Воқиф Султонли. Орол (ҳикоя)

…Қарсак овозларидан сесканиб кўзларини очди.
…Пешонаси ва чаккаларидан совуқ тер оқарди.
…Қулоқлари шовқиндан ғувилларди.
…Қаердалиги, овоз қаердан келаётганини билиш учун қулоқ тутди. Овоз яна ўша, президент саройи томондан келарди.
…Қоронғи тушганидан хабари бўлмади. Деразанинг нариги томонидан, қоронғи бўшлиқдан ҳар кун такрорланадиган ўша узун, ҳорғин туннинг азоби бўйланиб турарди.
…Қарсак товуши тушларига киравергани учун оқшом киришини истамасди. Ухласа яна ўша мудҳиш тушлар комига тушишидан қўрқарди. Ҳаммадан ҳам ўша тушларнинг тобора ортиб борувчи шовқин-суронидан қўрқарди.
…Аммо булардан асло қочолмасди. Ёстиқни отиб, тўшакка узангани ҳамоно уйқу уни ўз домига тортар, ҳеч нарсани сезмай қоларди. Уйқуга кетганини асабларни эзувчи ўша қарс-қарс овозлардан пайқарди. Кейин овозлар кучайиб, мияси ғувиллай бошларди. Унинг назарида кечалар тобора узайиб борарди. Унинг назарида бир куни келиб, ҳаёт фақат кечалардан иборат бўлиб қоладигандек эди. Қарсакли тушлар тобора куч-қудратини емириб яқинлашаётган ўлимнинг сирли, мубҳам хабарчисидек кўринарди. Ўлим хавфи унинг ботинига оқиб кирарди.
…Инсон умри олдиндан белгиланган бўлса, нега тақдирлар бир-биридан фарқли? Нега кимдир дунёвий шон-шуҳратга, бошқа биров эса, ном-нишонсиз йўқолиб кетишга маҳкум? Нега биров ўзи туғилган юртдан чиқиб кетишни бедаво дард деб билади, бошқа бировга эса кенг жаҳон торлик қилади?
…Умр чекланган бўлса, инсон нега дунёнинг келажагидан хавотирда? Axир у келажакда яшамайди-ку? Келгуси йилларни кўрмайди-ку?
Унинг тушунчасида инсоннинг умр бўйи қилиши мумкин бўлган ишларнинг энг қадрсизи ўлим эди. Балки оддий оқим билан келганида ўлим уни бу қадар қўрқитолмасди. Чунки у ўз қисматидан ортиғини яшашни истамасди.
Ипак қурти капалакка айланганидек инсоннинг ҳам қайсидир жонзотга айланиб қайта дунёга келишидан, яна дунёнинг зулмиг, залолатига аралшиб кетишидан қўрқади.
…У қисматини бир марта яшаб ўтганди. Яна ўша кунларга қайтишни, унга берилган умрни қайта яшаб ўтишни истамасди. Ўтмишини эслаганда, ҳаяжондан ичи қуриб қоларди. Ўзи яшаган умрнинг катта-кичик ташвишларини яна бир карра бошдан кечириш учун ўзида куч тополмасди. Бир пайтлар қадрдон деб билган ўтмиши энди ўзига ҳам қўрқинчли бўлиб туюларди, ўзи яшаган, ўзи йўқотган умрни иссиқ-соовуғи, яхши ёмон кунлари билан фақат ўтмишнинг ўзида кўришни истарди.
…Сувнинг, шамолнинг шовуллаши, ёвшан ҳиди ҳатто кўк юзига оилиб қолган бир парча булут уни беихтиёр ўтмиш сари чорлади. Умрининг қайсидир саҳифасига ўхшаш онлар, дақиқаларни яшаб ўтганида, хотираси жонланар, худди ўтмишга қайтгандек бўларди. Гоҳо тушида ҳам яшаб ўтилган даврларга қайтарди. Кейин дарҳол сапчиб уйғониб кетарди.
Қарсак овозлари уйқусига кирганидан сўнг, ҳаёт оддий оқимидан чиқар, ҳамма нарса ўз қиёфасини ўзгартирарди. Тушларнинг таҳликаси наинки кечалар, ҳатто кундузлари ҳам тинч қўймасди.
…!!!
…Кимдир уни чақиргандек бўлди. Чўчиб тушди. Бу чақириқда ҳам уни ўтмишга боғлаб турган ришталар бор эди.
…Ўтмишга қайтишдан қўрққани учун қулоқларини беркитиб олди. Қишлоққа қайтганида, болалик чоғи ўйнаган мадончалар экинзорга айланганини кўриб, хотирасида ўтмиш манзаралари остин-устун бўлса ҳам, безовталанмас, аксинча бу ўзгаришдан севинарди.
