I
От туёқларининг ёғоч полга дукур-дукур урилгани эшитилди; отхонадан аввал қора тўриқ Граф Нулинни, ундан кейин оқ Великанни, сўнгра унинг ҳамшираси Майкани олиб чиқдилар. Булар жуда яхши ва қиммат баҳо отлар эди. Кекса Шелестов Великанни эгарлади ва қизи Машага қараб, деди:
— Қани, Мария Годфруа, кел, отга мин. Хўппа!
Маша Шелестова кенжа қиз эди: ўн саккизга кириб қолган бўлса-да, кичкина қиздай уни оилада ҳамма Маня, Манюся; шаҳарга цирк келганда Маня циркка босим бориб тургани учун уни Мария Годфруа деб атарди.
— Хўппа! — деди қиз, Великанга минар экан.
Мариянинг опаси Варя — Майкага, Никитин — Граф Нулинга минди, офицерлар эса ўз отларига миндилар, узун гўзал суворийлар тўдаси оппоқ кителлар ва қора амазонкалар билан ола-чипор бўлиб қўрадан аста чиқди.
Отларга минаётган пайтда ва кўчага чиққанда Никитин, Манюся негадир унга эътибор билан қараганини сезди. Манюся Никитинга ва Граф Нулинга саросималик билан қараб, деди:
— Сиз, Сергей Васильич, отингизнинг жиловини доим тортиб боринг. Эҳтиёт бўлинг, ҳуркиб кетмасин. Бу муғомбир от.
Манюся мииган от — Великан, Граф Нулин билан жуда иноқлигиданми, ёки иттифоқо шундай бўлдими, Мария ҳозир ҳам, кеча ҳам, аввал куни ҳам Никитин билан ёнма-ён борди. Никитин эса оппоқ гижинг от устида ўтирган қизнинг келишган жажжи қоматига, нафис юзига ва шу юзига ҳеч ярашмасдан, ёш қизни каттароқ қилиб кўрсатган цилиндрга хурсандлик билан кўз ташлар, ёғдай эрир, ўзида йўқ қувонар, кизнинг гапига қулоқ солса-да, нима деганини ажратмас ва:
«Ростини айтсам, худо ҳақи, шу бугун ҳеч уялмасдан унга ўз муҳаббатимни изҳор этаман…» деб ўйлар эди.
Кеч соат олтидан ошган эди, бу вақтда оқ акация билан сирень шу қадар кучли ҳид таратадики, гўё ҳаво ва дарахтлар ўз ҳидларидан маст бўлгандай эди. Шаҳар боғида музика чалинмоқда. Отлар тош кўчадан тарақа-туруқ қилиб бормоқда; ҳар томондан кулги, шовқин, кўча эшикларининг очилиб-ёпилгани эшитилади. Йўлда учраган солдатлар офицерларга, гимназистлар эса Никитинга салом беради. Сайр этиб юрган ва музика томон бораётганлар, афтидан суворийлар тўдасига завқ билан қарар эди. Ҳаво илиқ, парча-парча майин булутлар сузиб юради, терак ҳам акацияларнинг соялари шу қадар беозор ва ҳузурбахшки, кенг кўчадан ошиб, нариги томондаги уйларнинг балконлари ва устки қаватларигача кўланка ташлайди!
Шаҳардан чиққач, катта йўлда отларни йўрттириб чопдилар. Бу томонда энди акация ва сирень ҳиди келмас, музика овози эшитилмас, лекин даланинг ёқимли ҳиди келар, ям-яшил жавдари ва буғдойлар кўзни қувонтирар, юмронқозиқлар чийиллар, қораялоқлар чағиллар эди. Қай томонга кўз ташламанг, ҳар томон ям-яшил, фақат онда-сонда полизлар қорайиб кўрннади ва узовдан, чап томондаги қабристондан, гулини тўкаётган олмалар оқариб туради.
Кушхона ва пиво заводи ёнидан ўтдилар, шаҳар чеккасидаги боққа шошиб-пишиб бораётган музикачи солдатлардан ўзиб кётдилар. Маиюся Варя билан ёнма-ён кетаётган офицерни Никитинга ишора билан кўрсатиб, деди:
— Полянскийнинг минган оти шубҳасиз жуда яхши. Лекин бу от брак қилинган. Чап оёғига оқ доғ тушиши жуда ножўя бўлган, уни қаранг, бошини ирғатиб боряпти. Энди уни ўлгунича бу одатидан қайтариб бўлмайди.
Манюся ҳам отаси сингари отга жуда ишқибоз эди. Биронта одамнинг яхши отини кўрса, ичи куяр, нуқсонини топса, хурсанд бўлар эди. Никитин отнинг фарқига бормас, жиловини тортиб бориш, йўрттириб ёки сакратиб чоптириш унинг учун барибир эди. У от устида ҳавотирланиб, ноқулай ўтирганини сезар, шунинг учун ҳам эгарда ғоздай ўтирган офицерлар Манюсяга ёқади деб ўйлар, уни офицерлардан қизғонар эди.
Шаҳар чеккасидаги боғ ёнидан ўтиб бораётганларида, кимдир боққа кириб сельтерский ичишни таклиф қилди. Боққа кирдилар. Боғда фақат дуб дарахтлари бўлиб, яқиндагина барг ёза бошлаган эди. Шунинг учун ҳам ниҳол япроқлар орасидан боғнинг ҳамма тарафи — эстрадаси, столлари, ҳайинчаклари кўриниб турарди. Дарахтлардаги каттакон шапкага ўхшаш қарға уялари ҳам яққол кўринарди. Эркак ва аёл отлиқлар бир стол ёнида эгардан тушдилар-да, сельтерский талаб эгдилар. Улар ёнига боғда сайр этиб юрган танишлари келди. Шу пайтда қўнжи узун этик кийган ҳарбий доктор билан музикачиларни кутиб турган капельмейстер ҳам келди. Никитинни доктор студент деб гумон қилиб, ундан сўради:
— Сиз каникулга келган бўлсангиз керак?
— Йўқ, мен ўзим шу ерликман, — деди Никитин. — Гимназияда ўқитувчиман.
— Йўғ-е? — деди доктор ажабланиб. — Шунчалик ёш бўла туриб, ўқитувчилик қиласизми?
— Нимам ёш? Мен йигирма олтига кирганман… Худога шукур.
— Соқол-мўйловингиз бўлса ҳам ҳар ҳолда, афтингиздан сизни йигирма икки-йигирма уч ёшдан ортиқ деб бўлмайди. Шу қадар ёш кўринасиз!
«Бу қандай номаъқулчилик! — деб ўйлади Никитин. — Бу одам ҳам мени ҳали она сути огзидан кетмаган бола деб ҳисобламоқда!»
Агар биров унинг ёшлиги тўғрисида гап очса, айниқса, бу аёллар ёки гимназистлар қошида бўлса, Никитиннинг авзойи жуда ҳам ўзгариб кетарди. Никитин шу шаҳарга келиб, хизматга кирганидан бери ўзининг ёш кўринишини севмай қолди. Гимназистлар ундан қўрқмас, кексалар ёш йигит деб аташар, аёллар унинг узундан-узоқ муҳокамаларини тинглашдан кўра, у билан танца тушишни афзал кўрардилар. Шу туфайли Никитин ўн ёш кексариш учун ҳар қанча тўлашга ҳам рози эди.
Боғдан чиқиб, яна нарига, Шелестовлар фермасига жўнашди. Ферма дарвозаси ёнида тўхтадилар, гумаштанинг хотини Прасковьяни чақириб, янги соғилган сут олиб келишни буюрдилар. Сутни ҳеч ким ичмади, бир-бирларига кўз ташлашиб, кулишиб, яна от чоптириб орқага қайтдилар! Қайтаётганда шаҳар чеккасидаги боғда музика чалинмоқда, қуёш қабристон орқасига бекинган, осмоннинг ярмиси шафақ нуридан қип-қизарган эди.
Манюся яна Никитин билан ёнма-ён бормоқда эди. Никитин уни эҳтирос билан севишини айтмоқчи бўлса-да, офицерлар билан Варя эшитишидан чўчиб, жим борар эди. Манюся ҳам жим борарди, Никитин нега қизнинг жим ва ёнида келаётганининг маънисига тушунар, бу тушунчадан у шу қадар хурсанд эдики, ер, осмон, шаҳар чироқлари, пиво заводининг қора кўланкаси унинг кўз ўнгида аллақандай жуда яхши ва ёқимли бир нарсага айланиб кетди, унинг минган оти Граф Нулин ҳавода учиб, лола ранг осмонга сакрагандай бўлди.
