Антон Чехов. Зерикарли воқеа (қисса)

(кекса одамнинг хотираларидан)

I

Россияда Николай Степанович фалончи деган отоқли профессор бор, ўзи тайний советник ҳам ордендор; унинг рус ва чет эл орденлари шунчалик кўпки, Николай Степанович шуларни таққанида студентлар уни иконастас деб улуғлашади. Унинг танишлари ҳам жуда аслзодалардир; қисқаси, кейинги 25—30 йил ичида Россияда Николай Степанович билан яқиндан ошначилик қилмаган биронта машҳур олим бўлмаган, ҳозир ҳам йўқ. Энди ошначилик қиладиган одам қолмаган, мабодо ўтмиш тўғрисида гап очиладиган бўлса, у ортдирган ажойиб дўстларининг узун рўйхати Пирагов, Кавелин, шоир Некрасов каби кишиларнинг номлари билан тугайди. Булар Николай Степановични ўз самимий дўстликлари ва меҳрибончиликлари билан бахтиёр қилганлар. У Россиядаги ҳамма университетларнинг ва чет эллардаги учта университетнинг аъзоси. Ва ҳоказо ва ҳоказолар. Буларнинг ҳаммаси ва айтилиши лозим бўлган яна кўп нарсалар менинг номимни безаб туради.
Мана шу машҳур ном — менинг номимдир. Бу ном Россияда ҳар бир саводли кишига маълум, чет элларда эса кафедраларда «машҳур» ва «муҳтарам» деган сўзлар билан тилга олинади. Бу ном камдан-кам бахтиёр кишиларда бўладики, бундай номларни беҳурмат қилиш ёки одамлар орасида ва матбуотда беҳудага тилга олиш одобсизлик ҳисобланади. Шундай ҳам бўлиши керак. Шуҳратли, ғоят истеъдодли, мутлақ фойдали киши ҳақидаги тушунча менинг номим билан боғлиқ-ку, ахир. Мен ниҳоятда меҳнатсевар ва туядек чидамли кишиман, бу жуда муҳим фазилат, талантим ҳам бор, бу эса яна ҳам муҳимроҳдир. Ўрни келганда шуни ҳам айтиш керакки, мен тарбия кўрган, камтар ва ҳалол бир кишиман. Адабиётга, сиёсатга ҳеч қачон тумшуғимни суққан, нодонлар билан сўз талашиб шуҳрат қозонишни кўзлаган, на зиёфатларда ва на дўстларимнинг қабри устида ваъзхонлик қилган эмасман… Умуман айтганда менинг олимлик номимда ҳеч қандай доғ йўқ, шу сабабли бу номдан нолишга асос тополмайман. Бу ном — мусаффо ном.
Бу номнинг эгаси, яъни мен, тепа сочлари тўкилган, оғзи тўла ясама тиш қўйилган бедаво tic касалига мубтало бўлган олтмиш икки ёшли бир кишиман. Номим қанчалик яхши, қанчалик гўзал бўлмасин, ўзим шунчалик беўхшов ва бадбашараман. Бошим ва қўлларим дармонсизликдан тинмай қалтирайди; бўйним Тургеневнинг битта қаҳрамони сингари контрабаснинг дастасига ўхшайди; кўкрагим чўккан, яғриним тор. Гапирганимда ёки китоб ўқиганимда оғзим бир томонга қийшайиб кетади; жилмайсам афти-башарамни қариликнинг хунук ажинлари босиб кетади. Менинг ожиз танимда салобатли бирон нарса йўқ; tic касали қўзиганда башарам алланечук тусга киради, шундай пайтларда афтимни кўрган кишининг кўнглига: «бу одам бугун-эрта ўлади» деган қатъий ишонч келса керак.
Мен лекцияни ҳали ҳам ёмон ўқимайман, аввалгидек студентлариинг диққатини икки соат давомида ўзимга жалб қилиб тура оламан. Лекцияни эҳтирос билан ўқишим, тилимнинг адабийлиги, лекция орасидаги ҳазил-мутойибаларим, овозимдаги камчиликни силлиқлаб кетади. Менинг овозим эса жуда қуруқ, шираси йўқ, мунофиқнинг овозига ўхшаш анча мулойимдир. Ёзувга келганда жуда нўноқман. Миямдаги ёзув қобилиятини бошқариб турадиган марказ менга итоат қилмай қўйган. Зеҳним хитлашиб кетган, фикримда етарлик изчиллик йўқ, фикримни қоғозга кўчираётганимда, бу фикрларни бир-бирига боғлаш қобилиятини йўқотиб қўйганга ўхшайман, жумлаларим бир хил, заиф ва қўрқа-пуса ёзилган бўлади. Кўп маҳал бир нарсани ўйлаб туриб, бошқа нарсани ёзиб қўяман; хатнинг охирига келганда боши эсимдан чиқиб қолади. Кўпинча оддий сўзларни унутиб қўяман; ортиқча сўзларни кераксиз кириш ибораларини ёзиб юбормаслик учун ҳар доим анча уринишга тўғри келади — буларнинг ҳаммаси, шубҳасиз, зеҳнимнинг анча сусайиб қолганлигидан дарак беради. Шуниси қизиқки, хат қанчалик оддий бўлса, мен шунчалик кўп қийналаман. Табрикнома ёки докладномага кўра илмий мақолаларни анча бамаъни ва эркин ёзаман. Яна бир нарса бор: русчадан кўра, немисча ёки инглизча ёзиш менга анча осон.
