Округ судининг залида мажлис бўлмоқда. Растрат ва қаллобликда айбланган, башарасидан арақхўрлиги кўриниб турган ўрта ёшли бир жаноб қора курсида ўтирибди. Ориқ, кўкраги чўккан секретар айбномани ингичка товуш билан ўқимоқда. У на нуқтани писанд қилади ва на вергулни; шунинг учун товуши бир оҳангда чиқиб, асалариларнинг ғинғиллашига ёки ариқчанинг шилдирашига ўхшаб эшитилади. Биров шундай ўқиб турганда роса ширин хаёллар сурса, бир нималарни эсласа, мазза қилиб ухласа бўлади-да… Судьялар, маслаҳатчилар, томошабинлар зерикканларидан ҳурпайиб қолдилар… Ҳамма ёқ жимжит. Фақат суд йўлагида ора-сира кимнингдир секин-секин юргани, ёки эснаб ўтирган маслаҳатчи, оғзига муштини тутиб, эҳтиёт билан йўталгани эшитилади…
Ҳимоячи жингалак соч бошини муштига тираб, секингина мудраяпти. Секретарнинг ғинғиллаши фикрини чалғитиб, бўтаб юборди.
«Суд приставининг бурни ўлгидай узун-да, — деб ўйлади ҳимоячи, уйқусираб турган қовоқларини зўрға қимирланиб. — Табиатга жуда ҳам зарур эканми-я, мана шундай чиройли башарани расво қилиш! Одамларнинг бурунлари узунроқ бўлса, масалан, икки-уч сажен бўлса борми, ҳеч қаерга сиғмай уйларни кенг-кенг қилишга тўғри келарди…»
Ҳимоячи, пашша чаққан отдай калласини бир силтаб олиб, яна ўйлайди:
«Ҳозир уйимда нима бўляпти экан? Шу пайтда хотиним ҳам, қайнанам ҳам, болалар ҳам, хуллас, ҳамма уйда бўлади… Ўғлим Колька билан қизим Зина ҳозир кабинетимга кириб олгандир… Колька креслода турибди; кўкрагини стол қиррасига тираб, қоғозларимга сурат солаётгандир. Тумшуғи узун, кўзи ўрнига нуқта қўйилган битта от, қўлини чўзиб турган битта киши, қийшайиб кетган битта уйнинг суратини аллақачон солиб қўйди; қизим Зина ҳам стол ёнида, акаси қанақа сурат солганини кўриш учун, калласини чўзиб қараб турибди…
— Адамнинг суратини сол, — деб сўрайди у.
Колька энди менинг суратимни сола бошлайди. Ана битта одамнинг суратини қотириб қўйди, энди қора соқол қилса — адаси тайёр. Кейин Колька Қонунлар мажмуасидан сурат қидира бошлайди. Стол бўлса Зинанинг ихтиёрига қолади. Кўзлари қўнғироққа тушади — олиб чалади, сиёҳдонни кўради — бармоғини суқиб кўради; стол ғаладони қулфланмаган бўлса, демак, уни ҳам титкилаш керак. Ахир уларнинг мияларига ғалати бир фикр келади: иккови ҳам ҳинди эмиш-у, столнинг тагага кириб, душмандай яшириниб олишса яхши бўлар эмиш. Иккови стол тагига киради, қичқиради, чинқиради ва столдаги чироқ ё гулдон тушиб кетгунча тўполон қилади… Уҳ! Ҳозир онаси меҳмонхонада учинчи боласини овутиб юргандир… Бола биғ-биғ йиғлайди… Сира тинмай биғиллайди!»
