Антон Чехов. Сарлавҳасиз (ҳикоя)

V асрда ҳам ҳозиргидек ҳар куни эрталаб қуёш чиқар ва кечқурун ухлагани ётар эди. Эрталаб қуёшнинг дастлабки нурлари шудринг билан ўпишганда ер жонланар, ҳаво қувонч, шодлик ва умид товушларига тўлар, кечқурун эса шу ер тек қолар ва шафқатсиз қоронғуликка чўмарди.
Кун-кунга, тун-тунга ўхшайди. Ҳар замон кўкда қора булутлар пайдо бўлиб, жаҳл билан момақалдироқ қалдирарди ёки юлдуз учарди, ё бўлмаса ранги ўчган монах зоҳидларнинг олдига югуриб келиб, монастирга яқин бир ерда йўлбарс кўрганини айтарди, вассалом, сўнгра яна кун-кунга, тун-тунга ўхшарди.
Монахлар ишлар ва ибодат қилар, уларнинг бошлиқлари бўлган чол орган чалар, лотинча шеърлар ҳамда ноталар ёзарди. Бу ажойиб чол фавқулодда қобилият эгаси эди. У органни шундай усталик билан чалар эдики, ҳатто умрининг охирида мусиқий завқи бир тарзироқ бўлиб қолган энг қари монахлар ҳам, унинг ҳужрасидан орган товуши келганда ўзларини йиғидан тўхтатолмасдилар. У ҳатто энг оддий нарсалар тўғрисида, масалан, дарахт, йиртқич ҳайвонлар ёки денгиз ҳақида сўзлаганда ҳам киши ё кулар, ё кўзига ёш олар, худди унинг қалбида орган торларидай торлар садо бераётгандай туюларди. Унинг аччиғи келса ёки жуда қувониб кетса, ё бўлмаса бирон даҳшатли нарса тўғрисида гапирса, эҳтиросли илҳомга толар, чақнаб турган кўзлари ёшланар, юзи қизарар, товуши момақалдироқдай гулдирар эди. Монахлар, унинг сўзига қулоқ берар эканлар, унинг илҳоми ўз қалбларини банд қилаётганини сезар эдилар. Мана шундай соз ва ажойиб лаҳзаларда унинг ҳукмронлиги чексиз бўлар, агар у зоҳидларига дарёга ўзларини ташлашни буюрса, ҳаммаси хурсандлик билан бу амрни ижро этгани шошиларди.
Унинг мусиқаси, товуши, худо, ер ва осмонни мадҳ этган шеърлари монахларга доимий хурсандлик манбаи эди. Умргузаронлик бир хилда бўлавергандан кейин баъзан дарахт, гуллар, баҳор, куз уларнинг меъдасига тегар, денгизнинг шовуллаши толиқтирар, қушларнинг сайраши ёқмас, аммо чолнинг таланти уларга нондек ҳар куни керак эди.
Ўн йил ўтди, ҳамон кун-кунга, тун-тунга ўхшарди. Монастир атрофида ёввойи қуш ва йиртқич ҳайвонлардан бўлак жон эгаси кўринмас эди. Одам турадиган энг яқин ер монастирга юз чақирим келар ва юз чақирим йўл нуқул чўлдан борарди. Бу чўлдан ўтишга фақат ҳаётга таҳқир кўзи билан қаровчи, ҳаётни тарк этиб, монастирга киришни қабирга кириш, деб билувчи кишиларгина журъат қила оларди.
Шунинг учун бир куни кечаси биров монастирнинг эшигини тақиллатганда монахлар жуда ҳайрон қолишди. Эшикни тақиллатган киши шаҳарлик бир одам бўлиб, ҳаётни севгувчи оддий бир осий уммат экан. Бу одам монахлар бошлиғи дуосини олиш ва ибодат қилиш ўрнига аввал вино билан овқат талаб қилди. Нима бўлиб чўлга чиқиб қолганлигини сўралганда у, узундан-узоқ сўзлаб, овга чиққани, кўпроқ ичиб қўйиб, адашганини айтди. Монастирга кириб, қиёматнинг ғамини егин, деган таклифга, кулиб: ”Мен сизларга ўртоқ эмасман”, деб жавоб берди.
