Антон Чехов. Гусев (ҳикоя)

I

Кеч бўлди, тезда қоронғи тушади.
Хизматдан бўшаган оддий солдат Гусев койкадан қаддини кўтариб секин гапиради:
— Биласанми, Павел Иванич? Сучанда битта солдат уларнинг кемаси сузиб бораётганда каттакон балиққа урилиб кетганини, балиқ кеманинг тагини ёриб юборганини айтди.
Гусев гапирган қайси тоифаданлиги номаълум одам, унинг сўзини эшитмагандек, индамай ўтиради. Уни кема касалхонасида ҳамма Павел Иванич деб атайди.
Яна жимлик чўкади… Арқонлар орасида шамол кезади, паррак сувни шапиллатади, тўлқин пишқиради, койкалар ғижирлайди, аммо буларнинг ҳаммасига қулоқ аллақачон одатланиб қолган, шу сабабли теваракдаги ҳамма нарса уйқуга толгандек, жимжитдек туйилади. Юрак сиқилади. Кун бўйи карта ўйнаган анови учта бемор-икки солдат ва битта матрос аллақачон ухлаб қолишган, алаҳлашади.
Чайқалиш бошланадиганга ўхшайди. Гусевнинг койкаси, худди нафас олаётгандек дам кўтарилиб, дам пастга тушиб туради… Бир нарса полга тушиб жаранглаб кетди: эҳтимол кружка тушгандир.
— Шамол занжирини узди… — дейди Гусев, қулоқ солиб.
Бу сафар Павел Иванич йўталиб қўяди-да, гижини келиб жавоб беради:
— Дам кема балиққа урилиб кетди, дейсан, дам шамол занжирини уздн дейсан… Шамол ҳайвонмидики, занжирини узади?
— Одамлар шундай дейишади.
— Одамлар ҳам сендақа нодон… Улар нималарни гапирмайди? Киши ўз калласи билан иш қилиши, фикр юритиши керак. Тентак одам.
Павел Иванич денгиз касалини кўтаролмайди. Чайқалиш бошланганда, одатда, унинг зардаси қайнайди, арзимаган нарсага тажанг бўла беради. Гусев эса тажангланишга ҳеч бир асос йўқ деб тушунади. Чунончи балиқнинг, ё бўлмаса занжирини узган шамолнинг қандай ажойиботи бор? Эҳтимол ўша балиқ тоғдек катта, сирти осётрникига ўхшаган қаттиқдир; шунингдек дунёнинг чеккасидаги тошдан қилинган қалин деворларга ёвуз шамолларни занжирлаб қўйилган бўлса ҳам ажаб эмас… Агар улар занжирини узмаган бўлса, нимага оёғи куйган товуқдек денгизда зир югуради. Башарти уни занжирлаб қўйилмаган бўлса, тинчиганда шамол қаерга кетади?
Гусев тоғдек катта балиқлар, занг босган йўғон занжирлар ҳақида узоқ ўйлайди, кейин у зерикади. Туғилиб ўсган ерлари хаёлига келади; Узоқ Шарқда беш йил хизмат қилиб, энди ўз уйига қайтаётган эди. Кўзига қор босган каттакон ҳовуз кўринади… Ҳовузнинг бир томонида жигарранг чинни заводи бор, унинг баланд мўрисидан бурқираб-бурқираб булутдай қора тутун чиқади; ҳовузнинг иккинчи томони — қишлоқ… Қишлоқнинг четидаги бешинчи ҳовлидан укаси Алексей чана ҳайдаб чиқди; унинг орқасида оёғига катта пийма кийган ўғли Ванька, қизи Акулька ўтиришади, қизининг оёғида ҳам пиймаси бор. Алексей шира кайф, Ванька кулиб ўтирибди, аммо Акульканинг бети кўринмайди — ўраниб олган.
«Сайр пайти эмас, болаларни совуққа олдириб қўяди…» — деб ўйлайди Гусев, кейин шивирлаб, — Худоё ўзинг уларга ақл-фаросат бер, ота-оналарини ҳурмат қилсинлар, ақл-фаросатлари ота-оналариникидай бўлсин…
— Бунга янги тагчарм қўйиш керак, — деб дўриллаб алаҳлайди касал матрос. — Ҳа, шундай!
Гусевнинг хаёли бўлинади, кейин бирдан ҳовуз ўрнига кўзсиз каттакон ҳўкизнинг каласи кўринади, от билан чана эса энди юрмасдан, қоп-қора тутун орасида чирпирак бўлиб айланади, бироқ Гусев қариндошларини кўрганига хурсанд бўлади. Шодлигидан нафаси тиқилади, бадани жимирлашади, бармоқлари титрайди.
— Худо кўришни насиб қилган экан! — деб алаҳлайди ва шу оннинг ўзида кўзини очиб қоронғида сув ахтаради.
Сувни ичиб яна ётади, юриб кетаётган чана, ундан кейин кўзсиз ҳўкиз калласи, тутун, булут тағин кўзига кўринади… Тонг отгунча аҳвол шу.

