Анна Зегерс. Тинчлик (новеллалар)

ТИНЧЛИК
Шу туркумдаги новеллалардан

ҚАБР

Яқинда янги уйли деҳқон беш йил бурун помешчик ерини тақсимлаганларида ўзига теккан қарағайзордаги дарахтларни кесди. Қабр тоши ўрнатилган жойдан кенг сайҳонликнинг ҳаммаёғи кўринадиган бўлди, унинг кўксида деҳқонларнинг пайкал-пайкал ерлари гўё саранжом хотиннинг пешгиридаги ямоқлардек олақуроқ бўлиб турарди.
Агар бу тош остида ётганларнинг кўзлари очиқ бўлса — бу бепоён сайҳонлик уларнинг назари ўнгида ҳам бутун борлиғи билан намоён бўларди.
Бу қабр катта йўлдан узоқда. Қўзиқорин тергани чиқиладиган вақтдагина айтилмаса, бу ерга камдан-кам одам келади… Қабр каттакон: унга тош ҳам ўрнатилган, гулчамбар ҳам қўйилган, атрофида гуллар ҳам ўсиб турибди: напармон, ўгайгул. Бу ерга бутун бошлиқ оила кўмилган.
Нарироқда ёғочдан ясалган жўнгина бут ётибди, уни шамол ағанатган. Гўё у бу ерда бегонадек бир четда. Катта қабрдан қўшни қишлоқли деҳқон хотин хабар олади: унга марҳуманинг синглиси Элбанинг нарёғидан пул юбориб туради. Бут остида ётганнинг пул юборадигаи хотинга қариндошлик жойи йўқ. Гуллар унинг учун эмас, тошдаги: «Германия учун ўлдилар. 1945», дейилган ёзув ҳам унинг тўғрисида эмас. Ҳозир уни, ақалли, Гитлер ва Геббелс давлати сенинг ватанингдир, деган ёлгон гап бўғмайди-ку, ўша давлат уни азобларга ва ўлимга дучор қилди.
Уч болали бу хотин қочоқлар орасида шу ерларга келган пайтида уруш оёқлаб қолган эди. Гитлернинг минг йиллик империясининг куни битди, ҳалиги хотин, менинг куним ҳам битди, деб ўйлади. Чунки унинг бутун ҳаёти қалбакилик устига қурилган эди, бу қалбакилик маҳв бўлгандан кейин — у ҳеч нарсасиз қолди. У биринчи дуч келган бутоққа болаларини осди, кейин ўзини осди.
Орадан бир ой ўтмаган эдики, эри урушдан қайтиб келди. У оиласини анчагача қидириб юрди. Оиласига нима бўлганини билгандан кейин: «Болаларимни ҳам бўғиб ўлдирибди-я!»— деди.
Уни эса ҳеч ким қидириб юрмади ҳам. Уни катта қабрнинг ёнига кўмиб қўяқолишди. Деҳқонлар, унинг қишлоқни бошдан-оёқ айланиб, биронталарингизда тўппонча йўқми, деб сўраганини эслайдилар, холос. Қулаган бутни кўтариб қўяй деган одам ҳам йўқ. Уни ўзлари орқасидан гўрга тортган ўликларнинг у билан ишлари йўқ, тирикларнинг ҳам.
Улар шу тариқа ер бағрида ётишибди, ўрмонда болталар жаранглаган кундан бери теварак-атрофда сайҳон пайдо бўлди; улар эса ёлғиз қолаверишди. Баъзан ўрмон олмахони қабрга сакраб чиқади, ўтлоққа ақлли кўзлари билан олазарак назар солади, кейин бу бехосият ердан нарироқ юриш учун қайинчадан қарағайчага, шохдан-шохга ҳаккам-дуккам сакрай-сакрай чакалакзорга кириб ғойиб бўлади.
Болалар эса бу қоронғи, даҳшатли қабрдан қочиб кетолмайдилар. Ўзганинг гуноҳи уларни оғир юк бўлиб босиб тушган. Улар ортиқ қабр тошини кўтаролмайдилар, қишлоқдаги болалар билан ўйнолмайдилар, кўк блузада* эркин далалар бўйлаб юролмайдилар, улар жанобларнинг куни битганда, ҳаёт битмай, балки бошланганини билолмайдилар.