Ҳозирги кечириб турган кунимга келсак, аввало уйқусизликни айтиб ўтишим керак; кейинги вақтларда мана шу дардга мубтало бўлиб қолганман. Башарти мендан: «Ҳозирги турмушингнинг асосий хусусияти нимадан иборат?» деб сўрасалар, мен: «уйқусизлик» деб жавоб қилган бўлар эдим. Илгариги одатимни қилиб қоқ ярим кечада ечиниб ўринга кираман. Кўзим тезда уйқуга кетади, бироқ бир соат ўтар-ўтмас, худди ҳеч ухламаган кишидек яна уйғониб кетаман. Ўриндан туриб чироқни ёқишга мажбур бўламан. Бир соат ёки икки соат уйнинг бир бурчагидан иккинчи бурчагига қатнаб, кўра-кўра кўнглимга уриб кетган суратларни ва фотографияларни томоша қиламан. Юраверишдан безор бўлиб, стол ёнига келиб ўтираман. Шу аҳволда қимирламасдан, ҳеч нарсани ўйламасдан ва ҳеч қандай орзуни хаёлимга келтирмасдан, анчагача ўтираман; бордию рўпарамда биронта китоб ётган бўлса — уни ихтиёрсиз олдимга тортаман, беҳафсалалик билан ўқий бошлайман. Масалан, яқинда «Қалдирғоч нима деб чуғурлади» деган ғалати каттакон бир романни кечаси билан беихтиёр ўқиб чиқдим. Ё бўлмаса бирон нарса билан банд бўлиш ниятида, минггача санашга ўзимни мажбур қиламан, ёинки ошналаримдан биронтасининг қиёфасини кўз олдимга келтириб, бу одамнинг қачон ва қандай шароитда хизматга кирганини ўйлаб кетаман. Ҳар хил товушларга қулоқ солишни яхши кўраман. Гоҳ менинг уйимдан икки уй нарида ётган қизим Лиза босинқираб тез-тез жоврайди, гоҳ хотиним залдан шам кўтариб ўтади; ўтиб кетаётиб, албатта, гугуртни тушириб юборади, гоҳ қуриган шкаф ғижирлаб кетади ёки чироқ горелкаси пихирлаб қўяди; бу товушларнинг ҳаммаси негадир юрагимни ҳовлиқтиради.
Кечаси ухламаган одам ҳар дақиқа ўзини бошқача ҳис қилиб туради, шунинг учун тонг отишини чидамсизлик билан кутаман, шундан кейин киши ухламаса ҳам бўлади. Ҳовлида хўроз чақиргунча яна анча вақт ўтади. Хўроз менинг биринчи хушхабарчимдир. Биламанки, хўроз чақиришидан бир соат ўтар-ўтмас пастда швейцар уиғонади, кейин зарда аралаш йўталиб, алланима учун зинадан чиқади. Сўнгра ташқари аста-секин ёрийди; кўчадан ҳар хил товушлар эшитилади.
Ҳар куни тонг отиши билан хотиним эшикдан кириб келади. У сочларини тарамасдан, лекин ювиниб, гулдан ясалган атирни гуркиратиб, гўё бехосдан киргандек юбка кийиб, менинг ёнимга келади ва ҳар сафар:
— Кечирасан, мен бир минутга кирдим… Тағин ухламадингми? — дейди.
Сўнгра чироқни ўчиради-да, стол ёнига ўтириб гап бошлайди. Мен пайғамбар эмасман, аммо нима ҳақида суз очишини биламан. Ҳар куни бир хил гап. Одатда ташвиш билан соғлиғимни суриштиргандан кейин Варшавада ишловчи офицер ўғлимизни тўсатдан эслаб қолади. Ҳар ойнинг йигирмасидан кейин унга 50 сўмдан пул юборамиз, суҳбатимиз асосан шу масаладан бошланади.
— Албатта, бизга қийин, — дейди хотиним хўрсиниб, — аммо ўзини батамом эплаб олгунча қарашиб туришга мажбурмиз. Бола бечора бегона юртда, моянаси оз… Яхшиси, сен рози бўлсанг, келаси ойда эллик сўм эмас қирқ сўм юборамиз. Шунга нима дейсан?
Кундалик тажрибалардан хулоса чиқариб, харажатлар ҳақида гапираверган билан уларнинг камаймаслигини хотиним тушуниши керак эди. Бироқ у тажрибани инобатга олмайди ва ҳар куни эрталаб офицер ўғлимиз ҳақида, худонинг марҳамати билан ноннинг нархи тушганини, қанд икки тийин ошганини гапиришни қўймайди. Буларнинг ҳаммасини менга гўё бирон янгилик айтаётгандек гапиради.