II

Қоронғида олдин кўкимтир думалоқ нарса кўринади — бу гардиш дарча эди; сўнгра Гусев ёнидаги койкада ётадиган Павел Иванични секин-секин таний бошлайди. Бу одам ётганида нафаси қисилганидан ўтирган ерида ухлар эди. Унинг бети ниҳоятда заҳил, қирра бурни узун, бениҳоят озиб кетганидан кўзлари катта-катта кўринади; чаккалари ич-ичига кириб кетган, соқоли сийрак, сочи жуда узун… Ўзи баринми, савдогарми, ёки мужикми, башарасидан асло билиб бўлмайди. Чеҳрасидан ва сочининг узунлигидан ёвғонхўр монахга ўхшаб кетади, гапларига қулоқ солиб турсанг, монахга ҳам ўхшамайди. Йўталнинг зўридан, ҳавонинг димлигидан, касалининг оғирлигидан у обдон ҳолдан кетган, зўрға-зўрға нафас олади, қуриб қолган лабларини қимирлатади. Гусев бетига қараб турганини пайқаб, унинг томонига ўгирилди-да:
— Мен фаҳмлай бошладим… Ҳа… Мен энди ҳамма нарсани жуда яхши англаяпман, — дейди.
— Нимани англаяпсиз, Павел Иванич?
— Мана нимани англаяпман… Сизлардек оғир касалларни бир ерда тинчгина даволаш ўрнига диққинафас, иссиқ, бетўхтов чайқалиб турадиган мана бу пароходга тиқиб қўйганлари, хуллас сизларни ўлимга судрайдиган бу шароитнинг ҳаммаси менга жуда ғалати туйилар эди, энди мен бу ишларнинг барисини англадим… Ҳа… Докторларингиз ташвишдан қутилиш учун сизларни пароходга топширишган. Сиз ҳайвонлар билан бош оғритиб юриш жонларига теккан… Сиз уларга пул тўламайсиз, туриш-турмушингиз даҳмаза, борди-ю ўлиб қолсангиз ҳисоб-китоб ишларини чалкаштирасиз — хуллас ғирт ҳайвонсиз! Сизлардан қутилиш эса унча қийин эмас… Бунинг учун фақат биринчидан, виждон ва одамгарчилик бўлмаса, иккинчидан, пароход бошлиқларини алдашни уддаланса бас. Биринчи шартни ҳисобга олинмаса ҳам бўлади, чунки биз бу соҳада шайтонга дарс берамиз, иккинчисига келсак, озгина устомонлик билан иш битади. Тўрт юзта соғлом матрос ва солдатлар орасида бешта бемор кўзга кўринмай кетади; шундай қилиб пароходга қувиб киритишган, соғлом одамларга қўшиб юбориб, тўс-тўполонда қеч нарсани сезмасдан наридан-бери санаб чиқишган, пароход жўнаганда қарашадики, палубада умри тугаб қолган фалажлар, сил касаллар чўзилиб ётипти…
Гусев Павел Иваничнинг гапларига тушунмайди, мени уришяпти, шекилли, деб ўзини оқлашга тутинади:
— Мен дармонсизликдан палубада ётиб қолдим, бизларни баржадан пароходга ўтказишаётганда жуда совқотган эдим, — дейди.
— Бу қандай қабоҳат! — деб давом қилади Павел Иванич. — Энг муҳими шундаки, бундай узоқ йўлга чидаш бера олмаслигингизни билатуриб сизларни пароходга ўтқазишган. Фараз қилайлик, Ҳинд океанига қадар борасиз, у ёғи нима бўлади? Ўйласанг ваҳминг келади… Ҳалол, бенуқсон хизматга миннатдорлик шуми?!
Павел Иванич кўзларини чақчайтиради, жирканиб башарасини буриштиради, ҳаллослаб нафас олар экан:
— Ана шунақаларни газетага уриб, тит-питини чиқарсанг! — дейди.
Иккита касал солдат билан бир матрос аллақачон уйғониб карта ўйнашар эди. Матрос койкада ёнбошлаб ётибди, солдатлар бўлса жуда ноқулай аҳволда полда унга яқин ўтиришибди. Битта солдатнинг ўнг қўли боғланган, бармоқларига бутун бошли шапка ўраб қўйилган эди, шу сабабдан у картани ўнг қўлтиғига ёки тирсагига қистириб қўйиб, чап қўли билан юради. Пароход қаттиқ чайқалмоқда. Ўриндан туришнинг, чой ичишнинг, дори ютишнинг асло иложи йўқ.
— Сен деншчик бўлиб ишлаганмисан? — деб сўрайди Павел Иванич Гусевдан.
— Худди шундай, деншчик бўлиб ишлаганман.
— Ё раббий, ё раббий! — дейди Павел Иванич бошини ғамгинлик билан чайқаб. — Бир одамни уй-жойидан айириб, ўн беш минг чақирим ерга келтириб, кепин сил касалига мубтало қилинса, ахир… ахир, нима учун бундай қилишади? Уни биронта капитан Копейкинга ёки мичман Диркага деншчик қилиб бериш учунми? Мантиқни кўринг!
