Антон Чехов. Олтинчи палата (қисса)

 

I

Касалхона ҳовлисида кичикроқ бир иморат турибди, атрофини ўрмон сингари қирққиз, қичитқон, ёввойи наша босиб кетган. Томнинг тунукаси занглаган, мўрисининг ярми қулаб тушган, кираверишдаги зинапоя тахталари чириб, ўт босиб кетган, сувоғининг изигина қолган. Иморатнинг олди касалхонага, орқаси далага қараган, даладан уни касалхонанинг устига мих қоқилган кул ранг девори айириб туради. Ўткир учлари юқорига қараб турган шу михлар ва шу девор, шу иморатнинг ўзи ҳам, — бизда фақат касалхона ва турма биноларига хос бўлиб, — жуда бефайз ва хунук кўринарди.
Агар қичитқон ловуллатишидан қўрқмасангиз, бу иморатга тор сўқмоқ йўлдан бориб, ичидаги аҳволни кўрайлик. Биринчи эшикни очиб, даҳлизга кирамиз. Девор остида, печка ёнида касалхонанинг эски-тускилари уюлиб ётибди. Тўшаклар, илма-тешик эски чопонлар, иштонлар, кўк йўлли кўйлаклар, ҳеч нарсага ярамайдиган эски пойафзаллар, — бу чурук-чориқлар бир-бирига қоришгани ҳолда чириб, нафасни бўғадиган сассиқ ҳид чиқариб ётади.
Эски-тускиларнинг устида эса доим трубкасини тишлаб, ҳарбий хизматдан бўшаган, формасига ёпиштирилган белгиларнинг ранги ўчиб кетган кекса солдат Никита ётади. Унинг юзи озғин, қовоғи солиқ, ўсиқ қошлари ва қизил бурни чеҳрасига ёввойи овчарка қиёфасини бериб туради; ўрта бўйли, кўринишда қотма ва чайир; лекин жуссаси баҳайбат, муштлари ҳам жуда бақувват. Унинг ўзи дунёда ҳамма нарсадан кўра кўпроқ интизомга берилган, шунинг учун ҳам, одамларни уриш керак деган фикрга қаттиқ ишонадиган, нима буюрилса дарҳол бажарадиган, соддадил ва бефаҳм кишилардан бири. У, одамларни кўкраги, елкаси, юзи-кўзи демай дуч келган жойига уради ва шусиз бу ерда интизом бўлмайди деб ишонади.
Агар даҳлиз ҳисобга олинмаса ундан кейин, ҳалиги бинога, катта кенг уйга кирасиз. Уйнинг девори хира кўк рангга бўялган, мўрисиз уйдагидек шипини қурум босган — бу ерда қишда печкалардан тутун қайтиши ва ис чиқиши шубҳасиз. Ички томонидан темир панжара ўрнатилиб деразалар расво килинган. Пол бўялмаган, зирапчалари чиқиб ётибди. Уйдан ачиган карам, қора чироқ, қандала ва шиптир ҳиди келади. Бу ҳид димоғига урилган киши дастлаб йиртқич ҳайвонлар катагига киргандек бўлади.
Уйда полга михлаб қўйилган кроватлар турибди. Кроватларда эгниларига кўк халат, бошларига қадимги қалпоқ кийган одамлар ётибди, баъзилари ўтирибди. Булар — жиннилар.
Ҳаммаси бўлиб улар беш киши. Фақат биттаси киборлардан, қолганлари мешчанлар. Эшикдан кираверишдаги биринчи киши новча бўйли, озғин, йилтиллаб турган сариқ мўйловлик мешчанин бошини қўлларига тираб, йиғидан қизарган кўзларини бир нуқтага тикиб ўтирибди. У кечаю кундуз ғамгин хўрсинади ва бошини чайқаб-чайқаб қўяди, алам билан жилмаяди; суҳбатга кам қатнашади ва одатда саволга жавоб бермайди. Овқат берилса беихтиёр ейди. Тинмасдан қийналиб қисқа-қисқа йўталишига, озғинлигига ва яноқларининг яллиғлаб туришига қараганда, унда сил касали энди бошланганга ўхшайди.
Унинг нариёғида чўққи соқол, занжиларга ўхшаш қоп-қора жингалак сочлик, жуда питирак чол жойлашган. Кундузлари у, палатада деразалар орасида қатнайди ёки тўшагида чордона қуриб ўтириб, тинмасдан тўрғайга ўхшаб ҳуштак чалади, хиргойи қилади ва қиқир-қиқир кулади. У, кечалари худога сиғингани, яъни муштуми билан кўкрагига ургани ва бармоғи билан эшикни ковлагани турганида ҳам болаларча қувноқ ва питирак бўлади. Бу Моисейка деган жуҳуд, шапка тикадиган ишхонасига йигирма йилча аввал ўт тушгач, эси-ҳушидан айрилиб қолган тентак.
6-номерли палатадагилардан ёлғиз шунгагина ҳовлига, ҳатто касалхона ҳовлисидан кўчага чиқишга рухсат берилган. У, касалхонанинг қадрдон кишиси ва беозор, безиён тентаги. Аллақачонлардан буён кўчаларда уни болалар ва итлар билан қуршалган ҳолда кўришга одатланилган шаҳарнинг масхарабози бўлгани учун бундай ҳуқуқдан кўп вақтдан буён фойдаланса керак. У кўчаларда эгнига чопон, бошига ғалати қалпоқ, оёғига туфли кийиб, баъзан ялангоёқ, ҳатто иштонсиз ҳам юраверади. Эшик ва дўконлар олдида тўхтаб, бир тийин сўрайди. Бир ерда унга квас, иккинчи ерда нон, учинчи ерда бир тийин беришади. Шундай қилиб, у одатда, хонасига қорни тўйиб ва бойиб қайтади. Олиб келган нарсасининг ҳаммасиии Никита тортиб олади. Бу қилиқни солдат дағаллик билан астойдил чўнтакларини ағдариб ва худони ўртага солиб, бундан сўнг жуҳудни асло кўчага чиқармай қўйишини ва дунёда тартибсизликдан кўра ёмон кўрган иши йўқлигини айтиб, қилади.
Моисейка серманзират. Ўртоқларига сув беради, ухлаб ётган бўлсалар устларини ёпиб қўяди, кўчадан уларга бир тийиндан пул келтиришни, яна ҳаммасига биттадан янги шапка тикиб беришни ваъда қилади; сўл томонда ётган фалаж қўшнисига қошиқ билан овқат едириб қўяди. Бу ишларни у ичи ачиганидан ё бирор одамгарчилик юзасидан эмас, ўнг томонидаги қўшниси Громовга тақлид этиб, беихтиёр, унга бўйсунганидан қилади.
Иван Дмитрич Громов ўттиз уч ёшга кирган киши; ўзи киборлардан, илгари суд пристави ва губерна котиби бўлган, ҳозир биров таъқиб қилаётир деган дардга мубтало. У ғужанак бўлиб ўрнида ётади ё сайр қилаётган одамдек уйнинг у бошидан бу бошига қатнайди, жуда кам ўтиради. У, қандайдир бир номаълум нарсани кутиб, доим ҳаяжон ичида, ваҳима чангалида, диққат қилиб туради. Агар даҳлизда бирон шарпа сезса, ё ҳовлида бирон товуш эшитса бас, дарров бошини кўтаради ва: мени олиб кетгани келаётган бўлмасинлар? Мени излаётган бўлмасинлар? деб қулоқ солади. Шундай пайтда унинг юзида қаттиқ безовталик ва нафрат акс этади.
Менга унинг яноқлари чиққан, кенг, ҳамиша хомуш ва заҳил, кўп вақтлардан буён ваҳима билан курашиб, азоб чекиб келаётган қалбини ойна каби ўзида акс этдириб турган юзи жуда ёқади. Унинг юз буриштиришлари ғалати, бирон оғриқнинг натижасига ўхшайди; лекин чуқур ва ҳақиқий изтироб из ташлаган латиф чеҳрасида идрок ва закийлик аломати бор. Кўзларида ёқимтойлик, саломатлик жилваси кўринади. Унинг ўзи менга маъқул, ёқимли сермулозамат ва Никитадан бошқа ҳаммага жуда одоб билан муомала қилади. Бирор кишининг қошиғи ёки тугмаси тушиб кетса, сакраб туриб олиб беради. Ҳар куни эрталаб ўртоқларига салом беради. Ўрнига ётаркан, уларга хайрли кеч тилайди.
Диққати доимо қаттиқ ишлаб туриши ва юз буриштиришларидан ташқари, унинг жиннилиги яна шундан иборатки, баъзан у, кечқурунлар чопонга ўралиб, аъзойи бадани қалтираб, тиши-тишига тегиб такиллаб, уйнинг у бошидан бу бошига ва кроватлар орасида тез-тез юра бошлайди. Гўё уни қаттиқ безгак тутаётганга ўхшайди. Тўсатдан тўхтаб ўртоқларига қараб қолишидан қандайдир жуда муҳим гап айтмоқчи бўлганлиги билинади, лекин сўзимга қулоқ солишмайди ёки тушунишмайди, деган хаёлга боради шекиллик, чидамсизлик билан бош силкитадию, яна юраверади. Лекин тездан сўзлаш истаги барча мулоҳазалардан ғолиб келади-да, у ўзини қўйиб юбориб, қизғин ва эҳтирос билан сўзлайди. Унинг сўзлари тартибсиз, худди алаҳлашга ўхшаш қисқа-қисқа, шиддатли, баъзан тушуниб бўлмайди. Шуниси борки, сўзларида ҳам, товушида ҳам қандайдир ғоят яхши бир оҳанг бор. Сўзлаётганда унинг жиннилиги ва инсонлиги намоён бўлиб туради. Унинг телбалик сўзларини ёзиб англатиш қийин. У инсон разиллиги, ҳақиқатни бўғувчи жабр-зулм, яна вақти келиб ер юзида бўладиган гўзал ҳаёт ва ҳар дақиқа золимларнинг аҳмоқлиги ва бераҳмлигини унинг ёдига солиб турган деразалардаги темир панжаралар ҳақида сўзлайди. Унинг сўзларидан ҳали замони ўтмаган эски, тартибсиз ва қовушмаган ашулалардан тузилган қурама пьеса ҳосил бўлади.

II

Бундан 12—15 йиллар аввал, шаҳарнинг энг катта кўчаларидан бирида, ўз ҳовлисида Громов деган ўзига тўқ обрўли бир мансабдор бўлиб, унинг Сергей ва Иван деган иккита ўғли бор эди. Сергей тўртинчи курс студенти экан, сил бўлди-ю, тўсатдан ўлиб қолди. Бу ўлим эса Громов оиласи устига тўсатдан туша бошлаган бир қанча бахтсизликларнинг бошланиши бўлди. Сергейнинг вафотидан бир ҳафта кейин кекса отаси қалбаки ҳужжатлар ясагани ва ҳукуматнинг пулини еб қўйгани учун судга берилди ва шу орада тиф бўлиб, турма касалхонасида ўлди. Уйи ва бутун моллари ким ошди савдоси билан сотилиб, Иван Дмитрич билан онаси ҳеч нарсасиз қолди.
Илгари, отаси бор маҳалда, Иван Дмитрич Петербургда яшаб, университетда ўқиётган чоғида ҳар ойда уйидан келган 60—70 сўмни олиб турар, муҳтожлик нималигини билмас эди. Энди эса ҳаётини қатъий равишда ўзгартиришга тўғри келди. Арзимаган пул учун эртадан кечгача дарс бериш, хат кўчириш керак, шунга қарамай очин-тўқин қолди. Чунки топган пулининг ҳаммасини онасига юборади. Иван Дмитрич бундай турмушга дош беролмади, руҳи тушиб, кўнгли синиб, ўқишни йиғиштирди-да, уйига кетди. Бу ерда, ўз шаҳарчасида танишлари орқали уезд мактабига ўқитувчи бўлиб кирди. Лекин ўртоқлари билан чиқишолмади, ўқувчиларга ёқмади, тез кунда ишдан бўшади. Онаси ўлди. У ярим йилча ишсиз юрди, куни фақат нон-сув билан ўтди, сўнг суд пристави бўлиб ўрнашди, касаллиги учун ишдан бўшатилгунча шу жойда хизмат қилди.
У ҳеч қачон, ҳатто йигитлик, студентлик чоғида ҳам соғлом кўринмас эди. Доим ранги кетган, нимжон, салга шамоллайдиган, чипхўр, кам уйқу эди. Бир рюмка вино ичса, дарров боши айланиб, эсини йўқотиб қўяр эди. Унда одамга аралашиш майли зўр бўлса-да, ўзининг тезлиги ва бадгумонлиги туфайли ҳеч ким билан ошна бўлолмас, дўсти ҳам йўқ эди. Шаҳар халқи ҳақида таҳқир билан сўзлаб, уларнинг қўпол нодонлиги ва ғафлат босиб, ҳайвонларча яшаши менга қабиҳ ва жирканч туюлади деярди. У ингичка овоз билан қичқириб, қизишиб, доим астойдил ё нафратланиб ва жаҳли чиқиб, ё завқ билан ва таажжубланиб сўзлар эди. У билан нима ҳақда сўзлашманг, гапни шу томонга айлантирарди: шаҳар дим, киши зерикади, жамиятда юксак мақсад йўқ, ҳаётни жабр-зулм, фаҳш, олчоқлик билан турли шаклга киргизиб бемаъни кун кечиради, муттаҳамларнинг эгни бутун, қорни тўқ, виждонли одамлар очин-тўқин яшайди; жамиятга мактаб, тўғри йўлга бошловчи маҳаллий газета, театр, оммавий китобхонлик, илмий кучларнинг бир ўринга тўпланишлари зарур; жамиятнинг онги шунчалик оширилмоғи керакки, ўз нуқсини кўриб, кайфи учиб кетсин, деярди. У, одамлар ҳақида фикр юритганда қуюқ бўёқларни беради, бошқа рангларни инкор қилиб, фақат оқ билан қорадан фойдаланади; унинг фикрича инсоният муттаҳамларга ва тўғри одамларга бўлинади; ўрта хили бўлмайди. Хотин-қизлар ва муҳаббат ҳақида доим эҳтирос ва завқ билан сўзлайди-ку, аммо ўзи бирон марта ошиқ бўлмаган.
Фикрларининг кескинлиги ва ўзининг асабийлигига қарамай шаҳарликлар уни севишади, эркалатиб, орқасидан Ваня деб аташади. Унинг назокати, сермулозаматлиги, серандишалиги, гўзал ахлоқи, нимдошгина камзули, заиф кўриниши ва оилавий бахтсизлиги ҳаммаси бир бўлиб кишида унга нисбатан қандайдир раҳмдиллик уйғотади: унинг устига ўзи кўп китоб кўрган, яхшигина маълумотлик ва шаҳарликларнинг фикрича ҳамма нарсадан хабардор, гўё жонлик луғат эди.
У жуда кўп китоб ўқиган. Ҳамиша клубда ўтирар, асабий ҳолда кичкина соқолини ўйнаб китобми, журналми варақларди; юзига қараб турилса китоб ўқиётганга эмас, бир нарсани чала чайнаб ютаётганга ўхшарди. Ўқиш ҳам унинг носоғлом одатларининг бири дейиш мумкин, чунки қўлига нима тушса — бултурги газетами, календарми — бир зайилда иштиёқ билан дарҳол ўқишга тутинарди. Уйида бўлса, китобни доим ётиб ўқирди.

