Бир пайтлар мен кўрган ғалати феъл-атворли Сарала ит* ҳозирга қадар ёдимдан чиқмай, турли мулоҳазаларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади. Жониворлар ичида бундай бўш-баёв ва боқибеғам итни кўрмаганман. Бу дунёда яшашни «кураш» деб атаймиз. Балки унинг тирик юриши ҳам курашдан иборатдир, лекин ит ҳаёт кечиришнинг қурт-қумурсқаларга хос йўлини танлаб олганга ўхшайди.
Сарала итнинг тирик чоғида бир марта бўлса ҳам «ау» деб ҳурганини ёки уй бекаси қўрадан қувиб чиққанда, биқинига теккан муштумдай тошнинг зарбидан «қанк» деб қўйганини эшитмаганимиз, мени ҳам, бошқаларни ҳам ўйга толдиради. Итнинг бу қадар сабр-тоқатли бўлишининг сабабини билиш қийин. Одамларга кўпдан бери маълум бўлган хулосага таянсак, Сарала ит яшаш учун курашдан қаттиқ чарчаганга ўхшайди. Ҳар қадамда учрайдиган қарама-қаршиликлар унинг ҳафсаласини пир қилиб, бошини кўтаролмайдиган аҳволга солиб қўйганди. Бечора ит ҳамманинг олдида ўзини гуноҳкор сезгандай, одам ва ҳайвонлар тугул, табиий ҳолда ўсиб ётган ўт-ўланларга ҳам ишончсизлик билан қарайди. Энг ўкинчлиси, боғловдаги тиши қичишган итлар ҳам уни кўриб, кўрмаганга солишади. Ҳар қандай ит адашган кўппакни кўрганда, жон-жаҳди билан акиллаб ортидан етиб бориб, кейин унга зўрлик қилиб, қуйруғини кўрсатиб, у ер-бу ерини ҳидлаб кўришини эл яхши билади. Лекин дайди ит рўпара келиб қолса ҳам, Сарала ит унга тик қараб қўймайди. Доимо терлаб турувчи кичик малла-қизил бурнини ишга солиб, чиқинди ташланган жойларда, ўнқил-чўнқилларда шунчаки изғиб юраверади. Итнинг юриши ҳам ўзгача, бирор нимага алаҳсимай, ниманидир кўзлаб тўғри кетиб бораётганини ҳеч ким кўрмаган. Бир жойда ётиб ҳам олмайди, уни гоҳ яйлов, гоҳ кўча, гоҳ кўрада кўриб қоламиз. Ҳаво ҳаддан ташқари қизиб кетган кунларда ҳам бирор дарахт остида соялаб ётганини кўрмадик.
Кўчамизнинг эркаклари бу ёруғ дунёда Сарала итнинг нари-бери босиб, топганини еб жон сақлаб юрганини хаёлларига ҳам келтиришмайди, лекин аёллар ундай эмас, уни «ўғри ит» деб ёмон кўришади. Уриб, қўрадан ҳайдаб чиқадиганлар ҳам ўшалар. Бечора Сарала ит калтак еб, қўрадан қувилиб чиққанидан кейин ҳам, орсизлиги туфайлими, бир зумда таҳқирланганини унутиб, тағин ҳеч нима бўлмагандай, бошини қуйи солиб ер босиб кетаётганини кўп кузатганман. У гуноҳсиз бўлса ҳам қувилаверади. Шунда ҳам ортига бир қайрилиб қарамайди. «Қараганим билан бирор нима ўзгариб қолармиди?» деб ўйлайдиганга ўхшайди. Ёки кимдир қувса ҳам, унинг урмаслигига қатъий ишонса керак. Чиндан ҳам, ҳеч ким уни олисроққа қувиб боргани йўқ. «Чиқ!» деган ўзига тегишли ҳукм шалпайган қулоғига етиши
билан ҳеч кимдан норози бўлмай нарироқ кетади. Баъзан қўрага кириб, кир ювиб ўтирган хотинни кўрса, «хамир қоряптими?» дегандай тикилиб қолади. Агар хотин ўтин ёриб турган бўлса, «Бу хотин қачон «чиқ» дейди экан!» деган хаёлга боради. Бир нимани ўғирлаб емаса ҳам, зериккан итнинг шунчаки тикилиб туриши аёлларга ёқмайди.
