Ҳарбий прогимназиянинг ўқитувчиси, коллежский регистратор Лев Пустяков дўсти поручик Леденцовнинг ёнидаги хонада истиқомат қиларди. Янги йил куни эрталаб у худди шу Леденцовникига қадам ранжида қилди.
— Биласанми Гриша, — деди у поручикка одатдагича янги йил билан табриклагандан кейин. — Агар бир ноилож ҳолга тушиб қолмаганимда сени ҳам безовта қилмоқчи эмасдим. Бир кунга Станиславингни бериб турсанг. Бугун савдогар Спичкинникига зиёфатга бормоқчиман. У аблаҳни ўзинг биласан, орденни жуда яхши кўради; агар бўйнида ёки кўкрагида бирон нарса осилиб турмаган одамни аблаҳ дейишдан ҳам тоймайди… Унинг устига иккита қизи бор… Танийсан-ку Настя билан Зинани… Тушундингми азиз дўстим… Сени дўстим деб айтаяпман… Берақол, бир яхшилик қил!
Пустяков бу сўзларни қизариниб, тутила-тутила айтаркан, хавотирланиб эшикка қараб-қараб қўярди. Поручик олдин жеркиб ташласа ҳам, кейин кўнди.
Кундуз соат иккида Пустяков извошга тушиб Спичкинникига кетаркан, пўстинининг ёқасини сал очиб, кўкрагига тикилиб борарди, биров Станиславининг зарҳали ялтирар, эмали товланар эди.
Пустяков совуқдан увушиб, ўйлаб борар эди:
«Кишини нақадар олижаноб кўрсатади! Кўп бўлса беш сўмликкина нарса-ю, кишини шунчалик серсавлат қилади-я».
Спичкиннинг ҳовлисига етгандан кейин, пўстинини кўкраги кўринарли қилиб очиб, извошчига шошилмасдан пул тўлай бошлади. Назарида извошчи унинг тугмалари, погонлари ва Станиславини кўриб оғзи очилиб қолгандай бўлди. Пустяков мағрурона йўталиб олиб, уйга кирди. Даҳлизда пўстинини еча туриб залга қаради. Ичкаридаги узун стол атрофида ўтирган ўн беш чоғлик киши овқатланмоқда эди. Одамларнинг ғовур-ғувури, идиш-товоқларнинг тақир-туқури эшитилиб турарди.
— Ким у? — деган овози эшитилди мезбоннинг. — Ия, Лев Николаич-ку! Қани, марҳамат, киринг. Бироз кечикдингиз, ҳеч қиси йўқ. Энди ўтирган эдик.
Пустяков кўкрагини кериб, бошини юқорига кўтарганча қўлларини бир-бирига ишқаб залга кирди. Бироқ кайфи учиб кетди. Зинанинг ёнида ўзи билан бирга ишлайдиган француз тили ўқитувчиси Трамблян ўтирар эди. Француз орденни кўриб қолса қанча гап-сўз, шармандалик… Бутун обрў бир пул бўлади… Бирдан унинг бошига орденни узиб ташлаш ёки қайтиб чиқиб кетиш фикри келди. Лекин орден пухта чатиб қўйилган, чиқиб кетишнинг ҳам энди иложи йўқ эди. Дарров ўнг қўли билан орденни бекитди, бироз қаддини букиб, ўнғайсизланиброқ ҳаммага таъзим қилди ва ҳеч кимга қўл бериб кўришмай бўшашганича худди ўша француз рўпарасидаги бўш стулга ўтирди.
«Кайфи бўлса керак!» деб ўйлади Спичкин унинг изза бўлган юзини кўриб.
Пустяковнинг олдига бир тарелка шўрва келтириб қўйишди, у чап қўли билан қошиқни олди-ю, лекин шундай казо-казолар олдида чап қўллаб овқат еб бўлмаслигини эслаб, овқат еганини, қорни тўқлигини важ қилди.
— Қорним тўқ… Раҳмат… — деб ғўлдиради, у. — Амаким протоиерей Елеев айтдириб юборган эканлар… Шу, қўймасдан овқат едириб юбордилар.
Яхши ҳиди гуркираб турган шўрва, иштаҳани жуда қитиқлайдиган, буғ чиқариб турган димлама балиқ Пустяковнинг юрагини эзиб юборди. У чап қўли билан орденини бекитиб ўнг қўлини бўшатмоқчи бўлган эди, бўлмади.
