КУНГАБОҚАР
Қуёш қизлари чўмилиб бўлгач, кетишга чоғланиб, қайиқларига ўтириб йўлга чиққан пайтларида улар энг кенжа сингиллари эман дарахтининг шохида олтин гулчамбарини унутиб қолдирганлигини эслаб қолишди. Гулчамбарсиз уйидагиларнинг кўзига кўринишдан қўрқиб, орқага қайтиб, гулчамбарини олиб келишларини опаларидан илтимос қилибди. Опалари жуда чарчаганларини ва уйқулари келаётганини баҳона қилибдилар. Ҳамма айб сингилларининг ўзида бўлганлиги сабабли якка ўзи соҳилда қолиб, улар эртага чўмилгани келгунларига қадар кутиб туришини маслаҳат берибдилар.
Кенжа қиз соҳил томон сузиб кетибди, аммо не кўз билан кўрсинки, эман шохида гулчамбарини кўрмабди. Дарахт ёнида эса қора соч, кўзлари мовий, қад-қомати келишган бир йигит унга кулиб қараб турарди. У бақувват қўлларини чўзиб Қуёш қизини қучоқлаб олибди-ю, тилидан бол томиб сўзлай кетибди: – Эй гўзалларнинг гўзали, бир умрга мен билан қол, қайлиғим бўласан, бир-биримизни севиб ардоқлаймиз, ҳеч қачон ажралмаймиз, – дея йигит Қуёш қизининг қулоғига шивирлабди ва унинг дудоқларидан узоқ вақт бўса олиб, эркалабди.
– Нималар деяпсиз! Қандай қилиб ерда яшашим мумкин? Бу ерда тунлар қоронғи ва совуқ бўлади, самода эса мен олтин саройда яшайман, уйимиз шифтларида олтин юлдузлар чарақлаб нур сочиб туради, кундуз кунлари тилла ип йигираман, кечалари денгизда чўмиламан. Байрам кунлари биз Ойнинг ўғиллари билан рақс тушамиз, учқур тулпорларни миниб, сайр қиламиз. Ер юзида сен менга қандай ҳаётни ваъда қила оласан? – сўрабди йигитдан Қуёш қизи.
– Сенга шабнам тушган тонгларни, қушларнинг сайраши, дарахтларнинг сокин шивир-шивирини муҳайё қиламан. Яна мен сенинг кундуз кунлари меҳнат қилиб, кечалари ҳордиқ чиқаришингга шароит яратиб бераман. Тунлари қайноқ бағрим сенга оламжаҳон роҳат бахш этади, – дея Қуёш қизига жавоб қайтарибди Ер ўғлони.
– Қани, бўлмаса аввал менга Ернинг жозибаларини кўрсат-чи, сўнг Ерда қолиш-қолмаслик ҳақида ўйлаб кўраман, – дебди Қуёш қизи.
Ер ўғлони Қуёш қизини шумурт гуллаётган ҳамда булбуллар хониш қилаётган дарё соҳили томон бошлабди.
Ер ўғлони Қуёш қизидан:
– Бундай ажойиб қўшиқни ҳеч эшитганмисан? – деб сўрабди.
– Йўқ, эшитмаганман, – тўғрисини айтибди Қуёш қизи Ер ўғлонига.
– Дарёнинг сирли шовиллашини-чи, умрингда эшитганмисан? Шумуртнинг қандай муаттар бўй таратишини ҳеч туйганмисан? Муҳаббатнинг қандай қудратга эга эканлигини сезганмисан?
– Сен менинг муҳаббатимсан, сен билан бир умр бирга қоламан, – деб сўз берибди Қуёш қизи Ер ўғлонига. Шунда Ер ўғлони Қуёш қизини уйи томон бошлабди. Уйга етиб келгач, Қуёш қизининг кўзи михда осиғлиқ турган гулчамбарга тушибди.
Эртаси куни эрталаб Қуёш қизини уйи томон чорлабди, бегона юртда уни қандай қисмат кутаётганлигини қанчалик жон куйдириб тушунтирмасин, қиз уйга қайтишдан қатъиян бош тортибди, унга ердаги ҳаёт Қуёш салтанатида эртадан-кечага ип йигиришдан минг чандон афзал кўринибди. Ерда шумурт чаппар уриб гуллаб, муаттар бўй таратар, дарё шовуллар, булбуллар чах-чах уриб сайрашарди.
Ҳар куни Қуёш қизига шундай панд-насиҳат қиларкан:
– Қизим, мен Ер ўғлонини севишингни истамайман, бироқ уни севишингни тақиқламайман ҳам. Фақат муҳаббат деб ўз ватанини тарк этиш яхши эмас. Вақти келиб туғилиб ўсган уйингни соғиниб қолсанг-чи?
– Сўзимдан қайтмайман, – виқор билан жавоб қилибди Қуёшнинг кенжа қизи.
Қуёш қизи билан Ер ўғлонининг тўйи бўлиб ўтибди. Она-Ер келинига: “Энди ишни қўлга олиш пайти етди, ҳозирча, боғдаги асалариларга қараб турақолсин. Оқбилак бошқа ниманинг ҳам уддасидан чиқарди”, дебди.
Қуёш қизи ҳар куни боғнинг ўртасида туриб олиб асарларилар бегона уяга кириб кетмасинлар, дея кўз-қулоқ бўлиб тураркан. Кунлар ортидан кунлар асалариларнинг ғўнғиллаши каби бир маромда ўтиб бораверибди. Учқур тулпорларга миниб сайр қилишлар, Ойнинг ўғиллари билан қувноқ рақсга тушишлар, опалари билан бирга денгизда қайиқда сайр қилишлар қайда қолди?
Қўшга қўшилган ҳорғин отлар оёқларини зўр-базўр босиб келар, ишдан ҳориб-толиб қайтган эри бўлса энди хотинининг қулоғига ширин, мулойим сўзларни шивирламай қўйганди.
Кунлардан бир кун Қуёш қизи эрига:
– Денгиз ёқасидан менга шумурт келтириб бер, – деб ўтинибди.
– Шумурт ҳар доим ҳам очилавермайди-ку, – жаҳл билан тўнғиллабди Ер ўғлони хотинига.
– Бўлмаса булбуллар қўшиғини эшитгим келаяпти, юр, айланиб келамиз.
– Булбуллар ҳар доим сайрашавермайди.
– Мени анчадан буён ўпганинг ҳам йўқ. Наҳотки муҳаббат ҳам абадий бўлмаса?
– Ҳа, муҳаббат ҳам абадий эмас.
– Бўлмаса ер юзида нима абадий?
– Меҳнат абадий, – жавоб қилибди Ер ўғлони ва чалғисини олиб, ўтлоққа йўл олибди.
Қуёш қизи яна ёлғиз қолибди. У туғилиб ўсган гўшасини жуда соғинганидан ғурурни ҳам унутиб, бошини кўтариб онасига ёлвора бошлабди:
– Оҳ, меҳрибон онажон, қизингнинг гапига қулоқ сол. Туғилиб ўсган ватанимни жуда соғиндим. Ҳар тун тушимда ёшлигим ўтган ерларни кўраман, опаларимнинг чарх йигиришларини эшитаман. Кечалари денгиз тарафдан қайиқ эшкакларининг шалоплашини эшитганимда опаларимнинг чўмилгани келишаётганини ҳис этаман. Ёдимдан кўтарилиб кетган қўшиқларини тинглайман. Эй, меҳрибон онажон, ўзбошимча қизингни кечир, уни ўз бағрингга ол!
Қуёшдан садо чиқмабди.
Қуёшнинг кенжа қизи бўлса ёлворишдан асло тўхтамабди:
– Эй, онажон, онажоним, наҳотки қизингнинг бегона юртларда бахтсиз бўлиб юрганлигини ҳис этмасанг? Ёнингга чақир мени, энди мени қизим демасанг, майли, чўринг бўла қолай. Ҳар куни эрталаб, кечқурун булутли чойшабларингнинг чангини ўзим қоқай, остонанг-ни сочларимни супурги қилиб, супуриб-сидирай. Опаларимнинг чархлари остидаги чанг-ғуборларни тозалай, шунда ватанимда яшаётганимдан ўзимни ғоят бахтиёр ҳис этаман.
– Оҳ, қизгинам, сен бегона юртда узоқ вақт қолиб кетдинг, ўтган вақт мобайнида оёқларинг ерга худди илдиз каби ўсиб кириб кетди. Энди сенга ёрдам бериш қўлимдан келмайди. Кеч бўлди, – Қуёш шундай деб жавоб берибди-ю, сўнг нам кўзларини оқ булутли сочиғи билан беркитиб олибди. Кенжа қизнинг қўлларига биллур маржонлар – Она қуёшнинг кўз ёшлари оқиб туша бошлабди.
Кенжа қиз оёғини қимирлатмоқчи бўлган экан, дарҳақиқат, Ер унинг оёқларини маҳкам ушлаб турганлигини сезибди. Шундай қилиб, Қуёш қизи ерда қолиб, гулга айланибди, бу гул ватанини қўмсаб ҳамиша Қуёшга боққани-боққан экан. Мана шунинг учун ҳам бу гулни Кунгабоқар деб атар эканлар.
