Алексей Толстой. Улуғ Пётр (роман)
1-китоб 2-3-китоб
Толстой Алексей Николаевич [1882.29.12(1883.10.1), ҳоз. Саратов вилояти, РФ — 1945.23.2, Москва] — рус ёзувчиси, жамоат арбоби. СССР Фанлар академияси академиги (1939). Петербург Технология институтида ўқиган (1901—07).
1918—23 йилларда Парижда яшаган. Илк тўплами — «Лирика» (1907). «Ғалати одамлар» насрий тўплами (1911) ва «Оқсоқ бой» (1912) романида зодагонлар ҳаёти акс этган. «Аэлита» (1922—23) ва «Инженер Гариннинг мўъжизаси» (1925— 27) илмий-фантастик романлари бор.
«Сарсонлик — саргардонликда» трилогияси («Опа-сингиллар», 1922; «Ўн саккизинчи йил», 1927—28; «Булутли тонг», 1924—41) рус зиёлилари ҳақида. «Улуғ Пётр» тарихий романи (1-китоб, 1929-30; 2-китоб, 1933-34; 3-китоб тугалланмаган)да Пётр I замонининг ижтимоий-тарихий воқеалари акс этган. Толстой шу мавзуда пьеса (1934—1938) ва киносценарийлар ҳам ёзган. Итальян фольклори мотивлари асосида «Олтин калит ёки Буратинонинг бошидан кечирганлари» китоби (1936) болаларга бағишланган.
2-жаҳон урушининг бошланиши билан аксар рус, украин ва белорус ёзувчилари қатори, Толстой ҳам 1941 йил ноябрида Тошкентга келган. У шу ерда «Иван Грозний» дилогиясининг 1-қисмини тугатиб, ушбу дилогиянинг 2-қисми «Машаққатли йиллар» (1942)ни ва «Ёвуз куч» пьесасини ёзган. «Буюк Пётр» романи ва «Сарсонлик — саргардонликда» трилогиясига эса сайқал берган. Шунингдек, совет ахборот агентлигининг мухбири сифатида марказий ва республика газеталари учун, жумладан, ўзбек халқининг уруш йилларидаги ҳаётига бағишланган публицистик мақолалар ёзган. Шу йилларда Ўзбекистондаги адабий ҳаётда фаол иштирок этган. Ойбек, Ҳамид Олимжон, Шайхзода, Иззат Султон, Яшин ва бошқа билан ижодий алоқада бўлган.
1-китоб 2-3-китоб
Асарнинг тўлиқ вариантини сақлаб олинг.