III

Куз кунларининг бирида эрталаб, пальто ёқасини кўтариб қўйиб тор кўча, пастқам жойларда лойда шалоплаб Иван Дмитрич ижро варақа бўйича қандайдир мешчандан пул ундиргани кетаётган эди. Бугун эрталаб ҳам одатдагича унинг таъби хира. Тор кўчаларнинг бирида оёқларига кишан урилган икки маҳбус билан милтиқ кўтарган тўрт солдат учради. Илгари ҳам Иван Дмитрич шу сингари маҳбусларни тез-тез учратарди ва ҳар гал улар бунинг кўнглини ғаш қилиб, юрагини эзар эди. Лекин бу галги учратиш унда қандайдир алоҳида, ажойиб бир таъсир қолдирди. Нимагадир тўсатдан унинг кўнглига мени ҳам шуларга ўхшатиб, оёғимга кишан уриб, худди шу тахлитда лойда турмага ҳайдаб кетишлари мумкин деган гап келди. Мешчаннинг уйида бир оз ўтиргач, уйга қайтаркан, почтахона олдида ўзига таниш полиция нозирини учратди, нозир саломлашди-да, биргалашиб бир неча қадам юрди, негадир бу воқеа унга шубҳали туюлди. Уйга келиб кечгача ҳалиги маҳбуслар, милтиқли солдатлар ҳаётидан нари кетмади, англаб бўлмайдиган бир васваса ўқишга ва фикрни бир жойга тўплашга ҳалақит берди. Кечқурун уйига чироқ ёқмади, тунни ухламай, мени қамоққа олиб, кишанга солишлари ва турмага қамашлари мумкин, деган хаёл билан ўтказди. У ҳеч қандай гуноҳи йўқлигини билади ва бундан сўнг ҳам ҳеч кимни ўлдирмаслиги, ўт қўймаслиги ва ўғирлик қилмаслигига ишончи комил; лекин киши ўзи билмай туриб, ёки ғайри ихтиёрий равишда гуноҳ қилиши қийинми, туҳматга қолиш, қолаверса суд хатоси-чи? Ахир, халқнинг асрий тажрибаси: турмага тушмайман, девона тўрвасини илмайман дема, дегани бежиз эмас-ку. Айниқса судьяларнинг ҳозиргича иш олиб боришида хато қилишлари жуда мумкин, яна бунда ҳайрон бўларлик ҳеч гап йўқ. Бошқаларнинг азобига иш, хизмат юзасидангина қарайдиган одамлар, масалан: судьялар, полициялар, докторлар, бориб-бориб шу қадар сийқа бўлиб кетишадики, иши тушган одамга, ҳар чанд расмий муомала қилмайман десалар ҳам қўлларидан келмайди: бу жиҳатдан улар уй орқасида қўй ва бузоқ сўйиб қонга парво қилмайдиган деҳқондан фарқ қилмайди. Шахсга расмиятчилик, бепарволик билан муносабатда бўлинар экан, бугуноқ бир одамни барча ҳуқуқларидан, бор-йўғидан маҳрум қилиб, сургунга юборишлик учун судьяга фақат битта нарса керак, у ҳам бўлса вақтдир. Ишнинг баъзи расмий жиҳатларига риоя қилишга кетадиган вақт (ўша расмиятлар учун судьяга ойлик тўланади), сўнг — иш тамом. Қани ундан кейин темир йўлдан икки юз чақирим узоқдаги бу кичкина, ифлос шаҳарчада адолат ва ҳимоятни излаб кўрчи! Турли жабр-зулм, жамият томонидан гўё шундай қилиниши лозим бўлган бир эзгуликдай қарши олиниб, ҳар бир инсоф юзасидан қилинган иш, масалан, бировни оқлаш ҳақидаги ҳукм уларни қаноатлантирмай, интиқом уйғотган ерда, ҳақиқат тўғрисида ўйлашнинг ўзи киши куларлик бир ҳол эмасми?
Эрталаб Иван Дмитричнинг юраги ваҳим олиб, пешонасини совуқ тер босган ва ҳар дақиқада келиб, қамоққа олиб кетишларига қаттиқ ишонгани ҳолда ўрнидан турди. Кечаги қора хаёллар бу кунгача нари кетмаган экан, — деб ўйларди у, — демак, бир гап бор-да. Ахир, бекордан бекорга кишининг бошига бундай хаёл келмайди-ку.
Мана миршабнинг секин-секин юриб дераза ёнидан ўтиши бежиз эмас. Икки киши уй олдида тўхтаб, жим турибди. Нега улар индамайди?
Шу зайилда Иван Дмитрич учун мудҳиш кечалар ва кундузлар бошланди. Дераза ёнидан ўтувчилар ва ҳовлига кирувчиларнинг ҳаммаси жосус ва изқувар бўлиб кўринаверди. Одатда чошгоҳ пайтида исправник икки отлик извошда кўчадан ўтарди; ўзининг шаҳар ёнидаги боғидан миршабхонага боради, лекин ҳар гал Иван Дмитричнинг назарида у одатдагидан қаттиқроқ от чоптираётгандек, айрим бир тарзда: худди шаҳарда бир янги хавфли гуноҳкор пайдо бўлганини айтишга шошилаётгандек кўринарди. Иван Дмитрич ҳар қўнғироқ товушидан, ҳар дарвоза тақиллашидан чўчиб тушади, беканикида ҳар бир янги одамни кўрганда кўнгли қаттиқ ғаш бўлади; агар жандарм ёки полицияга дуч келиб қолса, кулумсирайди ва бепарво бўлиб кўриниш учун ҳуштак чала бошлайди. У бутун-бутун кечаларни қамоққа олиб кетишларини кутиб, мижжа қоқмай ўтказади, лекин уй бекасининг назарига ухлаётгандек кўриниш учун қаттиқ хуррак тортиб, оғир нафас олиб чиқади; модомики кўзига уйқу келмас экан, виждон азоби қийнаётган бўлади-да, гуноҳкор ҳисобланиши учун нақадар кучли далил, фактлар ва соғлом мантиқ уни бу ваҳималарнинг ҳаммаси — бўлмағур гап ва савдойилик, агар масалага чуқурроқ қаралса қамоққа олинишидан, турмага қамалишдаи қўрқарлик ҳеч гап йўқ, — кўнгил хотиржам бўлса бас, деб ишонтирар эдику, лекин қанчалик чуқурроқ, мантиқлироқ фикр юритса, васваса шунчалик кучайиб, баттарроқ қийнар эди. Бу эса бир дарвишнинг қўл урилмаган ўрмон дарахтларини кесиб, ўзига жой ҳозирламоқчи бўлганига ўхшарди: дарвиш қанчалик жон отиб болта урса, ўрмон шунчалик тез ўсиб, қуюқлаша берибди. Ниҳоят, Иван Дмитрич бунинг бефойдалигини кўриб, ўйлашга бутунлай хотима берди, ўзини биратўла ваҳима ва умидсизлик чангалига ташлади.
У яккаликка берилиб, ўзини одамлардан четга торта бошлади. Илгари ҳам асло дидига ўтиришмайдиган хизмати, энди бутунлай жонига тегди. Негаким, қандай қилиб бўлмасин, қўлга туширишади, билдирмасдан чўнтагимга пул солиб қўйиб, кейин топиб, пора олди дейишади, ёки ўзим билмай қолиб ҳукумат қоғозларида ясама ҳужжатга тенг келадиган хатога йўл қўяман, ё бировнинг пулини йўқотиб қўяман, деб қўрқар эди. Қизиқ бир ҳол: бошқа вақтда ҳеч қачон унинг зеҳни бунчалик ўткир ва ижодкор бўлмаган эди, энди эса, ўз озодлиги ва номусига бўладиган таҳдиддан жиддий хавфсираб, ҳар кун минглаб турли-туман важлар ўйлаб чиқаради. Лекин шуниси борки, ундаги ташқи оламга, жумладан, китобга қизиқиш анча сусайди ва яхшигина овсар бўлиб қолди.
Баҳорда ердан қор кетгач қабристон ёнидаги жардан бир ўғил бола ва бир кампирнинг чала ириган ўлиги чиқди. Белгиларга кўра уларни биров ўлдирган эди. Бутун шаҳарда ҳалиги ўликлар ва уларнинг номаълум қотиллари ҳақида гап тарқалди. Иван Дмитрич мени ўлдирган демасинлар, деб кўчага чиқиб илжайиб юрди, танишлари билан учрашиб қолгудай бўлса қизариб-бўзариб, заиф ва ҳимоясиз одамларни ўлдиришдан кўра қабиҳроқ гуноҳ йўқлигига ишонтиришга уринарди. Лекин бу хом хаёл ҳам тинкасини қуритди ва бир оз ўйлади-да: менинг аҳволимда энг яхшиси — беканинг ертўласида бекиниб ётиш деб билди. Ертўлада кечгача ўтирди, кечани ҳам ўтказиб, эртасига кун бўйи чиқмади, жуда совуқ эди, қоронги тушишини пойлаб, худди ўғрига ўхшаб, аста чиқиб уйга кирди. Тонг отгунча уй ўртасида қимир этмасдан тик туриб, қулоқ солиб чиқди. Эрталаб кун чиқмасдан беканинг уйига печь тузатадиган усталар келишди. Иван Дмитрич уларнинг ошхонадаги печни тузатгани келганини яхши билади, лекин васваса унга: булар уста кийимида келган полициялар, дейди. У секин-аста уйидан чиқди-ю, ваҳима ичида, бошяланг, камзулсиз кўча бўйлаб чопиб кетди. Орқасидан итлар вовуллаб қувлади, қаердадир орқадан биров қичқирди, ел визиллаб қулоғини битирди ва Иван Дмитричга бутун дунёдаги жабру зулм бир бўлиб, орқасидан қувлаётгандай туйилди.
Уни ушлаб олишди, уйга олиб келишди ва бекасини доктор чақиришга юборишди. Доктор Андрей Ефимич, — бу киши тўғрисида кейин гапирамиз, — Иван Дмитричнинг бошига латта ҳўллаб ёпишни буюрди ва лавр-олча сувини ёзиб берди, қайғули ҳолда бош чайқаб, бекага, бундан сўнг келмайман, чунки ақлдан озаётган одамларга халақит бериб бўлмайди, деб кетди. Уйда ётишга ва даволанишга ҳеч нарсаси йўқлигидан, тезгина уни касалхонага юборишди, у ерда, венерик касаллар палатасига ётқизилди. У тун бўйи ухламас, хархаша қилар, касалларни безовта этарди, Андрей Ефимичнинг буйруғи билан тезда 6-номерли палатага кўчирилди.
Бир йилдан сўнг Иван Дмитрич шаҳарда ҳамманинг эсидан бутунлай чиқди ва бекаси бостирма тагидаги чанага олиб бориб ташлаган китобларини болалар ташиб кетди.

IV

Иван Дмитричнинг чап томондаги ҳамхонаси айтиб ўтганим, жуҳуд Моисейка; ўнг томондагиси эса жуда семиз, думалоқ бўлиб қолган, юзида ҳеч қандай фикр ифодаси йўқ, зеҳндан маҳрум бир киши. Бу — кўп вақтдан буён фикр этиш, сезиш хусусиятларини йўқотиб қўйган кам ҳаракат, хўра ва ифлос бир ҳайвон. Ундан ҳамиша кўнгил оздирадиган қўланса ҳид келиб туради.
Унинг жойини тозалайдиган Никита муштумини аямай, кучининг борича жуда қаттиқ уради, бу ерда кишининг ваҳмини келтирадиган нарса уни уришлари эмас, бунга одатланиш мумкин, — ҳалиги бефаҳм ҳайвоннинг таёққа қарши на товуш, на ҳаракат, на кўзларида бирор ифода акс эттириш билан жавоб қайтармай, безрайиб, фақат оғир бочкадек сал-пал қўзғалиб қўйишидир.
6-номерли палатада истиқомат қилувчиларнинг бешинчиси ва сўнгиси — бир вақтлар почтада хат сараловчи бўлиб ишлаган ушоққина, озғин, ёқимли, лекин юзида маккорлик акс этиб турган сариқ сочли мешчанин. Унинг хушнудлик билан боқаётган маъноли, хотиржам кўзларига қараганда кўнглида қандайдир жуда муҳим ва ёқимли махфий сири бордек кўринади. Унинг ёстиғи ва тўшаги тагида бир нарсаси борки, уни ҳеч кимга кўрсатмайди. Ўғирлаб ёки тортиб олишади деб қўрққанидан эмас, уялганидан кўрсатмайди. Баъзан дераза ёнига боради-да, ўртоқларига орқасини ўгириб, кўкрагига нимадир тоқади, кейин бошини эгиб қарайди, агар ўша топда унинг ёнига борилса, хижолат тортиб кўкрагидан ҳалиги нарсани юлиб олади. Лекин унинг сирини билиш қийин эмас.
— Табрикланг, — дейди у кўпинча Иван Дмитричга қараб, — мен иккинчи даража юлдузлик Станислав ордени билан мукофотланишга тавсия этилибман. Иккинчи даража юлдузлик фақат чет элликларга берилгувчи эди, лекин мен учун негадир истиснога йўл қўйишмоқчи, — деб ҳайрон бўлиб, елкаларини учириб кулумсирайди, — буни қаранг, тўғрисини айтсам, ҳеч кутмаган эдим!
— Мен бу нарсаларга тушунмайман, — деди Иван Дмитрич ҳомушгина.
— Лекин биласизми, мен эртами-кечми, ахир нимага муваффақ бўламан? — деб давом этади собиқ хат сараловчи, айёрлик билан кўзларини қисиб. — Мен, албатта Швециянинг «Полярная звезда»сини оламан. Шундай орденки, киройи овора бўлганингга арзийди. Оқ крест, қора лентали жуда чиройлик орден.
Эҳтимол бошқа ҳеч ерда ҳаёт шу жойдагидек бир зайилда ўтмаса керак. Фалаж билан семиз кишидан бошқа касаллар эрталаб туриб даҳлизга чиқиб, катта челакда юз-қўл ювишади ва чопонларининг барига артишади; ундан кейин Никита катта корпусдан келтирган чойдан қўрғошин кружкада ичишади. Бир кишига бир кружкадан ортиқ чой берилмайди. Туш пайтида нордон карам шўрва билан бўтқа ейишади, кечқурун кундузгидан қолган бўтқани ейишади. Овқат орасидаги вақтда ётишади, ухлашади, деразадан қарашади ва уйнинг у бурчидан бу бурчига юришади. Ҳар кун аҳвол шу. Ҳалиги собиқ хат сараловчи ҳам фақат бир хил орден ҳақида сўзлайди.
Олтинчи палатадагилар янги одамни камдан-кам кўради. Янги жинни бўлганларни доктор кўпдан бери қабул қилмай қўйган, бориб жиннихоналарни кўрадиган ҳаваскорлар эса бу дунёда жуда оз. Бу ерга ҳар икки ойда бир марта сартарош Семён Лазарич келади. Унинг қандай қилиб жинниларнинг сочини олиши ва Никитанинг қай тахлитда унга ёрдам бериши, ҳар галл маст бўлиб, кулумсираб кетаётган сартарошни кўрганда касалларнинг қанчалик жон титроғига тушишлари ҳақида сўз очмаймиз.
Бу ерга сартарошдан ўзга ҳеч ким келмайди. Касаллар ҳар куни фақат Никитани кўришга маҳкум.
Айтмоқчи, яқинда бутун касалхонага анча ажиб хабар тарқалди.
6-номерли палатага доктор келиб турадиган бўлибди, деган овоза тарқалди.

V

Ажиб хабар!
Доктор Андрей Ефимич Рагин — ўзига яраша кўп яхши одам. Айтишларича, у ёшлигида анча художўй бўлиб, руҳоний мансаблардаи бирида хизмат қилишга тайёрланиб юрган экан. 1863 йилда гимназияни тамомлагандан кейин, диний академияга кирмоқчи бўлибди, лекин жарроҳ ва тиб олими бўлмиш отаси заҳархандалик билан ундан кулиб, агар поп бўлсанг асло ўғлим демасман, дебди. Бу гапнинг қанчалик тўғри эканини билмайман, лекин Андрей Ефимичнинг ўзи тиб илмига ва умуман махсус фанларга майли ҳеч қачон бўлмаганини неча бор айтган эди.
Ҳар қалай тиббий факультетни битиргандан кейин поп бўлмади. Художўйлик ҳам қилмади, ҳозирги қиёфати руҳонийларга қанча кам ўхшаса, докторликни бошлаган чоқларида ҳам худди шундай эди.
Унинг кўриниши қўпол, дағал, деҳқонларга ўхшайди, юзи, соқоли, ясси сочи, мустаҳкам ҳамда беўхшов жуссаси, катта йўллардаги баднафс ва ўжар давангирдек майхоначини эслатади. Баджаҳл кўринадиган юзи майда-майда кўк томирлар билан қопланган, кўзлари кичик-кичик, бурни қип-қизил. Баланд бўйлик, кенг яғринлик бўлиш билан бирга оёқ-қўллари ҳам баҳайбат, катта: агар бир мушт урса чил-парчин қиладиганга ўхшайди. Аммо кўп эҳтиёт ва оҳисталик билан секин-секин қадам қўяди; агар тор йўлакда дуч келиб қолсангиз у, албатта, сиздан олдин тўхтаб йўл беради, ва кутганингизча йўғон товуш билан эмас, ингичка овоз билан «кечиринг!» дейди. Унинг бўйнига кичикроқ шиш келган, ўша шиши оҳорланган қаттиқ ёқа тақишга халақит беради, шу сабабдан доим читданми, оқ сурупданми юмшоққина кўйлак кийиб юради. Умуман докторчасига кийинмайди. Битта костюмни ўн йиллаб эгнидан туширмайди, жуҳуд дўконидан олинган янгиси ҳам унинг эгнида худди эски ва ғижим бўлган кийимга ўхшаб кўринади; битта костюмда касал ҳам қарайди, овқат ҳам ейди, меҳмонга ҳам бораверади; лекин бу пишиқлигидан эмас, усти-бошига бутунлай аҳамият бермаслигидан.
Андрей Ефимич бу шаҳарга, иш қабул қилмоқчи бўлиб келганида бу «ҳайрия маҳкамаси» жуда ёмон аҳволда эди. Палаталардаги, йўлаклардаги, ҳовлидаги қўланса ҳиддан кишининг кўнгли озар эди. Касалхонада хизмат қилувчи эркаклар, касалларга қаровчи аёллар ва уларнинг болалари кечаси палаталарда касаллар билан бирга ётишарди. Қандала, суварак, сичқонларнинг кўплигидан дод дейишарди. Жарроҳлик бўлимидан сарамас касали аримасди. Бутун бошлиқ касалхонада иккитагина скальпель бўлиб, битта ҳам термометр йўқ, ванналарга картошка солиб қўйилганди. Касалхона нозири, кастелянша ва фельдшер касалларнинг нарсаларини ўғирларди. Андрей Ефимичдан олдинги доктор ҳақида бўлса, касалхонанинг спиртини ўғирлаб сотарди, касал аёллар ва касалларга қаровчи аёллардан ўзига бутун бошлиқ ҳарамхона қилиб олган эди, дейишади. Шаҳарда бу тартибсизликларни жуда яхши билишади, ҳатто муболиға қилиб сўзлашади-ку, лекин совуққонлик билан қарашади; баъзилар касалхонада фақат мешчанлар билан деҳқонлар ётишади, улар норози бўлишмайди, чунки уйларида касалхонадагидан ёмонроқ шароитда туришади; уларни қуш эти бериб боқсинми! дейишади. Яна бир хиллари, земство ёрдам бермаса шаҳарнинг ўз кучи билан яхши касалхона тутиш қийин гап; худога шукур, ёмон ҳам бўлса касалхона бор-ку, дейишади. Яқинда дунёга келган земство шаҳарнинг ўз касалхонаси бор-ку, деб шаҳарда ҳам, шаҳарга яқин жойда ҳам шифохона очмади.
Андрей Ефимич касалхонани кўздан кечириб чиққандан кейин бу муассаса ахлоқсизлик ўчоғи ва шу ерда яшовчиларнинг соғлигига ҳаддан ташқари зарарли деган хулосага келди. Унинг фикрича амалга ошириш мумкин бўлган ишнинг энг яхшиси, — касалларни эркинликка чиқариб юбориб, касалхонани ёпиб қўйиш эди. Лекин у шундай хаёлга борди: бу нарса ёлғиз менинг ихтиёримда эмас, яна бундай қилишнинг фойдаси ҳам бўлмайди; агар маънавий ва моддий ифлосликни бир жойдан чиқариб ташласангиз иккинчи жойга бориб тушади; ўзи емирилиб битишини кутиш керак. Бунинг устига ҳамон одамлар шундай касалхона очиб, чидаб келишаётган экан, демак, ўзларига керакдир-да, турмушдаги хурофотлар ва шунинг сингари ярамас ва қабиҳ ишлар ҳам керак, чунки бора-бора гўнгдан қора тупроқ ҳосил бўлгандек булардан ҳам бир эзгулик пайдо бўлади. Ер юзида бирон яхши нарса йўқки, у ўзининг яралишида ифлосликдан келиб чиқмасин. Ишни қабул қилиб олгач Андрей Ефимич ҳалиги тартибсизликларга кўринишидан анча бепарволик билан қаради. Касалхонада хизмат қилувчи эркаклар ва касалларга қаровчи аёллардан бундан сўнг палаталарда ётмасликларинигина илтимос қилди, яна касалхонага инструментлар солинган иккита шкаф қўйди; аммо нозир, кастёлянша, фельдшер ва жарроҳлик бўлимидаги сарамас касали ўз жойларида қолишди.
Андрей Ефимич идрок ва ҳалдлликни ғоят севади, лекин атрофида ҳалол ва онгли турмуш яратишга иродаси етмайди, ўз ҳуқуқига ишонмайди. Буюриш, ман қилиш ва мажбур қилишнинг мутлақо уддасидан чиқолмайди. Гўё асти қаттиқ гапирмаслик ва буйруқ феълини бутунлай ишлатмаслик учун оғзига сўз олганга ўхшайди. «Бер» ёки «Олиб кел» дейишлик унинг учун машаққат; қорни очган чоғларида ботина олмасдан бир йўталиб қўяди-да, сўнг ошпаз хотинга, «чой ичиб олсаммикин-а»… ёки «овқатланиб олсаммикин-а» дейди. Касалхона нозирига ўғирликни тўхтат дейиш, ё уни ҳайдаб юбориш, бўлмаса ҳалиги текинхўрлик вазифани бутуилай йўқотиб қўя қолишлик асти қўлидан келадиган иш эмас. Андрей Ефимични алдаётганларида, мунофиқлик билан мақтаётганларида ёки қўл қўйдириш учун ясама ҳужжат тутганларида қисқичбақа сингари қип-қизариб кетади ва ўзини айбли ҳис этади, шундай бўлса ҳам ҳужжатга қўл қўяди; агар касаллар унга очликдан ёки касалларга қаровчи аёлларнинг қўпол муомаласидан шикоят қилишса, у хижолат бўлади ва гуноҳкор одамдай:
— Яхши, яхши, ҳали суриштириб кўраман… эҳтимол бирон англашилмовчилик ўтгандир… — деб қўяди.
Янги келган чоғларида Андрей Ефимич жон куйдириб ишлади. Ҳар кун туш пайтигача касал қабул қилди, операциялар қилди, ҳатто акушерлик тажрибаси билан ҳам шуғулланди. Хотинлар унинг тўғрисида: Жуда диққат билан қарайди, касални, айниқса болалар ва хотинлар касалини яхши билади, дейишарди. Лекин вақт ўтиши билан ишнинг бир хилдалиги ва чамаси натижасизлиги уни зериктиради. Бугун ўттизта касални қабул қилсанг, эртага қарабсанки, ўттиз бештаси тайёр, унинг эртасига қирқтаси, шу таҳлитда кундан-кунга, йилдан-йилга, шаҳарда эса, ўлаётганларнинг сони камаймайди, касаллар келишини қўймайди. Эртадан тушгача қабул қилинадиган қирқта касалга жиддий ёрдам беришнинг ҳеч имкони йўқ, демак, ғайри ихтиёрий равишда алдаш бўлиб чиқади. Ҳисобот йили ўн икки минг қатнаб боқизувчи касал қаралибди, демак, оддий қилиб айтганда ўн икки минг киши алданибди. Оғир касалларни палатага ётқизиб, уларни фан қоидаси билан даволашнинг яна иложи йўқ, чунки қоида бўлгани билан, фан йўқ; агар фалсафа сотишни қўйиб, бошқа докторлар сингари эзмалик билан қоида бўйича иш олиб бормоқчи бўлинганда ҳам, бунинг учун ифлослик эмас, аввало озодалик ва соф ҳаволи жой, сассиқ, ачиган карам шўрва эмас, яхши овқат, ўғрилар эмас, ҳақиқий ёрдамчилар керак.
Ҳамон ўлим ҳар кимнинг бошида бор экан, нега энди уларнинг ўлишига халақит бериш керак? Биронта савдогар ёки амалдор дунёда беш-ўн йил ортиқроқ турди нимаю, турмади нима? Агар табобатнинг мақсади дори-дармон бериб чекаётган азобни енгиллаштириш деб ўйланса, унда ўз-ўзидан шундай савол келиб чиқадики, хўш, нега енгиллаштириш керак? Биринчидан, азоб чекиш кишини камолга етказади дейдилар, иккинчидан, агар инсоният чиндан ҳам ўзи чекаётган азобларини ҳаб ва томчилар билан енгиллаштиришга ўрганса дин ва фалсафадан воз кечади, шу кунгача турли фалокатлардан сақланишнигина эмас, ҳатто бахт-саодатни ҳам улардан топиб юради-ку. Пушкиндек одам ўлим олдидан қаттиқ азоб чекканда, шўрлик Гейнедек одам неча йиллаб фалаж бўлиб ётганда, ҳаёти ҳар қандай мазмундан хориж бўлган қандайдир Андрей Ефимич ё Матрёна Савишна дард тортса нима бўбди? Улар дард тортмаганда ҳаётлари тамомила бекорчи ва амёбалар ҳаётига ўхшаб қолмайдими?
Мана шундай муҳокамалар билан эзилиб, Андрей Ефимичнинг ҳафсаласи пир бўлди ва касалхонага кунда келмайдиган бўлиб қолди.

