ОНАМ ҚАНДАЙ ИНСОН ЭДИ?
Онам – Марина Ивановна Цветаванинг бўйи унчалик баланд эмас эди – 163 сантиметрлар келарди. Қадди мисрликларникидай тик, кенг елкали, беллари нозик эди. Ҳамиша ёш кўринувчи юзлари худди буғланиб тургандай кўринар, оёқлари узун эди. Қадам ташлашлари енгил ва шиддатли, ҳаракатларида қўполлик ҳам, дағаллик ҳам йўқ эди. Одамларга яқинлашганда юришлари секинлашар, қаддини ростлар, уни танишаётгани, унга қарашаётганини сезса, ҳаракатларида қимтиниш кучайса-да, ҳеч қачон сиқиқлик билинмасди.
Онамнинг тиниқ каштан рангли сочлари ёшлигидан тўлқинланиб турар, қалин ва майин эди. Улар жуда тез оқара бошлади,бу эса сочининг рангини кучайтирар, юз рангини оқартириб-қорайтириб кўрсатарди. Юзлари тиниқ ва нурли эди, узун киприклари, малларанг қорачиқлари кўзининг рангига уй-ғунлашиб, сингишиб кетган эди.
Юзида белгилар ва чизиқлар аниқ – устанинг гул қўли ҳаммасини бекаму кўст яратгандай.
Малла – сариқ қошларининг ўртаси иккига тортилиб, уларни бир-биридан ажратиб турарди.
Бутунлай ўйга чўмганда юзидан ички туйғулар, таъсирчанлик, ўзгарувчанлик ва тўлиқлик қалқиб турарди.
Аммо буларни камдан-кам одам ўқий-уқий оларди.
Қўллари қаттиқ, фидойи, меҳнаткаш эди. Иккита кумуш узуги ва никоҳ узуги бармоқларидан ҳеч қачон тушмас, бармоқларини сиқмас, аксинча, ярашиб турарди.
Овози ёш қизлариникидай ҳамиша майин, баланд ва жарангдор эди. Бутунлик, сиқиқлик сўзларида ифодаланиб турарди.
Тинглашни биларди; суҳбатдошини ҳеч қачон синдирмас, аммо баҳсларда ўткир эди. Мунозара, баҳслашув ва муҳокамаларда совуққон бўлса-да, чақмоқли фикр – мулоҳазаларини ўртага ташлаб, суҳбатдоши билан курашарди.
Ажойиб ҳикоя айтгувчи эди.
Шеърларни бир ёки бир неча кишига эмас, балки катта аудиторияда тургандай ўқирди.
Ҳарорат билан ҳар бир сўзининг мазмунини таъкидлаб, «увиллаш»дан йироқ, ҳеч қачон сатрнинг охирини тушириб юбормай ўқирди; энг мураккаб ҳолатлари юзига ловиллаб урилиб, қиёфасида, ҳаракатларида билинарди.
Бир марта сўраганларидаёқ бажонидил ўқирди шеърларини, ҳатто баъзан сўрашларини ҳам кутиб ўтирмасди: «Истайсизми, шеър ўқиб бераман?» дея ўзи таклиф этарди.
Онам бутун умр улуғ инсон бўлиб яшаб ўтди – ҳаётни севиб, унга қониқмай кетди. Унинг ўқувчиларга, тингловчиларга бўлган эҳтиёжи ҳамиша улкан, ҳар нарсадан устун ва айни пайтда, талаблари кескин эди.
Қўлига энди қалам олган ёш шоирларга самимий ва ўта тоқатли эди. Уларда «илоҳий учқун»ни кўриш – хаёлан бўлса ҳам! – ҳис қилишни жуда истарди! Ҳар бирида биродарини, ворисларини, бу ҳали ҳаммаси эмас – Шеъриятнинг ўзини! – сезиб турарди. Улар билан ҳеч қачон паст муносабатда бўлмас, аксинча, уларга боғланиб, елкадош бўлишни истарди.
Сўзи билан амали бир, қўли очиқ ва самимий эди. Ёрдамга, далда бўлишга, елкаларини қўйиб бўлса-да, кўтариб юборишга шошиларди, энг сўнгги, энг арзимас нарсаларини ҳам бўлишарди, ўзида ортиқча нарса сақламасди.
Беришни билган беминнат қўли таъма қилмасдан олишни ҳам биларди; у узоқ йиллар давомида «айланиб-айланиб келгувчи эзгуликнинг қўли»га, буюк, бузилмас инсоний кўмакдошликка ишонарди.
Бегоналарга марҳаматли, яқинлари – дўстлари, болаларига ўзига қандай талабчан бўлса, шундай талабчан эди.
Баъзи бир юқоридан кўз ташлаб юрган замондошлари адашишди – у модадан йироқ эмас эди. Аммо буни моддий томонларини ҳам ҳисобга олган ҳолда муҳтожликда ҳатто бировларнинг кийимларини оғринмай эгнига олди, кийди. Ҳеч қачон бойликнинг ортидан қувмади.
Энг олий нарсани Вақт чиғириғидан ўтган пўлат ирода деб билди. Енгил-елпиликни, ўтиб кетувчи ҳою ҳавасни, йиғлаб-сиқташ, эргашиб кетавериш, увоқланиш, бир сўз билан айтганда, «жимжимадорлик»ни қабул қилолмасди.
Кеч ётарди, уйқу олдидан ўқирди. Эрта турарди.
Одатлари камтарин, меъёрида овқатланарди.
Чекарди. Россияда – ўзи тайёрлаган қўлбола папирослар, эркаклар чекадиган сигареталар, ярим сигареталарни оддий олчаранг мундштук (папирос чекиладиган найча)да чекарди.
Қора қаҳва ичарди. Тиниқ уруғларни малла рангга киргунча қовурар, эринмай қадимий турк келисида майдаларди.
У қон-қони билан табиатга боғланиб, чирмашиб кетган эди. Тоғлар, чўққилар, ўрмонларни севарди, оташин руҳи денгизга қаттиқ боғланган эди. На сузиб, на учиб тагига етолмас эди бу муҳаббатнинг! Денгизни шунчаки севолмасди у.
Қияликлар, ялангликлар манзаралари, намли, ботқоқли, қамишли жойлар, ёмғирли йил фаслларида оёқ остидаги тупроқ ивиб кетиб, яёв юришга қийинчилик туғдирганида шафақ ёйилиб кетганда чангигандай сезарди ўзини .
Унинг хотираларида абадий қадрдони Тарусадаги болалик йиллари ва Кўктебел бўлиб қолди. У бу хотираларини ҳамиша эсларди. Аҳён-аҳёнда уларни Медан ўрмонларининг собиқ «қиролликнинг ов манзиллари» деб аталмиш қирларидан, Ўртаер денгизи бўйларидаги тоғликлардан, уларнинг ранглари ва ҳидларидан изларди.
Иссиқликни енгил кўтарар, совуққа чидами йўқ эди.
Узилган гулларга, вазалардаги, туваклардаги гулларга бефарқ эди. Боғда ўсаётган гулларни эъзозларди. Уларни банд-банд бўлиб ўсишларини, ёйилиб ётишларини, ёввойи узум, бутоқлар, чирмовуқгул, атиргулларни қадрларди.
Инсон қўли билан яратилган хиёбонлар, тўғонлар, йўлларни ёқтирарди.
Итлар ва мушукларга ҳеч завол топмас меҳр, садоқат ва тушуниш (ҳатто ҳурмат!) билан қарарди, уларнинг ҳам меҳрига сазовор бўларди.
Сайрга чиққанда албатта олдига мақсад, мўлжал белгилаб қўярди. Сотиб олгандан кўра кўпроқ «топганлари»га хурсанд бўларди; қўзиқоринлар, мевалар, айниқса, бу Чехияда ўтказган оғир кунларимизда, қишлоқ чеккасида яшаётган пайтларимизда кўпроқ билинарди: ўт-чўпларни қанча кўп терсак, шунча қувонарди, шулар билан печкани иситиб кун кўрардик.
Шаҳар ташқарисида ўзини эркин сезар, юришлари енгил кечганидан кўпинча ўзини йўқотиб қўяр, баъзан қайтиш йўлларида адашиб кетарди.
Баландлик, кўпқаватлилик, одамлар гавжум жойлар, автобус, эскалатор, лифтлардан қўрқарди. Шаҳар транспорти турлари ичидан (бир ўзи юрганда) фақат трамвай ва метродан фойдаланарди. Агар улар бўлмаса, пиёда юрарди.
Математикага қобилияти йўқ, ҳар қандай техникага бегона сезарди ўзини.
Кундалик турмуш ташвишларини унчалик ёқтирмасди. Ҳар кунги ташвишларнинг тугамаслиги, яна қайтиб келавериши худди шулар Вақтни еб қўйиши, асосий ишга имконият, шароит, вақт етишмаслиги уни толиқтирарди. Бироқ буларнинг ҳаммасини сабр билан ютди ва қийинчиликларни сиртига чиқармай яшашга уринди.
Одамлар билан киришимли, меҳмондўст, тезда тиллашиб, яқинлашиб кетадиган инсон эди у. Жуда камдан-кам ҳолларда одамлар билан айрилишиб кетарди. «Интизомли одамлар» жамияти ва бу доирани ғалати одамлар деб ҳисобларди.Ўзи ҳам ғалатиликдан холи эмас эди .
