Бу минбарга ҳамма ёзувчилар чиқиши насиб қилавермайдиган, насиб қилганда ҳам фақат бир марта имкон бериладиган минбарга мен уч-тўртта тиркаб қуйилган зинапоядан чиқиб келганим йўқ. Юзлаб, балки минглаб чалаярим, ўткир қиррали, муз босган зинапояларни босиб, зулмат қаъридан ўлмай чиқиб келдим. Эҳтимол, бошқалар мендан ортиқ иқтидорли ва кучлироқ бўлганлар — ҳалок бўлишди. Улардан айримларинигина минглаб оролларга сочилиб кетган ГУЛАГ архипелагида учратдим. Таъқибларнинг тегирмон тошлари ва ишончсизлик оқибатида ҳамма билан ҳам очилиб гаплашолмадим, айримлар ҳақида фақат эшитганман, бошқа бирларини фараз қилганман, холос. Адабий ном қозониб, ўша жарликларга қулаганларнинг ҳеч бўлмаса номи қолади, аммо танилмаган, номи очиқ-ошкора айтилмаганлар қанча! Улардан деярли ҳеч ким қайтмади. Бутун бошли миллий адабиёт у ёқларда нафақат тобутсиз, ҳатто ички кийимсиз, қип-яланғоч ҳолда, оёқ бармоғига боғланган ёрлиқ билан кўмиб ташланди. Бироқ, рус адабиёти бир сония ҳам тўхтаб қолмади, четдан қараганда эса, ўлик туюларди. Ўрмон гуркираб ўсиши мумкин бўлган жойда ҳамма дарахтлар қирқилди-ю, бир-иккитаси тасодифан четда қолиб кетди.
Мен бугун ҳалок бўлганларнинг руҳлари кузатувида бошимни эгиб, уларни — мендан олдинроқ шунга муносиб бўлганларни мана бу минбарга ўзимдан олдин ўтказарканман, улар нималарни гапириши мумкин бўлганини қандай топаману, қандай ифода этаман?
Бу мажбурият бизни анчадан бери ўзига тортади ва уни Владимир Соловьёвнинг қуйидаги сўзлари билан тушунамиз: “Занжирланган ҳолда ҳам, биз, бировлар чизган давралардан ўтишимиз шарт”.
Лагернинг азобли қийноқларида, қамалганлар колоннасида турнақатор чироқлари липиллаб турган аёзли тунларда бутун дунёга ҳайқириб айтгинг келадиган ўкирик томоғинга қадалади, қани энди, дунё биттамизнинг овозимизни эшитса! Ўша пайтда дунё, бизнинг омадли бирор чопар айтадиган сўзларни эшитиб, шу ондаёқ жавоб қайтарадигандек туюларди…
Биздан адабиёт очиқ-ойдин зўравонликнинг аёвсиз зуғумларига қарши нима қила олади, деб сўрашади. Шуни унутмаслик керакки, зўравонликнинг бир ўзи яшолмайди ва яшамайди ҳам, у шубҳасиз, ёлғон билан аралашиб кетади. Булар ўртасида жуда чуқур ва табиий қондошлик алоқаси бор. Зўравонликнинг ёлғондан бошқа ниқобланадиган нарсаси йўқ, ёлғон эса фақат зўравонлик билан тирик. Кимда-ким зўравонликни ўз усули деб эълон қилдими, ўз тамойили учун фақат ёлғонни танлаши керак. Дунёга келган зўравонлик очиқ-ойдин ҳаракат қилади ва бундан ғурурланади. Сал оёққа туриб олгандан кейин ўз атрофида бўшлиқ пайдо бўлаётганини сезади-ю, ёлғонга бурканиб, унинг хушомадларига маст бўлиб юраверади. У энди тўғридан-тўғри кекирдакка ёпишмасдан, кўпинча тобелардан ёлғонга қасамни, унда иштирок этишни талаб этади.
Мардонавор оддий одамнинг оддий қадами ёлғонда иштирок этмаслик, ёлғон хатти-ҳаракатни қўлламасликдир. Ёзувчи ва санъаткорларнинг вазифаси мураккаброқ. Улар ёлғон устидан ғалаба қилишлари лозим. Ёлғон билан курашда санъат ҳамма вақт ғалаба қилган ва ғалаба қилади. Бу — ҳамма учун аён нарса. Ёлғон дунёдаги кўп нарсаларга чидаш беради, лекин санъат олдида ожиз. Ёлғонни пуфлаб салгина ўчирсанг борми, зўравонлик яланғочланиб қолади ва чириган гавдасини тутиб туролмай, қулайди. Мана, нима учун, дўстлар, биз бу ўтли соатларда дунёга мадад бера оламиз, деб ўйлайман. Қуролсизликни баҳона қилмасдан, беғам бўлмасдан, жангга чиқиш керак!
Рус тилида ҳақиқат тўғрисида айтилган кўп ҳикматлар бор. Улар халқнинг улкан тажрибасини ифода этади. Ҳайратланарлиси шуки, гоҳида биргина ҳақ сўз бутун дунёни ўзига оғдириб олади.
Менинг шахсий фаолиятим ва бутун дунё ёзувчиларига айтадиган чақириғим жисм ва қувватнинг сақланиш қонунини мана шундай хаёлан бузишга асосланади.
1970 йил
Русчадан Қудрат Дўстмуҳаммад таржимаси