ТУНГИ БИНАФША
Янов байрами кечаси кишилар тўда-тўда бўлиб сайр қилишар, шўх қўшиқлардан куйлашарди: йиғилганларнинг овози қанчалик авжга чиқса, акс-садо шунчалик кўп жарангларди.
Фақат Яниснинггина кўнглига чироқ ёқса ёримасди. Ҳар галгидек шу байрам куни бирдан маъюсланарди-ю, ётиб уйқуга кетарди. Ҳар галгидек уни Янов кечаси мардонавор руҳда айтилган қўшиқ уйғотиб юборарди.
– Бақироқ ашулачилар тинчлик беришмади-беришмади-да, – деб Янис тўнғиллади-да, ўрнидан туриб кийиниб, аста-секин чўпонлар сўқмоғидан юрди, ўйин-кулги қилаётганлардан ўзини олиб қочиб, Қора қарағайзор томон йўл олди.
Қарағайзор қалин ва қоп-қоронғи. Адл арчалар асрлар оша ғамгин қўшиқларини куйларди, қарағайларнинг қизғиш таналари гўё табиатнинг яшил ибодатхонасидаги устунлардек кўринарди киши наздида.
Ўрмонга шунчалар орзиқиб чорлаётган нарса нима эканлигини Яниснинг ўзи ҳам билмасди. Бу ўрмон ҳақида жудаям кўп қўрқинчли афсоналарни ҳикоя қилишганди. Гарчи одамлар қўрққанларини айтишга оғизлари бормай, индамасалар ҳам фақат жасур ботирларгина Қора қарағайзордаги йўлдан юришга журъат қилардилар, холос. Бир вақтлари Янис ҳам бу Қора қарағайзор ҳақидаги афсоналарнинг қўрқинчли эканлигидан юрагини ҳовучлаб юрарди, лекин унинг севгилиси Занэ шу ўрмонда дом-дараксиз кетгандан буён унинг оёқлари беихтиёр шу ўрмон сўқмоқлари томон йўл бошларди.
Айниқса, Янов байрами кечаси уни ажиб бир ҳол қамраб оларди. Ўрмонга чорлаётган нарса севгилисининг сирли шивирлашими ёки қушларнинг мастона сайрашими, ё гулларнинг димоққа хуш ёқувчи муаттар бўйими, ҳар ҳолда, нима эканлигини Яниснинг ўзи ҳам тушуниб етмасди. Бу ўттиз йилдан буён жон-дилдан севиб, ардоқлаб келаётган ўрмон гуллари бўлса керак.
Ҳар сафар байрам куни арафаси, хушбўй тунги бинафша очилган чоғ Янисни қандайдир тушуниб бўлмайдиган безовталик қамраб оларди. Уйқуни тарк этган Янис тинмай ўрмон кезар ва тунги бинафшага тўлиб кетган ялангликни қидириб топарди-да, унга яқинроқ бўлган жойга келиб ётарди-ю, гулларнинг муаттар бўйига маст бўларди-қоларди. Тунги бинафшаларни қанчалик севмасин, ақалли уларнинг бирон-бир донасига қўл теккизиб, узиб олмасди. Унинг новдалари нозик ва мўрт, оппоқ гуллар эса гўзал, ҳиди шунчалар муаттар эдики, бундай гулни Янис меҳнатда қадоқ бўлган қўллари билан узиб олишни гўё катта гуноҳ ҳисобларди.
Янис гулларни бунчалик севишига сабаб, севгилиси Занэ бинафшани яхши кўришидандир, эҳтимол. Йигитнинг ўзига қолса, ўрмондаги ҳар бир гулни силаб-сийпаб қўйган бўларди, чунки булар Занэнинг тонгда ва тунда унинг хонасига хушбўй ранг-баранг гулдасталар олиб келган кунларини ёдга соларди.
Мана бу кеча ҳам Янис ўрмонга ошиқди, ўзи билмаган ҳолда тунги бинафшалар қулф уриб очилган жойга – чор-атрофни гуллар қоплаб олган ялангликка етиб келди.
Янис ерга узала тушиб ётиб олди-да, яна севгилиси – Занэ ҳақида хаёлга берилди. Занэнинг ғойиб бўлганига ўттиз йил бўлса-да, аммо севгилиси ҳақидаги ўй-хаёллар на тушида, на ўнгида Янисга сира-сира тинчлик бермайди.
– Занэ, жонгинам Занэ, сен ёнимда бўлган пайтларингда ҳаёт нақадар гўзал ва қувончга тўла эди-я, – дея шивирлади Янис, сўнг лабларини тунги бинафшанинг гулларига теккизди. Яниснинг ёдига ўша дамлар тушиб кетди – ўшанда у энди йигирма тўрт ёшга тўлганди – у истиқомат қиладиган қишлоққа Вайдуне ая қизи Занэ билан кўчиб келганди. Занэ тортинчоқ, ҳуркак қиз бўлиб, аҳён-аҳёндагина қўнғир сочларини шабада сийпаб тўлқинлантирганини Янис кўришга муяссар бўларди, холос.
Вайдуне ая турли хил гиёҳлардан дори тайёрлашни яхши биларди, у анча ёшга бориб қолганлиги сабабли доривор гиёҳларни қизи Занэ териб келарди. Қиз кун чиқмасиданоқ далага чиқиб кетар, тонгги шудрингдан ҳамма ёғи ҳўл бўлганча этагини хушбўй гиёҳлару гулларга тўлдириб нонушта пайтигача қайтиб келарди. Баъзан у чошгоҳда ҳам далага чиқиб кетарди, чунки турли-туман гулларнинг очилиш вақти ҳар хил бўлар эди-да.
Янис Занэ билан дўстлашиб олди. У ҳам қиз билан турли гиёҳлар теришга бора бошлади. Бу бир умр ёддан чиқариб бўлмайдиган дамлар эди. Занэ Янисга ўсимликлар ва гуллар ҳақида жуда кўп ҳикоя айтиб берар, ҳар бир қушнинг сайрашига қараб қандай қуш эканлигини дарҳол топар, суҳбатлашиб чарчаган чоғларида эса гоҳ зарғалдоққа, гоҳ чуғурчиққа тақлид қилиб сайрарди. Занэ ҳатто қайси гулнинг ҳидидан қандай туш кўриш мумкинлигини ҳам яхши биларди. Баъзида кечқурунлари Занэ Яниснинг хонасига баъзи бир гуллардан қўйиб кетарди-да, эрталаб унинг кўрган тушини айтиб бериб, йигитга тегажоқлик қиларди.
Янов байрамига бир неча кун қолганида Занэ негадир ғалати бўлиб қолди, у кўп хаёл сурадиган, дам-бадам тунлари танҳо Қора қарағайзорда сайр қиладиган одат чиқариб олди. Янис бўлса қизга: “Сенга нима бўлди, Занэ”, деб тинмай савол берарди, лекин қизнинг ўзи ҳам нима бўлаётганлигини тушунмасди. Гоҳ-гоҳида қиз шундай дерди: “Ярим кечада ё кундуз кунлари гиёҳ йиғиш учун ўрмонга борганимда кимдир чангалзорда отимни айтиб чақираётгандек туюлади. Бу овоз кимники эканлигини ажратолмайман, юрагимни ваҳима босиб кетади”.
Янов байрами кечаси бошланди, Янис ва Занэ ўрмон этагига бориб гулхан ёқдилар. Улар гулхан ёнида ўтириб, бутун борлиқни шўх-шодон кулгига кўмиб қувнашар, бир-бирларига гул отиб ўйнардилар.
Бирдан Занэ кутилмаганда ўрнидан турди-да: ¬
– Янис, сезяпсанми, чакалакзорда қандайдир гул очилганга ўхшайди. –Шамол унинг муаттар исини димоғимга олиб келяпти, бу тароват мени сенинг бўсаларингдан ортиқ маст қиляпти. Шу тун ана шу гулни узиб сенга тақдим этаман. Азизим, мени кут, албатта ёнингга қайтиб келаман, – деди-ю югуриб кетди.
– Севгилим, сени интизорлик билан кутаман, – деди Янис ва ёлғиз ўзи гулхан ёнида қолди.
Йигит қизни узоқ кутди, ниҳоят, кутавериб тоқати тоқ бўлгач, севгилисини қидириб кетди.
Янис тинмай: “Қаёқдасан, жоним Занэ”, деб чақирар, лекин қизнинг овози эшитилган ерга бориши биланоқ, овоз эшитилмай жимжит бўлиб қолар, сўнг шу ондаёқ қизнинг қаҳқаҳаси бошқа ердан эшитилиб қоларди.
– Занэ, азизам, ҳазилни қўйсанг-чи, сендан ўтиниб сўрайман, бошқа бундай ҳазил қилма! – ялинарди Янис, бироқ Занэ ҳамон унга кўриниш бермасди.
Янис тонг отиши билан уйга ҳолдан тойиб, қиздан ниҳоятда ранжиган ҳолда қайтаркан: “Ҳазил ҳам эви билан-да, тун бўйи мен билан беркинмачоқ ўйнаб қийнашнинг нима ҳожати бор! Келиб-келиб йилда бир марта келадиган Янов байрами кечасида бунчалик қийнашини-чи!”– деб қиздан хафа бўлди.
