Чарақлаб турган қиш куни. Туш пайти… Қаттиқ совуқдан ҳаво чарсиллаб туради. Мени қўлтиқлаб олган Наденьканинг чаккаларидаги жингалак сочлари ва юқори лаби устидаги тукларини кумушдек қиров босмоқда. Биз тоғ тепасида турибмиз. Оёғимиз остидан то пастгача нишаб текислик чўзилиб ётибди. Унда қуёш ойнадагидек акс этади. Ёнимизда тўқ қип-қизил мовут қопланган кичик чана турибди.
— Надежда Петровна, чанага ўтиринг! — деб ёлвораман унга. — Атиги бир марта! Ҳеч нима бўлмайди, ишона беринг, эсон-омон тушамиз.
Лекин Наденька қўрқади. Унинг жимит калошидан муз тоғи тубигача бўлган масофа унга даҳшатли, тегсиз жарликдек туйилади. Уни чанага ўтиришга таклиф қилганимда пастга қаради-ю, капалаги учиб, ўтакаси ёрилаёзди. Бу ҳам майли-я, шу тубсиз жарга чена отиб тушганимизда унинг аҳволи нима кечаркин? Юраги ёрилиб ўлса, ёки жинни бўлиб қолса керак.
— Ўтинаман сиздан! — дейман. — Қўрқманг! Тушунсангиз-чи, ахир, бу юраксизлик, қўрқоқлик-ку!
Ниҳоят Наденька рози бўлади, мен унинг юз-кўзидан, таваккал қилиб, рози бўлганини кўраман. Бўздай оқариб, титраётган Наденькани чанага ўтқазиб, маҳкам ушлаб оламан-да, ўзимни пастга отаман.
Чана ўқдек учиб кетади. Биз кесиб бораётган ҳаво шиддат билан юзга урилар, бўкирар, визиллар, қаҳр-ғазаб билан тармашар ва бошни узиб кетгудай бўларди. Шамолнинг шиддатидан нафас олиб бўлмасди, назаримда, бизни иблис чангалига сиқиб олган-у, бўкирганича жаҳаннамга судраб кетмоқда. Атрофни ўраган барча нарсалар чопиб ўтаётган лентага айланади… Яна бир ондан кейин — биз ҳалок бўламиз!
— Надя, мен сизни севаман! — дедим шу лаҳзада шивирлаб.
Чананинг чопиши тобора сустлашади, шамолнинг ўкириши ҳам, чана остидаги қўшқоракларнинг вижиллаши ҳам унча даҳшатли бўлмай қолади, нафас олиш енгиллашди, ниҳоят биз пастга тушдик. Капалаги учиб кетган Наденька қимир этмас, юзи оқариб кетган, зўрға нафас олади… Мен унинг ўрнидан туришига ёрдамлашаман.
— Энди ўлсам ҳам чанага ўтирмайман, — дейди у қўрқинч тўла кўзларини катта очиб менга қараркан, — сира-сира тушмаганим бўлсин! Ўлаёздим!
Орадан сал вақт ўтмай у ўзига келади-да, нафасини ростлайди ва бояги тўрт сўзни айтган менми ёки уюрма шовқини ичида менга шундай эштилдими? деган тарзда кўзимга тикилади. Мен эса унинг ёнида туриб, папирос чекаман, диққат билан қўлқопимни кўздан кечираман.
Наденька мени қўлтиқлаб олади, биз тоғ этагида узоқ сайр қилиб юрамиз. Бояги жумбоқ афтидан ҳамон унга тинчлик бермайди. Ўша тўрт сўз айтилдими ё айтилмадими? Ҳами ё йўқми? Ҳами ё йўқми? Бу савол иззати-нафс, ор-номус, ҳаёт-мамот, бахт-саодат масаласи бўлганидан жуда муҳим, дунёда энг муҳим масаладир. Наденька сабрсизлик ва ғамгинлик билан юзимга назар ташлайди, саволларимга ҳам ноўрин жавоб беради ва бирон нима демасмикин деб оғзимни пойлайди. Эҳ, унинг ёқимли юзидан қандай ифодалар ўқиш мумкин! Мен шу топда қизнинг руҳан қийналаётганини, нимадир демоқчи, алланимани сўрамоқчи, лекин нима дейишни билмай, керакли сўз тилига келмай, ўзини ноқулай аҳволда сезаётганини, қалбини тўлдирган қувонч гапиришга халақит бераётганини сезиб тураман…
— Биласизми? — деб қолади у менга қарамай.
