Қўрқинчли ва қоронғу ноябр кечаларидан бири эди.
Атрофда этни жунжиктирадиган бир аёз ҳукмрон, устига устак ёмғир ҳам челаклаб қуярди. Палтонимнинг ёқасини кўтарганча, дилдираб, зулмат маҳв этган кўчадан лойларга ботиб, сирпана-сирпана кетиб борардим. Йўллар ўта нотекис, аксига олгандай бугун фонар қурғурни ҳам уйда унутиб қолдиргандим. Аҳён-аҳёнда тойиб, гандираклаб кетар, бироқ яна муовазанатни тиклаб йўлда давом этардим. Минг бир азоб билан сотиб олган палтонимга тирноқдай лой тегиши ҳам ёқимли эмас ахир албатта.
Манзилга жуда узоқ эди. Бундай маҳалда автобуслар қолмас, таксилар эса отамбаҳода, шу туфайли уйга қисқа йўллардан етиб олишим мумкин эди холос.
Ёлғизлик, қоронғулик, шунингдек, кечанинг бунчалик осуда ва кимсасизлиги юрагимга ғулғула соларди. Бу ғулғулани унутиш учун қўшиқ ҳиргоя қила бошладим. Қўшиқ оҳанги ва сўзларини қадамларимга мослаб, олға борардим. Шу онда ичимдаги қўрқув бир қадар йўқолгандай бўлди. Бунинг фақат биргина салбий жиҳати бор экан. Яъни ҳиргоя қилишим ичимдаги ҳавотир билан бирга диққатимни ҳам тортиб олганди. Ўз ҳиргоямга маҳлиё бўлиб тўсатдан лойда сирпаниб кетдим, кўлмакчага ботдим ва шимим тиззамгача ҳўл бўлганини сездим. Ўзимча қарғандим, қўшиқ ҳам ярим қолди. Бундан кейин яна қанчалик ҳиргоя қилишга урунмай, қўлимдан келмади. Кайфиятим бузилган, бироз авалги бахтиёрлик ўрнини аввалгидан ҳам баттар қўрқув эгаллаб олганди. У бироздан сўнг янада кучайди. Кўчадаги хира фонар сабабли тушган ҳар қандай соя мен учун қўрқинчли, катта гавдали одамга ўхшаб кўринар, камига хаёлимда дунёнинг энг қўрқинчли ҳикоялари жонланарди. Ҳавонинг ўта совуқ бўлишига қарамай терлай бошладим. Бир бурчакка тўхтаб нафас ростладим. Эндиги йўлим тор бир сўқмоқдан ўтарди. “Агар шундай икки сўқмоқдан ўтиб олсам уйимнинг кўчасига чиқиб оламан…” Шундай хаёл оғушида қадамларимни янада тезлатдим. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай қаршимдан келган ўта қўрқирчли ва бўғиз овоздан ўрнимда қотиб қолдим:
— Тўхта! Қимирлама!
Тўғри кўзларимга йўналтирилган чўнтакфонар на атрофни, на қаршимдаги одамни кўришга имкон берарди. Ҳали ўзимга келиб улгурмай ҳалиги бўғиқ овозли киши иккинчи буйруқни берди:
— Чўнтакларингни бўшат! Ҳамёнингни узат! Агар қимирлагудай ё бақиргудай бўлсанг, ўзингни мурда ҳисоблайвер.
Овозим титраб, ўзим қалтираб унга ёлвордим:
— Илтимос, илтимос қиламан сиздан. Озгина раҳм қилинг. Ахир мен…
У қатъий оҳангда:
— Сенинг дийдиёнгни эшитишга вақтим йўқ! — деди.
Чўнтагимда ётавериб илвираб кетган 7 рублимни чиқариб, унга узатдим:
— Жаноб, бору йўғим шу. Истасангиз ўзингиз текшириб кўришингиз мумкин.
У фонари билан мени бошдан-оёқ кўздан кечирди.
— Палтонинг жуда ажойиб кўриняпти кўзимга… — деди. — Янги шекилли-а, қани, палтони еч.
Йиғламсираб:
— Бундай қилманг илтимос, — дедим. — Бироз марҳамат кўрсатинг, жаноб. Ахир оилам, болаларим бор. Яна палтон сотиб олишга имкониятим йўқ…
— Ёлғон гапирма! Палтони еч дедимми, еч! Қани, бўл! Қуруқ қолмайсан ярамас, сенга ўз палтомни бераман.