Бироқ Занэ шу куни ҳам, эртаси туни ҳам қайтиб келмади…
Янис уйидагилари билан биргаликда қизни қидиришга тушди. Улар ўрмоннинг тит-питини чиқариб юбордилар, бироқ қизни ҳеч қаердан топа олмадилар. Ўрмонда танҳо Яниснинг ўзи қолди.
У тинмай Занэни қидирар, овози борича номини айтиб чақира-чақира, охири ўрмоннинг қалин чакалакзорига келиб қолганини сезмай қоларди. Баногоҳ унинг нигоҳи бошни айлантирувчи муаттар бўй таратиб турган қандайдир ғалати бир гулга тушди.
– Бу, ўша, муаттар ҳиди Занэни бўсаларимдан ҳам кучлироқ маст қилган ва уни ўрмон чакалакзорига етаклаб келган ўша гул! – дея қичқириб юборди Янис, сўнг ғазаб билан гулларни юлқиб ташламоқчи бўлиб, энди қўл чўзган ҳам эдики, баногоҳ қандайдир тўнкага қоқилиб, оёқлари шилиниб, қонаб кетди.
Янис қонаган оёғини ювиш учун булоқ қидириб кетди.
“Гулда нима айб, гуноҳи муаттар бўй таратаётганими?” – деган хаёлга борди йигит. Яниснинг севгилиси Занэдан эса ҳамон дарак йўқ эди.
Янис севгилисини ўлган деб гумон қилса-да, ҳаётини қайтадан изга сололмас эди. Гоҳида бу дунёда яшашнинг унга қизиғи қолмагач, фоний дунёдан бош олиб кетгиси келарди, яна шайтонга ҳай бериб, бу ниятидай қайтарди. “Занэсиз ҳаёт менга ўлимдан ҳам даҳшатлироқ”, дерди ўзига-ўзи. – Токи тирик эканман, ҳеч бўлмаса Занэни тушимда кўраман-ку! – дея ўзига таскин берарди.
Тунги бинафшалар сеҳрли ҳид таратар эди…
Уларнинг муаттар бўйи йигит наздида дабдурустдан қуюқлашиб, енгилгина қуюнга айлангандек ва унда ноаниқ шакллар пайдо бўлгандек туюлди. Эвоҳ, шакл тобора аниқлашиб борди-борди-да, беихтиёр Янис севгилиси Занэни кўриб қолди. Занэ яқинлашиб кела-кела, йигитнинг қаршисида тиз чўкди ва совуқ лабларини Яниснинг кўзларига бир лаҳза босиб турди.
– Занэ! Занэгинам! – шодликдан ўзини йўқотиб қичқириб юборди Янис. – Оҳ, жоним, ниҳоят сени топдим-а! Шунча йиллардан буён қаерларда эдинг, азизам? Сочларимнинг оқариб кетганини кўраяпсанми?
Янисни ёқимли ҳид чулғаб олди.
– О, севгилим! Собиқ дўстим! Нега сен ўшанда, эсингдами, тўнкага қоқилиб йиқилганингда тунги бинафшаларни юлқиб ташламадинг? Ўшанда сочларинг барвақт оқармаган бўлармиди, мен бўлсам бу чакалакзорда йиллар бўйи тунги бинафша қиёфасида очилиб азоб чекмаган бўлармидим, жоним.
Янис севгилисининг бу ғаройиб гапига тушунмай, анг-танг бўлиб қолди. Занэ эса бўлган воқеаларни оқизмай-томизмай йигитга сўзлаб берди:
– Ўша байрам тунида мени қари Иблис алдаб олиб кетган экан. Сенга айтардим-ку, авваллари кимдир отимни айтиб чақиргани-чақирган деб, лекин ким чақираётганини билолмай доим қўрқиб юрардим. Шунда у бир ҳийла ўйлаб топибди. Сенинг бўсаларингдан ҳам ортиқроқ маст қиладиган бўй таратгувчи гул ўстирибди. Сени қандай яхши кўрсам, гулларни ҳам шундай севишимни билар экан. Янов байрами олдидан сенга ажойиб совға ҳозирламоқчи бўлдим, эсингдами, сенга ҳеч бир инсон кўрмаган гулни тортиқ қилмоқчи эдим. Шу он Иблис димоғимга тунги бинафшанинг муаттар бўйини пуркаган экан, шундан сўнг мен бу ғаройиб гулни сенга тақдим этмоқчи бўлиб қидириб кетдим. Худди мана шу ерда мени Иблис тутиб олди. У менга, аллақачондан бери сени кўз остимга олиб қўйибман, умрбод шу ўрмонда қол, менга теккин, деди. Мен Иблисга бу мақсадига асло эриша олмаслигини, ёлғиз сенигина севишимни айтдим. Тун бўйи у менга хотин бўл, деб ялиниб-ёлворди, аммо мен розилик бермадим, чунки келиб мени қидириб топишингни ва ана шунда унинг сеҳри ўз кучини йўқотишини билардим.
Эртаси куни чакалакзорга бир ўзинг келган пайтингда Иблис мени сендан яшириб дарҳол тунги бинафшага айлантириб қўйди. Азизим, ўшанда сен гулдан узиб олганингда борми, мен яна аслимга айланиб қолган бўлардим. Бироқ Иблис тўнкага айланиб, оёғинг остида пайдо бўлди, сен бўлсанг унга қоқилдингу булоқ томон югуриб кетдинг.
Сен тунги бинафшани юлиб оларсан, деган умидда тўққиз йил кутдим, аммо сен бу нозик гулни узишга кўзинг қиймади. Тўққиз йил мобайнида мен Иблисга турмушга чиқишдан бош тортиб келдим… У бўлса, “менга турмушга чиқ”, деб ҳам ёлворди, ҳам дўқ-пўписа қилди, лекин мен зор-интизор сени кутдим. Орадан уч марта тўққиз йил ўтса, инсон Ўрмон руҳи сеҳрини енга олмас экан, шунинг учун умрбод ўрмонда қолишга маҳкум этилдим.
– Оҳ, дўстим, вафодор дўстим-а! Нега ўша Янов байрами кечасидан кейин келиб гулни узиб олмадинг?! Эвоҳ!..
Янисни яна хушбўй ҳид чулғаб олди-ю, Занэнинг туманли қиёфаси тобора хиралашиб, кўздан узоқлаша бошлади.
– Занэ, жонгинам, мени ташлаб кетма, Занэ! Сенсиз яшолмайман! – деб қичқириб юборди Янис қайлиғини ушлаб қолиш ниятида уни қучоқлаб олди. Бироқ Яниснинг қўлида бошни айлантирувчи муаттар ҳид таратаётган бир дона нозик оқ бинафшагина қолганди, холос.
ТОНГ ШАБАДАСИ
Боғ девори орқасида Ёввойи атиргул очилибди. Лоларанг, иболи нозик гулбарглари тонгги шудрингга йўғрилган бу гул худди бахтдан кўзлари намланган ёш навниҳол қиздек сулув кўринарди. Эрта тонгда ҳаммадан аввал қушлар уйғонганлиги сабабли, бу гулнинг чирой очганини дастлаб улар кўришга муяссар бўлар эдилар.
– Ия! Мўъжиза-ку! Бу гулнинг чиройлилигини-чи! Қандай гўзал-а! – деб завқланишибди ён-атрофдагилар.
– Бунчаям гўзал бўлмаса! – унинг гапини тасдиқлашибди бошқалар.
– Қамишзор чумчуғи бундан дарҳол Булбулни огоҳ қилиш учун дарё қирғоғи томон учиб кетибди, чунки у Булбул атиргулни жон-дилдан севишини билар эди-да.
Бу хабарни эшитган Булбул шу оннинг ўзидаёқ муҳаббат ҳақида ҳеч кимнинг меъдасига тегмайдиган янги қўшиқ яратибди, ахир ҳар сафар қалбларда муҳаббат пайдо бўлганида Ёввойи атиргул янги очилган кўриниши каби дуркун, гўзал бўлар экан-да.
Булбулнинг қўшиғидан Тонгги шабада уйғониб кетибди. Бу шов-воз кун бўйи чарчаганлиги сабабли қайин дарахтининг шохидаги беланчакда тунаб қолган эди.
– Вой-бўй, бунчаям мақтамасанг, шунчалик офатижон эканми? – қўнғир сочларини тараркан ишонқирамай сўрабди Булбулдан Тонгги шабада.
– У тонг жоласи каби гўзал, қуёшнинг илк шуъласи каби нозик, ён-атрофга таратган мушк-анбарини айтмайсанми, маст қилади кишини, – берилиб мақтаб кетибди Булбул Ёввойи атиргулни.
– Гапларингга қараганда дарё қирғоғида ўсадиган шумуртдан ҳам гўзал экан-да, а? – луқма ташлабди Тонгги шабада Булбулга.
