Сўлим оқшомларнинг бирида худди шундай сўлим экзекутор Иван Дмитрич Червяков креслолаларнинг иккинчи қаторида ўтириб, дурбин орқали «Корневильские колокола» деган спектаклни тамоша қиларди. У саҳнага қараб, ўзини энг роҳатда ўтирган ҳис қиларди. Лекин бирданига… Ҳикояларда «лекин бирданига» сўзи тез-тез учраб туради. Авторлар шундай дейишга ҳақли, чунки ҳаётда тасодифий ҳодисалар жуда кўп! Лекин, бирданига унинг юзи буришди, кўзлари олайди, нафаси тўхтади… У кўзидан дурбинни олди, энгашди ва… апишу!!! Кўриб турибсизки, чучкурди, чучкуришпппг айби йўқ. Мужиклар ҳам чучкуради, полицмейстерлар, баъзан ҳатто тайний советниклар ҳам чучкуради. Ҳамма чучкуради. Червяков ҳечқанча ҳижолат бўлмади, рўмолчаси билан оғзи бурнини артди ва одобли одам бўлгани учун чучкурганим бировга малол келмадимикан деб атрофига қаради. Мана шунда ҳижолат бўлиб қолди. Қараса олдида ўтирган чол перчаткаси блан тепакал бошини, бўйнини артиб, дўнғиллаётипти. Червяков чолни таниди: бу чол статский генерал Бризжалов бўлиб, темир йўл маҳкамасида хизмат қиларди.
«Мен унга тупук сачратдим,— деб ўйлади Червяков. Менинг бошлиғим эмас, бегона, шундай бўлса ҳам яхши эмас, афв сўраш керак».
Червяков йўталди, бироз олдинга энгашиб генералнинг қулоғига пичирлади:
— Кечиринг, жаноби олийлари, беодобчилик бўлди… Мен билмасдан…
— Майли, майли…
— Худо ҳақи, кечиринг. Ахир мен… Қандоқ қилай…
— Худо ҳақи, кечиринг. Ахир мен… ўзимга қолса шундоқ бўлсин депманми!
— Оббо, тек ўтирсангизчи, азбаройи худо! Қўйинг, эшитайлик!
Червяков хижолат бўлди, илжайди ва саҳнага қаради. У саҳнага қараркан, энди роҳат қилолмай қолди. Унинг юраги ғаш бўла бошлади. Антракт вақтида Бризжаловга яқин келди, унинг олдида бироз юрди ва ўзини дадил тутиб ғўлдиради:
— Мен сизга билмасдан тупук сачратдим, жаноби олийлари… Кечиринг… Ахир мен… Наинки…
— Э, қўйсангиз-чи… Мен аллақачон эсимдан чиқариб юбордим-у, сиз ҳали ҳам ўша гапни гапириб юрибсиз! — деди генерал ва тажанг бўлиб пастки лабини қимирлатди.
«Кўзлари қонга тўлиб турибди-ю, тағин эсидан чиққан эмиш, — деб ўйлади Червяков, генералга шубҳа билан қараб. — Гапиргиси ҳам келмайди. Унга тушунтиришим керак, ўзимга қолса… Бу табиат қонуни, ахир. Тушунтирмасам менга тупурди деб ўйлайди. Ҳозир ўйламаса, кейин ўйлайди!».
Червяков қилган адабсизлигини уйига келиб, хотинига гапириб берди. Червяковнинг фаҳмича хотини бу воқеага енгилтаклик билан қаради: у фақат қўрқиб кетди-ю, Бризжалов эрининг началниги эмаслигини билганидан кейин, кўнгли жойига туша қолди.
— Шундай бўлса ҳам бориб узр сўра, — деди у. — Бўлмаса халқ орасида ўзини тутолмас экан, деб ўйлайди!
— Мана шуниси бор-да! Мен узр сўрадим, лекин ҳайронман… Бир оғиз ҳам дуруст гап айтмади. Гаплашишга фурсат ҳам бўлгани йўқ.
Эртаси куни Червяков янги вицмундирини кийди, сочини олдирди ва изоҳ бергани Бризжаловнинг олдига кетди… Генералнинг қабулхонасида арзга келган бир мунча одам ўтирган экан. Генерал арз сўрамоқда эди. У бир неча кишидан арз сўраб бўлиб, Червяковга қаради.
— Кеча, жаноби олийлари, агар эсларида бўлса, — деб сўз бошлади экзекутор,— мен «Аркадия»да чучкурдим… Билмасдан жаноби олийларига тупук сачратдим… Кечира…
— Шу ҳам гап бўлди-ю… Тавба! Сизнинг нима арзингиз бор? — деди генерал навбатдаги кишига.
«Гапиргиси ҳам келмаяпти,—деб ўйлади Червяков ранги ўчиб, — хафа бўлибди… йўқ, кўнглидан чиқармасам бўлмайди… Тушунтираман…»
Генерал одамлардан арз сўраб булгандан кеини ичкари уйга кириб кетаётган эди. Червяков унинг кетидан эргашиб ғўлдиради:
— Жаноби олийлари! Агар жанобларини безовта қилишга ҳаддим сиғса, фақат пушаймонлигимни изҳор қилиш важидан деб биласиз!.. ўзларига маълум, жўрттага қилганим йўқ!
Генерал афтини буриштириб, қўл силтади ва ичкарига кириб кетар экан:
— Сиз мени калака қилаётибсиз, муҳтарам афанди, — деди.
«Калака нимаси! — деди ичида Червяков. — Менинг ҳеч бунақа ниятим йўқ! Генерал бўла туриб, шуни билмайди-я! Бунақа бўлса мен бу такаббурдан узр сўраб ўтирмайман! Минг лаънат! Хат ёза қоламан, энди келиб юрмайман. Худо урсин, келмайман!»
Червяков уйга кетаётиб шуни кўнглидан кечирди. У генералга хат ёзмади. Ўйлаб-ўйлаб нима деб ёзишни билмади. Эртасига яна генералнинг олдига боришга тўғри келди.
— Мен кеча келиб сизни безовта қилган эдим, жаноби олийлари, — деди у генерал бошини кўтариб унга қараганда. — Сиз айтмоқчи, мен калака қилганим йўқ. Сизга узр айтгани келган эдим. Калака қилиш хаёлимга ҳам келган эмас. Наҳот, калака қилгани ҳаддим сиғса? Агар биз калака қиладиган бўлсак у вақтда, демак, улуғларда ҳурмат қоладими.
— Йўқол! — деб бақирди бирданига генерал кўкариб, титраб-қақшаб.
— А? — деди анграйиб қолган Червяков секин.
— Йўқол!! — деб қичқирди генерал яна, ер тепиниб. Червяковнинг қорнида нимадир узилиб кетди. У ҳеч нимага қарамай, ҳеч нимани эшитмай, эшиккача тисарилиб борди, кўчага чиқиб, жўнаб қолди… Уйига қандай борганини ҳам билмай, вицмундирини ҳам ечмай, диванга ётди-ю… ўлиб қолди.
Абдулла Қаҳҳор таржимаси