Ҳа, ҳаёт бошланди… Бу ўтлоқ шудгорга айланди, «Германия учун ўлдилар» деган сохта сўзлар ўчиб кетади, тупроқ ҳам тупроқ бўлиб қолади, қабр тоши ҳам қумга айланади, ҳаёт эса — мангу давом этади.
___________
* Немис пионерларининг кийими.

МИНА

Антон Шултс гитлерчилар армиясида унинг биринчи кунидан охирги кунигача солдатлик қилди; урушнинг охирги куни у асир ҳам тушди, лекин орадан анчагина йиллар ўтгач уйига эсон-омон қайтиб келди. Келса, хотини, учала ёш ўғилчасининг ҳам тан-жонлари омон экан, оталик қалби қувонди.
Хотини — фаҳмли, вазмин ва меҳнатсевар бу аёл, машаққатли вақтлар бўлса ҳамки, болаларини омон сақлабди, уйни эҳтиёт қилибди. Мана энди хотини унга тўртинчи бола туғиб берди. Эри урушдан илгаригидагига ўхшаб хизматкорликка ёлланди. Қишлоқдагилар уни ҳурмат қилишарди; у эсли-ҳушлигина киши сифатида танилган эди. «Энди бу барча борди-келди машақатлардан кейин маълум бўладики, унинг айтганлари тўғри экан», деб ўйларди хотини. Эри, хотини уни танигандан бери — Веймар республикаси даврида ҳам, Гитлер ҳукм сурган вақтда ҳам, мана ҳозир, Демократик республика даврида ҳам яккаш бир гапни айтар эди: «Буюрган ишларини қил, унингни чиқарма!» «Ҳойнаҳой шунинг учун ҳам бошгинасининг устида ҳуштак чалиб юргани билан на ўқ, на снаряд кор қилолган бўлса керак унга,— деб ўйларди хотини.— Бир чеккада тураверсанг — бундан кўра омон сақлайдигани йўқ! Биз фалокат кўрмадик — ҳамма нарса ҳам фалокат бўлавермаса керак».
Шу йил баҳорда учта боласи қум олинадиган чуқур яқинида ўйнаётган эди. Яқинда ёмғир ёғиб ўтган, илиқ қуёш ерга ёввош нур сочар, ҳаммаёқ кўм-кўк, яшнаган эди. Болалар қумда ўйнаётиб, бундан бир неча йил илгари солдатлар ташлаб кетган минага тегиб кетишди… Болаларни мина портлатиб юборгани маълум бўлгач, бутун қишлоқ оёққа қалқди. Хотинлар Шултснинг хотинини ўраб олишди, нима деб кўнглини кўтаришни билишмасди. У эса оғир кулфатдан тошдай қотиб қолди, кўкрагидан сут қочди; қўлидаги гўдакни эмизгулик кучи ҳам қолмади. Кимдир: «Худонинг хоҳиши», деди. «Такдир», деди яна биров.
«Нега уруш бўлди экан-а?»— деб сўради она.

ТУНУКАСОЗ

Франтс Бандуш тунукасоз, коляскасида қишлоқма-қишлоқ кезади. Ёнида ити ғилдиракли яшикни тортиб юради; бу яшик унга ҳаво айниган пайтларда бошпаналик ҳам қилади, омбори ҳам, устахонаси ҳам шу. Яшикнинг ёнбошида — тинчлик каптарининг сурати.
Бандуш урушда оёғидан ажралган, шунинг учун ҳам ҳамма ишларига коляскада боради; яшик ўрнатилган аравача колясканинг ёнига тиркалган. Ит аравачани тортади, Банду эса тутқичларини ишлатиб, унга ёрдам беради.
