Бозор майдонидан янги шинел кийган, тугунча кўтарган полиция назоратчиси Очумелов ўтиб борарди. Унинг орқасидан мусодара килинган крижовник тўла ғалвирни кўтарганча малла городовой келмоқда. Теварак-атроф жимжит… Майдонда жон асари кўринмайди… Дўконлар ва қовоқхоналарнинг ҳувиллаган эшиклари ёруғ дунёга очиққандек оғиз очиб турибди; уларнинг яқинида ҳатто гадойлар ҳам йўқ.
— Сенми ҳали қопадиган лаънати?— деган овозни эшитади дафъатан Очумелов.— Йигитлар, уни кўйиб юборинглар! Ҳозирги кунда қопитиш тақиқланган! Ушла! А… а!
Итнинг вангиллагани эшитилади. Очумелов ўгирилиб қараса: савдогар Пичугиннинг ўтин омборидан уч оёқлаб ликонглаб чопганча аланглай-аланглай бир ит қочиб чиқаётибди. Уни оҳарланган чит кўйлакли,. нимчасининг тугмалари солинмаган бир киши қувлаб келмоқда. Гавдаси билан олдинга интилган кўйи чопиб келаётиб ерга йиқилади-да, итнинг орқа оёғини тутиб олади. Яна итнинг вангиллагани ва: «Қўййб юборма!» — деган қичқириқ эшитилади.
Дўконлардан уйқули башаралар мўралайди, тез орада ўтин омбори олдида бамисоли ердан бодраб чиққандек ҳалойиқ тўпланиб қолади.
—Тартибсизлик юз берганга ўхшайди, жаноблари!..— дейди городовой.
Очумелов чапга бурилиб, тўпланганлар томон қараб юради. Худди омбор дарвозаси олдида у ҳалиги нимчасининг тугмалари солинмаган одамнинг ўнг қўлини юқори кўтарганча қонаган бармоғини халойиққа кўрсатаётганини кўради. Мастроқ башараси: «Сенинг важингдан шилиб олмасамми, каззоб!» деб тургандек, бармоғининг ўзи ҳам ғалабасидан башорат қилаётгандек. Очумелов бу одамнинг заргар Хрюкин эканлигини билди. Тўпланганларнинг ўртасида аъзойи бадани дир-дир титраган кўйи машмашанинг сабабчиси кифтида сарғиш қашқаси бор, тумшуғи чўзинчоқ оппоқ този кучук олдинги оёқлари тарвақайлаганча чўнқайиб ўтирарди. Ёшланган кўзларида ҳасрат ва даҳшат акс этарди.
— Бу ерда нима сабабдан тўпланиб турибсизлар? — деб сўрайди Очумелов, халойиқ орасига ёриб кираркан.— Бу ерда нима қилиб турибсизлар! Сен нега бармоғингни кўрсатасан?.. Бақирган ким?
— Ўзим кетаётган эдим, ҳеч кимга тегмай, жаноблари…— дея гап бошлайди Хрюкин, муштумига йўтала-йўтала. — Митрий Митричга ўтик важидан учрашгани… Дафъатан мана бу аблаҳ буҳудадан-беҳудага бармоғимга ёпишса бўладими… Сиз мени кечирасиз-у, мен бир заҳматкаш одам бўлсам… Ишим жуда сердиққат. Менга товон тўлашсин, нега десангиз — мен, эҳтимолки, бу бармоғимни бир ҳафтагача қимирлатолмасман… Бу нарса қонунда ҳам йўқ, жаноблари, махлуқдан жабр кўриш деган гап… Мабодо кўринганни қопаверадиган бўлса, дунёда яшамай қўяқолган ҳам маъқул…
Ҳм!.. Дуруст…— дейди Очумелов жиддий, йўталиб ва қошларини учириб.— Дуруст… Кимнинг ити? Мен буни шундайлигича қолдирмайман. Мен сизларга итларни тал-тайтириб юбориш қанақалигини кўрсатиб қўяман! Қарорларга бўйсунишни истамайдиган бунингдек жанобларга диққатни қаратишга аллақачон фурсат етган! Ярамасни шартта штрафга тортишса, иту бало-баттар дайди ҳайвонлар нималигини билиб олади! Мен унинг онасини кўрсатиб қўяман!.. Елдирин,— дея городовойга мурожаат қилади назоратчи,— бу кимнинг ити эканлигини бил-да, протокол туз! Итни эса йўқотиш керак. Дарҳол! Қутирган бўлса ҳам ажаб эмас… Бу кимнинг ити, дейман?
