Петр Павлович Посудин киракаш извошга тушиб, ҳечким билмасин учун аллақандай пастқам йўллардан юриб, Н. деган шаҳарга шошилмоқда. У яқинда ўша шаҳардан имзосиз бир хат олган, унинг шошилганининг сабаби ҳам хатда айтилган гапларни тезроқ текшириб чиқиш эди.
«Томдан тараша тушгандай босиб бораман… — деб ширин хаёл суриб боради у, юзини мўйнали ёқасига беркитиб. — Аблаҳлар қилғиликни қилиб, энди ҳеч кимса билмайди, деб суюниб юришгандир… Хе-хе хе… Уларнинг устига бостириб бориб, «қани, гуноҳкор Тяпкин-Ляпкин буёққа чақирилсин!» дейман. Ана тамоша-ю, мана тамоша! Ҳе-ҳе-ҳе!»
Ширин хаёлларга тўйгач, Посудин извошчи билан суҳбатлашди. Шуҳратпараст одам бўлганидан у энг аввал ўзи тўғрисида гап сўради:
— Сен Посудинни танийсанми?
— Нега танимайлик, — деди извошчи кулиб, — таниймиз!
— Нега куласан бўлмаса?
— Ажаб гапларни гапирасиз-а! Шаҳардаги ҳамма мирзаларни таниймиз-ку, Посудинни танимайликми? Уни ҳамма танисин, деб шу ишга қўйишганда!
— Рост айтасан… Хўш, қалай? Сенингча қанақа одам у? Тузук одамми?
— Ёмон эмас… — деди извошчи, эснаб. — У киши дуруст, ўз ишини биладиган одам… Бу ерга келганига ҳали икки йил ҳам бўлгани йўқ, аммо кўп ишлар қилиб қўйди.
— Нима иш экан у?
— Кўп ишларни қилди, отасига раҳмат. Темир йўл қурдирди, бизнинг уездимиздаги Хохрюковни ишдан бўшаттирди… Хохрюков жуда ҳаддан ошиб кетган эди… Ўзиям жуда муттаҳам, иғвогар одам эди, ҳамма катталар уни қўллар эди. Посудин келди-ю, Хохрюковнинг уйи куйди, даф бўлди, кўрмагандай бўлдик… Мана шунақа оғайни! Посудинни минг пора берсанг ҳам илинтира олмайсан, унақа одаммас. Хоҳ юз сўм пора бер, хоҳ минг сўм бер, барибир олмайди, ҳаромга юрмайди… Сира!
«Хайрият-е, менинг ҳам яхши томонларимни билишар экан, — деб ўйлади Посудин хурсанд бўлиб. — Ёмон эмас».
— Жуда билимдон одам у киши… — деб давом этди извошчи. — Камтарин одам… Бир куни бизникилар унга арз қилиб боришган эди, у худди бообрў одамларни кутгандай кутипти, қўлларини қисиб кўришиб, «қани, қани, ўтиринглар…» депти… Жуда ўткир одам-да. Гапига тушунмайсан, бидир-бидир қилаверади! Юриши ҳам шунақа: одамларга ўхшаб секин-аста юриш йўқ: югургани югурган. Бизникиларга оғиз ҳам очирмапти, дарров: «Извошни қўш!» деб буюрипти-да, дам ўтмай буерга етиб кепти. Келган заҳотиёқ бутун ишми битқизди-қўйди… Бир тийин ҳам олгани йўқ. Илгаригисидан ўлса ўлиги ортиқ! Бир томондан қараганда олдингиси ҳам чакки одам эмас эди. Басавлат, улуғвор одам эди. Бутун губернада унинг овозидан ўткир овоз йўқ эди… Агар бирёққа кетаётган бўлса, ўн чақирим наридан овози эшитилиб турарди. Ташқи томони ёки ички ишларини суриштирсангиз — буниси эпчил. Янгисининг мияси минг марта ўткир. Аммо битта ёмон томони бор… Ўзи яхши одам-у, лекин жуда кўп ичади, арақхўр!
«Ана холос!» деб ўйлади Посудин.
— Менинг… унинг кўп ичишини қаердан биласан? — деб сўради у.
