Рейна Мариа Родригес (1952)

Рейна Мариа Родригес (Reina María Rodriguez) замонавий Куба шеъриятининг таниқли вакилларидан бири. Гавана университетининг филология факультетини тугатган. Шоиранинг “Мен билан яшайдиган одамлар” (1978), “Аёл бедорлиги” (1980), “Поэмалар” (1995), “Сени қуш деб ўйлайман” (2003), “Вақтнинг тин олиши” (2006) ва бошқа китоблари нашр этилган. “Филни уч йўл билан таърифлаш” романи унга шуҳрат олиб келган. Бугунги кунда Гаванада “Ижодиёт уйи” лойиҳасининг раҳбари сифатида фаолият юритади. У Кубанинг кўплаб мукофотлари қаторида, Франциянинг Санъат ва адабиёт ордени (1999) билан ҳам тақдирланган.

ҚОРОНҒИ ТУШМОҚДА

Кеч тушди Мадриднинг томлари узра,
Қўлимда Болтиқнинг суви бор. Роҳат.
Куйдирмажон совуқ, ям-яшил юзи,
Пишмаган мевалар каби хижолат.
Мана шу энг қисқа масофа демак,
Кўзингда олмалар, файзи кетган боғ.
Шимол оққушлари кетар бедарак,
Серҳосил жанубга тушмоқда титроқ.
Ёнма-ён турибмиз Сен билан ҳамон,
Ўша ғалати уй, ғалати туйғу.
Яланг оёқларда қолмаган дармон,
Нотекис ёғочга келмаган уйқу.
Манзара. Шарпага тўладир атроф,
Эсимга тушмоқда Сенинг сўзларинг.
Йўқолган кўзимнинг олдидан офтоб,
Бир нигоҳ – телбадай кезар кўзларинг.
Ҳеч нима қолмаган кўришга ёки
Мен эса қидириб юрибман шошиб.
Кўзимга зулумот тўлгунча токи,
Болтиқнинг сувлари кетмасдан тошиб.
Ҳаёт бўйсиндириб олгандай худди,
Ҳадемай тўкилиб кетадигандай.
Қорайиб кўринар Мадриднинг басти –
Сенинг ҳам борлиғинг менга кўчгандай…

ИСПАНИЯ МАЙДОНИ

Майдонига келдим Испаниянинг
Қора кийимдаги кампирни эслаб.
Музлар шамолида кечки апрелнинг
Букилган белини турар текислаб –
Эслатар ролларни, ҳаддан зўр ижро!
Бироқ томошабин – беҳис, бешафқат.
Ҳозир оёқларин букар у, гўё –
Қулайроқ йиқилиш учундир фақат.
Бир ҳовуч оппоқ дон сепар қушларга,
Миннатдор айланар, кампирни қутлар.
У эса жилмаяр – ердан олиб куч –
У эса жилмаяр – белини ушлаб.
Майдонига келдим Испаниянинг,
Жони-жаҳонимни қилиб имтиҳон.
Йигирма йил. Йигирмата сон,
Бошланади янги минг йиллик.
Қоғоздан қуш ясамоқ осон –
Оссанг, турса мисоли тирик.
Йигирма йил. Йигирмата сон,
Эшит. Ўтар – ҳаёт ўткинчи.
Сени аср этмасин тамом,
Юлдузларга қараш қўрқинчи…
Сени дуо қиламан – дам ол,
Ухла доимгидек хотиржам.
Ўтса қизлар ҳужумга ҳатто –
Ёмғир қаттиқ ёғиб турса ҳам.

ЭДГАР, ЁМҒИР ВА ҚИЗЛАР

Мана яна ноябрь келди,
Мана яна юзда бир ажин.
Ҳадемай қиш келади энди –
Қайга қочай – кўпаяр харжим.
Ёлғизгина, бечора болам –
Сенинг онанг боқар телбаваш.
У жуда кўп чекди қайғу-ғам –
Уни фақат куйдирар оташ.
Тунаш мумкин уни кундузи,
Тортиб олиш мумкин ўзидан.
Қўрқиб қолган унинг кўзлари,
Бу севгидан. Ва ўз-ўзидан
Йигирма йил. Йигирмата сон,
Бошланади янги минг йиллик.
Қоғоздан қуш ясамоқ осон –
Оссанг, турса мисоли тирик.
Йигирма йил. Йигирмата сон,
Эшит. Ўтар – ҳаёт ўткинчи.
Сени аср этмасин тамом,
Юлдузларга қараш қўрқинчи…
Сени дуо қиламан – дам ол,
Ухла доимгидек хотиржам.
Ўтса қизлар ҳужумга ҳатто –
Ёмғир қаттиқ ёғиб турса ҳам.

ЧОШГОҲДА

Кун ярмида кабутарлар,
Сояларга беркинди,
Ҳаволарда думалайди
Битта жуфтлик бетиним.
Сув қўйилган ўт устида –
Ўз-ўзимдан беркиниб –
Мен ҳам Сени кутаяпман –
Кутаяпман ҳеч кимим.
Лозим бўлса бирор кимса,
Лозим бўлса бир кимса,
Қиздирганда ҳаддан ошиб,
Қуёш турар телбаҳол.
Фавворалар нега жимсан,
Оқаётган сув жимсан?
Бақа тўла ҳовузлар ҳам
Чайқалади бебаҳо.
А… Айтганча, қайтиб келди,
Кечаги жинни шамол,
Шоирларни ўзида йўқ
Тортар хаёлларга маст.
Бир соя жой топсам эди,
Ҳеч кимга келмай малол,
Ва шу ерда қолсам эди,
Нафас олиб бемалол.

Рус тилидан Хосият Рустамова таржимаси