ЁНАЁТГАН ШАМЛАР ЗИЁСИ
Сендан дардли қўшиқ қолсин дунёда…
Мигель Унамуно
Мактуб… Мактублар!..
Баъзан бир варақ қоғоз, борингки, ўн саҳифа бўлсин, оддийгина мактубнинг инсон ҳаётида, маъзур тутасиз, инсоннинг кундалик ҳаётида айтишга арзигулик ўрни борми, деб ўйлаб қоламан. Емиш, кийим-кечак, ўзаро муносабатлар, қариндош-уруғчилик, урф-одатларга итоат этмоқ, сирлашмоқ, ваъдалашмоқ, рўзғор қилмоқ, туғилган фарзандга чиройли исм қўйиш ташвиши, ҳар йили ўтадиган байрамларга тараддуд, саёҳатга чиқмоқ, туғилган кунларни нишонлаш каби беихтиёр бажо келтириладиган амаллар қаторида тилга олишга, эътибор қилишга арзийдими, дейман хаёлан. Сўнг… йўқ, йўқ, дейман, инсоннинг турмушида кераксиз нарсанинг ўзи бўлмайди, унинг ҳаёти ҳамма нарсадан ташкил топади, фақат ёвузлик, зулм, зуғум, номардлик, ноинсофлик, ҳаром-хариш ишлардан сақланиш кераклигини ҳис қиламан ва беихтиёр узоқдаги дўстимга мактуб ёза бошлайман. Қўнғироқ қилсам, SMS юборсам, Telegramm ёки Whats App[1] орқали ёки интернетда мулоқотга кирсам бўлади, лекин мен оппоқ қоғозда кўнглимда уйғонган ҳис-туйғуларни, илтижою гиналарни, энг муҳими, илиқ, ҳароратли, беғубор, тантиқ хаёлларим билан унга таъсир қилишни истайман. Славян халқларида речь – глупа, письмо – разумно, деган барқанот ибора бор, демак, мактуб дилга яқин, диллашиш учун бир наво янглиғ!
Ҳақиқатан шундайми? Унда тарихда бежиз битилмаган экан-да номалар!
Мактубларни даврнинг сувратлари деса бўлади. Буюк француз адиби Стендалнинг “Адабиёт катта йўлда судраб кетилаётган улкан кўзгудир” деган таъбирини жиндай таҳрир қилишга ботинсак, мактублар катта йўлда судраб кетилаётган кўзгудир, дея ўзгартирилса хато бўлмас. Ҳар бир мактубда удумлар, одамларнинг кундалик турмуши, бирон халқнинг ўзига хослиги акс этмай қолмайди.
Шу маънода XIX аср рус ёзувчиларининг мактублари айниқса диққатга сазовордир. Улар нафақат мутахассислар, манбашунос ва тарихшуносларни, балки оддий ўқувчиларни ҳам қизиқтиради. Достоевский ва Толстой, Герцен ва Тургенев, Чехов ва Горькийларнинг адабий-бадиий мероси орасида роман ва ҳикоялари билан мактубларининг ҳам баравар қизиқиб ўқилиши бежиз эмас. Чунки уларда ҳар қандай бадиий асарга хос тўқима, ўйлаб топилган сюжетлар, бадиий образлар эмас, чинакам ҳаёт нафаси уфуриб туради, муаллифларнинг шахсий ҳаётига алоқадор тафсилотлар, уларнинг оддий қувонч ва ташвишлари, зиддиятларга бой ҳаёти, давр, санъат ҳақидаги фикр-мулоҳазалари, севги-муҳаббатлари, маънавий ва ижтимоий қарашлари таъсирчан ва гўзал тилда ифода этилгани билан ҳам ўқувчини мафтун этади. Бундай мактублар ҳикматлар чашмаси ҳамда ибрат манбаи вазифасини ўтайди. Уларнинг ишқий мактубларини ўқиганда инсоният, моҳиятан, минг йиллардан буён деярли ўзармаганлигини ҳис қиламиз. Эҳтирос, рашк, умид, садоқат ҳақидаги тушунчалар асрлар давомида ўзгармай, ҳамон ўша-ўша, табаррук ва шарафли эканидан ҳайратга тушамиз. Бундай мактубларни ёзиш учун одамда адабий истеъдод бўлиши шарт эмас, балки ички дунёси бой, самимий ва кўнгли тоза ҳар қандай инсон ёза олиши мумкинлигини ҳис қиласиз.
