Х. деган жамоат клубида эзгу бир ният билан бал-маскарад, ёки шу ерлик баришналар таъбири билан айтганда бал-парей берилди.
Соат тунги ўн икки. Танца қилмайдиган ниқобсиз интеллигентлар — булар беш нафар эди — қироатхонадаги каттакон стол атрофида ўтириб, бурун ва соқолларини газетага ишқаб ўқишар, мудрашар, пойтахт газеталарининг маҳаллий мухбири жуда ўта кетган либерал бир жанобнииг таъбири билан айтсак, «фикр» қилишар эди.
Умумий залдан «Вьюшки» деган кадриль садоси эшитиларди. Эшик олдидан гурс-гурс қадам босиб, идиш-товоқларни шарақлатиб, дам-бадам лакейлар ўтиб туришар эди. Қироатхона ичи жимжит.
— Мана шу ер тузукка ўхшайди, — деди кимдир босинқи, бўғиқ товуш билан. — Кираверинглар. Бу ёққа киринглар!
Эшик очилиб, йўғон гавдали, пакана, кучерча устбош кийган, шляпасига товус пати таққан ниқобли бир киши, унинг кетидан ниқоб кийган хоним ва патнис кўтарган лакей кирди. Патнисда бир кўзача ликёр, уч шиша қизил вино ва бир неча стакан бор эди.
— Бу ёққа! Бу ер салқинроқ ҳам, — деди у киши, — патнисни столга қўй. Ўтиринглар, хонимлар! Же ву при ля тримонтран[1]. Сизлар, жаноблар, нарироқ силжинглар… Нима бу ерда…
У қалқиб, стулдаги бир неча журнални қўли билан суриб ташлади.
— Бу ерга қўй! Сизлар, китобхон жаноблар, нарироқ силжинглар; бу ерда газета-ю, сиёсатга бало борми… Ташланглар!
— Мумкинми, секинроқ гапирсангиз, — деди интеллигентлардан бири ниқоб кийган кишига кўзойнак орқали қараб. — Бу ер буфет эмас, қироатхона… Бу ер ичкилик қиладиган жой эмас…
— Нега ичкилик қиладиган жой эмас экан? Нима, стол қимирлаб тўкиладими, ё шип ўпирилиб тушадими? Ажаб! Лекин… Гапни чўзманг! Ташланг газетани… Шусиз ҳам жуда ақллисизлар… Бироз ўқибсизлар бас, кўз ҳам ишдан чиқади. Ҳаммадан ҳам муҳими менга ёқмаяпти, ҳамма гап шунда.
Лакей патнисни столга қўйди, сочиқни билагига ташлаб эшик ёнига бориб турди. Хонимлар шу ондаёқ вино ичишга киришишди.
— Газетани шундай ичкиликлардан ортиқ кўрадиган ақлли одамлар ҳам бўлар экан-да, дейман, — деди товус пати таққан киши, ўзига ликёр қуяётиб. — Менимча муҳтарам зотлар, ичкани пулларинг бўлмагани учун газетани яхши кўрасизлар. Шундай эмасми? Хо-хо! .. Ўқияптилар! Хўш, нима деб ёзипти? Ҳой, кўзойнак таққан зот! Қанақа фактлар тўғрисида ўқиётибсиз? Ҳо? Э, қўйсангчи-я! Олифтагарчилик ҳам эви билан-да! Ундан кўра ичсанг-чи!
Товус пати таққан киши ўрнидан туриб, кўзойнакли жанобнинг қўлидан газетани тортиб олди. У кишининг ранги оқарди, кейин қизарди ва ҳайрон бўлиб, бошқа интеллигентларга қаради — улар ҳам бунга қараб туришар эди.
— Сиз талтайиб кетаётибсиз, муҳтарам жаноб! — деди у жаҳли чиқиб. — Сиз қироатхонани майхонага айлантираётирсиз, тартибсизлик қилишга, менинг қўлимдаги газетани тортиб олишга ҳақингиз йўқ! Мен сиз айтган одамлардан эмасман! Сиз мени биласизми, кимман! Мен банк директори Жестяков бўламан!
— Сендақа Жестяковларни икки пулга олмайман! Газетангни эса мана-мана…
У газетани ердан олиб майда-майда қилиб ташлади.
— Жаноблар, бу нима деган гап? — деди Жестяков донг қотиб. — Бу қандай бўлди… Бу ҳеч ақлга сиғмайдиган иш-ку!