— Бу ишнинг ҳеч оғирлиги йўқ, Павел Иванич. — Эрталаб туриб этикларни тозалайсан, самовар қўясан, уйни йиғиштирасан, кейин ҳеч қандай иш қолмайди. Поручик кун бўйи план чизади, сен бўлсанг хоҳла — ибодат қил, хоҳла — китоб ўқи, хоҳла — кўчага чиқиб айланиб кел. Худо ҳар кимга шундай кунни насиб қилсин.
— Ҳа, жуда соз! Поручик план чизади, сен бўлсанг кунуззукун ошхонада ўтириб юртингни, ота-онангни ўйлайсан. Планмиш… гап планда эмас, одам боласининг ҳаётида! Инсон дунёга икки марта келмайди, умрни аяш керак.
— Тўғри айтасиз, Павел Иванич, ёмон одамга ҳеч ерда кун йўқ, уйида ҳам, хизматда ҳам, агар сен тўғриликча яшасанг, катталарнинг айтганини қилсанг, ким ҳам сенга озор беради? Хўжайинларнинг ҳаммаси ўқиган одам, ўзлари тушунишади… Беш йил мобайнида бирон марта карцерда ўтирмадим, аммо калтак еганман, у ҳам, худога шукур, бир мартадан ортиқ бўлмаган…
— Нимага калтак егансан?
— Муштлашганимга. Қўлим жуда югурук, Павел Иванич, ҳовлимизга тўртта хитой кирган эди, билманман ўтин олиб келишганмиди — эсимда йўқ. Обдон зерикиб ўтирган эдим, ҳаммасини дўндириб дўппосладим, бу лаънатилардан биттасининг бурнидан қон оқиб кетди… Поручик деразадан қараб турган экан, аччиғланиб қулоқ чаккамга туширди.
— Бемаъни, ярамас одам экансан… — деб пичирлади Павел Иванич. — Ҳеч гапга тушунмайсан.
Пароходнинг чайқалишидан у ниҳоят ҳолдан кетиб, кўзини юмди, унинг боши гоҳ орқасига ташланар, гоҳ шилқ этиб кўкрагига тушар эди. Бир неча марта ётмоқчи ҳам бўлди, аммо нафаси тиқилиб ётишнинг иложи бўлмади.
— Сен тўртта хитойни нимага дўппосладинг? — деб сўради Павел Иванич бироз туриб.
— Шундай. Ҳовлига киришган эди, урдим.
Шу сўздан кейин ўртага жимлик чўкади. Картабозлар қизишиб, сўкишиб, икки соатга яқин ўйнашади, ниҳоят пароходнинг чайқалиши уларнинг ҳам тинкасини қуритади. Ҳаммаси ўйинни йиғиштириб жой-жойларига етишади. Гусевнинг кўзига яна катта ҳовуз, завод, қишлоқ, юриб, кетаётган чана кўринади… Ванька яна кулади, қизи тушмагур Акулька бўлса гўё: «Ҳой, халойиқ, менинг пиймам Ваньканикидақа эмас, янги» дегандек пўстинини очиб, оёғини кўрсатиб ўтиради.
— Олти ёшга қадам қўйган бўлса ҳам, ақл кирмайди! — дейди Гусев алаҳлаб, — Оёғингни тарвақайлатиб ўтиргунча, бориб солдат амакингга сув келтирсангчи. Сенга бир нарса бераман.
Ана, Андрон елкасига чақмоқ милтиқ осиб, отган қуёнини кўтариб келяпти, мункиллаб қолган яҳудий Исайчик унинг орқасидан эргашиб қуённи бир кулча совунга алмашиб олмоқчи бўлади; ана, даҳлизда қора ғунажинча, ана, Домна кўйлак тикиб ўтириб, негадир, йиғлайди, кейин яна кўзсиз ҳўкиз калласи, қоп-қора тутун кўринади.
Юқорида аллаким қаттиқ қичқириб юборди, бир қанча матрослар югурганча ўтишиб кетди. Палубадан каттакон бир нимани судраб ўтишганга ёки аллақандай нарса синганга ўхшайди. Яна югуриб ўтишди… Бирон фалокат юз бермадимикан? Гусев бошини кўтариб қулоқ солади. Иккита солдат билан матрос яна карта ўйнайди; Павел Иванич лабларини қимирлатиб, жимгина ўтиради. Ҳаво жуда дим, сира-сира нафас олиб бўлмайди, юрак куяди, сув бўлса илиқ, кўнгилни айнитади… Пароходнинг чайқалиши асло босилмайди.
Картабоз солдатнинг аҳволи бирдан жуда ғалати бўлиб қолади. У ғиштинни топпон дейди, ўйиннинг ҳисобини чалкаштириб, картани қўлидан тушириб юборади, кейин ваҳима аралаш бемаъни илжайиб, ҳаммага бир-бир қарайди.
— Мен ҳозир, оғайнилар… — деб полга чўзилади.
Ҳамма ҳайрат ичида унга гап қотади, у жавоб қайтармайди.
— Степан, аҳволинг ёмонми? А? — деб сўрайди қўли боғлиқ иккинчи солдат. — Попни чақирайликми? А?