— Мен-ку унинг ичиб маст бўлиб юрганини ўз кўзим билан кўрганим йўқ, ёлғон айтишнинг нима кераги бор? Одамлар айтишади-да! Одамлар ҳам унинг мастлигини кўришмаган, аммо арақхўр дегани рост… Одамлар олдида ёки меҳмонга борса, ё балда бўлса, жамоат ўртасида бир қултум ҳам оғзига олмайди. Аммо уйида сувдек ичади… Эрталаб уйқудан кўзини очар-очмас арақ буюради, хизматчи бир стакан арақ келтирса, яна келтир дейди… Эртадан кечгача ичгани ичган. Ҳайронман, шунча ичади-ю, ҳеч маст бўлмайди. Ўзини тутабилса керак-да!
Илгарилар Хохрюков арақ ичабошласа, одамлар уёқда турсин, ҳатто итлар увилларди. Посудинчи! Посудиннинг бурни ҳам қизармайди! Кабинетини беркитиб олади-да, арақдан бош кўтармайди! Биров кўриб қолмасин деб, столининг ичига бир яшик ясаттирипти, у яшикдан кичкина найча чиқиб турар экан. Қачон ксрак бўлса яшикда арақ… Энгашиб найчадан сўрдими, бўлди, кайфи тароқ… Извошда ҳам олиб юраркан… портфелида ҳам…
«Қаердан билишади бу нарсаларни? — деб қўрқиб кетди Посудии. — Ҳатто бу ҳам ошкора бўпти-я! Шунчалик бемазалик».
— Хотинларга пашшахўрда бўлишини айтмайсизми? Вой баччағарей! (Извошчи кулиб, бош чайқади). Гуноҳдан қўрқмайди-я… Ўзининг ҳам ўнтача ўйнаши бордир… Иккитасини ўз уйида олиб туради. Настасья Ивановна дегани бутун ўй ичини бошқаради, иккинчиси, хах оти нимайди, ҳа Людмила Семёновнасини котиб қилиб қўйган… Аммо ҳаммасидан Настасьянинг сўзи ўтади. Айтганини қилдиради, ҳукми баланд-да. Ҳамма Посудиндан эмас, ўшандан қўрқади… Вой товба-ей! Яна бир ўйнаши бўлса Качальная деган кўчада туради… Уятсиз аблаҳ!
«Ҳатто уларни номма-ном билади-я! — деб ўйлади Посудин, қизариб-бўзариб. — Тағин, ким денг, бир умр шаҳарга бормайдиган мужик, аравакаш-а! Қандай пастлик бу! Аблаҳлик! Бемазалик!»
— Бу гапларни қаердан биласан? — деб сўради у, жаҳл билан.
— Одамлардан-да, кимдан бўларди…. Ўзим-ку, кўрганим йўқ. Одамлардан эшитаман… Билишим қийин дейсизми? Хизматчининг ёки кучернинг тилини қирқиб бўлмайди. Настасьяси ҳам кўча-кўйларча мақтаниб юради. Эл оғзига элак тутиб бўладими… Посудин яқинда янги қилиқ чиқарипти: ҳечкимга билдирмасдан текширишга борадиган бўпти. Илгаригиси бир ерга бормоқчи бўлса бир ой олдин хабар бериб қўярди. Йўлга чиқса — шунча шовқин, шунча тўполон, ғовға солардики, асло қўяверинг! Олдида, кетида, атрофида чопарлар от қўйиб боришарди. Манзилига етиб бориб, роса ухлаб оларди, ўлгундек ичарди, ерди-да, кейин бақиргани бақирган эди. Томоғи бўғилгунча бақириб, ер тепиниб бўлиб, уйқуга тўйиб олиб, яна тантанаю-дабдаба билан қайтиб кетарди… Буниси бўлса бирон гап эшитиб қолса, ҳечкимга билдирмай, эшитдирмай, секин-аста боради… Қиз-зиқ-да! Амалдорларга билдирмай уйдан чиқади-да, машинага ўтиради. Ўзига керак жойга бориб тушади-да, киракаш извош ёки тузукроқ арава кира қилиш қаёқда! Мужик аравасига тушиб олади. Хотинларга ўхшаб афти-башарасини ўраб, бора боргунча қари ит сингари, хириллаб гапиради, чунки овозини қўйиб гапирса одамлар билиб қолар эмиш. Одамлар гапириб бераберса кула-кула ичагинг узилади. У аҳмоқ мени ҳечким таниёлмайди, деб бемалол кетаверади. Биладиган одамга уни таниб олиш бирпаслик иш.