Мана қаранг, Наполеон Бонапарт – ҳарбий одам, умри жангу жадалларда ўтган, Моцарт – бастакор, Сальвадор Дали – рассом, Каховский, Трубецкой, Волконскийлар турли соҳа эгалари – адабиётчи, шоир ёки ижодкор эмас, асло – лекин уларнинг мактубларини ўқиган одам руҳан ҳузур қилади, тўлқинланади, беихтиёр ўйга толади.
Кўпчилигимиз севиб томоша қиладиган “Душанбагача омон бўлсак” деган фильмда тарих дарсида биз учун (албатта мен учун ҳам) анчайин номаълум шахс – лейтенант Шмидт ҳақида гап кетади. Ўзига бино қўйган бир ўқувчи ўша тарихий шахс ҳақида жуда кам маълумот билишини хаспўшлаш учун “дарсликда атиги ўн беш сатр ёзилган” деб айбни бошқаларга ағдармоқчи бўлади. Зукко ва табиатан ўта маърифатли муаллим ўша лейтенант Шмидтга таъриф беради ва “хатлари эълон қилинган, ўқинг”, дейди. Янглишмасам, мен ўшанда институтни тугатиш арафасида эдим, кутубхонага бориб ўша лейтенант ҳақида маълумотлар топиб, сўнг хатларини ўқиб чиққандим. Фильм қаҳрамони айтган гапларга юз фоиз қўшилгандим ўшанда. Мулоҳазаларим юзакироқ бўлса ҳам яна фикримни давом эттириб айтсам, “Ўтган кунлар” фильмида (романда ҳам) мактублар жуда катта вазифани бажаради. Отабек билан Кумуш ёзишмаларини қўя турайлик, Юсуфбек ҳожининг номаси ўғлини муқаррар ўлимдан асраб қолмайдими? Мен хатларнинг инсон ҳаётига таъсири тўғрисида айтяпман.
Абдулла Қаҳҳорнинг хатлари-чи? Ўткир Ҳошимов билан Шукур Холмирзаевларга ёзган! Бутун адабиёт аҳли билади ёш, эндигина тетапоя бўлаётган ижодкорларга бу хатларнинг қанақа таъсир кўрсатганини…
Демак, инсон ҳаётида, қолаверса, бадиий асарлар қаҳрамонларининг ҳаётида ҳам мактубнинг роли мен ўйлагандан кўра салмоқлироқ ва бисёр экан.
Шунинг учун, келинг, илгари яшаб ўтган адиблар, лашкарбоши-ю давлат арбоблари, муаллимлар, шахматчиларнинг ўз яқинлари, ота-оналари, севикли ёрлари, императорларга йўллаган мактубларини ўқийлик. Зеро, айнан бугунги кунда бундай номалар ҳаётда кўпни кўрган, зукко китобхонга, шак-шубҳасиз, олам-жаҳон завқ бағишлайди.
Қадрли ўқувчи!
Журналимизда янги – “Мактублар” рукнини ташкил этишни режалаштирдик. Дастлаб улуғларнинг мактубларидан бир жуфти эътиборингизга ҳавола этилмоқда. Биттаси XIX асрда яшаб ижод қилган рус адиби Дмитрий Григоровичнинг 65 ёшида замондоши, шу кунларда 155 йиллик таваллуд санаси нишонланаётган Антон Чеховга ёзган мактуби, икинчиси эса Чеховнинг жавоби. Шояд рус адабиётининг фахрларидан саналмиш бу адибларнинг самимий, бир-бирларининг ижоди ҳақидаги беғараз, таъмалардан йироқ фикр-мулоҳазалари, бир-бирига бўлган эҳтиром туйғулари, нақадар ибратомуз ўгитлару жўшқин миннатдорчиликларини ўқиб таъсирлансангиз, кўнглингиз қувнаса.
Таржимондан
Д.В.ГРИГОРОВИЧ – ЧЕХОВГА
1886 йил 25 март, Петербург
Антон Павлович жаноб олийлари!