— Сув ичсанг яхши бўлади, Степан… — дейди матрос. — Ма, биродар, ич.
— Нимага кружкани шақир-шуқур тишига урасан? — деб аччиғланади Гусев. — Қанақа бефаҳмсан ўзинг, кўрмайсанми?
— Нима?
— Нима! — деб мазах қилади Гусев. — Нафаси ўчди, ўлиб қолди! Нима, нимамиш! Худоё товба қилдим, қандай нодон одамлар бор-а!..

III

Пароход ортиқ чайқалмайди, шу сабабли Павел Иваничнинг ҳам анча кайфи чоғ. Энди у аччиғланмайди. Чеҳраси мағрур, жўшқин ва истеҳзоли кўринади. Башарасидан гўё: «Мен сизга ҳозир бир гап айтаманки, кула-кула ичагингиз узилади» демоқчи бўлади. Гардиш дарчани очиб қўйишган, Павел Иваничга шабада уриб турибди. Ҳар хил товушлар, пароход паррагининг сувни шапиллатгани эшитилади… Деразанинг теккинасида ёқимсиз ингичка овоз чиқариб аллаким минғирлаб ўтиради: эҳтимол биронта хитой ашула айтаётгандир.
— Мана, ҳозир биз йўлдамиз, — дейди Павел Иванич истеҳзо билан илжайиб, — Яна бирон ойдан кейин Россияга ҳам етамиз. Шунақа гап, ҳурматли жаноби нодонлар. Мен Одессага бориб, у ердан тўппа-тўғри Харьковга жўнайман. Харьковда адабиётчи ошнам бор. Ушанинг уйига бораман-да: қани, биродар, хотин-халажнинг ошиқмашуқлиги ва табиат манзараларидан баҳс этадиган қабиҳ сюжетларингни вақтинча йиғиштириб қўйиб, икки оёқлик ифлоснинг кирдикорини фош қил… Мана сенга мавзу… дейман.
Бир нафас алланимани ўйлаб туради-да, кейин:
— Гусев, биласанми, мен уларни қандай лақиллатдим? — дейди.
— Кимни, Павел Иванич?
— Ановларни-да… Фаҳмлаяпсанми, бу пароходда фақат биринчи класс билан учинчи класс бор экан, шуниси қизиқки, учинчи классда юришликка ёлғиз мужикларга, яъни беор одамларга рухсат берилар экан. Мабодо устингда пиджагинг бўлиб, сал-пал баринга ёкн буржуйга ўхшаб кетсанг, биринчи классда кетишга мажбур экансан. Қорнинг ёрилиб ўлсанг ҳам беш юз сулкавойни тўлар экансан. Нега бундай тартибларни ўрнатдингиз? деб сўрадим улардан. Эҳтимол шу йўл билан рус интеллигенциясининг эътиборини кўтармоқчи бўларсиз? «Асло ундай эмас, — деб жавоб қайтаришди менга. — Учинчи классда дуруст кишиларнинг туриши асло мумкин бўлмаганидан сизни ўша жойга қўймаймиз, мен сизга айтсам, у ер жуда ярамас, жуда расво-да». Шундайми? Дуруст одамларга бунчалик ғамхўрлик кўрсатганингиз учун миннатдорман. Аммо нима бўлмасин, у ер яхшими, ёмонми, чўнтагимда беш юз сўм пулим йўқ. Мен пошшоликнинг ғазнасини урган эмасман, келгиндиларни қийнаб ишлатган эмасман, контрабанда билан шуғулланган эмасман, ҳеч кимни уриб ўлдирган эмасман, бинобарин ўзингиз ўйлаб кўринг, биринчи классда совлат тўкиб ўтиришга, айниқса ўзимни рус интеллигенти ҳисоблашга менинг нима ҳақим бор? Бироқ улар тўғри сўзга тушунишмайди. Шунинг учун ҳийла ишлатишга тўғри келди. Узун чопон, каттакон этик кийиб олдим, кейин ўзимни мастликка солиб, афти-башарамни бадбуруш қилиб агентнинг ёнига бордим-да: «Қани, паттангни бер, жаноби олийлари…» дедим.
— Ўзингиз қайси тоифадансиз? — деб сўради матрос.
— Руҳоний тоифаданман. Отам поп бўлган, жуда ҳалол одам эди. Дунё зўравонларининг бетига ҳақиқатни шартта-шартта айтарди, шу туфайли жуда кўп жафо чеккан.
