У зўрға оёғини судраб босарди.
« Одам боласи учун елкасидан ҳеч қачон ташлаб ташлаб юбора олмайдиган юк – унинг ўз жуссаси»,- деб ўйларди.
« Ана бу автомашиналарга қара, худди қутургандек елиб-югуради.
Қизиқ, одам қанчалик озиб боргани сайин ўз гавдасини кўтариб юриши ҳам шунчалик қийинлашаркан.
Ана бу машиналарга қара, турфа рангда, маркалари ҳам ҳар хил.
Қизиқ, вазним қанча чиқаркин? Эллик киломи? Э қаёқда? Нари борса зўрға қирқ кило чиқсам керак!..»
У йўл йўлакай ўзи билан ўзи гаплашиб борарди. Гоҳо йўтали тутиб қоларди.
« Шу аҳволга тушиб қолишимни ким ҳам ўйлабди?..Эҳ, қанийди шу тобда ана бу ердан иккитагина кулча нон сотиб ололсам!..Иссиққина чойи билан бўлса янаям соз бўларди…»
Машиналар ёнидан қувлашмачоқ ўйнагандек ғизиллаб ўтиб борарди. Ана, ялтираб турган ҳаворанг машина. Гўзал бир хоним ҳайдаб боряпти. Сочлари шамолда ўйноқлайди. Машина секинлашгандек бўлди.Йўқ, фақат машинагина эмас, рулдаги хоним ҳам унга қарагандек туюлди.
Яноқлари туртиб чиққан озғин чол ўзича хомхаёл қилди.
« Маза қилиб бир кўнгилхушлик қилсам эди».
Ҳалиги ялтироқ машина секинлашди. Эллик қадам нарида тўхтади. Очлик ва чарчоқдан хориб-толган озғин чол ўз йўлида давом этарди. Ҳаворанг машина ёнидан ўтаётганда рулда ўтирган аёл унга қараб қўйди. Йўқ, у янглишмаганди: хоним ҳақиқатан ҳам унга қараган эди. «Очликдан бошим айланиб қолган бўлса керак»,- деб ўйлади чол.
Ҳаворанг машина ўрнидан қўзғолди. Сал юриб яна тўхтади. Хоним унга қараб турарди. Эҳтимол уни ким биландир адаштираётгандир? « Унга ёқиб қолган бўлсам керак»,- озғин чол ўзидан кулиб қўйди.
Ҳаворанг машина гоҳ олдинга юрар, гоҳ яна тўхтаб қолар эди. Озғин чол рулда ўтирган хонимнинг бу ғалати қилиғи сабабини билмоқчи бўлди. У йўлнинг ўнг томонига ўтди. Гўзал хоним энди унга машинанинг бошқа ойнасидан қараб турарди. «Ёшлигимда хушрўйгина эдим. Менга эътибор қилишарди»,- деб ўйлади озғин чол.
У яна йўлнинг чап томонига ўтди. Энди хоним унга ойнанинг чап томонидан қараб турарди.Ҳаворанг машина яна тўхтаб қолди. Чол машина билан бақамти келганда хоним унга ойнадан боқиб деди:
– Эшикни очиб, машинага ўтир!
Озғин чол талмовсираб қолди. Аммо хонимнинг жилмайиб туришидан дадилланиб, машинага ўтирди. Хоним ҳеч нима демасди. Чол ҳам индамасди. Машина хашаматли бир уй олдида тўхтади. Хизматкор аёл чолга ажабсиниб қараб қўйди.
Улар дид билан жиҳозланган хонага киришгач, хоним чол ҳали ўтирмасданоқ амр қилди:
– Ечин!
– Хоним, лоақал ювиниб олай!
– Ечин деяпман!
Чамаси, аёл маишатни анча соғинган кўринарди. Чол йиртиқ, кир кўйлагини ечди.
– Шимингни ҳам еч!
Энди унинг шубҳаси қолмаган эди. У гўзал хонимнинг бўлиқ сонлари ва лорсиллаган кўкракларига қараб туриб очлиги ва чарчоғини ҳам унутворди. «Хўш,бир гал омадим чопганбўлса нима бўпти?! Подшонинг ишқи қурбақага тушибди. Юракка буюриб бўлмайди, у айнан мени танлади!»
« Эй худо, энди мени шарманда қилмагайсан!». Ўзича тавалло қилган чол шимини ечиб, аёлга яқинлашди.
– Иштонингни ҳам еч!- буюрди гўзал хоним. Кейин у қўнғироқ тугмасини босди. Худди уй бекасига ўхшаган чиройли хизматкор аёл кириб келди.
Чол сергак тортди: « Энди буниси фахш!- деб ўйлади у. – Менинг ёшимда иккитасини эплаш қийин!».
Гўзал хоним хизматкорга буюрди:
– Тарбиячига айт, бу ерга болаларни олиб келсин!
Хизматкор чиқиб кетди. Иштончанг олган чол титраб-қақшарди. Совуқданми, ҳаяжонданми – билиб бўлмасди. Бир куни у қандайдир гўзал хоним ўзига хиёнат қилган эридан ўч олиш учун уйига дуч келган бир эркакни олиб келиб ётганини эшитган эди. «Мана бу хоним ҳам мендан ўч олиш қуроли сифатида фойдаланмоқчи» деб ўйлади чол.
Бунақа ишларга ярарди. У ютқиниб қўйди.
Хонага тарбиячи,хизматкор ва уч нафар болалар кириб келишди.Болаларнинг каттаси ўн яшар, кичиги тахминан олти яшар – икки қиз ва бир ўғил. Уч нафар ажойиб фаришталар.
« Хизматкор аёл билан тарбиячи-ку бир нави, аммо болакайларнинг кўз олдида…»,- деб ўйлади чол.
Чолнинг оёқлари қоқ таёқдай, қўллари чилвирдай нимжон, бўйни сомон парчасидай ингичка эди. Қовирғаларини узоқдан ҳам санаб кўрса бўларди. У сапсариқ кир тери қопланган қоқ суяк эди…
Гўзал хоним тарбиячига мурожаат қилди:
– Айсел бугун овқат едими?
– Жуда озгина еди. Какаони ичмади,- дея жавоб қилди тарбиячи.
– Гексел-чи?
– У мутлақо овқатланмади.
– Алтан-чи?
– Бир бўлак шоколад еди, холос.
Гўзал хоним болаларга ўгирилди. У титраб-қақшаб турган озғин чолга қўлини бигиз қилиб деди:
– Мана бу одамни кўряпсизларми? У қоқсуяк бўлиб қолган. Агар овқат емасанглар, сизлар ҳам худди шунақа бўлиб қоласизлар.
Болакайлар чўчиб онанинг пинжига тиқилишди. Гўзал хоним эса озғин чолга зарда билан хитоб қилди:
-Энди тезроқ кийиниб туёғингни шиқиллат!
Шодмон Отабек таржимаси