I
— Бу жуда даҳшатли-ку, — деди Бош Аллома. — Наҳотки биз ҳеч нима қилолмасак?
— Чораси бор, Олий билимдон ҳазратлари, аммо бу сайёра жуда олисда жойлашганлиги учун ечими ўта мураккабдир. Беш юз ёруғлик йилига тенг масофада бўлганлиги боис мулоқот ўрнатиш жуда қийин. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Энг ёмони шундаки, унда яшовчи мавжудотлар билан мулоқот ўрнатишнинг деярли имкони йўқ. Уларда телепатик хусусиятлар ривожланмаган, муртак ҳолида қолиб кетган. Яккаю ягона йўли — ким биландир телепатик мулоқотга киришишдир…
Орага оғир сукунат чўкди. Бош Аллома ҳолатни таҳлил чиғириғидан ўтказиб, ниҳоят тўғри қарорга келди.
— Ҳар қандай онгли ирқ, — деди у, — телепатик хабарни қабул қила оладиган бир неча зотга эга бўлиши лозим. Агар биз бир эмас, юзлаб кўприклар очсак, ўзимизга керак бўлган нарсани топишимиз мумкин. Битта қабул қиладиган мияни топишимизнинг ўзи кифоя, шундай эмасми?
— Тўппа-тўғри, Олий билимдон ҳазратлари. Айтганингиздек қиламиз.
II
Шундай қилиб улкан коинот бўшлиқлари орқали ёруғлик тезлиги етиши учун ҳам беш юз йил керак бўладиган масофаларга нурга айлантирилган фикр тарқала бошлади. Ўта юқори тезликка эга бўлган фикр — нур бир лаҳзада тубсизликни кесиб ўтиб учинчи коинотга етиб келди ва Тхаар сайёраси билан Ер ўртасида кўзга кўринмас кўприк пайдо бўлди. Тхаарликлар ўзлари учун зарур бўлган яккаю ягона одамни ҳам зудликда топдилар… Бу Уильям Кросс эди.
Билл Кросснинг тафаккурига йўл очилишига олиб келган эҳтимоллик кечиши шунчалик тахайюлона эдики, уни кейинчалик миллиарддан бир нисбатда деб баҳоладилар. Умуман олганда, бу эҳтимоллик даражаси учта эди.
Биринчиси, Мистер Кросснинг жойлашган ўрнига боғлиқ бўлиб, у фикр — нур узатилган маҳалда йўналишнинг қоқ марказида турган эди. Албатта, бу марказда Биллдан бўлак яна миллионлаб кишилар бор эди, аммо улар Кросс каби ракета техникалари бўйича муҳандис эмас ва бирортаси ҳам сайёралараро учиш тўғрисида бир умр орзу қилмаганди. Бу иккинчи эҳтимоллик даражаси эди.
Ва ниҳоят, учинчисига келсак, фикр — нур ерга етиб келган маҳали Кросс итдек ичган ва эси кирар-чиқар даражада маст эди. Унинг туманлашган онги орзу ва хаёллар дунёсига тортиб кетди.
III
— Биз сизга, доктор Кросс, космик кемалар эмас, ҳарбий ракеталар яратишингиз учун маош тўлаймиз, — деган эди шу машмашалардан бироз аввал генерал Поттер норози қиёфада. — Агар жуда чидаб туролмасангиз, асосий ишдан бўш вақтларингизда бу бемаънилик билан шуғулланишингиз мумкин. Тушундингизми?
Тушунмай ўлибдими? Аммо, шунча машаққат билан яратган космик кемаси тархини бир буйруқ билан йўққа чиқармоқчи бўлишяпти. Кросс шу пайтда ҳаётининг ўта ғурбатли даврини бошдан кечирмоқда эди; албатта, хотини Бренда ҳам уни ташлаб Жонни Гарднерга кетиб қолганлигини эътиборга олсак, ҳаётининг чиндан ҳам ҳолва эмаслигига ишонч ҳосил қиламиз.
Кросс енгил чайқалиб, рўпарасидаги оққа бўялган деворга маъносиз тикилди. Иккита сурат орасидаги митти доғга нигоҳини жамламоқчи бўлди… Ва шу алфозда унинг онгига умидини деярли йўқотган юзлаб тхаарликларнинг фикрлари урила бошлади. Билл рўпарасидаги девор аста-секинлик билан эриб, ўрнида ҳадсиз туйнук пайдо бўлди.
Бу ажабтовур эврилиш унинг қизиқишларини алангалатиб юборди. “Жуда ғалати алаҳлаш-ку”, ўйлади Билл. Унинг бошида товуш пайдо бўлганида эса ҳатто қўрқиб ҳам кетди. Чунки Билл Кросс итдек ичганида ҳам ўзи билан ўзи гаплашмас эди!
