Яқинда уй қурган эри-хотин кичкина станция платформасида сайр қилиб юради. Эри хотиннинг белидан ушлаган, хотин эса бутун вужуди билан эрига ёпишиб олган, икковлари ҳам ниҳоятда бахтиёр ва бир-бирларидан мамнун. Булут орқасидан уларга мўралаб қараган ой, худди уларнинг бахтига ҳаваси келган ва ўз иффатининг ҳеч кимга керак эмаслигидан алам қилгандай, қовоғи солиқ эди. Сокин ҳавода сирень гул ва шумурт гулларининг ҳиди анқийди. Аллақаерда, темир излариинг нариги томонида, саъва сайрайди…
— Қандай роҳат, қандай роҳат-а, Саша! — дерди хотин. — Тушимизми бу ё ўнгимизми? Қара, бир қарагин: ҳов анови ўрмонча шундай шинам кўринадики!.. Қимир этмай турган телеграф устунлари… Шу устунлар, Саша, табиат манзарасига жон киритади, аллақаерларда, олис ерларда одамлар бор, маданият борлигидан дарак беради… Йироқдан келаётган поезд шовқинининг эшитилиши сенга ёқмайдими?
— Ҳа, албатта… қўлларинг мунча иссиқ? Бу ҳаяжонланганингдан, Варя… Бугун уйда қанақа овқат пиширишаркин?
— Яхна шўрва ҳамда жўжа қовурдоқ… Битта жўжа икковимизга бемалол етади. Шаҳардан сенга сардин ҳам олдириб келтирдим.
Ой акса урмоқчи бўлгандай, булут орқасига кириб яширинди. Одамларнинг бахти унга танҳолигини, қирлар, ўрмондар ошиб, кўрпага ёлғиз ўзи кириб ётишини эслатди…
— Поезд келмоқда! — деди Варя. — Қандай роҳат бу!
Йироқдан ёниб турган учта кўз кўринди. Бекат бошлиғи станция платформасига чиқди. Сигнал чироқлари темир йўл изларининг уер, буерини ёритди.
— Поездни кузатамиз-у, уйга қайтамиз, — деди Саша, хомиза тортиб. — Шундай яхши яшаймизки, иккимиз Варя, ҳатто кишининг ишонгуси ҳам келмайди!
Қопқора баҳайбат поезд платформа ёнига келиб тўхтади. Хира ёруғ ойналардан уйқудан турган башаралар, шляпалар, одамларнинг елкалари кўринди…
— Ах! Ах! — деган овоз эшитилиб қолди бир вагондан. — Варя эри билан бизни кутгани чиқипти! Ана, ана улар!.. Варенька!.. Варечка!.. Ах!
Вагондан икки қизча югуриб чиқиб, Варьянинг бўйнига осилиб олди. Қизлардан кейин тўладан келган кекса бир хотин билан чеккасига соқол қўйган ориқ бир эркак киши, улардан кейин бир талай юк кўтарган икки гимназист бола, гимназистлардан кейин мураббия, мураббиядан кейин бувилари чиқди.
— Мана биз ҳам етиб келдик, дўстим! — деб, гап бошлади, чеккасоқол қўйган киши, Сашанинг қўлини сиқиб. — Кута-кута тоқатинг тоқ бўлгандир? Нега келишмайди деб роса хафа бўлгандирсан? Коля, Костя, Нина, Фифа… болалар, келинглар, кўришинглар Саша амакинг билан! Кўрдингми, Саша, ҳаммамиз келдик, уч-тўрт кун туриб кетамиз. Сени сиқиб қўймаймизми? Очиқ айтавер, уялма.
Бирталай қариндошларини кўрган эр билан хотинни ваҳима босди. Амаки жияни билан кўришар ва ўпишаркан, Сашанинг кўз олдига шу нарса келди: ўзи ва хотини уччала хонани уларга бўшатиб берадилар, кўрпа-ястиқлар ҳам уларга берилади; сардин, яхна шўрва ва жўжа бир зумда талаб кетилади, тоғаваччалар гулларни узишади, столга сиёҳ тўкишади, шовқин-сурон кўтаришади, келинойи эса эртадан кечгача «биқиним оғрийди» деб ўз дардидан нолийди, ўзининг барон Фон-Финтих қизи эканлигини гапиради…
Шуларни ўйладию, Саша хотинига қараб:
— Буларинг сени деб келган… қуриб кетсин! — деб шивирлади.
— Йўқ, сени деб келишган! — деди хотини, эрига нафрат билан қараб. — Булар менинг қариндошим эмас, сеники!
Кейин меҳмонларга қаради-да, чеҳрасига ёқимтойлик югуртириб деди:
— Хуш келибсизлар, меҳмонлар!
Булут орқасидан ой сузиб чиқди. У худди илжайиб, ўзининг ҳечқанақа қариндош-уруғи йўқлигидан хурсанд бўлгандай кўринади. Саша нафрат ва аламини яшириш учун юзини меҳмонлардан ўгириб, жуда хурсанд бир товуш билан:
— Марҳамат, марҳамат! Яхши келибсизлар! Хуш келибсизлар, азиз меҳмонлар! — деди.
О. Раҳимий таржимаси