Фонарини пастга қаратганида уни кўришга имконият туғилди. Синчиклаб разм солдим. У қўлида ярим шиша шароб тутган, бошига катта шляпа қўндириб олган, юз-кўзи аралаш шарф ўраган, кўзлари қўрқинчли одам эди. Бошқа чорам йўқ эди, палтони ечиб, унга узатдим. У ҳам менга ўз палтосини ечиб, узатди. Истаб-истамай кийдим. Палтондан сассиқ бали ҳиди анқир, димоғимга урилган ҳиддан кўнглим айниб, йўтала бошладим.
Бўғиз овоз яна бир марта буйруқ берди:
— Қани, орқаннга қарамай жўна! Агар бирор қалтис ҳаракат қилсанг ёки бақирсанг, тамом, бошингга кўп балолар ёғилади. Шу ҳолингга шукр қилиб йўлингда давом эт, яхшиямки менингдек марҳаматли одамга дуч келдинг. Ўзинг айт, сениб сўйиб ташлаб бутун кўйлак-пўйлагингни ечиб олсам, яхши бўлармиди-а?! Қани, сур!
Чарчаган, ғамгин аҳволда уйга келдим. Уй калити палтонимнинг чўнтагида қолгани учун эшикни тақиллатишга мажбур бўлдим. Эшикни очган аёлим уйқули кўзлари билан мени танийолмади. Дод солиб, эшикни қайта ёпди. Мени таниб олиши учун фақат иккаламиз биладиган бир-икки сўзни айтишимни сўради. Уйга кирганимдан сўнг аввалига аҳволимга ҳайрат билан боқди, бошимдан кечган воқеани айтганимдан сўнгра бирдан хўнграб йиғлаб юборди. Ўғри менга берган палтондан ёғ ва балиқнинг ҳиди келар, бу ҳиди кўнгилни оздирарди. Ўша кеч уни балконга чиқариб қўйишга тўғри келди.
Эртасига ишга боролмадим, кечаги ёмғир ҳалигача давом этар, менинг эса кийишга бошқа палтом йўқ эди. Аёлим билан маслаҳатлашиб шу палтони ювишга қарор қилдик.
Аёлим сув иситди, палтони ҳаммомга ташладик, чўткалай бошладик. Ҳаммомни ҳам, бутун уйни ҳам сасиган балиқ ҳиди тутиб кетди. “Мени тунаган ўғри эҳтимол балиқчи бўлса керак…”, деб ўйладим.
Мен сув қўяр, аёлим эса иштиёқ билан чўткаларди. Чўткалашни палто ёқасидан бошлаган, жараён ёқадан этак қадар давом этар, кир сувлар чўтка ҳаракати билан этак сари қараб оқарди. Аёлим бир-икки марта яхшилаб чўткалаю ювсак кийса бўлишини таъқидлади. Тозалаш жараёнида чўтка этакка етганда муштдай бир нарсага тегди. Аёлим уни тўғирлаш учун қўлидаги чўткани бир чеккага қўйди ва мушт катталигидаги шишни тўғирлашга ҳаракат қилди.
— Товба, бўлмаяпти… — деди аёлим кўзларини ўйнатиб. — Мана шу ерда, палто астарида нимадир бор менимча. Менимча, қоғоз бўлса керак.
Палтони айлантириб, ўша шишни астар остида эканини кўрдик.
Аёлим қўлини палтонинг чўнатигига суқди ва у ердан кичкина тешикча топди. Бармоғини тешикка суқиб ўша шишликни тортиб чиқарди. Қарасак, бир даста пул. Бу 10 рубллик купюралардан иборат, жами 320 рубл эди. Севинчдан қаҳқаҳа отиб кула бошладик.
Аёлим ҳайрат билан кўзимга боқиб:
— Бу қанақаси ахир? — деди. — Сизни тунаган ўша ўғри жуда аҳмоқ экан…
— Йўқ, — дедим, — асло ундай эмас! У эҳтимол мендан аввал бирор балиқчини тунаган бўлса керак. Палтомни янгилигини кўриб ўз палтосини аввал ўғирлаганини, чўнтакларини текширишни унутгандир. Ҳар ҳолда у ёмон одам эмасди…
Палтони ювганимиздан сўнг биноийдек бўлди, мен ҳали ҳамон уни кийиб юрибман.
Рус тилидан Раҳмат Бобожон таржимаси