— Бу генерал Жигаловнинг ити шекилли!— дейди халойиқ орасидан кимдир.
— Генерал Жигаловнинг итими? Ҳм!.. Палтомни ечиб ол-чи, Елдирин… Ёмон исиб кетди-я! Ёмғир ёғадиганга ўхшайди-да… Мен фақат бир нарсага тушунолмай турибман: у сени қандай қилиб қопган бўлиши мумкин?— деб Хрюкинга мурожаат қилди Очумелов.— Наҳотки бармоғингга бўйи етса? У кичкинагина бўлса, давангилигингни қара! — Бармоғингни мих билан чўқилаб кавлагансан-да, кейин каллангга, бир нима шилсам, деган фикр келган. Ахир сен… маълумсанлар-ку! Мен сен иблисларни биламан!
— У эрмак учун итнинг тумшуғига чекиб турган тамакисини босди, жаноблари, у ҳам зийрак ҳайвон, ғарчча тишлади… Бу, бемаъни одам, жаноблари!
— Бекор айтибсан, сўқир! Кўрмаганингдан кейин ёлғон гапириб нима қиласан? Жаноблари ақлли зотлардаи, ким ёлғон гапираётибдию ким сидқидилдан худолигини айтаётибди — биладилар… Борди-ю, мен ёлғон гапираётган бўлсам мировой ажрим қила қолсин… Унинг қўлидаги қонунда айтилган… Ҳозирги кунда ҳамма теппа-тенг… Менинг акам ҳам жандармда хизмат қилади… агар билмоқчи бўлсаларингиз…
— Гап сотилмасин!
— Йўқ, бу генералнинг ити эмас,— деб ўйчанлик билан қайд этади городовой.— Генералникида бунақасидан йўқ. Ундагилар кўпроқ искович итлар…
— Сен буни аниқ биласанми?
— Аниқ биламан, жаноблари…
— Мен ўзим ҳам биламан. Генералнинг итлари қимматбаҳо, зотдор, бу нима ўзи — жин урган. На жуни бору на важоҳати… қабоҳатнинг ўзи халос! Шундай итни боқиб юрадими-я?! Ақл-ҳушларинг борми ўзи? Мана шундай ит Петербургдами ёки Москвада дуч келиб қолса, биласизларми, нима қилишарди? У ерда қонун деган нарсангга қараб ўтирмай, ўша заҳотиёқ — тил торттиришмасди! Сен, Хрюкин, жабр кўрибсан, бу ишин оқибатсиз ташлаб қўйма… Таъзирини бериб қўйиш керак! Фурсат етган…
— Генералнинг ити бўлса ҳам ажаб эмас…— дейди баралла городовой ўй суриб. — Башарасига ёзиб қўйилмаган бўлса… Куни кеча унинг қўрасида шунақасини кўрган эдим.
— Генералники эканлиги аниқ!— деган овоз эшитилади халойиқ орасидан.
— Ҳм!.. Палтомни кийдириб қўй-чи, биродар Елдирин… Шамол туриб қолди… Этим ивишяпти… Уни генералга олиб бориб топширасан, у ерда сўрайсан. Мени топиб жўнатди, дейсан… Тайинлаб айт, кўчага чиқазишмасин. Бу қимматбаҳо ит бўлса керак, борди-ю, ҳар бир тўнғиз тумшуғига тамакисини ишқалайверса нобуд бўлади-кетади. Ит — нозик бир махлуқ. Сен, галварс, қўлингни пастга тушир. Бемаъни бармоғингни пеш қилаверишингнинг ҳожати йўк. Айб ўзингда!..
— Генералнинг ошпази келяпти, ўшандан сўраб қўя қоламиз… Ҳой, Прохор! Бу ёққа кел-чи, азизим! Мана бу итни кўр… Сизларникими?
— Топган гапингни қара-я! Бунақаси бизда сира ҳам бўлган эмас!
