Шу кунларда Монте Мариодаги овчилар емакхонасига қайтиб бораман, фақат бу сафар ёлғиз эмас, дўстларим билан қайтаман, улар одатдагидек якшанба куни аккордеон чалишади, рақсга тушишга қиз топилмаса, бир-бирлари билан ҳам тушишаверади. У ёққа ёлғиз боришга журъатим етмайди. Баъзан тунлари тушимга емакхона, дарахтлар орасидаги столлар устига тушаётган илиқ май ёмғири, қовоғи солиқ дарахтлар, уларнинг тепасидаги булутлар ва узоқ-узоқлардан кўринаётган Рим манзараси кирарди. Тушимда емакхона хўжайинининг овози чалингандек бўлар, худди ўша тонгдагидек ертўладан “Дирче! Дирче!” деган жаҳлдор товуш эшитиларди. Дирче менга ишора қилади-да, пастга, ертўлага қараб зинапояда тапиллаб тушиб кетади.
Бу ерларга тасодифан қишлоқдан келиб қолгандим; менга емакхонада официант бўлиб ишлашни таклиф қилишди. Яшашим учун хона ҳам беришар экан. Яхшилаб ўйлаб кўрдим ва ишлашга рози бўлдим. Пул беришмаса ҳам майли, улар билан бир оила бўлиб яшасам бўлгани. Афсуски, бу ерда аҳил оилани эмас, нақ жаҳаннамни учратдим. Емакхона хўжайини бўғирсоқдек дўмбоқ эди. Оппоқ, майда ажин босган юзи баркашдек, кўзлари кичкина, илонникига ўхшар, эгнида ҳар доим енгли кўйлак ва камзул, кулранг шапкани кўзларигача бостириб олганди. Қизининг исми Дирче, феъли отасиникидан бешбаттар, қайсар, аммо чиройли эди: жуссаси кичкина, лекин чайир, юрганида сонлари силкиниб юрарди. Юзи чўзинчоқ, кўзлари ва сочи қора, ранги совуқ, бўздек оқ эди. Оилада фақат онаси яхши одамга ўхшарди: ёши қирқларга борган бўлса-да, отмиш ёшли кампирдек қари кўринар, озғинлиги, қирра бурни ва сийрак сочлари уни қари кўрсатарди; бу аёл ғалатироқ эди, ҳар ҳолда ўчоқ бошида туриб, оғзи қийшайиб, соқовдек жилмайиб туриши ғалати эди; ўгирилганида оғзидаги икки ёки учта тиши кўринарди.
Айвони кўчага қараган емакхонанинг тепасига сариқ рангда “Антонио Токкининг овчилар емакхонаси” деб ёзилган. Хиёбон бўйлаб келгач, дарахтлар остидаги столларда ўтириб, Римнинг ажойиб манзарасини томоша қилиш мумкин. Емакхона биноси оддий, деворлари дағал, бир-иккита деразаси бор, томи черепица билан қопланган. Ёз мавсуми мижозлар йиғиладиган энг яхши вақт; одамлар эрталабдан то ярим тунгача емакхонадан аримасди; турли оилалар, севишганлар, дўстлар давраси столга ўтириб, Токкининг мазали таомларини тановул қилишар, мусалласни симириб, манзарадан баҳра олишарди. Иш кўплигидан нафас ростлашга вақт йўқ: биз елиб, мижозларга хизмат қиламиз, икки аёл эса тинмай овқат пиширар ва идиш-товоқларни юварди. Кечқурун ҳаммамиз итдек чарчардик ва тўғри ётоқхонага кетардик. Ота ва қиз бири-биридан нафратланишар, нафрат ҳам майли-ку, бир-бирини ўлдириб қўйишга тайёр эди. Отаси бир гапда туриб олар, зиқна ва аҳмоқ эди, пайт туғилди дегунча қизига қўл кўтарарди; қизи эса тошдек қаттиқ, писмиқ, тили узун ва сурбет эди. Балки улар бир-бирини қони битта бўлгани учун ҳам ёмон кўрар? Йўқ, бу ерда бошқа сабаб бор, яъни ҳамма гап бир-бирига зид манфаатларда. Қизининг фикрича, улар Рим манзараси кўринадиган сўлим гўшадан иложи борича унумли фойдаланишлари керак эди. У отасидан емакхона учун рақс саҳнаси қуриб беришни, оркестр ёллашни, бизларга Венеция шарларини