Бундан бир йил муқаддам, “Петербург газетаси”да тасодифан Сизнинг ҳикоянгизни ўқиб қолгандим, сарлавҳасини ҳозир эслолмайман, фақат менга қаттиқ таъсир қилган алоҳида, ўзига хос жиҳатлари ва асосийси – қатнашувчи қаҳрамонлар билан табиат тасвиридаги ҳавас қилгулик ҳаққонияти, ҳаётийлиги ҳамон ёдимда. Ўшандан буён гарчи ҳали-ҳануз ўз қадрини билмай тахаллус остида ижод қилаётган инсондан ич-ичимда ўпкалаётган бўлсам-да, Чехонте номи билан эълон қилинган нимаики бўлса, барини ўқиб келаяпман.
Сиз ёзган нарсаларни ўқир эканман, муттасил равишда Суворин билан Буренинга мендан ўрнак олиб Сизлар ҳам ўқинглар, деб маслаҳат беришни канда қилмайман. Улар гапимга кириб ўқийдиган бўлишди ва мана ҳозир менга ўхшаб Сизнинг чин маънода истеъдодли эканингизга, шунингдек, айнан шу истеъдодингиз туфайли Сиз ижодкорларнинг янги авлоди ичида йўлчи юлдуз сингари порлаб турганингизга заррача шубҳа қилишмайди. Мен журналист ҳам, ношир ҳам эмасман; бинобарин, Сиздан ёлғиз ҳикояларингизни ўқиш орқали фойдаланишим мумкин холос, модомики истеъдодингиз ҳақида гапирар эканман, бунга қатъий ва астойдил ишонч ҳосил қилганим учунгина бемалол фикр юритяпман. Мен олтмиш бешга чиқдим, лекин адабиётга ихлосим, балки муҳаббатим илгари қандай бўлса, ундан-да кучайгандир ҳамда ёзувчи ва шоирларнинг муваффақиятларини кўрсам, айниқса, бирон-бир жонли, иқтидорли асар эълон қилиниб қолса, шунчалик эҳтирос ва қизиқиш билан ўқиб чиқаман ва шунчалик қувонаманки, асти қўяверасиз, мана ҳозир ҳам шундай кайфият таъсиридаманки, сабрим чидамай Сизга қойил қолганимни айтишга ошиқмоқдаман. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас; мен қўшимча қилиб мана бундай дейишни истардим: Сизнинг руҳий кечинмаларни ҳаққоний таҳлил қила билиш, тасвирлаш бўйича (“Агафья”даги қор бўрони, тун манзараси ҳамда табиат тасвири ва ҳоказо, ва ҳоказолар) юксак маҳоратга эришганингиз, меъёр туйғуси, айниқса, бир-иккита жумла орқали яхлит манзара чизиб бера олишдек иқтидорингиз: уфққа сингиб бораётган булутларни – “ўчай деб қолган кўмир чўғларини қоплаган кул янглиғ” дея китобхоннинг кўз олдида гавдалантира олувчи истиора қўллаганингиз – бағоят таъсирчан ва гўзалдир. Ишончим комилки, Сиз, чин маънодаги манзур бўларлик, бадиий юксак асарлар яратишга қобил ва қодирсиз – Сизга табиат шу нарсани ато этган. Башарти шу ишончни оқлолмасангиз, маънан гуноҳи кабира қилган бўласиз. Бунинг учун нима кераклигини билсангиз керак: Худо берган истеъдодни қадрлаш лозим, бу ноёб бойликдир. Шошилманг, тез ёзиб ташлашдек одатдан сақланинг. Мен моддий-иқтисодий аҳволингиздан бехабарман; мабодо, қўлингиз қисқа бўлса, яхшиси, бир замонлар бизга ўхшаб оч-наҳор юринг, сабр қилинг, куч-қувватингиз ва таассуротларингизни, руҳий камолот талаб-эҳтиёжларини исроф қилмай, фикрни пишитиб, пухта ўйлаб, дилингизда илҳом қайнаб-тошган лаҳзаларда ижод қилинг, битта ўтиришда ёзиб ташлаш иддаосининг ширин васвасаларига учманг. Ана шундагина чеккан заҳматларингиз эвазига битта