— Аччиғлари келди, — деди ниқобли киши кулиб, — ҳай-ҳай, жуда қўрқиб кетдим-ку! Аъзойи-баданим титраб кетаётипти! Менга қаранглар: муҳтарам зотлар! Ҳазилни қўйинглар, сизлар билан гаплашгани хушим йўқ. .. Мен мана бу хонимлар билан айш-ишрат қилмоқчиман, шунинг учун кўп хира бўлмасдан, бу ерни бўшатиб қўйинглар… Бўла қолинглар! Жаноби Белобухин, қани туёғингни шиқиллат! Нега тумшуғингни жийирасан? Чиқ дегандан кейин чиқ! Чиқ тезроқ дейман, бўлмаса бўйнингга тушириб қоламан.
— Бу қандай бўлди? — деди суд хазиначиси Белобухин қизариб, елкаларини қисиб. — Тушуна олмадим. Бир безбет бу ерга кирса-ю… шунақа қилиб ўтирса!
— «Безбет»инг нимаси? — деб товус пати таққан киши ғазаби келиб қичқирди ва столга шундоқ муштладики, патнисдаги стаканлар сакраб кетди. — Кимга айтаётирсан? Бу ниқоб кийиб олган, нима десам бўлаверади деб ўйлайсанми? Ҳе занғар! Чиқ деганимдан кейин чиқ! Ҳой, банк директори, яхшиликча чиқиб кет-йўқол ҳамманг, муттаҳамлар! Туёғингни шиқиллат.
— Кўрамиз ким чиқиб кетаркан! — деди Жестяков ҳаяжондан кўзойнагигача терлаб. — Кўрсатиб қўяман! Ҳой, навбатчи старшинани чақир бу ёққа!
Бир минутдан кейин танцадан ҳансираб қолган кўкрагига кўк лента таққан сап-сариқ старшина кирди.
— Чиқинг бу ердан! — деди у. — Бу ер ичкилик ичиладиган жой эмас. Марҳамат қилиб буфетга чиқинг.
— Сен нега келдинг, — деди ниқобли киши. — Мен сени чақирдимми?
— Сансираманг? Чиқинг марҳамат қилиб.
— Менга қара, сенга бир минут муҳлат бераман… Сен бу ернинг старшинаси, улуғисан, шунинг учун мана бу масхаравозларни секин, иззати билан бу ердан олиб чиқиб кет. Менинг хонимларим бу ерда бегона одам бўлишини хушламайди… Уялишади. Мен пул сарф қилганман. Буларнинг ечиниб, яйраб ўтиришларини истайман.
— Бу шўртушмуқ, бу ер оғил эмаслигини билмайди шекиллик, — деди Жестяков қичқириб. — Евстрат Спиридонични чақиринглар!
— Евстрат Спиридонич! — деб қичқирди залда кимдир. — Евстрат Спиридонич қанилар?
Полиция мундири кийган чол — Евстрат Спиридонич дарров келди.
— Марҳамат қилиб, чиқинг бу ердан! — деди у бўғиқ товуш билан ва бақрайиб, бўялган мўйловларини қимирлатди.
— Оббо, жуда қўрқитиб юбординг! — деди, ниқобли киши хохолаб кулиб. — Вой, вой, жуда қўрқитдинг-ку! Буни қаранглар-а! Мўйлови мушукнинг мўйловига ўхшайди! Бақрайганини кўр… Ҳа-ҳа-ҳа!
— Гапни чўзма! — деди Евстрат Спиридонич бор товуши билан бақириб титраб. — Чиқ бу ердан! Ҳозир буюраман, олиб чиқиб ташлайди!
Қироатхона ғала-ғовур бўлиб кетди, қисқичбақадай қизарган Евстрат Спиридонич, ер типиниб қичқирар эди. Жестяков қичқирарди. Белобухин қичқирарди. Ҳамма интеллигентлар қичқирарди, аммо ҳаммасининг товушини ниқобли кишининг йўғон товуши босиб кетарди. Бу тўполон натижасида танда тўхтади, ҳамма қироатхонага ёпирилиб кирди.
Евстрат Спиридонич, дағдаға учун клубда бўлган ҳамма полицияларни чақирди, ўзи протокол ёзгани ўтирди.
— Ёз, ёз — деди ниқобли киши унинг қоғозига бармоғини ниқтаб. — Энди мен шўрликнинг бошимга нималар қелар экан-а? Шўргинам қурсин! Мен ғарибни нега энди хароб қиласиз? Ҳа, ҳа! Хўш? Протокол тайёр бўлдими? Ҳамма қўл қўйдими? Хўп, энди менга қаранглар! .. Бир… икки… уч!!.
Ниқобли киши ўрнидан турди, қоматини ростлаб юзидан ниқобини олди. Маст башарасини очиб, ҳаммага қаради ва қилмиши қаттиқ таъсир этганидан завқланиб, ўзини креслога ташлади ва қаҳ-қаҳ уриб кулди.