Еб, ичиб тўйганидан сўнг, хизматини қилиб турган монахларга бир-бир қаради-да, бош чайқаб таъна билан деди:
– Бекор ўтирасизлар, монахлар. Ейиш-ичишдан бошқани билмайсизлар. Қиёматни ғамини шу хилда ейдими киши? Ўйлаб кўринглар: сизлар бу ерда тинчгина еб-ичиб саодат хаёлида ўтирган чоғларда, яқин кишиларинг ҳалок бўлиб, жонлари дўзахга кетмоқда! Бир қаранглар-чи, шаҳарда нималар бўлмоқда. Бири очдан ўлмоқда, бошқаси ўз олтинини қаерга кўмишини билмасдан бузуқликка ғарқ бўлмоқда ва асалга ботган пашшадай ҳалок бўлмоқда. Кишиларнинг қалбида на имон бор, на ҳақиқат. Буларни қутқариш кимнинг иши, ахир? Ваъз-насиҳатни ким қилади? Эртадан кечгача маст бўлиб юрадиган одам мен қилайми? Наҳот худо, эзгу руҳ, севгувчи қалб ва имонни сизларга тўрт девор орасида ўтириш учун берган бўлса?
Шаҳарликнинг мастлик билан айтган сўзлари қаттиқ ва одоб доирасидан ташқари эди, аммо нима бало бўлдики, чолга таъсир қилди. Чол ҳамма монахлар билан бир-бир кўз уриштириб, ранги оқарди ва деди:
– Биродарлар, бу тўғри айтади! Чиндан ҳам бечоралар ўзларининг нодонликлари ва тадбирсизликлари орқасида гуноҳкор ва динсиз ҳалок бўладилар, биз эса жойимиздан қимирламаймиз, гўё бунинг бизга даҳли йўқ. Шаҳарга бориб ўз пайғамбарларини унутган умматларнинг эсига Исо алайҳисаломни солсам бўлмайдими?
Шаҳарликнинг сўзлари чолни қизиқтирди: эртасига у асосини қўлига олди, зоҳидлар билан хайрлашди ва шаҳарга қараб кетди. Монахлар унинг мусиқасидан, сўзларидан ва шеърларидан маҳрум бўлдилар.
Бир, икки ойни улар чолни соғиниб ўтказдилар, чол келмади. Оқибат учинчи ойнинг охирида ҳаммага маълум бўлган асо товуши эшитилди. Монахлар югуриб унинг истиқболига чиқдилар ва унга бениҳоят кўп саволлар бердилар, аммо чол, уларни кўриб севиниш ўрнига куйиниб йиғлади ва бир оғиз ҳам сўз айтмади. Монахлар унинг жуда қариганини ва озганини пайқадилар; унинг юзидан чарчаганлик ва чуқур қайғу акс этар эди, йиғлаганида эса таҳқирланган кишига ўхшар эди.
Монахлар ҳам йиғладилар ва ундан нимага йиғлаётганини, нима учун хафа эканини сўрадилар. Бироқ, у бир оғиз ҳам сўз айтмади ва ҳужрасига кириб, эшикни беклаб олди. У етти кун уйидан чиқмади, туз тотмади. Орган чалмади, нуқул йиғлади. Монахлар эшигини тақиллатсалар, чиқиб биз билан дардлаш деб илтимос қилсалар ҳам, чурқ этмади.
Охир ташқарига чиқди ва монахларни тўплаб,ёшли кўз, чуқур қайғу ва ғазаб билан сўнгги уч ой ичида бошидан кечирганларини айтиб берди.
У монастирдан шаҳаргача босган йўлини тасвирлаб берганда кўзларида табассум, товушида осойишталик акс этар эди. Айтишича, йўлида унга қушлар сайраб берган, унинг учун ариқлар шилдираб оққан, қалбини ширин, ёш умидлар ҳаяжонга келтирган: у йўлда борар экан, ўзини жангга кетаётган ва ғалаба қозонишига амин бўлган солдатдай сезган, шеърлар ва наътлар айтиб шаҳарга етганини билмай қолган.
Бироқ, шаҳар ва у ердаги одамлар тўғрисида гапира бошлаганида тутақиб кетди, кўзлари чақнади. У шаҳарга кириб кўрганларини умрида кўрган эмас, ҳатто шундай бўлишини тасаввур қилишга ҳам журъат этган эмас.
