(Провинция ҳаётидан)
№ 1032
Циркуляр
Ушбу сентябрь ойининг 22-нчи куни соат 10 да ой тутилиши содир бўлади. Бу янглиғ табиат ҳодисалари айб иш эмас, балки ибратдир. Шу хусусдаким, ҳатто сайёралар ҳам аксари табиат қонунларига итоат қиладилар ва бинобарин рағбатлантирмоқлик важҳидан сизга, сиз жанобларга таклиф қиламанким, шу кеча ўз участкангизга қарашли кўчаларнинг фанорларини ёқиб қўймоқлик хусусида амр-фармон қилингки, тунги қоронғилик арбобларга ҳамда фуқарога ушбу ҳодисани кузатмоқликка монелик қилмасин ва шунингдек сиздан сўрайманки, муҳтарам зот, қатъий суратда назорат қилингки, бу хусусда кўчаларда йиғинлар, хурсандлик ҳайқириқлари содир бўлмасин ва ҳоказо. Ушбу табиат ҳодисасини мухолиф тарзда баён қилгучи кшпилар хусусида, агар шундай кимсалар бўлса мен фуқароларнипг соғлом ақл эгалари эканликларини билганим учун бундай одамлар бўлишига ишонмайман, улар тўғрисида менга маълумот бергайсиз…
Гнилодушин
Аслига тўғри: секретарь Трясунов
Сиз жаноб олийларининг 1032-нчи номерли алоқаларига шу тариқа жавоб қиламанки, менинг участкамдаги кўчаларнинг фанори йўқ эди, бинобарин ой тутилиши ҳаво тим-қоронғи бўлгани ҳолда содир бўлган эса-да, бунга қарамасдан кўп кишиларга етарлик даражада аниқ кўринди.
Умум тинчлигини ва осойишталигини бузишлик ҳамда шунингдек мухолиф баёнлар ва норозилик иборалари бўлмади, магарким, хонаки муаллим, дьяконнинг ўғли Амфилохий Бабельмандебскийни мустасно қилсак, қайсики, бир фуқаронинг ой тутилмоғининг сабаби нима деган саволига узундан-узоқ шундай баёнотлар бердиким, бу баёнот соғлом ақл тушунчасини бузмоқликка очиқдан-очиқ мойил эди. Унинг баёнотининг маънисини фаҳмламадим, зероки мазкур илм нуқтаи-назаридан изоҳлаб ўз сўзида кўп ажнабий калималар истеъмол қилди.
Укуси-Каланчевский.
Сиз жаноб олийларининг 1032-нчи номерлик алоқаларига жавобан маълум қиламанки, менга ишониб топширилган участкада ой тутилмади, аммо осмонда ой нурининг хира бўлишидан иборат бир табиат ҳодисаси кўрилдиким, шу ой тутилишими ё бошқа нарсами эканини аниқ айтаолмайман. Кўп қидириш ва текширишлардан кейин менинг участкамда учта кўча фонари борлиги маълум бўлди, қайсиким, шишасини ва ич томонларини покиза қилиниб ювилиб ёқилганда бу чоралар тегишли даражада фойда бермади, сабабики, юқорида айтилган ҳодиса, яъни ой нурининг хираланиши чироқларнинг шишалари синиқ бўлганлиги сабабли шамол ўчирган пайтда, демакким, чироқлар сиз жаноблари зикр қилган қоронғилиқни ёритолмаган пайтда воқе бўлди. Йиғинлар бўлгани йўқ, чунки Земская управанинг мирзаси Иван Авелевдан бошқа ҳамма фуқаро ухлаган, қайсики мазкур Иван Авелев девор устида ўтириб, ҳовучини дурбин қилиб, қоронғилиққа қараб кулиб, ундай деб тушунса ҳам бўладиган, бундай деб тушунса ҳам бўладиган сўзларни айтдн, яъни, «Менга деса ой мутлақ бўлмасин эди… Тфу!» деди. Бу сўзларининг ақлсизлик экани менинг тарафимдан айтилганда, у беодоблик билан: «Сен нега ойнинг тарафинн оласан? Ҳайит куни уни ҳам қутлагани борганмисан?» деди. Шу билан бирга авом халқининг ҳақорати мазмунидаги аҳлоқсиз иборалар айтдиким, сиз жанобларига маълум қиламан.
Глоталов,
Аслига тўғри деб — Талоғи йуқ одам.
Абдулла Қаҳҳор таржимаси