Алберто Моравиа. Исрофгар (ҳикоя)

Хотиним иккаламиз мудом пулнинг устидан жанжаллашар эдик.
Менинг электр плиталар ва бошқа иситгичлар ҳамда турли электр маҳсулотлари сотадиган дўкончам бор эди. Дўкон Сан-Жованни каби киборлар яшайдиган макондан жуда узоқ ҳудудда жойлашган эди. Шу боисдан мен даромадимнинг ошиб боришига ҳеч қачон қатъий ишонмаганман.
Тўғриси, менинг битта плитани қирқ минг лирга сотган бахтли кунларим ҳам бўлган, лекин лампочкани уч юз лирга сотган ва кун узоғи ҳеч нарса сота олмаган кунларим ҳам бўлган. Аммо Валентина буни тушунишни сира ҳам хоҳламас эди. У мени шунчаки зиқна деб ҳисоблар эди. Менинг хасислигимнинг ифодаси шу эдики, мен топаётган маблағимизга яраша харажат қилиб зориқмасдан яшаш мақсадида кирим-чиқимни тартиб билан ёзиб борар эдим. Кирим бўлмаган кунлари харажатни қисқартирсам у жазавага тушиб:
– Қурумсоқ… мен қоқбошга турмушга чиқибман! – дея айюҳаннос солар эди.
Мен унга:
– Нега мени қурумсоқ дейсан? Сен ахир менинг ишларим қандай бораётганини билмайсан-ку… Нега сен бирор марта дўконга ёки банкка бормайсан? Ўшанда сен менинг нимани сотганим ва нимани сота олмаганимни ўз кўзларинг билан кўрар эдинг. Банкдаги ҳисобим кун сайин камайиб бораётганини билар эдинг… – дер эдим.
Бунга жавобан у дўконга боришни хаёлига ҳам келтирмаслигини, у майда савдогар эмас, давлат хизматчисининг қизи эканини айтар эди. Шунингдек, банкда ҳам қиладиган иши йўқ, негаки, бунақа ишларни мутлақо тушунмайди, уни ўз ҳолига қўйишдан бошқа чора йўқ эди. Кейин у бир оз муросага келган оҳангда:
– Билмадим, Аугусто, балки сен ҳақиқатан нима топаётган бўлсанг, ўшани сарфлаётгандирсан, ҳақиқатан қарзга ботиб бораётгандирсан… Шундай бўлса ҳам… сен зиқнасан… Ахир қурумсоқ нарса харжлашни хоҳлайдиган одам эмас, сарфлашни хуш кўрмайдиган одам ҳисобланади.
– Менга харжлаш ёқмайди деган гапни қаёқдан олдинг?
– Сен ҳар доим пул чиқараётганда юзинг шундай бўлади…
– Қандай бўлади?
– Қурумсоқнинг юзига ўхшаб қолади.
У вақтларда мен хотинимни севар эдим: оқ-сариқдан келган тўлагина, ёшгина, кўзни ўйнатадиган Валентина менинг орзу-ҳавасларимнинг юксак чўққиси эди. Унинг кун узоғи уйда бекорчи ўтириб, америка сигаретаси тутатиб комикслар ўқиб ётиши, дугоналари билан кинома кино юришини муҳокама қилиш ўша кезларда хаёлимга ҳам келмас эди. Мен Валетинани шунчалар севар эдимки, ҳар қандай ҳолатда уни оқлаб, ўзимни айбдор деб билар эдим. Зиқналик масаласига келсак, у – инсоннинг нафсониятига тегадиган айблов, Валентина эса мени бу нуқсон билан шунчалик кўп айблар эдики, охир-оқибат мен бунга ишониб қолдим ва ўзимни хасис бўлсам керак деб ҳисоблай бошладим.
– Хасислик ҳақида етар… Қизғанчиқманми, бошқами, ҳар ҳолда биз қанча пул сарфлаш имконига эга эканимизни яхши биламан, – дея уни гап билан уриб ташламоқчи бўлардим.
Аммо, унга “Ана зиқна!” деган сўзни истеъфода этишнинг ўзи кифоя эди. Шундан қўрқиб дарҳол чўнтагимда бор пулни чиқариб, ғинг демасдан берар эдим. У менинг ана шу заиф жиҳатимни яхши билиб олган эди ва асло ўз ҳолимга қўймас эди.