Дўстликка ҳам, душманликка ҳам совуққон эмас эди. «Ўзингдан даҳо яратма» маталини ўзи ҳам бузиб яшарди.
Ёшликни қадрла, қариликни ҳам гашти бор, деб ҳисобларди.
Ажойиб ва бетакрор юмор туйғуси бор эди унда. Ҳеч кимнинг устидан кулмас, ҳеч кимга қўполлик қилмасди.
Унинг болалигига чуқур таъсирини ўтказган тасвирий санъат (отасининг доираси) ва мусиқа (онасининг доираси)дан мусиқани қабул қилди. Шакл ва ранг унга бегона ва ёт бўлиб қолаверди. Фақатгина тасвирланган воқелик билангина қизиқарди. Китоб графикаси, жумладан, графика (Дюрер, Доре)ни севарди, мусаввирлик санъатидан кўра мусиқага яқинроқ эди.
Театрга бўлган эрта қизиқишга ёш турмуш ўртоғи ва дўстлари таъсир ўтказишган. Буларнинг бари унинг ёшлиги билан бирга қолиб кетди Россияда…
Ҳамма мўъжизалар ичида кинони тан оларди, айниқса, «овозли»сини. Бунда умумижодийлик, умумтушуниш, англаш туйғуси, умумтасаввурнинг кенг ва катта имкониятларини кўрарди.
Меҳнат одамларига – ҳамиша! – чуқур биродарлик ҳурмати билан қарарди; базмлар, ифлослик, талаб қилиш унинг нафақат вужудига ёт, балки телбалик, бақир-чақир, текинхўрлик каби ёқимсиз ва нохуш эди.
Бир сўзли, сўзининг устидан чиқувчи, бир ишни охиригача бажарувчи эди.
Ўзининг камтарлигини сақлаган ҳолда қадрини ҳам биларди.
У ҚАНДАЙ ЁЗАРДИ?
Ҳамма ишлари, кечиктириб бўлмас юмушларини белгилаб, эрта тонгдан тиниқ бош ва оч қорин билан ишга ўтирарди. Қайнаб турган қора қаҳвасини ёзув столига қўярди. Бу шундай кундалик ишга айлангандики, у оддий столга эмас, иш столига келгандай эди. Бу ишни қилмаса, қилолмаса – ёзолмасликдан қийналарди.
Стол устидан бор ортиқча нарсани бир томонга йиғиштириб ташлаб, дафтар ва тирсаклари учунгина жой қолдирарди.
Қўлини пешонасига тираб, бармоқлари билан сочларини тарар, ўйларини жамлар, ўзини ўзи йиғиб оларди.
Ёзаётганда ҳеч нарсани эшитмас – гўё бу оддий қўлёзма эмас, балки бор туйғуларини ютаётган фикр ва қаламнинг қудрати эди.
У алоҳида варақларга эмас, ҳамиша дафтарга ёзарди. Ҳар қандай – ёзув дафтарларидан тортиб, то гроссбух (бухгалтерия иш дафтарлари) гача ишлатарди, асосийси, бўёқ чапланиб кетмаса кифоя эди. Инқилоб йилларида дафтар тақчил бўлганда қоғозлардан дафтарларни ўзи тикиб оларди.
Оддий қаттиқ ёғочли ручкада ингичка мактаб перосида ёзарди. Бўёқли ручкалардан сира фойдаланмасди.
Вақти-вақти билан чекиб, қаҳва ичиб қўярди. Сўз жарангини эшитиш учунми, ғудраниб-ғудраниб оларди. Ўрнидан туриб кетмасди, хона бўйлаб айланиб юрмасди, аксинча, қадалгандек, михлангандек стулда ўтирар, столдан нари кетмасди.
Илҳоми келса, асосийсини ёзиб оларди, буни ҳайратли даражада тез уддаларди. Ўзини ўзи йиғиб олган ҳолатда шеърнинг қора ишларини қиларди – керакли сўз туркумлари, сифат, қофияни изларди, матн тайёр бўлгач, гўё унга шўнғиб кетарди, қайта ишлашдан чарчамасди.
Айтайлик, фикр ва туйғуларнинг уйғунлигига эришиб, кетмакет қофиялар, турли-туман сатрлар қуйилиб келса, кераксиз деб билган сатрларни чизиб ташламай, белгилаб қўяр, улардан янги нимадир яратишга уринарди .
Катта асар – катта иш бошлашдан аввал унинг бор моҳият-мазмунини охиригача пишиқ ўйлаб олар, қурар, режалар тузар, ўзига дам бермас, ўша оқим – ўша ҳолат – ўша руҳдан чиқиб кетмасликка тиришар, бундай пайтда уни фақат илҳом, ижод бошқарарди.
Ўзига хос чиройли, аниқ эди ёзуви. Уни ўқимоқчи бўлган ўқувчи ўсиб бораётган қисқартмаларга ҳар қадамда дуч келар; кўпгина сўзлар сўзнинг биринчи ҳарфи билан белгиланар; борган сари қўлёзмалар қўлёзманинг қўлёзмасига айланиб борарди.
Ёзув характери жуда эрта, болаликданоқ бошланган эди.
Аслида, ёзувга нисбатан бефарқликни ўқувчига нисбатан ҳақоратга тенг бефарқлик деб тушунарди. Ҳар қандай муҳаррирга, терувчига ҳурмати баланд эди. Шунинг учун ҳам оққа кўчирадиган матнларни чиройли ёзувда ёзар, айниқса, босмахонага юборадиган қўлёзмаларга алоҳида эътибор берарди. Хатларга кечиктирмай жавоб ёзарди. Эрталабки почтадан хат келса, қўлёзмаларини четга суриб қўйиб, хатнинг жавобини ўзи ёзиб ўтирган дафтарнинг бир четига ҳам ёзиб қўяр, буни ижоднинг бир оқими деб ўйларди. Хатларга ҳам ижодга қарагандай қарар, қўлёзмаларидай қадрларди.
Баъзан дафтарига кун давомида яна қайтиб келарди. Тунда фақат ёшлик пайтларидагина ишларди.
Иш пайтида ҳар қандай ҳолатни руҳига бўйсундирарди, таъкидлайман: ҳар қандай!
Меҳнатсеварлик қобилияти ва ички туйғуларнинг уйғунлиги унинг шоирлик истеъдоди билан баробар эди.
Ишлаб бўлгач, дафтарини ёпиб, деразасини очарди – олддаги куннинг барча ташвишлари ва заҳматларига бағрини тутгандай…
БЛОК КЕЧАСИ
Кеч тушмасдан уйдан чиқдик. Онам менга Александр Блок ҳам Пушкин каби улуғ шоирлигини уқтириб кетмоқда. Унинг ҳар бир сўзидан аллақандай ажиб туйғу мени чулғаб бораётганини ҳис этиб боряпман. Онам рассом Милмотининг кичкина ҳужрасида китобларни варақлаб ўтирибди. Унинг ўзи эса ҳалигача йўқ.
Мен боғ бўйлаб чопиб, ўйнаб юрибман. Ёзув: «Александр Блок кечаси», «Политехника музейида П. Коган кечаси». Умуман олганда, бу ерда ҳаммаси байрамона. Хиёбонларда, дарахтлар соясида иссиқ нонлар сотишмоқда ва граммофон янграб турибди.
Ниҳоят, рассомлар Милмоти ва Вишеславцев ва шоир Павел Антакольский рафиқаси билан кириб келишди. Биз билет сотиб олишга кетаяпмиз. Олд эшикка кириб борганимизда, ёқимли ва жарангдор овоз «Блок!» деб чорламоқда. Бинафшаранг бахмал залга кирдик. Ҳамма жойлар банд. У эса ҳамон йўқ. Антокольский бизга бир неча стул олиб келди. Эндигина ўтирувдик ҳамки, шивир-шивир бошланди: «Блок! Блок! Қаерда? Блок! – “Столга яқинлашди, ўтирди!– Настарин…» Ҳамманинг юзида севинч порлади.
Текис, қотиб қолгандай юз. Тўқ рангли кўзлари сал пастга тушгандай, билинар-билинмас кичик оғиз, юзининг ранги малла. Бутун борлиғи қотиб қолгандай кўринди. Кўзлари, лаблари, хуллас, бутун гавдаси қотиб қолгандай қимирламайди.
У «Ўч» поэмасини ўқий бошлади. Қаҳрамоннинг исми – Байрон, ҳақиқий шоир Байрон эмас, албатта. Байрон қадимий дворян оиласининг кенжа қизига мафтун бўлиб қолади, қиз ҳам.
Қизнинг отаси бунга қарши бўлади, аммо муҳаббат ғолиб чиқиб, у йигит билан кетади. Қиз қоронғу тунларнинг бирида бир ўзи отасиникига қайтиб келади. Озиб-тўзиб кетган, ҳориб-толиққан, қўлида эмизикли боласи. Кун сайин ўғил ҳам ўсиб-улғаяди, аммо жанг майдонида эмас, бал залларида дилини хушлашни афзал билади. Балларининг бирида эшитадики, унинг отаси Варшаванинг Атиргул кўчасида жон бермоқда. У бу ерга етиб келганида отасининг жони аллақачон узилган экан. (Отасининг қабрда ётган қиёфаси, ташқи кўриниши бутунлай Блокнинг ўзига ўхшаб кетарди. Меҳрли кўзлар, таранг тортилган тана ва руҳидан ҳамон эзгулик балқиб турибди. Қўлида – никоҳ узуги).