VI

Унинг ҳаёти шундай ўтади: эрталаб соат саккизда ўрнидан туради, кийинади ва чой ичади. Ундан кейин кабинетига кириб китоб ўқийди ё касалхонага кетади. Бу ерда, тор ва қоронғи йўлакда, қатнаб боқизувчи касаллар қабул вақтини кутиб ўтиришади. Уларнинг олдиларидан ғишт тўшалган полни этиклари билан тўқиллатиб, касалхонада хизмат қилувчи эркаклар ва касалларга қаровчи аёллар у ёқдан бу ёққа юришади, озғин касаллар халатга ўралиб ўтиб туради, ўликларни ва ифлос идишларни олиб ўтишади, болалар йиғлайди, шамол ғириллаб у ёқдан бу ёққа уриб туради. Андрей Ефимич, иситмаси баланд, сил, умуман кўнгли нозик касаллар учун бундай жойда туриш ғоят оғирлигини яхши билади, лекин нима қилсин? Қабулхонада уни, бақалоқ, соқол-мўйловларини тақир қирдирган, тоза ва тўла юзлик, ҳаракатлари салмоқли, янги, кенгроқ костюм кийган, фельдшерлардан кўра кўпроқ сенаторга ўхшайдиган Сергей Сергеич кутиб олади. Бу киши шаҳарда кенг миқёсда тажриба қилади, оқ галстук тақади ва ўзини мутлақо тажрибасиз докторлардан аълороқ деб ҳисоблайди. Қабулхонада, бурчакда киот ичида санам осиғлиқ, тагида оғир шамчироқлар. Унинг ёнида муқаддас китобни қўйиш учун қия қилиб ишланган оқ жилдлик курсича; деворларида азиз авлиёларнинг расми ва Святогорский монастирининг манзараси, уларнинг атрофига қуриб қолган бўтакўздан гулчамбарлар тақилган. Сергей Сергеич диндор, шунинг учун ҳам зеб-зийнатни яхши кўради. Ҳалиги санам ҳам унинг ҳаракати билан қўйилган; ҳар якшанба куни касаллардан биттаси унинг буйруғи билан қабулхонада товуш чиқариб акафист (ўқилаётганда ҳамма тик турадиган дуо) ўқийди, ўқиш тутагач Сергей Сергеич ўз қўли билан исриқ солиб, ҳамма палаталарга тутатиб чиқади.
Касаллар кўп, вақт оз, шунинг учун бутун иш, қисқа-қисқа савол бериш ва учувчан мазь сингари, бирон суртадиган дори ёки сурги бериш билан чегараланади. Андрей Ефимич энгагини муштига тираб хаёл суриб ўтиради ва беихтиёр савол беради. Сергей Сергеич ҳам шу ерда бўлади, қўлларини бир-бирига ишқаб, ҳар замонда сўз қистириб қўяди:
— Касал бўляпмиз, йўқчилик тортяпмиз, — дейди у, — худога яхши сиғинмаганимиздан бўляпти. Шундай!
Қабул вақтида Андрей Ефимич ҳеч қандай операция қилмайди; у кўпдан бери бу ишни тарк қилган, қонни кўрса кўнгли беҳузур бўлади. Агар боланинг оғзини очиб томогини кўрмоқчи бўлганда бола чирқираб қўллари билан ўзини ҳимоя қилса, қулоқлари битиб, боши айланиб кетади ва кўзларида ёш пайдо бўлади. У нари-бери дори ёзиб бериб, хотинга болани тезроқ олиб кет деб қўл силтайди.
Қабул қиларкан, касалларнинг тортинчоқлиги, меровлиги ёнидаги олифта Сергей Сергеич, девордаги расмлар ва ўзининг йигирма йилдан бери бериб келаётган бир хилдаги саволи дарров кўнглига тегади. Бешта-олтита касални кўради-ю кетади: қолганларини фельдшернинг ўзи қабул қилади.
Кўп вақтлардан бери уйда касал қабул қилмайдиган бўлиб кетгани ва ҳеч ким безовта қилмаслигини ўйлаб, худога шукур қилади ва уйига келиш билан Андрей Ефимич кабинетига кириб, стол ёнига ўтириб, китоб ўқишга тушади. У жуда кўп ва доим завқ билан ўқийди; ойлигининг ярмиси китоб олишга кетади. Олти хоналик уйнинг учтаси китоб ва эски журналлар билан тўла. У кўпроқ фалсафа ва тарих асарларини севади: тиббий асарлардан фақат «Врач»нигина олади, ўшани ҳам ҳамиша охиридан бошлаб ўқийди. Бир неча соатлаб, дам олмай ўқиса ҳам чарчамайди. У бир вақтлар Иван Дмитрич ўқигани сингари тез ва шиддат билан ўқимайди, шошмасдан, у ёқ бу ёғини ўйлаб, тушунмаган ё кўнглига ёққан жойларида тўхтаб-тўхтаб ўқийди. Китобнинг ёнида доим бир графинчада ароқ ва тузланган бодрингми, олмами, тарелкасиз, столга ёзилган мовут устида ётади. Ҳар ярим соатда у, кўзини китобдан узмай туриб, бир рюмка ароқ қуйиб ичади, сўнг, тимискилаб ҳалиги бодрингни топиб, ундан тишлаб қўяди.
Соат учда секингина ошхона эшигига яқинлашади ва бир йўталиб қўйиб:
— Дарьюшка, овқат еб олсаммикин-а… — дейди.
Тозалик томонига аҳамият берилмай пиширилган, жўнгина овқатдан кейин Андрей Ефимич икки қўлини кўкрагига қовуштириб хонадан-хонага ўтиб ва хаёл суриб юради. Соат тўртга жом урди, кейин бешга чалади, у ҳамон юради ва хаёл суради. Гоҳ-гоҳда ошхонанинг эшиги ғичирлайди ва ундан Дарьюшканинг уйқудан бўртган қип-қизил башараси кўринади.
— Андрей Ефимич, пиво ичадиган вақтингиз бўлмадими? — дейди у ҳавотир олиб.
— Йўқ, ҳали вақт бор… — дейди у, — сал туриб ичай… сал туриб…
Одатда кечга томон почта мудири Михаил Аверьянич келади. Бутун шаҳарда ёлғиз шу кишининг улфатчилиги Андрей Ефимичга ёқади. Михаил Аверьянич бир замонлар жуда бой помешчик бўлган ва отлиқ аскарда хизмат қилган эди. Лекин бор йўғини барбод бериб, кексайганида муҳтожлик орқасида почта идорасида ишлашга мажбур бўлади. Унинг кўриниши соғлом ва тетик, чиройлик, оппоқ бакени, гўзал хулқи ва жаранглаган ёқимли овози бор. У раҳмдил ва зийрак, лекин тажанг. Агар почтага келганлардан биронтаси норози бўлса, кўнмаса ёки муҳокама қила бошласа Михаил Аверьянич бўрилиб, титраб-қақшаб, товушининг борича «Бас қил!» деб қичқиради. Шунинг учун ҳам аллақачонлардан бери почта бўлими киши боришга қўрқадиган идора деб ном чиқарган. У Андрей Ефимични маълумотли ва олижаноб бўлгани учун севади ҳамда ҳурмат қилади, бошқа фуқароларга эса жуда юқоридан қўли остидаги одамлардек қарайди.
— Мана мен ҳам келдим! — дейди у, Андрей Ефимичнинг олдига кираркан. — Салом азизим! Жонингизга ҳам теккандирман, а?
— Аксинча, жуда хурсандман, — дейди доктор. — Сиз келсангиз, доим хурсанд бўламан.
Дўстлар кабинетда диванга ўтиришади ва бир қанча вақт жим қолишиб, папирос чекишади.
— Дарьюшка, бизга пиво бўлса эди! — дейди Андрей Ефимич.
Биринчи бутилкани ҳам жим ўтириб: доктор — хаёлга ботиб, Михаил Аверьянич эса, худди кўнглида айтадиган қизиқ гапи бор одамдай хушнудлик билан, ичишади. Суҳбатни ҳамиша доктор бошлайди.
— Қандай ачинарлик ҳол, — дейди у бошини қимирлатиб, шошмасдан секингина, ҳамсуҳбатининг кўзларига қарамай. У ҳеч қачон бировнинг кўзига қарамайди, — жуда-жуда ачинарли ҳол, ҳурматли Михаил Аверьянич бизнинг шаҳаримизда ақл юргизадиган, қизиқарли суҳбатни севадиган ва шунга қобилиятли одамлар йўқ. Бу бизлар учун ғоят катта маҳрумият. Ҳатто зиёлилар ҳам разилликдан устун туролмайдилар; улардаги тушунча, сиз ишонишингиз мумкинки, паст табақа одамлар тушунчасидал юқори эмас.
— Ҳақ гап. Тўғри айтасиз.
— Ўзингизга маълумки, — деб давом этади доктор секингина, салмоқлаб, — дунёда инсон ақлининг юксак маънавий намояндаларидан бошқа ҳаммаси арзимас, қизиғи йўқ нарсалар. Ақл — инсон билан ҳайвон ўртасига қатъий чегара қўяди ҳамда инсонни илоҳийлигига ишора қилади ва унга аслида бўлмаган бир қадар абадийлик бахш этади. Бундан чиқди, ҳузур-ҳаловат берадиган, ягона манба ақл экан. Модомики, атрофимизда ақлни кўрмас ва эшитмас эканмиз, — демак, биз ҳузур-ҳаловатдан маҳруммиз. Тўғри, бизда китоблар бор, лекин китоб жонли суҳбат ва алоқанинг ўрнини босолмайди. Агар рухсат этсангиз, унча мувофиқ ўхшатиш бўлмаса ҳам, шундай дейиш мумкин: китоблар нота-ю, суҳбат — ашула.
— Ҳақ гап.
Жим қолишади. Ошхонадан Дарьюшка чиқади, эшик олдига келади-да, сиймосида ҳеч қандай маъно акс этмаган ҳолда, муштини юзига тираб қулоқ солади.
— Оҳ! — деб чуқур нафас олади Михаил Аверьянич. — Ҳозиргиларда ақл бор дейсизми!
Сўнгра у қадим замонда одамлар қандай яхши, қизиқ ва шодиёна ҳаёт кечирганини, Россияда ақлли зиёлилар бўлганини, уларнинг номус ва дўстлик тушунчасини қанчалик юксак даражага кўтарганларини сўзлаб беради. Векселсиз қарз беришар эди ва муҳтожликда қолган ўртоққа ёрдам қўли чўзмаслик айб ҳисобланар эди. Қандай ҳарбий сафарлар, ҳодисалар, тўқинишлар, қандай ўртоқлар, қандай хотинлар бўларди! Кавказ-чи — нақадар ажойиб ўлка! Батальон командирининг хотини-чи, аломат хотин эди, кечқурунлари офицерча кийиниб олиб, отга миниб, ёлғиз ўзи тоққа чиқиб кетар эди. Унинг қишлоқда қандайдир бир князь билан ишқ-муҳаббат можаролари бор дейишарди.
— Вой худо, — дейди Дарьюшка чуқур нафас олиб.
— Ишчиларимизни айгинг! Еган овқатларимизни айтинг! Қандай жасур либераллар эдик!
Андрей Ефимич қулоқ солади-ю, эшитмайди; пивони хўплаб қўйиб, алланима тўғрисида ўйлайди.
— Ақлли одамлар ва уларнинг суҳбати тез-тез тушимга кириб туради, — дейди у тўсатдан Михаил Аверьяничнинг сўзини бўлиб. — Отам мени хўп ўқитди-ю, лекин олтмишинчи йиллардаги оқим таъсири остида доктор бўлишликка мажбур қилди. Агар ўша вақтларда унинг сўзига қулоқ солмаганимда, ҳозир фикр ўчоғининг худди марказида бўлардим, деб ўйлайман. Эҳтимол бирон факультетнинг аъзоси бўлар эдим. Албатта, ақл ҳам абадий эмас, ўткинчику, лекин сиз менинг нима учун унга мойиллигимни биласиз. Ҳаёт — аламли бир дом. Фикрловчи инсон улғайиб, ақли камолга етганда, беихтиёр ўзини қутулишнинг иложи бўлмаган бир домга илингандай ҳис қилади. Ҳақиқатан, унинг ихтиёридан ташқари, қандайдир тасодифлар орқасида йўқдан бор бўлиб, оламга келади… Нега? У нега мавжудлигининг маъносини ва мақсадини билишни истайди — унга айтилмайди, ёки ақл бовар қилмайдиган сўзларни айтишади; тақиллатади, — унга эшик очмайдилар; ўлим ҳам унинг ихтиёридан ташқари, келади. Мана, турмадаги кишилар, умумий бахтсизлик туфайли кишилар бир жойга тўпланганларидан анча енгил тортгандай бўладилар, ҳаётда ҳам анализ ва умумий хулоса чиқаришга мойил одамлар бир ерга йиғилишиб, эркин ва шарафли ғояларини ўртоқлашиш билан вақт ўтказганларида ҳалиги дом сезилмайди. Бу жиҳатдан ақл ҳеч қиёсиз ҳузур-ҳаловатдир…
— Ҳақ гап.
Андрей Ефимич ҳамсуҳбатининг кўзларига қарамай аста ва тўхтаб-тўхтаб ақлли одамлар ва уларнинг суҳбати ҳақида сўзлайди. Михаил Аверьянич бўлса диққат билан қулоқ солади ва униг фикрига қўшилиб, «ҳақ гап» деб ўтиради.
— Сиз руҳнинг абадийлигига ишонасизми? — дейди тўсатдан почта мудири.
— Йўқ, ҳурматли Михаил Аверьянич, ишонмайман ва ишонишимга асос ҳам йўқ.
— Тўғрисини айтсам, мен ҳам шубҳа қиламан. Ундай десам, мен сира ўлмайдиганга ўхшайман. Ўзимга ўзим, ҳой чол, ўлим яқин! — десам, кўнглимда қандайдир, бошқа бир овоз, ишонма, ўлмайсан!.. дейди.
Соат тўққиздан ўтгач Михаил Аверьянич кетади. Даҳлизда пўстинини кия туриб, чуқур нафас олиб:
— Буни қаранг, тақдир бизларни қандай қоронғи бурчакка келтириб, ташлади! Ҳаммасидан ҳам кишига алам қиладигани шуки, ҳали шу ерда ўламиз ҳам. Оҳ!.. — дейди.