«Сезиб қолишади… Чап қўлим кўкрагимда кўндаланг турса ашула айтмоқчи бўлаётганга ўхшаб қоламан. Э худо, зиёфат тезроқ тугай қолса-чи! Бирон ошхонага бориб овқат ердим.
Учинчи овқат тугагач у французга кўз қирини ташлади. Трамблян ҳам негадир қизарган, Пустяковга тикилганича ҳеч нарса емасдан ўтирипти. Кўз-кўзга тушганда икковлари ҳам яна қаттиқроқ хижолат тортиб, олдиларидаги бўш тарелкага қарашади.
«Сезди аблаҳ! Башарасидан кўриб турибман сезганлигини. Бу паст, яна ўлгудай майда гап. Эртагаёқ бориб директорга чақади!» деб ўйлади Пустяков.
Меҳмонлар ва мезбонлар тўртинчи овқатни еб, насиб қилган бешинчи овқатни ҳам ейишди…
Қирғий бурнининг кенг катакларини тук босган, кўз-лари қисиқдан келган новча бир жаноб ўрнидан турди. У сочларини силаб туриб хитоб қилди:
— Х-х-хўш… чунончи… шу… шу ерда ҳозир бўлган хонимларнинг гул-гул очилишлари учун кўтарайлик! — Меҳмонлар ўринларидан дув туриб қадаҳларини қўлларига олишди. Бутун хоналар бўйлаб қаттиқ «ура» садоси жаранглаб эшитилди. Хонимлар илжайишиб, қадаҳларини уриштирмоқ учун узатишди. Пустяков ҳам ўрнидан туриб, рюмкасини чап қўли билан олди.
Эркаклардан бири унга мурожаат қилиб, қадаҳда ичкилик узатди:
— Лев Николаич, сизга хизмат бўлса ҳам, шуни Настасья Львовнага узатиб юборинг. Бир илож қилиб ўша кишига ичиринг! — деди у.
Пустяковга кўп малол келган бўлса ҳам мажбуран ўнг қўлини ишга солди. Ниҳоят, лентаси ғижимланган Станислав чироқда ялтираб кетди. Ўқитувчининг ранги ўчиб, бошини эгди ва ер тагидан секингина французга қаради. У ҳайрон бўлиб Пустяковга тикилганча қолди. Сўнгра лабларида табассум пайдо бўлиб, юзидаги хижолат ва хомушлик аста тарқала бошлади…
Шу пайт уй эгаси французга шиша узатиб:
— Юлий Августович! Шуни ўша ёққа узатиб юборинг, — деб илтимос қилиб қолди.
Трамблян истар-истамас зўрға ўнг қўлини шишага узатган эди… оҳ қандай бахт! Пустяков унинг кўкрагидаги орденни кўрди. Яна унда Станиславгина эмас, бутун бошлиқ Анна экан. Демак француз ҳам муттаҳамлик қилган экан! Пустяков хурсандлигидан кулиб юборди ва стулга бемалол ялпайиб ўтириб олди… Энди орденни яширишнинг нима ҳожати бор! Иккалови ҳам бир хил гуноҳ қилибди. Энди ким бориб чақади, ким шарманда қилади. Спичкин муаллим кўкрагидаги орденни кўриб:
— Эҳе, — деб қўйди.
— Қаранг, Юлий Августович! — деди Пустяков, — жуда қизиқ иш-а! Байрамдан олдин биздан кўрсатилганлар жуда кам бўлди дейман! Бўлмаса қанча одам бор эди. Фақат сиз-у менга тегипти-да, ҳайрон қоладиган иш-а!
Трамблян суюниб кетди ва бош ирғатиб 3-даража Анна осилиб турган қайтарма ёқанинг чап томонини олдинроққа чиқарди.
Дастурхон йиғилгандан кейин Пустяков уйма-уй юриб қизларга орденни кўрсатди. Қорни оч бўлса ҳам кайфи чоғ эди.
У орден ҳақида Спичкин билан сўзлашиб турган Трамблянга рашки келиб: «Вой аттанг шунақалигини бипганимда-чи, нақ Владимирни тақиб келмасмидим, эсизгина, эсимга келмапти-да» деб ўзидан койинди.
Фақат ана шу фикр уни қийнамоқда эди. Бошқа жиҳатдан эса у ўзини бутунлай бахтиёр деб сезарди.
Зумрад таржимаси