ёзган ҳикоянгиз, турли пайтлар газеталарда пайдар-пай босилиб чиққан юзта дурустгина ҳикояларингиздан юз карра юқорироқ қадр топади; Сиз зукко ўқувчилар ҳамда барча китобхонлар эътиборини бир зумда қозонасиз ва китобхон ҳурмат-эътиборидек улуғ мукофот соҳибига айланасиз. Ажабо, ҳикояларингизга аксар ҳолларда бирмунча бепарда, ранг берувчи оҳанглар, воқеаларни олиб кирасизки, ҳайрон бўламан, нима кераги бор бунинг? Ҳаққонийлик, реализм туфайли бадиий асарнинг нафислигига путур етмайди, мутлақо, балки аксинча, янаям баркамоллик касб этади. Сиз – услуби ўзига хос адиб, меъёр ва уйғунликни шунчалар ҳис қилишга қобилсизки, кўнглингизга оғир олмангу, руҳонийнинг тирноқлари қийшайиб кетган кир оёқлари билан киндигини тасвирлаб беришингизнинг заррача ҳожати йўқ; бундай деталлар тасвирнинг бадиий қийматини асло кучайтирмаслиги у ёқда турсин, балки таъсирчан китобхон таъбини тирриқ қилади. Бу тахлит танқидий мулоҳазаларим учун маъзур тутарсиз деган умиддаман, зеро, Сизнинг истеъдодингиз даражасини билганим, бунга заррача шак-шубҳам йўқлиги ва ўз иқтидорингизни тўла-тўкис намойиш қилишингизни чин дилдан истаганим учунгина кўнглимда оғир тош бўлиб ётган мулоҳазаларимни изҳор этмоққа журъат қилдим. Эшитишимча, яқин кунларда Сизнинг ҳикоялардан иборат китобингиз чиқар эмиш; бордию китоб Чехонте тахаллуси билан чиқаётган бўлса, Сиздан ўтиниб сўрайман, ноширга қўнғироқ қилинг, токи Сизнинг ҳақиқий исми-шарифингизни қўйсин. “Янги давр”[2]даги ҳикояларингиз ҳамда “Овчи” деган асарингиздан сўнг умид қиламан ва ич-ичимдан ишонаманки, янги тўпламингиз муваффақият қозонади.
Менинг мулоҳазаларим ёки эҳтимол насиҳатим Сизга малол келмай, аксинча, фикрларимни тўғри кўнгил билан қабул қилажагингизни тасдиқласангиз, кўнглим анча кўтарилган бўларди; зеро, мен Сизга қатъий оҳангда эмас, балки ҳайрихоҳ бўлганим учун чин дилдан ёзаяпман, умидим булки, Сиз ҳам шу тахлит қабул қилгайсиз.
Қўлингизни дўстона сиқиб ва энг яхши тилакларимни билдириб қоламан.
Ҳурмат билан
Д.Григорович
ЧЕХОВ – Д.В.ГРИГОРОВИЧГА
1886 йил 28 март, Москва
Олийҳиммат, кўнгли пок раҳнамоим, Сизнинг мактубингизни ўқиб шунчалар таъсирландимки, азбаройи Худо, йиғлаб юборишимга сал қолди, миннатдорлик ва бу қадар саҳоватдан лол қолганимни таърифлаб беришга ожизман ва ҳолатимни, мактубингиздаги илҳомбахш, кўнглимни кўтарган изҳори дил сўзларини бир умр унутолмасам керак. Менинг ёшлигимни қанчалар эъзозлаб, иззат қилган бўлсангиз, Худойим Сизнинг кексалигингизни шунчалар ҳаловатли қилсин, Сизга миннатдорчилигимни қай тахлит изҳор этишни ҳам билолмай лолу ҳайронман. Ўзингизга аён, Сиздек мумтоз намояндаларнинг ҳар битта сўзи жамоатчилик эътиборидан четда қолмайди; ана энди, йўллаган номангиз иззат-нафсимга олам-жаҳон ором бағишлагани, менга пурғам ва саодатли дақиқаларни инъом этганининг кўламини тушуниб олаверинг. У олий даражадаги ҳар қандай ёрлиқдан устундир, ёш қаламкаш учун эса у бамисли бугунги ва келажакдаги фаолияти учун олдиндан берилган мукофотдур. Мен баайни мастман-сархушман. Бундай юксак эътирофга муносибманми асли ёки йўқми – ҳукм чиқаришга ҳолим йўқ… Фақат такрор айтаманки, мактубни ўқиб лол қолдим, ҳайратга тушдим…
