Антон Чехов. Ҳаёт икир-чикирлари (ҳикоя)

Петербургнинг уй ижарахўрларидан, бот-бот пойгаларга бориб турадиган, миқтидан келган, икки юзи қип-қизил ўттиз икки ёшлар чамасидаги Николай Ильич Беляев, кунлардан бир кун, кечқурун у билан яқин муносабатда бўлган, ёки унинг сўзи билан айтганда зерикарли ва узун севги достони билан боғланган Ирина, Ольга Ивановна, хонимникига кириб келди. Ҳақиқатан ҳам бу достоннинг дастлабки, илҳомбахш саҳифалари аллақачон ўқиб бўлинган, энди эса ҳеч қандай янгилиги, ҳеч қандай қизиқарли жойи йўқ саҳифалар ўқилмоқда эди.
Ольга Ивановнани уйдан тополмаган менинг қаҳрамоним меҳмонхонадага кушеткага ёнбошлаб уни кута бошлади.
— Салом, Николай Ильич! — деган бола овозини эшитди у. — Ойим ҳозир келади, Соня билан чеварникига кетди.
Мана шу меҳмонхонанинг ўзида диванда Ольга Ивановнанинг ўғли, қадди-қомати келишгангина, озода, суратлардагидек бахмал нимча ва узун қора пайпоқ кийган саккиз ёшлардаги Алёша ётар эди. У атлас ёстиқнинг устига чиқиб олиб, чамаси яқиндагина от ўйинда кўрган акробатларга тахасиб қилиб, ҳали у оёғини ҳали бу оёғини кўтарар эди. Нозик оёқлари чарчаган пайтларда қўлини ишга солар ёки қаттиқ сакраб ва оёғини осмонга қилишга уриниб эмакларди. Буларнинг ҳаммасини у жуда жиддият билан, гўё ўзи ҳам унга худо берган бу нотинч гавдадан норози бўлгандек қийналиб, ҳарсиллаб бажарар эди.
— Ҳа, саломатмисан дўстим! — деди Беляев. — Сенмисан? Мен сени пайқамабман-а. Ойинг соғми?
Алёша ўнг қўли билан чап оёғининг учини ушлади ва ғайри табиий ҳолда бир ағдарилди-да, сакраб турди ва катта, пахмоқ абажур орқасидан Беляевга мўралади.
— Нима десам экан? — деди у ва кифтини қисиб қўйди. — Ростини айтганда, ойимнинг соғ куни бўлмайди. Ахир у нима деманг аёл киши-да, аёлларнинг-чи, Николай Ильич, ҳамма вақт эт-бети оғриб туради.
Беляев бекорчиликдан Алёшанинг юз-кўзларига қарай бошлади. Илгари у, Ольга Ивановна билан танишганидан бери ҳеч қачон болага бирор марта эътибор билан қарамаган ва унинг бори-йўқлигини ҳам сезмаган эди: бир бола ғимиллаб, ўралашиб юрарди, унинг нима иши бор — булар ҳақида ўйлашни ҳам хоҳламасди.
Оқшом қоронғилигида Алёшанинг рангсиз юзи ва қоп-қора, пирилламай турган кўзлари тўсатдан Беляевга Ольга Ивановна севги достонининг дастлабки саҳифаларини эслатиб юборди. У болани бағрига босиб эркалатгуси келди.
— Қани, бу ёққа кел-чи, митти! — деди у. — Қани берироқ кел-чи сени бир кўрай.
Бола дивандан сакраб тушди ва чопқиллаб Беляев олдига келди.
— Хўш? — деб бошлади Николай Ильич қўлини унинг ориқ елкасига қўйиб. — Қалай? Яхши яшаяпсанми?
— Сизга нима десам экан? Авваллари анча тузук яшардик.
— Нега?
— Сабаби маълум! Илгари биз — Соня, мен фақат музика ва ўқиш билан машғул эдик, энди бўлса французча шеърларни ёдлатишади. Сиз соқолингизни яқинда қирдирибсиз!
— Ҳа, яқинда.
— Шундай денг. Ўзим ҳам сезиб турибман. Соқолингиз калтароқ бўлиб қолипти. Мен битта ушаб кўрай… Оғримаяптими?
— Йўқ, оғримаяпти.
— Нима учун соқолнинг бир толасини тортса оғрийди-ю, ҳаммасини қўшиб тортса ҳеч ҳам оғримайди? Ҳа, ҳа. Биласизми, сиз бекорга бакен қўймабсиз. Мана бу еридан қирқиш керак, ёнидан бўлса… Мана бу ерида соқол қолдириш керак…
Бола Беляевнинг бағрига ўтириб унинг сапочкасини ўйнайди.
— Мен гимназияга кирганимда ойим менга соат олиб беради. Мен онамдан худди мана шунга ўхшаган сапочка олиб беришини сўрайман… Қа-на-қа медаль-он-а! Дадамнинг ҳам худди мана шунақа медальони бор, лекин сизникининг мана бу ерида чизиғи бор, дадамникида бўлса ҳарфлари бор… Ўртасида ойимнинг сурати туради. Дадамда ҳозир бошқа сапочка бор, ҳалқа-ҳалқа эмас, лентага ўхшайди…
— Сен қаёқдан биласан? Ҳали сен дадангни кўриб турибсанми?