– Аугусто, менинг ҳам радиоприёмнигим бўлишини жуда ҳам орзу қиламан… Ахир ҳамманинг радиоси бор-ку.
– Аммо, Валентина, у жуда ҳам қиммат-у.
– Хўп, қизғанмагин, наҳотки, банкда шунча пулинг бўла туриб шугинани мендан аясанг?
– Майли, радио оламиз.
Ёки у:
– Аугустио, мен шундай чиройли туфли кўрдим!.. Уни олишга пул берасанми?
– Яқиндагина икки жуфт туфли олган эдинг-ку
– Улар сандалет эди… Хўп, де, қизғанмай қўяқол!
– Яхши, ма, пул.
Умуман, у мени индамасдан пул чиқаришга мажбур қиладиган воситани топганди ва бундан усталик билан фойдаланар эди. Унга пулни менинг зиқнамас, сахий эканимни бир кун тушуниб етади деган умидда берар эдим. Амалда мен унга қанча кўп пул сарфласам, у мени зиқналикда шунча кўп айблаётган эди. Балки у ғуруримни сақлаб қолиш учун унинг харажатдан қочмаётганимни, бу билан унинг мен ҳақдаги фикрини ўзгартиришга уринаётганимни, ўжарлик билан мени зиқна дейишига барҳам бериш учун бу ишни қилаётганимни билгандир. Аммо саркашлик отидан тушишни у истамаётган эди. Эҳтимол, у мени аҳмоқона тарзда хасисликда айблар экан, ростдан ҳам мени қурумсоқлик қилиб пулларини қаерларгадир яшириб, даромадини ошириб юрибди деб ўйлагандир.
Тан олиб айтаманки, менга сарф-харажат қилиш ёқмайди, бу борада у ҳақ эди. Менга бунинг ёқмаслигининг сабаби, яна қанча пулимиз бору қанча вақтга етишини, харажатларимиз шу тахлит давом этса тез орада ҳеч нарсамиз қолмаслигини яхши билар эдим.
Мен уйланган вақтимда моддий аҳволим бинойидек эди, савдодаги айланмам ҳам яхши эди, банкда миллион лирга яқин пулим бор эди. Энди эса қанчалик тиришиб ҳаракат қилмайин, банкка пул қўйиш у ёқда қолиб, у ердаги пулларимни ҳам олиб тугатаёздим. Йиғилган пулларимни сақлаб қола олмаётгандим – улар кун сайин “эриб” битиб бораётган эди. Дастлаб ҳисоб дафтарчамда тўққиз юз минг қолди, кейин саккиз юз, кейин етти юз ва ниҳоят олти юз. Киримимиздан чиқимимиз ортиб бораётганди. Шу кетишда давом этсак, узоғи билан бир йил ичида банкдаги ҳисобимиз бўшаб қолиши тайин эди. Мен ўзимга камида беш юз минг лирга келганда харажатни кескин тўхтатиш ҳақида сўз бердим ва бу ҳақда Валентинага айтишга қарор қилдим. Ростини айтсам, мен бу дақиқани ўта ҳаяжонланиб кутдим. Агар ҳозир сўзимда қатъий тура олмасам, кейин буткул хароб бўлишимни билар эдим. Бироқ вақт ўтаётганди ва ҳисобимиз чўғи пасайиб бораётганди. Олти юз минг лир, кейин беш юзу эллик ва ниҳоят беш юз йигирма беш минг лир.
Ана мен эрталаб банкка бориб йигирма беш минг лир олдим-да, уйга қайтиб келиб Валентинага:
– Мана қара, йигирма беш минг лир, – дедим.
– Нега мен унга қарашим керак? Сен уни менга совға қилмоқчимисан? – дея сўради у.
– Йўқ, мени уни сенга совға қилмоқчи эмасман…
– Албатта… Сендан совға!.. Бу лекин қойилмақом иш бўларди!
– Шошма… сен барибир бу пулга қарашинг керак, чунки бу охирги пулимиз.
– Мен сенга ишонмайман.
– Аммо бу рост.
– Сен шу билан банкда бошқа пулим қолмади, демоқчимисан?