остириб, уйни ресторанга айлантиришни сўрарди. Аммо ота қизининг гапига кирай демасди, хасис ва янгиланиш душмани эди у; қизига енгилиб, таклифини қабул қилишдан кўра уни бўғизлаб қўйишга тайёр эди. Ота ва қиз ўртасидаги жанжаллар ҳар доим стол атрофида содир бўларди: қизи отасини койиб, хафа қилар, ҳатто шахсиятига тегарди, отаси эса овқатланаётиб кекирар, сўнг қизини бўралаб сўкиб кетарди; қиз уни тинч қўймасди; отаси бунга жавобан тарсаки туширарди. Тарсакининг аччиқ таъсири Дирченинг юзида дарров билинар, лабини тишлаб, кўзини қисарди. Аммо бу тарсаки унинг учун худди гулга сачраган совуқ сувдек оддий ҳол эди: унинг ғазаби янаям кучаярди. Шунда отаси унинг сочларидан чангаллаб пастга судрарди. Товоқлар, стаканлар чилпарчин синар, онаси эса уларнинг орасига тушарди, аммо ўшанда ҳам онасининг тишсиз оғзидан ўша беъмани жилмайиш кетмасди; бунақа пайтларда ғазабдан ичим ёниб, ташқарига чиқардим ва Камиллуччага олиб борадиган катта йўлда сайр қилардим.
Бу ердан аллақачон кетворган бўлардим, аммо кутилмаганда Дирчени севиб қолдим. Ўзимни худди қопқонга тушгандай ҳис қилдим, ундан қутулиш учун қанча уринмай, тишлари этимга янаям қаттиқроқ ботарди. Дирче аввал бошданоқ мен билан яқинлик қилиш ниятида бўлган, келган кунимдаёқ, ухлаётганимда хонамга кирганди; шундан кейин унга бўлган бефарқлик эҳтиросга айланди. Бизда севишганлардек ўз муҳаббатини изҳор қилиш учун қўл ушлашлар, меҳрли қарашлар, ширин сўзлар бўлмаган; у мақсадига эришиши учун ҳар қандай йўлга тайёр эди. Йўқ, уни бузуқ қиз демоқчимасман, у жасур, такаббур ва бокира эди. Фақат мени деб номусидан кечди, шунинг учун ҳам унинг қопқонига илиндим.
Мен табиатан сабр-тоқатли, мулоҳазали одамман, аммо бирмунча зўравон ҳамман, агар кимдир жаҳлимни чиқарса, бирпасда қоним қайнаб, қизариб кетаман. Сочим малла, юзим оқ, аммо жаҳлим чиқса, қизариб кетади. Дирче нега ҳадеб жиғимга тегаётганини тез орада билиб олдим: мени отасига гиж-гижлаётган экан. Унинг айтишича, мен қўрқоқ эканман, отаси унга тарсаки тушириб, сочларидан тортганда, ҳатто бир марта бўлганидек, ерга итариб, тепа бошлаганда ҳам индамай турарканман. Албатта, унинг гапларида жон бор эди: бир-биримизни севардик, мен уни ҳимоя қилишим керак эди. Аммо унинг асл мақсади нимада эканини яхши билардим; жаҳл устида “қўрқоқ” деб ҳақорат қилиб, жаҳлимни атайлаб чиқаришга уриниши, агар жаҳлим чиқса унга нима дейишимни кутиб туришини сезиб турардим, унинг бу қилиғи ғашимга тегарди. Бир кун суҳбатимиз мавзусини ўзгартирдим: “Агар турмуш қурсак, икковимиз бирга яшаймиз, кейин ресторан очамиз”, дедим. Гапларимдан хурсанд бўлиб, мулойим, ёқимтой бўлиб қолди. Бу онлар муҳаббатимизнинг энг яхши дамлари эди; аммо кўп ўтмай у ўзгариб қолди, уни таниёлмай қолдим, шунда “бу ерда бир гап бор” деб ўйладим. Бир кун у: “турмуш қурамизми-йўқми, бир нимага умид қилолмаймиз, барибир отам бизни тинч қўймайди”, деди; кейин ичида ўйлаганини айтди-қўйди: “Биз уни ўлдиришимиз керак!”. Унинг бу дангал гапи биринчи келган кунимда кечаси хонамга тақиллатмай, уялмай кирганидаги онни эслатди: ўртага шундай таклифни ташлади-ю кетди, ўйлаб олишим учун мени ёлғиз қолдирди.