— Буни суриштириб ўтиришнинг ҳам ҳожати йўқ,— дейди Очумелов.— Бу дайди ит! Гапни чўзиб ўтиришнинг кераги йўқ… Дайди ит, дедимми, дайди ит. Йўқотиш керак, вассалом.
— Бу бизнинг итимиз эмас,— деб сўзида давом этади Прохор.— Бу генералнинг куни кеча келган акасининг ити. Бизнинг хўжайиннинг тозиларга ҳуши йўқ. Акалари ишқибоз…
— Ия, у кишининг акалари келганмилар? Владимир Иванович-а?— деб сўрайди Очумелов, ийиб кетганидан афтига табассум ёйилади.— Ё тавба, буни қаранглар-а! Мен бўлса бехабар эканман! Меҳмон бўлиб келдиларми?
— Меҳмон бўлиб…
— Ё тавба, буни қаранглар-а! Укаларини соғинганлар-да… Мен бўлсам бехабар эканман! Ўша кишининг итлари дегин? Жуда хурсандман… Буни олиб кет… Бинойидеккина кучук экан… Зийраккина экан… мана бунинг бармоғини узиб ол! Ҳа-ҳа-ҳа… Ҳа, нега титрайсан? Ррр… Рр… Аччиғланяпти ҳароми… кучуквачча-эй.
Прохор итни чақириб, уни эргаштирганча ўтин омборидан йироқлашади… Халойиқ Хрюкиндан хохолаб кулди.
— Шошмайтур ҳали сенга кўрсатиб қўяман!— деб унга пўписа қилади Очумелов ва шинелига ўранганича бозор майдони бўйлаб йўлида давом этади.
1884.
Абдулла Қаҳҳор таржимаси
* * *
БУҚАЛАМУН
Янги шинел кийган пўлис назоратчиси Очумелов гузар майдончаси орқали қўлида тугунчаси билан кетиб боради. Йўлакай мусодара қилинған тўла бир ғалвир қулубнайни кўтарган сап-сариқ городовой унинг орақасидан таъқиб этади. Теварак жим… майдончада ҳеч ким кўринмайди. Дўкон ва қовоқхоналарнинг эшиклари очиқ, ҳувиллаб турадилар, бу эшиклар ёнида гадой у ёқда турсин бир зоғ ҳам кўринмайди.
– Эй, сан ҳали қопадиған ҳам бўлдингми? – деган ҳайқириқни эшитган Очумелов– Тут, тут қўйма биродар! Кишини қопсин деб ким буюрган? Тут, ушла! Ҳа!…
Ит вангиллаши эшитилади. Очумелов бир томонга қарайди: Печогин бойнинг ўтин складидан бир итнинг уч оёқлаб келганини, қўрқув аралаш атрофга аланглаганини кўради. Итни чит кўйлак кийиб, желаткасининг тугмалари ечилган бир киши қувлаб келади, охирда бутун гавдаси билан ерга ётиб олиб итнинг орқа оёғидан ушлаб қолади. Ит яна вангиллайди. Аллаким – “маҳкам ушла, қўйма” деб қичқиради. Дўкон эшикларидан мудраган кишилар мўралайдилар. Бир онда ўтин склади ёнида гўё ердан ўсиб чиққандек бир тўда халқ йиғилиб қолади.
– Тартибсизликга асло йўл қўймасман, олийнасаб жаноблари, – деб городовой Очумеловни тинчитади.
Очумелов бирдан тўхтайди, чапга томон ярим айлангандан сўнг тўпланган кишилар устига қараб юради. Ҳалиги склад эшиги ёнида юқорида кўрсатилган тугмаси ечик кишининг бир қўлини юқори кўтариб, қонли бармоғини халқға кўрсатаётганини кўради. Унинг ярим маст сиймосидан “Итнинг ўн жонидан бир жонини ҳам қўймайман” деган маъно англашилади. Бундан ташқари унинг қонли бармоғи ҳам ит устидан ғалаба қилишға шаҳодат бериб туради. Очумелов бу кишининг олтин асбоблар устаси заргар Хрокин эканлигини таниди. Халқ ўртасида елкаси сариғ доғли, тумшуғи ингичка оқ ит – бош айбдор ҳам чўнқайиб ўлтиради. Бутун аъзоси билан титраб қўрқув ва даҳшат аралаш атрофига назар ташлайди.
