Ўша ерга илк бор боришим эди. Эски бўлса-да, бирмунча яроқли, аммо қулайсизлигидан «паташ» лақаби билан эл оғзига тушган, Бокер дилижансига чиққандим. Жўнаш жойидан борар жийигача катта йўл босиш «паташ»нинг чекига кўп ҳам тушавермасди. Аммо шундай бўлганда, у бутун йўл бўйи, айниқса кечқурунлари, тоза ҳаводан тўйиб-тўйиб олиш учун атайин қилгандай, секин-секин ўрмаларди. Ҳайдовчини ҳисобламасак, кўнкада беш киши эдик.
«Паташ»га минганларнинг бири жундор, қулоқларига кумуш исирға илиб олган, катта-катта кўзлари ўлжасига ўқталган йиртқич қушнинг қонталаш кўзларидек, жуссаси кичик бўлса-да, чорпаҳил одам, Камарглик отбоқар; иккитаси Бокерлик бўлиб, бирининг юзи қип-қизил, кўриниши тангада зарб этилган Император Вителиус афтидан анча чиройли нонвой, иккинчиси эса унинг куёви эканлигини гапларидан англадим. Ҳайдовчи ёнида, олдинги ўриндиқда, яна бир одам…, – йўғэ!- бир шапка, қуён терисидан тикилган баҳайбат шапка, маъюс, йўлга тикилиб борарди.
Ўша йўловчиларнинг барчаси бир-бирини танишар экан, шекилли, ўзларининг ва ўзгаларнинг саргузашталаридан баланд овоз билан бемалол гапириб келарди. Ним шаҳридан қайтаётган Камарглик бир чўпонга қандай паншаха санчиб олганини ва маҳкамада қандай тергов қилинганиини ҳикоя қилди. Камарг тарафнинг одамлари андак қизиққонли… Аммо, Бокерликлар ҳам улардан қолишмайди! Бизнинг бу икки Бокерлик Муқаддас Маъсуманинг бўй қиз ва жувон кўринишидаги тасвири борасида баҳслашиб, бир-бирларини қарийб бўғизлашди. Афтидан, нонвой Провансликлар Ҳазрати Она деб улуғлайдиган, чақалоқ алайҳиссаломни қўлида кўтариб турган, муқаддас маъбудага сиғинувчи черковда азалдан тоат-ибодат қиларкан; куёви эса, билъакс, ҳар бир бармоғидан нур таралиб турган қўлларини осилтириб турган Ҳур Қизга сиғинувчи ва аёл эгриликларини айбловчи черковда олдига китоб қўйиб олиб, ашула айтаркан. Жанжал ана шундан келиб чиқди. Бир мазҳабга мансуб бу икки насроний бир-бирларига нималар демади, Ҳазрати Она ва Ҳур Қиз бошига не бир бидъат-қабоҳатлар ёғдирмади!
-Жуда чиройли-да, сенинг, гуноҳ қилмаган, қизинг!
-Йўқол маъсума онанг билан!
-Фаластинда не бир гуноҳларга ботмади, ўша ҳур қизинг!
-Ҳеҳ, сенинг маъсуманг-чи? Ўша бадбашаранг? Эҳ-ҳе, не бир қилғиликларни қилмади… Уларга Юсуф алайҳиссаломнинг ўзлари гувоҳ.
Неапол портига, жанжалкаш одамлар орасига, тушиб қолмаганимни тушуниб етишимга фақат пичоқларнинг қинидан қалқиб, ярқирамагани имкон берди. Худо ҳақи, агар ҳайдовчи аралашмаганда, бу ажойиб теология турнири ана ўшандай якунланган бўларди.
-Ўша маъсумаларинг билан бизни тинч қўйсанларми, йўқми? –Бокерликларга пўписа қилди ҳайдовчи. Ахир, бунинг ҳаммаси аёлларнинг узоқ-узоқ ўтмиши-ку! Эркак одам ҳам аёлнинг ғийбатини қиладими?