Уйга қайтиб келдилар. Боғдаги столда аллақачонлар самовар қайнаб турар, столнинг бир четида ўз улфатлари — округ судининг амалдорлари билан кекса Шелестов ўтирар ва одати бўйича ниманидир танқид этмоқда эди.
— Бу сурбетлик! — дерди у. Сурбетликдан бошқа нарса эмас. Ҳа-а, бу сурбетлик!
Манюсяга хуштор бўлиб қолгандан бери Никитинга Шелестовлар оиласидаги ҳамма нарса ёқар эди: уй ҳам, уй ёнидаги боғ ҳам, сават стуллар ҳам, кампир энага ҳам, чол тез-тез такрорлаб турадиган ҳатто «сурбетлик» деган сўз ҳам ёқар эди. Унга фақат ит ва мушукларнинг кўплиги ҳамда айвондаги катта қафасда нолаю фиғон этувчи қумрилар ёқмас эди. Ҳовлида ва уйда яшовчи итлар шу қадар кўп эдики, Шелестовлар оиласи билан танишгандан бери Никитин иккитасини: Мушка билан Сомнигина таниган эди. Мушка кичкина, тумшуғи сержун, ўзи туллаган, жаҳли тез ва эрка бир кучук эди. Бу ит Никитинни ёмон кўрар, уни кўрганда, бошини қийшайтириб: «ррр. .. гаф-гаф… ррр, гаф-гаф…» деб ирилларди. Сўнгра ит стул остига ўтирарди. Никитин итни стул остидан қувламоқчи бўлганда, ит вангиллар, уй эгалари эса:
— Қўрқманг, тишламайди. Бу яхши ит, — дерди.
Сом эса узун оёқ ва таёқдек думи қаттиқ каттакон қора ит эди. Обед ва чой маҳалларида одатда у индамай стол тагида юрар ва думини этикларга, стол оёқларига урар эди. Бу ювош ва бефаросат бир ит эди, лекин Никитиннинг бу итни кўргани кўзи йўқ эди, чунки овқатланувчиларнинг тиззасига тумшуғини қўйиб, сўлакайини шимларга оқизиб қўядиган одати бор эди. Никитин неча марта пичоқ дастаси билан бу итнинг кенг пешонасига уриб кўрди, бурнига чертди, сўкинди, шикоятланди, аммо ҳеч нарса унинг шимларини ит сўлакайининг доғларидан асраб қололмади.
От миниб ўйнаб келгандан сўнг чой, мураббо, сухари ҳамда мой жуда мазали туюлди. Биринчи стаканни ҳамма жим ўтириб иштаҳа билан ичди, Иккинчи стакан олдидан тортишув бошланди. Чой вақтида ва обед вақтида ҳар доим тортишувни Варя бошлар эди. Варя йигирма уч ёшга тўлган бўлиб, қадди-қомати келишган, Манусядан ҳам чиройли, оилада энг ақлли ва ўқимишли қиз ҳисобланарди. Уйда раҳматли онасининг ўрнига қолган тўнғич қиз бўлганидан Варя ўзини улуғвор ва сипо тутар эди. Худди ўй бекасидай меҳмонлар ҳузурида блуза кийиб юраверарди ва офицерларнинг фамилиясини айтиб мурожаат қиларди. Манюсяга кичкина қизчадай қараб, у билан мураббиядай гаплашар эди. Ўзини қари қиз деб атар — демак, эрга тегишга кўнгли бор эди.
Ҳар қандай гапни, ҳатто об-ҳаво тўғрисидаги гапни ҳам Варя албатта тортишувга айлантирар эди. Ҳаммани сўздан тутиб олиб, қарама-қаршиликларни фош этиш, жумла тўғрисида жанжаллашишга бу қизнинг аллақандай иштиёқи бор эди. Сиз унга бирор тўғрида гапирсангиз, у сизнинг юзингизга синчиклаб тикилиб туради-да, бирдан сўзингизни кесиб: «Тўхтанг, тўхтанг, Петров, бундан уч кун илгари сиз бутунлай тескарисини гапирган эдингиз-ку!» дейди.
Ёки истеҳзо билан жилмайиб: «Бироқ, менинг сезишимча, сиз Учинчи бўлимиинг принципларини тарғиб эта ётирсиз. Қутлуғ бўлсин» дейди.
Агар сиз бирор қизиқчилик ёки сўз ўйини қилсангиз, шу ондаёқ Варянинг «Бу эски гап!» ёки «Бу сийқа гап!» деганини эшитасиз. Агар офицер қизиқчилик қилса, у бурнини жийириб: «Арррмия аскияси!» дейди.
Мана шу «ррр…»ни қиз шу қадар боплаб айтадики, стул тагидан Мушка албатта унга жавобан: «ррр… гафгаф…» дейди.
Энди, чой вақтидаги тортишув, Никитиннинг гимназиядаги имтиҳонлар тўғрисида гапиришидан бошланди.
— Рухсат этинг, Сергей Васильевич, — деб унинг гапини кесди Варя. — Сиз ўқувчиларга қийин деб айтдингиз. Ўзингиздан сўрашга рухсат этинг, бунга ким айбдор? Масалан, сиз саккизинчи синф ўқувчиларига «Пушкин психолог сифатида» деган мавзуда иншо ёзишга буюргансиз. Биринчидан, бу хил қийин темалар бериш мумкин эмас, иккинчидан эса, Пушкин қандай психолог бўлиши мумкин? Шчедрин ёки айтайлик, Достоевский бошқа гап, Пушкин эса, буюк шоир холос, вассалом.
— Шчедрин ўз йўлига, Пушкин ўз йўлига, — деб жавоб берди Никитин қовоғини солиб.
— Мен биламан, сизнинг гимназиянгизда Шчедринга эътибор бермайдилар, лекин гап бунда эмас. Сиз менга айтингчи, Пушкин нега психолог?
— Наҳотки психолог бўлмаса? Рухсат этинг, мен сизга мисоллар келтирайин.
Никитин «Онегин»дан, сўнгра «Борис Годунов»дан бир неча ўринларни декломация этиб берди.
— Ҳеч қандай психологияни кўрмаяпман, — деб уҳ тортди Варя. — Киши руҳининг жингалакларини тасвир этувчи киши психолог деб аталади, ўқиб берганларингиз эса, гўзал бир шеърдан бошқа нарса эмас вассалом.
— Сизга қандай психология кераклигини биламан! — деб хафа бўлди Никитин. — Сизга шундай психология керакки, гўё биров ўтмас арра билан менинг бармоқларимни арраласа-ю, мен жон аччиғида додлаб қичқирсам — мана шу, сизнингча, психология.
— Сийқа гап! Бироқ ҳар ҳолда сиз менга Пушкин нега психолог эканини исбот этмадингиз.
Мутаассиблик, тор қарашлик ёки шу қабилда бўлиб кўринган нарса учун тортишишга тўғри келган пайтда, Никитин одатда ўрнидан ирғиб туриб, икки қўли билан бошини чангаллаб, ингроқ товуш билан бурчакдан-бурчакка югурар эди. Ҳозир ҳам худди шундай қилди: ирғиб ўрнидан турди, бошини чангаллаб олди-да, ингроқ товуш билан стол теварагини айланди, сўнг нарироққа бориб ўтирди.
Офицерлар унинг тарафини олишди. Штабс-капитан Полянский, Пушкин ҳақиқатан ҳам психолог эканлигига Варяни ишонтирмоқчи бўлиб, бунинг исботи учун Лермонтовнинг иккита шеърини ўқиб берди. Поручик Гернет эса, агар Пушкин психолог бўлмаганда эди, унга Москвада ҳайкал қўймас эдилар, деди.
— Бу сурбетлик! — деган овоз эшитилди столнинг нариги чеккасидан. — Мен губернаторнинг ўзига ҳам шундай деб айтдим: жаноби олийлари, бу сурбетлик!
— Мен ортиқ тортишмайман! — деб қичқирди Никитин. — Бу хил тортишувнинг ниҳояти бўлмайди! Бас! Эҳ, йўқол, афтинг қурсин, ифлос ит! — деб қичқирди у, худди шу пайтда унинг тиззасига бошини ва оёғини қўйиб турган Сомга қараб.
Стул остидан эса «ррр… гаф-гаф…» деган товуш эшитилди.
— Бўйнингизга олинг, сиз хақли эмассиз! — деб қичқирди Варя. — Бўйнингизга олинг!
