Маҳаллий қамоқхона назоратчисининг ифодасича, география картасида исмини телескоп билан ҳам кўриб бўлмайдиган кичкина ва уездсиз бир шаҳарча, қуёшнинг нурлари билан порламоқда. Жимжитлик. Шаҳар идорасидан чиқиб савдо расталарига томон секин-секин санитария комиссияси кетиб бормоқда, бу комиссия шаҳар доктори, полиция назоратчиси, шаҳар идорасининг икки вакили, ҳамда бир савдо вакилидан иборат. Орқада камоли ҳурмат билан миршаблар кетмоқда… Комиссиянинг йўли ҳам, дўзах йўли сингари, яхши ниятлар билан тўшалган. Бу санитарлар, кетиб бораркан қўлларини тўлғай-тўлғай ифлосликлар, бад-бўйликлар, лозим чоралар ва бошқа шунингдек ўлатта тегишли нарсалар тўғрисида сўзлашадилар. Уларнинг гаплари шу қадар мазалик бўладики, ҳаммадан олдинда кетиб борувчи полиция назоратчисини бирданига завқ олиб кетади-да, орқасига қайрилиб, дейди:
— Мана шу тариқада тез-тез йиғилишиб, музокаралар қилишиб турсак эди, тақсирлар! Ҳам кўнгил очиларди, ҳам киши ўзини бинойи сезарди, йўқса биз ғажишганимиз-ғажишган. Азбаройи худо!
Савдо вакили худди ўзига қурбон танлаб турган бир жаллод сингари, докторга юзланади.
— Кимдан бошласак экан? Ошейниковнинг дўконидан бошласак қалай бўлар экан, Аникита Николаич? Аввало у ўзи муттаҳам одам ва… иккинчидан, уни ҳам текширишга вақт келди. Бир кун унинг дўконидан бизникига гречиха ёрмаси олиб келган эдилар, қарасам ичида каламуш тезаги юрипти… Хотиним оғзига ҳам олмади!
Доктор лоқайд жавоб беради:
— Нимаси бор? Ошейниковдан бўлса, Ошейниковдан бошлайверамиз-да.
Санитарлар, вивескасига «А. М. Ошейниковнинг қант, қаҳва ва бошқа колониал моллар магазини» деб ёзилган бир дўконга кирадилар-да, узундан-узоқ муқаддималарга киришмасдан дарҳол текшира бошладилар.
Қозон совунларидан чиройлик қилиб уюлган эҳромга қараркан:
— Жойида… — дейди доктор. — Совунлардан қандай Бобил қалъалари ясаб юборибсан! Ҳунар бу, қаранг-а! Ийи, ийи! Бу қандай гап бўлди? Буни қаранг, тақсирлар! Демьян Гаврилович совунни ҳам, нонни ҳам бир пичоқда кесар эканлар!
Дўкон эгаси бунга қарши, худди ҳақли жавоб қайтаргандай бўлиб, деди:
— Бундан ҳеч бир вақт вабо пайдо бўлмайди, Аникита Николаич!
— Уку рост-а, лекин яхши эмас, ахир! Мен ҳам, ахир, нонни сендан оламан.
— Яхши одамларга алоҳида пичоғимиз бор. Э, хотиржам бўлинг… Нима деб ўтирибсиз…
Полиция назоратчиси кўзларини сузиб чўчқа сонига қарайди, анчагача уни тирноғи билан тимдалаб кўради, қаттиқ искайди, сўнгра чўчқа сонини чертиб туриб сўрайди:
— Бунинг ичида стрихнин ҳам бўладими?
— Йўғ-е… Ундай демасинлар-е… Ундай қилармидик! Назоратчи хижолат бўлиб, уердан кетади, ундан кейин яна кўзларини сузиб, Асмолов ва шерикларининг прейскурантига тикилади. Савдо вакили қўлини гречиха ёрмаси турган бочкага солса, қўли юмшоқ, барқут сингари бир нарсага уринади… Бочканинг ичига қарайди ва сўнгра юзида меҳр аломати пайдо бўлади.
— Мушукча… мушукча! Юмшоқ махлуқча! — деб ғужурлайди у, — ёрманинг устига узалиб, бошларини кўтариптилар… Эркалик қилаяптилар… Сен, Демьян Гаврилич, мушукчадан биронтасини бизникига бериб юборсанг бўларди!
— Мумкин… Аммо, тақсирлар, закускаларни кўрмакчи бўлсангиз агар… мана селодка, пишлоқ… қизил балиқ, марҳамат қилиб кўринг… Бу балиқни пайшанба куни туттирдим, энг яхши балиқ… Мишка, пичоқни бер!
Санитарлар балиқни пичоқ билан тўғрагач, илгари бир қур искаб олиб, сўнгра татиб кўрмоқ учун оғизларига солдилар.
Дўкон эгаси Демьян Гаврилич, худди ўз-ўзига гапиргандай дейди:
— Шу баҳонада мен ўзим ҳам жиндек овқатланиб олай. Аллақандай бир шиша дори ётиб эди. Балиқдан олдин жиндак уриб олсамми… Унда, балиқнинг таъми ҳам ўзгача бўлади… Мишка, ўша шишани буёққа бер!
Мишка, лунжини шишириб ва кўзини бақрайтириб шишанинг оғзини очади-да, «таққ!» этиб прилавка устига қўяди. Полиция нозири, чучмалланиб, гарданини қашигани ҳолда:
— Наҳорда ичиш… — дейди. — Аммо биргина стакан бўлса, балки… Демьян Гаврилич, берадиган бўлсанг, тезроқ бўл, йўқса сенинг арағинга сира вақтимиз йўқ!