– Хўш, бу ерга нима учун йиғилдингиз,– дейди халқни ёриб ичкарига кирган Очумелов, – Хўш нимага йиғилишдингиз? Сенинг бармоғингға нима қилди?… Ҳали ким ҳайқирди-а?
– Беозор ўз ишим билан келаётсам, олийнасаб жаноблари, – деди Хрокин бармоғиға қараб ижирқанған ҳолда,– ўзимнинг Митрий Митрич билан бир оз ўтин тўғрисида… ҳа бир вақт мана шу ўтирган ит ёнимга келди-да, ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ бармоғимни узди, олди… тилим тегмаса, оғзим тегмаса… мен ўзим ишчи бир одамман… менинг касбим жуда нозик. Энди, мен шу мажруҳ бармоғим билан иҳтимолки, бир ҳафта ишга яралмасман. Бир ҳафталик тавон тўламасалар мен бу итни қўймайман. Олийнасаб жаноблари, бундай гап законда йўқдир. Ҳар кўринган ит кишини тишлаб кета берса, бу кундан кўра ўлиб кеткан анча яхшидир.
– Ҳимм!… Яхши…, – деди Очумелов жиддий тусда ва йўталиб қошларимни чимиради, – яхши… бу ўзи кимнинг ити? Мен бу ишни бу ҳолда қўйиб кетолмайман! Мен итни бўш қўйиб юборганлар учун таъзир беришга ярайман. Ҳукуматнинг қарорларини илтифотсиз қолдириб келувчи афандилар билан чинлаб курашиш вақти еткан бўлса керак. Бу мутаҳамларга яхшилаб штраф солғачғина улар ит ва бошқа ҳайвонларни бўш қўйиб юбориш ҳикматига тушунадилар. Мен бундайларнинг кўзини мошдек очиб қўйишга ярайман!… Елдирин – деди полис назоратчиси гогодовойни имлаб, – олдин итнинг кимники эканлигин бил, ундан сўнг протокол ёз! Итни бўлса ўлдириш керак. Тездан! Балки қутурған бўлса ҳам ажаб эмас… Қани, хўш бу ўзи кимнинг ити?
– Чамаси бу ит, генерал Жикаловнинг ити бўлса керак – деди халқ ичида аллаким.
– Генерал Жикаловники? Ҳимм!… Менинг устимдан палтомни еч-чи,
Елдирин… Кун жуда ҳам исиб кетди! Бўроннинг кетидан сўрони келиб ёмғур ёғса ҳам ажаб эмас… Фақат мен бир нарсагагина тушунолмай тураман: Бу ит сени қандай қилиб қопа олди экан? – деб Очумелов Хрокинга қарайди. – Қандай қилиб бу итнинг бўйи сенинг бармоқларингға етди экан? Ақлим етмайди. Ит бўлса нозик. Сен бўлсанг ҳўкиздак, бўйингга қара! Балки бармоғингға мих-пих кирган бўлса, ҳалиги михни тортиб олганса, қонаб кеткан, ундан сўнг бошингга … ха де… Мен сиз халқнинг мирингдан сирингни биламан! Сиз халойиқ жуда ҳам бемаъни одамларсиз!
– Олийнасаб жаноблари, балки унинг ўзи кулги учун итнинг бурнига папирус тиққан бўлса, шундан сўнг, ит бармоғини тишлаб олған… Бу ўзи жуда ҳам бемаъни одам, олийнасаб жаноблари.
– Ёлғон сўзлайсан, кўр! Кўзинг билан кўрмаганингдан кейин ёлғон сўзлашнинг нима ҳожати бор. Олийнасаб жаноблари жуда ҳам ақлли одам, ким ёлғон сўзлайди, ким рост, бу киши ўзи тирноғининг юзидак билади. Наҳотки, мен ёлғон айтсам. Хўп, суд текширсин. Законда ҳаммаси ҳам кўрсатиган… Бўлмаса менга бари бир… Менинг ўз акам жандармада хизмат қилади. Агар билмакчи бўлсангиз…
– Вайсай берма!