Лекин шу пайтда бир неча қиз меҳмонлар келди, тортишув ўз-ўзидан тўхтаб қолди. Ҳамма залга йўл олди. Варя рояль олдига ўтириб, танца музикасини чалди. Дастлаб вальсга ўйин тушдилар, сўнгра полкага ўйнадилар, сўнг катта даврада ўйинга тушдилар, бу ўйинни бутун хоналар бўйича штабс-капитан Полянский бошқариб борди, сўнгра яна вальсга ўйин тушдилар.
— Ўйин чоғида кексалар залда ўтиришиб, чекишиб, ёшларни томоша қилдилар. Булар ўртасида ўзининг адабиётга ва саҳна санъатига муҳаббати билан ном чиқарган, шаҳар кредит жамиятининг директори Шебалдин ҳам бор эди. У маҳаллий «Музика драматик тўгарак»ни дастлаб ташкил этган, ўзи ҳам спектаклларда иштирок этар ва нетадир доим фақат кулгили малайлар ролини ўйнар ёки баланд овоз билан «Гуноҳкор қиз»ни ўқир эди. Шаҳарда уни мўмиё деб аташарди. Чунки у новча, жуда ориқ, томирлари чиққан эди, чеҳраси доимо тантанали, кўзлари эса хира ва ҳаракатсиз боқар эди. Саҳна санъатини у жони-тани билан севганидан, ҳатто соқол-мўйловларини ҳам қирдириб юрар, бу эса уни яна кўпроқ мўмиёга ўхшатиб қўярди.
Катта давра ўйинидан кейин у Никитин олдига қийшайиброқ келди-да, йўталиб олгач, деди:
— Мен чой маҳалидаги тортишувга ҳузур қилиб қулоқ солдим. Мен тамоман сизнинг фикрингизга қўшиламан. Биз иккимиз фикрдошмиз, мен учун сиз билан суҳбатлашиш жуда ҳам ёқимли бўлур эди. Сиз, Лессингнинг «Гамбург драматургияси» номли асарини ўқиганмисиз?
— Йўқ, ўқиган эмасман.
Шебалдиннинг кайфи учиб кетди, худди бармоқларими куйдириб олгандай қўлларини силкитди ва ҳеч нарса гапирмасдан Никитин олдидан тисарилиб кетди. Шебалдиннинг қиёфаси, унинг саволи ва ажабланиши Никитинга кулгили кўринди, лекин ҳар ҳолда ўйлаб қолди:
«Ҳақиқатан ҳам ўнғайсиз. Мен тил-адабиёт ўқитувчиси бўлиб туриб, ҳозиргача Лессингни ўқиганим йўқ. Ўқиб чиқиш керак».
Кечки овқат олдидан ёш-қари, ҳамма баравар «тақдир» ўйинини ўйнашга киришди. Икки пачка карта олинди: бири ҳаммага тақсимлаб берилди, иккинчиси тўнтариб стол устига қўйилди.
Кекса Шелестов шу иккинчи картанинг устидан бирини олиб, тантанали равишда бошлади:
— Мана шу карта кимнинг қўлига чиқса, ҳозир болалар бўлмасига кириб, энагани ўпиши керак.
Энага билан ўпишмоқ гашти Шебалдин ҳиссасига тушди. Ҳамма уни қуршаб, кулиб ва чапак чалиб, болалар бўлмасига олиб борди ва энага билан ўпишишга мажбур этди. Шовқин-сурон кўтарилди…
Кулгидан кўзи ёшланган Шелестов:
— Бунчалик қаттиқ ўпманг! Қаттиқ ўпиш йўқ, — деб қичқирар эди.
Никитинга ҳаммани тавба қилдирмоқ тақдири чиқди. У зал ўртасида стулга ўтирди. Рўмол олиб келиб унинг бошини буркадилар. Дастлаб унинг ҳузурига тавба қилмоқ учун Варя келди.
— Мен сизнинг гуноҳларингизни биламан, — деб бошлади Никитин, рўмол қоронғилиги орасидан унинг жиддий қиёфасига кўз тикиб. — Айтингчи менга, ойим қиз, нима сабабдан ҳар куни сиз Полянский билан сайр этасиз? Оҳ, бежиз эмас, бу қизнинг гусар билан юриши, бежиз эмас!
— Бу сийқа гап, — деди Варя ва кетди.
Сўнг рўмол остидан унга беҳаракат шаҳло кўзлар йилтираб кўринди, қоронғида ожиз қиёфа кўринди, қандайдир қиммат баҳо ва кўпдан таниш бир хушҳид эсди, бу ҳид Манюсянинг бўлмасини эслатди.
— Мария Годфруа, — деди у ва ўз товушини таниёлмай қолди, — товуши шунча нозик ва юмшоқ эди, — сизнинг қандай гуноҳингиз бор?
Манюся кўзларини сузди ва унга тилининг учини кўрсатди-да, қаҳ-қаҳ уриб, қочиб кетди. Бирпасдан сўнг эса, Мануся зал ўртасида туриб, чапак чалиб, қичқирди:
— Кечки овқатга! Овқатга! Овқатга!
Ҳамма емакхонага кириб борди.
Кечки овқат устида Варя бу сафар отаси билан тортишди. Полянский боплаб ер, қизил вино ичар ва Никитинга урушда бўлган чоғида бир марта қишда тун бўйи тиззасидан балчиқда туриб чиққанини ҳикоя қиларди; душман яқин эди, шунинг учун на сўзлашиш, на чекиш рухсат этилмас эди, тун совуқ, қоронғи бўлиб, изғирин шамол эсарди. Никитин унинг гапига қулоқ солар, кўзлари Манюсяда эди. Манюся эса унга тикилиб, мижжа қоқмай, бирор нарса тўғрисида ўйланиб ёки ҳуши учиб қолгандай қарарди… Бу ҳолат Никитин учун ҳам ёқимли, ҳам изтиробли эди.
«Нима учун менга бу қадар тикилиб қарайди? — деб изтироб чекарди у. — Бу яхши эмас. Сезиб қолишлари мумкин. Эҳ, бу қиз ҳали шу қадар ёш, шу қадар содда!»
Меҳмонлар ярим кечада тарқалди. Никитин дарвозадан ташқари чиққанда уйнинг иккинчи қаватидаги дераза очилиб, Манюся кўринди!
— Сергей Васильевич! — деб чақирди қиз.
— Нима хизматингиз бор?
— Гап бундай… — дедн Мануся, нима дейиш кераклигини ўйлагандай. — Ҳа, шундай… Полянский яқинда ўз фотографияси билан келиб, ҳаммамизнинг суратимизни олишга ваъда қилди. Тўпланиш керак бўлади.
— Яхши.
Манюся беркинди, дераза ёпилди ва шу ондаёқ уй ичида кимдир рояль чалди. «Уймисан — уй! — деб ўйлади Никитин, кўчанинг нариги юзига ўта туриб. — Бу уйда ёлғиз қумриларгина нолаю фиғон қилади, чунки, улар шодликларини бошқа йўсин билан изҳор эта билмайди!»
Аммо фақат Шелестовларникида хурсандчилик бўлмай, Никитин икки юз қадам босмасданоқ, иккинчи бир уйдан ҳам рояль товуши эшитилди. Яна бир оз юргач дарвоза ёнида ўтириб балалайка чалаётган мужикни кўрди. Боғда эса оркестр рус қўшиқларидан тузилган машқни чаларди…
Никитин Шелестовлар уйидан ярим чақирим нарида саккиз хонали уйда турар эди, бу уйни у ўз ўртоғи, география ва тарих ўқитувчиси Ипполит Ипполитич билан бирга йилига уч юз сўмга ижара олган эди. Ҳали кексармаган, сариқ соқолли, қаншари паст, юзидан интеллигентга эмас, косибга ўхшаш, дағалроқ, софдил Ипполит Ипполитич, Никитин уйга келганда, ўз хонасида стол ёнида ўтириб, ўқувчилар чизган хариталарни тузатмоқда эди. У география хариталарини чизишни, тарихдан эса, хронологияни билишни энг керакли ва энг муҳим деб билар; тун бўйи ўтириб у кўк қалам билан ўз ўқувчилари чизган хариталарни тузатар ёки хронология жадваллари тузар эди.
— Бугун ҳаво жуда яхши! — деди Никитин, унинг олдига кириб. — Шундай пайтда уй ичида ўтирганингизга ҳайронман.
Ипполит Ипполитич камгап одам бўлиб, у ё индамас, ёки фаҳат ҳаммага маълум нарсалар ҳаҳида гапирар эди. Ҳозир у шундай жавоб берди:
— Тўғри, ҳаво жуда яхши. Ҳозир май, тез кунда ҳақиқий ёз бўлали. Ёз эса, қишдан катта фарқ қилади. Қишда печка ёқиш керак, ёзда эса печкасиз ҳам иссиқ. Ёзда кечаси деразани очсанг ҳам иссиҳ, қишда эса, қўшқават дераза ичида ҳам совуқ.