Ўғил қабр ёнида турар экан, кўзи мотам либосидаги юзига қора парда тортган аёлга тушади. Бу – онаси эди.
Бу асарнинг бошқа қисмида уруш, қўшинлар, ҳалок бўлганлар ҳақида сўз кетар, улар Ватан номи билан ўлимга тик боқар, улардан императрица кўз узмасди.
У равон, ўзгармас овозда сўзларди. Асар сўнгида ўғил вақт ўтиб, отасини бутунлай унутиб юборганини айтиб ўтди
Блок тин олди ва тугатди. Барча олқишлади. Шоир ҳаяжон ичида таъзимга эгилди. Халқ сўрарди: «Шеърларингиздан ўқинг!» «Ўн иккилар!», «Ўн иккилар»дан бўлсин! «Номаълум аёл»! «Номаълум аёл»ни !
«Туманли тонг…»ни ўқий бошлади Блок. «Ёш боладай таъзими ҳам ўлчанар унинг. Кўришгунча! Ёнбошлаб тушган тонгга уриниб, жаранглаб кетар олис хотира!» (Бу мисралар менинг ёш хотирамда шу қадар қаттиқ муҳрландики, уларни унутолмадим).
Мен унинг ифодали қилиб ўқиган бошқа шеърларини эслай олмайман, аммо уларнинг маъносини сўзма-сўз айтиб бероламан. Масалан: «Сенинг қиёфанг стол устидаги тилла гардишда товланиб турибди. Сенинг хотираларинг – ғамгин ва қайғули. Сен тунда тўқ кўк ёпинчиқни кийганча чиқиб кетдинг. Мен сенинг қиёфангни столдаги тилло гардишдан сидириб ташлайман».
Блок тик турган ҳолатда, жиддий оҳангда, қисқа-қисқа нафасда ўқийди. Ўта ғамгин ва босиқ кўринади. «Лабларимга совуққонлик билан теккиздинг кумуш узукларингни».
Баъзан Блок сўзларни унутиб қўяр, шунда унинг орқасида ўтирган хоним ва жанобга қарар, улар эса жилмайиб сўзларни айтиб туришарди.
Онам камтарона бурчакда ўтирар, юзлари яллиғланар, лабларини тишлагандай тингларди. Гоҳо менинг қўлимдаги гулни олиб, унинг ҳидсиз баргларини чиройли қирра бурнига теккизиб қўярди, ҳидларди. Унинг юзлари севинчданми, ҳайратданми порларди.
Кеч тушди. Блок узундан-узун паузалар билан ўқирди энди. Қоронғулик тушиб келарди. Орқамизда ўтирган жаноб чироқни ёқди. Қандилдаги ҳамма шамлар ва хона деворларидаги улкан чироқ ҳам ёндирилди. Улар жуда хира бўлиб, қалин, қаттиқ шиша билан қопланган эди.
Бир неча дақиқадан сўнг ҳаммаси тугади. Онам Милмотидан мени Блок ёнига олиб боришларини сўради. Мен у турган хонага кирганимда аввалига ўзимни ўйнаб юргандай кўрсатишга уриндим. Кейин Блокнинг ёнига бордим. Астагина ва енгилгина унинг енгидан ушладим. У қайрилиб қаради. Унга хат узатдим. ( Бу Марина Цветаеванинг шеърлар тўла дафтари эди). У кулди ва шивирлади: «Раҳмат». Унга таъзим қилдим. У ҳам енгилгина, бепарво эгилиб қўйди. Бу воқеа 1920 йилнинг 15 майида бўлиб ўтган эди.
Марина Цветаева Блокни ўз ҳаёти давомида кўрган-билган ягона илоҳий шоир деб биларди, ҳа, айнан, шундай. У Блокка « навобахш ҳунар» йўлидаги йўлдошдай эмас, шеъриятдаги илоҳий мўъжизадай қарар ва унга сажда қиларди. Бошқа барча яқин севимли шоирларига нисбатан сафдошлик туйғусини туяр, тўғрироғи, уларда йўлдошлари ва сафдошларини кўрарди. Ҳар бири – Тредиаковскийдан Маяковскийгача Пушкин ҳақида айтилган ушбу сўзларни такрорлашга ҳақлиман деб ўйларди: «Қалами ҳушёрлик билан чархланганини билдим: унинг бўёқларидан бармоқлар қуриб қолмади».
Бундан ташқари, уларнинг ҳар бирини – ҳатто Рилькени ҳам қондош-жондоши деб билар, шеърлар фақатгина истеъдод мевасидан туғилмаслигини англар, аксинча, барча қайғу-аламлар, ҳар бир тирик жоннинг нозиклиги, шодликлари, шу тирик жоннинг қонидан яралган заҳматлари, унинг эрки ва қудрати, пешона тери ва меҳнати, очлик ва ташналикдан эканлигини ҳис этарди. Ижодкорнинг жисмоний меҳнатига ҳамдардлик ва куюнчаклик туйғуси билан қарарди.
Цветаева ёлғиз Блокнинг ижодинигина осмоний баландликка қўя олди. Буни шеърият руҳи билан руҳни тозалаш деб билди (худди оловда тозаргандай!). У бундай юксак шеъриятга ўзини дахлдор деб билмади, бу ҳақда ўйламади ҳам! Бундай хаёлга боришни гуноҳкорлик санади. Фақатгина тиззларини букканича таъзим қилди, холос. Унинг бундай тиз чўкиб таъзим қилишлари, «аллилуялари»нинг барчаси шеърларида ўз ифодасини топди. Бу шеърлар 1916-20-21 йилларда ёзилиб, Блокка аталди. Улар орасида насрий асари ҳам бўлиб, уни 30-йилларнинг бошида Парижда ўқувчилар ҳукмига ҳавола этди, чиқишларида ўқиб берди. Афсуски, бу насрий асари ҳеч қаерда чоп этилмаган, қўлёзмаси ҳам сақланиб қолмаган.
Менинг авлодимдаги ўқувчилар «Пастернак ва Цветаева» деб қанчалик кўп гапиришган бўлса, ўша давр авлодлари ҳам «Блок ва Ахматова» деган иборани шу даражада тилдан туширишмаган. Бироқ Цветаева учун бу номлар соф маънода шартли эди; улар орасида тенглик бор деб ўйламади у. Ахматова унинг учун опа-сингиллик туйғусини уйғотарди. Улар чиндан ҳам шеъриятда опа-сингил эдилар. Ахматованинг мутлоқ оҳангдорлиги, руҳий латифлиги аввал бошдан Цветаевани қанчалик сеҳрлаган, ўзига тортган бўлса-да, ке-йинчалик булар Ахматова ижодининг ифодаси ва шеъриятдаги шахсини ривожлантирувчи, белгиловчи сифатларга айланиб қолди. «У – мукаммалликнинг ифодаси ва афсуски, худди шу – унинг чегараси», – деган эди Цветаева Ахматова ҳақида.
Павел Антокольский Цветаевага Блокнинг «Ўн икки»сини олиб келгани, совға қилганини эслайман. Катта ҳажмда оқ қоғозга битилган қора ҳарфлар. Қоронғу шом, оппоқ қор. Чиройли суратлар билан моҳирона безатилган китобни ошхонамизнинг бўсағасидаёқ чақноқ кўзлари билан ўқий бошлади. Бир нафас тин олиб, муштларини юқорига кўтарди. Кўзларини юмганича, столга келиб урилмагунча эниб келишлари эсимда ҳамон. Худди шу стол атрофида Марина – онам ўтирди ва Антокольскийни кутиб олишга ҳозирланди. У эса охиригача ўқиди ва онам индамай, кўзларини ердан узмай, охиригача тинглади, унинг қўлидан китобни олди. Ҳаяжон ва ҳайрат оғушида нигоҳини пастга тикди, лабларини маҳкам қимтиди, юрагида ловуллаган оловни юзига чиқаргиси келмади.
«Ўн икки» нинг кўлами уни нафақат ҳайратга солди, балки маълум маънода ўзи ва ўзи қаториларнинг ижодидан, ёзаётганларидан уялтириб юборди ҳам! Бу ҳақда қайта ва қайта Блок ҳақидаги ўша насрий асарида таъкидайди онам. Блокнинг умри узоқ бўлмаган бўлса-да, у кўплаб шоирлар, хусусан, ўша даврлардан бошлаб, давр руҳига мос келмаган туркумлар яратаётган Цветаева учун ҳам паноҳ эди…
Бироқ
Бу – Илҳом париси, Илҳоминг эмас.
Чириб битган иплар
Қондош эмас сенга, йўлинг қўшилмас.
О, дўстлик! – Фақат аёл қўли биланмас –
Қонхўрлик! –
Мен томон тортқилар тугунакларни.
Ул қўрғошин бирлик –
Қора рангли чинқириқлар ичрамен.
Шарқ томон яллиғланди.
О, ким менинг нозик елкаларимни
Икки қанотини
Ўзига тортди!
Блокнинг аввал бошда Анна Ахматовага бағишланган, кейинчалик бу ёзув олиб ташланган «Қизил от» достонида мураккаб, ўсиб борувчи, айни пайтда, «илоҳийлашган» Блок – «Ўн икки»нинг ижодкори, шеъриятнинг энг тиниқ ва оловқалб даҳоси, Цветаеванинг фикрича, унинг қўли етмаган чўққи соҳибининг образи гавдаланиб турарди.
