Азиз Несин. Алифбенинг биринчи ҳарфи (ҳикоя)

Миям бир оз дам ола қолсин, деган мақсадда поездга ўзим билан газета ҳам, китоб ҳам олиб чиқмадим. Ниятим — купедаги ҳамроҳлар билан отамлашиб кетиш. Гоҳ пирдан, гоҳ муриддан деганларидек, навбатма-навбат шакаргуфторлик қилиб кетамиз, қизиқ-қизиқ воқеалардан айтишиб, манзилга етиб қолганимизни ҳам билмай қоламиз.
Йўлда ҳар хил одамлар билан танишиб кетиш жуда маза бўлади-да! Сиз мутлақо нотаниш кишиларнинг ички оламига кирасиз. Гўё янги бир мамлакатни кашф қилгандай завқланиб кетасиз. Янги орттирган танишингиз билан беш соатми, ўн соатми, бир кунми, икки кунми кўнгил очиб гаплашиб кетасиз. Кейин бирор стаицияга келиб, у билан хайрлашасиз. Шундан кейин икковингиз ҳам бир умр қайта учрашмайсиз. Мабодо учрашиб қолган тақдирда ҳам, бир-бирингизни танимайсиз. Лекин тасодифан эшитилган бир гап, тасодифан эшитилган бирор воқеа бутун умр ёдда сақланиб қолади.
Шу орзу билан поездга чиқдим. Тўрт кишилик купеда атиги икки йўловчимиз. Шуниси ҳам маъқул. Одам тезроқ топишиб кетади. Юракдаги гаплар ҳам анча эркинроқ, бемалолроқ оқиб чиқади.
Биз икковимиз ҳам дераза ёнида юзма-юз ўтирибмиз. Ҳамроҳим эллик беш-олтмишларга борган, қорни анча дўппайган, семиз бир киши. Семиз одамлар одатда ориқларга қараганда серзавқ бўлади. Эҳтимол, бунинг сабаби кулганда қоринчалари диркиллаб, бағбақалари ўйнаб туришидадир. Сирасини айтганда, бу қилиқ уларга ярашиб тушади ҳам… Ҳа, лоақал кулганда диркиллаб туриши учун одам боласида қорин бўлиши керак.
Купега киргач, семиз одам билан саломлашдим. Жавоб ўрнига аллақандай пишиллаган овоз эшитилди. Жойимга ўтириб ҳам улгурмаган эдим, у кўзойнагини бурнига қўнқайтириб, газета ўқишга тушиб кетди. Унинг сариқ бодрингга ўхшаган сўлаҳмондай бурни газетага шундай эгилиб тушганки, четдан қараган одам уни газетани ўқияпти эмас, искаяпти деб ўйлаши мумкин.
Қўлида авторучкаси ҳам бор. Газетани ўқир экан, йўл-йўлакай аллақандай белгилар чизади. Афтидан, муҳим жойларини қоралаб кетаётган бўлса керак.
Ён томонида бир қучоқ газета қалашиб ётибди. Ўзиям ўн беш кунлигини йиғиб олган кўринади. Газета ўқишни яхши кўрадиган одамлиги билиниб турибди. Каттароқ олим, профессор бўлса эҳтимол. Балки сиёсатчидир. Газетани бурнига илиб, ҳозирги сиёсий аҳволни искаб кўраётган бўлса ҳам ажаб эмас.
Поезд юриб кетган эди, уни гапга тортмоқчи бўлиб:
— Сафарингиз бехатар бўлсин, бейафандим! — дедим.
Бурнини газетадан кўтармай, яна алланима деб пўнғиллади.
Поезд биринчи станцияда тўхтаб, яна юриб кетди. Учинчи, тўртинчи станциялар ҳам орқада қолди. Бизнинг купе эса сув қуйгандек жим. Бунақада юрагим тарс ёрилиб кетиши ҳеч гап эмас! Купедан чиқиб кетай десам, поездда одам тиқилиб ётибди, қимирлагани имкон йўқ. Қолаверса, шуники ҳам тўғри. Нима, гапирган билан гапнинг ёғи чиқармиди? Одам деган вақтнинг қадрига етиши керак. Ҳа, тинмай ўқиш керак. Йўлда улфатлашиб кетиш яхши нарсаку-я, лекин эзма одам жоннинг эгови бўлади. Минғиллайвериб миянгни қоқиб қўлингга беради. Бу одам чакаги очиқ ҳамроҳларга учраб, роса таъзирини еган бўлса ҳам ажаб эмас. Лекин бир нарсага ҳайрон бўлиб ўтирибман, семиз ҳамроҳим битта саҳифага тикилганича кетяпти. Икки кўзи газетанинг бир жойига қадалган.
У миҳ этмайди, вагон тебранади. Ноилож, мудроқ босиб, пинакка кетибман. Қаттиқ турткидан уйғониб кетдим.
— Бейафандим, бейафандим!
Бундоқ қарасам, семиз одам енгимдан тортқилаётган экан. Бирор фалокат рўй бердими, деб ўйладим, кейин тушадиган станциямдан ўтиб кетибман-да, деган хаёлга бордим. Сапчиб ўрнимдан турдим.