Мен қулоқ солиб ўтираман, гапларини беихтиёр маъқуллайман, кечаси ухламаганимдан бўлса керак, аллақандай кераксиз хаёллар миямни чулғаб олади. Хотинимга қараб, ёш бола сингари ажабланаман. Наҳотки, икир-чикир ташвишлар, бир парча ноннинг ғами-ҳасрати чеҳрасидан сира аримаган, фикри-зикри қарздорлик мухтожлик, рўзғор харажати бўлиб қолган, фақат арзончиликдан гапиргандагина чеҳраси очилиб, лабида табассум кўринган мана шу бесўнақай семиз кампир, бир вақтларда ниҳоятда ақллик, дили покиза, ўзи чиройлик бўлганидан Отелло Дездемонани севганидек бутун жон-дилим билан севганим, мен хизмат қилган фанга «жон куяр» булгани учун яхши кўрганим нозиккина қиз, бир вақтлар менга ўғил туғиб берган хотиним Варя шу бўлса деб ўз-ўзимдан сўрайман.
Хом семиз, бесўнақай кампирнинг бетига тикилиб-тикилиб қарайман, уни ўзимнинг Варямга ўхшатмоқчи бўламан, бироқ унинг табиатида ўтмишдан фақат менинг соғлиғим устида ташвишланиш, менинг маошимни «бизнинг маош», менинг шапкамни «бизнинг шапка» деб гапириш одатигина қолганини эслайман. Башарасига қарашга юрагим безиллайди, аммо бироз бўлса ҳам кўнглини тинчитиш ниятида нимани гапирмасин тинглаб ўтира бераман, ҳатто одамлардан ноҳақ нолиса ҳам, ёки касалларни даволаш иши билан шуғулланмаганим, дарслик ёзмаганим учун мени койиса ҳам индамайман.
Суҳбатимиз ҳамиша бир хилда тугайди. Хотиним, тўсатдан, ҳали чой ичмаганимни эслаб қўрқиб кетади.
— Мен нима қилиб ўтирибман? — дейди у, ўрнидан турар экан, — самовар аллақачон столга келтирилган-у, менинг эзмалигим битмайди. Эсим қурғур қолмапти, э худойим!
У тез-тез юриб кетади, яна гапирмоқчи бўлиб эшик ёнида тўхтайди:
— Егорга беш ойлик ҳақ тўлашимиз керак. Хабаринг борми? Хизматкорларнинг маошини чўзиб юбориш ярамайди. Неча бор шуни сенга айтдим! Беш ойга эллик сўм тўлагандан, бир ойга ўн сўм тўлаган енгил бўлади!
Эшикдан чиқиб кетиб яна тўхтайди, кейин гапиради:
— Мен ҳаммадан кўра бечора Лизамизга кўпроқ ачинаман. Қизгина консерваторияда ўқийди, муттасил яхши одамлар орасида бўлади, усти-боши бир ҳолатда. Пўстинини кўрсанг, киши кўчага чиққани уялади. Бошқа бировнинг қизи бўлса майли-я, ахир, отаси кимсан овозаси кетган профессор, тайний советник эканини ҳамма билади!
Шуҳратимни, мартабамни писанда қилиб, ниҳоят, чиқиб кетади. Куним мана шундай бошланади. Давоми ҳам бошланишидан дуруст бўлмайди.
Чой ичаётганимда ёнимга Лизам чиқади. У консерваторияга кетишга аллақачон отланиб олган — устида поча пўстини, бошида шапка, қўлида ноталари бор. Қизим йигирма иккига кирган бўлса ҳам башарасидан анча ёш кўринади, ўзи анча хушрўй, бироз онасининг ёшлигига ўхшайди. У меҳрибонлик билан чаккамдан, қулимдан ўпиб.
— Салом, дадажон, соғлиғинг дурустми? — дейди.
Қизим болалигида мороженоени жуда яхши кўрарди. Мен уни тез-тез кондитерскаяга обориб турардим. Унинг учун мороженое ҳар бир гўзал нарсанинг андазаси эди. Қизим башарти мени мақтамоқчи бўлса: «Дадажон, сен худди қаймоққа ўхшайсан» дер эди. У битта бармоғига писта, иккинчисига — қаймоқ, учинчисига — малина ва ҳоказо ном қўйган. Ҳар кунги одатини қилиб мен билан сўрашиш учун эрталаб олдимга келганида, уни тиззамга ўтқизиб, бармоқларини ўпар эканман:
— Қаймоқ… писта… лимон… — деб қўяр эдим. Ҳозир ҳам Лизанинг бармоқларини ўпиб туриб, эски одатимга кўра «писта… қаймоқ… лимон…» деб минғиллайман, бироқ ҳозирги эркалатишим сира-сира илгариларига ўхшамайди. Мен, баайни, мороженое сингари совуқман, бу ҳолимдан ўзим ҳам уяламан. Қизим олдимга чиқиб, лабларини чаккамга текизганида, бамисоли асалари чаққандек сесканиб кетаман, кейин зўрма-зўраки илжайиб, юзимни ўгириб оламан. Уйқусизлик балосига йўлиққанимдан бери: мен кекса бир одам, номи чиққан олим бўла туриб, хизматкордан қарздор бўлганим учун жуда қаттиқ азият чекишимни, арзимаган қарзлар ташвишида кўп маҳал ишимни йиғиштириб қўйиб, соатлар бўйи уйнинг у бурчагидан бу бурчагига қатнаб хаёл суришимни қизим ҳар доим ўз кўзи билан кўради-ю, нима учун бирон марта онасидан яширинча менга келиб: «Ота, мана менинг соатларим, билакузукларим, балдоқларим, кўйлакларим… ҳаммасини гаровга қўйиб, устидан пул кўтар демайди»? Онаси иккимиз сохта хаёлларга берилиб, қашшоқлигимизни одамлардан яширишга уринганимизни била туриб, нима учун қимматга тушадиган музикани йиғиштириб қўймайди? Мен унинг соатларини ҳам, билакузугини ҳам, балдоқларини ҳам олмас эдим, худо мени бу нарсалардан асрасин, — мен истаган нарса булар эмас, деган фикр миямга қадалиб туради.