— Билл, — бошлади товуш. — Диққат билан эшит. Биз сени узоқ изладик ва ниҳоят топдик. Сенга етказмоқчи бўлган хабар ўта муҳимдир.
Бу гапнинг тўғрилигига Кроссда гумон пайдо бўлди, чунки айни шу дамда унинг учун муҳим нарсанинг ўзи қолмаган эди.
— Биз сен билан жуда олис сайёрадан туриб гаплашмоқдамиз, — деди товуш. — Сен биз билан мулоқотга кириша оладиган ягона ерликсан, шунинг учун гапларимизни диққат билан эшит ва хулоса чиқар.
Билл ўзининг ташвишлана бошлаётганини сезди. “Қизиқ, ҳеч кимни кўрмасанг-да, аллақандай товушлар эшитсанг, ғалати эмасми? Дарвоқе, нима ҳам йўқотаяпман, тингласам, тинглабман-да!”
— Яхши, — деди у бироз жимликдан кейин. — Фақат кулгилироқ нарсалардан гапиринглар, ҳозир юрагимга қил сиғмай турибди. Йўқса, бадимга уриб қолиши мумкин.
Ўртага оғир сукунат чўкди, кейин ташвишли овоз эшитилди:
— Биз сизни тушунмадик, Сизга етказмоқчи бўлган хабарларимиз нафақат қизиқарли, балки сизларнинг ҳаёт-мамотларингиз устида кетаяпти. Уни зудлик билан керакли одамларга етказишингиз керак.
— Мен кутаяпман, — деди Билл. — Балки мулоқот билан вақтимиз тезроқ ўтар…
Бу тутуриқсиз жавобдан кейин беш юз ёруғлик йилига тенг масофада турган тхаарликлар эсанкираб қолдилар. Албатта, улар мақсадига эришиб, мулоқотга киришиб олдилар, аммо жавоб улар кутганичалик бўлмади. Шунга қарамасдан, улар давом эттиришга қарор қилдилар.
— Тингла, Билл, — давом этди товуш. — Олимларимизнинг ҳисоб-китобига кўра, яқинда Сизларнинг Қуёшларингиз портлаб кетади. Бу уч кундан сўнг, яна ҳам аниқроғи 74 соатдан сўнг юз беради. Портлашнинг олдини олишнинг асло иложи йўқ. Айтганларимизга қулоқ тутсанг, сизларни қутқариб қолишимиз мумкин.
— Вайсайверинглар, — минғиллади Билл. — Умримда бунақа алаҳламаган эдим.
— Бил, кўприксимон туйнук ўрнатамиз, — давом этди товуш. — Бу туйнук катта масофадан ўтади, у баайни сен рўпарангда кўриб турган туйнукка ўхшайди. Уни яратиш жараёни ўта мураккаб бўлиб, сизларнинг математикларингиз икки дунёда ҳам тушунмайди.
— Тўхтанглар, — жон кирди Кроссга. — Сизлар юқори ўлчамлардан ўтувчи қисқа йўллар тўғрисида гапираётган бўлманглар тағин. Бу нарса Эйнштейнгача бўлган замонларда ҳам фанга маълум эди.
Кросснинг кўринмас суҳбатдошлари ҳайратга тушдилар.
— Сизларнинг фанингиз бунчалик илғорлаб кетганлиги хусусида бизда ҳатто шубҳа ҳам бўлмаган эди, — ҳурмат оҳангида янгради товуш. — Таассуфки, назарияни батафсил тушунтириб ўтиришга вақтимиз зиқ. Моҳияти шундан иборатки, бундай туйнукдан қадам қўйганингиз заҳотиёқ бошқа сайёрага ўтиб қоласиз. Йўл ўттиз еттинчи ўлчам орқали ўтади.
— Мен сизнинг сайёрангизга ўтиб қоламанми?
— Йўқ, ерликлар бу сайёрада яшай олмайдилар, аммо Галактикада ерга ўхшаш сайёралар жуда кўп. Биз ҳамма жойга туйнуклар очиб ташлаймиз, қутулиш учун бир неча қадам қўйишгагина тўғри келади, холос. Тўғри, тамаддунни бошқатдан яратишга тўғри келади, бошқа йўли йўқ. Сизнинг вазифангиз — бу хабарни барча ерликларга етказишдир.
— Улар мени тингламаса-чи? Нима, ерда мендан бошқа одам йўқми?
— Ерда фақат сен мулоқотни қабул қила оласан, қолганлар бизнинг фикримизни илғаб ололмайдилар.
Уильям Кросс вискидан деярли бўшаёзган шишага маъносиз тикилди. Инсон мияси нималарга қодир эмас-а, — ғира-шира фикрлади у. — Тушга нима кирмайди, шайтон нима демайди? У ўтган ҳафтада охир замон тўғрисида қизиқарли бир китоб ўқиган эди.
— Мабода Қуёш чиндан ҳам портласа, қандай ўзгаришлар юз беради, — деди у алаҳлашини тикламоқчи бўлиб.