Бандуш оёғидангина эмас — уйидан ҳам ажралган. Урушгача Силезияда устахонаси бор эди. Рост, ҳозир, келиб қолган шаҳарида хонаси ҳам бор-у, лекин у ерда фақат қиш кунлари яшайди, баҳордан кеч кузгача ўлка бўйлаб кезиб юради. Қишлоққа йўртиб келади, мурувватли одамлар уни коляскасидан тушириб қўядилар, у майнанинг уясига ўхшаган ғилдиракли инини бир чеккага чиқариб, кавшар лампасини ёқади. Буюртмачилар муштоқ қилиб қўймайдилар; тешилган кастрюлка ва товалар, бамисоли касал табибга югургандек, рафлардан туша солиб унга қараб югуради, дейиш мумкин. Ҳатто ёмғир шувалаб турган бўлса ҳам хотинлар энсиз том панасига биқиниб, кавшар лампага яқинроқ келадилар, гўё у юракларига илиқлик бераётгандек, кетмайдилар. Биттаси: «Туғилган кунимга қаҳва дамлайдиган чойнак совға қилишган эди, келиним тушмагур — ҳали қуюлмаган-да! — тумшуғини эритиб қўйибди», деб нолийди. Яна биттаси: «Бувимдан мерос қолган товам худди неварамни узатай деб турганимда тешилиб қолса бўладими!»— деб обидийда қилади. Бандуш индамайди. Келин қуюлмаган экан кимга дод дейсан; катта бувингнинг товаси тешилган экан — тешилмай ўлсинми энди! Лекин Бандуш мушкулни осон қила олади. Това неча йиллик умри мобайнида биринчи марта ковия билан юз кўришади, қаҳва чойнаги рухдан қилинган янги тумшуқ тақади. Устанинг қулоғига хотинларнинг эзма-чурук гаплари киради, олам-жаҳон гапларини эшитиб тавба дейди; оғизларининг туйнуги кавшарланмаган дейилганича ҳам бор экан-да! Тўй, сомса, меҳмонлар, сеп, машиналарни ижарага берадиган стантсия, ўрим-йиғим, республика, уруш вақтида кўриб-кечирганлари; янги уруш бўлмаса яхши эди… Вайсанглар-а, вайсанглар, азизларим, вайсаш — унинг қўлидан келадиган иш эмас. Унинг иши — кавшарлаш.
Одамлар унга ишонадилар, улар биладиларки, у керак бўлиб қолса — ҳаммавақт ҳозир. Баъзан итини мақтаб қўядилар; баъзан: «каптаринг худди тиригига ўхшатиб чизилган-а», дейдилар. Улар: «Шу суратни нега ёпиштирдинг?»— деб сўрамайдилар — сабаби ўз-ўзидан маълум. Бандушга бир қараб қўйилса бўлгани. Лекин гоҳо: «Хўш, нима дейсан, шу нарса туфайли тинчликни сақлаб қолармиканмиз?»— деб сўрайдилар. У уларга биронта маънилик гап айтмайди-ю, пшидан бошини кўтариб таажжуб билан тикилади. Ҳамма тушунади: токи у қишлоқма-қишлоқ юрар экан — мамлакатда тинчлик ҳукм суради. Тинчлик уларнинг барчасига керак, бу ҳаммадан кўра муҳим нарса.
Қуёш анчагина пастлаб қолган; унинг қия нурлари энг хилват бурчакларгача мўралаб, кундуз куни кўзга чалинмайдиган кўпгина нарсаларни ёритади. Гарчанд Бандуш кичкина кавшар лампаси устида эгилиб, ғўлачада ўтирган бўлса ҳам, у узоқларни кўради; унга худди уфқнинг остидаги қишлоқ кўриниб туради. У бугун ўша ерга ҳам бориб ишламоқчи, ўша ерда тунаб қолади. У худди катта жангдан кейин айланиб юрадиган маркитанткага* ўхшаб, қамғоқдек кезади.
Унинг кўмаги, жангдан кейин эмасу — ўримдан кейин айниқса зарур бўлиб қолади. Айниқса ҳамма нарса капитал ремонтга бериладиган, байрам ўтказиладиган, синиқ-мертик, телик-тешиклар тузатиладиган вақтида айниқса асқотади.