Никитин стол ёнида бир минутча ўтирмасданоқ зерикиб қолди.
— Хайрли кеч! — деди у, ўрнидан кўтарилиб ва эснаб туриб, — Мен сизга ўзимга доир муҳаббатга ўхшаш бир нимани гапирмоқчи эдим, лекин сиз географиядан бош кўтармайсиз! Сизга муҳаббатдан гап бошласам, сиз дарров: «Калка ёнидаги уруш қайси йили бўлган эди?» дейсиз. Урушларингиз ҳам, Чукотка бурунларингиз ҳам қуриб кетсин!
— Нега жаҳлингиз чиқади?
— Алам қилади-да, ахир!
Никитин Манюсяга ҳамон муҳаббатини изҳор эта олмагани ва бу муҳаббатни сўзлашга одам топилмагани алам қилиб, ўз уйи: а кириб кетди ва диванга ётди. Уй ичи қоронғи, жимжит эди. Етиб, қоронғиликка тикилиб, Никитин негадир, икки ё уч йилдан сўнг бирор нарса учун Петербургга жўнашини, Манюся уни вокзалга кузатишипи ва йиғлашини ўйлаб кетди; Петербургда эса, у Манюсядан узун бир хат олади, бу хатда Манюся унинг тезроқ уйга қайтишини ялиниб сўрайди. Бу хатга у жавоб қайтаради… Ўз хатини шундай бошлайди: «менинг азиз йўлдошим…»
— Худди шундай, менинг азиз йўлдошим, — деди у ва кулиб юборди.
У ёмон ётиб қолган эди. Қўлини боши остига қўйиб, чап оёғини диваннинг суянчиғига тиради-да, яхшилаб ўрнашиб олди. Бу орада дераза ёришиб, ҳовлидан хўрозлар товуши кела бошлади. Никитин, ўзининг Петербургдан қайтишини, вокзалда Манюсянинг қандай кутиб олишини ва шодлигидан қичқириб, бўйнига ўзини ташлашини ўйлади… Ёки яна яхшироғи у айёрлик қилади: кечаси секингина келади-да, ошпаз хотин унга эшикни очади, у эса оёқ учида юриб ётоқхонага ўтади-да, секингина ечиниб ўрнига киради!
Хотини уйғонади ва қандай қувонади!
Жуда ёруғ бўлиб қолди. Никитин уйни ҳам деразаларни ҳам сезмас. Шу куни кечқурун от миниб ёнидан ўтишган пиво заводининг зинапоясида Манюся ўтирар ва алланима дерди. Сўнгра у Никитинни қўлтиқлаб, шаҳар чеккасидаги боққа кетди. Боғда у дуб дарахтларини, шапкага ўхшаш қарға уяларини кўрди. Бир уя қимирлади ва унинг ичидаи Шебалдин бошини чиқариб, қаттиқ қичқириб: «Сиз Лессингни ўқимагансиз!» деди.
Никитин чўчиб кўзини очди. Диван олдида Ипполит Ипполитич турар, бошини кўтариб, галстук боғламоқда эди.
— Туринг, хизматга бориш вақти келди, — деди у, — усти-бошни ечмасдан ухлаш мумкин эмас, кийим ғижимланади. Ечиниб ётиш керак…
У ўз одати бўйича, узундан-узоқ ва дона-дона қилиб, ҳаммага кўпдан маълум нарсалар тўғрисида сўзлаб кетди.
Биринчи дарсни Никитин иккинчи классда рус тилидан берар эди. У худди соат тўққизда шу классга кирганида, қора тахтага оқ бўр билан икки катта ҳарф ёзиб қўйилган эди: М. Ш. Бу ҳарфлар мазмуни Маша Шелестова эди.
«Аллақачон сезибдилар, аблаҳлар… — деди Никитин. — Булар қаердан билган экан?»
Иккинчи дарсни Никитин тилдан бешинчи классда берар эди. Бу ерда ҳам тахтага М. Ш. деб ёзиб қўйилган эди. Никитин дарсни тамомлаб, бу классдан чиқаётганда унинг кетидан театрдаги сингари:
— Ура-а-а! Шелестова! — деган шовқин кўтарилди.
Кийими билан ухлагани учун Никитиннинг боши оғриб, танаси увушиб турар эди. Имтиҳон олдидан жавоб бериб юборилишини кутган ўқувчилар, ҳеч нарса қилишмас, сиқилар, ва зеркканларидан шўхлик қиларди. Никитин ҳам сиқилар, шўхликларни сезмас, ҳадеб дераза олдига бораверар ва у ердан қуёш нурида чарақлаб турган кўчани, уйлар тепасидаги кўм-кўк, тиниқ осмонни, осмонда қушлар ўйнаб юришини, узоқ-узоқларда эса ям-яшил боғлар ва уйлар ортида кенг, бепоён ўрмон ястаниб ётганини, югуриб кетаётган поезд тутунидан юзига юпқа парда тутганини кўрарди…
Акация соя солиб турган кўчадан, қўлларидаги хипчинларини ўйнаб, оқ китель кийган икки офицер ўтиб кетди. Аравада оппоқ соқолли, картуз кийган бир тўда яҳудий ўтиб кетди. Гувернантка директор невараси билан сайр этмоқда… Орқасидан иккита кўппакни эргаштириб, Сом югуриб ўтди… Оддий кулранг кўйлак ва қизил пайпоқ қийиб, қўлига «Вестник Европи» журналини ушлаб, Варя борарди. У шаҳар кутубхонасига борган бўлса керак…
Дарслар тез тамом бўлмай, соат учгача чўзилади. Дарслардан кейин уйга эмас, Шелестовлар уйига ҳам эмас, Вольфникига сабоқ бергани бориш керак. Лютеранлик мазҳабини қабул этган бой яҳудий Вольф болаларини гимназияга бермай, гимназия ўқитувчиларини уйига таклиф этиб, уларнинг ҳар бир дарси учун беш сўмдан тўлар эди…
«Зерикарли, зерикарли, зерикарли!»
Соат учда Никитин Вольфнинг уйига борди, то унинг уйидан чиққунча, бир умр ўтгандай бўлди. Унинг уйидан соат бешда чиқди, соат еттида эса, яна гимназияга, педагогик советга бориш, тўртинчи ва олтинчи класслар учун оғзаки имтиҳон жадвалини тузиш керак эди!
Кечаси гимназиядан чиқиб, Шелестовлар уйига бораётганда, унинг юраги дукиллаб ўйнар, юзлари ёнар эди. Бундан бир ҳафта, бир ой илгари ҳар сафар у ўз муҳаббатини изҳор этишга ҳозирланиб, муқаддимали ва хотимали бутун бир нутқ ҳозирлаган эди, ҳозир эса унинг бошида биронта сўз ҳам қолмай, ҳаммаси бўталиб кетган эди. Фақат у, албатта бугун муҳаббат изҳор этишини, ортиқ кутишга ҳеч тоқати қолмаганини билар эди.
«Мен уни боққа таклиф қиламан-да, бир оз сайр этиб юриб, муҳаббатимни изҳор этаман…» деб режа тузди.
Даҳлизда ҳеч ким йўқ эди; у залга кирди, сўнг меҳмонхонага ўтди… Бу ерда ҳам ҳеч ким йўқ эди. Юқорида, иккинчи қаватда Варянинг ким биландир тортишгани ва болалар бўлмасидан ёлланма машиначининг қайчи овози эшитилиб турарди.
Уйда бир хона бўлиб, у уч ном билан аталарди: кичик хона, йўлак, қоронғи. Шу хонада дорилар, порох ва озчилик анжомлари солинган катта бир эски шкаф турарди. Бу жойдан иккинчи қаватга чиқадиган тор ёғоч зинапоя бор эди. Бу зинапояда доим мушуклар ухлашарди. Шу ерда икки эшик бўлиб, биридан болалар хонасига, иккинчисидан меҳмонхонага чиқиларди. Юқорига кўтарилиш учун Никитин шу ерга кирганда, болалар хонасининг эшиги шу қадар қаттиқ тарақлаб очилдики, зинапоя ва шкафгача зириллаб кетди; қўлига кўк мато ушлаганича, қора кўйлак кийган Манюся югуриб чиқди ва Никитинни кўрмасдан зинапояга қадам қўйди.