— Кечирасиз, сиздан бир нарса сўрамоқчи эдим, — деб қолди ҳамроҳим.
Миямга: «Хайрият, энди суҳбатлашадиган бўлибмиз» деган фикр келди.
— Марҳамат, афандим.
— Бемор нимадан қўрқади?
Мени калака қиляптими, деган хаёлда бетига тикилдим. Ҳазиллашаётган одамга сира ўхшамайди.
— Бемор нимадан қўрқади, дейсизми? — саволини қайтариб сўрадим.
— Шундоқ.
— Доктордан.
У газета бетига ниманидир ёзди-да, кейин деди:
— Тўғри келмас экан!
— Бемор касалхонадан қўрқади.
Қайтадан газетага бир нима ёзгач, тўнғиллади:
— Бу ҳам эмас!
— Докторга берадиган пулидан!
— Йўқ. Биринчи ҳарфи «о», иккинчиси «п» бўлиши керак. Ҳаммаси бўлиб саккизта ҳарф.
— Операция!
— Худди ўзи!
У яна газетага шўнғиб кетди. Аллавақтгача иккимиздан ҳам садо чиқмади.
Кейин яна ўзи гап бошлади:
— Кечирасиз, бейафандим, сизни яна безовта қиляпман.
— Зарари йўқ.
— Бирор мамлакатда аҳоли кўпайса, нима ошиши керак?
— Депутатлар сони.
— Йўқ, — деб минғиллади у.
— Қамоқхона!
Яна ручкаси билан ниманидир ёзиб кўрди.
— Тўғри келмаяпти!
— Чайқовчилар!
— Иккинчи ҳарфи «с», охиргиси «л».
— Истеъмол.
— Ҳм! Тўғри!
Яна анчагача жим кетдик. Бир пайт тўсатдан унинг овози чиқиб қолди.
— Ассалому алайкум.
Мен ҳам алик олдим:
— Ва алайкум ассалом!
— Тўғри, тўғри! — деб юборди у.
— Нимаси тўғри?
— «Ассалому алайкумга» бериладиган жавоб-да.
Бу семиз одам жиннига ўхшайди. Ишқилиб, жазаваси тутиб, бўғзимга ёпишмаса бўлгани.
— Бейафандим, сиздан бир нарса сўрамоқчиман.
— Бемалол.
— Бир нотанинг номини айтиб беролмайсизми?
— До!
— Йўқ, у эмас.
— Ре!
— Тўғри келмайди!
— Ми!
— Йўқ!
— Фа!
— Бошқачароқ. Биринчи ҳарфи «с». Ўзи икки ҳарфдан иборат.
— Си!
— Отангизга раҳмат-э!.. Икки соатдан бери тополмай гаранг эдим. Сизни етказганига шукур, музикадан анча бохабар экансиз.
— Ҳа, анча хабарим бор музикадан. Соль, ля деган бошқа ноталарни ҳам биламан.
Яна орага узоқ жимлик чўкди.
— Бейафандим!
— Лаббай, тақсир!
— Кураш тушиладиган жойга нима дейилади?
— Майдонча дейилади.
— Э, саломат бўлинг-э! «Бўзқир» деган сўзни ёзиб, нега чиқмаяпти, деб ўтирган эдим.
Қўлидаги газетани улоқтириб, бошқа бирини олди.
Яна менга савол ёғилди:
— Осмондан нима ёғилади? Тош, деб ёзган эдим, тўғри келмаяпти.
— Ёмғир.
— Худди ўзи! Бало экансиз!
Яна жимиб қолдик. Поезд уч-тўрт станцияда тўхтаб ўтди.
Семиз ҳамроҳим сўраб қолди:
— Бейафандим, маркабнинг туркчаси қандай бўлади?
— Эшак!
— Буни қаранг, айни ўзи-я!
— Бўлмасам-чи!
— «Овқат»га араб тилида нима дейилади?
— Қанақа овқат?
— Ўзимизнинг хонаки овқат-да.
— Хонаки овқатнинг номи бошқа, ёнида компоти бўлса яна бошқа.
— Уч ҳарфдан иборат экан!
— Акл*.
— Вой, қуйиб қўйгандек-а!
Анқарага етиб келдик. Семиз одам кела келгунча кроссворд ечиш билан банд бўлди. Лекин кроссворднинг ҳар бир сўзини мендан сўраб турди.
— Мен ҳар куни ҳамма газеталардан олиб тураман, — деди у.
— Газетани ўқиб туриш маъқул гап! — деб жавоб бердим унга.
— Э, қаёқда дейсиз, — дея эътироз билдирди у, — бир сатрини ҳам ўқимайман. Газеталарда чиққан жамики кроссвордни топмагунимча кўнглим жойига тушмайди. Жуда ғалати эрмак-да бу! Ҳалигача менинг тишим ўтмаган бирорта кроссворд босилгани йўқ! Бирпасда қотириб ташлайман.
Тепадан чамадонимни олдим. Мен шу станцияда тушадиганман, у ўтиб кетади.
— Хўп, хайр!
Семиз одам газетадан бошини кўтарди.
— Алифбенинг биринчи ҳарфи нимайди? — сўради у кўзларини бақрайтириб.
— «А», — деб жавоб бердим.
У суюниб кетди:
— Қойил! Худди ўзи!

Туркчадан Миад Ҳакимов таржимаси

_______________
Акл — арабчада овқат дегани.