— «Копелов, Ачкасов, Зимаковский ва Чикиналарнинг жорий ҳисобларида бўлган процентлар берилмаган, — деб секретар ғингиллайди, — 1425 сўму 41 тийиндан иборат маблағ 1883 йил қолдиғига қўшиб юборилган…»
«Ҳозир бизникида овқат қилаётган бўлсалар ҳам ажаб эмас — деб ўйлайди тағин ҳимоячи. — Стол атрофида қайнанам, хотиним Надя, қайним Вася, болаларим ўтиришибди… Қайнанамнинг юзида одатдаги келишмаган жонсараклиги ва такаббурлиги мана мен деб турибди. Надя бирам озғин; лекин, ўзи сўлиша бошлаган бўлса ҳам, юзининг териси ҳалигача оппоқ, тиниқ; ўзи ўтирибди-ю, гўё биров зўрлаб ўтқазиб қўйгандай; ўзини касалга солиб овқат ҳам емайди. Унинг юзида ҳам, қайнанамникидаги сингари, жонсараклик аломати тўлиб ётибди. Бўлмасачи! Қўлида бола, зиммасига ошхона, эрининг кўйлак-лозими, меҳмонга бориш, пўстинларни куяга едирмаслик, меҳмон кузатиш, пианино чалиш! Вазифа шунчалик кўп-у, қилинадиган иш жуда оз! Надя ҳам, онаси ҳам зиғирча иш қилмайди. Бекорчиликдан зерикиб қолиб, мабодо гулларга сув сепишса ё ошпаз хотин билан айтишиб қолишса борми, — бўлди: нах икки кунгача белларини ололмай, дунёнинг захматидан зорланиб юришади… Қайним Вася хўмрайиб ўтириб, овқат кавшанаяпти, чунки лотин тилидан бугун бир олибди. Хизматга ҳамма вақт тайёр турадиган, кўрган яхшиликлари учун миннатдор бўлиб юрадиган ювош бола-ю, лекин этикни, шимни, китобни кўп йиртади-да… Болалар хархаша қилишаётгандир, албатта. Сирка сўрашади, мурч бер дейишади, бир-биридан зорланишади, гоҳида қошиқларини тушириб юборишади. Мана шуларни эсланса кишининг боши айланиб кетади! Хотиним ва қайнанам одобга роса риоя қилади-да! Тирсак столга қўйилса, пичоқни чангаллаб ушланса ё овқатни биров пичоқ билан еса, ё бўлмаса таомни чап ёқдан эмас, ўнг ёқдан тутса борми, нах киши балога қолади, бундай гумроҳликдан худо асрасин! Овқатларининг ҳаммасидан, ҳатто исда пиширилган чўчқа гўшти ва нўхотдан ҳам упа билан монпансье ҳиди келиб туради. Ҳамма овқатлари бемаза, тахир, бунинг устига яна оз беришади… Бўйдоқлик чоғларимда еб-ичиб юрган шўрва-ю кашалардан нишон ҳам йўқ. Хотиним билан қайнанам ҳамиша французча сўзлашади; гап менга тақалгудай бўлса-чи, қайнанам дарров русчага ўтиб олади, чунки мендай совуқ, бағри қаттиқ, уяти йўқ, қўпол одам тўғрисида нозик француз тилида гапириш хайф-да…
— Бечора Мишель, очиқиб қолгандир. Эрталаб нон ҳам емади, бир стакан чой ичди-ю, судга чопиб кетди… — деса хотиним, қайнанам ичи қоралик билан валақлаб беради:
— Юрагинг чиқмасин, болам! Оч қоладиган эркаклардан эмас у! Ҳалигача буфетга беш марта кириб чиққандир. Судда буфет очиб олишибди, ҳар беш минутда: «Бир танаффус қилиб юборсак қалай бўларкин?» деб раиснинг қулоғини ейишар экан.
Хотиним билан қайнанам овқатдан кейин харажатни камайтириш тўғрисида гапиришади… Ҳисоблашади, қоғозга ёзиб боқишади, охири харажатни ниҳоятда ортиб кетган деб топишади. Ошпаз хотинни чақиришади, у билан бақамти ўтириб ҳисоблашади, уни қарғашади ва бир мири устида юлишгудай бўлишади… Кўз ёшлари тўкилади, аччиқ сўзлар айтилади… Кейин уй кўтарилади, мебеллар жилдирилади — буларнинг ҳаммаси бекорчиликдан қилинади».