– Шумуртдан ҳам, Арғувондан ҳам, ҳатто Олма гулидан ҳам чиройли, – тинмай мақтабди уни Булбул. Булбулнинг қўшиғидан Тонг-ги шабаданинг қалбида муҳаббат аланга олибди, у кечагина Шумуртни оҳиста қучиб, лаъли лабларидан бўса олганлиги, умрбод содиқ қолишга онт ичиб эрта тонгда қайтиб келишга ваъда берганлигини ҳам эсидан чиқазиб юборибди.
Тонгги шабада Булбулга ҳавойи бўса ҳадя этиб, боғ девори орқасида очилган Ёввойи атиргул томон елиб кетибди.
– О, гўзалларнинг гўзали! – икки қўлини кўксига қўйиб таъзим бажо этибди Тонгги шабада Ёввойи атиргулга.
Ёввойи атиргул Тонгги шабаданинг бу гапидан лоладек қизариб кетибди, бошини хиёл буриб девор томонга уни имлаб чақирибди-да, шивирлабди:
– Илтимос, хушомадгўйлик қилмасангиз. Девор орқасида боғбоннинг меҳр-муҳаббатидан қулф уриб ўсаётган опа-сингилларим олдида мен бир бедавоман-ку, – дебди.
– Сенинг бу хислатинг бир гўзаллигингга минг гўзаллик қўшади, камтарлигинг эса қалбингнинг нақадар тиниқлигию поклигини намойиш этади, – деб уни мақтай кетибди Тонгги шабада.
Қувончдан ҳайратда қотган Ёввойи атиргул бошини тик кўтарибди-да, Тонгги шабаданинг тилларанг кўзларига тикилиб:
– Ё алҳазар, сиз қалбимни биринчи бўлиб тушунган кимсасиз! – дебди. – Қизиқ, ҳамма ҳуснимга маҳлиё бўлади-ю, лекин… ҳусн абадий эмас-да, ахир…
– Дунёда фақат муҳаббат абадий, сени жон-дилимдан ёқтириб қолдим, ҳа, севиб қолдим, севиб! – дея Ёввойи атиргулни аврабди Тонгги шабада, сўнг унинг қулоғига сеҳргар бутун борлиқни сеҳрлаш учун ўйлаб топган гапини оҳиста шивирлабди.
Ёввойи атиргул бу сеҳрли сўзнинг тузоғига илинмади, деб ўйлайсизми? Афсуски, илинди! Бу сўз файласуфларни ва қадимги донишмандларни ҳам ўз йўлига солган, “севги” деган илоҳий ишққа шоҳу гадо мубтало бўлганлар.
Тонгги шабада куни кеча Шумуртни бағрига босиб эркалаганча дудоғидан бўса олган эди-я, энди-чи, энди бўлса Шумуртни унутди. Энди Ёввойи атиргулни кун бўйи қучиб, тинмай дудоғидан бўса олаяпти!
Қош қорайгач, Тонгги шабада чарчаб кўзларини юмибди-да:
– Хайрли кеч, азизам, – дея оҳиста шивирлабди. – Тонг отгунга қадар хайр. Мени кутгил, жоним! – дея севгилисига ҳавойи бўса йўллаганча қайин шохидаги беланчаги томон елиб кетибди.
Ёввойи атиргул ҳам ширин уйқуга кетибди, унинг кўз олдидан ҳамон меҳрибон севгилиси – хушрўй Тонгги шабада кетмасди.
Ёввойи атиргул эрта тонгда уйғонибди-ю, Тонгги шабаданинг келишини зориқиб кута бошлабди. Кун иссиқ ва ниҳоятда дим.
– Севгилим ҳали ухлаб ётган бўлса керак. У муҳаббат лаззатидан чарчаган бўлса эҳтимол, – дебди ўзига-ўзи Ёввойи атиргул ва Тонгги шабаданинг кўзига янада сулувроқ кўриниш учун бирин-кетин гулларини оча бошлабди.
Боғнинг бир бурчагида Читтак Қамишзор чумчуғига:
– Тонг отиб улгурмасиданоқ Тонгги шабада яйловдаги Бўтакўзнинг ёнига югуриб кетибди. Ёввойи атиргулга билдирмай қўя қоламиз, хўпми? – дейишибди ён-атрофдагилар.
– Айтмаймиз, албатта, айтмаймиз.
Ёввойи атиргул кун-бакун севгилисини зор-интизор кутибди. Новдасида даста-даста гулларнинг жамолини барчага кўз-кўз қилибди. Ёнидан ўтиб кетаётганлар унинг олдида тўхтаб:
– Қаранг-а! Ўзи Ёввойи атиргул-у, чиройли бўлиб очилганини-чи! – деб йўлларида давом этар эканлар.
Ёз ҳам келибди, ҳануз Тонгги шабададан дарак бўлмабди.
– Девор ортида ўсаётган опамизни биласиз-а, энди тенгини топиб узатсак бўлармиди? – дея шивирлашибди опа-сингиллар.
– Тўғри айтасан. Унинг ёнига Оқ Капалакни юбораман. Менимча, у Ёввойи атиргулга жуда муносиб қайлиқ.
Капалак Ёввойи атиргулнинг ёнига келиб ўзига қайлиқ бўлиш учун қўлини сўрабди. Ёввойи атиргул ғазаб билан унга рад жавобини берибди:
– Афандим, бу гапни айтишга қандай журъат этдингиз? Ахир мен сизни севмайман ва бундан кейин ҳам сева олмайман.
– Мен бўлсам сизни севаман, – минг мулоҳаза билан дебди куёвтўра ва: – Жудаям хунук бўлмасам керак, вақт ўтиши билан сизни ўзимга ром этиб оламан, – дея қўшиб ҳам қўйибди.
– Асло! – хитоб қилибди Ёввойи атиргул. – Агар сиз ўз ташқи кўринишингиз билан мақтанмоқчи бўлсангиз, шуни айтиб қўяйки, сиз карам барглари устида ўрмалаб, уларни кемириб юрган пайтингизда яшилқурт бўлиб, қандай жирканч тусга киришингизни бир эслаб кўринг-а, ҳаммаси ёдимда! Ҳм! – дебди-да, Капалакнинг юзига бир тарсаки туширибди.
Сўзи рад бўлган куёвтўра ўзини уёқдан-буёққа урганча қочиб кетибди.
Жазирама ёз кунлари ҳам келибди. Ернинг нами қочиб, қотиб қолибди. Боғбон боғдаги гулларга ҳар куни сув қуйиб, эрталаб ва кечқурун суғорар экан. Бироқ девор ортидаги Ёввойи атиргулни ҳеч бўлмаса бирон марта суғориш боғбоннинг хаёлига ҳам келмасди. Ёввойи атиргул нозик гулларини сақлаш мақсадида туннинг нам нафасини ўзимга сингдириб олай деб гулларини фақат кечга бориб очар экан. Кундуз кунлари эса у гулларинию баргларини ёпиб олганича уйқуга кетар, гўзал севгилиси ҳақида ширин хаёллар суриб уйқуга кетар экан, демак, Тонгги шабада албатта қайтади, уни оғушига олади, суяди, тўйиб-тўйиб дудоқларидан бўса олади…
Даҳшатли қуюн Ёввойи атиргулни ширин уйқусидан уйғотиб юборибди. Йўл ёқасида ўсган қайинлар бутоқларига қапишганларича, оғир хўрсинибдилар. Афтидан, пастак бўйли Ёввойи атиргул кўра олмайдиган даҳшатли нарсани кўрганга ўхшардилар.
Оҳ, буни кўргандан кўра кўзлари кўр бўлгани яхши эмасмиди! Қай кўз билан кўрсинки, бу ўша Тонгги шабада эди! У дарахтларнинг шохларини синдириб, баргларини шарт-шурт узганча елиб келмоқда. Унинг афт-ангори тамоман ўзгариб кетганди! У ерга тушибди-да, қўлига сиққанча йўл четидаги қумдан олиб боғдаги гулларга:
– Сурбетлар! Сизлардан нафратланаман! – дея қум соча кетибди.
Тонгги шабада Ёввойи атиргулнинг ёнгинасига келиб тўхтабди.
Ёввойи атиргул унга қараб жилмайибди ва жингалак сочларидан тортқилаб ҳазиллашмоқчи бўлибди, аммо унинг кўзига шу заҳоти қум тўлибди! У кўзларини ишқагунча Тонгги шабада узоқлашиб кетиб қолибди.
– Тавба, унга нима бўлган ўзи? Нега у бунчалик ғазабда? – ҳайрон бўлибди атиргул.
– Хи-хи-хи! – кулибди бошқа атиргул. – Укам далада балиқчиларнинг гапларини эшитиб қолибди. Тонгги шабада Сув нилуфарига ошиқу беқарор бўлиб қолган эмиш. Сув нилуфари Тонгги шабадага кўз сузиб, уни бош-кўзини айлантириб қўйибди. Хи-хи-хи!
– Бу гапларни яна Ёввойи атиргулга айтиб қўймагин-а! –огоҳлантиришибди бир-бирларини.
– Бечора! У мени излаб адашиб қолганга ўхшайди, айрилиқдан кўзлари киртайиб қолибди! – хўрсинибди Ёввойи атиргул ва гуллари қийғос очилган новдаларни тўғрилай бошлабди. – Севгилим албатта қайтиб келади, ҳа, рост, бунга шубҳам йўқ, ахир унинг ўзи муҳаббат абадий деган эди-ку.
