Бу хотиннинг сочи кўкимтир рангга бўялган бўлса ҳам, пешонасига осилиб тушган уч тутами оқиш кўринарди. Кўзидан оққан ёш бетидаги бўёғини чаплаштириб юборган. Ич кўйлагининг боғичи японча кўйлакнинг чап елкасидан осилиб тушган. У шу алфозда ҳовлиқиб полиция бўлимига кириб келди:
— Болагинамдан айрилиб қолдим! Ёлғизимни олиб қочибди! Войдод, ёрдам беринг.
— Ким ўғирлади? — деб сўради ундан комиссар.
— Эрим ўғирлади, комиссар тўра, яшамагур эрим!
Унинг иркит юзидан кўз ёши тинмай думалаб турибди. У эри билан қўйди-чиқди бўлганини, ажралиш ҳақида судга ариза берганини, эри беш яшар ўғли Метинни олиб қочганини йиғлаб гапириб берди.
— Ўғилгинамни топиб беринг, комиссар тўра. Болагинам у муттаҳамнинг қўлида хароб бўлади!
Унинг гапдон хотинлиги билиниб турибди, ўзи ҳам роса шаллақига ўхшайди. Комиссар уни тинчлантириб, курсига ўтқазгандан кейин эрининг турар жойини суриштирди.
Орадан кўп ўтмай, икки полициячи билан бир киши ва беш ёшлардаги бола ичкари киришди. Бояги хотин болани кўриши билан ўзини унга ташлади, аммо эри ҳам анойи эмас экан, бўш келмади. Эр-хотин Метинни икки қўлидан ушлаб, икки томонга тортқилай кетишди. Уй ичи боланинг додлаб йиғлаганидан, эр-хотиннинг қий-чувидан тўс-тўполон бўлиб кетди. Метинни ажратиб олишга полициячиларнинг кучи етмади. Униси у ёққа, буниси бу ёққа тортаверганидан боланинг қўли чиқди-ю, отаси қўйиб юборди.
Хотин болага бир ҳамла қилиб, уни қўлтиғидан олдида, кўчага қочди. Эри орқасидан қувламоқчи бўлиб бир силкинган эди, полициячилар ушлаб қолишди.
— Комиссар афандим, — деди у, — хотинимнинг кимлигини билмайсиз. Менинг мақсадим ўғлимни юртга фойдали одам қилиб тарбиялаш. Бу хотиннинг қўлида қолса, тарбияси бузилиб кетади.
Комиссар жавоб берди:
— Боланинг ёши бешда экан, у онасининг қўлида қолиши керак.
— Ахир, бу мумкин эмас-ку. Суд ҳам болани менга ҳукм қилади. Нега деганда онаси…
У, хотини енгил оёқ бўлганлиги учун полиция қўлига тушганлигини, бунақа хотинга бола тарбиясини ишониб бўлмаслигини айтди.
Орадан ўн беш кун ўтди. Эр-хотин бу гал касалхонанинг олдида жанжаллашиб қолишди. Онаси қўли чиққан Метинни касалхонадан олиб чиқаётганда, эри келиб қолиб бир ҳамла билан болани олиб қочди. Хотин ҳам калхатдек унга ташланди. Метиннинг бир қўли тахтакачланганлиги учун она оёғидан, ота эса соғ қўлидан тортарди. Бу гал боланинг бошқа жойи майиб бўлди — чап қўли елкасидан чиқиб кетди. Олишувда ота устун келди. У оғриқ азобидан чинқириб йиғлаётган ўғлини судраганича ўзини тор кўчага урди. Энди бола бечоранинг иккала қўли ҳам майиб бўлди. Лекин ота шунисига ҳам рози эди:
— Бу хотиннинг тарбиясини олгандан кўра, боламнинг бир умр майиб бўлгани яхши.
Орадан бир ой ўтди. Кунларнинг бирида кечқурун кўча юзида машина тўхтади. Машинадан тушган аёл кўчада ўйнаб юрган болаларнинг олдига югуриб келди-да, Метинга ёпишди. Лекин шу заҳотиёқ қаердандир боланинг дадаси пайдо бўла қолди. Бола яна аросатда қолди, унинг дод-фарёдини эшитиб одамлар тўпланди.
— Бола бечорани мунча қийнайсиз, хоним, ахир уни ўлдириб қўясиз-ку, — дейишди йиғилганлар.
— Шу суллоҳнинг уйида қолиб расво бўлгандан кўра, шу ерда ўлгани яхши! — деб қичқирарди онаси зўр бериб боланинг бир оёғидан тортар экан.