Фақат қарсакли тушлар қишлоқда ҳам уни тинч қўймасди. Бошини ёстиққа қўйиши билан қишлоқнинг кимсасизлигидан, танҳолигидан, сокинлигидан айрилиб, шаҳарда унинг тинчини ўғирган даҳшатли тушлар оғушига қайтарди.
… Кеча зулматида ахлатни титиб нимадир топмоқчи бўлаётган қариянинг шарпаси кўз ўнгидан кетмасди. Бу қарияни ўзи бир мартагина кўрганди.
…Қария бир қўли билан ахлат титар, бошқа бири билан қарсак чаларди. Аммо ахлат титса-да, қариянинг фикри-зикри чапак чалаётган қўлида эди. Худдики, қарсак ритмининг бузилишидан қўрқарди. Одамлар чап қўли билан ахлат қутисини титкилаб, ўнгини ҳаовода учиб юмаётган қариянинг ёнидан эътиборсиз ўтиб кетишарди. У эса тик турганча, қария ахлатдан топиб олган бир парча моғорлаган нонни костюмининг чўнтагига солиб, карсак чала-чала узоқлашиб кетгунига қадар бу антиқа манзарани кузатиб турарди.
…Касаллик уни тўшакка михлаб қўйгач, ҳамма нарсага бефарқ бўлиб қолди. Қарсак овозларини эшитишдан қўрққани учун телевизорни ҳам ёқмасди. Аммо телевизорнинг ўчиқ экранидан ҳам қарсак чалаётган қўлларнинг шарпасига кўзи тушиб, асаблари ўйнарди.
Авваллар гоҳ-гоҳида ишдан чиқиб, шаҳарнинг чеккасидаги, денгиз соғилидаги вилласига борар, ўша ерда тунаб қоларди. Денгиз ва ёлғизликдан тасалли истарди гўё. Аммо…
…Шамолли ҳавода денгиз гувилларди. Денгиз шовқини уни ваҳимага солар, қўрқитарди. Шамолсиз кунларда эса, ярим кечадан кейин соҳилга отилган тўлқинларнинг енгил шовури ғуссага толдирарди.
…Кечалар ҳаяжон ичида ўтарди. Унинг назарида кўзларини юмиши билан у ётган ерни сув босиб, каравоти, ўрин-кўрпаси билан денгизга ғарқ бўладигандек эди. Кўзларини юмиши билан денгизнинг шўр суви таъмини лабларида ҳис этар, чўкиб кетишдан қўрқиб, бирдан уйғонарди.
Таъм сезмай қолганди. Ўзи еб-ичган нарсаларда олдингидек лаззат йўқ эди.
…Бир вақтлар у инсон нариги дунёни фақат тушда ўтказишини ўйлаб севиниб кетарди. Ахир инсон уйқу ўрнига бутун ҳаётини зулм ва машаққатлар ичида кечириши мумкин-ку? Яна пулга муҳтож бўлиши, камағалликда яшаши мумкин-ку?
…Бироқ, кейинги пайтларда денгиз ва ёлғизлик билан юзма-юз қолган вилласида ҳам тушлар уни ҳолдар тойдирарди. Кўзларини юмиши билан қарсак товуши тушларини тўлдирарди. Шу яқин атрофдан келган бу овозлар мунтазам чапак чалавериб, қўллари яғир бўлиб кетган бир даста оломонни хаёлан кўз ўнгига келтирса-да, у овоздан бошқа ҳеч нарсани эшитмасди. Қарсак овозлари уни тобора ичига кириб бораверди.
…Қарсак овозлари тушига кирганида, бошқа овозларни босиб кетар, ҳеч нарсани эшитгани қўймасди. Бу овоз женгизнинг шовқинини ҳам, соҳилга интилган хафиф тўлқинларнинг ҳовурини ҳам ютиб юборарди.
Қарсак овози мудом ва узлуксиз давом этарди. Уни даҳшатга солувчи бу овоз тугай демасди. Қарсаклар бетўхтов давом этарди. Атрофида, хотирасида уни бу дунёга боғлаб турган хотираларида мавжуд ҳар қандай овозлар мана шу қарсакларга таслим бўлар ва ортга чекинарди.
…Бу тушлар яна чўзилишидан, қарсак товушлари уни ақлдан оздиришидан қўрқарди.
…Деразага яқинлашиб, денгизга қаради. Сув сатҳидаги ой акси кўзларини қамаштирди. Унинг назарида денгиз маст эди, чайқалишдан чарчагани учун бироз тин олишни, хаёлга толишни истарди гўё.
…Фақат сув кўпикли, тўлқинлар оппоқ эди.
…Қарсак ритмига тушгач, денгиз ҳам ўз оҳангини йўқотганди.
“Қизиқ, ўйлади у, – сувда сузаётган балиқлар ҳам бу оҳангни эшита олишармикин?”

14-18 ноябрь 2000
Кипр, Казиогуса

Озарбойжончадан Рустам Жабборов таржимаси