Онасининг ёлғиз ўғли Саша Смирнов «Биржа ведомостлари» газетасининг 223-сонига ўралган бир нарсани қўлтиғига қистириб, юзи сўлғин бир ҳолда доктор Кошельковнинг хонасига кирди.
—Э-э, келинг, яхши йигит!—дея кутиб олди доктор.—Хўш, соғлигингиз қалай? Қандай хушхабарлар келтирдингиз?
Сашанинг кўзлари пирпиради, ўнг қўлини чап кўкрагига босиб, ҳаяжонланган ҳолда деди:
—Ойим сизга салом юборди ва миннатдорлик билдирди, Иван Николаевич… Мен ойимнинг ёлғиз ўғлиман, сиз мени ўлимдан сақлаб қолдингиз… Оғир дарддан фориғ қилдингиз. Бу яхшилигингизни асло унутмаймиз.
—Бундай гапларни қўйинг, йигит!—деди доктор, бу сўзлардан эриб кетиб.—Мен қилган ишни ҳамма қилолади.
—Мен ойимнинг ёлғиз ўғлиман…Камбағал одаммиз, хизматингизга яраша ҳақ тўлашга ожизмиз… Жуда уятга қолдик, доктор. Шунинг учун ойим ва унинг ёлғиз ўғли—мен, сизга миннатдорлик сифатида мана бу нарсани ҳадя қилишга аҳд қилдик. Ўзи қиммат нарса, қадимги бронзадан ишланган. Камёб санъат асари.
—Ҳеч кераги йўқ!—деди доктор афтини буриштириб.
—Йўқ деманг энди,—деди Саша қоғозни оча туриб.—Олмасангиз мени ҳам, ойимни ҳам хафа қиласиз. Жуда асл буюм. Қадимги бронзадан ишланган. Марҳум дадамдан қолган, биз буни қимматли ёдгорлик деб сақлаб келардик. Дадам қадимги бронзадан ясалган буюмларни олиб ишқибозларга сотарди. Ҳозир ойим ҳам, мен ҳам шу иш билан машғулмиз.
Саша қоғозни очди-да, келтирган нарсасини тантанали суратда столга қўйди. Бу буюм қадимги бронзадан нафис ишланган пастак қандил эди. Қандилда тасвир ҳам бор эди: шоҳсупада икки қадди-қомати келишган қип-яланғоч нозанин фигураси ўрнатилган бўлиб, уларнинг ҳолатини тасвирлашга журъатим ҳам,зарур иштиёқим ҳам йўқ. Хонимлар таннозона жилмайишар, шамдонни кўтариб туриш вазифаси бўлмаса, худди супачадан сакраб тушиб, уй ичини остин-устин қилишга ҳам тайёр эдилар-ки, буни тасаввур этишнинг ўзи хижолатли эди.
Доктор совғага бир муддат тикилиб турди-да, қулоғининг орқасини қашлади, кейин бир йўталиб, бурнини қоқди.
—Ҳақиқатан, асл нарса экан,—деди у тўнғиллаб.—Аммо нима десам экан… Ҳеч кимга кўрсатиб бўлмайдиган буюм экан-да…
—Нега энди?
—Ўтакетган устаси ҳам бундан баттарини ўйлаб тополмайди. Бу нарсани столга қўйиш—бутун уйни ҳаром қилиш демакдир.
—Санъатга нега бундай кўз билан қарайсиз, доктор,—деб хафа бўлди Саша.—Ахир, бу санъат асари, ўзингиз бир қаранг! Бундаги нафислик ва гўзалликдан кишининг қалби шодликка, кўзи ёшга тўлади! Бундай гўзалликни кўрган киши бутун дунёни унутиб юборади. Қаранг, қандай малоҳат, қандай нафосат, орзу бор бунда!
—Буни ўзим ҳам кўриб турибман, азизим,—деди доктор, Сашанинг сўзини бўлиб.—Аммо мен оилали, бола-чақали одамман, уйимга хонимлар келиб туради…
—Албатта, агар нодон халқ назари билан қаралса, бу юксак санъат асари бошқача бўлиб кўринади,—деди Саша.—Аммо сиз, доктор, оддий халқдан баланд турмоғингиз керак. Бу буюмни олмасангиз, ойим иккимизни қаттиқ хафа қиласиз. Мен ойимнинг ёлғиз ўғлиман… Сиз мени ўлимдан сақлаб қолдингиз. Биз сизга энг қимматбаҳо буюмимизни тақдим этаяпмиз. Фақат шунга мос келадиган бошқа нарсамиз йўқлиги мени ачинтиряпти…
—Раҳмат, раҳмат, азизим, кўп миннатдорман… Ойингизга салом айтинг.
—Қандилни мана бу ерга, вазани ёнига қўйинг! Аттанг, жуфти йўқда… Эҳ, аттанг! Хўп, хайр, доктор.