Павел Иванич гапира-гапира чарчади, ҳарсиллаб қолди, шунга қарамай, ҳамон сўзида давом этар эди:
— Шундай, мен ҳам ҳақиқатни ҳар доим одамнинг бетига айтаман… Мен ҳеч кимдан ва ҳеч нарсадан ҳайиқмайман. Бу жиҳатдан мен билан сизларнинг ўртангизда жуда катта фарқ бор. Сизлар нодон, сўқир, ғариб одамларсиз, ҳеч нарсани кўрмайсиз, кўрган нарсангизнинг маъносига тушунмайсиз… Агар сизга шамол занжирини узади, дейишса, ўзингизни ҳайвон, печенег дейишса, чиппа-чин ишонасиз; биров гарданингизга туширса унинг қўлини ўпасиз; енот пўстин кийган бирон махлуқ бори-йўғингизни талаб, кейин чойчақага уч мири ташласа «қани, қўлларини берсинлар, хўжайин» деб турасиз. Ҳаммангиз жабр-жафо тортган, хўрланган одамларсиз… Менинг йўриғим бошқа. Мен ақл билан яшайман. Осмонда учиб юрган лочин ёки қирғий сингари мен жамики нарсани кўраман, ҳамма нарсани тушунаман. Мен камолга етган исёининг ўзгинасиман. Зулмни кўрсам — исён қиламан, риёкорни ва мунофиқни кўрсам — исён кўтараман, тантана қилаётган чўчқани кўрсам — исён қиламан. Мен асло енгилмайман, ҳар қандай испан инквизицияси ҳам менинг овозимни бўғолмайди. Шундай… Тилимни кесиб олсалар, имо-ишора билан исён қиламан, зиндонга қамаб устимдан шуваб ташласалар, ўша ердан туриб шундай чинқираманки, овозим бир чақирим ерга етади, ё бўлмаса очликдан ўзимни ўлдираман, токи уларнинг қора виждонларига яна бир пуд юк қўшилсин, борди-ю мени ўлдирсалар, арвоҳ бўлиб кўзларига кўринаман. Ҳамма таниш-билишларим менга: «Феълингиз жуда ёмон, Павел Иванич!» дейишади. Мен феълимнинг ёмонлигидан ғурурланаман. Узоқ Шарқда уч йил хизмат қилдим-у, ўзимдан кейин юз йилга татийдиган хотира қолдирим: уришмаган одамим қолмади. Россиядаги ёр-дўстларим: «келма» деб озишади. Мана мен қасдма-қасдликка бораман… Ана, ҳаёт кечириш бундай бўлади. Шуни ҳаёт деб аташ мумкин.
Гусев гапга қулоқ солмасдан, деразага қараб етади. Кўзни қамаштирувчи иссиқ қуёш нурига кўмилган тиниқ, феруза сувда битта қайиқ чайқалиб турипти, қайиқнинг ичидаги яланғоч хитойлар канарейка солинган қафасларни юқори кўтариб:
— Сайрайди! Сайрайди! — деб қичқиришади.
Иккинчи қайиқ келиб, турган қайиққа урилди, пар билан юрадиган катер ғизиллаб ўтиб кетди. Ана, яна қайиқ кўринди: битта семиз хитой унинг ичида чўп билан гуруч еб ўтирибди. Сув секин-секин чайқалади, унинг тепасида оппоқ балиқчи қушлар эринибгина у ёқдан у ёққа учишиб юради.
«Ана шу семизнинг гарданига туширсанг…» деб ўйлади Гусев, бақалоқ хитойга қараганча эснар экан.
Гусев мудрайди, унинг назарида бутун борлиқни мудроқ босганга ўхшайди. Вақт шунчалик тез ўтадики, кун ўтганини, қоронғи тушганини киши сезмай қолади… Энди пароход жойидан қўзғолиб, аллақаерга йўл олган эди.

IV

Икки кун ўтади. Павел Иванич энди ўтиролмайди, фақат ётади. Унинг кўзлари юмуқ, бурни сўппайиб қолганга ўхшайди.
— Павел Иванич! —деб чақиради Гусев. — Ҳой, Павел Иванич!
Павел Иванич кўзларини очиб, лабини қимирлатади.
— Аҳволингиз оғирми?
— Унчалик оғир эмас… — деб жавоб қайтаради у, нафаси тиқилиб. — Қайтангга… дурустман… Кўрдингми, ётадиган ҳам бўлиб қолдим… Аҳволим анча яхши…
— Хайрият, Павел Иванич, худога шукур.
— Ўзимни сизлар билан таққослаб кўрсам, сиз шўринг қурғурларга раҳмим келади. Менинг ўпкам соғлом, бу йўтал бўлса қориндан чиқяпти… Қизил денгизнинг у ёқда турсин, мен дўзахингга ҳам дош бераман! Бунинг устига ўзимнинг касалимга ҳам, дори-дармонларга ҳам танқидий назар билан қарайман. Сизлар бўлсангиз… Сизлар нодонсиз… Аҳволингиз оғир… Жуда-жуда оғир!
