Антуан де Сент-Экзюпери. Истеҳком

Мен тарбиячиларни ҳузуримга чақириб, уларга қарата дедим:
— Сизларнинг вазифангиз мурғак қалблардаги инсонни поймол этиб, фақатгина ўз инида яшашга мослашган қумурсқаларга айлантириш эмас. Чунки инсон мияси маълумотлар билан қай даражада тўлдирилгани мен учун муҳим эмас. Энг муҳими — инсоннинг инсон бўлиши. Мен инсон саодати ҳақида сўроқламайман, балки қандай одам бахтли бўлиши билан қизиқаман. Ўтроқ қабилаларнинг тўкин-сочинликда яшаш-яшамаслиги ҳам мен учун муҳим эмас.
Сизлар инсонларни моҳияти қуруқ бўшлиқдан иборат формулалар билан эмас, балки ҳар қандай схемалар ўрнини босувчи образ билан тўйин¬тирмоғингиз даркор.
Сизлар тарбияланувчиларнинг у ёки бу машғулотга бўлган лаёқатига қараб ҳукм чиқарманг. Чунки лаёқатидан қатъи назар, тинимсиз меҳнат қилган инсон бошқалардан кўра олдинлаб кетади ва кўпроқ ютуққа эришади. Доимо муҳаббатни асосий мезон қилиб олинг.
Сизлар ўз шогирдларингизда кўникма ҳосил қилиш устида эмас, балки инсон бўлиши ҳақида шундай қайғурингки, ёғоч йўнаётган ўқувчингиз қалби номус ва садоқат руҳи билан тўйинсин. Ана шунда у ёғочга бошқача меҳр билан ишлов беради.
Сизлар мурғак қалб соҳибини иззат-икромдан бохабар этинг. Чунки истеҳзо кишиларнинг эрмагидир.
Инсонларнинг моддий бойликлар билан алоқаларига тўсқинлик қилинг. Кичкина одамда инсонни тарбиялар экансиз, уни маънавий бойликларга ошно этинг. Илло, бусиз қалб тошга айланиб қолур.
Сизлар болаларни фикрлашга ва ибодатга ўргатинг. Бундан қалблар янада улуғвор ва сахий бўлажак. Қалбларни муҳаббат билан синанг. Илло, муҳаббат ўрнини боса олувчи нарса борми? Фақат ўз-ўзини севиш эса муҳаббатнинг аксидир.
Бир қарашда, инсонга ҳатто бутун бошли шаҳарга фойда келтираётган бўлиб туюлса-да, сотқинлик ва ёлғонни аёвсиз жазоланг. Садоқатнинг биргина кўриниши минглаб юксак эътиқодларни кашф этади. Чунки инсон бир вақтнинг ўзида ҳам садоқатли, ҳам бошқаларга нисбатан садоқатсиз бўла олмайди. Асл садоқатли киши барча соҳада ва ҳар қандай вазиятда садоқат кўрсатади. Бироқ ҳамкор биродари бўлган кишига нисбатан хоинлик қилган зот садоқатли бўла олмайди…
Сизлар комилликка йўналтирилган дидни тарбия қилмоғингиз зарур. Илло, ҳар бир иш Яратганга яқинлашувдир. Бу ҳаракат ўлим билангина ўз интиҳосини топгай.
Сизлар кечиримлилик ва меҳр-шафқатдан сабоқ беришингиз зарур эмас. Чунки бу сифатларни нотўғри талқин этиш зиён етказувчи иллатлар олдида тиз чўкишга олиб келиши мумкин. Лекин фақатгина инсоннинг инсон билан ҳамкорлиги воситасида амалга ошувчи ҳамманинг ҳамма билан ҳамкорлигини тарғиб этинг. Ана шунда жарроҳ оддий ишчини даволаш учун ҳам саҳролар оша ошиқади. Илло, уларнинг ҳар бир нафари ҳам бутун бир кеманинг дарғасидир.

* * *

Ўзгаларга ёқишни истовчилар қаттиқ янглишадилар. Бундай зотлар ҳар қандай истакни бажо келтиришга шошиладилар. Улар ҳақида бошқача тасаввурга эга бўлишлари илинжида ҳар қадамда сотқинликка йўл қўядилар. Бундай на шакли-шамойили, на умуртқаси йўқ медузаларнинг менга кераги йўқ. Мен жирканиб уларни дунёга келтирган бадбўй балчиқ томон итқитаман. Одам бўлгач — келаверинг¬лар.
Аёл зоти севишни билдириши учун сояси ва акс-садосига айланишга рози бўлган эркакдан наф-ратланади. Ўз акси билан сўзлашишнинг кимга ҳам қизиғи бор. Менга сенинг истеҳком сингари мустаҳкамлигинг зарур. Зеро, ҳар бир тошинг¬дан сенлигинг билиниб турсин.

ГЕНЕРАЛ Х.га ЖЎНАТИЛМАГАН МАКТУБДАН

Уч юз йил муқаддам инсонлар шундай сева олганларки, ҳатто муҳаббатни деб бир умр таркидунё қилишган. Бизнинг давримизда баъзилар ўз жонига суиқасд қилмоқда. Лекин уларнинг изтиробларини қаттиқ тиш оғриғи билан қиёслаш мумкин, холос. Зеро, бу изтиробнинг муҳаббат билан ҳеч қандай алоқаси йўқ…
Урушда мени ўлдиришадими, йўқми — бунинг мен учун фарқи йўқ. Бироқ мен севганлардан нималар омон қолади? Мен фақат инсонларнигина назарда тутмаяпман, балки анъаналар, такрорланмас ранглар ва қандайдир илоҳий маънавий шуълани назарда тутмоқдаман. Мен учун энг муҳими — уларнинг жойлашиш тартиби. Цивилизация — бу буюмлар ўртасидаги кўз илғамас алоқалардир. Чунки бу алоқалар буюмларнигина қамраб олмайди, балки улар орасидаги кўз илғамас муносабатларга ҳам тааллуқли бўлади.
Оммавий ишлаб чиқариш натижасида сон-саноқсиз ажойиб мусиқа асбобларига эга бўлишимиз мумкин. Лекин уларда куй ижро этувчи созандаларни қаердан оламиз?..

Абдуғопир Қосимов тайёрлади.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2002 йил 49-сонидан олинди.