Саша чиқиб кетгандан кейин доктор анча вақтгача қандилга тикилиб қолди, қулоғининг орқасини қашиб, узоқ ўйлади.
«Ўзи ёмон нарса эмас,—деб ўйлади у.—Улоқтириш увол… Бу ерда қолдириб ҳам бўлмайди… Тоза мушкул вазиятда қолдим. Кимга ҳадя қилсам экан?»
Узоқ ўйдан кейин Ухов деган ўзининг қалин ўртоғи эсига тушди. У адвокат бўлиб, докторнинг жанжалли ишларини бошқарарди.
—Жуда соз-да,—деди доктор ўзига ўзи.— Дўстлик важидан мендан сира пул олмайди. Бирон нарса ҳадя этсам, жуда хурсанд бўлади. Мана шуни бера қоламан.
Кейин доктор дарров кийинди-да, қандилни кўтариб, Уховникига кетди. Адвокат уйида экан.
—Яхшимисан, оғайни!—деди доктор.—Менга қилган хизматларинг учун ташаккур билдиргани келдим. Пул берсам олмайсан, жуда бўлмаса, мана буни ол. Жуда ажойиб бир нарса!
Буюмни кўрган адвокат ўзида йўқ севиниб кетди.
—Ана холос!—деди у қаҳ-қаҳ уриб.—Одамлар нималарни ўйлаб топишмайди-я! Ҳақиқатан ҳам ажойиб нарса экан.
Адвокат ичидаги бутун севинчини изҳор қилиб бўлгач, уйнинг эшигига қўрқа-писа кўз ташлади-да:
—Йўқ, биродар, буни олиб кет, мен оломайман,—деди.
—Нега ололмайсан?—деди доктор, қўрқиб кетиб.
—Ололмайман-да…Уйимга онам келиб туради, мижозлар келади… хизматчи аёллар олдида ҳам уят.
—Бу гапларингни қўй, оғайни,—деди доктор.—Ўзи жуда нафис буюм. Олмасанг, хафа бўламан!
—Баъзи жойлари ёпиқ ёхуд барг билан беркитилган бўлса ҳам майли эди…
Доктор барибир совғани қолдирди-да, уйига қараб кетди.
«Ўзи ёмон нарса эмас экан,—деди ўзига ўзи Ухов.—Ташласанг увол бўлади, у ерда қолдириш ҳам уят. Яхшиси, бирон кишига совға қиламан. Ҳа, топдим! Бу қандилни қизиқчи артист Шашкинга тақдим этаман… У бундай нарсаларга ўлгудек ўч».
Жуда пухта ўралган қандилни Ухов кечқурун Шашкинга совға қилди. Ярим кечагача Шашкиннинг пардозхонаси совғани кўриш учун келган эркак артистлар билан лиқ тўла эди. У ердан ҳадеб от кишнашига ўхшаш кулги эшитиларди. Бирон актриса эшик олдига келиб: «Кирсам майлими?» деб сўраса, қизиқчи дарҳол:
—Йўқ, йўқ, хоним, мен кийинган эмасман!—деган овоз эшитиларди.
Томошадан кейин артист кифтини қоқиб:
—Бу матоҳни нима қилсам экан?—деди атрофидагиларга қараб.— Ахир бировнинг уйида ижарада турсам, уйимга актрисалар келиб туради… Бу фотосурат эмаски, дарров ғаладонга яширсам.
—Уни сотинг, қўйинг,—деб маслаҳат берди саҳна сартароши.—Бир жойда шунақанги қадимги бронзаларни олиб сотувчи бир кампир бор. Бориб Смирновни сўрайсиз. Уни ҳамма танийди.
Шашкин сартарошнинг айтганини қилди…
Орадан икки кун ўтиб, доктор Кошельков ўз кабинетида бармоғини пешонасига тираб, меъда кислоталари ҳақида ўйлаб ўтирарди. Бирдан эшик очилиб, кабинетга Саша Смирнов кириб келди. Унинг оғзи қулоғида, юзида шодлик акс этарди. Қўлида газетага ўралган бир нарсани кўтариб олганди.
—Доктор!—дея гап бошлади Саша, нафаси бўғилиб.— Шу топда дунёда мендек хурсанд одам бўлмаса керак. Бахтингизга қандилингизнинг жуфтини топишга муваффақ бўлдик! Ойим ҳам жуда хурсандлар. Мен ойимнинг ёлғиз ўғлиман… Сиз мени бир ўлимдан олиб қолдингиз…
Миннатдорлигидан титроқ босган Саша қандилни докторнинг столи устига қўйди. Доктор қандилга тикилганча гапирмоқчи бўлиб оғзини очди, аммо ҳеч нима деёлмади: унинг тили танглайига ёпишиб қолганди…
Одил Раҳимий таржимаси