— Павел Васильич! — деб Пелагея Ивановна эрини уйғотади. — Ҳой, Павел Васильич! Бориб Степага қарашиб юборсанг бўларди, китоби устида йиғлаб ўтирипти. Яна бирон ерига тушунмаётганга ўхшайди!
Павел Васильич ўрнидан туради-да, эснаб очилган оғзини чўқинтиради ва мулойим товуш билан:
— Ҳозир, жонгинам! — дейди.
Унинг ёнида ухлаб ётган мушук ҳам туради, думини чўзиб, белини камалак қилади, кўзлари қисилади. Ҳамма ёқ жимжит… Фақат деворга ёпиштирилган гулдор қоғозлар орқасида сичқонлар югуришиб юрганигина эшитилади. Уйқудан бетлари тиришиб, қовоғи шишиб турган Павел Васильич, этиги ва чопонини кияди-ю, ётоқдан емакхонага чиқади; у кирганда деразадаги балиқ сардагини ҳидлаб турган бошқа бир мушук деразадан ерга сакраб тушади-да, жавон орқасига яширинади.
— Сени ҳидлаб кўр, дейишувдими! — дейди жаҳли чиқиб, балиқ устига газет қоғоз ёпатуриб. — Шундай қилган бўлсанг, мушук эмас, чўчқа экансан!..
Болалар бўлмасига емакхонадан кирилади. Ҳамма ёғи доғ бўлиб, ўйилиб-тимдаланиб кетган стол орқасида гимназиянинг иккинчи синф ўқувчиси Степа ўтирибди — кўзлари ёш, юзида хархаша кўринади. У иягигача кўтариб олган тиззаларини қучоқлаб, хитой ларзон гулига ўхшаш чайқалиб, ҳисоб масалалари китобига жаҳл билан тикилиб ўтиради.
Павел Васильич стол ёнига ўтвдради-да, эснаб туриб:
— Ўқияпсанми? — деб сўрайди. — Ишлар шунақа, оғайни… Ўйнадик-кулдик, боплаб уйқуни урдик, чалпакни ҳам хўп туширдик, мана энди эртага нон қоқисини еймиз, тавбамизга таянамиз-у, ишга қараб югурамиз. Ҳар қандай вақтнинг чегараси, палласи бўлади. Хўш, кўзинг ёшли, йиғладингми? Ёдлаш жонингга теккан дейман, а? Ҳа, ширингина чалпакдан кейин илм меъдага ёқмас эканда, а? Шунақага ўхшаб қолди.
— Ҳой, бола бечорани мазах қилиб нима қиласан? — деб Пелагея Ивановна нариги уйдан қичқиради. — Мазах килгунча, кўрсатиб берсангчи! Шўрим курсин, эртага яна бир олиб келади!
Павел Васильич Степадан:
— Нимасига тушунмаяпсан? — деб сўрайди.
— Манави… касрни бўлишга! — дейди бола, зарда қилиб. — Касрни касрга бўлишга…
— Ҳим… вой тентаг-ей! Шунга-я? Бунинг нимасига тушунмайсан? Қоидасини қойилча қилиб ёдлаб олсанг — олам гулистон-да, оғайни… Каерни касрга бўлиш учун, яъни масалан шу мақсадга эришиш учун биринчи касрнинг суратини иккинчи касрнинг махражига кўпайтирасан, вассалом… ана шу ҳосилнинг сурати бўлади… Хўш, сўнгра биринчи касрнинг махражини…
Сиз айтмасангиз ҳам буни ўзим яхши биламан! — деб Степа унинг сўзини бўлади-да, столда ётган ёнғоқ пўчоғини чертиб юборади. — Менга исботини айтиб беринг!
— Исботиними? Хўп, айтиб бераман. Бўлмаса қалам бер. Қулоқ сол. Масалан, саккиздан еттини бешдан иккига бўлиш керак бўлиб қолди. Шундайми? Бунда ҳамма бир, оғайни, касрларни бир-бирига бўлишда… Самовар қўйилганми?
— Билмадим.
— Чой вақти ҳам бўлиб қолди-да… Соат еттидан ошди… Хўп, энди қулоқ сол. Бўлмаса, бундай деб фараз қилайлию масалан, саккиздан еттини бешдан иккига эмас, иккига бўлиш керак, деяйлик, яъни фақат суратга бўлдик. Қанча чиқди?
— Ўн олтидан етти.