— Мен! Ҳм… йўқ! Мен…
Алёша қизариб кетди, ёлғон гапириб тутилиб қолганидан уялиб медальонни тимдалайверди. Беляев унинг юзига тикилиб қаради-да:
— Дадангни кўриб турасанми? —деб сўради.
— Й-йўқ!..
— Йўқ, сен очиғини айтавер. Ёлғон гапирганингни афтингдан билиб турибман. Оғзингдан чиқиб кетди, эяди хаспўшламай қўя қол. Ростдан айт, кўриб турасанми? Бўла қол, қани дўстларча!
Алёша ўйлаб қолиб:
— Ойимга айтиб қўймайсизми? — деб сўради.
— Бу қанақаси энди!
— Чин гапми?
— Чин гап.
— Қасам ичинг-чи!
— Эй, бўлмағур бола экансан-ку! Мени ким деб ўйлаяпсан!
Алёша у ёқ бу ёққа қараб қўйди, кўзларини катта очди ва шивирлаб, деди:
— Фақат худо ҳақи онамга айта кўрманг… Умуман ҳеч кимга айтманг, чунки бу ерда бир сир бор. Худо кўрсатмасин, ойим билиб қолса борми, мен ҳам, Соня ҳам, Палагея ҳам балога қоламиз… Майли, қулоқ солинг. Дадам билан биз — Соня иккаламиз ҳар сешанба ва жума кунлари кўришамиз. Пелагея бизни обеддан олдин сайрга олиб чиққанда биз Анфельянинг кондитер дўконига кирамиз, дадам бизни кутиб турган бўлади… Дадам ҳамма вақт алоҳида хонада ўтиради, биласизми, ҳу анови мармар стол ва бели йўқ ғозга ўхшаган кулдон турадиган уй бор-у…
— У ерда нима қиласизлар?
— Ҳеч нарса қилмаймиз! Аввал саломлашамиз, кейин ҳаммамиз столга ўтирамиз ва дадам бизни кофе ва сомсалар билан меҳмон қилади. Соня бўлса гўштлик сомса ейди, мен бўлсам гўштлик сомсани жуда ёмон кўраман! Мен карам ва тухум солган сомсани яхши кўраман. Қорнимиз шундай тўйиб кетадики, ойим сезиб қолмаслиги учун овқат маҳалда тағин ўлгудек тиқиштираверамиз.
— У ерда нималарни гаплашасизлар, а?
— Дадам биланми? Ҳар тўғрида гаплашамиз. У бизни ўпади, қучоқлайди, ҳар хил қизиқ-қизиқ гапларни айтади. Биласизми, катта бўлганимизда у бизни ўз уйига олиб кетармиш. Соня хоҳламайди, мен розиман. Албатта, ойимни соғинаман-да, лекин мен унга хат ёзиб тураман! Товба, байрам кунлари уни йўқлаб келиб туриш ҳам мумкин-ку, тўғрими? Тағин дадам айтадики, менга от олиб берармиш. Жуда яхши одам-да! Ҳайронман, нима учун ойим уни уйимизга чақириб келмас экан ва бизнинг кўришишимизга ҳам йўл қўймас экан. Ахир у ойимни жуда ҳам севади-ку. У ҳамма вақт биздан ойимнинг соғлигини, нима қилаётгааини сўрайди. Ойим касал бўлиб қолганини эшитганда, у мана бундоғ қилиб, бошини чангаллаб олади-да, у ёқдан бу ёққа, бу ёқдан у ёққа югуради… Ҳа деб унинг сўзидан чиқманглар, уни ҳурмат қилинглар деб бизга насиҳат қилади. Менга қаранг, ростдан ҳам биз бахтсизмизми?
— Ҳм… Нега энди?
— Дадам шундай дейди. Сизлар бахтсиз болаларсизлар дейди. Жуда ғалати гапиради, товба. Сизлар ҳам, мен ҳам, ойинг ҳам бахтсизмиз дейди. Ўзингиз учун ҳам, унинг учун ҳам тангрига ибодат қилинглар дейди. Алеша қуш ҳайкалига тикилиб хаёл суриб қолди.
— Шундай… — деб ғинғиллади Беляев. — Ҳа, ҳа, ҳали шундай дегин. Кондитер дўконда шундай гаплар тўқиймиз денглар. Онангизнинг бу гаплардан хабари йўқми?
— Й-йўқ… У қаердан билади? Пелагея ўлса ҳам айтмайди. Ўтган куни дадам бизга нок олиб берди. Шундай ширинки, худди қиёмга ўхшайди! Мен иккита едим.
— Ҳм… Хўш, ҳалиги… менга қара, даданг менинг тўғримда ҳеч гапирадими?
— Сизнинг тўғрингиздами? Нима десам экан? Алеша Беляевнинг юзига синчиклаб қаради-да, елкасини қисиб қўйди.
— Унчали гапирмайди.
— Ҳар ҳолда, нима дейди?
— Айтсам хафа бўлмайсизми?