Дарвоқе, Варшавада хизмат қиладиган офицер ўғлим ҳам эсимга келиб қолди. У анча ақлли, ҳалол ва хушёр бир йигит, аммо бу нарса кўнглимни тўлдирмайди. Ўйлайманки, менинг кекса отам бўлсаю, унинг ўз қашшоқлигидан номус қиладиган пайтлари бўлишини сезиб қолсам, офицерлик ўрнимни бошқа бирон кимсага бериб, хизматкорликка ёлланиб кетар эди. Болаларим ҳақидаги бу хилдаги хаёллар таъбимни хира қилади. Бунинг нима ҳожати бор? Оддий одамларга қарши, ҳотам эмассан деб кўнгилда ёзғириш, феъли тор, аламзада кишиларнинг иши-ку, ахир. Бас, бу ҳақда энди гапирмайман.
Соат чорак кам ўнда қадрдон болаларимнинг олдига лекция ўқишга боришим керак. Усти-бошимни кийиб, ўттиз йилдан бери қатнай-қатнай, кўзимга синашта бўлиб қолган кўчадан йўлга тушаман. Мен бу кўчанинг тарихини яхши биламан. Ана, каттакон кулранг иморат, унинг ичида дорихона бор. Бир маҳаллар бу ерда кичкинагина уй, уйнинг ичида пивохона бўларди. Мен мана шу пивохонада диссертациямнинг плани устида кўп ўйлар эдим. Варяга биринчи ошиқлик хатини ҳам шу ерда ёзганман. Ўша хатни, тепасига «Historia morbi» деган сўз битилган бир варақ қоғозга қалам билан ёзганман. Ана, боққоллик дўкони; илгари бу дўкон қотмагина яҳудийга қарар эди, у папиросни менга насияга берарди. Кейин ана шу дўконда семиз бир хотин савдо қиладиган бўлди, бу хотин «ҳар бир студентни онаси бўлгани учун» уларни яхши кўрар эди. Ҳозир бу ерда сариқ бир савдогар мол сотади; у жуда беғам, ҳамиша мис чойнакдан чой қуйиб ичиб ўтиради. Ана, университетнинг кўпдан бери ремонт қилинмаган хунук дарвозаси; тери пўстин кийган, зерикиб турган қоровул, супурги, ғарам-ғарам қор уюмлари… Провинциядан янги келган ва илм меҳробини чиндан ҳам меҳроб деб ўйлайдиган ёш йигитда бундай дарвоза яхши таъсир қолдирмайди. Умуман айтганда, университет биноларининг эскириб кетганлиги, коридорларнинг бефайзлиги, деворларнинг иси, ғира-шира ёруғлик, зиналарнинг, қозиқларнинг, скамейкаларнинг нурсиз кўриниши — рус пессимизми тарихида бу касалга майл эттирадиган сабаблар қаторида энг олдинги ўринлардан бирини олади… Ана, боғимиз ҳам кўринди. Студентлик чоғларимдан бери бу боғнинг яхшилангани ҳам ёмонлашгани ҳам сезилмайди. Мен бу боғни ёқтирмайман. Нимжон липа дарахтлари, сарғайиб кетган акациялар, каллакланган яккам-дуккам сиреналар ўрнига 6У ерда узун-узун қарағайлар, яхши-яхши дуб дарахтлари ўсганида жуда бемаъни иш бўлар эди. Студентларнинг аҳвол-руҳияси кўп маҳал шароитга қараб камол топади; шу сабабли улар, ўзлари ўқийдиган ерда, қадам сайин мағрур, забардаст ва нафис нарсаларни кўришлари лозим… Нимжон дарахтлардан, синиқ деразалардан, кулранг деворлардан, йиртиқ-йиртиқ клеенкалар қопланган кўримсиз эшиклардан уларни худонинг ўзи асрасин.
