Кечаси соат ўн иккилар эди.
Митя Кулдаров ниҳоятда ҳаяжонланган бир ҳолда ота-онасиникига ҳовлиқиб кириб қолди-да, уйма-уй югура бошлади. Отаси билан онаси уйқуга ётмоқчи бўлиб туришган, синглиси кўрпага кириб, ўқиётган романни туширай деб қолган, гимназияда ўқувчи укалари ухлаб қолган эди.
— Ҳа, қаерда эдинг? — дейишди ота билан она ҳайрон қолиб. — Сенга нима бўлди ўзи?
— Эҳ, асти сўраманглар! Мен ҳеч ҳам бундай бўлар деб ўйламаган эдим! Йўқ, сира ақлимга келмаган эди! Бу… бу етти ухлаб тушимга кирмаган эди.
Митя хахолаб кулди-да, бахтиёрликдан мадори қочгаи одам сингари, ўзини креслога ташлади.
— Йўға, одам боласи ишонмайди бунга! Сизларга айтиб берсам ишонмайсизлар ҳам! Мана, ўзларинг бир қаранглар!
Синглиси кроватьдап лип этиб тушди-да, кўрпа ёпнниб, акасининг олдига келди. Гимназист укалари ҳам уйғонди.
— Сенга бир нима бўлдими ўзи? Рангинг мунча оппоқ оқариб кетган?
— Суюнганимдан, ойи, суюнганимдан! Ахир, мени энди бутун Россия билади, ҳазил гап эмас бу! Бутун Россия-я! Шу маҳалгача дунёда Дмитрий Кулдаров деган коллегия регистратори борлигини фақат сизлар билардингизлар, эндиликда мени бутун Россия билади, бутун Россия! Ойижон! Оҳ, тангрим!
Митя жойидан ирғиб турди-да, уйларни бир айланиб чиқиб, яна келиб ўтирди.
— Ҳа нима бўлди ўзи? Одамларга ўхшаб гапирсанг-чи ахир!
— Сизлар худди ёввойи одамларга ўхшаб яшайсизлар, газета ўқимайсизлар, ёзилганларга эътибор бермайсизлар, газеталарда шунақанги ажойиб хабарлар босиладики, асти қўяверларинг! Бирон воқеа рўй бердими, бўлди, дарров ҳаммага аён, газетадан ҳечнарсани яшириб бўлмайди. Ҳозир бутун дунёда мендан бахтиёр одам йўқ! Оҳ, тангрим! Ахир, шу маҳалгача фақат машҳур ва маълум одамларни газеталарга ёзишар эди, энди мени ҳам газетага ёзишипти!
— А, нима? Қани? Отасининг ранги оқариб кетди. Онаси бурчакдаги бутга қараб, бир чўқиниб олди. Гимназист укалари ўринларидан ирғиб туриб акалари олдига кўйлакчан келишди.
— Ҳа-да! Мени газетага ёзишган! Энди мени бутун Россия танийдиган бўлди! Ойи, бу газетани эсдалик учун беркитиб қўйинг. Кейин ўқиб юрамиз. Мана, қаранглар!
Митя чўнтагидан газета чиқариб отасига узатди-да, кўк қалам билан чизиб қўйилган жойни бармоғи билан кўрсатди.
— Ўқинглар!
Отаси кўзига ойнак тақди.
— Тезроқ ўқий қолсангизчи!
Онаси яна бурчакдаги санамга қаради-да, яна чўқинди. Отаси томоғини қириб ўқий бошлади:
«29 декабрь кечқурун соат ўн бирда коллегия регистратори Дмитрий Кулдаров…
— Ана, кўрдингизми? Уёғини ўқинг!
…коллегия регистратори Дмитрий Кулдаров Маля Бронная кўчасидаги Козихин деганнинг уйида жойлашган қовоқхонадан чиқатуриб, маст ҳолда…
— Семён Петрович билан ичишган эдик… Барисини ёзган-а, зиғирча ҳам қолдирмаган! Уёғини ўқинг, уёғини!
…маст ҳолда тийғониб кетиб, Юхнов уезди, Дуркино қишлоқлик Иван Дротов деган деҳқон чанасининг оти тагига йиқилган. От ҳуркиб кетиб, Кулдаровнинг устидан сакраб ўтганда, Москвали иккинчи даража савдогар Степан Луков тушган чанани унинг устидан судраб ўтиб, кўчадан чоптириб кетган, отни қоровуллар ушлаб қолишган. Ҳушидан кетган Кулдаров полиция маҳкамасига элтиб қўйилди ва доктор кўригидан ўтказилди. Зарба елкасига келиб теккан экан…
— Шоти елкамга келиб урганди! Уёғини ўқинг! …аммо унча шикаст емаган. Рўй берган ҳодиса ҳақида протокол ёзилди. От тагида қолганга тиббий ёрдам кўрсатилди»…
— Елкангга латта ҳўллаб бос дейишди. Ана, ўқидингизми? А? Мана, биз шунақа одам бўламиз! Энди бутун Россияга довруғим кетди! Буёққа беринг газетани!
Митя газетани тортиб олди-да, икки буклаб чўнтагига солди.
— Ҳозир Макаровларникига бориб, уларга ҳам кўрсатаман… Иваницкийларга ҳам кўрсатиш керак, Наталия Ивановнага ҳам, Анисим Васильевичга ҳам кўрсатиш керак… Мен кетдим, хайр!
Митя кокарда қадалган фуражкасини бошига қўндирди-да, севинган ва гердайган ҳолда, уйдан югуриб чиқиб кетди.
О. Раҳимий таржимаси