VII

Дўстини жўнатгач, Андрей Ефимич стол ёнига ўтиради, яна ўқишга киришади. Кечқурунги ва ундан кейин тунги сукунатни тиқ этган товуш бузмайди. Вақт ҳам доктор билан бирга китоб устида тўхтаб, қотиб қолгандай, шу китобдан, яшил қалпоқли лампадан ўзга ҳеч нарса йўқдек туйилади. Инсон ақлйнинг ҳаракатини кўриб меҳри товлангани ва завқ қилганидан докторнинг қўпол ва беўхшов юзларида аста-аста табассум пайдо бўлади. Оҳ! Нечун инсон абадий яшамайди? — деб ўйлайди у. — Миянинг марказлари, миянинг эгри-бугри бурмачалари нечун, кўриш қуввати, сўзлаш қобилияти, кўнгил, даҳо нечун? Модомики буларнинг ҳаммаси тупроққа айланишга ва ниҳоят, ер куррасининг қобиғи билан бирликда совунишга, сўнг миллион йиллар давомида маъносиз, мақсадсиз бир тарзда қуёш атрофида айланишга маҳкум экан, у ҳолда ҳамон совуниб, ундан кейин ер билан бирга айланиб юриш учун инсонни буюк ва деярли илоҳий ақли билан йўқдан бор қилишнинг, сўнг уни масхара қилгандек, лойга айлантиришнинг мутлақо кераги йўқ эди.
Модда алмашиши! Бу сохта абадийлик билан ўз-ўзини овутиш қандай қўрқоқлик! Табиатда рўй бераётган ғайри шуурий жараёнлар инсон қиладиган аҳмоқчиликлардан қам тубан, чунки аҳмоқчиликда оз бўлса ҳам тушунча ва ирода бор, бу жараёнларда-чи, мутлақо ҳеч нарса йўқ. Фақат ўз фазилатини билишдан кўра ўлим олдида қўрқиш ҳисси кўпроқ бўлган қўрқоқлар: менинг жасадим вақти билан кўкатда, тошда, бақада… қайтадан яшайди деб ўзини юпатади. Ўзининг абадийлигини модда алмашишида кўришлик худди қиммат баҳо скрипка синиб, ишдан чиққанда, қутисининг энди истиқболи баланд бўлади депишликдай, бўлмағур ғалати гап.
Соат жом чалганда Андрей Ефимич бир оз ўйлаш учун креслога суяниб, кўзларини юмади. Китобдан ўқилган яхши фикрлар таъсири остида беихтиёр ўзининг ўтмишига ва ҳозирги ҳаётига назар ташлайди. Ўтмиши жирканч, яхшиси уни эсламаслик. Ҳозиргиси ҳам ўшанинг ўзи. У яхши биладики, унинг фикри сўнган ер курраси билан бирга қуёш атрофида айланаётганда, докторнинг уйи билан ёнма-ён катта корпусда, одамлар дарддан ва жисмоний ифлосликдан сиқилиб, зорланиб ётишади: балки биров ухламай ҳашаротлар билан курашаётгандир, бировга сарамас касали юқа бошлагандир ё бўлмаса қаттиқ боғланган яранинг оғриғига чидолмай оҳ-воҳ қилаётгандир; балки касаллар, касалларга қаровчи аёллар билан карта ўйнаб ароқ ичишаётгандир. Ҳисобот йилида ўн икки минг киши алданган эди; касалхонанинг бутун иши бундан йигирма йил олдин қандай бўлса, ҳозир ҳам ўшандай, ўғрилик, разиллик, иғаогарлик, қуда-андачилик, очиқ муттаҳамлик асосига қурилган, касалхона ҳали ҳам бузуқ ахлоқли ва яшовчиларнинг соғлиғи учун ғоят зарарли бир жой. У темир панжара ўрнатйлган 6-номерли палатадаги касалларни Никита дўппослашини ва Моисейканинг ҳар кун шаҳарга бориб гадойлик қилишини яхши билади.
Иккинчи томондан, сўнгги йигирма беш йил ичида табобат илмида катта ўзгариш бўлганини у жуда яхши билади. У олий мактабда ўқиб юрган чоғларида тиббий илм ҳам тез кундаёқ алхимия ва метафизиканинг кунига учрайди деб ўйлар эди, энди кечалари китоб ўқир экан, табобат унинг кўнглини ийдиради ва ҳайрон қолдиради, ҳатто завқини келтиради. Ҳақиқатан, қандай кутилмаган порлоқ ҳодиса, қандай революция! Антисептика ёрдами билан ҳатто буюк Пирогов умид ҳам этолмаган операциялар қилинаётир. Оддий земство докторлари тизза бўғимини кесишга журъат қилишади, кўр ичак касали операциясидан, юз кишидан биттасигина ўлади, тош келиш касалини тузатиш шунчалик оддий гап бўлиб қолганки, у ҳақда ҳатто ёзилмайди. Захм таги-туги билан даволанмоқда. Наслдан ўтиш назарияси, гипнотизм, Пастер ва Кохларнинг кашфиётлари, соғлиқни сақлаш ва ҳисобот олиб борилиши, бизнинг рус земство табобати-чи? Психиатрия ва унинг касалларни ҳозиргача гуруҳларга бўлиши касални аниқлаш усуллари ҳамда даволаши — аввалгига нисбатан бутун бошлиқ Эльборус-а. Ҳозир жинниларнинг бошига совуқ сув қуйилмайди ва махсус кўйлаклар ҳам кийгизилмайди; уларни туппа-тузук шароитда тутишади, ҳатто газеталарнинг хабар беришига қараганда уларга томошалар ва базмлар қилиб беришармиш. Андрей Ефимич биладики, ҳозирги нуқтаи назарлар ва талабларга қараганда б-номерли палата сингари қабиҳ жой фақат темир йўлдан икки юз чақирим нарида, шаҳар бошлиғи ва бутун катталаридан тортиб докторни авлиё биладиган, оғизларига эритилган қўрғошин қуйиб юборганда ҳам унга ҳеч танқидсиз ишониш керак дейдиган — чаласавод мешчанлардан иборат ерда бўлмаса, бошқа жойда-чи, одамлар ва газеталар аллақачон бу кичкина Бастилиянинг титиғини чиқариб юборган бўларди.
«Хўш нима бўбди? — деб ўзига савол беради Андрей Ефимич кўзларини очиб. — Шулардан нима чиқди? Антисептикаю, Кох, Пастерлар дейлик, ишнинг асли ҳеч ўзгаргани йўқ. Ўша касаллик, ўша ўлим, ҳаммаси эски ҳолича турибди. Жинниларга базмлар ва томошалар қўйиб беришгани билан озод қилиб юборишмабди-ку. Демак, ҳаммаси оворагарчилик ва бўлмағур гап. Венанинг энг яхши касалхонаси билан менинг касалхонам орасида аслида ҳеч қандай фарқ йўқ».
Лекин ачиниш ва ҳасадга ўхшаш бир ҳис унинг бепарво бўлишига йўл қўймайди. Бу чарчаганликдан бўлса керак деб ўйлайди. Боши оғирлашиб китоб сари эгилади, юмшоқ бўлсин деб юзини қўлларига қўяди ва ўйлайди:
«Мен зарарли ишга хизмат қилмакдаман ва ўзим алдаётган одамлардан ойлик олмоқдаман, мен виждонсизман. Лекин менинг ўзимни олинса, ҳеч гап эмас, фақат зарур бўлган ижтимоий ёвузликнинг бир бўлакчасиман: уезд бошлиқларининг ҳаммаси зарарли кишилар, бекорга ойлик олишади… Демак ҳалол меҳнат қилмаганим учун мен эмас, давр айбли… Бундан икки юз йил кейин туғилганимда бошқа одам бўлар эдим».
Соат ўнга жом урганда, у чироқни ўчиради ва ётоғига киради, унинг ухлагиси келмайди.

VIII

Бундан икки йилча олдин земствонинг саҳийлиги тутиб кетди ва земствонинг ўз касалхонаси очилгунча шаҳар касалхонасида медицина ходимлари кўпайтирилсин деб қарор чиқариб, ёрдам тарзида йилига уч юз сўмдан пул тайин қилди ҳамда Андрей Ефемичга ёрдамчи қилиб уезд доктори Евгений Федорич Хоботов чақиртирилди. У ҳали жуда ёш йигит — ўттизга ҳам бормаган, — баланд бўйли, қора тўридан келган, яноқлари чиққан ва кўзлари кичик; эҳтимол ота-боболари бошқа халқдан бўлса. У шаҳарга бир тийин пулсиз, кичкинагина чемодан кўтариб, ёш ва хунук жувон билан бирга келди, уни хизматчим деб юради. Хотиннинг қўлида эмизукли боласи ҳам бор. Евгений Федорич козерекли фуражка, қўнжи узун эгик кийиб юрар, қишда бўлса, қисқа пахталик киярди. У Фельдшер Сергей Сергеич ва хазиначи билан иноқ бўлиб кетди. Бошқа мансабдорларни оқсуяклар деб, негадир улардан ўзини тортиб юради. Унинг бутун бошлиқ уйида фақат битта — «Вена касалхонасининг 1881 йилги янги рецептлари» деган китоби бор. Касал кўргани борганида ҳамиша ўша китобни ола боради. Кечқурунлар клубда биллиард ўйнайди, картани бўлса ёқтирмайди. Сўз орасига «ғалва», «сиркали мантифолия», «ваҳима қилма» сингари гапларни қистиришни жуда яхши кўради.
У ҳафтада икки марта касалхонага боради, палатадаги касалларни қарайди, унча-мунча касал ҳам қабул қилади. Антисептика ва қон сўрғич банкаларнинг бутунлай йўқлиги жуда ҳам феълини айнитади-ю, лекин Андрей Ефимични таҳқирлаш бўлиб тушишидан қўрқиб, янги тартиб киргизмайди. Ўзининг ҳамкасби Андрей Ефимични кекса фирибгар ҳисоблайди, жуда дунёси кўп бўлса керак деб ўйлайди ва унга ҳасади келиб юради. Жон деб унинг ўрнига ўтирар эди-да.

IX

Баҳор кунларидан бирида, кечқурун, март ойининг охирларида, ердан ҳор кетиб касалхона боғида майналар сайраган чоқда, доктор дўсти почта мудирини дарвозагача кузатиб қўйгани чиқди. Гадойлик қилиб келаётган жуҳуд Моисейка худди шу пайтда ҳовлига кириб келди. У бошяланг, сарпойчан оёғининг учига калиш илган, қўлида садақалар солинган тўрваси бор эди.
— Бир тийин бер! — деди у докторга, совуқдан титраган ҳолда кулумсираб.
Йўқ дейишга одатланмаган Андрей Ефимич ўн тийин берди.
«Бу яхши эмас, — деди доктор унинг тўпиқлари қизариб кетган ориқ оёғига қараб, — лойгарчилик».
Ачинишга ҳам, жирканишга ҳам ўхшаш бир ҳис ўйғонди-да, Андрей Ефимич дам унинг тепакал бошига, дам тўпиқларига қараганича яҳудийнинг орқасидан палатага кирди. Доктор кириши билан чурук-чориқ устида ётган Никита ирғиб туриб, қоматини ростлади.
— Салом, Никита, — деди Андрей Ефимич мулойимлик билан. — Бир илож қилиб шу яҳудийга этик-петик берилса эди, бўлмаса — шамоллаб қолар.
— Хўп бўлади, жаноби олийлари. Нозирга айтаман.
— Шундай қилгин. Менинг номимдан сўрагин. Мени айтди дегин.
Даҳлиздан палатага кирадиган эшик очиқ эди. Иван Дмитрич кроватда ётган жойда, ёнбошлади ва ҳаяжон ичида бегона товушга қулоқ солди, бирдан докторни таниб қолди. Ғазабига чидолмай бор вужуди ларзага келди, ирғиб турди ва қип-қизариб, тутоққанича кўзлари олайган ҳолда югуриб палатанинг ўртасига келди.
— Доктор келди! — деб қичқирди ва қаҳ-қаҳ уриб кулди. — Ниҳоят! Афандилар, табриклайман, доктор бизларни келиб кўришни лойиқ топибди! Лаънати газанда! — деди чинқириб, палатадагилар ҳеч қачон кўрмаган ғазаб ичида ер тепиб. — Ўлдириш керак бу газандани! Йўқ, ўлдириш камлик қилади! Ҳожатхонага чўктириб юбориш керак!
Бу сўзларни эшитган Андрей Ефимич даҳлиздан палатага қаради ва мулойимлик билан:
— Нима учун? — деди.
— Нима учун, — деб қичқирди Иван Дмитрич, титраб халатига ўралганича ўдағайлаб ва хезланиб унга яқин борди. — Нима учун? Ўғри! — деди нафрат билан лабларини худди тупурмоқчи бўлгандай қилиб. — Муттаҳам! Жаллод!
— Тинчланинг, — деди Андрей Ефимич, айби бор одамдек кулумсираб. — Ишонинг, мен ҳеч қачон ҳеч нарса ўғирлаган эмасман, бошқа жиҳатларни бўлса, жуда ошириб юбордингиз дейман. Мендан қаттиқ хафа бўлганга ўхшайсиз. Сиздан ўтиниб сўрайман, тинчланинг, иложи бўлса қизишмасдан айтинг, нега мендан хафасиз?
— Нима учуй мени бу ерда тутиб ўтирибсиз?
— Касаллигингиз учун.
— Ҳа, касалман. Лекин ўнлаб, юзлаб жиннилар озодликда юришибди-ку, ахир, чунки жаноблари нодонликлари орқасида уларни соғлардан айиролмайдилар. Нега энди мен ва мана бу шўрликларгина ҳамма учун бу ерда ўтиришимиз керак? Сиз, фельдшер, нозир ва касалхона ходимидан деб юрган аблаҳларнинг ҳаммаси ахлоқ жиҳатидан бизларнинг ҳар биримиздан қиёс қилиб бўлмас даражада тубансиз, нега биз ўтирамиз-у, сизлар ўтирмайсиз? Қани мантиқ?
— Бу ерда гап ахлоқ ёки мантиқда эмас. Ҳаммаси тасодифга боғлиқ. Ким ўтирғизилган бўлса ўша ўтирибди, ким ўтирғизилмаган бўлса, юрибди, мана шу менинг докторлигим ва сизнинг руҳий ҳасталигингизда ахлоқ ҳам, мантиқ ҳам йўқ, фақат тасодиф холос…
— Бундай бемаъни гапларга тушунмайман… — деди тўнғиллаб Иван Дмитрич ва кроватга ўтирди.
Никита докторнинг ёнида тинтишдан уялиб ўз ҳолига қўйган Моисейка ўрнига бурда нонлар, данаклар, қоғозларни ёйди ва ҳали ҳам совуқдан титраган ҳолда тез-тез чўзиқ оҳанг билан яҳудий тилида нималарнидир сўзлай бошлади. Эҳтимол, ўзича дўкон очдим деб ўйлагандир.
— Мени бўшатиб юборинг, — деди Иван Дмитрич, унинг товуши қалтираб кетди.
— Иложи йўқ.
— Хўш, нима учун? Нега?
— Чунки бу менинг ихтиёримда эмас. Ўйлаб кўринг, бўшатиб юборишимнинг сизга нима фойдаси бор? Боринг. Ё полиций, ё шаҳар аҳлидан биронтаси сизни ушлаб яна шу ерга олиб келади.
— Ҳа, ҳа, бу тўғри гап… — деди Иван Дмитрич ва пешонасини ишқади. — Бу даҳшатли! Энди мен нима қилай ахир? Нима?
Иван Дмитричнинг товуши, унинг юз буриштиришлари, идрок акс этиб турган чеҳраси Андрей Ефимичга ёқиб қолди. Уни эркалатгуси, юпатгуси келди. Иван Дмитричнинг ёнига, кроватига ўтирди, бир оз ўйлаб туриб:
— Сиз нима қилай деяпсиз? — деди. — Сиз учун яхшиси — бу ердан қочиш. Лекин, афсуски, фойдаси йўқ. Тутиб олишади. Қачонки жамият руҳий касаллардан, жиноятчилардан ва умуман бирга бўлиш ўнғайсиз деб ҳисобланадиган одамлардан ўзини четга тортса, унга чора йўқ. Энди сизга битта йўл: шу ерда туришим зарур, деб ўзингизга тасалли берасиз.
— Бу ерда туришимнинг ҳеч кимга кераги йўқ-ку.
— Модомики турма, жиннихона деган жойлар бор экан, ахир кимдир ўтириши керак-да. Сиз бўлмасангиз — мен бўлмасам — яна биров. Шошманг, бир замонлар келиб турма, жиннихона деган нарсалар йўқ бўлиб кетади, ўшанда деразалардаги темир панжаралар ҳам, бу чопонлар ҳам бўлмайди. Албатта, эртами-кечми шундай вақт келади.
Иван Дмитрич истеҳзо билан жилмайди.
— Ҳазиллашяпсиз, — деди у кўзларини қисиб. — Сиз сингари ва ёрдамчингиз Никита сингари жанобларнинг келажак замон билан мутлақо иши йўқ, лекин хотирингиз жам бўлсин, муҳтарам афандим, яхши замонлар албатта келади! Майли, менинг оғзимдан ярамас сўзлар чиқаётгандир, кула қолинг, лекин янги ҳаёт тонги отади, ҳақиқат юзага чиқади ва бизнинг кўчада ҳам байрам бўлади! Мен кўролмайман, ўлиб кетаман, лекин кимларнингдир эвара, чевараси кўради. Жони-дилим билан уларни табриклайман, шодланаман, улар учун шодланаман! Олға! Худо ёр бўлсин, дўстлар!
Иван Дмитрич кўзларида аланга чақнаб ўрнидан турди ва қўлларини дераза томон чўзганича товушида ҳаяжон акс этдириб давом этди:
— Мана шу панжаралар орқасидан туриб фотиҳа бераман! Яшасин ҳақиқат! Шодланаман!
— Мен шодлангудек бир сабаб кўраёгганим йўқ, — деди Андрей Ефимич, гарчи Иван Дмитричнинг ҳаракатлари унга артистларга ўхшаб кўринган бўлса ҳам жуда ёқади. — Турма ва жиннихоналар йўқолади, тўғри, сиз айтганингиздек ҳақиқат ҳам юзага чиқади-ю, лекин нарсаларнинг асли ўзгармайдида, табиат қонунлари шу ҳолича қолаверади. Ўшанда ҳам одамлар касал бўлади, қарийди, ҳозиргига ўхшаб ўлаверади. Ҳаётингизни ҳар қандай порлоқ ёғду ёритмасин, ахир бир кун сизни тобутга солиб, оғзини михлаб, чуқурга ташлайдилар.
— Абадийлик-чи?
— Бе, қўйсангизчи!
— Сиз ишонмайсиз-ку, майли, мен ишонаман. Ё Достоевскийда ё Вольтерда, кимдир биттаси: агар худо бўлмаганида уни одамларнинг ўзи ўйлаб чиқарар эди, дейди. Агар абадийлик йўқ бўлса эртами-кечми инсоннинг буюк ақли уни ўйлаб топади, мен шунга қаттиқ ишонаман.
— Маъқул гап, — деди Андрей Ефимич, кайфи чоғ бўлганидан кулумсираб. — Сизнинг ишонганингиз яхши. Бундай ишончи бўлган одам девор орасига шуваб ташлаганда ҳам яшаши мумкин. Сиз бирон ерда билим олган эдингизми?
— Ҳа, мен олий мактабда ўқир эдим, лекин тамомлаган эмасман.
— Сиа фикр қиладиган чуқур мулоҳазалик одамсиз. Ҳар қандай шароитда яшасангиз ҳам ўзингизни юпата оласиз. Ҳаётни яхши англашга интиладиган чуқур ва озод фикр ҳамда дунёнинг бўлмағур икир-чикирига бутунлай нафрат билан қарашлик — мана шу икки неъматдирки, инсон бундан буюк нарсани кўрган эмас. Гарчи сиз уч қават темир панжара ичида пинҳон бўлсангиз ҳам унга эриша оласиз. Диоген бочкада яшаган, шунда ҳам ер юзидаги ҳамма подшолардан бахтли бўлган.
— Диогенингиз аҳмоқ эди, — деди Иван Дмитрич қайғули оҳанг билан. — Нега менга Диоген, яна қандайдир ҳаётни яхши англашлар ҳақида сўзлаяпсиз? — деди у тўсатдан энсаси қотиб ва ирғиб турди. — Мен ҳаётни севаман, эҳтирос билан севаман! Мени биров таъқиб қилаётир деган дардга мубталоман, мудом қаттиқ қийнайдиган қўрқув чангалидаман. Лекин шундай дақиқалар ҳам бўладики, ҳаётга ташна бўламан, яна шунда жинни бўлиб қолишдан қўрқаман. Жуда яшагим келади, жуда!
У ҳаяжон ичида бир йўл палатанинг у бошига бориб келди-да, товушини пасайтириб:
— Хаёл сурганимда кўзимга алланималар кўринади. Олдимга қандайдир одамлар келади, қулоғимга чолғу овозлари эшитилади, назаримда қандайдир ўрмонларда, денгиз бўйларида юргандек сезаман ва ҳаётнинг икир-чикирлари, ҳаракатлари билан жуда банд бўлгим келади… Айтиб берингчи, қани, у ёқда қандай янгиликлар бор?.. — деб сўради Иван Дмитрич. — Нима гаплар?
— Сиз шаҳар тўғрисида сўраётирсизми? Ё умуманми?
— Майли, аввал шаҳар тўғрисида сўзлаб беринг, сўнг умуман.
— Нима бўларди? Шаҳарда киши бениҳоят зерикади… бир оғиз сўз қотгудай, ё сўзга қулоқ солгудай одам йўқ. Янги келган одамлар ҳам йўқ. Айтмоқчи, яқинда Хоботов деган ёш доктор келди.
— У мен борлигимда келган эди. Қалай, битта аблаҳдир-да?
— Ҳа, маданиятсиз одам. Биласизми, шуниси қизиқки… Умуман қараб турсангиз, пойтахтамизда ақл-идрокда турғунлик йўқ, ҳаракат бор, — демак, у ерда ҳақиқий одамлар ҳам бўлиши керак, лекин негадир бу ерга ҳар гал шундай одамларни юборишадики, кўрмасам дейсан киши. Бахтсиз шаҳар!
— Тўғри, бахтсиз шаҳар! — деб чуқур нафас олди Иван Дмитрич ва кулиб юборди. — Умуман-чи? Газета, журналларда нималар ёзиляпти?
Палата қоронғилашиб қолган эди. Доктор ўрнидан туриб чет элларда ва Россияда нималар ёзаётганлари, ҳозир қандай фикрий оқимлар борлигини сўзлай бошлади. Иван Дмитрич ғоят диққат билан тинглаб, саволлар бераётганди, лекин тўсатдан бир мудҳиш иш ёдига тушгандай бошини ушлади ва докторга орқасини ўгириб ётиб олди.
— Нима бўлди сизга? — деди Андрей Ефимич.
— Энди сиз мендан бирон оғиз ҳам сўз эшитмайсиз! — деди Иван Дмитрич қўрслик қилиб. — Қўйинг мени?
— Сабаб?
— Айтдим-ку; қўйинг! Мунча энди?
Андрей Ефимич кифтларини учирди, уҳ тортиб, чиқиб кетди. Даҳлиздан ўтаркан:
— Шу ер бир тозалансайди, Никита… Жуда сасиб кетибди! — деди.
— Хўп бўлади, жаноби олийлари.
«Қандай ёқимли йигит! — деб ўйлади Андрей Ефимич уйига кела туриб. — Шу ерда турганимдан буён гап-сўзга тушунадиган одамни учратганим шу бўлса керак. У муҳокама қила олади ва зарур нарсаларга қизиқади».
Китоб ўқиётганда ва ётар вақтида ҳам Иван Дмитрич ҳақида ўйлади, эртасига эрталаб уйғониб, кеча ақлли ва ажойиб йигит билан танишгани ёдига тушди, иложини топса унинг ёнига яна бир кириб чиқишга жазм қилди.