Ҳақиқатан унинг бу қилмиши ҳаммани ҳангу манг этиб қўйди. Ҳамма интеллигентлар гангиб — оқариб-бўзариб бир-бирига қаради, баъзиси бўйнини қашлади. Евстрат Спиридонич билмасдан кўп аҳмоқона бир иш қилгандай томоғини қириб қўйди.
Маълум бўлдики, тўполон қилган киши шу ерлик миллионер фабрикант, фахрий гражданин[2] ўзининг жанжалкашлиги, эзгу ишларга ҳимматли экани ва маҳаллий матбуотда кўп марта зикр қилинган маорифпарварлиги билан танилган Пятигоров экан.
— Хўш, чиқиб кетасизларми, йўқми? — деди Пятигоров бир пасдан кейин.
Интеллигентлар индамасдан, оёқ учида юриб, чиқиб кетишди ва Пятигоров эшикни қулфлаб олди.
— Бунинг Пятигоров эканини сен билар эдинг-ку, ахир — деди секин хириллаб Евстрат Спиридонич, қироатхонага вино олиб кирган лакейнинг елкасидан ушлаб силкиб. — Нега индамадинг?
— Айтмагин деган эдилар!
— «Айтмагин» деган эмишлар. Бир ой қамаб қўйсам, ана ундан кейин «айтмагин дедилар!» дейишни билиб оласан! Йўқол! Сизлар ҳам чакки эмас, жаноблар, — деди у интеллигентларга қараб, — бир пас чиқиб турсаларинг нима бўлар эди! Мана энди ўзларинг пиширган ошни ўзларинг ичинглар! Э жаноблар, жаноблар… Ёмон кўрганим шунақа иш, худо ҳақи?
Интеллигентлар худди бир кор-ҳол бўлишини олдин сезгандай бир-бирлари билан пичирлашиб, бўйинларини қисиб, хомуш ва хафа ҳолда клубда юрар эдилар… Уларнинг хотинлари, қизлари Пятигоровнинг «койигани»ни ва жаҳли чиққанини билиб, аста-секин уйларига тарқалдилар. Танца тўхтаб қолди.
Соат иккида Пятигоров қироатхонадан чиқди. У маст, гандираклар эди. Залга кириб, оркестрга яқин бир ерга ўтирди ва музика эшитиб пинакка кетди. Кеиин бир ёққа қийшайиб, хуррак отди.
— Чалма! — деди старшина музикантларга. Жим! Егор Нилич уйқуга кетдилар.
— Уйингизга элтиб қўяйми, Егор Нилич? — деди Белобухин энгашиб, миллионернинг қулоғига.
Пятигоров худди юзига қўнган пашшани учирмоқчи бўлгандай лабини қимирлатди.
— Уйингизга элтиб қўяйми? — деди Белобухин яна. — Ё извошингизни чақириб берайми?
— А? Кимни? Сен… нима дейсан?
— Уйингизга элтиб қўяй… Алла қилинг.
— Уйга кетаман… Элтиб қўй!
Белобухиннинг жони кирди ва Пятигоровни кўтара бошлади. Бошқа интеллигентлар ҳам чопиб келишди ва ийиб кетишиб, фахрий гражданинни кўтаришди ва авайлаб извошга олиб чиқишди.
— Фақат артист, талант эгасигина шунча одамни лақиллатиб кетиши мумкин, — деди Жестяков кулиб, уни извошга ўтқазаётиб. — Жуда-жуда қойил қолдим, Игор Нилич! Ҳали-ҳали куламан-а… Ҳа, ҳа… Биз бўлсак югуриб, жон куйдириб юрибмиз! Ҳа, ҳа. Ишонасизми? Театрда ҳам бунчалик кулган эмасман… Кўп қизиқ иш қилдингиз-да! Бу кеча умр бўйи эсимдан чиқмайди.
Пятигоровни кузатиб, интеллигентлар хурсанд бўлишди, тасалли топишди.
— Менга қўлини бериб хайрлашди, — деди Жестяков мамнуният билан. — Демак, тузук, хафа бўлмапти.
— Илойим шундай бўлсин, — деди Евстрат Спиридонич уф тортиб. — Ўзи кўп расво, ярамас одам, лекин хайрли ишларга ҳимматли-да, шуниси бор!.. Хафа килиш ярамайди!..
Абдулла Қаҳҳор таржимаси
[1] Французча — марҳамат қилинг.
[2] Подшо ҳукумати замонида турли хизматлари, аксари черков, монастир, касалхона фойдасига иона қилганлиги учун кўпроқ савдогарларга бериладиган унвон.