Александ Пушкин. Сув париси
Китоб билан танишиб чиқишКитобни сотиб олиш (+99871) 244-87-55, 244-87-20Бошқа китобларни кўриш
Пушкин Александр Сергеевич [1799.26.5 (6.6), Москва – 1837.29.1 (10.2), Петербург] — рус ёзувчиси, янги рус адабиётининг асосчиси.
Отаси Сергей Львович кадимги дворянлар қавмидан, онаси Надежда Осиповна эса Пётр I қўлида тарбия кўрган ҳабаш — А.П.Ганнибалнинг набираси булган. Пушкинда нафис сўзга меҳр-муҳаббатнинг пайдо булишида рус халқ қўшиқлари ҳамда эртакларини яхши билган энагаси Арина Родионовнанинг таъсири, айниқса, каттадир. Ўша даврнинг энг нуфузли ўқув юртларидан бири — Петербург яқинидаги Царское село (ҳозирги Пушкин шаҳри) лицейида ўқиш (1811—17) Пушкиннинг шоир ва эрксевар инсон сифатида шаклланишида муҳим омил бўлган. Пушкин лицейни тугатгач, Петербургга кўчиб борган ва ташқи ишлар коллегиясида котиб лавозимида ишлаган. У Петербургда хизмат қилган йиллар (1817—20) Россиянинг тарихий тараққиёти учун муҳим бир давр эди.
Пушкиннинг дастлабки шеърлари 1913 йилда матбуот юзини кўрди. У лицейда ўқиб юрган кезларида 120 га яқин шеър ва 2 достон (тугалланмаган) ёзади. Лицей билан хайрлашув кечасига бағишланган шеъри эса шу кечада қатнашган Г. Р. Державиннинг юксак баҳосига сазовор бўлиб, у Пушкиннинг буюк шоир бўлиб етишишини башорат қилади. Кейинчалик Пушкин рус жамиятида уйғониб бораётган эрксеварлик кайфияти таъсирида «Эркинлик» (1817), «Чаадаевга» (1818), «Қишлоқ» (1819) сингари шеърларни яратади.
Пушкинга қадар рус шеъриятида қасида, марсия, хат сингари ҳар бир шеърий жанр классицизм томонидан белгиланган қатъий қонун-қоидалар асосида ёзилган. Пушкин лицей лирикасидан фарқли ўлароқ, Петербург даври ижодида шеърий жанрлар ўртасидаги чегаралар ва услубий фарқларни бартараф этиб, рус шеърияти тараққиёти учун янги бадиий уфқларни очиб берган («Руслан ва Людмила», 1820).
Пушкин ижодининг тадрижий йўлини шартли равишда 4 босқичга ажратиш мумкин. Агар 1813—16 йилларни ўз ичига олган l-босқичда Пушкин ўз замондошларининг бадиий тажрибасини ўзлаштирган бўлса, 2-босқич (1817—20)да Пушкин ижодининг ғоя ва мавзулар олами кенгайиб, у ўз услубига эришиш йўлида бадиий изланишлар олиб бориб, китобий тил билан жонли халқ тилини ўзаро яқинлаштирди. Шоирнинг 1820—24 йиллар ижодида (3-босқич) романтизм устуворлик қилди. Аммо кўп ўтмай, Пушкин қаҳрамонни поэтиклаштириш ва воқеликни эҳтирос билан тасвирлашда давом этган ҳолда романтик тасвир методидан чекинди. Пушкин ижодининг 1925 йилдан бошланган 4-босқичида образлар ва мавзулар кўламини чегаралашнинг ҳар қандай кўринишини рад этувчи, фикр билан туйғуни, ҳақиқатни тадқиқ этиш билан «жонли тасаввур»ни ўзаро уйғунлаштиришга асосланган реалистик тизимни ишлаб чиқди.
Пушкиннинг рус жамиятидаги эрксевар кучлар таъсирида ёзилган зулм ва крепостнойликни фош этувчи шеърлари чор ҳукуматида норозилик кайфиятини уйғотди. 1819 йилда Пушкиннинг «Яшил чироқ» тўгарагида иштирок этиши эса Александр I ни ниҳоятда ғазаблантирди. У 1820 йил майида Пушкинни Екатеринославга сургун қилди. Шоир Екатеринославга етиб келиши билан хасталикка йўлиқади ва иттифокр шу ерда қўноқда бўлган генерал Н.Н.Раевскийнинг оиласи билан бирга дастлаб Кавказга, кейин Қримга йўл олади.