— Тўхтанг… — деди Никитин. — Салом, Годфруа… Рухсат этинг…
Никитин ҳансирар ва нима дейишини билмас эди; бир қўли билан қизнинг қўлини, иккинчи қўли билан кўк матани ушлаб турарди. Қиз эса, қўрққаниданми, ажабланганиданми, кўзларини катта очиб, унга қараб қолган эди.
— Рухсат этинг… — деди Никитин, қиз кегиб қолмасин деб ҳадиксираб. — Менинг сизга бир-икки оғиз гапим бор… Фақат… Бу жой ўнғайсиз. Менинг тоқатим йўқ, иложсизман… Тушунасизми, Годфруа, иложим йўқ… Гап шу…
Кўк мато ерга тушиб кетди, Никитин Манюсянинг иккинчи қўлидан ҳам ушлаб олди. Қизнинг ранги оқариб кетди, лабларини қимирлатди, сўнг орқасига тисарилиб, девор билан шкаф ўртасидаги бурчакка кириб олди.
— Чин сўз, ишонинг сиз… — деди Никитин секингина. — Манюся, чин сўз…
Қиз бошини орқага ташлади, Никитин эса унинг лабларидан ўпди, бу ўпич узоқроқ давом этсин учун бармоқлари билан қизнинг юзларидан тутди; ниҳоят шундай бўлдики, Никитиннинг ўзи жовон билан девор орасидаги бурчакка кириб, қиз эса қўллари билан унинг бўйнидан қучоқлаб, бошини унинг иягига тираб қолди.
Сўнгра ҳар икковлари югуришиб боққа чиқиб кетдилар.
Шелестовларнинг боғи катта бўлиб, тўрт десятина эди. Боғда йигирматача қари клён ва липа дарахти, битта арча бўлиб, қолгани мева дарахтлар эди: гилос, олма, нок, ёввойи каштан, кумуш ранг маслина… Гуллар ҳам кўп эди.
Никитин билан Манюся индашмасдан хиёбонларда юрар, кулар, аҳёнда бир-бирларига қисқа-қисқа савол берар ва бу саволларга жавоб қайтаришмас эди. Боғ тепасида ярим ой нур сочар, шу хира ёруғ остида ётган майсазордаги лолалар ва ирис гуллар ўзлари билан муҳаббат изҳор қилишни сўрагандай бўйларини чўзар эди.
Никитин билдн Манюся уйга қайтиб келганларида офицерлар ва ойим қизлар йиғилган бўлиб, мазуркага ўйин тушишмоқда эди. Полянский яна катта даврадаги ўйинни бошқарди, танцадан кейин яна тақдир ўйини ўйналди. Меҳмонлар овқатланиш учун емакхонага ўтганларида, Манюся Никитин билан қолди ва унинг бағрига кириб, деди:
— Отам ва Варя билан ўзинг гаплаш. Мен уяламан…
Овқатдан кейин Никитин чол билан сўзлашди. Шелестов унинг сўзини эшитиб, ўйлади-да, шундай деди:
— Менга ва қизимга сиз билдирган шону шараф учун кўп миннатдорман. Аммо, сиз билан дўстона гаплашмоқ учун рухсат этинг. Сиз билан ота тарзида эмас, джентельмен билан джентельмен каби сўзлашаман. Марҳамат қилиб айгингчи, бунчалик ёш уйланишнинг нима ҳожати бор? Фақат мужикларгина ёшлигида уйланишади, маълум, бу бемазагарчилик, холос, лекин сизга нима бўлди? Бу қадар ёш чоғингизда ола хуржинни бўйинга илишдан қандай ҳузур топасиз?
— Мен сира ёш эмасман! — деди хафа бўлиб Никитин. — Ёшим йигирма еттига етди.
Варя иккинчи хонадан қичқирди:
— Дада, от табиби келди!
Шу билан гап узилди. Никитинни Варя, Манюся за Полянский уйигача кузатди. Унинг кўча эшиги ёнига келганда Варя деди:
— Нима учун сизнинг сирли Митрополит Митрополитичингиз ҳеч ерга чиқмайди? Ақалли бизникига келса бўлур эди.
Сирли Ипполит Ипполитич, олдига Никитин кирганда, ўз ўрнида ўтириб шимини ечмоқда эди.
— Етмай туринг, ётмай туринг! — деди Никитин унга ҳарсиллаб, — тўхтанг ётмай туринг!
Ипполит Ипполитич дарров шимини кийди-да, ташвишга тушиб сўради:
— Нима гап?
— Мен уйланаман!
Никитин ўртоғининг ёнига ўтирди, худди ўз-ўзига ажаблангандай қараб, деди:
— Тасаввур этинг, мен Маша Шелестовага уйланаман. Бугун таклиф этдим.
— Хўш? У қиз, яхши шекилли. Фақат жуда ёш.
— Тўғри, ёш! — деди Никитин, чуқур нафас олиб ва ташвиш билан елкаларини қисди. — Жуда, жуда ёш!
— Бу қиз гимназияда менда ўқиган эди. Мен уни биламан. Географиядан тузук ўқир эди-ю, лекин тарихдан ёмон эди. Классда ҳам ҳушёр эмас эди.
Никитин бирдан негадир ўз ўртоғига ачинди ва унга бирорта мулойим, дилкаш сўз айтгиси келди.
— Азизим, сиз нега уйланмайсиз? — деб сўради у. — Ипполит Ипполитич, сиз, масадан, Варяга уйлансангиз бўлмайдими? Бу қиз ажойиб, олижаноб бир қиз! Тўғри, у тортишувни севади, лекин дили… дили кўп покиза! Варя ҳозир сизни сўради. Шунга уйланиб қўя қолинг, азизим!
Никитин бу хафагазак, пучуқ одамга Варя асло тегмаслигини яхши билса ҳам, унинг Варяга уйланишини таъкидлар эди. Нима учун?
— Уйланиш жиддий бир қадам, — деди Ипполит Ипполитич, ўйлаб кўргач. — Ҳар томонни муҳокама этиб, тарозуга солиб кўриш керак, бирдан мумкин эмас. Ўйлаб иш қилиш ҳеч қачон зарар бермайди, айниқса уйланишда, одам бўйдоқликдан чиқиб, янги ҳаёт бошлаётган чоғда асло зарарли эмас.
Шундан сўнг у ҳаммага маълум, машҳур бўлган нарсалар тўғрисида гап юргизиб кетди. Никитин унинг гапларига қулоқ солиб ўтирмади, хайрлашиб, ўз уйига кириб кетди. Ўз бахти-саодати ҳақида, Манюся ҳақида, келажак ҳақида хаёл суриш учун тезгина ечинди-да, ётиб олди. Етгандан сўнг кулумсиради ва бирдан ҳамон Лессингни ўқимагани эсига тушди.
«Ўқиб чиқиш керак… — деб ўйлади у. Айтмоқчи, нима учун мен ўшани ўқишим керак? Ҳе, нари борсин-э!»
Ўз қувончидан эриб, дарров ухлаб қолди, тонг отгунча чеҳрасидан табассум аримади.
Унинг тушига от туёқларининг ёғоч полга дукур-дукур урилгани кирди. Тушида отхонадан дастлаб қора тўриқ граф Нулинни, сўнгра оқ от Великанни, сўнг унинг ҳамшираси Майкани олиб чиққанларини кўрди…
II
«Черков ичида одам тула ва сершовқин эди, ҳатто кимдир бир марта қичқириб ҳам юборди, мен билан Манюсяни никоҳлаб турган протоиерей кўзойнак устидан оломонга қараб, жаҳл билан деди:
— Черков ичида юрманглар, шовқин ҳам солманглар, бир ерда жим туриб, ибодат қилинглар! Худодан қўрқиш керак!
Менинг шоҳидларим иккита ўртоғим эди, Манюсянинг шоҳидлари штабс-капитан Полянский билан поручик Гернет эди. Архиерей хори жуда соз ашула қилди. Шамларнинг чирсиллаши, теварак-атрофнинг ялтираши, ясан-тусанлар, офицерлар, жуда кўп хушнуд, мамнун чеҳралар ва Манюсянинг қандайдир назокатли кўриниши, умуман барча кишилар ва жиҳозлар, никоҳ сўзларининг таъсиридан кўзимдан ёш чиқди ва кўнглим қувончга тўлиб тошди. Мен ўйлар эдим: сунгги вақтларда ҳаётим нақадар гуллади ва нақадар шоирона гўзал бир тусга кирди! Икки йил илгари студент эдим, Ниглинний кўчасидаги арзон номерларда турардим, пулим, қариндош-уруғларим йўқ эди, назаримда ўша вақтда истиқболим ҳам йўқ эди. Энди-чи, мен — энг яхши губерна шаҳарларидан бирида гимназиянинг ўқитувчисиман, таъминотим яхши, одамлар яхши кўради ва эркаман. Ҳозир шу ердаги одамларнинг ҳаммаси мен учун тўпланган, деб ўйлардим; мен учун учта қандил ёнмоқда, протодьякон овози борича хониш қилмоқда, ҳофизлар ҳам астойдил айтмоқда; ёнбошимдаги ёшгина, гўзал, латофатли ва қувеоқ қиз сал туриб меники бўлади ва менинг хотиним деб аталади. Мен дастлабки учрашувларимизни, шаҳар чеккасига биргалашиб сайр этган чоғларимизни, муҳаббатимни изҳор этган пайтимни ва бутун ёз бўйи бир хил жуда яхши келган оби-ҳавони эслаб кетдим. Ниглинний кўчасида турган вақтимда роман ва повестлардагина бўлиши мумкин кўринган бахтни энди ўзим чинакамига бошимдан кечириб, гўё қўлларим билан ушлаб турган эдим.