Шундай деди-да, боши узра жаҳд билан қамчинни бир айлантириб олди. Шу зоҳатиёқ ҳамма ҳовридан тушди.
Тортишув тугаган эди; аммо жазаваси пасаймаган нонвой қолган сўзамоллигини кўрсатишга ўзида эҳтиёж сезди-да, лом-мим демасдан, ўз ўрнида ғамгин ўтирган бадбахт шапка томон ўгирилиб, масхараомиз деди:
– Ҳа, сенинг хотинингчи, чархчи?… Сении фариштанг қайси черков маъбудаси?
Бутун кўнка қаҳқаҳа отиб юборганига қараганда унинг бу гапида бир масхараомиз киноя борлигига ишонса бўларди… Фақат бир киши, чархчи, кулмади. У ўзини эшитмагандай тутарди. Буни кўрган нонвой мен томонга бурилди-да:
-Жаноб, сиз бунинг хотинини, ўша аёлни, билмайсизда. Э, асти қўяаэринг, у ибодатхонанинг антиқа қавми! Бокерда унинг хотинидай аёл биттаю битта, иккита топилмайди.
Кулги янада кучлироқ кўтарилди. Чархчи пинагини ҳам бузмади. Холос, бошини кўтармасдан минғирлади:
-Жим бўл, нонвой.
Аммо бу шайтон нонвой жим бўлиш ўрнига тилини янада қайраб, масхара гапни қайтадан дўндира кетди:
Эшак олати! Бу дўстим шундай хотини борлигидан ўкинмаса ҳам бўлади… Ахир, ўзингиз ўйлаб кўринг, хотинидан қандоқ нолисин, у билан бир фурсат ҳам бирга бўлмаса… Ҳар олти ойда унинг паривашини кимдир эргаштириб кетади. Албатта, сирли сафардан қайтган паризоднинг сизга айтадиган кўп саргузаштлари бўлади…
-Менга-ку бари бир, давом этди нонвой, фақат, бу ҳам бир антиқа касб-корми, дейманда…
-Ахир, ўзингиз ўйлаб кўринг, жаноб, бир йил мобайнида эру хотин бир тўшакда бир марта ҳам ётмасаю, хотин қурғур қайтган куниёқ ҳаё-ҳув! Қараб турибсизки, бу шўрпешананинг жуфти ҳалоли қандолат сотувчи бир бойвачча билан Испанияга жўнаб кетмоқда.
Эр бечора ўз кулбаи вайронасида сўққабош қолиб, кўз ёш тўкишдан ва аламини винодан олишдан ўзга чора тополмади… У жиннисифат бўлиб қолди. Бир мунча вақт ўтгач, паризод испан либосида товланиб, қўлида қўнғироқчали кичкина доира билан юртига қайтиб келди.
-Эрингнинг кўзига кўринма, -дердик ҳаммамиз унга, -у сени ўлдиради.
-Эвоҳ ҳолингга! Уни ўлдирди, дейсизми? -Йўқ, бу хилда хаёлларни ўйламанг… У, ҳеч нима кўрмагандай, хотини билан қайтадан қўшилди кетди. Хотини эса эрига баск доирасини дўм-дўм қилишни ҳам ўргатди.
Қайтадан қаҳқаҳа гумбурлади.Чархчи кунжакдан яна пўнғиллади:
-Жим бўл, нонвой.