— Юпитер орбитасидаги барча сайёралар каби ерингиз ҳам кулга айланади.
— Менинг ҳурматли саробим, — деди у кўзларини айёрона ялтиратиб. — Агар мен сизларга ишонганимда нима деб жавоб берган бўлар эдим, биласизми?
— Сен, албатта, бизга ишонишинг керак, — беш юз ёруғлик йили масофасида турганлар орасида ғулғула пайдо бўлди.
— Шундай қилиб, — деди Билл мулоқотга чек қўя туриб. — Агар Ер ёниб кетса, қанча муаммолардан бирваракайига қутулган бўлар эдик. Урушлар тугаган, ғалвалар битган, хотинлар ҳамма нарсанинг қимматлашиб бораётгани хусусида вайсашлардан тўхтаган, атом уруши ҳақидаги ваҳималардан бирданига қутулган бўлардик. Сиз билан танишганимдан ўта хурсандман, ҳурматли сароб. Энди туйнук-пуйнукларингиз билан даф бўлинглар, мен ухламоқчиман.
IV
Тхаар сайёрасидагилар бу жавобдан шок ҳолатига тушиб қолдилар. Олий Алломанинг озиқли муҳитга солинган мияси сарғиш тусга кирди, бу нарса беш минг йил муқаддам Тхаарга Ксантил босқинчилари бостириб кирганида бир марта кузатилганди. Сайёралараро мулоқот бўйича ўн беш мутахассис ақлдан озди. Комофизик марказдаги бош компьютер хотирасида қисқа туташув юз бериб, барча рақамларни нолга бўлиб ташлади ва алал-оқибат бутунлай куйиб кетди.
Ерда эса Кросс ўз алаҳлашларини ривожлантираётган эди.
— Менга қара, — деди у кўрсаткич бармоғини аранг ўзининг сарғиштук кўкрагига тираб. — Мен инсонларга фойдаси тегсин деб, сайёралараро кема яратишга ўн йиллаб умримни сарфладим. Бу махлуқларни эса фақат қирғин-барот қилувчи ҳарбий кемалар қизиқтиради. Нима учун? Бир-бирини портлатиб ўлдиришлари учунми? Энди қуёш буни ҳаммангдан ҳам яхшироқ бажаради. Агар биз бошқа сайёрага ўтсак, барча машмашаларни қайтадан бошлашимизга тўғри келади.
У бир дақиқа ўйлашдан тўхтаб, фикрларини бир жойга жамлашга ҳаракат қилди.
— Қанжиқ Бренда ҳам мени ташлаб кетди, ҳатто ёзув ҳам қолдиришни раво кўрмади.
У охирги гапларини адоғига ҳам етказа олмади, мастликдан тили калимага келмай қолди.
Бу маҳалда эса тхаарликлар охирги бардошларини йиғиб унга яна бир карра мурожаат қилдилар.
— Билл, биз билан ҳазиллашмаяпсанми, ишқилиб. Наҳотки, ерликларнинг барчаси сен каби бетамиз бўлса?
— Қандай қизиқарли фалсафий мушоҳада, — фикрлади у. Унинг тасаввурини хира туман ўраб ола бошлади… У эрталаб генерал Поттернинг ҳузурига киради ва унга генераллик юлдузчаларини қаерга тақишни айтиб ишни топширади ва ўзига бошқа иш қидиради. Хўш, Бренда-чи? Бош омон бўлса дўппи топилади, унга ҳам бошқа хотин топилиб қолар. Энг муҳими, заҳирада яна бир шиша виски бор, хумордан чиққунча ичиши мумкин. У оёқда аранг туриб, виски турган столга йўналди.
— Билл, — тхаарликларнинг аламзада овози сўнгги бор янгради. — Наҳотки ҳамма одамлар сендек бўлса!
Кросс орқага ўгирилиб, сирли туйнукка сўнгги бор тикилди, унинг кўзларига сон-саноқсиз юлдузлар кўринди. У ўзида фахр ҳиссини туйди.
— Мендекми, — қайта сўради Билл. — Йўқ, ҳамма мендек эмас. Бироқ мен уларнинг кўпчилигидан бахтлиман.
Шу гаплардан сўнг туйнук сирли тарзда йўқолиб, оқ девор яна ўз ўрнида пайдо бўлди.
— Жуда яхши, — деди у тили оғзида аранг айланиб. — Хўш, шундай қилиб навбатдаги сароб нима ҳақида бўлар экан?
Кейинги икки кун мобайнида у сирли мулоқот ҳақида умуман ўйламасдан ётиб ичди. Учинчи куни эса уни ташлаб кетган Бренда қўққисдан қайтиб келди ва ораларида одатдагидек можаро бошланди.
Тўртинчи кун эса тхаарликлар айтган ҳодиса юз берди.
Алижон Зоҳидий таржимаси