Элзаслик болакай ҳикояси
Ўша куни эрталаб мактабга жуда ҳам кеч қолаётган эдим; муаллимдан танбеҳ эшитишимни ўйласам, юрагим орқага тортиб кетарди. Устига устак, мосъе Амел биздан аввалги дарс мавзусини – сифатдошларни сўрамоқчи эди. Мен эса яримта сўз ҳам ёдламаганман. Бир зум хаёлимга дарсга кирмасдан сайр қилиб юриш фикри келди.
Ҳаво жуда очиқ ва илиқ эди…
Ўрмон четида сайроқи қораялоқларнинг куйлаётгани, тахта йўниш заводи ортидаги Ривер ўтлоғида немисларнинг сафда юриш машғулотларини бажараётгани эшитилиб турарди. Буларнинг бари мени дарсдаги сифатдош қоидаларидан кўра кўпроқ ўзига жалб қиларди, лекин ўзимни қўлга олиб, мактабга югурдим.
Мэрия1 ёнидан ўтаётиб эълонлар тахтаси олдида тўпланиб турган одамларга кўзим тушди. Сўнгги икки йил ичида биз у ерда фақат кўнгилсизликдан хабардор бўлар эдик: бой берилган жанглар, реквизициялар, коммендант буйруқлари; ўйланиб қолдим: яна қандай нохушлик бўлиши мумкин?
Шу пайт шогирди билан эълонларни ўқиб турган темирчи Вахтер мени чақириб қолди:
– Шошма, болакай, улгурасан ўша мактабингга.
У устимдан куляпти деб ўйладим ва ҳаллослаганча мосъе Амелнинг уйи олдидаги гулзор томонга югурдим.
Одатда дарс бошида кўчага эшитиларли даражада шовқин кўтариларди – болалар қулоқларини қўллари билан ёпганча ўтилган мавзуларни ғўнғиллаб такрорлашар, партани чилдирма қилиб чалишар, муаллимимиз эса чизғичи билан тинчлантиришга уринарди:
– Секинроқ, секинроқ, болалар!
Мен мана шу шовқин-сурон остида жойимга сездирмасдан ўтиришни мўлжаллагандим, аммо шу бугун якшанба тонгидек жимжит эди.
Очиқ ойнадан ўртоқларим аллақачон жой-жойларида ўтирганини, мосъе Амел эса ваҳимали чизғичини қўлтиқлаганча у ёқдан бу ёққа бориб келаётганини кўрдим. Қандай қилиб бу жимжитликда эшикни очиб кирсам экан? Қўрқувдан қанчалик қизариб, қалтираётганимни тасаввур қилиб кўринг.
Хавотирим ўринсиз экан: мосъе Амел менга мулойим қаради ва эркалаб деди:
– Қани, Франц ўғлим, кирақол. Биз сенсиз дарсни бошламоқчи бўлиб тургандик.
Мен стулни ҳатлаб ўтиб, ўз жойимни эгалладим. Шундагина, қўрқувим босилганидан кейин муаллимнинг эгнидаги дабдабали яшил сюртук, бурама галстук ва бошидаги қора ипак тақяни кўрдим; у фақат инспектор ташриф буюрганда ёки мукофотлар тақдим этилаётганда шундай кийинарди. Бутун синф кўзимга ажиб ва дабдабали бўлиб кўринди. Аммо мени бошқа ҳолат ҳайрон қолдирди: кўпинча бўш турадиган орқа ўриндиқларда қўлида учбурчак мусиқа асбоби билан қария Хаузер, унинг ёнида собиқ мэр, почтачи ва бошқа қишлоқ кишилари ўтирарди. Уларнинг юзи ғамгин; Хаузернинг тиззасида четлари титилган эски алифбе, унинг устида эса катта кўзойнак турарди.
Мосъе Амел аввалгидай мулойим, лекин жиддий оҳангда ҳаммамизга мурожаат қилди:
– Болалар, бугун сизлар билан сўнгги бор дарс ўтишимиз. Берлиндан Элзас ва Лотарингия мактабларида фақат немис тили ўқитилиши ҳақида буйруқ берилди… Янги ўқитувчи эртага келади. Бугун француз тилидан охирги машғулотимиз. Илтимос, эътиборлироқ бўлинглар!
Мана шу икки оғизгина сўз мени ларзага солди. Аҳ, разиллар! Мэрия деворига илинган эълон нима ҳақида эканлигига энди тушундим.
Сўнгги француз тили дарси!..
Мен бўлсам зўрға ёза олардим! Демак, энди ёзишни яхши ўрганолмайман! Бутун умр саводсиз бўлиб қоламан! Дарсга кириш ўрнига қуш уясини ахтариб юрганим, музлаган Саара кўли устида сирпанчиқ учиб йўқотган вақтимга шунчалар ачиниб кетдимки! Бироз олдин зерикарли бўлган китоблар энди мен учун қадрдон дўстлардек бўлиб туюлди. Улардан ажралиш мен учун оғир эди. Мосъе Амел-чи?! Хаёлимда уни бошқа кўролмайдигандек эдим; унинг танбеҳлари, чизғич билан жазолашларини ҳам бир лаҳзада унутдим.