Чорак соатдан кейин санитарлар лабларини арта-арта ва гугурт чўпи билан тишларини кавлаган ҳолда, Голорибенко деганнинг дўконига томон кетиб борадилар. Ўчакишкандай, ўтадиган йўл ҳам йўқ… Бешта полвон киши юзлари қип-қизарган ва терлаган ҳолда, дўкондан ташқарига ёғлиқ бочкаларни ғилдиратмоқдалар.
— Ўнгга ўт… Чеккасидан торт… торт, деймаи! Тагига ёғоч қўй… э, падарингга лаънат! Четроққа ўтиб туринг, тўра, босиб кетади!
Бочка эшикка тиқилиб қолиб, ўрнидан сира жилмайди. Полвонлар бутун кучлари билан зўр бериб, уни итарадилар ва қаттиқ-қаттиқ пишиллашиб, баланд овоз билан сўкинадилар. Жуда зўр бериб итариш натижасида, шунча кўп пишиллаш билан ҳавонинг софлиги ҳам яхшигина бузилгач, ниҳоят бочка ўрнидан жилади, аммо, табиат қонунининг акси ўлароқ орқага қараб ғилдирайди-да, яна эшикка тиқилиб қолади. Яна пишиллаш бошланади.
— Тфу! — дейди назоратчи. — Шибукинникига ўтақолайлик. Бу лаънатилар кечгача пишиллашадиганга ўхшайди.
Аммо Шибукиннинг дўкони бу вақтда қулфланган эди. Санитарлар, бир-бирларига қарашиб, таажжубланадилар.
— Ҳозиргина очиқ эди-ку! — дейдилар. —Биз Ошейниковникига кирган вақтимизда, у, эшик олдида мис чойнакни ювиб турган эди. — Сўнгра ёпиқ дўкон олдида турган гадойдан сўрайдилар: — Қани бу?
Гадой хирқироқ овоз билан дейди:
— Исо йўлига бир нарса беринглар. Бир майиб бечораман, хайру-саховат қилинг, тўралар. Илоҳим, бола-чақаларингизнинг…
Санитарлар қўл силтаб, нарига кетадилар. Шаҳар идораси вакили Плюнингина улардан ажралиб қолиб, гадойга ёнидан бир тийин олиб беради-да, худди бир нарсадан қўрққандай апил-тапил чўқиниб, шерикларининг орқасидан югуради.
Икки соатча ўтгандан кейин, комиссия энди қайтиб боради. Санитарлар чарчаган ва эзилган кўринадилар. Уларнинг бу сафарлари бекор кетгани йўқ, чунки миршаблардан бири, тантана билан қадам босаркан, бир сават тўла сасиган олма кўтариб боради.
Назоратчи «Арақ савдоси. Арақлар ва винолар» деб ёзилган вивескага қараган ҳолда, дейди:
— Шунча ҳалол меҳнатдан кейин, энди жиндаккина томоқни ҳўллаб олсак ёмон бўлмас эди.
— Ҳа, албатта. Ёмон бўлмас эди. Истасаларинг кирайлик.
Санитарлар ертўла — майхонага тушадилар-да, оёғи қийшиқ стол теграсида давра олишиб ўтирадилар. Назоратчи хўжайин томонга имо қилади, шундан кейин стол устида дарҳол шишалар пайдо бўлади.
Савдо вакили ичкиликни ичаркан юзини буриштириб:
— Афсуски, закускаси йўқ, — дейди. — Тузланган бодрингдан берсангмикан… Ундай десам…
У киши дарҳол ҳалиги миршаб томонга бурилиб, олманинг яхши-яхшисини танлайди-да, закуска қилади. Назоратчи, ажаблангандек бўлиб, дейди: — Оҳ… бунинг унча бузилмаганлари ҳам бор экан. Қани берчи, мен ҳам бир-иккита танлаб олай! Э, сен идишнинг ўзини шу ерга қўй… Яхши-яхшиларини танлаб оламиз-да, арчиб еймиз, қолганини ташлаб юборсанг ҳам бўлади. Аникита Николаич, қўйинг! Мана шунақа тез-тез йиғилишиб музокара қилишиб турсак, йўқса бу пасқам жойда ҳечнарсани кўрмай умринг ўтади: на маърифат, на клуб, на улфатчилик — Австралиянинг худди ўзгинаси! Қуйиб ичинглар, тақсирлар! Доктор олмадан олинг! Сиз учун ўзим, ўз қўлим билан арчдим!
Миршаб, ертўладан чиқиб келаётган назоратчидан:
— Тақсир, тўра, бу саватни нима қилдим энди? — деб сўрайди.
— И… сават? Қандай сават? Ҳа-а! Олмаси билан бирга йўқ қил дарров!.. Юқумли касалнинг уяси у!
— Олмасини еб бўлдилар-да!
— Ҳа-а… жуда соз! Ма-анга қ-қара… менинг уйимга бориб, болаларимга айт, хафа бўлмасин… Мен фақат биргина соат… Плюнинникида ухлаб келаман… Уқдингми? Ухлаб келаман. Уйқу тангрисига салом бериб келаман. Спрехен зи дейч , Иван Андреич.
Шундан кейин, у кўзини юқори кўтариб, аллақандай бир алам билан бош чайқайди-да, қўлларкни кериб туриб:
— Бутун умримиз шундай ўтади! — дейди.
Абдулла Қаҳҳор таржимаси