– Девор ортидаги опамиз қачонгача турмушга чиқмайдилар? – дебди бир гул ёнидаги гулга мурожаат этиб.
– Тўғри айтасан, – тасдиқлабди унинг гапини дугонаси. – Вақти ўтиб кетяпти. Куз ҳам яқинлашиб қолди. Опамиз анча шаштидан тушиб қолгандир. Оддий эр бўлса ҳам тегишга рози бўлар. Унинг ҳузурига Қўнғизни юбораман.
Қўнғиз Ёввойи атиргулнинг ёнига ўрмалаб келибди, орқа оёқларини тирабди-да, гердайганча Ёввойи атиргулга шохларини силкиб:
– Салом, ҳамқишлоқ! Гапимни қисқа ва лўнда қилиб айтмоқчиман: сенга уйланишга жазм этдим! – деб кўзларини лўқ қилибди.
Ёввойи атиргул унга жавобан ўзининг наштардек тиканини санчибди. Ғазабдан барглари силкина бошлаган Ёввойи атиргул куёвтўрага қараб:
– Афандим! Сиз ўта қўпол экансиз. Мен Тонгги шабаданинг қайлиғи бўламан, билмасангиз, эшитиб қўйинг, менга уйланаман деган сўзни каллангиздан чиқариб ташланг! – дебди.
– У бетайин билан ораларингизда бўлган ошиқ-маъшуқлик савдоси қулоғимга чалинган. Лекин буни юзингизга солмоқчи эмасман.
– Билишимча, қалб созларининг мусиқасини асло тушунмас экансиз!
– Гапингиз тўғри! Буни тан оламан. Касбимнинг ўзи шунақа, – шодон хитоб қилибди куёвтўра. – Гўнгдан илдизларингиз остига бир-икки ҳовуч ташлаб юборишим ҳам мумкин. Анвойи гулларингиз ўғитсиз узоқ яшай олармикан? Хўш, таклифимга нима дейсиз, азизам, розимисиз?
Ёввойи атиргул унинг гапига жавоб қайтариш ўрнига узатган панжаларига тиканини санчиб олибди. Аламига чидолмаган куёвтўра, аста-секин йўлнинг нариги бетига ўтиб кетибди.
Куз ҳам келибди. Боғбон гулларини совуқдан сақлаш учун уларга барглардан тўқилган гиламча ҳозирлашга киришибди.
– Эй худойим, бу сўнгги гулим бўлса керак, – хўрсиниб дебди Ёввойи атиргул. – Гулим сўлиб қолмасидан Тонгги шабада кела қолсайди. Ҳа-я, айтгандек, у гулим бўлмаса ҳам жон-дилдан севади-ку, чунки у теран ва пок қалбимни ҳис эта билган ва тушунган ягона кимса-ку. Учрашув куни ажойиб сўзлар айтиб, кўнглимни кўтарган эди.
Ер заранг тортиб қолганди, аввалги йилдагидек қиш фасли мурувватини кўрсатиб қор тўшагини барвақт тўшаб, ер бағрини қоплашга ҳали ошиқмасди. Ёввойи атиргул совуққа ортиқ бардош беролмабди. У ёз бўйи гулларини кетма-кет очиб, Тонгги шабаданинг эркалашларини қўмсаб, ўзининг бор кучини сарф этиб бўлганди. Бу ҳол энди уни ўта бефарқ қилиб қўйганди. Эндиликда уни на муҳаббат, на гўзалик, на қалб поклиги қизиқтирарди, шунинг учун ҳам “ўлим” келиб уни поймол этганда “ғинг” деган овоз чиқармабди.
Бешафқат, бағритош Ўлим! Нега сен бу йўлни четлаб ўтиб кета қолмадинг? Нега хазон бўлишга бошқа бировни танламадинг? Қарагин-а, қақраган қариқиз шамолда титрамоқда, ана кулранг ялпиз эса шилвираб букилмоқда, сен аввал уларни домингга тортсанг бўлмасмиди? Энди бўлса ёввойи атиргул жиноятчи каби жунжикиб титрамоқда, чунки дарахтни силкитганча Тонгги шабада маъюс келмоқда. У жуда қариб қолибди, соч-соқоли оппоқ оқарибди, балки сочлари-ю, пахмайган соқолида оппоқ қор учқуни йилтираётгандир? Ана, Тонгги шабада тилга кирди, эшитяпсанми, унинг бўғиқ овозидаги изтиробини ҳис этяпсанми?
– Оҳ, меҳрибоним Ёввойи атиргул! – бўғиқ овозда ёлворди у. – Фақат сенгина мени астойдил севардинг. Ижозат бер, сени вояга етказган шу азиз тупроқни тирноғингга ҳам арзимайдиган мендек бенаво бир ўпсин! Агар гуноҳимдан ўтиб кечирсанг, бирон-бир новдангни бўлса-да, силкитиб қўй. Кечирсанг борми, оёғинг остида то баҳор келгунга қадар тиз чўкиб ётаман. Жонгинам Ёввойи атиргул, сен очилгунга қадар кутишга тайёрман.
Ўз аҳдига содиқ қолиб, умри хазон бўлгунга қадар кутган Ёввойи атиргул энди Тонгги шабадани сира-сира кечира олмасди.
ПИОНГУЛ
Пиониянинг тўйи бўлиш арафасида тўсатдан онаси вафот этиб, олти бола бўзлаб қолди. Буёғи қандоқ бўлди, опалари эрга тегиб кетса, укалари кимнинг қўлида қолишади? Муҳаббати қаллиғи Симеон томон ундаса, аммо онасига берган ваъдаси-ю, ука ва сингилларига қилинажак ғамхўрлик уни уйга чамбарчас боғлаб қўйибди. Наҳотки Симеон севгилисининг бошига тушган мусибатни тушунмаса?
– Қизим, бир-икки йил сабр қил, тез орада синглинг катта бўлиб, укаларингга қарайдиган бўлади, – дебди отаси Пионияга. Қиз отасининг гапига қулоқ солиб, оналик қилиб укаларига қарай бошлабди. Бироқ синглиси бўйи етиши биланоқ тенги топилибди-ю, опасига узр айтиб, йиғлаб-сиқтаб ўзини бахтсиз қилмаслигини ўтиниб сўрабди. Пиония синглисига: “Майли, севганинг билан бахтли бўл!” деб, яна бир неча йил сабр қилишга рози бўлибди.
– Бир-икки йил кўз очиб-юмгунча “ғир” этиб ўтиб кетади, бу ўтган давр муҳаббатимизни яна синовдан ўтказади, – деб тасалли берибди Пиония йигити Симеонга.
– Яхши, кутиш керак бўлса, кутаман! – дебди Симеон. Лекин Симеоннниг ота-онаси ўғилларининг фикрини маъқул топмабдилар, улар сўзларига кирмаган бўйдоқ ўғилларини уйдан ҳайдаб юборибдилар.
Уйдан қувилган Симеон қаллиғига икки йилдан кейин олдингга жавоб хати олиб борадиган кабутарни юбораман деб, оламни кезгани “ҳайё-ҳув” деб жўнабди.
Орадан икки йил ҳам ўтибди. Ниҳоят, кабутар тумшуғида Симеоннинг хати билан бегона юрт гулидан олиб келибди.
“Раҳмат, севгилим, – дея Симеонга жавоб ёза бошлабди Пиония. – Мени унутмабсан. Ҳар соат, ҳар дақиқа ёдимдасан. Лекин укам катта бўлгунига қадар яна икки йил кутишга тўғри келади.”
Укаси балоғатга етгач, ичкуёв қиладиган оилани топибди, у бу қулай фурсатни қўлдан бой бергиси келмабди.
Пиония Симеонга яна хат ёзиб, икки йил кутишни илтимос қилибди. Орадан у кутган икки йил ҳам ўтибди, лекин Пиония барибир отасининг уйини ташлаб кетолмабди, чунки ўртанча синглиси куёв топиб, тўйини бир кунга ҳам кечиктиришга рози бўлмабди.
– Мен бахт излаб денгизнинг нариги томонига кетмоқчиман. Ёзиб юбор, сенга қандай совға олиб келай, – деган мазмунда хат олибди Симеондан.
– Менга гул кўчати олиб кел, – деб жавоб ёзибди Пиония, чунки Симеон чет элга боргач, бойиб кетиб кумушу олтинлар олиб келишига кўзи етмас экан.
Йиллар бўлса тутқич бермай, ғизиллаб ўтарди… Икки йилдан кейин Симеон яна хат ёзиб, тўйлари қачон бўлишини севгилисидан сўрабди. Пиония Симеонга яна икки йил кутгин, дебди, чунки балоғатга етган укасида дунёни кўриш иштиёқи туғилибди. Пиониянинг олдида энг кенжа укасини катта қилиш вазифаси тураркан. У оёққа туриб олса, ниҳоят, Пиония билан Симеон орзиқиб кутган тўй бўлади.