— Балли, азамат. Гапнинг пўскалласи шундаки, оғайни, агар биз… яъни масалан, ана шуни иккига бўлсак, V ҳолда… Шошма, ўзим ҳам адашиб қолдим. Шу топда бир нарса эсимга тушиб кетди: бизнинг гимназияда Сигизмунд Урбанич деган ҳисоб ўқитувчиси бор эди, поляклардан. Бояқиш ҳар дарсда адашиб қолаверарди. Теоремани исбот қила бошларди-ю, бирдан адашиб қолиб, қип-қизариб кетарди; кейин, орқасига худди биров бигиз санчиб олгандай, синфда у ёқдан бу ёққа югуриб юрарди, бурнини беш-олти марта қоқиб олиб, кейин йиғлашга ўтирарди. Биз бўлса, ўзимизни сезмаганга соламиз, — қулинг ўргилсин деган болалар эдик-да. Ҳа, «нима бўлди, Сигизмунд Урбанич? Тишингиз оғрияптими?» деб сўрардик. Нимасини айтасан, оғайни, синфдаги болаларнинг ҳаммаси ҳам шумтака, калла кесар болалар эди-да. Шундай бўлса ҳам, оғайни, олижанобликни қўлдан бермасидик! Менинг ёшлик вақтимда сенга ўхшаган чурвақалар йўқ эди, ҳаммаси ҳам бири-биридан зўр, сўтак, новча болалар эди. Мен сенга айтсам, оғайни, гимназиямизнинг учинчи синфида Мамахин деган бола ўқирди. Ё наузамбилло, тўнканинг ўзи эди-я! Биласанми, сўтакнинг бўйи бир сажен, юрса ер ларзага келарди, муштини кўрсанг — гурзими дейсан, орқанга бир мушт туширса борми — жонинг ҳиқилдоғингдан чиқиб кетади! Биз тугул, ўқитувчилар ҳам қўрқишарди ундан! Ана шу Мамахин деганимиз гоҳида…
Эшик орқасидан Пелагея Ивановнанинг оёқ товуши эшитилади. Павел Васильич эшик томонга имо қилиб пичирлайди:
— Онанг келяпти. Кел, дарсни қилайлик. Шундай қилиб, оғайни, — деб у овозини баланд кўтариб гапиради, — мана бу касрни мана бунисига кўпайтириш керак. Хўш, бунинг учун биринчи касрнинг суратини икк…
— Чиқиб чой ичинглар! — деб Пелагея Ивановна қичқиради.
Павел Васильич билан ўғли, ҳисобни йиғиштириб қўйиб, чой ичгани чиқади. Емакхонада эса Пелагея Ивановна, унинг ёнида индамас бир холаси, яна бир гунг холаси ва Степани туғдирган энага Марковна буви ўтирибди. Самовар буғ чиқариб, вишиллаб туради, ундан буралиб чиқаётган буғ шипга тўлқинли, ҳайбатли соялар туширади. Ухлайвериб лаллайиб қолган мушуклар даҳлиздан думларини гажжак қилиб кириб келадилар. ..
— Мураббо билан ич, Марковна, — дейди Пелагея Ивановна, энагага қараб, — эртага рўза, бугун тўйиб ол.
Марковна қошиқни тўлдириб мураббо олади, уни, худди порохдай, ҳадиксираб оғзига келтиради-да, Павел Васильичга қия боқиб қўйиб, оғзига солади; еб туриб, худди ана шу мураббодай ширин кулимсирайди.
— Мураббо бирам ширин бўптики, — дейди у. — Онажоним Пелагея Ивановна, ўзингиз пиширдингизми-я, айлана қолай?
— Ўзим. Бўлмаса кмм пиширади? Ҳаммасини ўзим қиламан. Степажон, сенга чойни совуқроқ қуймабманми? Вой, ичиб бўпсан-ку! Кел, жонимни қоқай, яна қуйиб берай.
— Шундай қилиб, оғайни, ана шу Мамахин, — деб Павел Васильич Степага қараб олиб сўзини давом этдиради, — француз тили ўқитувчисини жини ёқтирмасди. «Мен дворянман, французнинг менга катталик қилишига чидаб туролмайман! Ўн иккинчи йилда французларни биз дўппаслаганмиз-а!» деб бақирарди. Шу гапи учун ўзини ҳам хўп калтаклашарди… Жуда қаттиқ калтаклашар эди! У-чи, калтаклашмоқчи бўлиб турганларини фаҳмлаб қолдими — бўлди, ҳайт деб деразадан ташларди-ю, қо-очарди, ке-етарди! Ана шундан кейин беш олти кунгача гимназияга қорасини кўрсатмасди. Онаси директорнинг олдига келиб, худонинг зорини қилади: «Директор жаноблари, худо хайрингизни берсин, Мишкамни топиб ўлгудай таёқланг, йигит ўлгурни!» дейди. Директор бўлса: «Ҳай-ҳай, бегойим, болакайингизга бир мен эмас, бешта қоровул ҳам бас келолмайди-ю!» дейди.
Пелагея Ивановна юраги чиққудай бўлиб эрига қарайди-да:
— Вой худо-ей, шунақаям худо урган бола бўладимия! Онасининг шўри-да! — дейди.