— Нимани? — дейман.
— Келинг яна… чанага тушамиз.
Биз зинапоядан тоғ тепасига чиқиб бордик. Ранги оқариб, титраб турган Наденькани яна чанага ўтқаздим, шундан сўнг тубсиз жарликка яна учиб кетдик, яна шамал ўкириб, чананинг қўшқораклари вижиллади. Мен яна чана энг бир даҳшат билан учиб тушаётган пайтида:
— Наденька, мен сизни севаман! — деб шивирладим.
Чана тўхтади, Наденька ҳозиргина тушиб келганимиз тоғ тепасига бир кўз ташлаб олди, кейин юзимга узоқ қараб туриб, менинг бепарво ва ҳис-туйғусиз овозимни тинглади. Унинг мана шу фурсатдаги бутун қиёфаси, ҳатто муфтаси билан қулоқчинигача, бутун вужуди ниҳоятда таажжубланганини кўрсатиб турарди. Юзига бир қараган киши, дарҳол:
«Нима гап ўзи? Ҳалиги сўзларни ким айтди? У айтдими ё менга шундай эшитилдими?» деган маънони ўқиб олиши мумкин эди.
Мана шу номаълум ҳолат уни ташвишга солар, тоқатини тоқ қиларди. Бечора қиз саволларимга ҳам жавоб қилмас, қош-қовоғи осилиб, ҳозир йиғлаб юборгудек эди.
— Уйга кетсак қалай бўларкин? — дейман.
— Менга… менга чанада учиш ёқиб қолди, — дейди у қизариб. — Яна бир марта тушсакмикин?
Тавба, чанада учиш унга «ёқармиш». Ваҳоланки, у бу сафар ҳам чанага ўтириши билан юзлари аввалгидай оқариб, қўрқишдан нафаси ичига тушиб, титрайди.
Биз учинчи марта чанага тушдик, қизнинг юзимга тикилаётгани, лабим қимирлаб қолмасмикин деб кузатаётганини билиб турибман. Мен оҳиста рўмолчамни олиб, лабимга тутдим-да, секин йўталиб қўйдим, чана яхмалакнинг ўртасига етганда:
— Надя, мен сизни севаман! — деб билдирмай айтиб олдим.
Жумбоқ яна ечилмай қолди! Наденька индамас, нима тўғридадир ўйларди… Уйига кузатиб қўйдим, у секин юрар, ўша сўзларни яна такрорламасмикин деб кутарди. Мен Наденьканинг қалби изтироб чекаётганини ва:
«Ахир, у сўзларни шамол айтмади-ю! Унинг айтишини ўзим ҳам истамайман!» деб юбормаслик учун ўзини босиб келаётганини фаҳмлаб борардим.
Эртаси кун эрталаб мен: «Бугун яхмалакка борсангиз, бизникига кириб, мени ола кетинг. Н.» деган мактубча олдим. Шу кундан бошлаб Наденька билан ҳаркуни яхмалакка борадиган, чанада пастга тушарканмиз ҳар сафар:
— Надя, мен сизни севаман! — деб шивирлайдиган бўлдим.
Тез орада Наденька вино ёки морфийга ўрганган одамдай, бу сўзларга одатланиб қолди. У энди бу сўзларни эшитмаса туролмайди. Гапнинг очиғи, ҳали ҳам унинг учун тепадан учиб тушиш ғоят қўрқинчли-ю, лекин энди булар муҳаббат ҳақидаги ана шу сўзларга алоҳида фазилат бағишларди, бу муҳаббат сўзларини ким айтаётгани эса ҳамон жумбоқлигича қолганди, бу эса қиз юрагини эзарди. У ҳануз икки нарсадан: мен билан шамолдан шубҳа қиларди… Булардан қай бири унга муҳаббат изҳор қилаётганини билмасди, афтидан энди бунинг фарҳи қолмаган эди. Чунки, у, қайси идишдан ичма, кайф қилсанг бўлгани деган гапга амал қилаётганга ўхшарди.
