Дагомея*да бир ўғил чақалоқ дунёга келди. Валиаҳд шаҳзодани Маду деб отасининг, яъни Дагомея қиролининг исми билан аташди. Қирол Маду жуда давлатманд киши бўлиб, унинг қўл остида ҳашаматли сарой, кўп сонли кучли қўшин, жанг ва ов қилиш учун ўргатилган филлар бор эди.
Кичик Маду ўсиб-улғаяётган Дагомея саройининг ўзига хослиги шунда эдики, унинг тўрт томонидан ҳам қуёшнинг заррин нурларидан баҳра олса бўлар эди. Мадунинг Керика исмли холаси бўлиб, доим унга ғамхўрлик қилар ва уни жуда-жуда яхши кўрар эди. Ҳатто, шаҳзоданинг ёш бўлишига қарамай овга иштиёқи баланд эканлигидан хавотирга тушиб қолган Керика хола, Мадуга ўрмондаги йирик овларда қўл келиши учун қурол ҳам совға қилди.
Фарзандининг ёшига нисбатан анча эрта кучга тўлаётганлиги ҳамда ажойиб овчи бўлиб етишаётганидан қиролнинг қалби фахрга тўлди.
Кунлардан бир куни қирол шаҳзодани ёнига чорлаб деди: “Шубҳам йўқки, жангда сенга тенг келадиган кимса топилмас, аммо жанг санъатини мукаммал эгалламоқ билан чегараланиш ярамайди”. Сен оқ танлиларнинг китобларини ўқий олишинг, уларнинг тилида ёзишни билишинг ва улар билан олтин савдо-сотиғини тўғри йўлга қўя олишинг керак. Шу сабаб амр этаман, илм олгани Париж томон йўл оласан. Ўзингга ҳам маълумки, бу оқ танлилар доим чўнтакларидаги бир парча ҳужжатни пеша қилиб, бечора қора танлиларни лақиллатишади.
Маду туғилиб ўсган гўшасини тарк этаётганидан, меҳрибон Керика холанинг парвариши-ю, айниқса, у туҳфа этган қадрли совғасидан маҳрум бўлаётганидан хомуш тортди. Устига-устак, ўзи хуш кўрмайдиган жаноб Бонфиснинг ҳамроҳ бўлиши уни батамом ташвишга солди. Бу муғомбир француз йил давомида негрлардан ўмарган олтинларни Францияга ташиб чарчамасди.
Бу сафар унга бахтли болалигининг аянчли якун топиши бўлди.
Маду ниҳоят, Парижга етиб келди ва жаноб Моронвал гимназиясига ўқишга кирди. Бадавлат қирол ўғлининг ушбу ушбу даргоҳда таҳсил олиши, гимназия довруғини кўкларга кўтаришини тасаввур қилган жаноб Моронвал Мадуни қучоқ очиб кутиб олди. Жаноб Моронвал у билан тез-тез кўнгилочар жойлар — театр ва хиёбонларга бориб турар, аммо унинг илм олишига унчалик ҳам аҳамият бермас эди.
Кунларнинг бирида жаноб Бонфис Маду таҳсил олаётган гимназияга ташриф буюрди. У Дагомеядан нохуш хабар олиб келганди. У келтирган хабарга кўра Мадунинг отаси қўшни давлат томонидан асир олинган ва энди у ортиқ қирол эмас эди.
Орадан бир неча ойлар ўтди. Мадунинг ўқиши ҳамда кундалик сарф-харажатлари учун жаноб Моронвал ҳисобига келиб тушадиган тўловлар буткул тўхтаб қолди. Иложсиз қолган Маду энди жаноб Моронвал хонадонида хизматкорлик қила бошлади. Кичик Маду жаноб Моронвал уйида тиним билмас, хизматлари эвазига эса фақат дакки эшитарди. Унинг учун Париж осмони кундан-кунга тундлашиб борар, қорли об-ҳавоси эса борган сари унга азоб берар эди.
“Оҳ, Керика, холажоним Керика, қаерлардасан?” – каби сўнгсиз саволлар Мадунинг хаёлида кеча-кундуз тинмасдан айланарди. Келиб бир кўрсанг эди, улар сенинг кичик шаҳзодангни не кўйларга солишмоқда. Бу азобларни сен тасаввурингга ҳам сиғдира олмайсан.
Дарҳақиқат, кичик шаҳзоданинг қачонлардир зебу зар билан безатилган шоҳона камзули ўрнини жулдур либослар, илгари тановул қилган тансиқ таомлари ўрнини эса Маду бир вақтлар, ҳатто ўз итларига ҳам раво кўрмайдиган ёвғон эгаллади. Боз устига у еган калтакларнинг ҳисоби йўқ эди. Энди Маду хўжайини билан илгаригидек ёнма-ён эмас, балки хизматкор қулларга хос тарзда унинг ортидан ўн қадам нарида қолиб юрарди. Об-ҳаво нечоғлик совуқ бўлмасин, бечора Маду ҳафтада икки маротаба озиқ-овқат харид қилиш учун шаҳарга чиқар эди. Бир неча ойлар илгари оиласи бағрида бахтли болалик гаштини сураётган болакай, бугун эса оч наҳор, совуқдан қалтираб, қўлида катта сават билан Париж кўчаларини паришон кезар эди.
Маду — қиролнинг ўғли эди!
Французчадан Лайло ШАМИНОВА таржимаси
________________
* Франциянинг собиқ мустамлакаси. 1960 йилдан мустақил давлат.