Нонвой чархчининг сўзига эътибор ҳам бермади-да, унинг устидан кулишни давом эттирди:
-Балки, сиз, жаноб, ўша таннозхон тинчигандир, деб ўйларсиз… Эҳ-ҳе, аксинча… Унинг кирдикоридан эри жирканмаяптику! Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас… У эргашиб кетган эркакларнинг сони бор, саноғи йўқ. Испаниядан кейин бир зобит, иннайкейин Рона кемачиси, иннайкейин музикачи… Мен уларнинг ҳаммасини биламанми? Ҳаммаси яхши, ҳаммаси ажойиб! Бир манзара ҳар сафар такрор: хотин кетади, эр йиғлайди; хотин қайтиб келади, эр тинчийди; хотин бошқа эркак қучоғида доим бўлиб келаверади, эр ҳеч нима билмагандай уни доим хотинликка қайта олаверади. Бу эр деганнинг тоқати тоқ бўлмас эканда! Чархчининг жажжи хотини жуда-жуда гўзал, ниҳоятда хушбичим, ўйноқи, дилбар… Аёлни хаёлига келтирмайдиган кардинални ҳам тузоғига туширадиган бу нозик ниҳол оппоқ баданини кўз-кўз қилиб, жилмайганича оҳу кўзларини доим эркакларга тикиб туради. Инонинг, Парижлик жаноб, гар бир кун Бокерга қайта йўлингиз тушса…
-Уҳ! Жим бўлсанг-чи, нонвой, сендан илтижо қиламан… , – юракни ўртайдиган овоз билан яна ялинди бечора чархчи.
Шу тобда дилижанс тўхтади. Биз Анголорес қишлоғига етиб келгандик. Икки Бокерлик ўша ерда тушишди. Худо ҳақи, мен уларнинг ушланиб қолишини сира-сира истамасдим… Қандай заҳарханда бу нонвой! Масхарасининг қаҳқаҳаси қишлоқ тўридаги ҳовлисидан ҳам ҳануз эштилиб турарди.
Камарглик Арл шаҳрида тушиб қолди. Ўша одамлар кетдию, кўнкада шамол ётгандай бўлди. Ҳайдовчи ҳам қонини бир оз қимирлатиш машқида отлари билан ёнма-ён кўча бўйлаб борарди… Юқорида фақат иккимиз, чархчи ва мен қолдик. Ҳар қайсимиз ўз кунжагимизда сукут сақлаб борардик. Ҳаво иссиқ, кўнканинг чарми қизигандан қизиб борарди. Араванинг иссиқда тебратишига элиб, бошим оғирлашиб, кўзим гоҳ-гоҳ илингандай бўларди, аммо асло ухлай олмасдим. «Жим бўл, ўтиниб сўрайман» деган жуда илтижоли, жуда изтиробли сўзлар қулоғимга доим чалиниб турарди… У-чи, у бечора изтироб исканжасида! Уйқу қаёқда, ун чиқармай йиғлаб борарди… Бақувват елкаларининг титраётганига ва ўриндиқ суянчиғида осилиб турган қариянинг қўлидек қонсиз ва жонсиз қўлининг қалтираётганига кўзим тушди.
-Мана, муҳтарам Парижлик, манзилга ҳам етиб келдингиз, -деди дафъатан ҳайдовчи. У қамчисининг учи билан ям-яшил тепаликни менга кўрсатди. Тепаликда қўниб турган катта капалакдек тегирмон кўриниб турарди.
Мен кўнкадан тушишга шошилдим. Чархчининг ёнидан ўта туриб, шапкаси ёпиб турган юзига боқишга ҳаракат қилдим. У менинг ниятимни олдиндан англагандек, эгик бошини бирдан кўтарди-да, кўзини кўзимга тикиб, деди:
-Мана, мени яхшилаб кўриб олинг, ошна, -деди бўғиқ овозда, – агар кунлардан бир кун Бокерда бир киши ўзини ўзи ўлдирибди, деб эшитсангиз, мен уни билардим деб, бемалол айтишингиз мумкин.
Унинг юзи маҳзун ва сўлғин, киртайган кўзлари намли, аммо овози аламга тўла эди. Алам!… Эр кишининг ғазаби алам бўлиб қолмаслиги керак!… Фалакнинг гардиши билан мен чархчининг хотинига айланиб қолсам, албатта, ундай эрдан ҳазар қилган бўлардим…
Франсузчадан Ҳамдам Орзиқулов таржимаси