X

Иван Дмитрич худди кечагидек вазиятда, бошини қўллари орасига олиб, оёқларини ғужанак қилиб ётганди. Юзи кўринмас эди.
— Салом дўстим, — деди Андрей Ефимич. — Ухлаётганингиз йўқми?
— Аввало мен сизнинг дўстингиз эмасман, — деди Иван Дмитрич ёстиққа юзини босиб ётганича, — иккинчидан беҳуда уринаётирсиз: мендан бирон оғиз ҳам сўз эшитолмайсиз.
— Қизиқ… — деди Андрей Ефимич хижолат тортиб. — Кеча бир яхши, тотувлик билан сўзлашаётган эдик, лекин нимагадир тўсатдан хафа бўлдингиз ва суҳбатни тўхтатиб қўйдингиз… Эҳтимол, оғзимдан бирон ношоён сўз чиқдими, ё бўлмаса, сизнинг ақидангизга тўғри келмайдиган фикрни айтиб қўйдимми…
— Шунақа денг, ишондим қўйдим-да, а, сизга? — деди Иван Дмитрич бошини кўтариб, ҳаяжон ичида истеҳзо билан докторга қараб; унинг кўзлари қизарган эди. — Жосусликни, сир олишни бошқа жойга бориб қилинг, бу ерда кетмайди. Нима учун келганингизни кечаёқ билган эдим.
— Қизиқ хаёл! — деди доктор жилмайиб, — демак сизнинг билишингизча мен жосус эканман-да?
— Ҳа бўлмаса-чи… мен унинг қўлига синаш учун топширилганимдан кейин докторми — жосусми — барибир.
— Э-ҳа, ҳали ҳақиқатан афв этингиз… Тентак экансиз-ку!
Доктор унинг кровати ёнидаги курсичага ўтирди-да, уни айбситиб бош чайқади.
— Хўп, айтайлик, сиз ҳақли бўлинг, — деди у, — айтайлик, мен мунофиқлик қилиб сизни сўздан тутиб полицияга бермоқчиман. Сизни қамоққа олишсин, сўнг суд ҳам қилишсин. Хўш, ўша судда ва турмада сизга шу ердагидан ёмон бўладими? Агар бошқа шаҳарга, ҳатто сургунга юборсалар шу ҳужрада ўтиришингиздан ёмонми? Менимча, ёмон эмас… Демак, нимадан қўрқасиз?
Афтидан, бу сўзлар Иван Дмитричга таъсир қилди шекилли, секин туриб ўтирди.
Соат кечки беш эди, — бу Андрей Ефимич одати бўйича ўз уйида хонадан хонага ўтиб юрадиган ва Дарьюшка ундан, пиво ичадиган вақтингиз бўлмадими, деб сўрайдиган кез эди. Эшикда ҳаво соф, сокин эди.
— Мен овқатдан сўнг айланиб келиш учун чиққан эдам, ҳузурингизга киргим келди, — деди доктор. — Баҳор бўлиб қолди.
— Ҳозир қайси ой? Мартми? — деб сўради Иван Дмитрич.
— Ҳа, мартнинг охири.
— Ҳовли лойдир?
— Йўқ, унча лой эмас. Боғ йўллари селгиб қолган.
— Энди аравага тушиб бирон ерга, шаҳардан ташқарига чиқсам, — деди Иван Дмитрич, қизарган кўзларини уйқудан турган одамдай ишқаб, — сўнг уйим, иссиққина, саранжом-саришта кабинетимга қайтиб келиб… кейин тузукроқ докторга бош оғриқни даволатсам… кўпдан бери инсонларча яшаганим йўқ. Бу ер жуда ёмон! Чидаб бўлмаслик даражада ёмон!
Кечаги васвасадан кейин чарчаган, ланж ва анча хафсаласизлик билан сўзлар эди. Бармоқлари титрар ва юзидан бошининг қаттиқ оғриётгани билиниб турарди.
— Иссиққина, саранжом-саришта кабинет билан шу палатанинг ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ, — деди Андрей Ефимич. — Кишининг ҳузур-ҳаловати ташқи шароитда эмас, унинг ўзида бўлади.
— Яъни?
— Оддий одамлар роҳатни ёки азобни ташқи шароитдан, масалан, аравадан, кабинетдан, фикр этувчи киши эса ўзидан кутади.
— Боринг, бу фалсафани Грецияда тарғиб қилинг, у ер иссиқ ва померанс ҳидига тўла, бу ернинг бод-ҳавоси тўғри келмайди. Ким билан Диоген ҳақида сўзлашган эдим? Сиз билан бўлса керак?
— Ҳа, кеча мен билан.
— Диоген кабинет ва иссиқ уйга муҳтож бўлган эмас; у ерда буларсиз ҳам иссиқ. Бочкага туш-да, апельсин ва зайтун меваси еб ётавер. Агар Россияда туришга тўғри келганда борми, декабрда эмас, май ойида ҳам уй талаб бўлиб қоларди-ку. Совуқ бундоқ ҳам асар қилсинки…
— Йўқ. Совуқни ва умуман барча оғриқларни ҳам сезмаслик мумкин. Марк Аврелий: «оғриқ — одамнинг оғриқ ҳақидаги тушунчаси, иродангни кучайтириб, мана шу тушунчани ўзгартир, орқага ташла, нолишни тўхтат, оғриқ йўқолади» дейди. Ҳақ гап. Донишманд ёки умуман фикр қилувчи мулоҳазали одам, фақат азобдан нафратланиши билан бошқалардан фарқ қилади; у доим мамнун ва ҳеч нарсага таажжубланмайди.
— Демак, мен азоб чекканим, норозилик билдирганим ва инсон разиллигига таажжубланганим учун аҳмоқ эканман-да.
— Бу гапларингиз ортиқча. Агар сиз дурустроқ ўйлаб кўрсангиз, бизларни таҳликага соладиган сиртқи нарсаларнинг қанчалик арзимасдигини англаб оласиз. Ҳаётни англаб олишга интилиш керак, — ҳамма бахт — ана ўшанда.
— Англаш… — деб юзларини буруштирди Иван Дмитрич. — Сиртқи, ички… — Кечиринг, мен буни тушунолмайман. Фақат шуни биламанки, — деди у ўриидан тураркан, ғазаб билан дакторга қараб, — шуни биламанки, худо мени иссиқ қон ва асаблардан яратган, шундай! Органик тўқима агар яшашга қобилиятли бўлса, сиртдан бўладиган ҳар бир таъсирга эътибор бериши керак. Мен эътибор қиламан! Оғриққа — додлаш ва йиғлаш билан, разилликка — нафрат, қабиҳликка — ғазабланиш билан жавоб қиламан. Менимча, ҳаёт деб асли ўзи мана шуларни айтилса керак. Организм нақадар тараққий топмаган бўлса, шу қадар сезгирлиги оз ва ташқи таъсирга шунчалик суст жавоб қилади, қанчалик тараққийлашган бўлса, шунчалик сезгир бўлиб, воқиликка тез ва ғайрат билан эътибор қилади. Шуни ҳам билмай бўладими? Доктор-ку, шунақанги оддий нарсаларни билмайди! Азоб чекишга нафрат билан қарамаслик учун, доим мамнун бўлишлик учун, ҳеч нарсага ҳайрон қолмаслик учун мана шундай ҳолга тушмоқ керак, — деди Иван Дмитрич, вужудини ёғ босиб, семириб кетган мужикни кўрсатиб, — ёки киши ўзини азоб билан шундай пишитиши керакки, ҳар қандай сезиш қобилияти, яъни бошқача қилиб айтганда, яшамай қўйшни керак. Кечиринг, мен на мутафаккирман, на файласуф, — деб давом этди Иван Дмитрич тутоқиб, — ва бу тўғрида ҳеч нарса тушунмайман. Фикр юритгудай ҳолим йўқ.
— Аксинча, фикр юритишингиз жуда соз.
— Сиз кулгили равишда тақлид қилаётган стоиклар анча дуруст одамлар эди, лекин уларнинг таълимоти бундан икки минг йил олдин бир жойда қотиб қолди, бир қадам ҳам олдинга силжигани йўқ ва силжимайди, чунки ҳаётга татбиқ қилиб бўладиган қулай таълимот эмас. У фақат бутун умрини ўлиб-толиб турли таълимотларни ўрганиш, тотиб кўриш билан ўтказадиган озчилик ўртасида шуҳрат қозона олди, кўпчилик унга тушунолмади. Бойликка, ҳаётдаги қулайликларга лоқайдликни ва азобга, ўлимга нафрат билан қарамасликни тарғиб қилувчи таълимотга кўпчилик мутлақо тушунмайди, чунки бу кўпчилик ўз ҳаётида бойлик нима, турмушдаги қулайлик нималигини ҳеч қачон билган эмас; азоб чекишга нафрат билан қарамаслик улар учун ҳаётга нафрат билан қараш деган гап, чунки инсонқинг вужуди очлик, яланғочлик, алам, айрилиқни сезишдан ва гамлетчасига ўлимдан қўрқишдан иборат. Ҳаёт мана шу сезгиларда: уни оғир кўришлик, ёқтирмаслик мумкин, лекин ундан нафратланиб бўлмайди. Мана шундоқ, такрор айтаманки, стоикларнинг таълимоти ҳеч қачон юзага чиқмайди. Ахир кўриб турибсизки, дунё пайдо бўлгандан то шу кунгача кураш, оғриққа сезгирлик, четдан бўлган таъсирга жавоб қайтариш қобилияти ўоиб бормоқда…
Иван Дмитрич бирдан фикрининг арқоғини йўқотиб қўйди-да, хуноб бўлиб, пешонасини ишқади.
— Бир муҳим нарса айтмоқчи эдим, адашиб кетдим, — деди у. — Нима эди? Ҳа! Шуни айтмоқчи эдим; стоиклардан биттаси ўзининг яқин бир одамини ажратиб олишлик учун қул бўлиб сотилган. Буни қаранг, демак стоик ҳам сиртдан бўлган таъсирга эътибор қилибди, яқин кишинг учун жондан кечишликдек олижаноб ишни қилиш учун азобга қарши қўзғалувчан, раҳмдил бўлмоқ керак. Бу турмада ўқиб билганларимни ҳам эсимдан чиқариб қўйдим. Бўлмаса яна бирон нарсани хогирлар эдим. Исони олсак-чи? Исо воқиликка йиғлаш, кулиш, қайғуриш, аччиғланиш, ҳатто ғусса чекиш билан жавоб қилган; у азобга қарши кулиб борган эмас ва ўлимга ҳам нафрат билан қараган эмас, Гефсиман боғида мени бу бало-қазодан сақла деб ибодат қилган-ку.
Иван Дмитрич кулиб юборди-да, ўтирди.
— Фараз қилайлик, инсоннинг ҳузур-ҳаловоти четда эмас, унинг ўзида бўлсин, — деди у. — Фараз қилайлик, азоб чекишга нафрат билан қарайлик-да, ҳеч нарсага ҳайрон қолмайлик. Хўш, сиз нимага асосланиб буни тарғиб қилаётирсиз? Сиз донишмандмисиз? Файласуфмисиз?
— Йўқ, файласуф эмасман, аммо бу нарсани ҳар бир киши тарғиб қилиши лозим. Чунки бу оқилона гап.
— Йўқ, мен шуни билмоқчиманки нега сиз англаб олиш, азоб чекишга нафрат билан қараш сингари масалаларда ўзингизни билимдон ҳисоблайсиз? Сиз азоб чекиб кўрганмисиз? Азоб нималигини биласизми? Кечирасиз, болалигингизда сизни савалашганми?
— Йўқ, менинг ота-онам уриб жазолашни ёмон кўрарди.
— Отам мени аямай урар эди. Менинг отам баджаҳл, бўйнигача сарғайиб кетган, сўррайган, қирра бурун, бавосил бир мансабдор эди. Қани, сизнинг тўғрингизда сўзлашайлик. Умрингизда сизни биров чертган эмас, ҳеч ким қўрқитиб, юрагингизни олиб қўйган эмас, буқадек соғломсиз. Отангизнинг бағрида катта бўлгансиз ва унинг пулига ўқигансиз, сўнг дарҳол иши оз, даромади зўр ўринга ўтириб олгансиз. Йигирма йилдан ортиқ тайёр хизматчиси ўтин-чўпи, чироғигача текин уйда яшагансиз. Бунинг устига қанча ва қандай ишлаш ёки ҳеч иш қилмаслик ўз ихтиёрингизда бўлган. Ўзингиз табиатан ялқов, пўк одамсиз, шунинг учун ҳам турмушингизни ҳеч нарса безовта қилмайдиган ва жойидан қўзғотмайдиган қилиб тузгансиз. Ишни фельдшер ва ўшанга ўхшаш аблаҳларга топшириб, ўзингиз иссиққина тинч уйда ўтириб, пул йиғиб, китоб ўқиган бўлиб, ҳар хил бўлмағур юксак фикрларнинг ва (Иван Дмитрич докторнинг қип-қизил бурнига қараб олди) ичкиликнинг кайфини сургансиз. Қисқаси, сиз ҳаётни кўрмагансиз ва мутлақо билмайсиз ҳам, воқиликни бўлса фақат назарий равишда биласиз. Азоб чекишга нафрат билан қарашингиз ва ҳеч нарсага таажжубланмаслигингиз сабаби жуда оддий: ҳаётнинг икир-чикирлари ички ва ташқи ҳаётга, азоб чекишга ва ўлимга нафрат билан қараш, англаб олиш, ҳақиқий саодат — буларнинг ҳаммаси россиялик ялқов учун жуда мос фалсафа. Масалан, бир мужик хотинини урмоқда, сиз унга қараб тураверасиз. Ўртасига тушишнинг нима кераги бор? Қўявер, ураверсин, эртами-кечми иккови ҳам ўлади, бунинг устига ураётган киши уриш билан у одамни эмас, ўзини ҳақорат қилади дейсиз. Ичиб маст бўлиб юриш аҳмоқлик, беодоблик, лекин ичсанг ҳам — ўласан, ичмасанг ҳам — ўласан эмиш. Хотин киши келади, тишим оғрияпти… дейди. Хўш, нима бўбди? Оғриқ — оғриқ ҳақидаги тушунча, унинг устига бу дунёда касал бўлмай ўтмайди киши, ҳаммамиз ҳам ўламиз, шунинг учун, хотин, йўлингдан қолма, менинг ўйлашимга ва ичкилик ичишимга халақит берма, дейилади-да. Ёш йигит, нима қилиш ва қандай яшаш ҳақида маслаҳат сўрайди, бошқа киши бўлса жавоб беришдан олдин ўйлаб кўрарди, сизнинг жавобингиз тайёр: англаб олишга ёки ҳақиқий саодатга интил. Бу хаёлий «ҳақиқий саодат» нима? Бунга, албатта, жавоб йўқ. Бизларни бу ерда, панжара ичига қамаб чиритишмоқда, ҳолатдан кетгунча азоб беришмоқда, бу жуда яхши ва оқилона иш, чунки шу палата билан яхши ва иссиқ кабинетнинг орасида ҳеч қандай фарқ йўқ эмиш. Қулай фалсафа: иш ҳам йўқ, виждон ҳам соф, ҳам ўзингни доно одамдай сезасан… Йўқ, афандим; бу на фикр, на фалсафа, на дунёга кенг қарашлик. Бу — ялқовлик, афсунгарлик, алаҳлаш… Тўғри! — деди-да, Иван Дмитрич яна аччиғланди. — Азоб чекишга нафрат билан қарамайсиз, агар бармоғингизни эшик қисиб олгудай бўлса товушингизнинг борича додлар эдингиз!
— Борди-ю, додламасам-чи! — деди Андрей Ефимич салгина жилмайиб.
— Шундайми, додламассиз-а! Мана, агар бирдан фалаж бўлиб қолсангиз, ёки биронта аҳмоқ, сурбет ўзининг мансаби ва амалидан фойдаланиб, халқ ўртасида сизни ҳақорат қилса ва унга ҳеч қандай жазо берилмаслигига кўзингиз етса, — ана унда бошқаларни ҳаётни англаб олишга ва ҳақиқий бахтга йўллаш нималигини билиб қўяр эдингиз.
— Бу қизиқ гап, — деди Андрей Ефимич завқ билан кулиб ва қўлларини бир-бирига ишқади. — Сизнинг шу зайл хулоса чиқаришларингиз менга жуда ёқади, ҳалигина менга жуда қойил қолдирадиган баҳо бердингиз. Тўғрисини айтсам, сиз билан суҳбатлашиш менга ғоят катта роҳат бахш этади. Хўб, мен сизнинг сўзларингизни тингладим, энди сиз ҳам менинг сўзларимга қулоқ солинг…

XI

Бу суҳбат яна бир соатча чўзилди ва афтидан Андрей Ефимичга қаттиқ таъсир қилган бўлса керакки, ҳар куни шу ерга келадиган бўлиб қолди. У эрталаб ва овқатдан кейин келар, кўпинча қоронғи тушгунча ҳам Иван Дмитрич билан суҳбатлашиб ўтирарди. Дастлабки кунларда Иван Дмитрич ундан ўзини тортар ва ёмон ният билан келиб юрибди, деб шубҳаланиб, уни ёқтирмаслигини очиқдан очиқ айтар эди, кейинчалик ўрганиб қолди ва қўрс сўзликнинг ўрнига сал аяб, истеҳзо аралаш муомала қиладиган бўлди.
Тез кундаёқ касалхонага, доктор Андрей Ефимич 6-номерли палатага кириб юрар эмиш, деган овоза тарқалди. На фельдшер, на Никита, на касалларга қаровчи аёллар — ҳеч ким, унинг нима учун у ерга киришининг, неча соатлаб у ерда қолиб кетишининг, нима ҳақида сўзлашишининг ва нега дори ёзиб бермай чиқиб кетишининг тагига етолмасди. Унинг бу қилиғи жуда ажиб туюлар эди. Михаил Аверьянич ҳам кўпинча уни уйдан тополмайдиган бўлиб қолди, илгари ҳеч бундай бўлмасди; докторнинг маълум соатда пиво ичмаётганлигидан баъзан ҳатто овқатга ҳам кечикиб келишидан Дарьюшка ҳам довдираб қолганди.
Бир кун, июннинг охирларида доктор Хоботов қандайдир бир иш билан Андрей Ефимичнинг олдига келди; уйдан тополмагач, ҳовлидан излай бошлади; кекса докторнинг руҳий касалларнинг ёнига кириб кетганини ўша ердагилар айтишди. Хоботов у ерга борди ва даҳлизда туриб, шу сўзларни эшитди:
— Бизлар бир-биримизни ҳеч қачон англай олмаймиз ва мени ўз маслагингизга тортиш қўлингиздан келмайди, — дерди Иван Дмитрич қизишиб, — воқелик билан мутлақо таниш эмассиз, ҳеч қачон азоб ҳам чекмагансиз, фақат зулук сингари, башқалар азоб чекаётган жойда туриб, тўйгансиз. Мен бўлсам туғилганимдан то шу дамгача муттасил азоб чекиб келаман. Шунинг учуи очиғини айтаман; мен ўзимни сиздан устин ва ҳар тўғрида муътабарроқ деб ҳисоблайман. Менга ўргатмай қўя қолинг.
— Менда сизни ўз маслагимга тортай деган хаёл мутлақо йўқ, — деди секингина Андрей Ефимич, унинг англашни истамагани учун оғрингандай бўлиб. — Гап бунда ҳам эмас, дўстим. Гап сиз азоб чекиб, мен чекмаганимда эмас. Азоб чекишлар, хурсандчиликлар ўтиб кетадиган нарса; қўйинг, худо уларга ёр бўлсин… Гап шундаки, бизлар фикр юргизамиз ва бир-биримизда муҳокама қилишга, фикр юргизишга қобилиятли одамларни кўрмоқдамиз, ана шунинг ўзи, маслагимизнипг турли бўлишига қарамай, бизларни фикрдош қилади. Кошки, сиз умумий ақмоқчилик, қобилиятсизлик, бефаҳмликнинг жонимга қандай текканини ва ҳар гал сиз билан қандай шодланиб суҳбатлашишимни билсангиз эди, дўстим! Сиз ақлли одамсиз, сизнинг ёнингизда роҳат қиламан.
Хоботов эшикни сал қия очди-да, палатага қаради; қалпоқ кийган Иван Дмитрич билан доктор Андрей Ефимич тўшакда ёнма-ён ўтирарди. Жинни юзларини буриштирар, сесканар ва беихтиёр халатга ўраларди, доктор бўлса жимгина, бошини қуйи солиб ўтирарди, унинг юзи қип-қизил, умидсиз ва ғамгин эди. Хоботов елкаларини учирди, кулди ва Никита билан кўз уриштирди. Никита ҳам елкаларини учирди.
Эртасига Хоботов фельдшер билан бирга келди, иккаласи ҳам даҳлизда туриб қулоқ солишди.
— Чолимиз бутунлай айниб қолганга ўхшайди-ку! — деди Хоботов, у ердан чиқаркан.
— Ё раббий, биз гуноҳкорларни ўзинг кечир! — деди чуқур нафас олиб олифта Сергей Сергеич, ялтирагунча пардозланган этикларига лой тегизмаслик учун кўлмак сувдан эҳтиёт билан ўтаркан, — тўғрисини айтсам, ҳурматли Евгений Федорич, мен кўпдан бери шундай бўлишни кутган эдим! — деди.