Ниқоҳ ўқилгандан сўнг ҳамма тўс-тўполон билан мен ва Маня атрофида парвона бўлди, ўзларининг самимий хурсандчиликларини билдирди, табриклади ва бахт-саодат тилади. Етмишларга бориб қолган бригада генерали фақат Манюсянинг ўзини табриклаб, унга қалтироқ товуш билан:
— Ишонаманки, азизим, тўйдан кейин ҳам худди аввалгидай атир гул бўлиб қоласиз, — деди. Бу сўзларни у шу қадар баланд овоз билан гапирдики, черков жаранглаб кетди.
Офицер, директор ва барча ўқитувчилар одоб юзасидан табассум қилдилар, мен ҳам ўз чеҳрамда ёқимли ва ғайри самимий бир табассум сездим. Ҳар доим барчага маълум, машҳур нарсаларни гапирувчи тарих ва география ўқитувчиси ҳурматли Ипполит Ипполитич менинг қўлимни қаттиқ қисди ва таъсирли қилиб:
— Ҳозиргача сиз уйланмаган эдингиз, ёлғиз яшар эдингиз, энди сиз уйландингиз, энди икковингиз бирга яшайсиз, — деди.
Черковдан чиқиб тўғри, энди бизга берилган, сувоқдан чиқмаган икки қаватли уйга жўнадик. Бу уйдан ташқари Маняда йигирма минг сўмча пул бўлиб, яна Мелитоновка деган жойдаги аллақандай бўш майдон бостирмаси билан менга тегар эди. Бу бостирмада, айтишларига кўра жуда кўп товуқ ва ўрдаклар бор бўлса-да, уларга қаровчи йўқлигидан ёввойилашиб кетмоқда экан. Черковдан қайтгач, мен ўзимнинг янги хонамга кириб, керишиб, туркча диван устига ағнаб ётдим. Остим юмшоқ, ётишим қулай ва уйим шу қадар шинам эдики, умримда ҳеч қачон бундай ҳузур қилмаган эдим. Бу маҳалда меҳмонлар «ура» деб қичқирар, даҳлизда эса, шалоқ музикантлар туш ва бачкана куйларни чалар эди. Манянинг опаси Варя, қўлида қадаҳ кўтарганича, югуриб хонага кирди, унинг кўриниши аллақандай, ғалати, талвасали, гўё оғзига сув тўлдириб олгандай эди. У, афтидан нарироқ қочмоқчи эди, лекин бирдан қаҳ-қаҳа урди ва йиғлаб юборди, қўлидаги қадаҳ эса, жаранглаб полга тушиб кетди. Биз Варяни суяб қолдик ва ичкари уйга олиб кетдик. Сўнгра у энг чеккадаги энага уйида ўринда ётиб, валдиради:
— Ҳеч ким тушуна олмайди! Ҳеч ким, ҳеч ким! Вой худойим, ҳеч ким тушуна олмайди!
Лекин ҳамма жуда яхши тушунар эдики, у синглиси Манядан тўрт ёш катта бўлса-да, ҳамон турмушга чиқмаган; ҳозир йиғлашининг сабаби унга ҳасад қилганидан эмас, турмушга чиқиш вақти ўтиб кетаётганлигининг, эҳтимол ўтиб кетганлигининг ғуссасидир. Кадриль ўйинига тушилган маҳалда Варя, кўз ёшлари томган юзларига упани қалин суртиб, чиқиб залда ўтирган эди. Мен штабс-капитан Полянскийнинг мороженое солинган ликобчани тутиб турганини, Варя эса қошиқча билан еганини кўрдим…
Эрталаб соат олти. Мен ўзимнинг мукаммал ва ранг-баранг қувончимни тасвирлаш учун кундалик дафтаримни қўлга олдим. Олти саҳифача ёзаман ва эртасига Маняга ўқиб бераман деб ўйладим, лекин ажабо, бошимдаги ҳамма нарса бўталиб, ноаниқ туш сингари бўлиб қолди ва хотирамда фақат Варянинг кечасидаги аҳволи қолди, боёқиш Варя! деб ёзгим келди. Қанча ўтирмайин фақат қайта-қайта: боёқиш Варя! деб ёзар эдим. Шу асосда дарахтлар шовуллаб қолди: ёмғир ёғди; қарғалар қағиллашяпти, ҳозиргина уйқуга кетган Манямнинг юзлари негадир ғуссали кўринади».
Сўнгра Никитин кундалик дафтарини узоқ вақт қўлига олмади. Августнинг дастлабки кунларидан бошлаб қайта имтиҳонлар ва қабул имтиҳонлари, Успеньев кунидан сўнг эса, класс машғулотлари бошланди. Одатда у соат саккиздан ўтганда хизматга кетар, ўнга яқин Маняни соғинар ва уз уйига кетгиси келиб, ҳадеб соатга қарайверар эди. Пастки классларда у болалардан бирортасига диктовка айттирар, ўзи эса, то болалар ёзиб бўлгунича деразада ўтириб, кўзларини юмиб, хаёл сурарди. Келажак ҳақида хаёл сурардими, ўтмиш хотираларини эслайдими — ҳаммаси эртак сингари гўзал чиқар эди. Юқори классларда овоз чиқариб Гоголь ёки Пушкин прозасини ўқишарди, ўқиш уни мудроқ бостирарди, унинг тасаввурида одамлар, дарахтлар, далалар, от-уловлар пайдо бўлар ва у оҳ уриб, гўё авторга қойил қолгандай:
— Қандай яхши! — деб қўярди.
Катта танаффус чоғида Маня унга оппоқ рўмолчага ўраб нонушта юборарди, Никитин бу нонуштани баҳазур, ҳузур қилиб секин-аста еяр эди. Одатда фақат қуруқ нон билан нонушта қиладиган Ипполит Ипполитич, унга ҳурмат билан ва кўзи куйиб қарар, ҳамда ҳаммага маълум:
— Кишилар овқатсиз яшолмайди, — каби гапни айтар эди.
Гимназиядан чиқиб Никитин яҳудий бойнинг уйига дарс беришга борар, ниҳоят, кечки соат олтига яқин уйга қайтаётганида, гўё уйида бир йилдан бери бўлмагандай ҳам шодлик, ҳам ҳаяжон сезар эди. У зинапоядан югуриб чиқар, ҳарсиллаб уйга кирар ва Маняни қучоқлаб ўпар, уни севганига, усиз яшай олмаслигита онт ичар, ўлгудай соғинганини айтар, талваса билан унинг соғлигини ва нечун нохушлигини сўрар эди. Сўнг бирга овқатланар эди.
Овқатдан сўнг у диванга ётиб чекар, Маня эса унинг ёнида ўтириб оҳиста сўзлар эди.
Энди унинг энг бахтиёр кунлари якшанба ва байрам кунлари эди, бу кунларда эртадан то кечгача уйда қоларди. Бу кунларда у содда, лекин табиат кучоғидаги тинч ва осойишта чўпон ҳаётини эслатувчи фавқулодда ёқимли рўзғор ишларида иштирок этар эди. Ўзининг ақлли, чечан хотини Маня рўзғорни қандай жамғараётганини кузатиб борар ва ўзи ҳам уйда бекорчи эмаслигини кўрсатиш учун бирорта фойдасиз иш билан шуғулланар эди, масалан, саройдан шарабан аравани ғилдиратиб чиқиб, унинг ҳар томонини кўрар эди. Манюся учта сигир боқиб, сутчиликни йўлга қўйди, ертўласининг ичида ҳам, томида ҳам сут, қаймоқ солинган кўвачалар ва хурмачалар турар эди, буларни Манюся сариёғ олиш учун асрар эди. Баъзан Никитин ҳазиллашиб ундан бир стакан сут сўрар эди; бу тартибга хилоф бўлгани учун Манюся чўчиб тушар эди, шундан сўнг Никитин қаҳ-қаҳлаб кулиб, уни қучоқлар ва дерди:
— Йўқ, йўқ, ҳазиллашдим, азизим! Ҳазиллашдим!