Бечора Пиония ёмон касаллик дастлаб эрга текан синглисини олиб кетиб, учта ёш болаларининг етим бўлиб қолишини туш кўрибдими? Бечора етимларни ким боқади, ким тарбиялайди? Куёви бўлса тонг отгандан кун ботгунга қадар далада ер ҳайдаб экин экиш билан овора. У болаларини ўрмонга олиб бориб ташлайман, менга кераги йўқ, деб турганда, Пиония қандай қилиб синглисининг болаларини ўз бағрига олмайди дейсиз?
Пиония яна севгилисига хат ёзиб, ундан то куёви бошқа хотинга уйланиб, болаларини ўз бағрига олгунига қадар кутишни илтимос қилибди.
Вафот этган синглисининг барча маъракаси ўтибди. Куёв уйланибди, лекин янги хотин ўгай болаларни боқиш ҳақидаги гапни эшитишни ҳам истамабди. Ўзи туғадиган болаларининг ташвиши етиб-ортишини пеш қилибди.
Пиония билан Симеон бўлажак тўйларигача қолган йилларни санашадими ё йўқми, бу номаълум. Лекин синглисининг сағир қолган болалари катта бўлгач, укалари-ю, сингилларининг болаларини боқишга тўғри келди. Йиллар худди чопқир тулпор каби ўтиб борарди. Меҳнат Пиониянинг қаддини букиб қўйди, ғам ва ёр ҳижрони сочини оппоқ оқартирди. Унинг энди ҳеч кимга кераги йўқ эди, у тарбиялаган барча болалар ёлғиз яшайдиган бу муштипар кампирнинг кулбасини унутиб юборган эдилар. У ҳар куни эрталаб ҳассасига суянганича эшикка чиқиб турар ва қалтироқ қўллари билан: “Мен сени кутяпман”, деб ёзилган мактубни бериб юбориш учун кабутарни нигорон кутгани-кутганди.
Ниҳоят, кабутар хатни олиб кетгач, Пиония тўйга тайёргарлик кўра бошлабди. У эгнига ёшлигида тикилган никоҳ кўйлагини кийиб олиб, бошига гулчамбар кийибди. У шу қиёфада кун бўйи эшик олдида Симеонни кута бошлади.
Ўткинчилар бармоқлари билан ниқтаб:
– Қаранглар, қаранглар, анови кампир ақлдан озиб қолганга ўхшайди, – деб мазах қилиб кетишарди.
У умр бўйи нигорон кутган кимсадан дарак йўқ эди. Боқиб катта қилган болалар-ку, уни эсламасдилар ҳам. Лекин ёвуз ажал бахт нималигини билмай армонда кетаётган Пионияни имлаб чақира бошлади.
– Эй ёвуз Ажал, ўз тўйимни кутганимдек, сен ҳам бир неча йил сабр қилиб туролмайсанми? – ажалга ёлворибди Пиония.
– Мен учун гадо ҳам, шоҳ ҳам баробар. Кимнинг умри тугаса, қўл силтаганимда ҳар қандай кимса ҳам сўзсиз амримга бўйсунади, – деб жавоб қайтарибди бераҳм Ажал.
Еттиёт бегона одамлар Пиониянинг жасадини қабристонга олиб бориб кўмибдилар, қабр устига тупроқ тортибдилар. Ҳамма кетгач, қабристонга қандайдир бир кимса, афтидан, муҳожир бўлса керак, келибди-да, янги қабрни излаб топибди.
– Учрашган жойимизни қара-я, севгилим Пиония, – дебди нотаниш кимса гўё лаҳадда ётган мурда унинг гапини эшитаётгандек. – Мен бўлсам хатингни олгач, оёғимни қўлимга олиб, неча денгизлардан оша кемада сузиб ўтдим, саҳролардан ошдим, ботқоқликлардан кечиб, висолингга ошиқдим. Мана, сенга гул олиб келдим. Бу гулни сенинг номинг билан атаб, Пион деб ном қўйдим. Унинг ҳиди худди бизнинг муҳаббатимиз каби ҳам ширин, ҳам аччиқ.
Симеон энгашиб узоқ ўлкадан олиб келган кўчатни севгилиси қабрига экиб қўйибди.
Қабристонда ўсаётган чиройли, бу диёрда бўлмаган гулдан хабар топиб Пиониянинг қариндош-уруғлари қабристон томон ошиқиб келибдилар. Улар бу гулнинг илдизидан қазиб олибдилар-да, ўз боғларига:
– Кекса Пиониядан бизга хотира бўлсин, – деб экиб қўйибдилар.
НИЛУФАР
Жак узоқ юртга урушга жўнаб кетишга мажбур эди, уни олиб қолиш учун на кўз ёши-ю, на дод-фарёд ёрдам бермади. У қайлиғи Нилуфарни Францияда қолдиришга жазм этди. Улар хайрлашаётган вақтларида Жак кўксидан юрагини суғуриб олди-да, уни Нилуфарга узатиб, деди:
– Жангчи тошюрак бўлмоғи даркор, юрак эса бунга халал бериши турган гап. Қайтиб келгунимга қадар сен уни авайлаб-асрагин.
Нилуфар Жакнинг юрагини кумуш қутичага солиб қўйибди-да, севгилисининг қайтишини зор-интизор кута бошлабди. Кутган одам учун вақт нақадар имиллаб ўтиши ўзингизга маълум. Йиллар эса ҳад-ҳисобсиз, адоқсиздек бўлиб туюларкан. Нилуфар нима иш қилмасин, нигоҳи ҳамма вақт Жак кетган тарафда бўларди. Шу алфозда у кунларнинг ҳисобидан ҳам янглишиб кетди, йилларни-ку ҳисобламай ҳам қўйди. Кунлардан бир куни отаси:
– Қизим, мана, қайлиғинг урушга кетганига ҳам ўн йил бўлди. У энди қайтиб келадими-йўқми – бу биргина Худога аён. Энди бошқа одамга турмушга чиқиб уй-жой, бола-чақа қилсанг бўлармиди, – деб насиҳат қилганида, Нилуфар юрагидаги аламини яширолмай:
– Отажон, Жак менга юрагини ташлаб кетган, унинг қалби мен билан бирга экан, Жакни асло унутолмайман,– дебди.
Отасининг қизига раҳми келиб, бошини чайқаб қўйибди, холос. Ҳа, отаси орзу-ҳавас кўрсам, набираларим атрофимда парвона бўлса, деб туну кун ўйларкан.
Орадан яна ўн йил ўтибди, уруш ҳам тугабди, жангчилар уй-уйларига қайтибдилар, – кимдир оёғидан ажраб, яна кимдир қўлсиз қайтиб келибди. Нилуфар бўлса сабрсизлик билан, нигорон Жакни кутаркан, қўл-оёғидан ажраган жангчилардан қайлиғи ҳақида сўраб-суриштираркан. Жакдан ҳамон дом-дарак йўқ эди.
– Бошқани севиб, бегона юртларда қолиб кетган бўлса эҳтимол, – деган сўз бир куни опасининг оғзидан чиқиб кетди, лекин Нилуфар опасининг сўзига ишонмабди.
– Унинг юраги менда-ку, қандай қилиб бошқани севади? Юраксиз қандай қилиб севиш мумкин, ахир?
Уруш тугагач, қалби тош бўлиб кетган Жак одамларни тунаб кун кечира бошлабди. У энди ўзгача ҳаётни хоҳламас экан. У бегона юртлардаги босқинчилар тўдасига бошлиқ ҳам бўлиб олганди. Жак йўловчиларни талаб, уларнинг олтинлари, бойликларини тортиб оларди-да, топган пулларини қовоқхоналарда аямай сарфлаб, совурарди.
Кунлардан бир куни кекса Пьер бетоб бўлиб қолибди. Жак уни тўдадан ҳайдаб юборибди. Пьер бошлиғидан ўч олиш учун Жакнинг қон-қариндошлари ва ёру-дўстларига қандай разил ва қабиҳ ишлар қилиб юрганлигини бир гапириб берай деб, тўғри у яшаган қишлоққа йўл олибди.
Пьер ўн йил давомида йўл босибди. Ниҳоят, Францияга етиб келиб, Жак яшайдиган қишлоқни излаб топибди. Бу қишлоқда у кимнингдир йўлига нигорон кўз тутиб турган оппоқ сочли кампирга дуч келибди.
– Сен шу қишлоқда яшаган Жакни танийсанми? – сўрабди Пьер кампирдан.
– Ё худойим-ей! Мендан Жакни сўраяпсизми?! – дебди ўзини йўқотиб: Мен учун жондан ортиқ бўлган Жакимни, у урушга кетгандан буён йўлига зор-интизор кўз тиккан азиз Жакимни танийсизми? Тезроқ гапиринг, унга нима бўлди, қаерларда юрибди паҳлавоним!
Кекса Пьер кампирнинг кўзларида умид учқунлари чақнаб кетганини кўргач, аёл севгилиси Жакни ҳали-ҳанузгача жисми жони билан қўмсашини пайқабди. У аёлга қайлиғи ҳақида даҳшатли ҳақиқатни – севгилиси саналмиш Жак разил йўлтўсар ва ичкиликка муккасидан кетганлигини айтишга оғзи бормабди. Йўқ, бундан кўра бечора аёл ёлғон бўлса-да, қалбида ҳамон ёрқин юлдуздек яшаётган софдил жангчи ҳалок бўлганлигини, энди ортиқ уни кутишнинг ҳожати йўқлигини айтгани маъқул.