Унинг кўнгли хотиржам. Бир вақтлар, бир дақиқагача, энди ҳамма нарса сувга урди, деб ўйлаган, қўлини ювиб қўлтиғига уришига ҳам сал қолган эди. Ҳозир эса ҳаётдан мамнун. Аввалги касби билан нон топади. Лекин ҳозир очиқ ҳавода, ҳозирги иши — қоронғи устахонасида шаҳарли инжиқ мижозлардан гап эшитиб қиладиган ишидан кўра хийлагина кўнглига ёқади; ўшалардан раҳмат эшитиш қаёқда эди, кавшарлаш билан қалайлаш ҳам иш эканми, дегандек истеҳзо қилишарди.
Бу ерда эса — яхши биладики, ишладими — иши зоэ кетмайди. Кампир, товани оловга қўйган заҳотиёқ уни яхши сўз билан тилга олади; келинчак изза тортади. Қайтишида, ишининг нафъи теккан-тегмаганлигидан воқиф бўлади.
У лампасини ўчиради. Одамлар уни коляскасига чиқариб қўядилар. Ити — Виду аравачани тортиб кетади. Йўлга чиққандан кейин Бандушнинг тили ечилади. У кўраётган нарсаларининг ҳаммасини итига гапириб беради. Қишлоқ кўчаси шоссега олиб чиқади: уни қара Виду, ана у далада ҳали ҳам буғдой ўришаяпти; ҳов ана, отлар трактордан ҳуркиб олиб қочди, улар бу қочишида кечгача Неензе қишлоғига ҳам бориб колади. Индинга биз ўша ерга борамиз. Қара, Венделнинг қўлида батраклик қилаётган Гелмер отларнинг орқасидан қувиб кетаётибди! Ана, етиб олди, қайтарди-я! Индинга у эски кружкасини бизга яна кавшарлатгани олиб келса керак. Унинг хўжайини Вендел ўзининг нарсаларидан биронтасини ҳам қалайлатгани бермайди, хизматкорлари овқат ейдиган чақа товоқларни бериб қолмаса агар; биронта челак чиқариб берар.
Ўзининг идиш-товоқларини қалайлатиб нима қиларди, ошна, мен сенга айтсам, бу Венделнинг ҳамма идишлари мисдан, узоқ хизмат қилади. Виду, бу Вендел дегани ёнбошлаб ётаверсаю батрак унинг ўрнига от қувлаб юрса, қип-қизил уят-да. Отларни ҳуркитган трактор ҳам ўзиники, шунинг учун Вендел машиналарни ижарага берадиган стантсия билан шартнома тузган эмас-да. У стантсияга ҳам, ерини стантсия ҳайдаб берадиган деҳқонларга ҳам тишини қайрагани-қайраган.
Ит қўшилган аравача қишлоққа кириб боради. Бандуш карвонсаройнинг ёнига жойлашар-жойлашмас, уй-рўзғор ишидаги хотин-халаж шикастланган идиш-оёқларини олиб келади. Мана, хотинлардан бири зиҳи қалин, қизил, антиқа кастрюл олиб келди. Хотин: «Бу кастрюлни менга шаҳарда, Халқ бирдамлиги ташкилотидагилар беришди», дейди. Бандуш мушкулини дарров осон қила-қолганидан шўрлик ўзида йўқ хурсанд — ҳозирнинг ўзидаёқ овқат пишираверса бўлади-да. Ўз идишингсиз кун кўришинг мушкул, бегонадан бирон нарса сўраб олишинг маҳол, ҳар битта чўпини миннат қилади! Кейин кичкинагина кастрюлка кўтарган хотин келади; кастрюлкаси битта гўдак тўйгулик бўтқага лойиқ. Унинг тешиги ҳам кичкинагина. У хотиндан кейин каттакон чўмич кўтарган кампир пайдо бўлади. Чўмич эмас — дастаси бор баҳайбат кастрюл. Ахир чўмичнинг таги ҳам куйиб тешилар эканми? Бандуш ҳали сўраб улгурмаган ҳам эдики, ёнида икки эгачи пайдо бўлди, чўмич олиб келган кампир нима гаплигини тушунтира бошлади; келини йиқилиб тушибди, уни тўлгоқ тутиб қолибди, кампирнинг эси чиқиб кетганидан чўмични плита устида унутиб қолдирибди.