Россиянинг жанубида яшаш Пушкин ижодида янги даврнинг бошланишига имкон берди. У дастлаб Ж. Байрон таъсирида романтик достонларини ёзди. Пушкин романтизмининг илк намунаси — «Кавказ асири» достони (1820—21) 20-йиллардаги эрксевар ёшлар кайфиятини ифодалагани учун улар ўртасида катта муваффақият қозонди. Пушкин воқеликни романтик бўёқлар билан тасвир этишда давом этиб, «Ака-ука қароқчилар» (1821—22) ва «Боқчасарой фонтани» (1923) достонларини яратди. «Лўлилар» достони эса Пушкиннинг ижодий тадрижида рўй берган жиддий бурилишнинг самараси бўлди. Пушкиннинг романтик достонлари ва шу йиллар лирикаси («Демон», «Денгизга» ва б.) ягона ғоявий-бадиий йўналишга эга бўлиб, улар психологик тасвирнинг теранлиги, руҳий олам, табиат ва теварак-атрофдаги ҳаётий ҳодисалар ўртасидаги алоқаларнинг ранг-баранглиги билан ажралади.
1824 йил Пушкин хизмат вазифасидан озод этилиб, Михайловское қишлоғи (Псков)га сургунга юборилади. Иккинчи марта тазйиққа учраган шоир қисқа муддатли руҳий эзилишдан сўнг мутолаага берилиб, шу атрофдаги аҳолининг эртак ва қўшикларини тўплайди, «Борис Годунов» трагедияси (1825), «Граф Нулин» достони, «Қуръонга татаббу», «Андрей Шенъе», «19 октябрь» ва бошқа машҳур шеърларини ёзади, «Евгений Онегин» шеърий романи устидаги ишни давом эттиради. «Борис Годунов» Пушкиннинг драматургия соҳасидаги дастлабки тажрибаси бўлсада, шоир унда Шекспир анъаналарига таянган ҳолда драматик санъатнинг янги йўлларини кашф этади, халқ билан ҳокимият ўртасидаги муносабатни асар марказига олиб чиқади. «Борис Годунов»ни яратиш асносида ишлаб чиқилган бадиий тамойиллар (тарихийликка интилиш, инсоний кечинмаларни барча ранглари билан мужассамлаштириш, характерларга хос ҳаётий мураккабликни очиш ва б.) Пушкиннинг кейинги ижодида ўз самараларини берди.
20-йиллар охири — 30-йиллар бошларида Пушкин ижодида реализм тантана қилиб, у «Граф Нулин»дан ташқари, «Полтава» (1828—9), «Коломнадаги уй» (1830), «Мис чавандоз» (1833) достонлари ва кейинчалик шоирнинг «кичик трагедиялар»ини ташкил этган баъзи бир пьесалари ҳамда насрий асарлари («Белкин қиссалари», «Капитан қизи» ва б.)ни яратади. Пушкин шу даврда лирикада бадиий реализмнинг юксак босқичига эришади.
20-йилларнинг 2-ярмида Пушкин «Евгений Онегин» устидаги ижодий ишини давом эттирди. Шеърий романнинг 1833 йилда тўла ҳолда нашр этилиши рус адабиёти тарихида улкан воқеа бўлди. Гарчанд шеъриятнинг бу жанри рус адабиётида кейинчалик изчил давом эттирилмаган бўлсада, бу асарда кашф этилган янги реалистик тасвир методи ва янги эстетика тамойиллари рус адабиётининг кейинги тараққиёти учун ғоят катта аҳамиятга молик бўлди. Пушкин асарда полифоник тасвир усулининг шундай йўлларини топдики, улар воқеликни кенг қамраб олиш, муҳим ҳаётий муаммоларни тасвир доирасига олиб кириш, эпик ва лирик ибтидоларни узвийлаштириш имконини берди. Натижада романда Пушкин яшаган даврнинг муҳим масалалари ўз инъикосини топди, ўша даврда кенг тарқалган кишилар характери тарихий, ижтимоий ва маиший шароит фонида зўр маҳорат билан тасвир этилди.
Пушкин 1830 йил кузини Болдино қишлоғида ўтказди. Рус адабиёти тарихига «Болдино кузи» сифатида кирган бу даврда шоир «Коломнадаги уй» достони, «Белкин қиссалари», шунингдек, бошқа «кичик трагедиялар»ини ижод қилди. Бу асарларнинг ҳар бири, айниқса, «Хасис рицарь», «Ўлат чоғидаги базм», «Тош меҳмон», «Моцарт ва Сальери» «кичик трагедиялар»и оламшумул аҳамиятга молик масалаларни кўтарганлиги билан Пушкин ижодида алоҳида бир саҳифани ташкил этади.