Метин-ку ўлгани йўқ, лекин олишувда эр-хотин унинг икки оёғидан икки томонга чўзиб тортгани учун аввалига унинг иштони, кейин чоти йиртилди. Она болани бағрига босиб машинага солиб қочди.
Метин бир ой касалхонада ётиб чиқди. Она қўлтиқтаёқда чиққан ўғлини суюб бағрига босди.
— Бўтагинам, — деди онаси, — ўзим хор бўлиб юрсам ҳам, сени, албатта одам қиламан.
Суд эр-хотиннинг ажралиш ҳақидаги аризасини кўраётган куни залда тўполон кўтарилди. Хотин болани олиб қочган эрининг орқасидан қувлаб қолди. Нақ зинага етганида у эрига чангал солиб, болани ундан юлиб олди. Юлиб олди-ю, шу маҳал оёғи чалишиб кетиб, қўлидаги Метин билан бирга зинадан думалаб тушди. Боши ёрилган бола ҳушидан кетди.
Хотин ўрнидан тура солиб, ўғлини бағрига босганича эшикка югурди. Кўчага югуриб чиқиши билан орқасидан эри етиб келди. Бири боланинг бошидан, иккинчиси оёғидан ўзига тортди. Ҳали ҳам ҳушига келмаган Метин оғриқ азобини сезмас эди.
— Болагинамни сенга бермайман!
— Кўраман бермаганингни!
Полиция ўртага тушди. Охири Метинни отаси олиб кетди.
Узоқ даволанишдан кейин Метин тузалиб чиқди. Баъзи жароҳатларни ҳисобга олмаганда, бола соғ эди. Ота-она ўртасида бўлиб ўтган икки олишувда унинг икки қўли майиб бўлди. Эр-хотиннинг учинчи тўқнашувида Метиннинг оёғи синиб, тахтакачланди, синган оёқ наригисидан уч сантиметр калта бўлиб қолди. Ота-онанинг илгариги жамики олишувлари кейингисининг олдида ҳолва эди. Боши билан зинадан юмалаган бола бир кўзидан ажралди, ўзи эса бутунлай телба бўлиб қолди.
Суд болани онага ҳукм қилди. Ота ҳукм устидан шикоят ёзди, кейин натижасини кутиб ўтирмай, ўғлини собиқ хотинининг уйидан олиб қочди. Аммо охирги пайтда иши юришмай қолди. У ота-онасини ажратолмай қолган Метинни уйига олиб кирай деб турганида, орқадан хотини етиб келди.
Ярим кечада қий-чув бошланди. Бечора Метин бир неча марта қўлдан қўлга ўтди. Жанжални эшитиб, кўча қоровули билан полициячи югуриб келди.
— Овунчоғимни бу золимнинг қўлидан олиб беринг! — уларга ёлворди хотин. — Мен уни катта одам қилиб тарбиялайман.
Метин эса ҳўнграб йиғларди.
— Вой шарманда-ей, мен уни ватаним учун тарбиялайман десам бермайди-я, — пишиллайди ота хотинининг қўлидаги болани бўйнидан тортиб.
Бу суронда қулоқдан ажраб, қовурғаси синган Метин онасида қоладиган бўлди. Бироқ онанинг қувончи кўпга чўзилмади. Олий суд отанинг даъволарини тўғри деб топиб, болани унга ҳукм қилиб берди. У полициянинг ёрдами билан Метинни қайтариб олди. Очиғини айтганда, қайтариб олди дейиш унчалик тўғри эмас. Болани иккала майиб қўлидан маҳкам ушлаб олган она дод солди:
— Войдод, ўлигимни олсанг ҳам, боламни ололмайсан. Сен буни расво қиласан!
— Қўйиб юбор дейман, шаллақи! — бўш келмади ота ҳам. — Қўйиб юбор буни, мен уни одам қиламан.
Хайрият, полиция ўртага тушди, бўлмаса болани онасининг қўлидан тортиб ололмасди.
* * *
Метин учун бўлган тортишув ниҳоят тугади.
Метин жанжал-суронда на бошидан ва на оёғидан ажради, на у тарвузнинг икки палласидай бўлиниб, ярми отада, ярми онада қолди. Икки ўртадаги тортишув унинг оламдан кўз юмиши билан поёнига етди.
Ота, ватанга муносиб фарзанд тарбиялаб бериш ниятида бошқатдан уйланди. Она эса ҳозир оғироёқ — бунисини, албатта катта одам қилиб тарбиялайди.
Туркчадан Миад Ҳакимов таржимаси