У Блокни Москвада бир неча кунлар давомида – 1920 йилнинг 9 ва 14 май кунлари Политехника музейи ва Санъат саройидаги шеърият кечаларида кўрди, тинглади. У билан шахсан таниш эмас эди ва бунга уринмади ҳам. Бу – уни ҳам қувонтирди, ҳам армонига айланди. Билардики, шуниси яхши – тасаввуридаги шоир ва учрашувлар уни ҳеч қачон ҳафсаласини пир қилмайди, кўнглини совутмайди…
«БАЛЬМОНТ ЮБИЛЕЙИ»
Онам билан Санъат саройига бордик. Бу ерда ажойиб байрам – Бальмонтнинг юбилейи нишонланмоқда. Мен боғда қолдим. Бирдан кўзим қўлида атиргул тутган Бальмонт билан келаётган Елена ва Миррага тушди. Онам билет олди ва биз залга кирдик. Елена (Бальмонт тили билан айтганда – Элена) ўз жойини эгаллади. Мирра мени имо-ишоралар билан чақириб, майин бинафшаранг ўриндиқда бирга ўтиришни таклиф қилди. Тилла суви юритилган иккита кўм-кўк ўриндиқ келтиришди, учинчиси – Бальмонт учун катта оромкурси. Уни ўртага қўйишди.
Бальмонт қўлида дафтар ва атиргул билан чиқди. У қатъиятли, арслонкелбат, айни пайтда, зерикканроқ қиёфада ўриндиққа ўтирди. Ўриндиқнинг биттасига дафтари ва гулларни қўйди, иккинчисига шоир Вячеслав Иванов ўтирди. Ҳамма олқишлади. Вячеслав Иванов жимгина таъзим қилди, бир неча дақиқа ўтирди-да, ўриндиқ ва кўзгу ўртасидаги бурчакка бориб турди ва кичкина оромкурсини тебратган кўйи Бальмонт ҳақида кириш сўзини бошлади.
Афсуски, мен ҳеч нарса тушунолмадим, чунки бу нутқда жуда кўп чет тиллардан қўшилган сўзлар ишлатилди. Нутқ орасида енгил қарсаклар чалинар, гоҳида унинг фикри билан келишолмаётган, фикрига қўшилмаётганларнинг қизғин шивирлари эшитиларди.
Бир дақиқага димиққан залдан пастга, боққа чиқдим. Айланиб, югуриб юрибман. Боғнинг ҳар бир бурчагини кўздан кечириб, шундай вақтда одамлар қандай қилиб, Сологубнинг зах босган, моғорлаган ертўлаларида яшаши мумкин, деб ўйлардим. Ортга қайтаман. Вячеслав Иванов сўзини тугатганда кириб келдим. У ўз бурчагидан чиқиб, Бальмонтнинг қўлини қаттиқ сиқарди.
Вячеслав Ивановнинг қиёфаси хотирамда шундай сақланиб қолган: мавҳумлик муҳрланган кўзлар, эгри-бугри, ажин босган сариқ юз. Жиддий табассум. Енгил-енгил нафас олиб, гапиради. Ҳамма билади – у ўқимишли олимларга хос салобатли одам. Босиқ, хотиржамлик билан юради ва шундай қарайди. Унда олов сезилмайди, аксинча, аллақандай намхушлик ҳиди уфуради.
Байрамнинг энг ҳаяжонли дамлари япон аёли Инамэ билан ўтди.
Уни шоира Инамэ деб саҳнага чорлашди. У саҳнага чиқиб, қўлларини бирлаштириб, истакларини ҳаяжон ичида оддийгина ифодалади: «Мана, мен Сизнинг олдингизда турибман ва Сизни кўраяпман. Мен эртага жўнаб кетишим керак. Биз Сиз бизникида бўлганингизни эслаймиз ва ҳеч қачон унутмаймиз. Сиз ўшанда бир неча кунга борган эдингиз, ўша бир неча кунлар… нимасини айтай!… Бизникига келинг, узоқроқ туриш учун келинг. Шунда бизникида Сиз – улуғ шоир бўлганини умрбод эслаб юрайлик!»
Шунда Бальмонт деди: «Инамэ! У мен жавоб тайёрлаб қўйганимни билмайди ҳали!» Ҳамма кулиб юборди. У ўрнидан турди, чўнтагидан унча катта бўлмаган ён дафтарчасини олди-да, шеър ўқий бошлади. Шеърнинг мазмуни, адашмасам, шундай эди: «Инамэ гўзал, исми эса ўзидан-да гўзал», умуман, ҳар бир аёлга ёқадиган шеър эди.
Яна бир аёл – инглиз меҳмон аёл ўрнидан турди ва инглизча гапирди. У сўзини тугатгандан сўнг Бальмонт унга бир даста гул тутқазди. Менимча, у бу гулларни япон шоирасига бергани маъқул эди, чунки у кўнглидагини оддий ва самимий қилиб айтди-қўйди! Кимдир баланд овозда эълон қилди: «Шоира Марина Цветаева!» Онам Бальмонтнинг ёнига борди ва деди: « Қадрли Бальмонт! Мен Сизга мана шу картинани туҳфа этаман. Жуда кўп рассомлар ва шоирлар ўз имзоларини қўйишган. В.Д.Милмотти чизди».
Бальмонт онамнинг қўлини сиқди ва улар енгилгина қучишдилар. Онам алланечук ҳолатда жойига бориб ўтирди. Олқишларга ҳам эътибор қилмади.
Худди шу пайт роялда мусиқа янгради, шу қадар шиддатлики, клавишлар кўчиб кетгудек. Ярим очилган роял мурватлари қарсиллади. Мирра қулоқларини беркитиб олди-да, жилмайиб қўйди. Мен эса буткул бепарво тутдим ўзимни. Эсладим: « Мен Пушкин – Блок сингари улуғ шоирни кўрдим». Яқиндан кўрдим.
Энг охири Фёдор Соллогуб сўзга чиқди. У деди: «Ҳаммани бирдек кўнглини олиш қийин. Шоир – ер юзидаги энг ноёб меҳмон. Шоир – тирилиш куни ва дунёнинг байрами. Шоирнинг ҳар бир куни – байрам. Ҳамма одамлар ҳам шоир бўлиб туғилмайдилар. Миллионлар ичида биттаси – ҳақиқий шоир!»
Соллогубнинг сўзидан сўнг залда эътирозли овозлар янгради:«Ким? Ким у? Ҳаммага эмас! Ҳаммавақт ҳам эмас!»
Иван Сергеевич Рукавишников сўз олди. Қўлида – шеърий журнал. Овозини баланд қўйиб, қичқириб, ўз шеърларини Бальмонтга қараб ўқий бошлади. Бальмонт унинг қўлларини сиқиб қўйди.
Зинапоялардан тушаётиб, ўйладим – нима учун Бальмонтнинг юбилейи тунги байрам мушаклари билан нишонланмади…
Бальмонт ва унинг оиласи билан бирга қайтдик.
* * *
Онамнинг Бальмонт билан дўстлиги қачон бошланганини эслай олмайман. У ҳамиша ёнимизда бўлгандай туюлади. Шундай одамийлик муносабатлари борки, улар бошидан бошланмайдилар, балки бирдан бошланади. Шу кўйи унинг охири кўринмайди. У қандай зуҳур бўлмасин, барибир охири йўқдай. Муносабатлар эса аввал-охирни четлаб ўтиб, бир-бирини англаб етишнинг нозик паллаларида, сўнгги, оғриқли кўнгил товушларида, совушларида бўлиниб-бўлиниб бораверади…
Тўғри чизиқ билан узоққа тортилган дўстлик риштаси (узилишларнинг таш-қи кўринишини эмас, ички узилишларини назарда тутаяпман) онам учун хос эмас эди, у текис, яхшилаб ишлов берилган йўлларнинг йўловчиси эмас эди.
Кўп ҳолларда совиб қолмаслик учун дўстларига ҳаддан зиёд берилиб кетарди, ҳаддан зиёд! (Аммо «ҳаддан зиёд»лик шоир учун ҳамиша нотабиий кўринади). У улар орасидаги ўта оғир, булутлар ортидагидек юксакликни ҳам кўтарди, турли ваҳима ва васвасалардан ўзини сақлашга ҳаракат қилди; одамларни турли фазилат ва эътиборга лойиқ ҳолда кўришга интилди, улардаги ҳар бир ижобий сифатларни улуғлади. Ҳар бир одам ана шундай ажойиб фазилатларга эга бўлишлари лозим деб ҳисоблади. Айни пайтда, бундай фазилатлари борми-йўқми, бунисидан қатъи назар, уларнинг инсонлиги учун ҳам қадрларди…
У ўзини эмас, бошқаларни асрашни афзал билар, бу ишга тантилик билан киришарди. Унинг бу оддий, самимий ва одамийлик фазилатлари қаърида ўзини-ўзи ёйиб кўрсатмоқчидай, яна – айрилиқ – бу шеърларида яққол кўринарди – ички портлашдан юмшаб олмоқчидай туюладиган туйғулари яширин эди, чамамда.
Бундай узоқ давом этган, ҳеч қачон узилмаган, икки улуғ шоирни бир-бирига боғлаган дўстлик қандай қилиб туғилган эди?