Бир сафар, ёлғиз ўзим яхмалакка бордим; одамлар орасида туриб, Наденьканинг тоғ ёнига келганини, одамлар ичидан кўзи билан мени излаётганини кўриб турдим… Кейин у чўчиброқ зинадан яхмалак тепасига чиқди… Бир ўзи, нақадар даҳшат! У, қордай оқариб кетган, худди ўлимга бораётгандай титрар, лекин, йўлида давом этар, орқасига қарамай, қатъият билан зинадан чиқиб борарди. Ниҳоят Наденька: қани кўрайчи, у йўғида ҳам ўша ажойиб лаззатли сўзлар эшитилармикин? деб билишга жазм қилганга ўхшарди. Унинг ранги оқариб, анграйиб чанага ўтирганини, бу дунё билан хайрлашиб, кўзларини чирт юмганича, пастга ўзини отганини кўриб турдим… «Жжжж» — чана қўшқораклари вижиллаб кетди. Наденька ўша сўзларни яна эшитдими, буни билмадим… Фақат ҳолдан тойган, мадори қуриб, зўрғагина чанадан тураётганини кўрдим. Бирон сўз эшитган ё эшитмаганини ўзи ҳам билмагани унинг юзидан кўриниб турибди. Бу Наденька юзидаги ифодадан аниқ билиниб турарди. Пастга ғизиллаб тушаётгандаги қўрқиш уни эшитиш, овозларни фарқ қилиш, тушуниш қобилиятидан маҳрум қилганди…
Мана, баҳор ойи — март келди… Қуёш тобора илиқ нур сочади. Бизнинг яхмалак тоғимиз ўзининг ялтироқ тусини йўқотиб, қорая бошлади, кейин бутунлай эриб кетди. Бизнинг чана сайримиз тугади. Бечора Наденька энди у сўзларни эшитмайди, бундан кейин унга у сўзларни ҳеч ким айтмайди ҳам; шамол ҳам тинган, мен ҳам узоқ муддатга, эҳтимол бир умрга — Петербургга жўнаб кетаман.
Бир кун, жўнаб кетишимдан икки кун олдин, кечқурун боғчада ўтирардим. Боғча Наденькалар ҳовлисидан устига найза мих қоқилган баланд тахта девор билан ажралган эди… Кунлар хийла совуқ, гўнг остидан ҳали қор кетмаган, дарахтлар ҳам уйғонмаган, лекин баҳор нафаси келиб турарди, қузғунлар тунаш олдидан қаттиқ чуғурлашарди. Мен тахта девор тагига келиб, тешикдан узоқ қараб турдим. Наденька зинага чиқди-да, ғамгин ва ташвиш тортиб осмонга боқди. Баҳор шамоли унинг рангсиз, маъюс юзига келиб урилди… Бу шамол, унга тоғдаги яхмалакда ўкирган шамолни, ўша ажойиб тўрт сўз эшитилган шамолни эслатди, унинг юзи янада қайғули бўлиб қолди, юзларига ёш томчилари думалаб тушди… Бечора қиз гўё шамолдан ўша сўзларни қайтариб олиб келишни илтижо қилаётгандай иккала қўлини олдинга чўзди. Мен ҳам шамолнинг қаттиқ эсган фурсатини пойлаб туриб:
— Надя, мен сизни севаман! — деб шивирладим.
Эҳ, бу сўзлардан Наденька не ҳолга тушмади! Қичқириб юборди, бениҳоя мамнун жилмайиб, шамол қаршисига қўлларини узатди, шу топда у ғоят шод, қувноқ, гўзал.
Мен буюмларимни йиғиштиргани кетдим…
Бу воқеа бир вақтлар бўлган эди. Энди Наденьканинг эри бор; эрга беришганми ё ўзи текканми — бунинг аҳамияти йўқ, у ҳозир дворян васийлиги маҳкамаси секретарининг хотини, унинг уч боласи бор. Бир вақтлари бизнинг яхмалакка бирга борганимиз, шамол қулоғига етказган «Наденька, мен сизни севаман» жумласини ҳали-ҳали унутмаган; бу эса энди Наденька ҳаётининг энг бахтли, энг жозибали, қалбида кучли таъсир қолдирган ажойиб хотиралари бўлиб қолган…
Энди мен катта киши бўлиб қолдим, у сўзларни Наденькага нега айтганимни, нега ҳазиллашганимни ўзим ҳам билмайман.
Сами Абдуқаҳҳор таржимаси