XII

Шундан кейин Андрей Ефимич атрофида қандайдир сирли бир ҳол сеза бошлади. Касалхонада хизмат қилувчи эркаклар, касалларга қаровчи аёллар ва касаллар унинг билан учрашганда савол назари билан боқишар, сўнг ивир-шивир сўзлашарди. Нозирнинг қизи Маша ҳам касалхона боғида учраб қолганда, Андрей Ефимич одатдагича унинг бошидан силамоқчи бўлиб, кулумсираб ёнига борса, негадир қочадиган бўлиб қолди. Почта мудири Михаил Аверьянич унинг сўзларига қулоқ соларкан ортиқ: «ҳақ гап» демасдан, англаб бўлмайдиган бир хижолат ичида, «Ҳа, ҳа ҳа…» дерди, ўйчанлик ва қайғу билан унга боқарди; нима учундир у дўстига, ичкиликни ташлаш керак, деган маслаҳатни бера бошлади, лекин одоблик одам бўлгани учун очиқ айтолмасдан гоҳ бир батальон командири бўлган яхши одам тўғрисида, гоҳ полк попи бўлган дуруст йигит тўғрисида гап келтириб, уларнинг ҳам ичиб касал бўлганлари, лекин ичкиликни ташлаш билан бутунлай тузалиб кетганлари тўғрисида шама қилиб сўзлар эди. Икки-уч марта Андрей Ефимичнинг уйига ҳамкасби Хоботов ҳам келиб кетди; у ҳам ичкиликни ташлашни ва ҳеч қандай сабаб йўқлигига қарамай бромли калий ичишни буюрарди.
Август ойида Андрей Ефимич шаҳар бошлиғидан жуда зарур иш юзасидан келиб-кетишини илтимос қилиб ёзилган хат олди. Андрей Ефимич тайинланган вақтда маҳкамага борса, у ерда ҳарбий ишлар бошлиғи, уезд ўқув юртининг нозири, шаҳар маҳкамаси аъзоси бўлмиш бир киши, Хоботов ва яна тўладан келган сарғиш сочлик қандайдир бир одам ҳам бор экан, бу кишини унга доктор деб танитишди. Бу айтилиши қийин полякча фамилияли доктор, шаҳардан ўттиз чақирим нарида от заводида тураркан ва шаҳарга йўлакай тушган экан.
— Сизларнинг ишингизга тегишли бир ариза бор, — деди маҳкама аъзоси Андрей Ефимичга, ҳамма кўришиб бўлиб стол атрофига ўтиргандан кейин. — Мана, Евгений Федорич айтадиларки, катта корпусда аптекага жой торлик қилаётир, шуни уйлардан биттасига кўчирсак дейдилар. Бу, албатта, ҳеч гап эмас, кўчириш мумкин, лекин асосий масала — уйни ремонт қилиш.
— Ҳа, ремонт қилинмаса иложи йўқ, — деди Андрей Ефимич ўйлаб кўриб. — Агар, масалан, бурчакдаги уйни аптекага мувофиқлаштирсак, менинг билишимча, унга камида беш юз сўм керак, самарасиз чиқим.
Бир оз жим қолишди.
— Мен бундан ўн йил муқаддам, — деб давом қилди Андрей Ефимич, оҳиста овоз билан, — бу касалхонани ҳақиқий ҳолида асрашга шаҳарнинг кучи етмайди деб айтган эдим. Ўзи қирқинчи йилларда солинган, ахир у вақтдаги сармоя бошқа эди. Шаҳар бефойда иморатлар ва ортиқча мансаблар учун жуда кўп пул сарф қилади. Менинг ўйлашимча, тартиб бошқачароқ бўлганда эди, шу пулларга иккита намунали касалхона қилиб қўйиш мумкин эди.
— Қани, бўлмаса ўша бошқача тартибни қилайлик! — деди тезлик билан маҳкама аъзоси.
— Мен аллақачонлар айтган эдим: тиббий бўлимни земство ихтиёрига топширинг.
— Шундайми, пулни земство ихтиёрига топширинг, у ўғирласа-чи, — деб кулди сарғиш сочли доктор…
— Бу аниқ, — деб ҳалигининг фикрига қўшилди маҳкама аъзоси, у ҳам кулди.
Андрей Ефимич сарғиш сочли докторга эринчоқлик билан маъносиз бир назар ташлади ва:
— Инсоф керак, — деди.
Яна жим қолишди. Чой келтирилди. Нимагадир жуда хижолат тортган ҳарбий ишлар бошлиғи, стул устидан қўлини чўзиб, Андрей Ефимичнинг қўлини ушлаб қўйди ва кулиб:
— Бизларни жуда унутиб юбордингиз, доктор, — деди. — Шуниси борки, тақводорсиз: карта ўйнамайсиз, хотинларни ёқтирмайсиз, бизларнинг орамизда зерикиб ҳам қоласиз-да.
Ҳаммалари бирдан, дуруст одам учун бу шаҳарда туриш оғирлиги ҳақида сўзлаб кетдилар. На театр бор ва на музика бор, сўнгги марта бўлган танда кечасида йигирмага яқин дама ва иккитагина кавалер бўлди. Ёшлар танца тушмайди, ҳамиша буфетда уймалашади ёки карта ўйнайди, дейишди. Андрей Ефимич ҳеч кимга қарамай, шошилмасдан секингина сўз бошлаб, шаҳар халқи ўз қуввати, юраги ва ақлини картага ва ғийбатга сарф қилиши жуда-жуда ачинарлик ҳол эканини, вақтини қизиқ суҳбатлар ва ўқиш билан ўтказишни билмаслигини ва буни истамаслигини, яна ақл орқасида келадиган лаззатлардан фойдаланишни истамаслигини гапирди. Ёлғиз ақлгина гўзал ва яхши нарса, бошга ҳаммаси майда ва тубан нарсалар, деди. Хоботов ҳамкасбининг сўзларини диққат билан тинглаб туриб, тўсатдан:
— Андрей Ефимич, бугун нечанчи число? — деб сўради. Жавоб олгач, у билан бирга саргиш соч доктор, ўз нўноқлигини билиб турган имтиҳон олувчилардек, Андрей Ефимичдан бугун қайси кун, бир йилда неча кун бор ва 6-номерли палатада ажойиб пайғамбар борлиги ростми деб сўради.
Сўнгги саволга жавоб бераётган Андрей Ефимич қизариб кетди ва:
— Ҳа, у касал, лекин ажойиб йигит, — деди.
Унга бошқа ҳеч қандай савол беришмади.
У даҳлизда пальтосини кияркан, ҳарбий ишлар бошлиғи Андрей Ефимичнинг елкасига қўлини ташлади ва уҳ тортиб:
— Биз, кексалар энди дам олсак ҳам бўлади! — деди.
Маҳкамадан чиқа туриб Андрей Ефимич булар унинг эс-ҳушини текширгани тузилган комиссия эканлигини англади. У ўзига берилган саволларни эслади ва қизариб кетди, негадир ҳаётида биринчи марта табобат илмининг аҳволига қаттиҳ ачинди.
«Ё раббий, — деб ўйлади у, врачларнинг ҳозиргина уни қандай текширганларини эслаб, — ахир улар яқиндагина руҳий ҳасталикларни ўқиб, имтиҳон беришган-ку, бу қадар нодонлик қаердан келди? Руҳий ҳасталик нима эканлигини билмайдилар-ку, ахир!»
У ҳаётида биринчи мартаба ўзини ҳақоратланган ва ғазабланган ҳолда кўрди.
Уша куниёқ кечқурун унинг уйига Михаил Аверьянич келди. Почта мудири саломлашмасданоқ унинг ёнига борди-да, икки қўлидан ушлаб, қалтироқ товуш билан:
— Азизим, дўстим, менинг кўнглим яқинлигига ишонишингизни ва ўзингиз ҳам мени дўст деб ҳисоблашингизни исбот қилинг… Дўстим! — У, Андрей Ефимичга сўз бермасдан, ҳаяжонланиб давом қилди: — мен сизни илмлик ва софдил бўлганингиз учун севаман. Сўзларимга қулоқ солинг, азизим. Фан қоидалари докторларни сиздан ҳақиқатни яширишга мажбур қилади, лекин мен ҳарбийчасига тўғрисини шартта айтиб қўя қоламан: сиз саломат эмассиз! Кечиринг мени, дўстим, тўғриси шу, буни аллақачонлардан бери атрофингиздагиларнинг ҳаммаси сезган. Ҳозиргина доктор Евгений Федорич менга, сизнинг соғлиғингиз учун яхшиси дам олиш ва кўнгил очиш зарурлигини айтди. Жуда тўғри! Жуда соз! Тез кун ичида мен отпуска оламан ва бир оз бошқа ҳавони ҳидлаб келгани кетаман. Дўстим эканлигингизни кўрсатинг, бирга кетайлик! Борайлик, ёшлик даврини эсга солиб айланиб келайлик.
— Мен ўзимни жуда соғлом сезаман, — деди Андрей Ефимич ўйлаб туриб. — Боришимнинг иложи йўқ. Рухсат этсангиз дўстлигимни қандай бўлмасин бошқача қилиб билдира қолай.
Нима учун кетаётганини билмасдан, қаёқларгадир кетиш, китобсиз, Дарьюшкасиз, пивосиз, 20 йилдан буён ўрнашиб қолган ҳаёт тартибини бирдан бузиш, — бундай фикр биринчи минутда унга ажиб ва хаёлий бир гапдай туюлди. Лекин маҳкамада бўлиб ўтган гапларни, у ердан келаётганида кечирган оғир ҳолатини эслади ва уни жиннига чиқариб қўйган аҳмоқ одамлар яшаётган шаҳардан бир оз вақт узоқлашиш керак деган фикр ёққандай бўлди.
— Қани, ўзингиз қаёққа бормоқчисиз? — деди.
— Москвага, Петербургга, Варшавага… Варшавада ҳаётимнинг бахтли беш йилини ўтказганман. Қандай ажойиб шаҳар! Кетайлик, азизим!

XIII

Бир ҳафтадан кейин Андрей Ефимичга дам олишни, тўғриси ишдан бўшаб кетишни таклиф қилишди, бунга у анча бепарво қаради, яна бир ҳафтадан кейин Михаил Аверьянич билан иккови шалдироқ аравага тушиб, яқинроқдаги темир йўл станциясига қараб йўл ҳам олишди. Кунлар салқин, ҳаво очиқ, кўк юзи зангори бўлиб, узоқ жойлар кўринар эди. Станциягача бўлган икки юз чақирим йўлни икки кулда босишди ва йўлда икки марта қўнишди. Бекатларда чой ичгани яхши ювилмаган стакан берилса ёки тарантасга имиллаб от қўшилса, Михаил Аверьянич қип-қизариб кетар ва бутун вужудини қалтироқ босиб: «Товушингни ўчир!», «Маҳмаданалик қилма!» деб қичқирарди. Тарантасда бўлса, бир дақиқа тинмасдан ўзининг Кавказга ва Польша подшолигига борганларини сўзларди. Нақадар ажойиб ҳодисалар, қандай учрашувлар! У шанғиллаб сўзларкан, кўзларида шундай бир ҳайронлик аломати пайдо бўларди, киши бу одам ёлғон сўзлаётир деб ўйлар эди. Унинг устига, гапираркан, тўғри Андрей Ефимичнинг юзига қараб дам урар, қулоғининг тагида қаҳқаҳлаб куларди. Бу ҳол докторни сиқар, ўйлашга ва хаёлини бир жойга тўплашга халал берарди.
Темир йўлда бўлса иқтисод қилиб, учинчи классга, папирос чекмайдиганлар вагонига тушишди. Йўловчиларнинг ярми тоза кийим кийган одамлар эди. Михаил Аверьянич тез орада ҳамма билан танишиб олди ва скамейкадан скамейкага ўтиб, шанғиллаб, бу ярамас йўллардан юриш керак эмас, деб сўзлади. Қай томонга қарасанг муттаҳамлик! Отга миниб юришга нима етсин: кунига юз чақиримдан йўл босасан-да, кейин ўзингни тетик ва соғлом сезасан. Бизда ҳосил битмаслик, Пинск ботқоқлигини қуритиб юборганларидан бўлаётир. Умуман тартибсизлик мудҳиш даражада.
У қизишиб, шанғиллаб сўзлар ва ҳеч кимга гал бермас эди. Бу ора-чора қаҳ-қаҳ уриш билангина бўлинадиган битмас-туганмас бемаъни сўз, ифодали имо-ишоралар Андрей Ефимичнинг тинкасини қуритди.
«Қайси биримиз жиннимиз? — деб ўйларди у, диққати ошиб. — йўловчиларни бирор иш билан безовта қилмасликка тиришаётган менми, ё ўз ҳузурини кўзловчи, бу ердагиларнинг ҳаммасидан ўзини ақллироқ ва аломатроқ деб ўйлайдиган, шунинг учун ҳам ҳеч кимга тинчлик бермаётган уми?»
Москвада Михаил Аверьянич погонсиз ҳарбий сюртук ва ён чокларига қизил қўйиб тикилган шим қийди. Кўчага чиққанда ҳарбий фуражка ва шинель кийиб юрар, солдатлар унга честь бериб ўтишарди. Энди Андрей Ефимичнинг назарида у ўзининг қачонлардир бўлган киборлик хулқларининг ҳамма яхши жиҳатларини йўқотиб, ўзига фақат ёмон жиҳатларини олиб қолган одамга ўхшаб кўринарди. Ҳеч кераги бўлмаган ерда ҳам бировнинг ўзига хизмат қилишини яхши кўрарди. Гугурт рўпарасида, столда ётибди, уни ўзи кўриб ҳам туради-ю, хизматкорга гугуртни олиб бер деб қичқиради; уй ходимасининг олдида тортинмасдан ички кийимда юради; хизматкорларнинг ҳаммасини, фарқ қилмай, ҳатто кексаларини ҳам сансирайди, жаҳли чиққундай бўлса уларни эси паст, аҳмоқ деб айтади. Бу ишлар Анрей Ефимичга киборликдай кўринса ҳам, лекин қабиҳликдай туюлади.
Михаил Аверьянич дўстини аввало Иверскоега олиб борди. У икки букилиб астойдил ибодат қилар, кўзларига ёш олиб ва ибодат қилиб бўлгач чуқур нафас олади-да:
— Ишонмайман-ку, лекин ибодат қилгандан кейин киши тинчлангандай бўлади. Сажда қилинг, азизим, — дейди.
Андрей Ефимич хижолат тортиб санамни ўпади. Михаил Аверьянич бўлса лабларини чўччайтириб, бошини қимирлатиб шивирлаб ибодат қилади, яна кўзларига ёш олади. Ундан кейин Кремлга кетишди, у ерда царь-пушкани , царь-колоколни кўришди ва уларни ҳатто бармоқлари билан ушлашди. Замоскворечье манзарасини завқ билан томоша қилишди, Спаситель ибодатхонасига ва Румянцев музейига ҳам кириб чиқишди.
Тушлик овқатни Тестовнинг ошхонасида ейишди. Михаил Аверьянич чакка соқолларини силаганича менюга узоқ вақт қараб ўтирди-да, ресторанларда ҳам ўзини уйида ўтиргандек сезишга ўрганиб қолган шинаванда сингари:
— Кўрайликчи, бизларни нима билан меҳмон қилар экансиз, фариштам! — деди.