Биринчидан, онамнинг шоирона тасаввурига кўра унда – Бальмонтда Марина Цветаева учун зарур бўлган маънавий озуқалар йўқ эди, бўлгани ҳам худди онамда бўлгани сингари эди. Бальмонт ҳам ўзининг имкониятлари ва имконсиз томонларини яхши биларди. У ҳам онам каби энг олий даражада, ҳеч ким тортиб ололмайдиган даражада баландликда турарди. Иккинчидан, турли стихиялар, турли ички кенглик ва тубсизликлар иккисининг ижоди учун ҳам оддий ҳол эди. Онам ҳаммавақт мунозаралар чоғида ўзига зарурини олар, танлар ва холис фикр айтарди. У энг яхши, энг катта, энг кераклиларини фақат ўзига яқин, қадрдон шоирлардан талаб қилар, улардан шуни кутарди.
Улар иккаласи ҳам «Худо юқтирган» шоирлар эдилар. Аммо онам ҳаммавақт ўз ижодини тўлдиришни ўйлар, Бальмонт эса унинг учун бу борлиқни тўла ўзлаштириб олгандек кўринарди.
Бальмонт ҳақида беҳисоб латифалар тўқилган эди. Уни эркин шоир сифатида улуғлашар, шеърий давралар усиз ўтмаслиги урфга айланган эди. Ёш Марина Цветаева учун ҳам у афсонавий, улкан бўлиб кўринди. Октябр воқеалари уни тирик, бироқ чорасиз одамнинг олдига олиб бориб қўйди. Бу вақтда унинг юлдузи фазовий тезликда энг юқори чўққидан қуйига энаётган эди. Онам ўша заҳотиёқ сўниб бораётган шон-шуҳрат, кексаликдан тушиб келаётган, аммо ўлмас истеъдоди ҳамон ярқираб турган шоирга елкасини тутди.
Афсонавий Бальмонт ўзига бир ўхшаб, бир ўхшамай яшарди. Унинг нафис нафасли, айни пайтда бўғиқ нутқлари, ўзини тута билиши, мағрур, тик туриши, димоғдорлиги туғма эди. У атайлаб димоғдорлик қилмасди. Ҳаммавақт, ҳар қандай жойда, ҳар қандай даврада, ҳар қандай шароитда у ўзгармади, охирги кунигача шундай яшади. У қариб борарди, танаси озиб, мускуллари кичрайиб, ерга энка-йиброқ, юз ифодалари мулойим тортиб, кенг пешонаси янада аниқ-тиниқ ажинларга тўлиб борар, кўриниши, юриш-туришидан кўпроқ испан қони қўшилган қишлоқи сиёққа ўхшаб борар, барибир – буюклик чўққисида турарди.
Бундан ташқари, кутилмаганда Бальмонтда соддалик ҳам пайдо бўла бошлади. У энди ўзини кўрсатишга уринмас, сўзлашганда ҳам тўлиқиб, сўзларга ранг бериб ўтирмас, қисқа, аниқ ва ўткир ибораларни ишлатарди. У тўхтаб-тўхтаб, сўзларни гаплардан узиб-узиб олгандай гапирарди. Кексайди, ўзини худди ҳимоясиздай сезган ёш болага ўхшаб қолди, дарров хафа бўлиб, яна аламларини ичига ютар, хира тортган катта кўзлари ёшланиб кетарди.
Бальмонт билан онам бир-бирига жуда яқин, «сен»лашиб гаплашадиган ноёб дўстлар сирасига кирарди. Онам ҳам, у ҳам буни дилида ҳам, тилида ҳам бирдек айтолишарди. Ўша даврларда онам Пастернак билан ёзишмаларидагина шундай яқинлик ҳис этарди ўзида. Умрида бир марта ҳам кўрмаган, кўришишмаган Рильке билан ёзишмаларида ҳам бу қадар илиқлик, меҳр, дўстлик мустаҳкам бўлмаган, сезилмаган. Онамнинг табиатига кўра, «сен»лашиб сўзлашиш (болалардан ташқари, албатта) унинг учун соф шоирона эркинлик, айни пайт-да, шартлиликдай эди. Бальмонт билан «сен»лашишга ўтган Марина Цветаева унинг барча машаққатлари, ёқимсиз ва беўхшовлик томонларини ҳам кўтара оладиган «сен»га айланди. Онам учун ўзига ўзи ёрдам беришдан кўра дўстларига ёрдам бериш осон кечарди. У бошқалар учун ҳатто тоғларни ҳам ағдариб юборишга тайёр эди..
Бальмонт ва онам адабий кечаларда доим биргаликда чиқишар, меҳмондорчиликка борадиган жойлари ҳам, учрашиб турадиган дўстларининг уйлари ҳам бир хил эди. Улар кўпинча онамнинг яқин дугоналаридан бири Татьяна Фёдоровна Скрябиналарникида йиғилишарди. Бу аёл бастакорнинг беваси бўлиб, ғоятда гўзал, ғамғин чеҳрали, қадди-қомати келишган эди. Унинг атрофига санъатга шайдо кўнгиллар йиғиларди. Ўша бастакорлар ичида мен кўпроқ С.Кусевицкийни эслаб қолганман. У ҳар қандай суҳбатни бевосита Скрябинга олиб боришга жуда моҳир эди. Бастакор қизларининг исмлари худди бизникидай эди. 1922 йил онасининг ўлимидан сўнг бастакорнинг катта қизи Ариадна Скрябина бельгиялик бувиси ва кичик синглиси билан, ҳали ёш бўлишига қарамай, чет элга жўнаб кетди. Уч боланинг онаси бўлган пайтда Франция Қаршилик кўрсатиш кучлари олиб борган жангларда қўлида қурол билан гитлерчилар қуршовига тушиб қолади ва қаҳрамонларча ҳалок бўлади.
Кўз олдимизда Скрябиналар уйи музейга айлана бошлади. Оиладигилар давлатга аввало, бастакорнинг кабинетини беришди. Бу ерда ҳамма нарса ўз жойи-да қолган эди. Деразаси катта боққа қараган уйга аста-секинлик билан саёҳатчилар келиб кетишадиган, боғ ўртасида ёзнинг ўрталаригача очилиб, гуллаб турадиган «Яраланган гуллар»дан завқланиб кетадиган бўлишди.
Ҳаммавақт ва ҳамма жойда Бальмонтни хотини Елена олиб юрарди. У – ушоқ гавдали, ориққина эди: камдан-кам учрайдиган катта-катта бинафшаранг кўзларини эридан узмасди. У мўъжизакор иконалар ёнида ҳамиша ёниб турадиган шам сингари Бальмонтни иситиб, атрофини ёритиб турарди. Онам унинг ёнида туриб, болаликдаги ченаларимизга музлаб қолган картошка ёки кутилмаганда қўлга теккан ёнилғиларни солиб, уйигача олиб боришга кўмаклашарди. Онам махорка харид қилганда, ярмини «Бальмонт»га деб олиб қўярди. У эса буларни ажойиб инглизча турбкасига соларди-да, роҳатланиб тутатарди. Баъзан бу трубкадан онам ҳам чекиб кўрар, иккаласи худди ҳиндуларга ўхшаб бир-бирига илинишарди.
Бальмонтлар Скрябиналардан икки қадам нарида, биздан унча узоқ бўлмаган Арбат яқинида яшашарди. Кирсанг – Еленани кўрасан, куяга беланиб, тутаб ётган печкани ёқиш билан овора. Бальмонт эса шеър ёзиб ўтирибди. Бальмонтлар бизникига келганда эса – онам ҳам печка ёқар, ҳам шеър ёзарди. Скрябиналарникида эса ҳаммаёқ тоза, чиннидай, иссиқ. Чунки бу ерда ҳеч ким шеър ёзмайди, печкаларни эса хизматкорлар ёқишади…
Бальмонтлар чет элга кетишга чоғланишаётганда, тез орада қайтишса керак, деб ўйлаган эдик. Аммо бутунлай қолиб кетишди. Биз уларни икки марта кузатдик. Биринчи бор – Скрябиналарникида. У ерда бизни қалампирли картошка ва чинни идишларни тўлдириб, ҳақиқий чой билан меҳмон қилишди. Ҳамма ҳаяжонли сўзларни айтишди, хайр-хўшлашишди, қучишдилар. Аммо эртаси куни визага боғлиқ қандайдир чала ишлар борлиги айтилиб, сафар унча узоқ бўлмаган вақтга қолдирилди. Охирги кузатиш айтиб бўлмас даражада аралаш-қуралаш ҳолатда ўтди: сигаралар тутуни ва самовар буғи билан тўлган Бальмонтнинг сўнгги бошпанаси – лўлилар таборидан қолиб кетган тиқилинч жойда бўлиб ўтди. «Онам ўша стол атрофида ўтирганлар ичида энг хушчақчағи эди ўша пайт. У бўлиб ўтган воқеалардан сўзлаб берар, ўзи кулиб, ўзгаларни ҳам кулдирар, балки шу билан айрилиқ заҳрини қуритиб ташламоқчи бўлар эди гўё», – деб ёзган эдим мен ўша пайтда дафтарчамга. Бироқ онам Бальмонтни қайғу тўла юраги билан қайтиб келмас йўлга кузатди.