Кабинетимга кирадиган зинага етганимда кўп йиллардан бери университетда швейцар бўлиб ишлайдиган, тенгдошим ҳам адашим Николай эшикни очиб мени кутиб олади. Ичкарига кирганимда томоғини қириб:
— Жуда совуқ, жаноби олийлари! — дейди.
Мабодо пўстиним ҳўл бўлса:
— Ёмғир ёғяпти, жаноби олийлари! — деб қўяди.
Кейин мендан илгари югуриб, йўлимдаги ҳамма эшикларни очади. Кабинетга кирганимда эҳтиёт билан устимдан пўстинимни ечиб олади ва шу пайт университетдаги биронта янгиликни айтиб ҳам қўяди. Жамики, университетларнинг швейцарлари билан қоровуллари ўртасидаги яқин ошналик туфайлидан, ҳар тўрттала факультетда, канцелярияда, ректорнинг кабинетида, қироатхонада ўтадиган ҳеч бир гапдан Николай бехабар қолмайди. У нималарни билмайди дейсиз? Университетда бирон мишмиш гап, чунончи, ректор ёки деканнинг ишдан бўшатилиш масаласи кўтарилиб қолгудек бўлса, унинг оғзидан ажойиб сўзларни эшитаман. Николай ёш қоровуллар билан суҳбатда бўшаган ўринга ким келишини айтади ва шу оннинг ўзида фалончини министр тасдиқламаслигини, пистончи ўзи хоҳламаслигини тушунтириб беради, сўнгра канцелярияга келган аллақандай сирли қоғозлар, гўё министр билан нозир ўртасида бўлиб ўтган махфий суҳбат ва ҳоказолар тўғрисида ажойиб тасфилотларни сўзлайди. Агар мана шу тафсилотларни чиқариб ташланса, унинг гаплари, деярлик ҳар маҳал асосан тўғри чиқади. Кандидатларнинг ҳар бирига берадиган баҳолари ҳам ғалати-ғалати, лекин тўғри бўлади. Агар сиз кимнинг, қайси йили диссертация ёқлаганини, ишга кирганини, истиъфо берганини ёки вафот қилганини билмоқчи бўлсангиз шу солдатнинг буюк хотирасини ёрдамга чақиринг, у сизга фақат йилни, ойни, куннигина айтиб қўя қолмасдан, ҳатто ҳар бир воқеанинг қандай шароитда рўй берганини ҳам гапириб беради. Фақат жони-дилидан севган кишигина шундай эслаб қолади.
Николай университет ҳақидаги ривоятларни сақлаб келувчи одам. Ўзидан олдин ўтган швейцарлардан мерос тариқасида университет ҳаётига доир анча-мунча афсоналарни ўзлаштириб олган. Бу бойликка ўзининг хизмати даврида ортдирган жуда кўп ҳиссаларини қўшган.
Истасангиз, сизга бир талай узун-узун ва қисқа-қисқа воқиаларни гапириб беради. Ҳамма нарсани билган улуғ донишмандлар, ҳафталаб ухламаган ажойиб захматкашлар, фаннинг беҳисоб жафокашлари ва қурбонлари ҳақида ҳикоя қила олади. Бу одамнинг айтишига қарагаида, яхшилик ёмонлик устидан ғалаба қозонади, кучсиз кучликни, доно нодонни, содда мағрурни, ёш қарини ҳар доим енгиб чиқади… Бу хилда афсоналарни ва тўқима гапларни нақд пулга олшлнинг, албатта, ҳеч қандай зарурияти йўқ, аммо сиз уларни сузиб ташласангиз. Истаган нарсангизнинг ҳаммаси сузгичда қолади: ана шулар бизнинг яхши анъаналаримиз, барча одамлар томонидан эътироф этилган асл қаҳрамонлармизнинг номлари бўлади.
Бизнинг жамиятда олимларнинг ҳаётига доир масалалар устида гап очилганда, эски профессорларнинг ўтакетган паришонхотирлиги тўғрисида тарқатилган латифалар, шунингдек гоҳ Груберга, гоҳ менга, гоҳ Бабухинга тўнкаладиган бир-иккита қочириқ сўзлар билан чекланиб келинади. Маданий жамият учун бу камлик қилади. Жамиятимиз фанни, олимларни, студентларни Николай сингари севганида, унинг адабиёти аллақачон эпопеялар, ривоятлар, қасидалар билан бойиган бўларди, афсуски бундай нарсалар ҳозирча йўқ.
Николай янгиликни гапириб бўлгандан кейин бетига жиддий тус беради, шундан сўнг ишга доир сўз бошланади. Шу пайт бегона бирон кимса Николайнинг гапига қулоқ солиб турса, ҳар хил терминларни қийналмасдан ишлатишини кўриб, бу одам солдатча кийиниб олган олим бўлса керак деб ўйлаши ҳам мумкин. Кези келганда университет қоровулларининг билимдонлиги ҳақидаги миш-мишларнинг ортиқча муболаға эканини айтиб ўтишга тўғри келади. Тўғри, Николай юздан ортиқ лотин ибораларини билади, скелет ясашни уддалайди, баъзан препарат ҳам тайёрлайди, узундан-узоқ биронта олимона сўз билан студентларни кулдириб қўяди, бироқ ўнгғайгина қон айланиш назарияси унинг учун йигирма йил клгари қанчалик қоронғи бўлган бўлса, ҳозир ҳам шундай.