— Пароход чайқалмайди, ҳамма ёқ жимжит, бироқ, ҳаммомдек дим, иссиқ; сўзлашишгина эмас, киши ҳатто бировнинг гапини эшитишга ҳам қийналади. Гусев тиззасини қучоқлаб, бошини иккала тиззасига қўйиб, туғилиб ўсган ерларини ўйлаб ўтиради. Ё раббим, ҳаво шундай димки, қорни, совуқни эслаш қандай гаштли! Чанани қўшиб йўлга чиқасан; отлар тўсатдан, бир нимадан ҳуркиб, чанани олиб қочади… Йўл демай, зовур демай, тепа демай, бутун қишлоқ бўйлаб, музлаган ҳовузлардан ўтиб, заводни ёқалаб, кейин сайхон ердан худди қутиргандек пишқириб суриб боради… «Ушла! — деб бақиришади томоқларини қириб завод одамлари ва йўловчилар.— Ушла!». Ушлаб нима қилишади! Майли изғирин шамол бетга урсин, қўлларни ачиштирсин, отларнинг туёғидан сачраган қорлар шапкаларга, ёқага, бўйинга, кўкракка тушсин, майли чана таги ғижирласин, от абзаллари узилиб-узилиб кетсин, гўрларнинг тагига! Чана ағдарилиб кетса-ю, сен зарб билан учиб бориб башаранг билан қор ғарамига тушсанг, кейин ўрнингдан турганингда ҳамма ёғинг оппоқ қорга беланган, мўйловингдан сумалаклар осилиб турса, қандай гаштли бўлади! Бир маҳал қарабсанки, шапканг ҳам йўқ, қўлқопинг ҳам йўқ, камаринг бўлса ечилиб кетипти… Одамлар қотиб-қотиб кулади, итлар вовуллайди…
Павел Иванич бир кўзини салгина очиб Гусевга қарар экан.
— Гусев, хўжайининг ўғирлик қилармиди? — деб сўрайди…
— Ким билади дейсан, Павел Иванич! Бундай ишлардан бизлар бехабармиз, сездиришмайди.
Шундан кейин анчагача ҳеч ким гапирмайди. Гусев хаёл суради, алаҳлайди ва дамба-дам сув ичади. Сўзлашга ҳам, бировнинг гапини эшитишга ҳам мадори қолмайди, ҳатто битта-яримтанинг гапга солиб қолувидан қўрқади ҳам. Бир соат, икки соат, уч соат ўтади; кеч бўлади, қоронғи тушади, аммо у ҳеч нарсани сезмайди, қимирламасдан совуқни хаёл суриб ўтиради.
Лазаретга аллаким киргандек бўлди, ғовур-ғувур товушлар эшитилди, беш минут ўтар-ўтмас яна ҳаммаёқ жимжит бўлиб қолди.
— Жойи жаннатда бўлсин, ўзи ярлақасин, — дейди қўли боғланган солдат. — Анча безовта одам эди!
— Нима? — деб сўрайди Гусев. — Кимни?
— Ўлиб қолди. Ҳозир юқорига олиб чиқиб кетишди.
— Ҳай, майли, — деб минғиллайди Гусев эснар экан. — Жойи жаннатда бўлсин.
— Сен нима дейсан, Гусев? — деб сўрайди бироз сукунатдан кейин қўли боғлиқ солдат. — У жаннатга кирадими, ё кирмайдими?
— Кимни сўраяпсан?
— Павел Иванични.
— Киради… Анча қийналди. Яна шуниси ҳам борки, руҳонийлар тоифасидан экан, попларнинг уруғ-аймоғи кўп бўлади. Хайри-худои билан арвоҳини тинчитишади.
Қўли боғланган солдат Гусевнинг койкасига ўтириб, эшитилар-эшитилмас:
— Сенинг ҳам дунёдан насибанг узилипти, Гусев, — дейди. — Россияга етолмайсан.
— Доктор ёки фельдшер шундай дедими? — деб сўрайди Гусев.
— Бировнинг айтиши шарт эмас, кўриниб турипти… Ўладиган одам башарасидан маълум. Овқат емайсан, ичмайсан, жуда озиб кетдинг, бетингга қараган киши қўрқиб кетади. Сил қурғур ёмон бўлади-да. Бу гапларни сени безовта қилиш учун айтаётганим йўқ, балки поп келиб, дуо ўқисин, дейсанми… Башарти пул-мулинг бўлса, бош офицерга топшириб қўйсанг яхши бўлар эди.
— Уйга хат ёзмаганман… — деб уҳ тортади Гусев. — Ўлиб кетсам, улар билишмайди.
— Билишади, — дейди касал матрос дўриллаб. — Ўлганингни кема дафтарига ёзиб қўйишади, Одессага борганимизда ҳарбий бошлиққа хат юборилади, у одам бу хатни вилоятга ёки, билмайман, тағин қаерга ҳам юборади.
Бундай сўзлардан Гусевнинг юрагига ваҳима тушади, аллақандай бир орзу уни толиқтира бошлайди. Бу қандай орзу экан? Гусев сув ичади, тинчланмайди; гардиш дарчага бўйнини чўзиб иссиқ, нам ҳавони ютади — яна бўлмайди, қишлоғини, совуқни ўйламоқчи бўлади — кўнгли таскин топмайди. Ниҳоят, яна бир минут шу лазаретда турса нафаси қисилиб ўладиганга ўхшайди.
— Аҳволим танг, биродарлар…— дейди у. — Юқорига чиқаман… Худо ҳақи, бир олиб чиқинглар!
— Хўп,— деб рози бўладн қўли боғлнқ солдат. — Ўзинг юролмайсан, мен кўтариб бораман. Бўйиимга осил.