Муҳожирлик даврида ҳам (1922–1939) онам ва Бальмонт ўртасидаги дўстлик узилмади, аксинча, мустаҳкамланди. Улар бошида аҳён-аҳёнда учрашиб туришди. 30-йилларга келиб, Константин Дмитреевич ва Елена мамлакатларни кеза-кеза, бахт излашдан биз каби чарчашгандан сўнг Парижнинг чеккасидаги шаҳарчада тўхташди. Шундан сўнггина бизлар тез-тез учрашиб турадиган бўлдик. Бу, айниқса, Бальмонт бетоб бўлиб қолгандан кейин янада кўпайди.
Унинг сўниб бораётганини кўриш, тасаввур қилиш ниҳоятда оғир эди. Бу шу қадар рангсиз ҳаёт эдики, бунинг устига, қашшоқлик қариликни тобора эзиб борарди. Унга Елена билан бирга жуда кўплар ёрдам беришди. Аммо бефойда ва ҳаммаси умидсиз эдилар. Ўзига тўқ одамлар ёрдам беришдан чарчашди, камбағаллари эса қуриб битишди… Буларнинг ҳаммаси – йўқчилик, доимий иложсизлик қаттиқ хўрлик уйғотарди, Атрофимизни бегоналик, тўқлик, мустаҳкам деворлар, устига-устак, ҳашамдорлигимиз эса ўраб олганди. Витриналар ёнидан ўтиб кетишаётганда, онам уларга қарамаётгандай кўринса-да, Бальмонт ёш боладай талпинар, уни эса ёш болани овутгандай ҳамиша садоқатли Елена олиб кетарди.
Бальмонтдаги кексалик, муҳтожлик, хасталик аста-секинлик билан унинг нафақат ташқи томони, балки ички дунёси, маънавий оламига ҳам кириб борди. У ўзи билан ўзи бўлиб қолди. Сўз билан ифода қилиб бўлмас ва айтиб бўлмас, қўл етмас барча уммонлар ва ўз шеърияти йўллари ичида ўралиб қолган эҳромга айланиб борди.
Охирги марта мен уни Парижда кўрдим. 1936-37 йиллар. Қиш эди. Дўстлар даврасида ўтирган Бальмонтнинг малларанг, қалин сочлари оқариб кетган, сийраклашган, бу оқиш сийрак сочлар самовий бинафша рангда товланиб турарди. Кўзининг нури камайган, ҳаракатлари аниқликни йўқотгандай. Оғир ажинлар уни ерга тортиб борса-да, у бошини худди аввалгидай баланд, виқорли тутарди. У бегоналардай ва жиддий қиёфада овқатланарди. Елена унинг ёнида ўтирар, деярли вужудсиз, жонсиздай. Тик, гўёки таёқ дейсиз. Мана шу ёнида ўтирган жаҳонгаштанинг ҳассасидай.
– Марина, – деди бирдан Бальмонт оҳиста кетаётган суҳбатни шоҳона тарзда кесиб . – Йўлда келаётиб, мен баланд дарахтни кўрдим. У булутдай юм-юмалоқ, қушлар сайроғи жаранглаб турарди. Мен ўша томонга боргим, энг баланд шохига чиққим келди. У эса (Елена томонга илкис қаради) менга ёпишиб олиб, қўйиб юбормади!
– Қўйиб юбормай, тўғри қилган, – деди онам меҳрибонларча. – Ахир, сен Қақнуссан! Дарахтдагилар эса – оддий қушлар: қарғалар, чумчуқлар. Улар сени чўқиб ташлашлари мумкин эди…
«ЁЗУВЧИЛАР ДЎКОНИ»
«Аля! Тез бўл, кийин! Биз «Ёзувчилар»га борамиз. Китобларни сотиб келамиз». Мен тезда бинафша ранг бахмал кўйлагимни – бисотимдаги энг яхшиси! – кияман. Эгнимга болаликдаги йўлбарс йўлли пўстинимни иламан. «Онажон! Мен тайёрман. Рўмолни ҳам тайёрлаб қўйдим».
Онам катта совуқ хонадан китоблар билан тўла сават кўтариб чиқади. Энг енгил китобларни у менинг рўмолимга солади. Биз йўлга тушамиз. Йўлда кетаётиб, Никитинский соатларига қараймиз: «Алечка! Ҳозир ўн икки ярим, биз вақтида етиб борамиз!»
Онам илҳомланиб кетади, аммо аллақандай хавотирдан чиқиб кетолмайди. У йўлда учраган ва қаршимиздан чиққанлар билан шунчаки тавозе, бепарволик билан саломлашади.
Кимдир менинг бошимга қарайди. Қўрқибгина, кўзимни ердан оламан. Қаршимда қувноқ чеҳрали ёш йигит турибди. Бу –«итальяно» Осоргин. У итальян тилидан таржима қилади ва шу дўконда ишлайди. «Хўш, Аля, картон қоғозлар салтанатини кўришни хоҳлайсанми?» (Картон қоғозлар деганда у қирқиш ва елимлаш учун мўлжалланган расмли қаттиқ қоғозларни назарда тутарди). «Мумкин бўлса, кўрсатинг». У картонлар «салтанати»ни олиб чиққунча, кўзим Бердяевга тушди. У ҳам ёзувчи эди. Унинг ғалати касаллиги бор эди – вақти-вақти билан тилини чиқариб турарди. У ҳам шу дўконда хизмат қилади.
Бердяев сотиш учун олиб келинган китобларни бирма-бир кўриб чиқар, варақлар эди. «Ҳа, ҳа» (тилини чиқаради). Ҳа. Бу – 1000 рубл. Бу – 5000 ! Бу – Луначарский пъесасими- 6000!»
Турли-туман одамлар ва болалар пештахтага қарар, китобларни варақлаб кўришарди. Ёнимга қирқ ёшлардаги деҳқон яқинлашиб, сўради: «Ойимқиз, айтинг-чи, Васнатка учун шу китоб бўладими?»–«Ким у Васнатка? Ўғлингизми?» – «Менинг жияним». – «Ўйлайманки, бўлади». – «Бу ерда икки баҳодир – Еремей ва Иван ҳақида.». – «У қанча туради? Минг рублми? – «Йўқ, юз рубл». Қувониб кетган деҳқон Васнатка учун китобни олганча узоқлашади. Қаердандир қоп-қора Живелегов ҳам пайдо бўлди. У пештахтани олдига туриб олди-да, хушмуомалик билан кимга нима кераклигини сўрай бошлади. У кам ҳақ тўларди ва унинг кўриниши атрофдагиларни қўрқитарди. Онам ҳар гал дўконга боришдан олдин: «Ишқилиб, Живегелов қўлига тушиб қолмайлик-да!» – деб ният қиларди.
Онам китобларни кўра-кўра, охирги жовонларга ҳам етиб келди. Бирдан Осоргин сўраб қолди: «Марина Ивановна! Бошқа китобларни ҳам кўришни истайсизми?» – «Бошқа китоблар? Сизда бундан бошқа китоблар ҳам борми?» – «Қани, келинг, келинг. Албатта, бор!»
У ҳайратга тушиб қолган онамни қўлтиқлаб олди. Биз кирган бино аввал меҳмонхона бўлган. Унга кўча тарафдан кириларди. Зиналари мармар, кенг. Осоргин қувноқ овозда онамга дўконнинг омборхонаси ва китобларга таллуқли ҳамма нарса ҳақида гапириб борарди.
Биз ниҳоят тор лабиринт – даҳлизга кириб бордик. Мен ҳайрат билан шуни сездимки, Осоргин йўлдан умуман адашмасди. У қайсидир эшикни тақиллатди, эшикни иккита эркак очди. Улар китобларни танлашар, бир-биридан ажратиб қўйишар, тинмай гаплашишарди. Мен уларга ёрдамлаша бошладим. Жовондан тушиб кетган китобларни яна жойига қўйишга киришдим. Онам ёниқиб, немис ва француз тилидаги китобларни излашга тушди. Кераклиларини менга узатар, мен уларни тахлаб борардим. Кутилмаганда чанг босган китоблар орасида рангли, суратли, худди рус сочиғига ўхшаш нарсани кўриб қолдим. Мен уни онамга айтдим, улар бу гўзал нарсани китоблар орасидан тортиб олишга киришиб кетишди. Чанг босган китоб тоғлари қулаб, сочилиб кетарди.
Онамнинг қўлида – ёшлар ва кексалар суратлари билан безатилган ажойиб йил календари. Бир қанча китобларни олиб, бошқа хонага кирдик. Бу ерда кўплаб китоблар – катта ва кичик альбомлар, оддий қоғоз, алифбе китоблари, улкан лотинча китоблар, французча шеърлар ва бутун дунёдан йиғиб олиб келинган турли-туман нарсалар тўлиб-тошиб ётарди.
Дурустроқ нарса тополмай, бутун даҳлиз бўйлаб, унинг бошқа чеккасига бордик. Осоргин яширин эшикни очиб, бизни киргизди. Бу катта ойнали кичиккина хона бўлиб, қуёш нурлари тўғри ёзув столига келиб тушар, стол ёнида катта оромкурси, стол устида – китоблар. Осоргин ҳаяжон ичида деди: «Баҳордан бошлаб, бу ер менинг ёзги кабинетим бўлади!».