— Қандай қилиб таниб олишади?
— Бундан осони йўқ! Илгарилари Хохрюковнинг ҳеч кимга билдирмай сафар қилишини унинг қўли оғирлигидан билар эдик; аравада ўтирган одам извошчининг лунжига туширдими, Хохрюков деяберинг. Посудинни дарров таниб олиш мумкин. Содда пассажир — ўзини содда тутади. Посудин ҳеч соддаликка риоя қиладиган одам эмас. Почта бекатига етиб келишиданоқ қиладиганини қилади!… Уй ичи сассиқ эмиш, дим эмиш, совуқ эмиш… Жўжа қовуриб келтир дейди, мева келтир, турли мурабболар келтир дейди… Кимки қиш фаслида жўжа билан мева талаб қилса — Посудин бўлади, буни бекатда ҳамма билади. Кимда ким бекат назоратчисини «азизим» деса ва одамларга бўлган-бўлмаган ишларни буюраверса — Посудин деяверинг. Унинг ҳиди ҳам одамларникига ўхшамайди, уйқуга ётиши ҳам бошқача… Бекатга келиб диванга ётади-да, атрофига атир сепади, ёстиғининг ёнига учта шам ёқиб қўйишни буюради. Ҳар хил қоғозларни ўқиб ётади… Унинг Посудинлигини назоратчи уёқда турсин, ҳатто мушук ҳам фаҳмлай олади…
«Рост, рост… — деб ўйлади Посудин. — Нега буни олдин билмаган эканман!»
— Биладиган одам жўжасиз ҳам, мевасиз ҳам унинг кимлигини билиб олади. Телеграф айтади… Афти башарангни хоҳ беркит, хоҳ беркитма, барибир, кимлигингни билишади. Келишингни кутишади. Посудин ҳали уйдан йўлга чиқмасдан, буерда ҳамма нарса тахт туради. У бостириб бораман, судга бергизаман, амалдан бекор қиламан деб елиб-югуриб келади-ю, аммо жиноятчилар уни масхара қилиб кулишади. Ҳеч кимга билдирмай келдим дейсан жаноби олийлари, қани, топчи гуноҳимизни, дейишади. У қуруқдан қуруқ қайтиб кетаверади… Тағин мақтаб ҳам қўяди, қўлларини сиқади, безовта қилгани учун афв сўрайди… Шунақа, оғайни! Сен нима деб ўйлардинг?
Иш шунақа, жаноби олийлари! Бу ернинг одамлари шунақа айёр бўладики, бир-биридан ўткир. Ҳавасинг келади! Ҳеч бўлмаса мана шу бугунги воқеани олинг… Эрта билан извош ҳайдаб кетаётсам, етанция томонидан жуҳуд буфетчи извош чоптириб келмоқда. «Йўл бўлсин, жуҳуд афандим?» деб сўрадим, у «Н. шаҳрига вино билан закуска олиб кетаётирман. У ерга бугун Посудин келармиш» деб жавоб берди. Мана, кўрдингизми. Посудиннинг ўзи шаҳарга энди отланаётгандир, ҳечким танимасин деб юзу кўзларини ўраб турган бўлсп-ю, кетаётганлигимни ҳечким билмайди, деб ўйласа-ю, унга атаб вино, балиқ, ҳар-хил закускалар тайёр турса… у бўлса «Кунингиз битди, аблаҳлар!» деб йўлда кетмоқда. Аблаҳлар эса пинакларини бузишмайди. Келса келаверсин! Уларнинг бутун жиноятлари аллақачонлар беркитилган!
— Қайт орқангга! — деб бақирди Посудин бўғилиб, — аравани бур, ҳайвон!
Ҳайрон қолган извошчи аравасини орқага қайтарди.
О.Раҳимий таржимаси