Шайтон нақадар қудратли, ёвузлик қанчалик гўзал эканини, кишиларнинг на даража юраксиз ва ғариб эканликларини у умрида биринчи дафъа кексайган чоғида кўрди ва англади. Бахтсиз тасодиф бўлиб, биринчи қадам босгани уй бузуқлик макони бўлиб чиқди. Эллик чамаси пулдор кишилар овқат ер ва винони кўп ичар эди. Вино ичиб маст бўлган одамлар куйлайдилар ва художўй киши айтгани ботинолмайдиган ярамас сўзларни ҳеч ибосиз айтадилар. Чексиз эркин, тетик, бахтиёр бу одамлар на худодан қўрқадилар, на шайтондан ва на ўлимдан, нимани хоҳласалар шуни айтадилар, шуни қиладилар, кўнгиллари қаерни тиласа, ўша ерга борадилар. Вино эса ҳақиқдай соф, ҳаддан ташқари ширин ва хушбўй бўлса керпк, чунки ичган киши роҳатланиб кулади ва яна ичгиси келади. Киши кулганда вино ҳам кулгандай бўлади, ичилганда қувонч сочиб, учқун олади, гўё ўз ширинлигида қандай шайтоний латофат беркитиб турганини ўзи билади.
Чол ғазабдан борган сайин тутақиб, йиғлаб, кўрганларини ҳикоя қилиб бераверди. Базм қуриб ўтирганлар орасида, – деди, – столнингустида ярими яланғоч бир бузуқ хотин турар эди. Табиатда бундан кўра гўзал ва жозибали нарсани топиш қийин. Ёш, узун сочли, дўндиқ, қоракўз, дурдоқ лабли ҳаёсиз ва шарманда, бу палид садафдай тишларини кўрсатиб илжайиб, худди “Кўрдиларингми, мен қандай шарманда ва чиройлик” демоқчидай эди. Шоҳи кимхоблар бурма-бурма бўлиб, унинг елкасини қоплаган, аммо гўзаллик кийим остига беркинишни истамас, баҳори сабзи қўпиб турган ерни ёриб чиққандай, ташқарига чиққани интилар эди. Шарманда хотин вино ичар, ашула айтар ва ким хоҳласа ўшанга ўзини тақдим этар эди.
Ундан сўнг чол титраб-қақшаб от ўйини бўладиган майдон, ҳўкиз уриштириш, театрлар, лойдан яланғоч хотиннинг суратини ясайдиган рассомлар корхонаси тўғрисида сўзлаб кетди. у илҳом билан, чиройли ва тиниқ товуш билан, худди кўзга кўринмайдиган бир торни чертаётгандай сўзлар, монахлар эса унинг атрофини қуршаб, диққат ва иштиёқ билан сўзига қулоқ солар ва хурсандликдан энтикар эдилар… Шайтоннинг барча жозибаси, ёвузликнинг гўзаллиги ва жирканч хотин баданининг мафтун қилувчи латофатини тасвир қилиб бўлганидан сўнг чол шайтонни лаънатлади. Бурилиб ҳужрасига кириб кетди…
Эртасига эрталаб ҳужрасидан чиқиб қараса монастирда битта ҳам монах қолмапти. Ҳаммаси шаҳарга кетиб қолипти.

Рус тилидан Абдулла Қаҳҳор таржимаси

***************

РОҲИБНИНГ ҚАЙҒУСИ

Худди ҳозиргидек, V асрда ҳам ҳар тонг қуёш уйқудан бош кўтариб, шом палласи уфққа бош қўяр эди. Тонгнинг илк нурлари шабнам билан ўпишган лаҳзаларда Замин қайтадан жонланиб, бутун борлиқ шодумонликка тўлиб кетар, шомда эса ҳаммаёқни чуқур сукунат ўз комига торта бошларди. Шу зайлда бири биридан фарқсиз кунлар ва тунлар алмашиниб келаверарди. Аҳён-аҳёнда осмонни қора булут қоплаб, қасирға ўйнар, кўкдан юлдуз учиб, ранг-қути ўчган роҳиб қавмларига монастир яқинида йўлбарс кўрганини айтиб, уларнинг кўнглига ғулғула солар, ва яна бир-биридан фарқсиз кунлар, тунлар алмашиниб келаверарди.