Кейинги кун унга адашётганини, унинг бу жиноятига шерик бўлмоқчи эмаслигимни уқтирдим, у эса менга ҳозироқ уйдан кетишимни ва у учун энди йўқлигимни айтди ва ўша кундан бошлаб менга қарамай қўйди. Дирче билан деярли гаплашмасдик, уларни четдан кузатсам, қизининг бундайлигига отаси айбдорлигини англардим. Отаси ҳар куни атайлаб Дирченинг жаҳлини чиқарарди.
Май ҳам кириб келди, бу паллада одамлар емакхонада вино ичиб, ловияли таом ейишади; аммо тинмай ёмғир ёға бошлади, шунда емакхонага ҳеч ким келмай қўйди, хўжайиннинг кайфияти бузилди. Бир куни эрталаб, у стол атрофида ўтириб, товоқни орқага сурди-да:
– Бу жирканч нарсани атайлаб беряпсанми?! – деди.
– Агар истаганимда овқатингизга заҳар солган бўлардим, – жавоб қайтарди Дирче.
У қизига бир мушт туширганди, зарбидан Дирченинг сочидаги қисқичи учиб кетди. Ташқарида ёмғир ёғаётгани учун хона бироз қоронғи эди, Дирченинг пахтадек оппоқ юзи қотиб қолди, сочлари ёйилиб кетди. Токкига:
– Бас қилинг! – дедим.
– Бу сенинг ишинг эмас, – деди у менга бироз ажабланиб қараб. Чунки уларнинг жанжалига илк бора аралашгандим. Ўшанда довдираб қолдим, кўнглимда: “Ожиз қизни ҳимоя қилишим керак”, деган фикр уйғонди, аммо ота ва қиз ўртасига тушиш осон эмасди. “Агар жанжалга аралашсам, қизни яна ўзимники қиламан, бу менинг ёлғиз имкониятим”, деб ўйладим.
– Уни тинч қўй, билдингми, уни уришингга йўл қўймайман, – дедим Токкига. Оловдек ловуллаб, кўзларим қонга тўлди… Дирче стол тагида қўлимдан ушлади, шунда яна унинг меҳрини қозонганимни тушундим.
Отаси ўрнидан туриб:
– Ҳали сенга кўрсатиб қўяман, тирранча! – деди.
Токки юзимга урганди, столдаги стаканни олиб, ичидаги винони афтига сепиб юбордим. Бу ишни анчадан бери қилгим келиб юрувди, кирдикоримдан роса роҳатландим, бир вақтнинг ўзида Токкидан янаям кучлироқ нафратландим. У ҳўл башарасидан вино томаркан анграйиб қолди, мен эса зинадан юқорига чиқиб кетдим. Ортимдан унинг:
– Сени ўлдираман, мишиқи гадой, – деганини эшитдим. Хонани ичкаридан қулфладим-да, дераза ёнига бориб ёмғирни кузатдим, кейин жаҳл устида тортмадан пичоқни олдим-да, дераза токчасига санчдим, зарб билан урилган пичоқнинг тиғи синиб кетди.
Шундай қилиб, Дирче иккимиз режамизни пухта ўйлаб чиқдик, унинг отасини қаерда, қачон, қандай йўл билан ўлдиришни келишиб олдик. Токки бир кунлик винони олиш учун эрталаб ертўла зинасидан пастга тушади, Дирче катта шишани кўтариб у билан бирга боради. Вино сақланадиган жойга деворга маҳкамланган етти пояли нарвондан тушилади. Токки ертўлага тушгач, эгилиб шишага вино қуяётганда, мен косов билан унинг бошига орқа томондан ураман. Сўнг нарвонни олиб ташлаймиз ва ҳаммага Токки ертўлага йиқилиб, бўйнини синдириб ўлган деймиз. Отасидан ғазаблансам-да бу ишга қўл уришга юрагим бетламаётганди. Дирчега:
– Буни фақат сен учун қиламан ва ҳеч нарсадан қўрқмаслигимни исботлайман, аммо кейин бу ердан бош олиб кетаман ва ҳеч қачон қайтмайман, – дедим.