Гусев солдатнинг бўйнидан қучоқлайди. Солдат соғ қўли билан Гусевнинг белидан маҳкам ушлайди-да, юқорига олиб чиқиб кетади. Палубада ҳарбий хизматдан бўшатилган солдат ва матрослар ғужанак бўлиб ухлашар эди. Улар шунчалик кўпки, қадам босиб бўлмайди.
— Тикка тур, — дейди қўли боғланган солдат секингина, — этагимдан ушлаб аста-аста орқамдан бора бер…
Тун қоп-қоронғи. На палубада, на мачталарда ва на теварак-атроф — денгизда чироқ кўринади. Пароходнинг худди бурнида, ҳайкалга ўхшаб, соқчи қотиб турибди, бу одам ҳам баайни уйқуга кетганга ўхшайди. Бамисоли пароход ўз ҳолига қолдирилган-у, истаган томонга кетаётгандек туйилади.
— Павел Иванични энди денгизга ташлашади… — дейди қўли боғлиқ солдат. — Қопга тиқишади-ю, сувга улоқтиришади.
— Ҳа, бу ернинг тартиби шунақа.
— Уйингда ўлсанг, ерга кўмишгани яхши, албатта. Ҳеч бўлмаса, онанг қабрингга келиб, йиғлаб-йиғлаб кўнглини бўшатиб кетади.
— Тўғри айтасан.
Гўнг билан пичаннинг ҳиди бурунга урди. Борт яқинида бошини осилтириб бир неча буқа турибди. Бир, икки, уч… саккизта! Ана, кичкинагина от ҳам бор. Гусев уни силамоқчи бўлиб қўлини узатади. От бошини силкитиб, тишларини тиржайтириб Гусевнинг енгидан тишламоқчи бўлади.
— Лаънати…— деб аччиғланади Гусев.
Солдат иккаласи аста-секин пароходнинг бурун томонига ўтишади, кейин бортнинг ёнида туриб, гоҳ юқорига, гоҳ пастга индамай қараб туришади. Юқори — бепоён осмон, тип-тиниқ юлдузлар, тинчлик ва осойишталик худди қишлоқдаги уйининг ўзгинаси, пастда эса — зулмат ва бесаранжомлик. Баланд-баланд тўлқинлар нега пишқиради — билиб бўлмайди. Қайси бир тўлқинга қарасанг, ҳар қайсиси қолганларидан юқори кўтарилишга, бошқасини қувиб етишга, янчиб кетишга интилади; унинг устига оппоқ яғринини яшнатиб учинчиси бостириб келади; бу ҳам олдингилари сингари даҳшатли, ўшалардек ўхшовсиз.
Денгизда на ақл бор ва на шафқат. Кема бироз кичикроқ бўлиб, қалин-қалин темирлардан қилинмаганида, тўлқинлар ҳеч қандай раҳм-шафқат қилмасдан уни парча-парча қилиб, на авлиёсига ва на гуноҳкорига қарамасдан, ичидаги одамларнинг ҳаммасини ютиб юборарди.
Кеманинг важоҳати ҳам жуда ёқимсиз, жуда даҳшатли. Бурундор баҳайбат бу махлуқ йўлидаги миллионлаб тўлқинларни қирқиб, кесиб илгарига интилади. У на зулматдан, на шамолдан, на масофадан, на ёлғизликдан қўрқади — ҳеч нарсани назар-писанд қилмайди. Башарти денгизда ҳам одамлар бўлганда, бу баҳайбат махлуқ ҳам на авлиёсини ва на гуноҳкорини фарқ қилмай, ҳаммасини мажағлаб ташларди.
— Қаерда кетяпмиз? — деб сўрайди Гусев.
— Билмадим. Океан бўлса керак.
— Ер кўринмайди…
— Ер қаёқда! Одамларнинг гапига қараганда фақат етти кундан кейин кўрар эканмиз.
Иккала солдат фосфор шуъласини сочаётган оқ кўпикларга қараб индамасдан хаёл суриб туришади. Жимликни дастлаб Гусев бузади.
— Ҳеч қандай қўрқинчли нарса йўғ-у, — дейди у, — аммо бироз ваҳимаси бор, гўё қоронғи ўрмонда ўтирганга ўхшайсан, башарти ҳозир битта қайиқни сувга тушириб, офицер менга юз чақирим ерга бориб балиқ овлаб келишни буюрса, индамасдан борар эдим. Ё бўлмаса, фараз қилайлик, бирон одам ҳозир сувга тушиб кетса, мен ҳам унинг кетидан ўзимни ташлардим. Немисга ёки хитойга овора бўлиб ўтирмасдим, аммо мўминни, албатта, қутқарардим.
— Ўлимдан қўрқасанми?
— Қўрқаман. Рўзғоримга ачинаман. Уйдаги укамнинг, биласанми, мазаси йўқ: пияниста, хотинини бекорга ура беради, ота-онамни ҳурмат қилмайди. Менсиз ҳамма нарса барбод бўлади, худо кўрсатмасин, ота-онам сарсон-саргардон бўлиб қолади. Бас энди, биродар, оёқларим толиб кетди, бу ер жуда дим экан… Юр, ухлаймиз.