Яна уч хонани кўриб, пастга тушдик. Мен онамни қувиб етиб, зиналардан чопиб туша бошладим. Кўчага чиқдик. Ёзувчилар дўконига кириб чиқдик. Китоблар ҳақини тўладик. Календарни Осоргин менга туҳфа қилди. Биз баҳор ҳиди анқиб турган, аммо ҳали қорли уюмларга тўлиб турган кўчага чиқдик.
Онамнинг савдоси шундай эди: камроқ китоб сотиб, кўпроқ сотиб оларди.
* * *
1918 йил августида вақтли матбуот нашрларини мусодара қилиш қароридан сўнг Москвада биринчи ва ягона, ўзига хос Ёзувчилар дўкони пайдо бўлди – шерикчилик асосида юзага келган бу муассасанинг ташкилотчилари – Б.Грифцов, А.Живегелов, П.Муратов, М.Осоргин, В.Ходасевич, Б.Зайцев, Н.Бердяев ва бошқаларнинг фикрича, вақти келиб, бу дўкон кооператив нашриётга айланиши керак эди.
Аввалига дўкон унчалик катта бўлмаган, яқиндагина бўлиб ўтган инқилоб ўқларидан дарз кетган Леонтьев тор кўчаси, 16-уйдаги собиқ кутубхонага жойлашди. Бу ердаги китоб ва жавонлар қолдирилди. 1921 йилнинг бошида Большой Никитский кўчаси, 24-уйга кўчирилди.
Бу ерда кўринишидан адабиётга алоқадор бўлмаган дастёр ишларди; бошқа барча ёзувчилар ўз ишини ўзи эпларди: ўз пулларига савдо қилиб, шунда ҳам комиссия назоратидан ўтиб, иш юритар эдилар. Улар кўп ҳолларда ўз эгаларини йўқотиб қўйган китобларни излаб топишар, уларни янги одамларга сотишар, энг ноёб нашрларни Румянцев музейига ўтказишга уринишарди. Дўкон қошида ташкил этилган «Итальяно» студиясида маърузачи ва лектор бўлиб ишлашар, бундан ташқари, бу ернинг ҳам сараловчилари, ҳам юк ташувчилари, ҳам баҳо берувчилари эди. Эҳ, кимлар бўлиб ишлашмади улар!
Дўконда босмадан чиққан нашрлардан ташқари, қўлёзмаларни ҳам топиш мумкин эди: адиблар ва шоирларнинг дастхатлари, ялтироқ, аъло навли қоғозлардан тортиб, муқовалар, ўровлар, жилдларгача; баъзан муаллифлар томонидан берилган китоблар; дўконда ўша даврларда икки юзга яқин шундай китоблар сотилди. Улар орасида онамнинг умуман безак берилмаган, қаттиқ ва қалин ип билан тикилган, қизил бўёқда ёзилган қўлбола китоблари ҳам бор эди.
Хирагина ёритилган бу сирли дўконда ўта қадимий китобларнинг ҳиди одамни ҳаяжонга солар, пештахта ортида турган одамлар қиёфасида, уларнинг кийими ва нутқларида русча дағаллик, ғарбга хос уйғониш, ғалатилик ва замондан ташқари бўлган ҳолат мавжуд эди.
Бироқ онамни дўкончилар қизиқтирмас, ўзига тортмас, айни пайтда, улардан йироқ бўлишга уринарди. Дўконда ҳукм сурган классицизм, академизм руҳи инқилобнинг иккинчи йилидан то бешинчи йилигача замонавийликка қарши турди, у ўзига хос енгилмас қудратга эга бўлса-да, онамга бегона эди.
Онам дўконга кам келарди, асосан пул ишлаб олиш мақсадида – китоблар сотувига ёки қўлёзмаларни кўришга келарди. «Ўт»га ўзини урмасди. Санъат саройи билан рақобатлашишга киришган ўзига хос «Итальяно» студиясига қатнашмасди. Унга Санъат саройи қадрдон ва яқин эди. Бу сарой эшиклари ўша даврнинг барча адабий оқимлари ва шамоллари, янги йўллари учун очиқ эди – турли-туман товушларга тўлиб-тошган кечалар, баҳс-мунозараларнинг ҳаммасига онам қатнашар, тўла ҳуқуқли холис фикрловчи эди.
«Дўкончилар» онамга, умуман олганда, чидашарди, чамамда. У ҳам шундай. Грифцов ва Осоргинни ҳисобга олмаганда, онамни яхши кўришмасди, у ҳам уларни ёқтирмасди.
Онамнинг ёзувчи Б.К.Зайцевга нисбатан тушуниксиз муносабатлари узоқ давом этди. Энг яхши даврларда Зайцев онамга нисбатан ўта саховатпеша бўлган, оғир дамларда эса Цветаевадан камчиликлар топишга интиларди. Бу онамни асабийлаштирар, айтгандай, бу камчиликлар бутунлигича онамнинг ижодига нисбатан айтиларди. Чунки онам «олтин оралиқда» жон сақлашга тоқат қилолмасди. Муносабатлар чигаллашиб борди. Борис Константинович ва унинг хотини Вера онамга 20-йилларда ёрдам беришган, Вера онамга самимий дўст руҳида кўмаклашган бўлса-да, Борис Константиновичнинг ҳаракатлари бошқача эди. У бировнинг омадсизлигини кўра-била туриб, сиртдан унга хушомадгўйлик қиларди.
Ҳар қандай хайру таҳқирловчи эҳсонлардан онам ўзини олиб қочишга ҳаракат қиларди. Чунки онам ўша пайтларда иложи борича бировнинг қўлига муҳтож бўлиб қолмасликка уринар, ёрдам – кўмак ўзи кириб келадигандай туюларди унга…
Эсимда, Зайцевнинг аллақандай «Ертўла»сини ўқиб, онам шундай деди: «Ғазаб ичидаги заифлик қоришмаси». Борис Константиновичнинг ташқи қиёфаси: «Башараси – дантенона, қорни эса – обломовча!» Зайцев эса ориққина одам эди.
Мен онамни дўкон ташкилотчиларидан бири В.Ф.Ходасевич билан Москвада бўлиб ўтадиган бирон-бир учрашувларда бирга кўрмаганман, у ҳақда ҳатто гапиришмасди ҳам. Муҳожирликда эса улар – собитқадам классик ва шиддаткор неоромантик ( иккаласи ҳам – «пушкиншунос», ўзига хос, бир-бирига зид, қарама-қарши йўлларда) – бир-бирига тиш қайраб юришарди. Аммо улар 30-йилларнинг ўрталарига келиб яқишлашишди. Бир-бирини шоир сифатида тан олишди. Яқинлашишларининг яна бир сабаби шундаки, шеърият турли-туман келишмовчиликлар, хусусиятларга, овозларга эга бўлади, бир куни келиб, ягона ўзакка айланади. Иккаласи ҳам бахтли эдилар, сабаби – Ходасевич онамга ёзгани каби ўлимларидан сўнгги қандайдир нашрларда эмас, «ҳаёт пайт-ларидаёқ» учрашишди. Бундай ҳолат шоирлар, айниқса, замондош шоирлар ҳаётида кўп учрайди.
Уларнинг кечиккан мўъжизавий дўстлиги ўтмишдаги ғанимликни ўчириб ташлади. Онам ўзининг – Маринанинг чўққига чиққан буюк ёлғизлигини, муҳожирликнинг энг оғир азобларини бошидан ўтказди. Ходасевич эса айнан шу муҳтожлик ичида ўсди. У шу даврларда ўзининг одамийлик ва шоирлик қаддини янада баланд тиклади.
Ходасевич 1939 йилининг июлида, онам Ватанга қайтганидан сўнг вафот этди. Унинг ўлими ҳақида онам билмади ва билмай ўтди. У ҳақда жўшиб гапирарди. Менга шоирнинг дафтарига ёзиб олган шеърларини кўрсатарди. Улардан бири шундай бошланарди: «Ғор сингари эди ўшал уй». Остида тагсўз: «Бу шеърлар меники ҳам бўлиши мумкин эди». М.Ц.»
АННА АХМАТОВА БИЛАН ТАНИШУВ
Бир куни Анна Ахматова телефон қилди. Бу – 1957 йилнинг қиши ёки эрта баҳори эди. Аниқроғи, қиш бўлса керак, аммо бу ҳозир муҳим эмас. У мени уйига таклиф этди, онам ҳақида гапириб беришга ваъда қилди.
Мен уникига кечқурун бордим. У Замоскворечеда яшаркан. Бу ер Ёзувчилар уйи ва Третьяков галареясидан унча узоқ бўлмаган жойда жойлашган. Ёнида думалоқ шаклдаги черков ҳам бор эди. У нураб борарди. Бир жойида зиналар ўрни ўпирилиб тушган экан, бу болалик чоғларимни ёдга солди. Фуқаролар уруши йиллари, ҳаммаёғи чўкиб, ўпирилган, паст-баландлик, ўнқир-чўнқирларга тўлиб тошган Москва.