Кабинетдаги стол ёнида, китоб ёки препарат устида бошини энгаштириб менинг ёрдамчим Петр Игнатьевич ўтиради, у — тиришқоқ, сипо, аммо қобилиятсиз, ўттиз беш ёшларга кирган, аллақачон сочи тўкилиб, боши ялтираб қолган, қориндор бир одам. У эрталабдан қора кечгача ишлайди, китобни жуда кўп ўқийди, ўқиган нарсаларини жуда яхши эслаб қолади — бу жиҳатдан, у одам эмас, олтин; бошқа ҳамма жиҳатлардан эса — аравакаш от, ёки бошқача қилиб айтганда, қовоқбош олим. Аравакаш отни талантли одамларидан ажратадиган хусусиятлар шулардан иборатдир: унинг онг-билим даражаси жуда тор ва ўзининг касби билан қатъий чегараланган бўлади; ўз касбидан четга чиқди дегунча гўдак боладек гўл бўлиб қолади. Эсимда бор, мен бир кун эрталаб кабинетга кириб:
— Биласизми, қандай бахтсизлик юз берипти? Скоблев вафот қилган эмиш,— дедим.
Николай чўқиниб қўйди, Петр Игнатьевич эса юзичи менга ўгириб:
— Скобелев деганингиз ким? — деб сўради.
Яна бир сафар — бу нарса бирмунча илгарироқ бўлган эди — мен профессор Перовнинг ўлганини айтдим, ёқимтой Петр Игнатьевич дафъатан:
— У киши нима дарс берардилар, — деб сўради.
Машҳур ашулачи Патти унинг кулоғи остида қўшиқ айтса, хитой лашкарлари Россияга ҳужум қилгудек бўлса, ёинки зилзила бўлиб қолса, бу одам пинагини бузмасдан, сузилган кўзларини хотиржамлик билан микроскопга тикиб ўтираверади. Қисқасини айтганда, унинг Гекуба билан ҳеч қандай иши йўқ. Бу гуваланинг хотини билан ётганини кўриш менга насиб этса, ҳар қанча бўлса тўлашдан қочмас эдим.
Унинг яна бир ҳислати, фаннинг ва, айниқса, немислар ёзган ҳар бир нарсанинг бенуқсонлигига шак-шубҳасиз ишонишидир. Қилаётган ишларининг тўғрилигига, препаратларининг беками-кўстлигига чуқур ишонади, нима учун яшаб юрганини яхши тушунади, аммо талант аҳлларининг сочларини оқартириб юборадиган шубҳалар, умидсизликлар унга бутунлай бегонадир. Улуғ кишиларга кўр-кўрона сиғиниш ва мустақил фикр юритишнинг йўқлиги ҳам унинг хусусиятидир. У билан баҳслашиб бирон масалага уни ишонтириб бўлмайди. Энг яхши фан — медицина фани, энг яхши одамлар — врачлар, энг яхши анъаналар — медицина анъаналари эканлигига чуқур ишонган бир одам билан масала талашиб бўладими. Медицинанинг совуқ ўтмишидан фақат битта анъана омон қолган, у ҳам бўлса ҳозирги маҳалда докторлар тақадиган оқ галстукдир; олимлар ва, умуман, ўқимишли кишилар, анъаналарни медицина анъанаси, юридистик анъана ва ҳоказо қисмларга бўлмасдан, ёлғиз умум университет анъаналарини инобатга оладилар, холос, Петр Игнатьевич эса бу нарсага сира-сира рози бўлмайди, шу хусусда у сиз билан то ўлгунча тортишади.
Петр Игнатьевичнинг истиқболи менга равшан. Бутун умрида у бир неча юз ҳаддан зиёда тоза препарат тайёрлайди, анчагина қуруқ ва дуруст рефератлар ёзади, астойдил ўтириб ўнга яқин китобни таржима ҳилади, аммо порох ўйлаб чиқаролмайди. Порох ўйлаб чиқариш учун фантазия, ижодкорлик, фаҳм-фаросат керак, Петр Игнатьевичда эса буларнинг биронтаси ҳам йўқ. Қисқасини айтганда, бу одам фаннинг соҳиби эмас, мардикоридир.
Мен, Петр Игнатьевич ва Николай уччаламиз пиччрлашиб сўзлашамиз. Ҳаммамиз ўзимизни бироз ноҳулай ҳис ҳиламиз. Эшик орқасида студентлар денгиздек гувиллаб турганида, киши ўзини бошқача сезади. Ўттиз йил давомида мен бу сезгини асло босолмадим, ҳар кун эрталаб шу сезги меми безовта қилади. Асабийланиб камзилимнинг тугмасини қадайман, Николайга ўринсиз сўроқлар бераман, тажанг бўламан… Гўё, қўрқаётганга ўхшайман, аммо бу қўрқув эмас, бошқа бир нарса-ю, бироқ мен унинг номини айтолмайман, таърифини ҳам қилолмайман. Ҳеч қандай эҳтиёж бўлмагани ҳолда соатимга қараб:
— Хўш, юринглар, бўлмаса! — дейман.