У эса:
– Бу иш қўл қовуштириб ўтиргандан минг марта яхши, агар кетиб қолсанг… ундай қилма, сени жуда севаман, сени йўқотишни асло истамайман, – деди. У эҳтиросларимни қандай аланга олдиришни, ва менга таъсир этиш йўлларини яхши биларди.
– Отангни ўлдирсак, бирга яшаймиз ва ресторан очамиз, – дедим.
Ниҳоят, ўша кун етиб келди. Одатдагидек Токки Дирчега вино учун катта шишани олишни буюрди-да, емакхона ичкарисидаги ертўла эшиги томон кетди. Дирче идишни олиб, отасига эргашди; тушишдан олдин, мен томон бурилди ва бош силкитди. Ўчоқ олдида ўтирган онаси бизни кўриб ҳайратдан анқайиб қолди. Столдан турдим, онаси ўтирган ўчоқ томон бориб, ерда ётган косовни олдим. У менга ғалати қаради ва бир нимани сезгандай бўлди, аммо чурқ этмади. Ертўладан Токки: “Дирче! Дирче!” деб қичқирди. Дирче отасига: “Кетяпман!” деди. Дирчени охирги марта кузатиш менга роҳат бағишлаганини эслайман: зинадан одатдагидек шахт билан қадам ташлаб тушиши, тўсин тагидан кўринган оппоқ бўйни…
Шу пайт, емакхонанинг боғга қараган эшиги очилди ва ичкарига елкасига қоп ортган эгни шалаббо бир кимса кирди. У извошчи экан. Менга:
– Болакай, қарашиб юбор! – деди. Қўлимдаги косов билан унга эргашдим. Емакхонага яқин ерда, бир молхона қурилаётган экан, тош ортилган арава дарвоза ёнида лойга ботиб қолибди, от эса жойидан жилолмай турибди. Бундан извошчининг ғазаби қайнарди, қўлимдаги косовни йўлка четидаги устунга қўйдим, иккита тошни ғилдирак тагига тиқдим-да, аравани итара бошладим; извошчи отнинг юганидан ушлаб, олдинга итарди. Устимизга жала қуйяпти, яшил ва қалин маржон бутаси, акация гулларининг ҳидлари димоққа уриларди; арава жойидан сира жилмас, извошчи эса бўралаб сўкарди. Шунда у калтакни олиб, отни савалади, сўнг баттар жини қўзиб, йўлка устунидаги косовни олди. От унинг кўзига бало бўлиб кўринди. “Ҳозир уни ўлдиради” деб ўйладим ва “Ҳой, косовни жойига қўйинг”, деб бақирдим. Агар отни ўлдириб қўйса, менда айб йўқ. Танамни эгаллаб олган ва мени восвос қилиб қўйган ўша ғазаб бирданига извошчига ўтиб қолганди; у ўзини арава шотисига урди ва уни яна итарди, қимирлатолмагач, косов билан отнинг бошига бир урди. Бунга чидолмай, кўзимни юмиб олдим, у уришда давом этди, мен эса ўзимни енгил ҳис қилдим, ҳатто ҳушимни йўқотгандай бўлдим, кейин кўзимни очдим, от ҳолсизликдан ерга тиз чўкди, извошчи уни савалашда давом этарди, отни турғазиш нияти йўқ, уни ўлдирмоқчи эди. Бирдан от ён томонга йиқилди, оёқлари тепага кўтарилиб, жонсиз боши лойга тушди. Извошчи ҳансирарди, юзида ғазаб ўти сўнмаган, темирни ерга ташлаб, отни қаттиқ силтади. Йўқ, ачинаётганидан силтамади: у отни ўлдириб қўйганини яхши биларди. Извошчининг ёнидан ўтдим ва унга тегиб ўтирмай, катта йўлга чиқиб кетвордим. Римга борадиган трамвайни кўрдим-да, ортидан югуриб чиқиб олдим, шунда охирги бор дарахтлар орасидаги, май ёмғири ювган “Овчилар емакхонаси, хўжайини Антонио Токки” деган лавҳага кўзим тушди.
Итальян тилидан Аброр Умаров таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2017 йил, 8-сон