У сонда бор, саноқда йўқлиги туфайли итлар тўдасига ҳам, одамлар қавмига ҳам тирноқча наф келтирмади. Агар бошқа итларнинг ёнида шунчаки турганида ҳам, Сарала итнинг тўдага манфаати тегар экан, десак бўларди. Унинг одамга фойдасизлиги ҳақида умуман гапирмаса ҳам бўлади.
Бир пайтлар уни қанчалик тўйдириб боқса ҳам, ит бирор марта ҳуриб, эгасини қувонтира олмабди. Ўлдириб юборишга кўзи қиймаган хўжайини «бор, кунингни кўр!» деб бўшатиб юборган экан. Соҳибининг уйини қўриқлаш у ёқда турсин, азбаройи зерикканидан овоз чиқариб қўйганида ҳам, у одамларнинг эътиборига лойиқ бўларди.
Сарала итнинг бор қилиқ-йўриғларидан хабардор киши унинг сандироқлаб тирик юрганидан кўра, тезроқ тупроққа айланиб кетишини истаб қолиши табиий эди. Хуллас, у фойдасиз жон эди. Ҳатто ўсимликлар ҳам уруғ қолдириш учун қуёш нурини талашиб, бир-биридан баландроқ ўсишга интилганини ўйлаганимда, Сарала итнинг итлигини ҳеч кечира олмасдим.
Бир куни чол ва кампир яшаган чеккароқдаги қўрада «оқ рўмолли алвасти» кўрингани ҳақидаги гапни эшитиб, овулдагилар мириқиб кулишди. Ўтинлик учун қуриган новдаларни олмоқчи бўлиб қўрага кирган кампир ой ёруғида деворнинг туйнугидан «оқ алвасти» унга бир қараб, шошилмай бошини тортиб олганини кўриб қолади. Ўтин тугул, ўзини «олдириб» юборишига озгина қолган кампир қути ўчиб, қалтираб уйга қайтади. Чол «бисмиллоҳир раҳмонир раҳим» деб, ўзи билган сурани ўқиб, унутган жойларини ўзидан қўшиб, қўранинг ортига ўтади. Қараса, у ерда Сарала ит турибди.
Ўшанда болага зор бўлиб юрган чол тушмагур: «Худога шукур, кампиримнинг бўйида бўлмагани яхши бўлди, акс ҳолда, қўрқканидан боласи тушиб қолиши турган гап эди!» – деб кулиб уйига киради. Уни чўчитган алвасти эмас, Сарала ит эканлигини билган кампир бор йиғиб-терган қаҳр-ғазабини итнинг бошига ағдаради.
Мана шу кезларда катаклардан тухум йўқолиб, ёрилган сузма халталарнинг ўт-ўлан орасида ётганини кўришади. Кимдир бу Сарала итнинг иши деб, овулда гап тарқатади.
«Алвасти»ни кўрган кампир атайин келиб, сузмасини йўқотган аёлга Сарала итнинг кўчада сузма халта кўтариб кетаётганини айтади. Аслида йўқолган сузмани отқулоқнинг остида бошқа ит еб турганида, Сарала ит ариқ бўйидаги чиқиндиларни искаб, тентираб юрган эди. Аёл отқулоқнинг остидан йиртиқ халтани топганида, Сарала ит қандайдир ҳидни сезиб шу ерга келиб қолади. Аёл уни узоқ қарғаб, ердан тош олиб отади. Сарала ит ўзининг ит эканлигини яхши билгани учун аёлга қараб ҳам қўймай, одатдагидай, кечиримли бўлиб ўз йўлига кетаверади.