Улар кетаётиб каптарга қарайдилар, кимдир устадан сўрайди: «Каптар қалай — ундан фойда борми?» Бандуш бош силкийди, улар мамнуният билан хотиржам жўнайдилар.
Уни пичанхонада тунагани таклиф қиладилар, аравачасини ғилдиратиб ҳовлига олиб кирадилар, итига овқат берадилар. Бу кулбада тиичлик қарор топади.
Эртасига наҳорлаб, деҳқонлар далага чиқаётганларида Бандуш яна йўлга тушади. Қўшни қишлоққа олиб борадиган йўл устида қаср турибди, унинг олдида бир неча азм туп каштан. Илгари атрофдаги далалар шу қаср эгасига қарашли эди. Қарағайзор унинг чорвоғи, қишлоқ аҳолиси — хизматкорлари эди. Ҳозир ерни тақсимлаганлар. Қаср темирйўлчиларнинг дам олиш уйига айлантирилган. Ана, табаррук зот хўжайинларидан кўра темирйўлчилар касаба союзини афзалроқ кўрган ошпаз кампир сув олаётибди. Дарвоза томондан таниш итнинг тумшуғи кўриниши биланоқ, кампир: «Бормисан!»— дегандек нафасини бўшатади. У челакни ерга қўяди, лекин аллақаэри тешик эканини эслаб, сувини тўкади ва челакни тунукасозга олиб чиқади. Кейин у ошхонага югуриб кириб, зиҳи қалин каттакон қизил кастрюл кўтариб чиқади. Бандуш бу кастрюлни энди кўраётгани йўқ. У илма-тешик, қирқ ямоқ бўлиб кетган. Бандуш бу гал ўзини тиёлмай;
— Мен кастрюл тузатаман-ку ахир, менга нима деб ғалвир кўтариб чиқдинг?— дейди.
Ошпаз кампир хўрсиниб қўйиб, кўшниларига ҳасрат қила бошлайди. Илгари вақтларда бунақа кастрюлкалари бир дунё экан, ҳозир нуқул кичкиналари қолибди, ҳамма овқатни шу кастрюлка пиширишига тўғри келармиш. Ишлатса бўладиганидан яна битта бор экану солдатлар олиб кетиб қолишибди, бинойидек буюмни гулханга осиб расво қилишганмиш. Ҳозир қаэрдалигини ёлғиз худонинг ўзи билармиш.
«Мен ҳам биламан,— деб ўйлайди уста,— мен уни куни кеча тузатган эдим».
Одамлар одатдагидек унинг аравасини томоша қилиб сўрайдилар: «Яна уруш бўладими?»
Бандуш бошини чайқайди. Одамлар унга ишонадилар, улар уни, ҳақиқатдан воқиф, деб ўйлайдилар. Башарти у: «Йўқ», дер экан — уруш бўлмайди.
Уруш уни кўп нарсасидан жудо қилди, яхши ҳамки, ақалли ити бор, ёрдамлашаётибди. Унга, тинчлик бўлса бас. Бу тинчлик ўзиники, у тинчликни яхши кўради.
У итига шундай дейди:
— Тушундингми, Виду? Солдатлар кастрюлкани олиб кетишибди. Мана энди ошпаз хотин, мен оёғимга ачинганимдай, унга ачинаётибди. Кейин солдатлар кастрюлни ташлаб кетишгану қочоқлар топиб олиб, керакли жойга олиб бориб топширган, кейин уни, кеча бизга кастрюлини қалайлатган хотинга беришган. Ошпаз хотин буни билмайди, мен эса ҳамма гапни биламан, ошна.
Бали, у шу атрофда, йигирма чоғли қишлоқда юз бераётган ҳамма нарсадан воқиф. У, кастрюлларга нима етишмайдию уларнинг эгаларига нима етишмайди, буни ҳам билади. Шундай қилиб уларнинг тинч-осойишта юртида ҳамма нарса аста-секин изга тушмоқда.