У баъзан хотинининг эзмалигидан кулар эди, масалан, хотини шкафдан қотиб қолган бир парча колбаса ёки сир топиб олиб, жиддий равишда:
— Буни ошхонадаги хизматкорлар ер, — дерди.
Никитин эса, бу бир парча колбаса фақат сичқон тутиш учун қопқонга ярашишини сўзлар, хотини эса, эркакларнинг рўзғор ишидан хабарсизлигини, ошхонадагиларга уч пуд берсанг ҳам етмаслигини куйиб-пишиб исбот этишга тушар эди. Никитин унинг гапига қўшилар ва хурсанд бўлиб қучоқларди. Хотинининг гапларидаги мантиққа ниҳоятда ҳайрон қолар, унинг фикрига қўшилмаган пайтларда эса хотини содда, севимли бўлиб кўринарди.
Баъзан унинг файласуфлиги тутиб, қандайдир мавҳум бир мавзуда фикр юрита бошлар, Манюся эса қулоқ солар ва унинг юзига қизиқсиниб тикилар эди.
— Мен сен билан беҳад бахтиёрман, сен менинг қувончимсан, — дерди Никитин Манюсянинг бармоқларини ўйнаб, ёки унинг кокилини ечиб ва қайтадан ўриб туриб. — Аммо, ўзимнинг бу бахтиёрлигимга осмондан тушган аллақандай бир нарсадай қарамайман. — Бу бахтиёрлик — бус-бутун табиий, изчил, мантиқан тўғри бир ҳодисадир. Мен, киши ўзи бахтининг ижодкори эканлигига ишонаман, шунинг учун мен ҳозир ўзим вужудга келтирган нарсани қўлимга тутмоқдаман. Шундай, беҳазил гапим шуки, бу бахтни мен ўзим вужудга келтирдим ва шу бахтга эга бўлишга ҳақлиман. Сенга менинг ўтмишим: етимлигим, қашшоқлигим, бахтсиз бола бўлганлигим, ўсмирликда ғусса тортганларим, — булар барчаси кураш, булар барчаси менинг бахт сари очган йўлимдир.
Октябрь ойида гимназияда оғир кулфат рўй берди: Ипполит Ипполитич сарамас касали билан оғриб, вафот этди. Улимидан икки кун олдин ҳушсиз ҳолда, алаҳлаб ётди, алаҳлаганда ҳам ҳаммага маълум:
— Волга Каспий денгизига қуйилади… Отлар арпа ва пичан ейдилар… — каби гапларни айтди.
Уни кўмган куни гимназияда ўқиш бўлмади. Марҳумнинг ўртоқлари ва ўқувчилар тобутни ва унинг қопқоғини кўтариб бордилар, гимназия хори қабристонга етгунча бутун йўл бўйи «Святий боже»ни хониш қилиб борди. Кўмиш маросимида уч поп, икки дьякон, бутун эрлар гимназиясидашлар ва мотам либослари кийган архиерей хори иштирок эгди. Бу тантанали маросимни кўрган йўловчилар чўқинар ва:
— Ҳар кимга ҳам шундай обрў насиб бўлсин, — дерди.
Қабристондан қайтиб келгач, ҳаяжонланиб кетган Никитин стол ичидан кундалйк дафтарини топиб:
— «Ипполит Ипполитич Рижицкийни ҳозиргина лаҳадга қўйдик.
Қабрингда тинч ёт, камтарин захматкаш! Маня, Варя ва кўмиш маросимига борган ҳамма аёллар астойдил йиғладилар. Сабаби жафокаш бу хунук одамни ҳеч бир аёл севмагани учун бўлса керак. Мен қабр устида ўртоғимнинг яхши фазилатларини гапирмоқчи эдим, директор марҳумни ёмон кўргани учун гапим унга ёқмай қолишини айтдилар. Тўйдан бери шу бугун дилим ғаш бўлган бўлса керак».
Шундан сўнг бутун ўқиш мавсуми ҳеч қандай айтарли воқе бўлмади.
Қиш бўштоб, илиқ келди, доимо ҳўл қор ёғиб турди; масалан, Крешенье арафасида тун бўйи куз шамоли эсди, томлардаги қор эриб оқди, эрталаб эса крестни ювиш вақтида, полиция ҳеч кимни дарёга туширмади, чунки дарё музи эриб, юмшаб қолган деди. Лекин ёмон об-ҳавога қарамай Никитин қишда ҳам ёздагидай бахтиёр яшар эди. Ҳатто унинг турмушига яна бир кўнгил очадиган нарса қўшилиб, винт деган карта ўйинини ҳам ўрганиб олди. Фақат бир нарса баъзан уни безовта қилар ва жаҳлини чиқарар, гўё унинг тўла-тўкис бахтиёрлигига халақит бергандай эди: булар унга сеп билан бирга берилган мушук ва итлар эди. Уй, хоналарда доим, айниқса эрталаб, ҳайвонотхонанинг иси келар ва бу ҳидни ҳеч нарса билан йўқотиб бўлмас эди. Мушуклар кўп вақт итлар билан уришарди. Сержаҳл Мушкага кунига ўн марта овқат беришар, у ҳамон илгаригидай Никитинни танимас ва унга ириллар эди:
«Ррр.. гаф-гаф…»
«Великий пост» пайтида бир куни ярим кечаси Никитин, клубдаги карта ўйинидан уйига қайтар эди. Ёмғир ёғмоқда, қоронғи ва лойгарчилик эди. Никитиннинг кўнгли ғаш эди, сабабини ўзи ҳам тушунолмади: клубда ўн икки сўм пул ютқизиб қўйганиданми, ёки пулни тўлаб турганда, ўйинчилардан бири: Никитиннинг пули жуда кўп деб, олган сепига ишора қилганиданми? Ютқизган ўн икки сўмига ачинмас, рақибининг айтган гапларида ҳам хафа бўларли ҳеч нарса йўқ эди, лекин ҳар ҳолда кўнгли ғаш эди. Ҳатто уйига қайтгиси ҳам келмас эди.
— Вой-бўй, мунча кўнглим ғаш! — деди у кўчадаги фонарь ёнида тўхтаб.
Ютқизган ўн икки сўми теппа-текин қўлига киргани учун ачинмаётганлиги эсига келди. Агар у хизматкор бўлганида эди, ҳар бир тийиннинг қадрига етарди, ютиш ва ютқазишга бепарво қарамас эди. Суриштириб қараганда, деб ўйлар эди у, шу бахтиёрликнинг барчаси ҳам унга теппа-текин келди, аслида бу нарса унинг учун соғлом одамга берилган дори каби эди. Агар у, жуда кўп кишиларга ўхшаб, бир парча нон ташвиши билан эзилган, яшаш учун курашса эди, агар оғир ишдан унинг елка ва кўкраги оғриса эди, шинам уй ва оилавий бахт хаётнинг талаби, мукофоти ва безаги бўлур эди; ҳозир эса, бу нарсаларнипг ҳаммаси унинг учун ғалати бир номуайян аҳамиятга эга эди.
— Вой-бўй, мунча кўнглим ғаш! — деб такрорларди у ва шу фикрнинг ўзи ҳам ёмонлик аломати эканини яхши тушунди.
Никитин уйга келганида, Маня ўринда ётар эди. У бир текис нафас олар, жилмаяр, афтидан, маза қилиб ухлаётгани кўринарди. Унинг ёнида кулча бўлиб, оқ мушук ётар ва хуриллар эди. Никитин шам ёқиб, чекиб бўлгунча, Маня уйғонди ва жон ҳолатда бир стакан сув ичди.
— Мармеладни кўп еб қўйибман, деб кулди Маня. — Сен отамникига бордингми? — деб сўради бир оздан сўнг.
— Йўқ, борганим йўқ.
Сўнгги вақтларда Варя жуда кўнгил қўйиб, ишониб юрган штабс-капитан Полянский ғарбий губерналардан бирига кўчирилганини ва ҳозир шаҳарда ҳамма билан хайрлашиб юрганини ва шу сабабли қайнатасининг уйида ўйин-кулги йўқлигини Никитин билар эди.