V

Гусев лазаретга қайтиб келиб койкага ётди. Уни илгаригидек номаълум орзу толиқтирар эди. Аммо нима истаганини ўзи ҳам билмайди. Кўкраги сиқилади, мияси гувиллайди, оғзи шунчалик қуриб қолганки, ҳатто тилини ҳам қимирлатолмайди. Гоҳ мудраб кетади, гоҳ алахлайди, босинқирашдан, йўталдан, димликдан тинка-мадори қуриб эрталабга яқин қаттиқ ухлаб қолади. Туш кўрса казармада печдан эндигина нонни олишган эмиш, у бўлса печь устига чиқиб олиб, кейин супурги билан баданига уриб, буғланар экан. Шу алпозда у икки кун ухлайди, учинчи куни туш пайтида юқоридан иккита матрос тушиб, уни лазаретдан олиб чиқиб кетади.
Уни парусинага ўраб, тикишади, оғир бўлсин учун кафаннинг ичига ўтхонанинг иккита темир панжарасини ҳам солишади. Гусевнинг танаси кафанда баайни сабзига ёки турпга ўхшайди: бош томони йўғон, оёқ томони ингичка… Қуёш чиқишидан олдин унинг ўлигини палубага чиқариб, тахтага ётқизишади; тахтанинг бир учи пароходнинг бортига қўйилган, иккинчиси табуретка устидаги яшчикда туради. Теварак-атрофда ҳарбий хизматдан бўшатилганлар ҳамда пароход матрослари шапкаларини ушлаб туришади.
— Карамли парвардигоро, — деб бошлайди поп, — абадий шони-шарафлар бўлсин.
— Омин! — дейди учта матрос.
Ҳарбийдан бўшатилганлар ва кемадаги матрослар чўқинишар экан, денгиз тўлқинига қараб қўйишади. Одамнинг парусинага ўралгани, унинг ҳозир сувга отилиши ғалати туйилади. Наҳотки тақдир шундай бўлса?
Поп Гусевнинг устидан тупроқ сочиб, унга таъзим қилади. Одамлар дуо ўқишади. Вахта қоровули тахтанинг учини кўтаради, Гусев сирғаниб бориб, боши билан пастга учиб кетади, кейин ҳавода бир айланади-ю, шўлп этиб сувга тушади. Унинг ҳамма ёғини кўпик қоплайди, бир нафас тўрга ўралиб олганга ўхшаб кўринади, кейин тўлқинларда кўздан ғойиб бўлади.
У жуда тез чўкади. Тагига етиб борармикин? Денгизнинг чуқурлиги тўрт чақирим келади, дейишади. Саккиз-ўн сажин чуқурлашгандан кейин секин-секин чўка бошлайди, гўё қаерга боришини ўйлаётгандек, бир меъёрда чайқалади, ниҳоят сувнинг оқимига дуч келиб, тезроқ бир томонга силжийди.
Бир маҳал йўлда лотсман деб аталадиган кичкина балиқчалар галасига йўлиқади. Қоп-қора жисмни кўриб балиқлар тақатақ тўхтайди, сўнгра ҳаммаси бирдан орқага айланиб, ғойиб бўлади. Бир минут ўтар-ўтмас улар ёйдек келиб яна Гусевга ёпирилишади-да, кейин унинг атрофида вижир-вижир сузишади.
Шундан сўнг иккинчи қора жисм кўринади. Бу акула. У мағрур, гўё Гусевни кўрмагандек, истар-истамас сузиб келиб мурданинг остида тўхтайди, ўлик унинг устига чўкади. Ундан кейин акула қорнини юқорига қилиб айланиб олади, тип-тиниқ илиқ сувда бироз нозланиб, қатор-қатор тишли оғизини оҳистагина очади. Лотсманлар қимирламасдан, ҳайрат билан нима бўлишини кутиб туришади. Акула тана билан ўйнашиб бўлгач, истар-истамас оғзини унга тутади-да, тишини секингина тегизади, шу пайт парусина бошидан охиригача йиртилади; битта темир панжара лотсманларни қўрқитиб, акуланинг биқинига тегиб, денгизнинг тагига тушиб кетади.
Худди шу маҳал юқорида, ғарб томонда осмонга булут ёйилади; булутлардан биттаси тантанали маросимда қуриладиган дарвозага, иккинчиси— шерга, учинчиси — қайчига ўхшайди… Булутларнинг остидан кўкимтир кенг шуъла чиқиб, осмоннинг ўртасигача чўзилиб боради; бироздан кейин унинг ёнига бинафша, сўнгра сариқ, ниҳоят пушти шуъла қўшилади… Кўк юзи тиниқ оч бинафша рангга киради. Океан мана бу ажойиб, кўркам осмонга қараб, олдин қовоғини солиб олади, аммо кўп ўтмай ўзи ҳам шундай майин, шундай ёқимли, шундай қувончли, жўшқин тусга кирадики, буни инсон тилида нима деб аташни ҳам киши билмайди.

А. Алимуҳамедов таржимаси