Пушкин 1831 йил ёзида шароит тақозоси билан давлат идораларида ишлашга мажбур бўлади. У ташки ишлар коллегиясида хизмат қилар экан, давлат архивида ишлаш имкониятидан фойдаланиб, Буюк Пётр тарихини ёзмоқчи бўлади. Архивда ишлаш Пушкинга Россиянинг тарихи ва ҳозирги давридаги мураккаб масалаларни тўғри тушунтириш имконини беради. У сиёсий тузум, «янги маърифат», Европа мамлакатлари моҳияти тўтрисида ўйлаб, танқидий хулосаларга келади ва феодал тузумнинг чириганига ишонч ҳосил қилади. Пушкиннинг «Мис чавандоз» достони унинг дунёқарашида рўй берган ана шундай ўзгаришларнинг натижаси сифатида майдонга келади. Россиянинг янги, капиталистик тараққиёт босқичига ўта бошлагани Пушкиннинг «Пиковая дама» (1833) қиссасида ўз тажассумини топган.
Пушкин 30-йиллар Россия тарихи билан қизиқиб, Пугачёв қўзғолонининг пайдо бўлиш сабабларини қунт билан ўрганди, қўзғолон содир бўлган жойларга бориб, рус халқ қўшиқлари, эртак ва ривоятларни ёзиб олди. Пушкин Пугачёв қўзғолони ҳақида тўплаган бу материаллардан «Пугачёв тарихи» асари (1833), «Дубровский» (1832—33) ва «Капитан қизи» (1833—36) қиссаларида самарали фойдаланди. Рус халқ оғзаки ижоди намуналарига қизиқиш натижасида Пушкиннинг «Поп ва унинг хизматкори Балда ҳақида эртак» (1830), «Шоҳ Султон ҳақида эртак» (1831), «Балиқчи ва балиқ ҳақида эртак» (1833), «Олтин хўрозча ҳақида эртак» (1834) сингари фольклор мотивлари билан суғорилган асарлари майдонга келди ва бу асарлар Пушкин ижоди даги халқчилликнинг янада ошишига сабабчи бўлди.
Пушкин 1831—32 йилларда дўстлари томонидан нашр этилган «Литературная газета» («Адабиёт газетаси»)да фаол иштирок этиб, адабиётда халқчиллик ва реализмнинг тантана қозониши учун курашди. Узоқ давом этган саъй-ҳаракатдан сўнг 1836 йил апрелида «Современник» («Замондош») журналининг 1-сонини чиқаришга муваффақ бўлди. Пушкиннинг рус адабиёти олдидаги хизматлари буюклашган ва ижодий фаолияти янгиянги қирралар касб этиб боргани сайин унинг атрофидаги қора кучлар тобора бирлаша ва фаоллаша бошладилар. Шунинг натижаси ўлароқ унинг Ж.Дантес билан дуэли уюштирилиб, улуғ рус шоири ҳалок этилди.
Пушкиннинг рус маданияти такдиридаги роли бениҳоя буюк. У янги рус адабиётига асос солиш билан бирга рус адабий тилининг ҳам шаклланишига улкан ҳисса қўшди. Рус адабиётида реализм ва халқчиллик тамойилларининг, қатор шеърий жанрларнинг шаклланиши ва тараққиёти Пушкин номи билан чамбарчас боглик,. Пушкиннинг ранг-баранг ижоди нафақат кейинги рус адабиёти, балки мусиқа, театр, балет, рангтасвир сингари санъат турларининг ҳам ривожланишига катта таъсир кўрсатди. Бошқа қардош адабиётлар қатори 20-аср ўзбек адабиётининг тараққиётида ҳам Пушкин ижодининг таъсири сезиларлидир.
Тошкентда Пушкин номида кўча, майдон бор. Пушкиннинг туғилган кунига 170 йил тулиши муносабати билан 1969 йил Тошкент шаҳрида шоирга ҳайкал ўрнатилган. (Наим Каримов)
Китоб билан танишиб чиқишКитобни сотиб олиш (+99871) 244-87-55, 244-87-20Бошқа китобларни кўриш
Асарнинг тўлиқ вариантини сақлаб олинг.
Асарнинг тўлиқ вариантини сақлаб олинг.
Асарнинг тўлиқ вариантини сақлаб олинг.