Шундан кейин биз қуйидаги тартибда йўлга тушамиз: олдинда препаратларни, атласларни кўтариб Николай боради, ундан кейин мен, менинг орқамдан бошини қуйи солиб аравакаш от юради; мабодо зарур бўлиб қолса, олдинда замбилга солиб ўликни оборишади, ўлик орқасидан Николай юради ва ҳоказолар. Мен аудиторияга киришим билан студентлар ўринларидан туришади, кейин яна ўтиришади, денгиз гувиллаши бирдан босилади. Жимлик чўкади.
Мен нима тўғрида лекция ўқишимни биламан, аммо қандай ўқишим, нимадан бошлаб, нима билан тугатишимни билмайман. Миямда биронта тайёр жумла йўқ. Бироқ, аудиторияга (у амфитеатр шаклида қурилган) бир кўз ташлаб, «ўтган дарсда… қолган эдик…» деган чайналган жумлани айтиш билан, узун-узун сўзлар бирин-кетин қўйилиб кела беради — қани, энди мени тўхтатиб бўлса! Мен ҳаддан зиёда тез ва жўшқин гапираман, гўё қуйилиб келаётган сўзимни тўхтата оладиган биронта куч йўқдек сезилади. Лекцияни яхши ўқимоқ учун, яъни студентларни зериктириб қўймаслик, уларга нафи тегадиган қилиб ўқиш учун, истеъдодли бўлишдан ташқари, киши маҳорагли, тажрибали бўлиши, қанчалик кучи борлигини жуда яхши билиши ҳамда лекцияни кимга ўқиётганлигини ва нима тўғрисида ўқиётганлигини чуқур тушуниши лозим. Бундан ташқари кишининг калласида фаҳм-фаросати бўлиши, ҳар томонга ҳушёр назар ташлаб туриши ва бир дақиқа ҳам студентларни кўздан қочирмаслиги керак.
Яхши дирижёр композиторнинг фикрини тингловчиларга етказиш учун бир варакайига йигирмата ишни бажаради: партитурани ўқийди, чўпини қимирлатиб туради, ашулачини кузатиб боради, гоҳ дўмбирачига, гоҳ скрипачига қарайди ва ҳоказолар. Мен ҳам лекция ўқиганимда худди шундай қиламан. Рўпарамда бир-бирига ўхшамаган бир юз элликта башара ва уч юзта кўз бақрайиб бетимга тикилиб туради. Менинг вазифам кўп бошли мана шу аждаҳони енгиб чиқишдир. Лекция пайтида шу аждоҳонинг қанчалик зеҳн қўяётганини ва қанчалик тушунаётганини минут сайин назардан қочирмасам, мен, албатта, ғолиб чиқаман. Менинг иккинчи душманим ўзимнинг ичимда яшириниб ётади. Бу душман — формаларнинг, ҳодисаларнинг, қонунларнинг ҳаддан ташқари хилма-хиллиги ва булар натижасида ўзингда ҳам туғилган фикрларнинг беҳисоб кўп бўлишидир. Ҳар минутда мен мана шу буюк материалдан энг муҳимини ва энг зарурини эпчиллик билан илиб олишим, қандай тез гапираётган бўлсам, худди шу хилда илдамлик билан фикрларимни аждаҳонинг тушунчасига мос келадиган ва унинг диққатини қўзғотадиган бир шаклга солишим лозим. Сурат солаётган рассом ҳар бир бўёқни ўз ўрнида берганидек, дарс ўқувчи киши ҳам миясига келган фикрларни ҳадеб гапира бермасдан, уларнинг маълум бир тартибда ифодаланишига диққат қилиши зарур. Ундан кейин нутқимнинг адабий бўлишига, ифодаларнинг қисқа ва аниқлигига, жумланинг мумкин қадар содда ва чиройлик бўлишига уринаман. Ҳар минутда ўзимни қўйиб юбормасликка ҳаракат қилишим ҳамда менга фақат бир соату қирқ минут вақт берилганини унутмаслигим керак. Қисқаси, нш кам эмас. Бир вақтнинг ўзида ҳам олим, ҳам педагог, ҳам нотиқ бўлишга тўғри келади, агар сиздаги нотиқлик педагогни ҳамда олимни енгиб қўйса, ёки шунинг тескариси бўлса — иш чаппасидан кетади.
Ўн беш минут, ярим соат гапиргач, студентларнинг шипга, Петр Игнатьевичга қараётганини сезиб қоламан, биттаси дастрўмолини олишга қўл солади, иккинчиси қулайроқ ўтириб олади, учинчиси миясига келган фикрлардан илжайиб қўяди… Бу нарса студеитларнинг чарчаганини кўрсатади. Чора кўриш керак. Мен биринчи қулай пайтдан фойдаланиб, бироита қочириқ гап айтаман. Бир юз элликта одамнинг ҳаммаси оғзини катта очиб илжаяди, кўзлар шодиёна ялтирайди, бир нафас денгиз гулдуроси эшитилади… Мен ҳам куламая. Студентлар бироз енгил тортади, кейин лекцияни давом этдираман.