— Кечқурун Варя келган эди, — деди Маня, ўтирар экан. — Ҳеч нарса гапиргани йўқ, лекин изтироб чекаётгани юзидан кўриниб турибди, боёқиш. Полянскийни кўришга тоқатим йўқ. Йўғон, хомсемиз, юрса ёки ўйин тушса икки бети сўлқиллаб туради… Мен хуш кўрадиган одам эмас. Лекин ҳар ҳолда мен уни инсофли одам деб билар эдим.
— Мен ҳозир ҳам уни инсофли одам деб биламан.
— Нимага бўлмаса у Варяга нисбатан хунук иш қилди?
— Нима учун хунук иш? — деб сўради Никитин, елкасини букиб керишаётган оқ мушук ғашини келтираётганини сезиб, — Менга маълум бўлишича, Полянский уйланишни таклиф қилган эмас ва ҳеч қандай ваъда ҳам берган эмас.
— Нега бўлмаса, тез-тез уйга борарди? Агар уйланиш кўнглида бўлмаса, қизнинг уйига бормаслиги керак эди.
Никитин шамни ўчириб ётди. Лекин на уйқуси ва на ётгуси келарди. Гуё калласи бўм-бўш катта омборхонаю, ичида қандайдир айрим фикрлар узунчоқ соялар шаклида кезар эди. Осойишта оилавий ҳаётга жилмайиб турган ёқимли шамчироқ шуъласидан ташқари, ўзи ва оқ мушук роҳат қилиб яшаб тургани мана шу тор дунёдан ташқари, яна бошқа бир дунё борлигини ўйлади… Шу дамда бирдан Никитиннинг ўша бошқа дунёда юргиси, ўзи бирорта ердаги заводга ёки катта мастерскойга кириб ишлагиси, кафедрада гапиргиси, китоб ёзгиси, бостиргиси, шовқин солгиси, толиққиси, изтироб чеккиси қистаб кетди… Ўзини ўзи унутиш даражасигача, шахсий бахтиёрликка бепарво қараш даражасигача кишини қамраб оладиган бирор нарса билан шуғуллангиси келиб қолди. Унинг хаёлида бирдан соқоли қирилган Шебалдин жонланиб кўринди ҳамда ваҳимага тушиб, деди:
— Сиз ҳатто Лессингни ҳам ўқимагансиз! Нақадар кейинда қолгансиз! Э худо, нақадар тубанлашгансиз!
Маня яна сув ичди. Никитин унинг бўйнига, тўла елкаси билан кўкракларига кўз ташлади ва никоҳ пайтида черковда бригада генералининг атир гул дегани эсига тушди.
— Атир гул, — деб ғўлдиради у ва кулиб юборди.
Унга жавобан кровать остидан уйқусираган Мушка ириллади.
— «Ррр… гаф-гаф…»
Унинг юрагида қаттиқ ғазаб совуқ тўқмоқдай айланди ва шу замон Маняга қараб бирорта қўпол сўз айтгиси, ҳатто ирғиб туриб, ургиси келди. Юраги ўйнай бошлади.
— Шундай дегин? — деб сўради у, ўзини тўхтатиб, — агар мен сизларнинг уйларингизга бориб юрган бўлсам, албатта сенга уйланишим керакмиди?
— Албатта. Бу нарсани сен ўзинг жуда яхши тушунасан-ку.
— Жуда соз.
Бирпасдан сўнг яна:
— Жуда соз, — деб такрорлади.
Ортиқча гап айтиб қўймаслик ва юрак ўйноғисини босиш учун Никитин ўз хонасига чиқди ва ёстиқ қўймасданоқ диванга ётиб олди, сўнгра гилам устида полда ётди.
«Қандай номаъқулчилик! — деб ўзига-ўзи тасалли берар эди у. — Сен — ўқитувчисан, олижаноб бир соҳада ишламоқдасан… Сенга яна иккинчи бир дунё нега керак бўлиб қолди? Бу қандай бемаънилик!
Лекин шу пайтнинг ўзидаёқ тамоман ишонч билан ўз-ўзига айтдики, у мутлақо педагог эмас, грек тили ўқитувчиси чех каби лаёқатсиз ва тутуриқсиз бир чиновник. Унда ўқитувчилик иши учун ҳеч қандай қобилият бўлмаган, у педагогика билан таниш эмас ва ҳеч қачон унга қизиқмаган, болалар билан муомала қила билмайди; берган дарсларининг аҳамияти унга номаълум эди ва эҳтимол у ҳатто кераксиз нарсаларни ўргатгандир. Марҳум Ипполит Ипполитичнинг нодонлиги маълум ва машҳур эди, ҳамма ўртоқлари ва ўқувчилари унинг кимлигини ва ундан нима кутиш мумкинлигини билар эди. Никитин эса, чех сингари ўз нодонлигини яшира олади, кўринишидан, худога шукур, ҳамма иш жойида дегандай, жуда усталик билан ҳаммани алдайди. Бу янги фикрлар Никитинни чўчитар эди, бу фикрларни рад этар, аҳмоқона деб атар, булар асабийликдан, кейин ўзим-ўзимдан куламан деб ўйлар эди.
Чиндан ҳам эрталабга яқин, у энди, ўз асабийлигидан кулмоқда ва ўзини хотин киши деб атамоқда эди. Лекин тинчи йўқолганлиги, эҳтимол абадий йўқолганлиги ва икки қаватли, шувалмаган уйда бахтиёр бўлиши мумкин эмаслиги унга энди равшан эди, у хом-хаёл йўқолганига, энди осойишталик ва шахсий бахтиёрлик билан келишмовчи янги, асабий, онгли ҳаёт бошланаётганига ақли етиб турарди.
Никитин эртаси, якшанба куни, гимназия черковига борди, у ерда директор ва ўртоқлари билан кўришди. Унинг кўзига, уларнинг барчаси ўзларининг жоҳилликларини ва ҳаётдан норозиликларини усталик билан яшириш билангина оворадай кўринди, ўзи ҳам нотинчлигини билдириб қўймаслик учун ёқимли илжаяр ва арзимас нарсалар ҳақида гапирар эди. Сўнгра у вокзалга борди, у ерда почта поезди келиб-кетганини кўрди, ўзининг ёлғизлиги ва ҳеч ким билан гаплашиш эҳтиёжи йўқлиги уни хурсанд қилар эди.
Уйга келгач, меҳмон бўлиб келган қайнатаси билан Варяни кўрди, Варянинг кўзлари йиғидан қизарган, бош оғриғидан зорланиб ўтирарди, Шелестов эса жуда кўп овқат еяр ва ҳозирги ёшларга ишониб бўлмаслигини ва уларда жентельменлик озлигини гапирарди.
— Бу сурбетлик! — дер эди у. — Мен унга тўппа-тўғри шундай деб айтаман: — бу сурбетлик, жаноби олийлари!
Никитин ёқимли илжаяр ва меҳмонларни сийлаш учун Маняга кўмаклашар эди, лекин овқатдан кейин ўз кабинетига кириб, эшикни беркитиб олди.
Март қуёши ёрқин нур сочар, дераза ойналари оша столга иссиқ шуълалар тушар эди. Ҳали ойнинг йигирманчи куни бўлса-да, аллақачон чана ўрнига ғилдиракли аравалар юриб қолган ва боғда чуғурчиқлар чуғуллар эди. Ҳозир Маня кириб келадиганга, бир қўли билан унинг бўйнидан қучоқлайдиганга, зинапоя ёнига эгарланган отларни ёки от қўшилган шарабан аравани келтиришларини буюрадиганга ва совуқотмаслик учун нимани кийишини ундан сўрайдиганга ўхшаб турар эди. Баҳор бошланмоқда, бу йилги баҳор худди ўтган йилги каби ажойиб ва худди шундай шодликлар ваъда этмоқда эди… Аммо Никитин, ҳозир отпуска олиб, Москвага жўнаб кетсам, у ерда Нигилинний кўчасидаги меҳмонхоналарга бориб қўнсам жуда яхши бўлар эди, деб ўйламоқда эди.
Ёндаги хонада кофе ичишмоқда ва штабс-капитан Полянский тўғрисида сўзлашмоқда эдилар, Никитин эса қулоқ солмасликка уринар ва ўз кундалик дафтарига ёзар эди: «Қай ердаман, эй худойим?! Теварагимни қабоҳат ва разиллик ўраб олган. Димхафа, разил одамлар, қаймоқ солинган хурмачалар, сут қуйилган кўвачалар, сувараклар, аҳмоқ аёллар… Разилликдан қўрқинчлироқ, ҳақоратлироқ, ғамгинроқ нарса йўқдир. Бу ердан қочмоқ керак, шу куннинг ўзидаёқ қочмоқ керак, акс ҳолда мен ақлдан озажакман!
М. Даврон таржимаси