳисобламаган командага меҳрим қўзиб кетди. Ўшанинг ўйинчисига копток тегса, жазавам тутиб, ўтира олмайдиган бўлиб қолдим. Худди майдонда юрган одамдек, оёғимни силтаб ташлайман. Баъзан эса оёғимни даст кўтараман-да, дарвоза тўрини тешиб, тўпни осмонга спутник қилиб чиқарадиган одамдек зарб билан тепаман. Азбаройи қизишиб кетганимдан олдимда ўтирган одамнинг орқасига қараб тепаётганимни сезмабман. Сал ҳовурдан тушгач, ундан кечирим сўрадим. «Ҳечқиси йўқ, футболда бўладиган гап, ана ҳозир гол бўлади, қара, қара», деди. Шу пайт кимдир орқамга қараб бир тепди. Зарбнинг зўрлигидан кўзимдан ўт чақнаб кетди. Футболчилик шунақа бўларкан, Шарофиддинбей. Шу тариқа бир-биримизни тепкилаб ўтирган эдик, кутилмаганда бизнинг команда дарвозасига тўп уришди. Виждонини ютган судья буни ҳисоб қилди. Бундай ноҳақлик олдида чидаб туролмадим. «Судья — латта!» деб бақирдим. Аъзойи баданим титраб кетди. Ёнимда газ сув сотадиган бир одам ўтирган экан, унинг шишаларини олиб, судьяга отдим. Яхшиямки, қўлимга фақат шиша илинди. Ўша пайтда гранат бўлса ҳам отиб юборардим. Бирдан қий-чув бошланиб кетди. Томошабинлар тарафма-тараф бўлиб, ёқалашиб кетишди. Одамлар жуфт-жуфт бўлиб, бир-бирини сола бошлади. Ўн яшар бир болани топиб, мен ҳам тагимга босиб савалай кетдим. Бунақада одам ўлдириш ҳам ҳеч гап эмас экан. Яхшиямки болапақир: «Амаки, икковимиз бир томондамиз-ку», деб қолди. Болани энди тагимдан бўшатган эдим, девдек бир одам менга чанг солиб, тагига босди. Орқа-ўнгига қарамай роса дўппослай кетди. Ўғилни ёрдамга чақираман, қани энди қайрилиб қараса. У ҳам ўзи билан ўзи овора. Охири «полиция!» деб қичқирдим. Полициячилар ҳам жанжалга аралашиб кетишди. Бири калтак ейди, бири уради. «Ҳўв биродар, сен тағин мени бекорга ураётган бўлмагин, балки икковимиз ҳам битта команда тарафдоридирмиз» деган эдим, «бошқа одамни энди қаердан топаман», деганича яна бир мушт туширди. Қўлидан зўрға қочиб қутулдим. Барзанги мендан ажраб қолгач, скамейкаларни синдира кетди.
Ниҳоят, муштлашув тўхтаб яна ўйин бошланди. Одамлар қий-чув кўтариб юборди. Томоғим хиппа бўғилган экан, бақиролмай қолдим. Ёнимда ўтирган одамнинг қўлида тунука қути кўринувди, мен ҳам зўр бериб тақиллатишга тушдим. Чинакам қиёмат шундан кейин бошланди. Майдонда икки ўйинчи ёқалашиб кетди. Ия биз жим ўтирармидик? Яна тарафма-тараф бўлиб муштлашдик. Аллаким оёғимдан кўтариб, осмонга ирғитиб юборди. Ҳавога бир сапчиганимни биламан, бошқаси эсимда йўқ. Бир пайт кўзимни очиб қарасам, касалхонада ётибман.
— Демак, бу жароҳатларни ўша куни олган экансизда? — сўради Шарофиддинбей.
— Қайда дейсиз. Командамиз эртаси куни яна ўйнади. Бормай илож қанча? Менинг ўрнимда бўлсангиз, сиз ҳам албатта борардингиз… Ҳа… Уҳ… Оҳ… Вой биқиним… Оғриғига чидолмаяпман.
Солмонбейнинг қўлидаги ўроғлиқ нарса ерга тушди. Энгашиб оларкан:
— Тунука билан шақилдоқ олволдим. Овозим чиқмай қолса, чалиб ўтираман, — деди.
Автобус тўхтади. Ҳамма ёғи оқ докага ўралган одам ўрнидан турди.
— Хўп, хайр Шарофиддинбей.
— Йўл бўлсин? Докторгами?
— Йўқ, азизим, футболга кетяпман… Уҳ… Иҳ… Вой оёғим…
Туркчадан Миад Ҳакимов таржимаси