Орага жимлик тушади. Степа қаттиқ эснаб, ўзи чойдонда минг марта кўрган хитой суратини томоша қилади. Иккала холаси билан Марковна ликопчада секин-секин чой ҳўплайди. Ҳаво қимир этмайди, печка иссиғидан дим… Ҳамманинг юзида танбаллик нишоналари бор, қоринлари қаппайиб кетганидан қимирлашга эринадилар. Шундай бўлса ҳам овқат ейиш керак! Самовар, пиёлалар, дастурхон йиғиштириб олинади, аммо одамлар стол атрофида қолаверади… Пелагея Ивановнани ваҳима босиб, бирдан ўрнидан туради-да, кечки овқат тўғрисида гаплашгани ошпаз хотин олдига чопиб чиқиб кетади. Иккови холаси ҳам аввалги алпозда: қўлларини кўкракларида қовуштириб, қимир этмай, қўрғошинга ўхшаб қолгаи кўзларини чироққа тикиб олиб, мудраб ўтиради. Марковнани ҳар минутда ҳиқичоқ тутади, у нуқул:
— Нимага ҳиқичоқ тутар экан, унақа нарсаларни еганим йўғиди шекилли… Ичганим йўқ… Ҳиқ. — дейди.
Павел Васильич билан Степа, бошларини бир-бирига тегизиб, ёнма-ён ўтиришади, стол устига энгашиб олиб, 1878 йилда чиққан «Нива» журналини кўришади.
— «Миланда Виктор Эмануил галлереяси олдига ўрнатилган Леонардо да Винчи ҳайкали». Вой-вўй… Бамисоли ғалаба дарвозаси-я!.. Сарвоз ойими билан… Ҳо узоқдаги кичкина одамларни қара…
— Анови кичкина одам бизнинг гимназияда ўқувчи Нискубинга ўхшар экан, — дейди Степа.
— Варақла у ёғини… «Оддий пашшанинг микроскопда кўринган оғзи». Ана оғиз-у! Қандингни уре, пашшавой! Борди-ю, қандалани микроскопга солиб қаралса қандай бўларкан-а, оғайни? Сасиб кетар баччаталоқ!
Залдаги қадимий соат занг уради-ю, шамоллаб қолгандай хириллаб, ўн марта йўталади. Емакхонага ошпаз хотин Анна киради-да, гуп этиб, ўзини хўжайиннинг оёғига ташлайди!
— Ҳазрати Исо алаҳиссаломнинг юзи хотири учун гуноҳларимни кечиринг, Павел Васильич! — дейди у, ўрнидан қип-қизариб туриб.
— Сен ҳам ҳазрати Исо алаҳиссаломнинг юзи хотири учун гуноҳларимни кечир, — деб Павел Васильич парвосизгина жавоб беради.
Анна оиланинг бошқа аъзолари олдига ҳам ана шу тартибда боради, — оёқларига йиқилиб, гуноҳларини ўтишларини сўрайди. Фақат Марковнани орада қолдириб кетади, чунки уни аслзода бўлмагани учун таъзимга лойиқ кўрмайди.
Жимлик ва хотиржамлик ичида яна ярим соатча вақт ўтади… «Нива» энди диванга улоқтирилган, Павел Васильич эса, бармоғинм бигиз қилиб, болалик чоғларида ўрганиб олган бир лотинча шеърни ёддан ўқийди. Степа унинг никоҳ узуги тақилган бармоғига тикилиб олиб, ўзи тушунмаган тилга қулоқ солади, уни мудроқ босади: мушти билан кўзларини уқалайди, кўзлари бўлса яна беш бадтар юмилиб кетади.
— Кириб ухлайман… — дейди у керишиб, эснаб туриб.
— Нима, нима? Ухлайман? — деб сўрайди Пелагея Ивановна. — Рўзага оғиз ёпмай, а?
— Мен хоҳламайман.
— Нима бало, эсингни еб қўйганмисан? — дейди онаси қўрқиб. Оғиз ёпмай бўлармишми? Рўза тугамагунча тақиқ қилинган овқатни кўрмайсан энди, болам!
Павел Васильич ҳам қўрқиб кетади.
— Ҳа, ҳа, шунақа, оғайни, — дейди у ҳам. — Тақиқ қилинган овқатни етти ҳафтагача бермайди онанг. Тўғри келмайди, оғизни ёпиб олиш керак.
— Боре, уйқум келяпти! — дейди Степа, инжиқлик қилиб.
— Бўлмаса, дарров дастурхон тузанглар! — деб Павел Васильич хавотирланиб қичқиради. — Анна, нимага анқайиб турибсан, аҳмоқ? Чоп, дастурхон туза!
Пелагея Ивановна қўлларини силкитади-да, худди уига ўт кетгандай ваҳим билан ошхонага югуради.
— Тезроқ! Тезроқ! — деган товуш босади бутун уйни, — Степажоннинг уйқуси кепти! Анна, вой худо-ей бу нимаси? Тезроқ бўл!
Беш минутдан сўнг дастурхон тузалади. Мушуклар, яна думларини гажжак қилиб, белларини камалак сингари букадилар-да, керишиб, емакхонага кириб келадилар… Оиланинг ҳамма аъзоси овқатга ўтиради. Ҳеч кимнинг овқат егиси келмайди, ҳамманинг ҳам қорни каппайиб кетган, нгундай бўлса ҳам овқат ейиш керак!
Мирзакалон Исмоилий таржимаси