Бордию, ҳурмат қилиш ва асрашга арзигулик салоҳиятим бўлса ҳам, ҳалоллигингиз, софдиллигингиз олдида афсуслар чекиб иқрор бўламанки, шу чоққача ўзимга берилган бундай инъомни эҳтиёт қилиш у ёқда турсин, бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмагандим. Шу нарсанинг мавжудлигига шубҳа қилмасдиму бироқ ҳаминқадар деб ҳисоблар эдим. Ўзингга-ўзинг нотўғри баҳо беришинг, бадгумонлик ва ишончсизлик билан қарашинг учун оддийгина ҳаётий сабаблар кифоя қилади. Энди-энди эсласам, бунақа сабаблар менинг ҳаётимда етарли даражада бисёр экан. Яқин кишиларимнинг ҳаммаси, менинг қалам тебратиб юришимни доимо менсишмаган ва ҳақиқий фаолият қолиб қоғоз қоралашдек арзимаган, ҳавойи иш билан банд эканимдан норози бўлиб насиҳат қилишдан нарига ўтишмаган. Москвада юзлаб қадрдонларим бор, уларнинг орасида йигирмага яқини ижодкор, минг афсус, ҳазор афсус, шулардан лоақал биттаси ёзганларимни ўқиган ёки менга ижодкор сифатида қараган бўлса! Москвада, номи улуғ, супраси қуруқ “Адабиёт тўгараги” деган уюшма бор: истеъдоди ва мавқеи турлича бўлган, катта-кичик адиблар ҳафтада бир марта ресторанда йиғилишади ва тилларига эрк бериб роса сўзамоллик қилишади. Мабодо, ўша ерга бориб, Сиз йўллаган мактубдан парча ўқиб берсам борми, юзингда кўзинг борми демай, устимдан кулишади. Беш йил мобайнида редакциядан редакцияга бўзчининг мокисидек қатнаб, ўзимни адабий шумғия сифатида ёки маъзур тутасиз, майда-чуйда ҳою ҳавасимга муносабатларини кўравериб ўзим ҳам шунга, яъни ўртамиёна эканимга кўникиб қолиб, қани, ёзиб қол, кейин пушаймон бўласан, дедим ўзимга. Бу биринчи сабаби. Иккинчи сабаби, мен шифокорман ва қулоғимга қадар ўзимнинг соҳам – тиббиёт дунёсига ботиб кетдим, ўзингиздан қолар гап йўқ, иккита қуённи қувган овчининг ҳоли нима бўлишини яхши биласиз.
Нега буларни ёзаяпман, деган савол туғилиши табиий, оғир гуноҳларим учун афсус чекаётганимни сизга билдириб қўйгим келганидан. Шу чоққача адабий фаолиятимга ўта енгил, эътиборсизлик билан қараган эканман, бундай қилмаслигим керак эди, водариғ! Бирон-бир ҳикоямни эслолмамки, бир кундан ортиқ ишлаган бўлсам, Сизга манзур бўлган “Овчи”ни эса, чўмилиш кийимида ёзиб ташлаганман! Мухбирлар ёнғин ҳақида қандай ёзишса, мен ҳам ҳикояларимни шундай бехосдан, тушуниб-тушунмай, на китобхон, на ўзим ҳақимда заррача қайғурмай ёзиб ташлардим. Ёзаётганимда иложи борича ўзим яхши кўрган, қадрлайдиган образлар билан тасвирни ҳикоямга тиқиштирмаслик пайидан бўлардим, нима учун асраб қўярдим, ёлғиз Худога аён.
Фаҳми ожизимча, Сувориннинг самимий руҳда ёзилган, назокатли хатидан кейин илк бор ўз ижодимга танқидий кўз билан қарашга одатлана бошладим, шекилли, мен арзирли ва жиддий асар ёзишга чоғландим, бироқ бундай адабий фаолиятга ноқобилман деб ўйлаганим учун интилишимга ҳожат ҳам қолмади.