— Сени қара-я! Нима, у мени сўкадими?
— У сизни сўкмайди, лекин, биласизми… У сиздан хафа. Дадам айтадики, ойимнинг бахтсиз бўлишига сиз сабабчимишсиз ва сиз… ойимни хароб қилганмишсиз. Жуда ғалати одам-а, товба! Мен унга минг мартадан, сизни жуда яхши одам, ойимга бақирмайди деб тушунтирсам ҳам бўлмайди, ҳадеб бошини ирғатади.
— Шундай қилиб, ойингни хароб қилган мен эмишманми?
— Э, сиз хафа бўлманг-да, Николай Ильич! Беляев ўрнидан қўзғолди, бироз тикка турди-да, меҳмонхонада у ёқдан бу ёққа юра бошлади.
— Бу жуда ғалати гап ва… кулгили! — деб тўнғиллади у елкаларини қисиб, илжайиб қўйди. — Ҳаммасига айбдор ўзи-ку, мен хароб қилган эмишман-а? У қандай гуноҳсиз қўзичоқ экан-а. Шундай дегин, онангни мен хароб қилган эмишманми?
— Ҳа, ахир… ўзингиз хафа бўлмайман деган эдингиз-ку!
— Хафа бўлаётганим йўқ… Нима ишинг бор сенинг! Йўқ, ахир бу… бу масхарабозлик-ку! Шўри қуриган , аввало мен-ку, тағин мен айбдор эмишман!
Қўнғироқ товуши эшитилди. Бола ўрнидан ирғиб турди ва ғизиллаганича чиқиб кетди. Бир дақиқадан кейин меҳмонхонага кичкина қиз билан хоним кирди — бу Алешанинг онаси Ольга Ивановна эди. Унинг орқасидан сакраб-сакраб, овозининг борича ашула айтиб, қўлларини қимирлатиб Алеша келди. Беляев бошини қимирлатиб қўйди-да, юриб туриб:
— Албатта энди мени айбламай кимни айбласин! — деб ғўлдиради пишқириб. — У ҳақли! У ҳақоратланган эр!|
— Нимани гапираяпсан? — деб сўради Ольга Ивановна.
— Нимани эмиш!.. Қани, қулоқ сол-чи, нималар дермиш сенинг олижаноб эринг! Унингча мен ифлос ва ёвуз эмиш, сени ва болаларингни хароб қилган эмишман. Ҳаммаларингиз бахти қора эмишсизлар-у, фақат мен ёлғиз ўта кетган бахтли эмишман! Бахтим ошиб-тошиб кетганмиш!
— Николай мен тушунмаяпман! Ўзи нима гап?
— Ана, анови навқирон синьордан сўра! — деди Беляев ва Алешани кўрсатди.
Алеша қизариб кетди, кейин бирдан ранги ўчди ва қўрққанидан юзи буришди.
— Николай Ильич!.. — деб қаттиқ шивирлади у. — Жим!
Ольга Ивановна таажжубланиб Алешага, Беляшга ва яна Алешага аланглади.
— Сўраб кўрчи! — деб давом этди Беляев. — Анави аҳмоқ Пелагеянг уларни кондитер дўконларига олиб бориб, адавойларига кўрсатар экан. Лекин гап бунда эмас, гап шундаки, у киши мазлум, мен бўлсам иккингизнинг ҳаётингизни бузган ярамас, золим одам бўлиб чиқибман…
— Николай Ильич! — деб ингради Алеша. — Ахир сиз сўз берган эдингиз-ку!
— Тур-ей! — деб қўл силтади Беляев. — Бу ерда сўз беришдан ҳам кўра аҳамиятли гаплар бор. Мени икки-юзламалик, ёлғончилик ғазаблантиради!
— Тушунмаяпман! — деди Ольга Ивановна ва унинг кўзларида ёш йилтиллади. — Менга, қара Лёлька, — деди у ўғлига мурожаат қилиб, — сен дадангни кўриб турасанми?
Алеша унинг гапини эшитмас ва ваҳимага тушиб Беляевга тикилар эди.
— Бўлмаган гап! — деди онаси. — Бориб Пелагеяни сўроқ қиламан.
Ольга Ивановна чиқиб кетди.
— Менга қаранг, ахир сиз сўз берган эдингиз-ку! — деди Алеша аъзойи бадани қалтираб.
Беляев унга қўл силтаб қўйди ва юришини давом этдираверди. У ўз қайғусига чўмган ва қадимгидай боланинг бор-йўқлигаии пайқамас эди. У кап-катта ва жиддий одам, унинг кўнглига ҳозир бола сиғармиди. Алёша бўлса бурчакка ўтириб олиб, ўзининг қандай алданганини ваҳимага тушиб Соняга гаиириб берарди. У титрар, тили тутилар, йиғлар эди; у умрида энди биринчи марта қўпол ёлғончиликка юзма-юз келди; у илгарилари дунёда ширин ноклар, сомсалар ва қимматбаҳо соатлардан ҳам бошқа, болалар тилида номи йўқ, жуда кўп нарсалар борлигини билмаган эди.

Ҳ. Зияхонова таржимаси