– Ие, сен Жакнинг хотинимисан? – сўрабди Пьер кампирдан.
– Ҳа, мен унинг қайлиғи Нилуфар бўламан. Биз у билан унаштириб қўйилган эдик, – Пьернинг гапини тасдиқлабди кампир.
– Афсус, минг афсус! Сенга шумхабар келтирганим учун мени кечир! – дебди Пьер кўзларини кампирдан олиб қочиб. – Қайлиғинг Жак жангда қаҳрамонларча ҳалок бўлди. У сени жуда севар экан! Ўлими олдидан: “Нилуфар, жоним Нилуфар! Алвидо!” деб исмингни қайта-қайта тилга олди.
Ўч олишни юрагига тугиб қўйган Пьер нима мақсадда узоқ йўл босиб келганлигини ҳеч кимга айтмай яна ўз йўлига равона бўлибди.
“Жаким ҳалок бўлибди, – миясига чақин урилибди Нилуфарнинг, – лекин у ер қаърида қандай қилиб юраксиз ётибди экан! Қабрини қандай бўлмасин, излаб топишим керак, унга олижаноб, мени бир умр севган юрагини қайтариб бермоғим ҳам фарз, ҳам қарз”.
Нилуфар кумуш қутичани авайлаб кўтарганича эри дафн этилган ўлка сари оғир ва машаққатли йўлга тушибди. У кунлар ва йилларнинг ҳисобидан янглишиб кетган. У учраган ҳар бир кимсадан йўлни сўраб-суриштириб бораркан. У қуш учса қаноти, одам юрса оёғи қуядиган жазирама ерлардан ўтибди, довул тўлқинларида денгизда чайқалган кемаларда сузиб, ниҳоят, Жак урушга юборилган саҳрога ҳам етиб келибди.
Йўловчилар унга бу йўлда ёлғиз кетмасликни, чунки саҳрода қароқчилар аёвсиз равишда тунашларини айтиб, огоҳлантирибдилар, бироқ Нилуфарнинг қулоғига уларнинг гапи кирмабди.
– Қариб қолганман, бир оёғим ерда бўлса, бир оёғим гўрда, шошилмасам, Жакнинг юрагини қайтариб беришга улгуролмай қоламан.
Кишилар айтганидек, Нилуфарни қароқчилар талабди, ундан қимматбаҳо кумуш қутичани тортиб олиб қўйишибди. Нилуфар уларга худонинг зорини қилиб ёлборибди, йиғлаб-сиқтабди, ўзининг бахтсиз муҳаббати ҳақида – Жакка нақадар содиқлиги ҳақида сўзлаб берибди, лекин аёлнинг бу ялиниб-ёлборишлари йўлтўсарларнинг кўнглини заррача юмшата олмабди. Улар қутичани бошлиқлари ҳузурига олиб бориб, қандайдир ақлдан озган бир кампир қайлиғи урушга кетатуриб ўз юрагини унга ташлаб кетганлигини, у бўлса шунча йўл босиб келиб, қайлиғининг қабрини қидираётганлигини калакаомуз ҳикоя қилиб берибдилар.
Қароқчиларнинг бошлиғи кўзи олдида нимадир элас-элас бўлиб, қутичани очибди-ю, юрагига кўзи тушибди. У шунча йиллар мобайнида юрагидан маҳрум бўлиб юрган экан-да. Шу пайт ғаройиб мўъжиза рўй берибди – юрак собиқ эгасига қараб худди одамга ўхшаб:
– Ҳой, баттол, инсон боласи бўл! Бу кўринишда аҳдига вафодор Нилуфарнинг кўзига кўринма. Яхшиси, у сени ўлган деб ўйласин-да, қалбида ёрқин, пок сиймонг қолсин, – дебди.
Жак қутичани ёпиб қўйибди-да, қўл остидаги йўлтўсарга буни кампирга қайтариб беришларини ва кўм-кўк бир тепаликни кўрсатиб, Жак шу ерга кўмилган, деб айтишларини буюрибди. Бошлиқнинг бу гапидан ғазабланган йўлтўсарлар йўлда кетатуриб, бошлиғимиз қариганида мияси айниб қолибди, деган хаёлга бориб, кумуш қутичани ўзлари олиб қолишга келишиб олибдилар. Сўнг Нилуфарга қабрни кўрсатиб юборибдилар – ён-атрофда шамол тупроқни суриб олиб келиб ҳосил бўлган тепаликлар оз дейсизми!
Бечора Нилуфар севгилиси Жакни ёшликда қандай қалб қўри билан севган бўлса, ҳамон шундайлигича севарди. Бечора кампир севгилисини юраксиз қолдиришга кўнгли бўлмай, кўксидан ўз юрагини юлиб олиб, Жакнинг жасади кўмилган деб хаёл қилган бир тепаликка кўмиб қўйибди.
Юрак кўмилган ердан бир гул униб чиқибди, уни шу бугунга қадар Нилуфар деб атаб келишаркан. Бу гулни поклик, вафодорлик ва садоқат рамзи сифатида эъзозлар эканлар.
ЖАРОҲАТЛАНГАН ҚАЛБ ВА МАРВАРИДГУЛ
Уни бирон кимса ҳеч қачон дўстим деб атамаган, унинг оғзидан ҳам бу сўз чиқмаган экан. Муҳаббат сўзини фақат китобдангина ўқиб билган, сабонинг аста эркалаб эсиши каби муҳаббат киши қалбини ширин туйғуга чулғаб эркалашию, аланга-оташида куйдириб кул қилиши ва инсонни кўкларга парвоз эттириб, ҳар балога гирифтор этишини ҳам тушунар эди.
Сўққабош Букри на сабонинг майин елишию, на алангали жазирама унинг хаста, нотекис тепувчи юрагига заҳмат етказмаслигига ишончи комил. Букри шунчалик бадбашара эканки, мабодо ойнага қараб қолгудек бўлса хунуклигидан аъзойи баданини титроқ босиб кетарди.
Дунёда шунча келишган, забардаст йигитлар турганда мени ким ҳам севарди, деб ўйлар экан бечора Букри. Ўзи-чи, ўтсиз қалби билан қайси қизни сева оларди дейсиз? Йўқ, у фақат қалби тошгина эмас, балки ичқора ва ҳасадгўй ҳам экан. Букрининг оғзидан фақат қарғиш сўзларигина чиқаркан. Унинг қисиқ кўзлари на чиқиб келаётган қуёшнинг шафағини, на ойнинг ойдин шуъласини сезаркан, доимо ерга қараб юриб, фақат ифлос кўлмакларнию йўлнинг ўнқир-чўнқирликларини кўраркан. Унинг қирра бурни гулларнинг кишини маст қилувчи ҳидларини сезмас, аммо ўлакса ва моғор босган исни узоқдан туриб пайқарди. Тез орада бутун дунё унинг кўзига жирканч, ифлос бўлиб туюла бошлаши ажабланарли ҳол бўлмай, фақат шу туйғугина унга шодлик бағишлар экан, чунки шундай пайтда ўзини ёлғиз деб ҳис этмас экан-да.
Аммо кунлардан бир куни – кутилмаганда у хиёбонга сайр қилгани чиққан малика Атиргулни кўриб қолса бўладими!
Йўловчилар маликани кўргач, ҳурмат-ла таъзим қилар, у ўтиб кетгунига қадар жойларидан жилмасдилар, фақат Букригина ўзини йўқотиб, кўзларини пирпиратганча дунёда шундай гўзал маҳлиқо борлигига ақли бовар қилмай, серрайиб тураркан. Маликанинг пуштиранг ёноқлари, қуралай кўзлари, гилосдек қип-қизил лаблари ва келишган қад-қоматидан ёшлик ва гўзаллик уфуриб турар, уни кўрган ҳар бир киши елкасидан қариликни итқитиб ташларкан.
Кўпчилик кексалар уни ҳеч бўлмаса бир мартагина кўргач, ёшариб уйларига қайтиш ниятида олис-олислардан машаққат билан йўл босиб келардилар. Малика ҳаммага табассум бахш этар, йўловчиларнинг саломига хушмуомалалик билан жавоб қайтараркан. Фақат бир кимса – эси оғиб қолган бадбашара Букригина йўл чеккасида серрайганча турар ва юзини буриштириб маликанинг соллона-соллона қадам ташлаб келишига тикилиб қолган эди. Бу аянчли кимсанинг кўриниши шундай ёқимсиз ва ачинарли эдики! Малика Атиргулнинг жуда раҳми келиб, Букрига сидқидилдан майин табассум ҳадя этибди.