Ҳеч қандай мунозара, ҳеч қандай кайфи-сафо, ҳеч қандай ўйин-кулги менга лекциядан ортиқ завқ берган эмас. Менинг бутун шавқ-завқим фақат лекциядагина хуруж қилади, шунда мен илҳом шоирлар ўйлаб чиқарган уйдирма гап эмас, чиндан ҳам бор нарса эканини англар эдим. Геркулес ўзининг энг ажойиб қаҳрамонликларидан кейин ҳам, мен ҳар сафар лекциядан сўнг ҳис қилганимдек ширин ҳорғинлик ҳис қйлмагандир, деб ўйлар эдим.
Буларнинг ҳаммаси бир замонлар бўлиб ўтган. Энди бўлса лекцияда фақат азоб чекаман. Ярим соат ўтар-ўтмас оёқларимда, елкамда қаттиқ чарчаш сезаман; креслога ўтираман, ўтириб лекция ўқишга одатланмаганимдан бир минутдан кейин яна ўрнимдан туриб давом этдираман, сўнгра тағин ўтираман. Оғзим қуриб кетади, овозим хириллайди, бошим айланади… Аҳволимни тингловчилардан яшириш учун дамба-дам сув ичаман, йўталаман, баайни тумов халақит бераётгандек, тез-тез бурнимни қоқаман, беўрин қочириқ қиламан, ниҳоят, муддатдан илгари танаффус бераман. Энг оғири — жуда уяламан.
Шу аҳволда менинг қилишим мумкин бўлган энг яхши нарса — болаларга хайрлашув лекциясини ўқиб, уларга охирги сўзни айтиш, кейин оқ фотиҳа бериб, ўрнимни ўзимдан ёш ва бақувват кишига бўшатиб бермоқдир. Менинг виждоним, ақлим шу нарсани талқин қилади. Бироқ виждонан иш қилишга жасорат қилолмайман. Худоё, ўзинг кечиргайсан.
Бахтга қарши мен файласуф ҳам эмасман, художўй ҳам эмасман. Яхши биламанки, ярим йиллан ортиқ яшамайман. Модомики шундай экан, охират масалалари, қабрим ичра сўроққа кирадиган мункар-накирлар, ҳозирги кунда мени кўпроқ қизиқтириши лозим эди. Ақлим бу масалаларнинг муҳимлигини англаса ҳам, руҳим негадир уларни асло эслагиси келмайди. Йигирма-ўттиз йил илгаригидек, ҳозир ўлим олдида турганимда ҳам, мени ёлғиз фан қизиқтиради. Оғзимдан охирги нафасим чиққунча инсон ҳаётида энг муҳим, энг гўзал, энг зарур нарса фан эканига, фан ҳар вақт севгининг энг юксак ифодаси бўлганига ва бундан кейин ҳам шундай бўлажагига, инсон табиатни ҳамда ўзини ёлғиз фан воситаси билан енга олишига ишонишимдан қайтмайман. Бу ишонч асосида, эҳтимол гўллик ва нотўғри тушунча бордир, аммо начора, шу хилда ишонганим учун айбли эмасман, руҳимдаги бу ишончни енгиш менинг қўлимдан келмайди.
Гап бунда эмас. Мен фақат жўшқин муҳаббатимга илтифот кўзи билан қарашларини, бутун коинотнинг тиқдиридан кўра иликнинг тузилиши ва хизмати масалалари билан кўпроқ қизиққан бир одамни кафедрадан, шогирдларидан ажратиш — шу одамнингўлишини кутмасдан тириклайин товутга михлаб ташлаш билан баравар эканини англашларини илтимос қиламан.
Уйқусизлик ва кундан-кунга зўрайиб бораётган бедармонлик балосидан қутилишга жиддий уриниш орқасида ғалати бир ҳолга тушиб қолганман. Лекция ўртасида кўз ёшларим бехосдан томоғимни бўғиб қолади, кўзим қичиша бошлайди, шундай пайтларда қўлларимни чўзиб, овозимнинг борича фарёд уриб .нола қилгим, дод солиб: мендек машҳур одамни тақдир ўлимга ҳукм қилди, бирон ярим йилдан кейин бу аудиторияда бошқа биров хўжайинлик қилади, мен заҳарландим дегим келади; илгари менга номаълум бўлган янги-янги хаёллар ҳаётимнинг сўнгги кунларини заҳарлайди ва искаб топар сингари найзасини бетўхтов миямга санчади. Шундай кезларда аҳволим шунчалик танглашадики, мен барча ўқувчиларим бу аҳволни кўриб қўрқиб кетишларини ва даҳшат ичида ўринларидан туриб дод-фарёд билан эшикка отилишларини истар эдим.
Бундай минутларни бошдан кечириш ўнгғай эмас.

Тўлиқ ўқинг