Ана шу пайтда кутилмаганда Сизнинг мактубингиз қўлимга келиб тушди. Топган қиёсим учун узр сўрайману, аммо-лекин тўғриси, мактуб менга баайни шаҳар ҳокимининг “24 соат ичида шаҳардан чиқиб кетсин!” деган буйруғидек таъсир этди, яъниким, мен бирдан ботиб қолган ботқоқдан тез чиқиб кетиш эҳтиёжини туйдим.
Мен барча фикрларингизга қўшиламан. Сиз менга кўрсатаётган беҳаё, бачканаликни “Ялмоғиз” деган ҳикоям босилиб чиққанда ўзим ҳам ҳис қилгандим. Шу ҳикояни бир суткада қойиллатиб ташламасдан, уч-тўрт кун ичида ёзганимда эди, шу нуқсонларга йўл қўймаган бўлардим…
Шошма-шошарликдек иллатга барҳам бераман, лекин бунга тез кунлар ичида эришолмасам керак… Мен кириб қолган йўлдан қутулиб чиқиш осон эмас.
Оч қолишга қолавераман, бошимдан ўтган бу, лекин менга боғлиқ эмас. Хат ёзишга бўш қолганимда ўтираман, бир суткада кундузи 2-3 соат, кечаси яна озгина ўтираман холос, майда-чуйда ишларга асқотиши мумкин бўлган вақтдан фойдаланаман ўзимча. Ёзда вақтим кўп ва тирикчилик осонроқ кечадиган кезлар жиддий нарсаларга уннайман.
Китобга менинг ҳақиқий исмимни қўйишнинг иложи йўқ, чунки энди кеч: китоб босмадан чиқиш арафасида. Петербурглик дўстларим Сиздан олдин ҳам тахаллус билан китобни расво қилмагин, деб маслаҳат беришганди, бироқ мен қулоқ солмагандим, нафсониятимга теккандир балки. Нашр этилаётган китобимдан эса кўнглим тўлмаяпти.
Тўплам ҳаваскор талабаларгина ёзиши мумкин турли ҳикоялардан иборат бўлиб, устига-устак цензура билан ҳажвий нашрларнинг муҳаррирлари патини юлиб ташлаб бир аҳволга солганки, бир нима дейишга ҳали ҳайронман. Кўзим етиб турибди, ўқиган китобхонларнинг ҳафсаласи пир бўлади, ихлоси қайтади. Агарда мен ёзган ҳикояларнинг ихлосмандлари борлиги ҳамда уларни Сиздек ижодкор кузатиб келаётганлигини билганимда эди, ушбу тўпламни зинҳор нашр эттирмасдим.
Бутун умидим келгусида ёзадиган асарларимдан. Мен 26 ёшга кирдим. Ҳали ёшман, эҳтимол эътироф этишга арзигулик бир нималарни энди ёзарман.
Бунақа узундан-узоқ хат ёзиб миянгизни ачитган бўлсам узр, умримда биринчи марта Сиздек улуғ инсонга мактуб йўллашга юрак ютиб эркалик қилганимни айбга буюрмайсиз.
Мумкин бўлса, менга фотосувратингизни юборсангиз[3]. Мен мактубингиздан шунчалар ҳам тўлқинланиб кетдимки, азбаройи Худо, бир-икки варақ нима, юз варақли мактуб ёзиб юбормоққа ҳам рози эдим. Худо сизни саодатли қилсин, соғ-саломат бўлинг, Сизни чин кўнглимдан ҳурмат қилишимга ва Сиздан беҳад миннатдор эканимга ишонишингизни истаб:
А.Чехов
Рус тилидан Олим Отахон таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 2-сон
[1] Telegramm, WhatsApp – замонавий ижтимоий тармоқ турлари.
[2] XIX асрнинг 80-йиллари Россияда нашр этилган газета.
[3] Сувратни (суврат Чехов уй-музейи архивида сақланмоқда) Григорович 2 апрелда, кейинги мактубидаёқ “Кекса адибдан ёш истеъдод соҳибига эсдалик” дастхати билан юборган.