Хуан Боскан Алмуҳовир (1490-1542)

Хуан Боскан Алмуҳовир (Juan Boscán Almogáver) – таниқли испан шоири, жамоат арбоби. Барселонада зодагон оилада туғилган. 1507 йилдан қирол саройида, жумладан, император Карлос I саройида хизмат қилган. 1532 йили Испаниянинг Италиядаги мухтор элчиси бўлган. У шеъриятда “Италия мактаби” асосчиларидан бири ҳисобланади.

(Дўстим дон Диего де Мендосага мактубдан)

Бу дунёда йўллар кўпдир,
Хатарларни қолдирсанг ортда,
Шунинг ўзи яхши йўлдир.

Сарсон кезмай дунё бўйлаб,
Оилада топдим роҳат,
Аёлимга садоқат сақлаб.

Баъзилар мол-дунё излаб,
Қўшни юртни қилар вайрон.
Найзабозлик қилар хезлаб.

Менга уруш, бойлик керакмас,
Бировларни қириш керакмас,
Қонхўр юрак тоза юракмас.

Менга маъқул яшаш тинч-омон,
Оиламда ёзиб дастурхон,
Табиатдан топамиз эҳсон.

Кўнглим тинчдир, аёлим гўзал,
Гоҳи вақтлар чиқса-да жанжал,
Ярашурмиз шу он, шу маҳал.

Камчилик йўқ емоқ-ичмоқдан,
Қисилмадик сира томоқдан,
Фарзандлару набиралар ҳам.

Болали уй бозор дейдилар,
Шодлик йўқ уй мозор дейдилар,
Болалар одобли, кўнгил хотиржам.

Шаҳарда ҳам уй-жойимиз бор,
Агар шаҳар бўлиб қолса тор,
Қишлоқ кутар бизни интизор.

Бизни кутар ям-яшил ўтлоқ,
Яшил қирлар ва узумзор боғ,
Гоҳо келар шаҳардан дўст-ёр.

Ёз чилласи бунда қийнамас,
Ғир-ғир эсар шамол ҳар нафас,
Сурув-сурув қўйлар қайтишар.

Ўйнаб-кулиб қирлар бағридан,
Биз ҳам бироз ҳориб қайтамиз,
Уй томонга – дала сайридан.

Уйимизда ёзиқ дастурхон,
Уй бекаси кутар шод-хандон,
Йўл чарчоғин унутамиз тез.

Дастурхонга қўйилар шу кез
Турли мева-чева, тузлама.
Чанқоқбосди шарбат ҳам тайёр.

Патнисларда тилларанг узум,
Олма, ноклар устида райҳон.
Саховати беминнат кузнинг.

Пишлоқ ҳам бор эчки сутидан,
Сигир сути ҳозир соғилган,
Товуқ гўшти келар кетидан.

Қонли урушларда топилган шуҳрат,
Қотиллик-ла топилган бойлик
Кимга керак, тинчлик чиройлик.

Рус тилидан Маҳкам Маҳмуд таржимаси