Қўнғироқни босдим, хизматчи чиқди. Анна Андреевнани сўраган эдим: «Дам олаяптилар», – деди. Мен шинам хонага кирдим. Уй жиҳозлари қулай ва чиройли жойлаштирилган, бўм-бўш сукунат ичида эди. Бироз кутдим, ҳаммаёқни қараб чиқдим. Ошхонани ҳам айландим. Анна Андреевнанинг хонасини тақиллатдим, бир неча дақиқадан сўнг уйқу аралаш овоз эшитилди. Анна Андреевна чиқиб келди. Уйқуси тўла ўчмаган, уй кийимида эди. Унинг уйи кичкина, каютага ўхшаб кетар, аммо шифти баланд ва катта ойнали, унда суянчиқсиз диван, кичиккина думалоқ стол, иккита стул, токча бор эди. Хонага икки кишидан ортиқ одам сиғмасди. Анна Андреевна чироқни ёқди, хона ёруғлашди. У ҳали ҳам уй кийимида, ўша-ўша хотиржам, лоқайд ва улуғсифат ўтирарди.
Суҳбат бошланди. Менинг нималар билан машғуллигимга қизиқди, мен эса яқинда қайтиб келган ўғли ҳақида сўрадим. У ўғли қайтгани, янги ҳаёт бошлаётгани, аммо бунга жуда қийинчилик билан кўникаётгани, аввалги ҳолатлардан янгисига кўчиш нақадар оғир кечаётганини айтди. Муҳими, у бахтли ва хотиржам эди – ўғли қайтди!
«Марина Ивановнанинг китоби нима бўлаяпти?» – Айта бошлайман. – «Неча босма табоқ?» – Жавоб бераман. – «Менинг янги китобим икки ярим босма табоқ, таржималаримни ҳам киритдим».
«…Марина Цветаева меникига келган эди, худди шу ерда, худди шу ҳолатда, ҳозир сиз ўтирган жойда ўтирган эди. Биз у билан урушгача танишган эдик. У Борис Леонидович (Пастернак) орқали мен билан кўришиш, учрашиш нияти борлигини билдирган экан. Мен Москвага келганимда Марина Ивановна шу ердалигини билдим. Унга телефон номеримни етказишларини сўрадим, қачон вақти бўлса, хабарлашиши мумкинлигини айтдим. Аммо ҳадагенда у телефон қилмади. Шунда ўзим унга телефон қилдим. Чунки тезда қайтиб кетишим керак эди. Марина Ивановна уйда экан. У мен билан истамайроқ ва совуқроқ гаплашди. Кейин билсам, телефонда гаплашишни яхши кўрмас, «эплолмас» экан. Иккинчидан, у ҳамма сўзлашувлар кимлар томонидандир эшитилишига ишонарди. У мени уйига таклиф қилолмаслигини афсус ва надоматлар билан айтди, уйи тор ва квартира масаласи ҳам чигал, яхшиси, сизникига борсам, деди. Мен унга қаерда яшаётганим, қандай келиши мумкинлигини атрофлича эринмай тушунтирдим. Чунки Марина Ивановнанинг бирон-бир жойга чиқиши оғир эди, такси, автобус ёки троллейбусларда юрмас, фақат пиёда, метро ёки трамвайда юришни қулай деб биларди. У келди. Биз жудаям яхши кўришишдик, учрашув яхши ўтди. Бир-биримизга қарамай, бир-биримизга узоқ тикилмай, шунчаки узоқ суҳбатлашдик. Марина Ивановна ўзининг Россияга қайтгани, сиз ва отангиз ҳақида, ҳамма – ҳамма нарса, нималар рўй бергани, қандай кунларни бошдан кечирганини узоқ сўзлади.
Биламан, у ўз жонига қасд қилган, деган ёки бошқа ҳар хил гаплар ҳам юради. Бунга ишонма. Уни ўша давр ўлдирди, ҳаммамизни, жуда кўпларни, мени ҳам ўлдирди. Бизлар соғлом эдик – нодонлик бизни қуршаб олди. Қамашлар, отувлар, гумонлар, ҳеч ким ва ҳеч нарсага ишонмай қўйиш, шубҳа билан қарашлар ўлдирди бизни. Хатлар очиб ўқилар, телефондаги суҳбатлар пинҳона тингланарди; ҳар бир дўст душманга айланиши, ҳар бир суҳбатдош айғоқчи бўлиши мумкин эди. Доимий очиқ, аччиқ таъқиблар. Мени ортимдан ҳамиша очиқдан-очиқ кузатиб юрган ўша икки одамни шу қадар яхши танирдимки, уларнинг қиёфаси ҳамон кўз ўнгимда; улар кўчага чиқишимда ҳам, уйга киришимда ҳам, юрганимда ҳам, турганимда ҳам – ҳаммавақт, ҳамма ерда мени кузатишарди, ҳеч қачон яширинмас, ўзларини яширмасдилар!
Марина Ивановна ҳали мен билмаган, ўқимаган шеърларидан ўқиди. Қеч-қурун мен банд эдим. «Рақс ўқитувчиси» театрига боришим керак эди. Кеч тез тушди. Биз эса айрилишни истамасдик. Театрга бирга кетдик. Яна битта билетни амаллаб топдик, ёнма-ён ўтирдик. Театрдан сўнг бир-биримизни кузатдик. Яна эртаси куни учрашишга келишдик. Биз кун бўйи бир-биримиздан айрилмай, шу хонада ўтирдик. Шеърлар ўқидик ва бир-биримизни тингладик. Кимдир бизга таом келтирди, кимдир чой.
Марина Ивановна мана буни совға қилди – (Анна Андреевна ўрнидан турди. Эшик олдидаги токчадан бежиримгина тўқ рангдаги қаҳрабо мунчоқларни олди. Ҳар бир мунчоқ ўзига хос эди, шу билан бирга улар орасида уйғунлик ҳам бор эди.) «Бу тасбеҳлар, – деди у ва унинг тарихини менга айтиб берди. Мен бу тарихни аниқ эслай олмайман. Уни чалкаштириб юборишдан қўрқаман, бу тасбеҳлар шарқона эканлиги, ўзига хослиги, улар фақатгина Пайғамбар қабрига зиёратга бориб келганлардагина бўлиши мумкинлиги ёдимда қолган. Балким суҳбатимиз фақат шу тасбеҳлар эмас, бошқа нарсалар ҳақида бўлгандир ўша пайтда…»
Онам Анна Андреевнага қадимий тасбеҳларни совға қилганини эслайман. Бундан ташқари, яна бошқа мунчоқлар, эҳтимол, узук ёки тўғноғич бўлгандир… Анна Андреевна менга ҳикоя қилишича, у Тошкентда яшаган пайтларида шу тасбеҳларни, бошқа мунчоқларни маҳаллий одамларга кўрсатиб, буларнинг нималигини билишга уринган. Унга тасбеҳ муқаддас нарса бўлиб, уни Пайғамбар қабри зиёратига борган ҳар бир эътиқодли мусулмон тақиши мумкинлигини айтишган.(Мен уларни ўшанда – 1 январ куни Пастернакникида Анна Андреевнада кўрган эдим, эътибор қилгандим).
Анна Андреевнанинг айтишича, бу мунчоқлардан у ҳеч қачон айрилмаган, ҳамиша бўйнида тақиб юрган. Токчада яна қандайдир тақинчоқ ҳам бор эди – жуда чиройли ва қадимий. Яна узук – кумуш гардишли, қимматбаҳо тошли, тошнинг ўртасида ёриқ бор эди. Анна Андреевна унинг севимли нарсалари баъзан келаётган ғамдан хабар беришини айтди. Тошдаги ёриқ эрининг ўлими куни ёки ўша кунлар арафасида пайдо бўлган экан.
Анна Андреевна онамга бағишланган шеърларини ўқиб берди. Уларда Марина Мнишек ва миноралар ҳақида сўз кетади. Ахматованинг айтишича, унинг бу шеърлари онамнинг ўлимидан анча олдин ёзилган. Менга ўзининг сўнгги, аммо анча аввал ёзилган достонини ўқишга берди. У ярми синган архидея ёки хризантема ҳақида эди, чамамда.
Анна Андреевна онам шу ерда бўлган кезда эсдалик учун унга ёққан шеърларини бир нечтасини оққа кўчириб берган, бундан ташқари, босмадан чиққан «Тоғлар» ва «Интиҳо» достонларини ҳам туҳфа этган. Онамнинг қўли билан ёзилган шеърларни Анна Андреевнанинг эрини ҳибсга олишаётганда ёки иккинчи бор ўғлини олиб кетишаётганда ҳукумат томонидан қандай тортиб олинганлигини сўзлаб берди.
Мен Анна Андреевнага Мандельштамни (ўлимидан сўнг) оқлашганини Эренбургдан эшитганимни айтдим. Ахматова ҳаяжонланиб, юз-кўзлари титроқдан ўзгариб кетди. Мендан бу ҳақиқатми ё миш-миш эканлигини узоқ суриштирди. Ишонч ҳосил қилгач, ошхонага кирди. Мандельштамнинг хотинига телефон қилди. Билсак, у ҳам ҳали бу ҳақда ҳеч кимдан ҳеч нарса эшитмаган экан. Ахматова Мандельштамнинг хотинини ишонтиришга уринса-да, у ишонишни истамади; шунда мен Эренбургнинг телефонини беришга мажбур бўлдим. Фақатгина у буни тасдиқлаши мумкин эди.
Биз суҳбатлашиб ўтирдик. Ардовнинг ўғли бизга чой келтирди. Қўнғироқ жиринглади. Мандельштамнинг хотини текшириб кўриб, ишонганлигини айтди.
Ариадна Эфроннинг “Марина Цветаева ҳақида” китобидан олинди.
Русчадан Ойгул Суюндиқова таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2009 йил, 1-сон.