Роҳиблар зуҳду тақвода тоат-ибодат қилишар, сарроҳиб бўлса чолғу чалиб яратганга ҳамду санолар айтар, ва уларнинг тили ҳамда дилидан тангри каломи тушмас эди. Аломат сарроҳибга қодиру мавлон беназир салоҳият ва чўнг иқтидор ато этган эди. Роҳибларнинг қулоқлари кексалик ғоратидан оғирлашиб қолган бўлса-да, сарроҳиб сози жўрлигида бағоят маҳоратла ижро этган мақомларни сел бўлиб тинглашар, баъзилари ўзини тутолмай йиғламоққа тушишарди. Сарроҳиб энг оддий нарсалар ҳақида, айтайлик, дов-дарахтлару гул-чечаклар, даррандалару паррандалар, тоғу тошлару дарё-уммонлар тўғрисида сўзлай бошласа, унинг сеҳрли овозини завқланмасдан ёки мутаассир бўлмай эшитиш мушкул эди. Унинг куфри қўзиган ёки қалбини кучли ҳис-ҳаяжон чулғаган дамларда ёхуд қавмларининг дилига қутқули оламшумул воқеаларни сўзлаб даҳшат солганда эса, ҳамманинг диққат-эътиборини қозонган сарроҳибнинг юз-кўзларида зоҳир бўлган важоҳатдан роҳиблар тош қотиб қолишар — бундай вазиятларда унинг амрига биноан ўзларини ўтгаям, сувгаям отишга тайёр туришарди.
Сарроҳибнинг тангрини улуғлаб, унинг таърифида келтирган ҳамду санолари, ривоятларида дин аҳлига битмас-туганмас илҳом бағишлагувчи сеҳр мавжуд эди. Баъзан, яъни монастир ҳаётининг бир маромдаги якранг умргузаронлигида дарахтлару гул-чечаклар, кўкламу тирамоҳ, дарёю уммон тўлқинларининг шовуллаши ҳам роҳибларнинг баъдига уриб, қушларнинг сайроқи хонишидан-да диллари зада тортган кезларда сарроҳибнинг бетимсол аъмоли қавмларида сув билан ҳавога ташналикдек эҳтиёж уйғотарди.
Қувлашиб йиллар ўтиб борар, кунларни кунлардан, тунларни тунлардан ажратиб бўлмас эди. Ёввойи қушлару даррандалардан бўлак монастир яқинига зоғ ҳам йўламасди. Атроф жавонибда одам зоти яшамас, монастирдан кенту манзилгоҳларга бориш учун юз чақиримча йўл юриш лозим эди. Монастирга келишни эса тарки дунё қилган ва зоҳидона рўзғорни авло билган дарвишларгина ўзларига раво кўришарди. Турмуш машаққатларидан эзилган, жонидан тўйиб кетган бандаларгина монастир тарафларга боришни ўзларига ихтиёр этардилар.
Буни қарангки, кунларнинг бирида ярим тунда монастир эшигини кимдир қоқди. Бошпана сўраб турган кимсани кўриб, роҳиблар тахайюлга боришди. Нотаниш одам турмуши яланг айшу тарабда ўтган кентлик пўрим бўлиб чиқди. У сарроҳибдан ибодатга изн сўраш ўрнига, тоқатсизланганича емак ва ичмак беришларини талаб қилди. Олис кентдан гадойтопмас бу жойларга қандай келиб қолганини сўрашганда, у шикорга чиққанини ва ичиб чангалзорда адашиб қолганини айтди. Зоҳидлик зуннорини белга боғлаб, саҳобу шом тоат-ибодатда бўлишга даъват этганларида, у тиржайганича: “Сизларга биродар бўла олмайман”, деди.
Еб-ичиб нафси анчайин қонган мусофир роҳибларга бир-бир қараш қилди-да, худди ёзғиргандек бош чайқаб деди:
— Оббо сиз роҳиблар-ей! Еб-ичиш, ҳузур-ҳаловатдан бошқасини билмайдиган дангаса экансизлар-ку! Охиратингизни ўйласангиз-чи, ахир!? Туну кун тавба-тазарруда яратганга юкинадиган илму амалингиз наҳотки шундан иборат бўлса?! Сизлар бу ерда вақтида таомланиб, вақтида истироҳат қиласиз, уёқда — Кенти Кабирда бўлса хешу ақраболарингиз кун сайин разолат ва фисқ-фужур ботқоғига ботиб охиратини куйдиришмоқда… Одамларда на иймон, на эътиқод қолди! Зеро, каллани ишлатиб, бундоқ сарҳисоб солсангиз-чи! Оддий авом рўзғор тутишдан қийналиб ётибди, ҳавойи нафсларини тия олмай, сарвату шаҳватга муккасидан кетганлар бўлса йўлдан адашиб худонинг ғашига тегмоқдалар. Айтинг-чи менга, уларни наҳс босиб, фосиқлик гирдоби ўз гирватига тортиб кетмаслиги учун нима қилмоқ керак? Зуҳду тақво ҳамда амру маъруф билан уларни ҳақ йўлига солиш кимнинг вазифаси? Эртаю кеч айшу тарабдан бўшамайдиган каминанингми? Зотан руҳни итоатда сақлаб, бутун қалб қўри, меҳр-муҳаббатини тангри ва унинг бандаларига бахшида этиб, туну кун мана шу тўрт девор ичидан чиқмай, эзгу амалларга қўл урмасдан таралла бедодлик қилиб келаётган сизнинг вазифангиз эмасми?!
