Тушги овқатни еб бўлишди. Қоринлар тўйиб, димоғлар чоғ; эснаб, ширин уйқу босиб, кўзлар биё-биё. Эр сигара чекди, керишди ва кушеткага ўзини ташлади. Хотин унинг бош томонида ўтириб, мушукка ўхшаб хириллади… Эр-хотин бахтиёр эди.
– Гапирсанг-чи, – деди эр эснаб.
– Нима деяйин? Ҳм… Ҳа, айтгандай! Эшитдингми? София Окуркова ҳалиги… оти нима эди-я… Фон-Трамбга тегипти! Буни қара-я!
– Тегса, тегибти-да, нима қипти?
– Трамб разил одам-ку, ахир! Шундай ҳам ярамас… Шундай ҳам виждонсиз одамки! Бунақа тутуриқсиз, бетамиз махлуқ дорига ҳам топилмайди. Ахлоқини ҳам асти қўявер! Графнинг иш бошқарувчиси эди, шунинг орқасидан кўп дунё орттирди, энди темир йўлда ишлаб, ўғирлик қилади… Синглисини ғорат қилди… Қисқаси кўп ярамас ва ўғри… Шунақа одамга тегадими киши?! Шу билан умр қиладими киши! Ҳайронман! Шундай бинойи қиз бўлса-ю… Шунақа қилиб ўтирса-я! Бунақа махлуққа ўлсам ҳам тегмас эдим! Миллионер бўлса ҳам барибир тегмас эдим! Дунёда якка-ю ягона чиройли бўлса ҳам афтига туфлар эдим. Тоқатим борми разил эрга!
Хотин ирғиб ўрнидан турди ва қипқизарган, ғазабланган ҳолда уйда нари-бери юрди. Унинг кўзлари ғазабдан ёнар, сўзлари самимий эканлиги очиқ кўриниб турар эди…
– Бу Трамб шунақа махлуқ. Шунақа одамларга тегадиган хотинлар ўлардай ахмоқ, ўлардай шарманда хотинлар!
– Ҳм… Сен, албатта тегмас эдинг… Ҳм… Борди-ю мен ҳам разил одам бўлсам-чи? Нима қилар эдинг?
– Менми? Сендан чиқар эдим! Бир сония ҳам сен билан умр қилмас эдим! Мен фақат пок кишини яхши кўроламан, холос. Агар Трамб қилган ишларнинг юздан бирини қилганингни билиб қолсам борми… Тамом!
– Ҳм… Ҳали шунақаман дегин… Мен билмаган эканман. Ҳа-ҳа-ҳа… Бақрайиб туриб ёлғон гапиради-я!
– Мен умримда ёлғон гапирган эмасман! Қани, разиллик қилиб кўр-чи, нима қилар эканман!
– Нима ҳожати бор? Ўзинг биласан… Мен ўша сенинг Фон-Трамбингни бир чўқишда қочираман!.. Трамбни менга қараганда кисавур деса бўлади. Нега кўзингни лўқ қиласан? Ажаб… (Пауза). Мен неча пул ойлик оламан?
– Бир йилда уч минг сўм.
– Бундан бир ҳафта бурун олиб берганим марварид неча пулга келди? Икки минг… Шундай эмасми? Кеча олиб берган кўйлагим беш юз… Дача икки минг… Ҳа-ҳа-ҳа… Кеча отахонинг бир мингни ўмариб кетди…
– Ахир, Пьер, бошқа даромадлар ҳам…
– Отлар… Шахсий доктор… Машиначиларнинг счётлари. Бундан уч кун бурун юз сўмни ўзинг картага бой бердинг…
Эр бошини кўтарди, чаккасига муштини тираб, бутун бошлик бир айб-нома ўқиб берди; ёзув столининг ёнига бориб бир неча далил ва ҳужжатлар кўрсатди.
– Мана, кўрдингми, жоним, фон-Трамбинг менинг олдимда чакана ўғри, кисавур! Минбаъд биров тўғрисида бунақа дема!
Мен ҳикояни тамом қилдим. Эҳтимол китобхон:
– Хотин чиқдими? – деб сўрар.
– Ҳа… чиқди. Лекин эридан эмас, нариги уйга чиқди.
Рус тилидан Абдулла Қаҳҳор таржимаси