Бечора! У охирги дарс шарафига ўзининг байрамона либосларини кийганди; орқа ўриндиқлардаги қишлоқ одамларининг нима учун бу ерга тўпланишганини энди тушундим. Улар мактабга тез-тез келиб турмаганликларидан афсусда эдилар. Юз-кўзларидан муаллимнинг қирқ йиллик ҳалол хизмати учун миннатдорлик билдираётганга ўхшаб кўринишарди…
Исм-фамилиям янграганини эшитиб, хаёлим бўлинди. Жавоб бериш навбати меники эди. Қанийди, сифатдош қоидаларини баланд овозда, тутилмасдан, дона-дона қилиб гапириб бера олсам. Бироқ мен ҳаммасини чалкаштириб юбордим, оғирлигимни у оёғимдан бу оёғимга ташлаб, кўзимни ердан узолмай туравердим. Мосъе Амел менга тикилганча сўзлай бошлади:
– Мен сени койимайман, Франц ўғлим, шундоқ ҳам жазоланганингни билсанг керак… Ҳар сафар, қаёққа ҳам шошилдим, эртага ёдлайман, деб ўйлайсан. Оқибати нима бўлди? Биз элзасликлар ўқишни доимо ортга сурамиз – фожеамиз ҳам ана шунда. Сизлар ўзингизни француз деб биласиз, ваҳоланки, ўз она тилингизда тўғри гапиришни ҳам, ёзишни ҳам эплай олмайсиз. Бунда сенинг айбинг бошқаларникидан кам эмас, Франц ўғлим. Биз ўзимиздан ўпкалашимиз керак. Ота-оналаримиз ўқишларимиз ҳақида кўп ҳам қайғуравермайди. Мактабга жўнатиш ўрнига қўшимча ақча мақсадида сизларни далага ёки фабрикага ишлаш учун юборишади. Мен ўзим-чи? Мен эмасми сизларга билим бериш ўрнига боғдаги гулларни парваришлашни зиммангизга юклаган?! Мен эмасми балиқ овлагим келиб қолганда сизларни дарсдан озод қилган?!
Шундан сўнг мосъе Амел француз тили дунёдаги энг ажойиб тил эканлигини, бу тилни асрашимиз лозимлигини, чунки мустамлака халқ ўз она тили ёрдамидагина ёруғликка чиқа олишини уқтирди… Сўнгра муаллим грамматикадан маъруза ўқиди. Дарсни яхши тушунаётганимдан ўзим ҳам ҳайратда эдим. Мосъе Амел мавзуни жуда равон тушунтирарди. Авваллари, дарсни бунчалик диққат билан тингламагандим. Муаллимимиз кетиш олдидан бор билимини бизга қолдирмоқчидек эди, гўё.
Грамматикадан сўнг ёзувга ўтдик. Мосъе Амел намуна сифатида доскага чиройли ҳуснихат билан қуйидаги сўзларни ёзиб қўйди: “Франция, Элзас. Франция, Элзас”.
Синф сув қуйгандек жимжит, фақат қоғоз устида югураётган қаламларнинг қитирлашигина эшитиларди…
Мактаб томида каптарларнинг ғув-ғувлагани қулоғимга чалинди. Ўйланиб қолдим: “Ҳали уларни ҳам немисча куйлашга мажбурлаш керакдир?”
Кўзимни дафтардан узганимда мосъе Амелнинг мактаб билан қайта кўришолмайдигандек ҳар бир нарсага синчиклаб қараётганини пайқадим. Ўйлаб кўринг-а, у қирқ йиллик умрини шу мактабга бахшида этди. Эски стул ва парталар кирланиб ялтирар, ҳовлидаги каштан дарахтлари осмон қадар бўй чўзган, уларнинг тагига экилган хмел бутун деразани тўсиб турарди. Унинг учун буларнинг ҳаммаси билан хайрлашиш оғир эди. Ахир, у эртага бу ерларни бутунлай тарк этади.
Мосъе Амел дарсни охиригача етказишга ўзида куч топа олди.
Ёзув-чизувдан сўнг тарих дарсига ўтдик; кейин барчамиз жўровоз бўлиб ҳарфларни қайтардик: ба, бе, би, бо, бу. Орқа ўриндиқдаги қария Хаузар ҳам кўзойнагини тақиб, алифбени қўлида тутганча бизга қўшилди: овози ҳаяжондан титраб чиқарди; уни эшитиб йиғлашни ҳам, кулишни ҳам билмасдик. О, йўқ! Бу дарс сира ҳам ёдимдан кўтарилмайди…
Тўсатдан черков соати кун ярим бўлганини, ибодатга шошилиш кераклигини эслатгандек бонг ура бошлади. Шу онда дераза тагидан машғулотдан қайтаётган прусс аскарларининг трубалари жаранглади. Мосъе Амелнинг ранги бўздек оқарди ва ўрнидан турди.
– Дўстларим, – деди у, – дўстларим, мен, мен…
Унинг бўғзига нимадир тиқилгандай бўлди. Қўлига бўрни олиб, катта ҳарфлар билан кучининг борича қуйидаги сўзларни ёзди:
“Яшасин Франция!”
Кейин бошини эгганча стулга ўтириб қотиб қолди ва қўли билан бизга ишора қилди:
“Энди тамом… Кетинглар”.
Саиджалол Саидмуродов таржимаси
“Ёшлик” журнали, 2015 йил, 9-сон