Мусофирнинг сархуш таъна-дашномлари қанчалик қўрс туюлмасин, сарроҳиб уларни эшитиб чуқур ўйга толди. Авзои бузилиб, биродарларига гезариб қараганча деди:
— Биродарлар, индаллосини айтганда, кентлик меҳмоннинг гаплари тўғри! Фақиру йўқсилларнинг иймонсизлиги ва нодонлиги билан уч пуллик ишимиз йўқ. Ахир у ёқларга бориб, худо бехабарларни ғафлат уйқусидан уйғотишимиз керак эмасми?
Сарроҳиб кентлик кишининг таъналаридан мутаассир бўлди. Эртасига у ҳамма қавмлари билан хайр-хўшлашиб, ҳассасини тўқиллатганча олис ва машаққатли йўлга тушди. Сарроҳибсиз монастир ҳувиллаб қолди.
Орадан бир ой ўтди, икки ой ўтди — сарроҳибдан дарак бўлмади. Ниҳоят, уч ойдан кейин ҳассасини тўқиллатганча монастир эшигидан сарроҳиб кириб келди. Кутиб олишга чиққан роҳиблар уни саволга кўмиб ташлашди. Аммо сарроҳиб улар билан қайта дийдорлашиб турганидан хурсанд бўлиш ўрнига, лом-мим демасдан аччиқ йиғлай бошлади. У ўзини хийла олдириб қўйганди: сафар уни жудаям толиқтиргани ва қароқларининг қаърига теран мусибат соя солгани шундоқ кўриниб турар эди. Сарроҳиб бирданига анча ёшга кексайиб қолганга ўхшарди. Унинг йиғлоқи кўзлари ва салқи юзлари боёқишнинг у ёқларда роса эзилгани, хўрлик ва абгорлик чекканидан дарак бериб турарди.
Шунда монастир роҳибларининг ҳам дили вайрон бўлиб, унга қўшилиб йиғламоққа бошладилар. Уларнинг: “Ҳадеб кўзёш тўкишингизнинг боиси не?”, деган саволига сарроҳиб чурқ этиб жавоб қилмади ва тамомила узлатга чекинди.
Сарроҳиб етти кечаю етти кундуз туз тотмади — на соз чалиб қавмларининг қалбига ором бағишлади, на амру маъруф қилиб ваъз-насиҳат ўқиди. Ниҳоят, у ҳужрасидан чиқиб келди. Теграсига руҳонийларни чорлаб, сурункали жола тўкишдан шишиб-қизарган, ғусса ва нафратга тўла кўзларини уларга тикканча ўтган уч ой давомида кўрган-кечирганлари ҳақида ҳикоя қила бошлади.
Монастирдан Кенти Кабирга довур босиб ўтган йўлини баён этаркан, унинг овози хотиржам жаранглаб, юз-кўзларидан табассум балқиб турди.