XIV

Доктор юради-туради, томоша қилади, ейди-ичади-ю, Михаил Аверьянич ғашини келтираётганини ҳеч унутолмайди. У ўртоғидан айрилиб, яшириниб қолгуси, танҳо ўзи дам олгуси келади, ўртоғи эса, уни ўзидан бир қадам нари юбормасликни ва мумкин қадар кўпроқ унинг кўнглини очишни ўзининг бурчи деб билади. Кўрадиган нарса қолмаганда, унинг кўнглини гап билан очишга уринади. Андрей Ефимич икки кун бирга чиқди. Учинчи кун дўстига касаллигини ва кун бўйи уйда қолиш ниятида эканлигини айтди. Дўсти, агар ундай бўлса, мен ҳам уйда қоламан, деди. Ҳақиқатан дам олиш керак, бундоқ юраверсак, оёқда оёқ қолмайди, — деди. Андрей Ефимич диванга ётди, орқасини ўгирди-да, тишини-тишига қўйиб, унинг сўзларига қулоқ солди. Дўсти бўлса, эртами-кечми, Франция, албатта, Германияни тор-мор қилади, Москвада муттаҳамлар жуда кўп ва отнинг кўринишига қараб унинг яхши жиҳатлари ҳақида бирор фикр айтиш қийин, деб уни ишонтиришга ҳаракат қилиб астойдил гапирди. Докторнинг қулоғи битиб, дили ўйнай бошлади, лекин дўстига чиқиб кетинг ёки гапирманг дейишга назокати йўл қўймайди. Унинг бахтига номерда ўтириш Михаил Аверьяничнинг жонига тегиб, овқатдан сўнг бир айланиб келгани чиқиб кетди.
Ёлғиз қолганидан кейин, Андрей Ефимич яйраб дам олди. Уйда ёлғиз ўзинг эканингни билганинг ҳолда қимирламай диванда ётиш қандай яхши! Ёлғизликдан бошқа бахтнинг бўлиши мумкин эмас. Тубанлашган фаришта эҳтимол фаришталар билмайдиган ёлғизликни истаб худога хиёнат қилгандир. Андрей Ефимич сўнгги кунларда кўрган ва эшитганлари ҳақида ўйлай деса, Михаил Аверьянич хаёлидан сира нари кетмас эди.
«Ахир у отпуска олиб мен билан бирга келганида дўстлигидан, олиҳимматлигидан келди-ку, — дерди доктор, хуноб бўлиб. — Мана шу дўстона ғамхўрлигидан ёмон нарса йўқ-да. Бўлмаса ўзи раҳмдил, олижаноб, хушчақчақ одамга ўхшайди-ку, лекин кишини зериктиради, чидаб бўлмаслик даражада зериктиради. Шундай одамлар бўладики, доим маъноли ва яхши сўзларни гапирсаям, лекин бефаҳмлигини шундай сезиб туради киши».
Бундан кейинги кунларда ҳам Андрей Ефимич касалман деб номердан чиқмай қўйди. У диван суянчиғига юзини ўгириб ётар, дўсти гап билан унинг кўнглини очишга уринганда сиқилар ва чиқиб кетганда дам оларди. Келгани учун ўзидан, яна кундан-кунга баттар жағи очилиб, сергап бўлиб бораётган дўстидан койиниб, хуноб бўларди: фикрини жиддий ва юксак изга солишнинг асти иложини тополмас эди.
«Мени бир вақтлар Иван Дмитрич айтган воқелик айлантираётир, — деб ўйларди у, ўзининг икир-чикирларга аҳамият беришидан аччиғланиб. — Умуман бўлмағур гаплар… Уйга борсам ҳаммаси ўз жойига тушиб қолади…»
Петербургда ҳам аҳвол шу бўлди: эртадан кечгача номердан чиқмади, диванда ётди, фақат пиво ичганигина ўрнидан турарди.
Михаил Аверьянич уни тезроқ Варшавага кетишга қистарди.
— Азизим, мен у ерга бориб нима қиламан? — дерди Андрей Ефимич ёлвориб. — Ёлғиз бора қолинг, сиздан сўрайман! Менга рухсат беринг, уйга кетай!
— Асло иложи йўқ! — деб қаршилик қилди Михаил Аверьянич. — Варшава жуда ажойиб шаҳар. У ерда мен ҳаётимнинг бахтли беш йилини ўтказганман!
Ўз айтганини қилишликка Андрей Ефимичнинг иродаси кучсизлик қилди ва бўйнидан бойлагандай Варшавага кетди. Бу ерда ҳам номердан чиқмади, диванда ётди, ўзидан, дўстидан ва рус тилини тушунишни асти истамаган хизматкорлардан койинди. Одатда соғлом, тетик, хурсанд Михаил Аверьянич бўлса эртадан-кечгача шаҳарни айланар ва эски танишларини ахтарарди. У бир неча марта уйда тунамади. Қаерда тунагани номаълум, бир кечадан сўнг қип-қизил бўлиб, сочлари тўзиган, қаттиқ ҳаяжонга тушгани ҳолда эрталаб қайтиб келди. Ўзича нималарнидир сўзлаб, узоқ вақт уйнинг у бошидан бу бошига юргандан кейин тўхтади ва:
— Ҳаммадан ҳам номус керак! — деб қўйди.
Яна бир оз юргач бошини ушлади ва даҳшатли товуш билан:
— Тўғри, ҳаммадан ҳам номус керак! Биринчи гал бошимга шу шаҳарга келиш фикри етган дақиқага лаънатлар бўлсин! Азизим, — деди, докторга қараб, — мендан нафратланинг, ютқазиб келдим! Менга беш юз сўм бериб туринг!
Андрей Ефимич беш юз сўмни санади ва индамасдан дўстига берди. У, уятидан ва ғазабидан ҳали ҳам қизарган ҳолда ғўлдираб, қандайдир бир бефойда қасамни ичди-да, шапкасини кийиб чиқиб кетди. Икки соатлардан кейин қайтиб келиб, ўзини креслога ташлади ва қаттиқ уҳ тортиб:.
— Номус сақланди! Кетамиз, дўстим! Бу лаънати шаҳарда менинг бир минут ҳам тургим келмайди. Муттаҳамлар! Австрия жосуслари! — деди.
Дўстлар ўз шаҳарларига қайтиб келишганда ноябрь ойи эди ва кўчаларда қалин қор ётарди. Андрей Ефимичнинг ўрнини доктор Хоботов олган эди; у Андрей Ефимичнинг касалхонага қарашли уйини бўшатиб беришини кутиб ҳали ҳам эски жойида турар эди. У хизматчим деб юрган хунук жувон, касалхона уйларидан биттасида турарди.
Шаҳарда касалхона тўғрисида янги ғийбатлар тарқалганди. Айтардиларки, ҳалиги хунук жувон касалхона нозири билан уришиб қолган эмиш, нозир жувоннинг олдида тиз чўкиб узр сўраган эмиш.
Андрей Ефимич қайтиб келган куниёқ ўзига уй излашга тўғри келди.
— Дўстим, — деди почта мудири тортинибгина, — андишасизлик қилиб бераётган саволим учун кечиринг: — қанча дунёнгиз бор?
Андрей Ефимич индамасдан пулларини санади-да:
— Саксон олти сўм, — деди.
— Мен уни сўраётганим йўқ, — деди хижолат тортиб Михаил Аверьянич, докторнинг сўзига тушунолмай. — Умуман қанча деяпман?
— Мен ҳам ўшани айтяпман-да, сизга. Саксон олти сўм… бундан бошқа ҳеч нарсам йўқ.
Михаил Аверьянич докторни ҳалол ва номусли одам деб билгани ҳолда, ҳеч бўлмаса йигирма мингга яқин сармояси бор деб ўйларди. Энди бўлса Андрей Ефимичнинг фақирлигини, ҳаёт кечиришига ҳам етарлик нарсаси йўқлигини билиб, негадир тўсатдан йиғлаб юборди ва дўстини қучоқлаб олди.

XV

Андрей Ефимич мешчанка Белованинг уч деразалик чоққина уйида турар эди. Ошхонасини ҳисобга олинмаса, бу уй учтагина хонадан иборат. Деразалари кўчага қараган иккита хонасида доктор турар, ошхона билан учинчи уйда Дарьюшка ва уч боласи билан мешчанканинг ўзи турарди. Гоҳо беканинг ўйнаши, маст мужик тунагани келарди, кечалари тўполон қилиб болаларнинг ва Дарьюшканинг ўтини ёрарди. У келиб ва ошхонада ўтириб олиб ароқ талаб қилганда уйдагиларнинг ҳаммаси сиқилиб қоларди, шунда доктор раҳми квлганидан йиғлаётган болаларни ўз уйига олиб чиқар, полга ётқизиб қўярди ва бундай қилиш унга кўп ҳузур-ҳаловат бахш этарди.
У аввалгидай эрталаб соат саккизда турар, чойдан кейин ўтириб, эски китоб ва журналларни ўқир эди. Янгисини олишга энди пули йўқ эди… Китобларнинг эскилигиданми ёки шароит ўзгарганиданми — ўқиш уни чуқур таъсирлантирмайди ва чарчатарди. Вақтини бекор ўтказмаслик учун китобларга тўла каталог тузиб, уларнинг муқовасига патта ёпиштирар ва бу ақл юргизилмайдиган, қунт талаб қиладиган майда иш ўқишдан қизиқроқ туюларди. Бир хил сердиққат иш қандайдир тушуниб бўлмайдиган бир тарзда унинг фикрини аллалайди ва ҳеч нарса ҳақида ўйламайди, вақт ҳам тез ўтади. Ҳатто ошхонага кириб Дарьюшка билан картошка арчиш ва қора буғдой ёрмасидаги чўп-хасларни териш ҳам қизиқ туюларди. Шанба ва якшанба кунлари у черковга боради. Девор ёнида туриб, кўзларини сузиб, ўқиладиган оят куйига қулоқ соларкан, ота-онасини, олий мактабдаги чоғларини ва динлар ҳақида ўйлайди; у кўнгли тинчиб, хомуш тортиб кетади ва кейин черковдан чиқиб кетаётганида ибодатнинг бунчалик тез тамом бўлганига ачинади.
У Иван Дмитрич билан суҳбатлашгани икки марта касалхонага борди. Лекин Иван Дмитрич ҳар гал ҳам ҳаддан ташқари тутоққан ва дарғазаб эди; у ўзини тинч қўйишларини ўтинди, бўлмағур қуруқ сўзнинг аллақачон жонига текканини, чекаётган барча азоб-уқубатининг эвазига бу лаънати разил одамлардан фақат битта мукофот — ёлғиз қамашларини илтимос қилганини айтди. Наҳотки шуни ҳам рад қилсалар? Ҳар икки гал ҳам Андрей Ефимич хайрлашаётиб, хайрли кеч деса, у ғижиниб:
— Минг лаънат! — деди.
Андрей Ефимич энди учинчи марта боришини ҳам, бормаслигини ҳам билмасди. Лекин боргиси келарди.
Илгари Андрей Ефимич тушлик овҳатдап кейин хонадан-хонага ўтиб юрарди ва хаёл сурарди, энди бўлса, овқатдан то кечки чойгача диванга орқасини ўгириб ётиб, ҳеч нари кетмаётган майда-чуйда гапларни ўйлайди. Йигирма йилдан ортиқ қилган хизмати учун унга нафақа ҳам, на бир йўла ёрдам пули ҳам беришмагани алам қиларди. Тўғри, у ҳалол хизмат қилмади, лекин нафақани ҳалол хизмат қилган, қилмаганига қарамай хизматчиларнииг ҳаммаси олади-ку. Ҳозирги замоннинг бор-йўқ одиллиги ҳам шундаки, унвон, орден, нафақалар билан кишининг ахлоқи ва унинг қобилиятини эмас, умуман вазифани мукофотлайдилар, қандай вазифа бўлишининг фарқи йўқ-ку. Нега энди бу қоидадан битта у четда қолиши керак? Унинг ҳеч пули йўқ. Дўкон олдидан ўтишга ва уй бекасига қарашга номус қилади. Пивочидан ўттиз икки сўм қарз. Мешчанка Беловадан ҳам қарз. Дарьюшка секин-аста бориб эски кўйлакларни, китобларни сотиб келади ва доктор яқинда жуда кўп пул олади деб, бекани алдайди.
Йиғиб қўйган минг сўмини саёҳатга сарф қилгани учун доктор ўзини койиди. Ҳозир ўша минг сўм, қаидай иш берар эди! Яна одамлар уни ўз ҳолига қўймаганларидан диққати ошарди. Хоботов онда-сонда келиб, касал бўлиб қолган ҳамкасбини кўришни ўз бурчи деб билади. Унда бўлган ҳамма нарса: қўнжи узун этигидан тортиб тўлиқ юзи, сўзларидаги бемаъни, ортиқ даражада кибрли оҳанг, «ҳамкасб» дейиши, Андрей Ефимичга жирканч туюлади; ҳаммадан ҳам кўнглига урадигани Андрей Ефимични даволашни ўз вазифаси деб билиши ва ҳақиқатан ҳам даволаяпман деб ўйлаши эди. Ҳар келганда бир шиша бромли калий ва ревендан ясалган ҳаб кўтариб келар эди.
Михаил Аверьянич ҳам дўстини кўриб туришни ва унинг кўнглини очишни ўз бурчим деб биларди. Ҳар гал Андрей Ефимичнинг олдига ясама бетакаллуфлик билан кириб келарди, қаҳ-қаҳ уриб зўраки куларди, яна бугун рангингиз жуда яхши, мана худога шукур, иш тузалиш томонга ўтди деб, Андрей Ефимични ишонтиришга уринарди, лекин бундан дўстининг тузалишидан умиди йўқлиги билиниб турарди. Ҳали у Варшавада олган қарзини беролмай, уялганидан гангиган, қаттиқ хижолатда эди, шунинг учун ҳам қаттиқроқ кулишга, қизиқроқ қилиб сўзлашга уринарди. Унинг латифалари узундан-узоқдай туюлар ва Андрей Ефимичга ҳам, унинг ўзига ҳам озор берарди.
У борлигида Андрей Ефимич диван суянчиғига қараб ётиб, тишини-тишига қўйиб тингларди; унинг кўнглига қатлам-қатлам бўлиб қуйқа ўтирарди ва дўсти ҳар келиб кетганда ҳалиги қуйқа кўтарилиб бораётганини ва бўғзига келаётганини сезарди.
Майда-чуйда сезгиларни кўиглидан чиқариш мақсадида у ўзини, Хоботовни, Михаил Аверьянични эртами-кечми ўлиб, табиатда бирор нишон қолдирмаслигини ўйлар эди. Агар миллион йиллардан сўнг ер курраси ёнида бирон руҳ учиб ўтади деб фараз қилинса, у қуруқ тупроқ ва яланғоч қоялардан ўзга ҳеч нарса кўрмайди. Маданият ҳам, ахлоқ қонунлари ҳам — ҳаммаси маҳв бўлиб кетади, ҳатто уларнинг устида қариқиз ўт ҳам ўсиб чиқмайди. Боққолдан уялиш, арзимаган Хоботов, Михаил Аверьяничнинг малол келадиган дўстлиги нима деган гап? Буларнинг ҳаммаси бўлмағур, арзимайдиган гаплар деярди.
Лекин бу хилдаги муҳокамалар энди ёрдам бермасди. У эндигина миллион йилдан кейинги ер куррасини кўз олдига келтира бошласа, ҳалиги яланғоч қоялар орасидан қўнжи узун этик кийган Хоботов чиқарди ёки Михаил Аверьянич пайдо бўлиб, қаҳ-қаҳлар ва хижолат ичида: «Варшавадаги қарзни, азизим, уч-тўрт кун ичида бераман, албатта, бераман…» деган шивирлаш эшитиларди.

XVI

Бир кун тушлик овқатдан кейин Михаил Аверьянич келди. Андрей Ефимич диванда ётган эди. Худди ўша топда бир шиша бром кўтариб, Хоботов ҳам келиб қолди.
Андрей Ефимич зўрға қўзғалиб, туриб ўтирди ва иккн қўли билан диванга тиралди.
— Бугунчи, азизим, — деб бошлади Михаил Аверьянич, — рангингиз кечагига қараганда анча яхши. Азаматсиз-да! Худо ҳақи, азаматсиз!
— Бўлди, бўлди-да, ҳамкасб, — деди Хоботов, эснаб. — Бу ғалва ўзингизнинг ҳам жонингизга теккандир.
— Яхши бўламиз ҳам-да! — деди Михаил Аверьянич хушнудлик билан. — Ҳали яна юз йил яшаймиз! Ҳа шундай!
— Юз йил-ку, бўлмас-у, яна йигирма йилларга борилади, — деб тасалли берди Хоботов, — ҳечқиси йўқ, ҳечқиси йўқ, ҳамкасб, ғам еманг… қўйинг, ваҳима қилманг.
— Ҳали биз ўзимизни кўрсатамиз! — деди қаҳ-қаҳ уриб Михаил Аверьянич ва дўстининг тиззасига уриб қўйди. — Ҳали биз кўрсатамиз! Келаси ёз, худо хоҳласа Кавказга қараб жўнаймиз ва бутун Кавказни хўп! хўп! хўп! деб от билан айланиб чиқамиз. Кавказдан қайтганимиздан кейин, қарабсизки, тўй қилиб юбормасак денг. — деб Михаил Аверьянич кўзини қисиб қўйди, — уйлантириб қўямиз сизни, севикли биродаримни… Уйлантирамиз.. .
Андрей Ефимичнинг хаёлида бирдан ҳалиги қуйқа бўғизига тиқилиб келаётгандай бўлди; дили ўйнаб кетди..
— Бу андишасизлик! — деди у ирғиб туриб, дераза ёнига бораркан, — наҳотки беандиша сўзларни айтаётганингизни англамайсиз-а!
У назокат билан мулойимгина давом қилмоқчи эди-ю, лекин беихтиёр, тўсатдан муштумларини қаттиқ қисди ва қўлларини юқори кўтарди.
— Қўйинг мени! — деди бошқача овоз билан қичқириб, бўғилиб, қизарган ҳолда бутун вужудини титроқ босиб.
— Йўқол, кўзимдан! Иккаланг ҳам йўқол, иккаланг ҳам! — деди.
Михаил Аверьянич билан Хоботов ўринларидан туриб, аввало ҳайрон бўлиб, сўнг қўрқув ичида унга тикилиб қолишди.
— Иккаланг ҳам йўқол! — деди Андрей Ефимич яна қичқириб. — Бефаҳм кишилар! Аҳмоқ одамлар! Дўстлигинг ҳам керак эмас, дорингни ҳам олиб кет, бефаҳм одам! Қабиҳ! Палид одамлар!
Хоботов билан Михаил Аверьянич шошиб қолиб, бир-бирига қарашди ва орқалари билан тисланиб бориб, даҳлизга чиқишди. Андрей Ефимич бромлик калий солинган шишани олиб уларнинг орқасидан улоқтириб юборди; шиша остонага тушиб, шарақлаб синди.
— Чиқ, йўқол! — деди, йиғи аралаш товуш билан уларнинг орқасидан даҳлизга чиқиб.
Меҳмонлар кетгач Андрей Ефимич безгак тутаётгандек титраб, диванга ётди ва узоқ вақт:
— Бефаҳм кишилар! Аҳмоқ одамлар! — деб такрорлади.
У жаҳлидан тушганда аввало ёдига: шўрлик Михаил Аверьянич хижолат тортаётгандир, кўнгли жуда озор топгандир ва умуман бу қандай ёмон иш бўлди, деган фикр келди. Илгари ҳеч қачон бундай бўлмаган эди. Эс қани-ю, одоб қани? Қани ҳар нарсани англаб олишлик ва файласуфча лоқайдлик?
Доктор уялганидан ва ўз қилиғидан хуноб бўлганидан тун бўйи ухлаёлмай чиқди, эрталаб соат ўнларда почтахонага бориб, почта мудиридан узр сўради.
— Бўлган ишни кўнгилдан чиқарайлик, — деди чуқур нафас олиб, кўнгли бузилиб кетган Михаил Аверьянич унинг қўлини қаттиқ қисаркан. — Ким ўтган ишни эсласа кўр бўлсин, — Любавкин. — У тўсатдан шундай қаттиқ қичқирдики, хат ташувчилар ва почтахонага келган одамлар чўчиб кетишди. — Стул келтир. Сен тура тур! — деди бақириб панжарадан заказной хат узатаётган хотинга. — Кўряпсанми, қўлим бўш эмас-ку. Ўтган ишни эсга олмаймиз, — давом қилди у мулойимлик билан Андрей Ефимичга қараб. — Қани, марҳамат қилинг, азизим.
У индамасдан тиззаларини силаб, бир дақиқа ўтирдида, кейин бундай деди:
— Сиздан гина қилиш менинг хаёлимга ҳам келгани йўқ. Дард ҳазил гап эмас, мен тушунаман. Кеча касалингизнинг тутиб қолиши доктор билан мени қўрқитиб юборди, кейин узоқ вақт сиз тўғрингизда сўзлашдик. Азизим, нима учун касалингизни жиддий равишда даволатгингиз келмайди? Шу яхшими? Дўстлик қилиб очиғини айтганим учун кечиринг, — деди шивирлаб Михаил Аверьянич, — сиз ўзингизга мутлақо тўғри келмайдиган шароитда яшайсиз: жой тор, ифлос, парваришингиз йўқ, даволанишга ҳам ҳеч нарсангиз йўқ… Азиз дўстим, доктор икковимиз жону дилимиз билан сиздан илтимос қиламиз, бизларнинг маслаҳатимизга кўнинг, касалхонага ётинг! У ернинг овқати яхши, парвариш ҳам қилишади, даволашади ҳам. Гап шу ерда қолсин-ку, гарчи Евгений Федорич таълим-тарбиядан четдаги одам бўлса ҳам, лекин илмдан хабари бор, унга ишониш мумкин. У сизни яхшилаб қарашга ваъда берди.
Андрей Ефимич почта бошлиғининг чин кўнгилдаи қилаётган меҳрибончилигини ва тўсатдан унинг юзларига оқиб тушган ёшини кўриб, кўнгли бўшашиб кетди.
— Азизим, ишонманг! — деди у секингина қўлини кўксига қўйиб, — уларга ишонманг! Бўлмаган гап! Менинг касалим фақат шундаки, йигирма йил мобайнида бутун бошлик шаҳарда фақат битта ақлли одамни учратдим, у ҳам бўлса жинни. Менинг ҳеч қандай касалим йўқ, фақат чиқишнинг иложи бўлмаган сеҳрли гирдобга тушиб қолдим. Менга барибир, нима десангиз тайёрман.
— Касалхонага ётинг, азизим.
— Менга барибир, ўрага десангиз ҳам майли.
— Ҳар тўғрида Евгений Федоричга қулоқ солишга ваъда беринг, жоним.
— Майли, сўз бераман. Лекин, ҳурматли дўстим, такрор айтаманки, сеҳрли гирдобга тушганман. Энди ҳаммаси, ҳатто дўстларимнинг чин кўнгилдан қиладиган меҳрибонлигидан тортиб барча нарса — мени ҳалок қилишга олиб боради. Мен ҳалок бўлаётирман ва шуни айтишга иродам етади.
— Жоним, тузалиб кетасиз.
— Бундай дейишнинг нима ҳожати бор? — деди Андрей Ефимич асабийлашиб. — Камдан-кам одам ҳаётининг охирида ҳозирги мен сезаётган ҳолни сезади. Агар сизга буйрагингиз ярамайди ёки юрагингиз кенгайиб кетган десалар даволана бошлайсиз, агар сизни жинни ёки жиноятчи дейишса, яъни қисқаси одамлар бирдан сизга эътибор бера бошласа, унда билингки, сиз сеҳрли гирдобга тушдингиз, ундан чиқишнииг иложи йўқ. Чиқишга ҳаракат қилсангиз баттарроқ адашиб кетасиз. Бўйсуниб қўя қолинг, чунки ҳеч қандай инсон қудрати сизни қутқара олмайди, мен шундай деб ўйлайман.
Бу орада панжаранинг нариги ёғида одам йиғилиб қолганди. Андрей Ефимич халақит бермаслик учун турдида, хайрлашди. Михаил Аверьянич ундан яна бир қайта ваъда олди-да, кўча эшиккача кузатиб қўйди.
Ўша куниёқ кечга томон Андрей Ефимичнинг олдига узун қўнжли этик, қисқа пальто кийиб, кутилмаган чоғла Хоботов кириб келди ва гўё кеча ҳеч гап ўтмагандай бир вазиятда:
— Мен олдингизга бир иш билан келдим, ҳамкасб. Сизни таклиф қилгали келдим, мен билан консилиумга бориб келмайсизми-а? — деди.
Хоботов мени айлантириб, бир оз кўнглимни очмоқчидир ёки ҳақиқатан пул ишлаб олсин деяётгандир, деган хаёлга бориб Андрей Ефимич кийинди ва бирга кўчага чиқди. Кечаги гуноҳини унинг кўнглидан чиқариб, ярашиб олишга қулай пайт топилганига шодланар ва уни аяб бўлса керак, кечаги гап тўғрисида оғиз очмай бораётган Хоботовга ичидан ташаккурлар айтарди. Шундай маданиятсиз одамдан бунчалик назокат кутиш қийин эди.
— Беморингиз қаерда? — деб сўради Андрей Ефимич.
— Касалхонамда. Кўпдан бери сизга кўрсатмоқчи бўлиб юрган эдим… Жуда ажойиб ҳодиса.
Касалхона ҳовлисига киришди ва касалхонанинг катта биноларини ўтиб, ақлидан адашганлар ётадиган бинога қараб йўл олишди. бунинг ҳаммаси негадир индамасдан қилинди. Ҳалиги уйга кирганларида Никита одати бўйича ирғиб туриб, қоматини ростлади.
— Касаллардан биттаси ўпкасини олдириб қўйибди, — деди Хоботов секингина, Андрей Ефимич билан палатага кираркан. — Сиз шу ерда тура туринг, мен ҳозир фақат стетоскопни олиб келаман.
Чиқиб кетди.