Бу воқеадан кейин Сарала ит «ўғри» деган номга кўникиб, кўчадаги жониворлар ичида аввалгидан баттар сўхтаси совуқ махлуққа айланади. Ит ишнинг бунчалик ёмонлашиб бораётгани ва унинг охири нима билан тугашини ўйламай, лоқайдлик билан ер босиб юраверди. Ўзига тик боқиб турган кўзлардаги нафратни ит қайдан ҳам англай олсин!
Бизнинг кўчада тухум ейдиган, бу ҳам озлик қилса, товуқнинг ўзини ҳам тутиб еб қўядиган итлар бор. Улар эгасининг бергани билан қониқмай, топганини ерга кўмиб, кейин емоқни яхши кўришади. Ўзининг бошқа итлардан эпли эканлигига қувониб, димоғдорлик билан қадам ташлайди. Бундай исковуч итлар дуч келган жойни ҳидлаб, танг қоларли тезлик билан егулик топганини кўрганингизда, кўнгилсиз ўйларга борасиз. «Шунинг учун ит дейишади-да!» деб, уларнинг шундай ном олганига ачинмайсиз.
Айбсиз Сарала итнинг манглайига босилган тамға ўша дайди итларнинг касофати туфайли эканлиги ойдай равшан бўлса ҳам, хотинлар уларни ёмон демайди, аксинча, сийлаб суяк ташлашади.
Бир куни қайсидир ит ўша сузма йўқотган аёлнинг товуқхонаси катагидаги иккита тухумни еб кетибди. Бу пайтда аёлнинг эри катакдан тумшуғини ялаб чиқиб келаётган ўзларининг Тўрткўзини кўриб қолади. Хотин гумони Сарала итда эканлигини айтади, эри эса кўрганини гапиради. Суҳбатга аралашган қўни-қўшнилар аёлнинг фикрини маъқуллашади. Чунки Тўрткўз қўлда боқилган, дайди эмас. Ўғрилик қилганини ҳеч ким кўрмаган… Шунинг учун айбни Тўрткўз эмас, Сарала итга тўнкамоқ анча ўнғай ва ишонарли-да!
Шундай қилиб, эркак милтиғини ўқлаб, «кўпнинг тинчини бузган» итни отиб ташламоқчи бўлиб кўчага чиқади. Бу чоғда Сарала ит ҳеч нарсадан хабарсиз, овқатдан ўзга нарсанинг исини сезмайдиган бурнини ишга солиб, эринчоқлик билан чиқиндиларни тинтиб юрганди. Милтиқ эгаси ит ўралашиб юрадиган жойга бориб, Сарала итни нишонга олади. Ит унга ажабланиб қараб, «Бу киши нега менга милтиқ ўқталяпти?» деб ўйланиб турганида, милтиқ «тирс!» этади. Сарала ит «қанг!» этиб қулаб тушади. У шу биргина «қанг!» этган товушни ўлар чоғигача сариқ мойдай асраганини биламан. Бир пайтлар биқинига тош текканида «қангкиллай» олганида, балки кейинги гал жонига ўқ ботганида «ау» деганини ўзи ҳам сезмай қолармиди? Шундай қилиб, бирда «канк» этиб, бирда «ау» деб ҳура билганида эди, эҳтимол, унинг умри бунчалик қайғули тугамасди!
Тўғрисини айтганда, «ау» деган товушнинг асоси «қанк» этиб ғингшимоқ эканини бечора Сарала ит тушунмай кетди! Милтиқ отилганда, тухум ўғирлаб еган Тўрткўз дарҳол етиб келди. Кейин жон талашиб, кўзлари олайиб типирчилаётган Сарала итни кўриб, оҳиста улиб қўйди.
Бу ҳодисадан қониқиш ҳосил қилган хотинлар итнинг ўлимига обдон қувонишди. Лекин эртасигаёқ бир халта сузма ва бир неча дона тухум йўқолди. Балки буни Сарала итнинг ғазабланган «арвоҳи» қилгандир…
________
*Сарала ит – сариқ ола ит, олапар
Қирғиз тилидан Авлиёхон Эшон таржимаси