— Йўлимда, — деб ҳикоя қиларди у, — қушларнинг “чах-чах” сайраши, ариқ ва жилға сувларининг қиқирлаб кулиши қалбимда хуш кайфият уйғотар ва дилимни сарафроз айларди; камина бўлса ғолиб чиқишга ишончи комил фотиҳ сингари кетиб борардим. Ана шундай некбин орзу-мақсадлар қанотида шаҳар томон ошиқар эканман, йўлакай қасидалар битиб, тангрининг шаънига ҳамдлар айтганча манзилимга етиб келганимниям сезмабман…
Бироқ кент ва кентликлар тўғрисида сўзлай бошлаши ҳамон сарроҳибнинг кўзлари чақнаб, бутун вужудида титроқ турди ва кўзларида қаҳр-ғазаб ўти ёнди. Сарроҳиб гавжум ва сершовқин шаҳарга кириб бораркан, кўз ўнгида намоён бўлаётган кўргуликларни илгари кўриш у ёқда турсин, ҳатто хаёлига ҳам келтира олмасди. Умри поёнига етиб бораётган сарроҳиб ҳаётида биринчи марта шайтони лаъин ҳали-ҳамон кўп нарсаларга қодирлигини, одам зотини иродасиз ва ҳақир қулга айлантириб қўйиш унга ҳеч нарса эмаслигини англаб етди. Бахтга қарши у кириб борган дастлабки манзилдан фосиқу гумроҳлар ошён қуриб олишган эди. У ерда бир талай пулдорлар ишратпарастликка берилиб, кўз кўриб қулоқ эшитмаган бузуқликлар билан машғул эдилар; столга тортилган ноз-неъматларни оёқости қилишар, маст-аласт ҳолда беҳаё сўзларни сўзлашар, уятсиз қўшиқлар куйлашарди. Бундай шармандагарчилик фақат худобехабар гумроҳларнинггина қўли ва тилидан келиши мумкин эди; на худодан, на шайтони лаъиндан ва на ажалдан қўрқадиган бу ҳаромзодалар ўзларини ўктам, хуррам ва хушбахт чоғлашарди. Қаҳрабо тусли тотли мусаллас нафис жомларда жимир-жимир қилар, бағоят мазали ва хушбўй ичимликлардан майпарастларнинг қайта-қайта ичгиси келар эди. Мусалласда шундай бир иблисона куч пинҳон эдики, ундан ичган ҳар қандай одамни сароб мисол ўз домига тортаверарди…
Сарроҳиб ғазаб отига миниб, кўрганларини куйиб-ёниб баён этаркан, “уҳ” тортганча, афсус-надомат чекиб кўзларидан дув-дув ёш тўкарди.
— Маишатпарастларнинг, — дея ҳикоясини давом эттирди у, — давраси ўртасига ярим яланғоч суюқоёқ чиқиб олган эди. Одам зотига ато этилган ноз-неъматлар ичида бу қадар жозибадор, бу қадар мафтункор ҳусни таважжуҳни учратиш душвор эди. Қорамағиздан келган узунсоч, қуралай кўз, дудоқлари лўппи бу куйдирмажон садафдек оппоқ тишларини ялтиратганча: “Қарасангиз-чи, нақадар суманбар, ва шу билан бирга беномус, беҳаё хилқатман!”, деяётгандек бўларди. Унинг ниҳоятда хушбичим ва назокатли кифтларига кимхоб ва шоҳи ташлаб қўйилган эди. Зеро, зиногарнинг беандиша, беор танаси ялтир-юлтур либосларга бекиниб олишни истамас, балки айни баҳорда замин бағрида бош кўтариб чиққан сабза янглиғ ҳарислик билан очилиб-сочилар эди. Ювуқсиз аёл эркакларга қўшилиб май ичар, бадахлоқ қўшиқлар хиргойи этиб, уларнинг биргина имосига жимо қилиб кетаверарди.
Жунуни қўзиган сарроҳиб қўлларини тўлғаб-тўлғаб буқалар жанги, суворийлар беллашуви, театру томошалар тўғрисида, ҳайкалтарош лойдан дид билан ясаган шир яланғоч аёл ҳайкали ҳақида уятдан қизариб-бўзариб сўзлар эди.
У буррозабон нотиқ сингари мулоҳазаларни лўнда-лўнда баён этар, унинг сеҳрли соз каби мафтункор овозини тинглаётган роҳиблар лол бўлишиб, энтикиб-энтикиб қўйишар эди…
Фоҳиша аёл танасининг кишида нафрат ва ирганиш уйғотувчи наҳс босган сеҳру жодуларини тилга олар экан, сарроҳиб шайтони лаъинга тавқи лаънатлар ўқиб, ҳужрасига кириб кетди.
Эрта тонгда ҳужрасидан чиқиб келган сарроҳиб монастирда ўзидан бошқа биронта руҳоний қолмаганини кўрди. Ҳаммаси шаҳарга кетиб қолганди.
1887 йил.

Илҳом Ҳафизов таржимаси.