— «Коллеж асессори Черепков гувоҳ бўлиб келиб, — деб секретарь ғингиллайди, — ўзига 811-сонли квитанция юборилган бўлса ҳам, лекин олиши керак бўлган 46 сўму 2 тийинини олмаганини, буни ўша маҳал арз қилганини айтди…»
«Аҳволни мундоғ ўйлаб кўрилса, ақлни югуртириб каралса, салмоқлаб кўрилса, — деб ҳимоячи яна уилаб кетади, — киши ҳамма нарсага қўл силтаб: «Бор-е!» деб, баҳридан ўтади-қўяди… Бу қуриб кетгур хуноблик ва шармсизлик дўзахида куни билан қовурилиб, куйиб-ёниб чиққанингдан кейин хойнаҳой киши пича баҳрини очгиси келади. Шундай пайтларда ё Наташанинг олдига е, пулинг бўлса, лўлиларникига борсанг, — қарабсанки, ҳамма нарса эсдан чиқибди-да… ўлай агар, эсдан чиқади! Киши қаерга бориб қолганини ҳам билмайди, бир маҳал шаҳар ташқарисида, алоҳида кабинетда, юмшоқ ўринда чўзилиб ётган бўлади. Осиёлилар ашула айтишади, сакрашади, чуғурлашади, сен бўлсанг ўша малоҳатли дабдабали, эҳтиросли лўли Глашанинг овозига маҳлиё булиб қоласан… Глаша! О, жонон Глаша, дилрабо Глаша! Тишларини қаранг-а, кўзларини… елкасини!»
Секретарь бўлса ҳамон ғингиллайди, ғингиллашини қўймайди… Ҳимоячининг кўз ўнгида ҳамма нарса аралашиб, сакрай бошлайди. Судьялар билан маслаҳатчилар ўтирган ерларида сингиб, томошабинлар залда эриб кетади; шип бўлса гоҳ тушади, гоҳ кўтарилади… Миядаги ўйлар ҳам сакрайди, кейин бориб-бориб узилади… Надя, қайнана, суд приставинннг узун бурни, судланувчи, Глаша — ҳаммаси кўз ўнгида сакрайди, пириллайди, кейин узоқ-узоқларга кетади…
Ҳимоячи уйқуга кетаётиб секин шивирлайди:
«Жуда соз… Жуда соз… Юмшоқ ўринда мазза қилиб ётасан, қаёққа қарасанг — жонинг роҳатда… уй иссиқ… Глаша куйлаб турибди…»
— Жаноб ҳимоячи! — деган қаттиқ товуш эшитилади.
«Жуда соз… иссиқ… Қайнанам ҳам йўқ, хотиним ҳам… упа ҳиди келадиган шўрва ҳам йўқ… дилбар Глаша, жонон Глаша, бор холос…»
— Жаноб ҳимоячи! — дейди яна бояги товуш қаттиқ.
Ҳимоячи чўчиб кўзларини очади. Рўпарасида лўли Глашанинг қора кўзларини тикиб, ширали лабларида табассум ўйнатиб, қора, чиройли юзи чарақлаб турганини кўради. Уйқуси ҳали тамом тарқалмагани учун, кўраётганини туш ё арвоҳ деб ўйлаб, эсхонаси чиқиб кетади; кейин секин туриб, лўлига анграйиб қараб қолади.
— Жаноб ҳимоячи, гувоҳга саволингиз йўқми? — деб сўрайди раис.
— Ҳая… айтмоқ-чи! Бу хотин гувоҳ-а… Йўқ, йўқ… саволим йўқ. Ҳеч қанақа саволим йўқ.
Ҳимоячи калласини силтаб, уйқусини узил-кесил ҳайдайди. Олдида турган хотиннинг чиндан ҳам Глаша эканини, бу ерга гувоҳ бўлиб келганини англайди.
Дарвоқи, сўрайдиган гапим бор, кечирасиз, — дейди у, судьяга қараб. Кейин гувоҳга юзланиб сўрайди: — Сиз Кузьмичовнинг лўлилар хорида ишлайсиз. Менга айтиб берсангиз: айбдор сизларнинг ресторанингизда кўп ишрат қилармиди? Шундоғ… У ўз чиқимини ҳар сафар ўзи тўлармиди ё бошқалар тўлаб юборган пайтлар ҳам бўлармиди — шуниси эсингизда йўқми? Ташаккур… Кифоя.
Ҳимоячи икки стакан сув ичади, ана шундан кейин уйқу хумори тарқалади.
Мирзакалон Исмоилий таржимаси