Туш пайти эди. Сочлари қирилган, ола кўз, новча бўйли, йўғон гавдали помешчик Волдирев пальтосини ечди, шойи рўмолча билан пешонасини артди-да, қўрқа-писа маҳкамага кирди. Перолар ғичирлар эди…
— Мен справкани қаердан олсам бўлади? — деб сўради у маҳкаманинг ичкарисидан стаканлар қўйилган патнис кўтариб чиқаётган швейцарга қараб. — Мен бу ердан суриштириб билишим ва дафтардаги қарордан копия олишим керак.
— Марҳамат қилинг, у ёққа! Ана, дераза ёнида ўтирган кишига! — деди швейцар, қўлидаги патнис билан четдаги деразани кўрсатиб.
Волдирев йўталиб қўйиб, деразага томон йўл олди. У жойда, тиф каби кўкиш, сердоғ столда бошида тўртта кокилчаси бор, бўжама тошган узун бурунли ва мундири ўнгиган ёш бир амалдор ўтирган эди. У бурнини қоғозга нуқаб, хат ёзмоқда. Бурнининг ўнг томондаги тешиги олдида пашша ўрмалаб юрганидан пастки лабини чўзиб, бурнининг тагига пуфлаб-пуфлаб қўяди, шунда унинг башараси ташвишли кўринади.
— Мен бу ерда… Сиздан, — деди унга Волдирев, — ўз ишим тўғрисида справка олсам бўладими? Мен Волдирев бўламан… Айтмоқчи, дафтарга иккинчи мартда ёзилган қарордан копия олишим керак.
Амалдор перони сиёҳдонга ботириб олди-да, қанча сиёҳ олганига қаради. Перодаги сиёҳ қоғозга томмаслигига қаноат ҳосил қилгач, яна ғичирлатишга киришди. Унинг лаби чўзилди, аммо бу гал пашша унинг қулоғига бориб қўнганидан, пуфлашнинг кераги бўлмай қолди.
— Мен бу ердан справка олсам бўладими? — деб такрорлади бир минутдан кейин Волдирев. — Мен заминдор Волдирев бўламан…
— Иван Алексеич! — деб қичқирди чиновник осмонга қараб, гўё Волдиревни сезмагандай. — Савдогар Яликовга айтинг, келишида аризасининг копиясини полициядан тасдиқлатиб келсин! Унга минг марта айтдим.
— Мен княгина Гугулинанинг ворисларига қилган даъвом тўғрисида келган эдим, — деб тўнғиллади Волдирев. — Бу маълум иш! Ўтиниб сўрайман, менинг ишимни битириб юборинг.
Амалдор Волдиревнинг борлигини ҳамон пайқамай, лабидан бир пашшани тутиб олиб, унга тикилиб қаради ва ташлаб юборди. Помешчик йўталиб қўйди ва катак рўмолчасига бурнини қаттиқ қоқди. Бироқ бу ҳам фойда бермади. Унга ҳамон ҳеч ким эътибор этмади. Икки минутча жимлик ҳукм сурди. Волдирев чўнтагидан бир сўмлик қоғоз пулни олиб, чиновникнинг олдида очиқ турган китобнинг устига қўйди. Амалдор пешонасини тириштириб, безовталик билан китобни тортди-да, ёпиб қўйди.
— Кичиккина бир справка… Мен фақат билишнигина истар эдим, княгина Гугулинанинг жорислари қандай асосга мувофиқ… Сизни безовта қилсам майлими?
Амалдор эса, ўз иши билан банд бўлгани ҳолда, ўрнидан турди-да, кейин тирсагини қашиб, негадир, шкафга қараб борди. У бир пасдан кейин столига қайтиб келди ва яна китобга тутунар экан, унинг устидаги бир сўмликка кўзи тушди.
— Мен сизни бир минутгина безовта қиламан… Менга справка бериш керак, холос…
Амалдор эшитмади, у ниманидир кўчиришга тутинди.
Волдирев афтини буриштириб қўйди ва перони ғичирлатаётганларга умидсизлик билан қараб:
«Ёзишяпти! — деб ўйлади чуқур нафас олиб, — ёзишяпти жонинг чиққурлар!»
У столдан узоқлашиб, хонанинг ўртасига борди, умидини узиб, қўлларини ёнига ташлади-да, тўхтади. Яна стаканларни кўтариб ўтаётган швейцар унинг авзойини кўрди-да, яқин келиб:
— Қани, нима бўлди? Сўрадингизми? — деди.
— Сўрадим, аммо мен билан гаплашгиси келмаяпти.
— Сиз унга уч сўм беринг… — деб шивирлади швейцар.
— Мен икки сўм бердим.
— Сиз яна беринг.
Волдирев столнинг ёнига қайтиб борди-да, очиқ турган китобнинг устига яшил уч сўмликни қўйди.
Амалдор китобни яна тортди ва уни варақлай бошлаб, гўё тўсатдан, ялт этиб Волдиревга кўз ташлади. Унинг бурунлари ялтираб, қизариб кетди ва илжайиб:
— Хўш… хизмат? Буюринг! — деди.
— Мен ўз ишим тўғрисида справка олмоқчи эдим. Мен Волдирев бўламан.
— Жуда соз! Гугулинскийнинг иши юзасидан бўлса керак-да? Жуда яхши! Ундай бўлса, ўзларига нима керак?
Волдирев унга илтимосини айтди. Амалдор жонланиб, гўё шамолдай елиб кетди. У справкани ёзиб узатди, қарордан копия беришни буюрди. Илтимосчига стул ҳам қўйиб берди. Бу ишларнинг ҳаммаси кўз очиб юмгунча бажарилди. Амалдор у билан ҳатто обиҳаво тўғрисида гаплашди, ҳосилнинг қандай бўлганини сўради. Волдирев қайтиб кетаётганда уни зинапоядан пастгача кузатиб ҳам қўйди. Унга хушомадгўйлик билан табассум қилиб, қандай иш буюрса, қуллуқ қилиб, бажаришга ўзини тайёрдек кўрсатди. Волдирев негадир ноқулай аҳволга тушди, ийиб кетганидан чўнтагидан дарров бир сўмлик қоғозни олиб, амалдорга узатди. Амалдор эса, табассум билан таъзим қилди ва худди найрангбоз сингари, пулни шундай тез олдики, пул ҳавода йилт этиб кўриниб қолди.
— «Ҳе, сатқаи одам…» — деб ўйлади помешчик кўчага чиқиб» тўхтаб, рўмолча билан пешонасини артди.
С.Иброҳимов таржимаси