Бу табассум бир ондаёқ Букрининг ҳаётини тубдан ўзгартириб юборса бўладими! Букри шу ондан бошлаб бошини тик кўтариб, ён-атрофга боқадиган бўлибди. Оқ, гунафша сиренларнинг барқ уриб очилишини, дўлананинг гуллашини ҳамда баргларига қуёш нури инган дарахтларнинг нақадар гўзаллигини ҳис этибди. Хушбўй гулларнинг муаттар бўйини олиб келаётган енгил шабада унга шундай роҳат бахш этибдики! Шундоққина йўл ёқасида бинафшалар ўсиб ётаркан. Бу жажжи гуллар ўтган-кетганларга шодлик бахш этиш учун қаердан куч олар эканлар-а! Дарахтлар узра қуёш нурининг акси, арғувон дарахти баргларининг шабадада сирли шитирлаши, қушларнинг сайроғию болаларнинг чуғурлашлари киши кайфиятини янада кўтарарди.
Букрининг эшитиш ва атрофни кўриш қобилияти бунчалик ўзгариб кетганлиги, бу дунё гўзаллигини сеза бошлаганининг тагига етолмай хаёли пароканда бўлиб қолибди.
– Бу ўзгаришнинг сабабини кимдан сўрасам экан-а? – ўзига ўзи савол берибди у.
– Мендан сўра! – жавоб қилибди шу тоб унинг қалби.
– Эй, зулматдай қоронғу, бахтиқаро, сен нима ҳам дердинг?
– Мен ниҳоятда шод-бахтиёрман, чунки гулларни ким очилтираётганини, қушларнинг сайрашига ким илҳом бағишлашини, кўзларинг ва қулоқларингни ким очганини яхши биламан! – тантанавор оҳангда сўзлабди унинг қалби.
– Хўш, бўлмаса айт, ким экан у? – сўроққа тутибди Букри қалбини.
– Бу – муҳаббат. У нақадар нозик, осуда ва жўшқин, ёқимли ва алангаси зўр муҳаббатдир! Сен севиб қолибсан! Малика Атиргулни-я!
– Ё тавба, малика Атиргулни? – қўрқиб сўрабди Букри қалбидан. – Малика Атигулни севишга мени журъат этади деб ўйлайсанми?
– Малика Атиргулни севишни сенга ким ман эта олади? – баҳслашарди у билан қалби. – Ҳар куни эрта тонгда шу ерга келгин-да, ҳамма қатори у билан саломлаш.
Букри қалбига қулоқ солиб ҳар куни Атиргулнинг ёнига келадиган бўлибди, малика унинг ёнига яқинлашганида ҳурмат-ла бошини эгиб, у билан саломлашиб ўтиб кетаркан. Малика унинг ёнгинасидан табассум ҳадя этиб ўтаркан, Букрига бу уни гўё эркалаётгандек туюларкан.
Бу дақиқалар унинг ҳаётида унутилмас он бўлиб қоларкан. Ҳар куни эртадан кечгача тошни ҳам эритиб юборишга қодир кучни малика қаердан олар экан? Тўрғайлар ва булбуллар билан қўшилишиб куйлашга унда қаердан овоз пайдо бўлган экан? Букри тўрғай ва булбулларнинг нима ҳақда куйлаётганига сира тушунмас экан, аммо у Атиргул ҳақида, унинг гўзаллигию, ўз севгиси ҳақида куйларкан.
Фақат табиатгина эмас, балки инсон қалби ҳам кутилмаган ғалаён тўфонлар кўтарилишидан бечора Букри хабарсиз экан. Ана шу кутилмаган тўфон тонг отгач, дабдурустдан, у боғга бориб маликанинг ҳуснидан баҳраманд бўлиб, бир кунга етадиган куч-қувват тўплаш мақсадида хиёбонга кетаётганида бутун шаҳар шишадан ясалган кичкина фонусча ва гуллар маржони билан безатилганини, кўчаларда ясан-тусан қилиб олган одамларни кўрган дам унинг бошига кулфат тушибди. Одамлар қўлларига най, доира олволган эдилар. Фақат бир қизнинг қўлида қўнғироқчаси бор эди, холос. Бу қиз камбағал молбоқар Майя эди, у ҳеч қаердан сурнай тополмагач, эчкисининг бўйнидаги қўнғироқчасини ечиб олиб келганди, чунки шундай шодиёна байрам куни у ҳам хурсандчилигини намойиш қилмоқчи экан-да.
Букри бир ўткинчидан шаҳар нима учун бунчалик дабдаба билан безатилганию, одамларнинг бунчалик кўплигини сўрабди.
Йўловчи ажабланиб:
– Ие, хабаринг йўқми, малика эрга тегаяпти-ку! Ўзинг қаердан келгансан? – деб сўрабди.
– Малика дейсанми? Қайси малика? – ғўлдираб сўрабди ўзини йўқотиб қўйган Букри.
– Наҳотки бу ерда битта малика борлигини билмасанг? Малика Атиргулни айтяпман-да!
Кимдир Букрининг бошига тош билан тушурганда ҳам у бечора бунчалик довдираб қолмаган бўларди. Бу гапдан донг қотган Букри кутилмаганда ерга қулабди, лекин ўзини қўлга олиб, дик этиб ўрнидан турибди, чунки у ерга худди ловуллаб ёнаётган гулхан устига тушгандек сезибди ўзини. У гўё аланга-оташда ёнаётгандек ҳар куни тонгда Атиргулни учратадиган хиёбон томон югуриб кетаркан.
– Менинг Атиргулим! Гулим! – деб қичқириб бораркан у йўлдан.
Дарё бўлиб оқаётган кўз ёшлари қалбидаги ўтни ўчира олмаслигини яхши ҳис этаркан. Қўшиқ ва куйларнинг овозию, шодиёна қий-қириқлар осмону фалакни тутиб кетганди. Оломон хиёбондан ўтиб бораётган ёш ва гўзал малика билан муҳожир шаҳзодани табриклаётган экан. Келин билан куёв олқишлаётганларга табассум ҳадя этиб борардилар. Улар ўз бахтларидан сармаст эканлар, шу тоб оломон орасидан қандайдир Букри отилиб чиқиб, маликанинг оёқлари остига тиз чўкиб:
– Малика, ахир сен менинг гулимсан-ку! Ёнингдаги шаҳзодани йўқот, мен билан бирга юр! – деб “оҳ-воҳ” қилганини сезмабдилар ҳам.
– Ҳой тентак, эс-ҳушингни йиғиб ол! – бақириб беришибди унга йиғилганлар. – Вой галварс-е, бир чувринди бўлатуриб маликанинг кўзига кўринишга қандай журъат этдинг! Оббо куёв бола-ей! – деб бағритош одамлар Букрини бирлари олиб-бирлари қўйиб мазах қила кетишибди, аёллар эса қўлларини бигиз қилиб уни кўрсатганча роса кулишибди.
На панд-насиҳат, на мазах Букридаги севги оташини сўндира олибди.
Муҳаббат алангаси тамоман Букрини ақл-ҳушидан оздирибди. Шунда Букри ёнидан ханжарини суғуриб олибди-ю, маликанинг кўксига санчибди.
Одамлар “ҳай-ҳай”лаганча Букрини ушлабдилар. Аммо вақт ўтганди. Улар мотамсаро, бошларини қуйи эгибдилар. Орадан бир оз вақт ўтгач бошларини кўтарган эканлар, ҳайратдан донг қотиб қолибдилар. Маликанинг қони тўкилган ердан хушбўй қизғиш тусда ажойиб гул ўсиб чиқибди. – Тўпланганлар бу ғаройиб гулга тикилишганча ҳаяжон билан:
– Бу ўзимизнинг Гулимиз-ку!– дея шивирлашибди. – У ўлимидан кейин ҳам бизга қувонч бахш этиш учун чиройли гул бўлиб очилибди-я,– дея бир-бирларига ҳайратомуз боқишибди.
Малика яшаган мамлакат қонунига биноан рашк сабабли севгилиси ҳаётига қасд қилган одамни ҳайдаб юбориб, тоғу тошларда яшашга маҳкум этар эканлар. Қарғиш ва тошбўронга учраган Букри ҳам тоғ-тошларга чиқиб кетибди. Ўшандан буён уни ҳеч ким учратмабди, фақат келаси йилнинг баҳорида подадан қолиб кетган эчкисини қидириб юрган молбоқар қиз Майя тоғ этагида жароҳатланган қалбни учратиб қолибди. Қиз тентакларча ўз севгиси деб ҳалок бўлган Букрини эслабди-ю, жароҳатланган қалб ёнида чўккалаб ўтирганча уввос солиб йиғлаб юборибди, чунки қиз ҳам ёлғиз экан, уни бирон кимса севмаган экан-да. Шунда ғалати ҳодиса рўй берибди: Майянинг кўз ёшлари тошга сингиб, бир жуфт гул ўсиб чиқибди. Бирининг гулбарги пуштирангда бўлиб, танаси атрофига ўралган ҳолда худди озор чеккан жажжи юракчаларга жуда-жуда ўхшаб кетаркан, иккинчиси эса қўнғироқчага ўхшаб гулларкан, у худди тиниқ кўз ёшидек юракчаларнинг тепасида осилиб тураркан.
Кейинроқ одамлар бу гулларни боғларига кўчириб ўтказа бошлабдилар. Пушти рангдагисига жароҳатланган қалб, иккинчисига эса марваридгул деб ном берибдилар.
Рус тилидан Назира Жўраева таржималари
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 3-сон.