XVII

Қоронғи туша бошлаган эди. Иван Дмитрич ўрнида башарасини ёстиққа босиб ётибди; фалаж одам ҳаракатсиз ўтириб, аста йиғлаб, лабларини қимирлатяпти, семиз киши билан собиқ хат сараловчи ухлашяпти. Жимжит.
Андрей Ефимич бўлса, Иван Дмитричнинг кроватига ўтириб кутди ва Хоботовнинг ўрнига, қўлтиғида халат, кимнингдир ички кийимларини, туфли кўтариб хонага Никита кириб келди.
— Марҳамат, кийининг жаноби олийлари, — деди у секингина. — Мана бу сизнинг ўрнингиз, бу ёққа марҳамат қилинг, — деди афтидан яқинда келтирилган бўш кроватни кўрсатиб. — Ҳечқиси йўқ, худо хоҳласа тузалиб қоласиз.
Андрей Ефимич ҳаммасига тушунди. Бирор оғиз сўз қотмади ва Никита кўрсатган кроватга ўтирди; Никитанинг кутиб турганини кўриб, қип яланғоч бўлиб ечинди ва уялиб кетди. Сўнг касалхона кийимини кийди; лозим жуда қисқа, кўйлак узун келди. Халатдан тузланган балиқнинг ҳиди келарди.
— Худо хоҳласа, тузалиб қоласиз, — деди Никита яна.
У Андрей Ефимичнинг кийимларини қўлтиқлаб олиб чиқди-да, эшикни бекитиб кетди.
«Барибир… — деб ўйлади Андрей Ефимич уялиб, халатга ўраларкан, бу янги кийимда ўзини маҳбусларга ўхшатиб. — Барибир… Фракми, мундирми, ё шу халатми, барибир…»
Лекин соатни олиб кетди-ку? Ён чўнтагимдаги дафтарчам-чи, папиросларим-чи? Кийимларни Никита қаёққа олиб кетдийкин? Энди эҳтимол, ўлгунимча ҳам шим, жилетка, этик кийишга тўғри келмас. Бу жуда қизиқ, дафъатан тушуниб ҳам бўлмайди, Андрей Ефимич ҳали ҳам мешчанка Белованииг уйи билан 6-номерли палатанинг ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ, бу дунёдаги ҳамма нарса қуруқ ғалва ва бўлмағур гаплар деган фикрда эди, шундай бўлса ҳам қўллари титради, оёқлари музлади, яна ҳозир Иван Дмитрич уйғонади ва мени халат кийган ҳолда, кўради деган фикрдан кайфи учиб кетди. Ўрнидан турди, бир оз юрди, яна ўтирди.
Мана унинг ўтирганига ярим соат бўлди, бир соат ҳам бўлди ва жонига тегарлик даражада зерикди. Наҳотки шу жойда мана бу одамлар сингари кунлаб, ҳафталаб, ҳатто йиллаб яшаш мумкин? Мана у ўтирди, бир айланиб келиб яна ўтирди; бориб деразадан қараш мумкин, кейин яна уйнинг у бошидан бу бошига юриш мумкин. Ундан кейин нима? Эртадан кечгача қаққайиб ўтириш ва хаёл суришми? Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас.
Андрей Ефимич ётди, лекин ўша ондаёқ турди, енги билан пешонасидаги совуқ терни артди ва бутун юзидан тузлаган балиқ ҳиди келаётганини сезди. У яна туриб юрди.
— Бу қандайдир англашилмовчилик… — деди у, қўлларини ёзиб, ҳайрон қолиб, — гаплашиш керак, бунда англашилмовчилик бор…
Шу топда Иван Дмитрич уйғонди. Туриб ўтирди, яноқларини муштумларига тиради. Тупурди. Сўнг эринчоқлик билан докторга қаради ва афтидан дастлаб тушунолмади, лекин унинг уйқуси ўчмаган юзида тезда ғазаб ва истеҳзо акс этди.
— Ҳимм, сизни ҳам шу ерга тиқиб қўйишдими, азизим! — деди уйқудан бўғилиб турган товуш билан, бир кўзини қисиб, — жуда хурсандман. Аввал сиз одамларнинг қонини ичар эдингиз. Эндичи, сизнинг қонингизни ичишади. Жуда соз!
— Бу қандайдир англашилмовчилик… — деди Иван Дмитричнинг сўзидан қўрқиб кетган Андрей Ефимич ва елкаларини учирди, яна: — қандайдир англашилмовчилик, — деди.
Иван Дмитрич яна тупурди-да, ётди.
— Лаънати ҳаёт! — деди у тўнғиллаб — Ҳаммадан ҳам нимаси алам қилади денг, бу турмуш — азоб чекишлар бадалига мукофот билан эмас, ёки операдаги каби тантана билан эмас, ўлим билан тамом бўлади-я; касалхона хизматчилари келиб ўликни қўлидан, оёғидан олиб, судраб ертўлага элтиб ташлайдилар у… у! Ҳа, майли… шуниси борки, бизларга у дунёда байрам бўлади… Мен у дунёдан бу ерга арвоҳ бўлиб келаман ва бу газандалариинг ўтини ёраман. Мен уларнинг сочларини оқартириб юбораман.
Моисейка қайтиб келди ва докторни кўриб, қўлини чўзиб:
— Бир тийин бер! — деди.

XVIII

Андрей Ефимич дераза олдига борди, далага қаради. Қоронғи тушиб қолганди ва ўнг томонда уфқдан тўқ қизил, совуқ ой кўтарилаётганди. Касалхона деворидан йироқ эмас, кўп бўлса уч юз қадамча нарида тош девор билан айлантирилган баланд оқ иморат турибди. У турма.
«Воқелик бу экан!» деб ўйлади Андрей Ефимич ва юрагини ваҳима босди.
Ой ҳам, турма ҳам, деворидаги михлар ҳам, узоқдаги суяк эритадиган корхонанинг мўрисидан чиқаётган аланга ҳам даҳшатли кўринди. Орқада кимдир уҳ тортди. Андрей Ефимич қайрилиб қаради, ялтироқ юлдузлар ва орденлар таққан кишини кўрди, у киши жилмаяр ва айёрлик билан кўз қисарди. Бу ҳам мудҳиш туюлди.
Андрей Ефимич ойда ва турмада алоҳида бир нарса йўқ, руҳий саломат кишилар орден тақиб юришади ва буларнинг ҳаммаси вақт ўтиши билан чириб, тупроққа айланади деб ўзиии-ўзи ишонтириб кўрди, лекин бирдан уни умидсизлик қамраб олди, икки қўли билан панжарага ёпишиб, кучининг борича силкитди. Мустаҳкам панжара қўзғалмади.
Кейин қўрқувдан паноҳ тортиб Иван Дмитричнинг ёнига борди, ўтирди.
— Азизим, руҳим тушди, — деди титраган ҳолда, совуқ терини артаркан. — Руҳим тушди.
— Яна фалсафа сотинг, — деди Иван Дмитрич мазах қилиб.
— Ё раббий, ё раббий… ҳа, ҳа… Бир кун сиз айтган эдингиз-а, Россияда фалсафа йўқ, лекин ҳамма, ҳатто пастарин кишиларгача фалсафа сотади деган эдингиз. Аммо пастарин кишиларнинг фалсафа сотишининг ҳеч кимга зиёни йўқ-ку, — деди Андрей Ефимич гўё йиғламоқчи ва кишининг раҳмини келтирмоқчи бўлаётгандек бир оҳангда. — Нега энди мазах қилиб куласиз! Норози бўлгандан кейин пастарин киши ҳам фалсафа сотади-да! Ақлли, илмли, мағрур ва озодликни севучи одамга, азиз зотга орқада қолган ифлос шаҳарчага бориб табиб бўлишликдан, кейин умр бўйи банка ва зулук солиш, гарчишник қўйишдан бошқа илож йўқ. Муттаҳамлик, разиллик, фикрий чекланганлик, ё раббий!
— Бўлмағур гапларни вайсаяпсиз. Табибликни ёқтирмасангиз министр бўла қолинг эди.
— Ҳеч, ҳеч иложим йўқ. Заифмиз, азизим… Мен бепарво эдим, тетик ва соғлом фикр юритардим, ҳаёт менга дағал томонини ўгириши билан руҳим тушиб кетди… мажолим қолмади… заифмиз, ярамасмиз… сиз ҳам шундайсиз, азизим… Сиз ақлли, олижаноб одамсиз, гўзал хулқ сизга сут билан кирган, лекин ҳаётга қадам қўяр-қўймас ҳориб, касал бўлиб қолғансиз… Заифмиз! Заиф!
Кеч киргандан бери қўрқув ва аламдан бошқа яна қандайдир сира нари кетмайдиган бир ҳис Андрей Ефимични эзиб турганди. Ниҳоят англади, унинг пиво ичгиси ва папирос чеккиси келаётган экан.
— Азизим, эшикка чиқаман, — деди у.
— Айтай, чироқ келтиришсин… Бундоқ туролмайман… Тоқатим йўқ…
Андрей Ефимич эшик олдига борди ва эшикни очди, шу он Никита ирғиб туриб йўлини тўсди.
— Қаёққа бормоқчисиз? Мумкин эмас, мумкин эмас! — деди у. — Ухлаш керак!
— Ҳа, мен бир минутгина ҳовлнни айланиб келаман! — деди Андрей Ефимич шошганидан.
— Мумкин эмас, мумкин эмас, ижозат йўқ. Ўзингиз биласиз-ку.
Никита эшикни қаттиқ ёпди-да, орқаси билан суяниб олди.
— Агар мен шу ердан чиқсам, шундан бировга бир нарса бўладими? — деди Андрей Ефимич елкаларини учириб. — Тушунолмадим! Никита, мен эшикка чиқишим керак! — деди у қалдираган товуш билан. — Ишим бор!
— Тартибсизлик қилманг, яхши эмас! — деди Никита насиҳат қилиб.
— Бу нима деган гап-а! — деди Иван Дмитрич тўсатдан ҳайқириб ва сакраб турди. — Чиқармасликка унинг нима ҳақи бор? Бизларни бу ерда қамоқда тутишга қандай ҳақиегиз бор. Қонунда-ку, суд ҳукм қилмагунча ҳеч ким озодликдан маҳрум қилинмайди, деб очиқ айтилган. Бу зўрлик! Ўзбошимчалик!
— Албатта, ўзбошимчалик! — деди Иван Дмитричнинг гапидан жасоратланган Андрей Ефимич. — Чиқаман дедим, чиқишим керак! Чиқармасликка ҳақи йўқ! Чиқар, сенга айтаётирман!
— Эшитяпсанми, бефаҳм ҳайвон? — деди Иван Дмитрич, бақириб ва муштуми билан эшикни урди — Оч, бекор эшикни синдираман! Муттаҳам!
— Оч! — деди бақириб Андрей Ефимич бутун вужудини титроқ босган ҳолда. — Мен талаб қиламан!
— Вайсайвер! — деди эшик орқасидан туриб Никита, — вайсайверчи!
— Ҳеч бўлмаса, бор, Евгений Федорични айтиб кел! Мен чақираётганимни айт… Бир минутга!
— Эртага ўзлари ҳам келадилар.
— Бизларни ҳеч қачон чиқаришмайди! — деб давом қилди Иван Дмитрич. — Шу ерда чиритишади! Эй парвардигор, иаҳотки ҳақиқатан у дунёда дўзах йўқ ва бу аблаҳларни кечириб қўя қолинади? Қани адолат? Оч, аблаҳ, нафасим бўғилиб кетди! — деди бўғиқ товуш билан қичқириб ва бор бўйи билан эшикни итарди. — Бошимни ёраман! Қонхўрлар!
Никита эшикни тез очди, икки қўли ва тиззаси билан Андрей Ефимични қаттиқ итариб юборди, кейин қулочкашлаб муштуми билан юзига туширди. Андрей Ефимичнинг хаёлида каттакон шўр тўлқин бошигача кўмиб, кроватга судраб бораётгандай бўлди; дарҳақиқат оғзи шўртанг бўлиб кетди: қон тўлган бўлса керак. У сузиб чиқмоқчи бўлгандек қўлларини қимирлатган эди, кимнингдир кроватини ушлаб олди. Шу топда Никита икки марта елкасига урганини сезди.
Иван Дмитрич қаттиқ қичқирди, уни ҳам уришган бўлса керак.
Сўнг ҳаммаси жим бўлди. Ойнинг хирагина нури темир панжара орқали ўтиб, полга тўр шаклида соя ташлаб турибди. Даҳшатли эди. Андрей Ефимич ётди ва дамини ичига олди; у яна уришади деб, ўти ёрилиб кутарди. Худди биров ўроқ олиб, унга санчиб, кўкрагида, қорнида бир неча марта бураб оларди. Оғриққа чидолмай ёстиқни тишлаб, тишини тишига қўйди, боши ва охири йўқ фикрий тарқоқлик орасида тўсатдан: ҳозир ой ёруғида қора доғга ўхшаб ётган мана бу одамлар шу сингари оғриқни неча йиллар давомида ҳар кун бошидан кечирган, деган даҳшатли, оғир фикр равшан эсига келди. Йигирма йилдан ортиқ вақт ўтса-ю, қандай қилиб шу нарсани англамаган ва англашни ҳам истамаган экан? У билмаган эди, оғриқ ҳақида тушунчаси ҳам йўқ эди, демак у айбли эмас, лекин ўзининг Никита сингари дағал ва ўжар виждони энсасидан товонигача совушга мажбур қилди. Сакраб турди, товушининг борича қичқирмоқчи ва тезроқ югуриб бориб Никитани, Хоботовни, нозирни ва фельдшерни, сўнгра ўзини ўлдирмоқчи эди, лекин кўкрагидан бирон товуш чиқмади, оёқлари бўйсунмади; бўғилиб, кўкрагидаги халат ва кўйлакка чанг солди, йиртиб ташлади ва бехуш бўлиб кроватга йиқилди.

XIX

Эртасига эрталаб боши оғриб, қулоғи шанғиллаб, бутун вужуди шол-шол бўлиб турди. Ўзининг кечаги заифлигини эслашдан уялмади. Кеча у юраксизлик қилди, ҳатто ойдан ҳам қўрқди, бироқ илгари ўзида борлигини сезмаган ҳис ва фикрларни дадил айтаверди. Масалан, фалсафа сотувчи пастарин кишиларнинг бемаънилигини гапирди. Лекин энди унга барибир эди.
У емади ҳам, ичмади ҳам, чурқ этмай, ҳаракатсиз ётаверди.
«Энди менга барибир, — деб ўйлар эди у, савол бераётганларида. — Жавоб бермайман… Менга барибир».
Тушлик овқатдан кейин чорак қадоқ чой, бир қадоқ мармелад кўтариб Михаил Аверьянич келди. Дарьюшка ҳам келди ва сиймосида маъносиз ғамгинлик акс этган ҳолда бир соат кровать ёнида турди. Доктор Хоботов ҳам келиб кетди. У бир шиша бромли калий келтирди ва палатага бирор нарса тутатиб юборишни Никитага буюрди.
Кечқурун Андрей Ефимичнинг миясига қон қуйилиб ўлди. Аввало жуда қаттиқ титради ва кўнгли айниди; хаёлида қандайдир жирканч бир нарса бутун вужудига, ҳатто бармоқларигача сингиб, меъдасидан тортиб бошигача чиқиб, кўзлари ва қулоқларига тўлиб қолгандай бўлди. Кўз ўнги яшил тусга бўялди. Андрей Ефимич қазоси етганини англади ва Иван Дмитрич, Михаил Аверьянич яна миллионлаб одамларнинг абадийликка ишонишларини эслади. Борди-ю, абадийлик бўлса-чи? Лекин у абадийликни истамас эди, ва бу ҳақда фақат бир лаҳзагина ўйлади. Унинг ёнидан кеча китобда ўқигани ғоят гўзал ва виқорли кийиклар подаси югуриб ўтди; кейин бир аёл унга қўлини чўзиб заказной хат узатди. Михаил Аверьянич нимадир деди. Сўнг ҳаммаси ғойиб бўлди ва Андрей Ефимич абадий уйқуга толди.
Касалхонада хизмат қилувчи эркаклар келишди, қўлидан, оёғидан ушлашди ва часовняга элтиб қўйишди. У ерда Андрей Ефимич кўзлари очилган ҳолда стол устида ётди ва кечаси уни ой ёритиб турди. Эрталаб Сергей Сергеич келди, михлаб қўйилган Исо расмига қараб ихлос билан ибодат қилди ва собиқ бошлиғининг кўзларини юмдирди.
Бир кундан кейин Андрей Ефимични кўмишди. Дафн маросимида фақат Михаил Аверьянич билан Дарьюшка бўлди.

Зумрад таржимаси