– Йўқ, бу генералнинг ити бўлмаса керак… – дейди чуқур ўйлаб олган городовой, – генералнинг бундай ити йўқ эди. Унинг ити чипор рангли эди…
– Сен буни аниқ биласанми?
– Аниқ биламан, олийнасаб жаноблари!
– Меним ўзим ҳам биламан. Генералнинг итлари зотлик, қимматбаҳо нарсалар эди. Бу бўлса эгасиз, дайди итга ўхшайди. Эпақалиқ юнги ҳам йўқ. Кўриниши ҳам хунук… Қисқаси бир бедаводан иборат. Шундай бемаъни итни сақлайдими киши? Сенларда ақл борми? Агар шу хилда бир ит Петирбург ёки Московга кириб қолса борми, дарров законни ҳам бир томонга йиғиштириб қўйиб уриб ўлдирар эдилар. Сен, Хрокин, бу ишни шундай қолдириб кетма… Таъзирини бериб қўйиш керак! Фурсатни қўлдан чиқариш ярамайди!
– Балки генералнинг итидир…, – деди ўйланиб турган городовой, – мен тунов кун генералнинг ҳовлисида шунга ўхшаш бир итни кўргандак бўлган эдим.
– Тўғри бу ит генералники! – дейди халқ ичидан аллаким.
– Ҳимм!… Биродар Елдирин, менинг палтомни кийдириб қўй-чи…
Шамоллаб қалатурғанға ўхшайман… Ичимдан титроқ келаяпти… Сен бу итни генералникига олиб бор. Ва ўша ердан сўраб бил. Уларга менинг ушлаб юборганлигимни айтарсан… Кўчага бўш қўйиб юборилмасин дегин… Балки ўзи қимматбаҳо, зотлик итдир. Ҳар бир чўчқаға ўхшаған аҳмоқлар унинг бурнига папирус тиқа берсалар бузилиб қолиши ҳам турган гап. Ит деганинг жуда ҳам нозик махлуқ… Сен аҳмоқ, қўлингни пастга тушур! Жиннига ўхшаб қўлингни юқори кўтариб турма! Айб ўзингда!
– Генералнинг ошпази келяпти, ундан сўраймиз… Ҳай Прохор! Қани буёқға кел-чи, ука! Манави итни кўр, сизникими?
– Топибсан! Умрда бунақа итимиз бўлмаган.
– Энди узоқ сўраб ўлтуришнинг ҳожати йўқ, – деди Очумелов, – бу албатта эгасиз дайди ит! Узоқ муҳокама қилиб ўлтириш нима хожат. Мен ахир дайди ит демадимми, мана энди дайдилиги ҳам маълум бўлди. Буни уриб ўлдиришдан бошқа иш йўқ, вассалом!
– Бу бизнинг итимиз эмас, – деб давом этди Прохор, – Бу ит генералнинг укасининг ити, ўзи яқинда келди. Бизнинг итимиз ов ити эмас. Жанобнинг укалари овчилиқға …
– Ҳа, ҳа, ҳали бу жанобнинг укалари келган эканлар-да? Владимир Иванович-а? – деб сўради Очумелов ва юзига табассум, шодлиқ туси кира боради, – вой худо! Мен ҳеч бир эшитмабман-да. Миҳманга келгандирлар?
– Ҳа, миҳман бўлиб келибдилар…
– Акаларини соғинған бўлсалар керак… Мен бўлса ўлимдан хабарим бор, у зотнинг келганларидан хабарим йўқ! Демак бу ит уларники экан-да? Жуда хурсанд бўлдим… Итни олиб кет… Яхшигина ит кўринади… Ўлгунча югурдак бўлса керак. Ол, буни бормоғини тишла! Ҳа ҳа-ҳа… Хўш, нега титрайсан? Висс, висс… серзарда муғамбир… ўз оти билан ит-да…
Прохор итни чақириб олиб ўтин складидан чиқиб кетади. Халқ Хрокинни мазақ қилиб кулади:
– Сен ҳали қараб тур! – деб Очумелов Хрокинни янади ва шнелига ўралиб олиб гузар майдончаси бўйлаб йўлига давом этади.
Абдулла Қодирий таржимаси
“Совет адабиёти” журнали. 1936 йил, 3-сон, 63-64-бетлар.