– Йўқ, яна озгина қолди, аммо у менинг савдо ишимга керак бўладиган озгина сумма. Агар биз у пулни ҳам сарфлаб қўйсак, дўконни ёпишга мажбур бўламан.
– Ана кўрдингми, сенинг пулинг бор. Хўш, нима учун мени ташвишга солмоқчи бўляпсан? Мени ўз ҳолимга қўй… яна сени хасис деб аташимга мажбур қилма.
Мен ўзимни хотиржам тутишга ҳаракат қилдим. Аммо мени қурумсоқликда айблашни эсга олиши мени қутуртириб юборди.
– Мен зиқна эмасман… Биз мен топаётгандан кўп харажат қиляпмиз… мана гап қаерда… Нима учун сен дўконга кирмайсан ёки банкка бориб ҳисобимиз билан қизиқмайсан?
– Ай, ўша дўконинг ва банкинг билан бирга даф бўл, нимани хоҳласанг ўшани қил. Агар сенга қизғанчиқлик ҳузур бағишласа – ҳақиқий қурумсоқ бўл, фақат мени тинч қўй.
– Овсар!
Мен уни турмуш қурганимиздан бери биринчи марта сўкиб юбордим. Балки сиз ёнпб турган гугурт донасини керосинга яқинлаштирганда керосиннинг қандай сакраб ўт олганини кўргандирсиз. Ҳамиша вазмин ва ҳатто совуққон кўринган Валентинам шундай ловуллаб кетди. У мени ҳақорат қила бошлади, қанчалик кўп ҳақорат қилса, шунча кўп янги сўкишларни топар ва бу сўкишлар худди узилган олчадек бир-бирига боғланиб кетар эди. Ҳозир Валентина менга сочаётган заҳар кўп вақтдан бери менга қарши унинг кўнглида йиғилиб келгани аниқ эди. Бу шунчаки “ярамас, пасткаш, разил” каби жаҳл чиққанда айтиладиган, аммо ҳеч кимнинг юрагига ботадиган даражада хафа қилмайдиган эркакча сўкишлар эмас эди. Бу фақат аёлларга хос ўткир хақорат, таҳқир бўлганда ҳам танангга игнадек санчилиб, юрагингга қадаладиган ва узоқ йиллар унута олмайдиган сўкишлар эди. Таҳқирлаш менинг оиламга, менинг касбимга ва менинг қиёфамга қаратилган эди. Бу одатдий сўкишлардан эмас эди, сўзларга омухта қилинган жиловлаб бўлмайдиган заҳар оқими эди. Маълум бўлишича, мен Валентинани яхши билмас эканман, агар у қалбимни мажруҳ қилмаганида бунчалик ҳайрон қолмаган бўлар эдим.
Ниҳоят у тинчланди, мен эса таҳқирлашларданми, шунчаки чарчоқданми, билмадим – бу манзара жуда узоқ вақтга чўзилди – унинг тиззаларига юзланиб ўтириб худди болаларга ўхшаб йиғладим. Гарчанд, ҳўнграб йиғлаган ва ундан кечирим сўраган бўлсам-да, лекин шу дамда унга бўлган муҳаббатим сўнганини ҳис қилдим. Бу туйғу мени баттар эза бошлади ва баттарроқ йиғлашга тушдим.
Қанча вақт ўтди, билмайман, бир оз ўзимга келиб, унга беш минг лир тутқаздим-да уйдан чиқиб кетдим. Менинг йигирма минг лир пулим қолди, энди хотинимни севмайман, унга жаҳл қилиб ўзимнинг зиқна эмаслигимни исбот қилиш учун буткул хонавайрон бўлгунча бор-будимни сарфлашга қасд қилдим. Ўзингизни денгизга ташламоқчи бўлганингизда оёғингиз остида тўлқинлар шовуллаб кўнглингизга ваҳима солади-ю бирдан юрагингиз орқага тортиб кетади-ку, бу қарорни бажаришга киришишимдан олдин худди шундай қанчадан қанча шубҳа-гумонлар ва иккиланишлар, ваҳималарни бошдан кечирдим!
Мен Рипетта қирғоғида ўзимга келгандек бўлдим. Баҳор кунларининг чароғон, мулойим ва ёқимли ҳавоси. Тасодифан кўприкка кўтарилаверишда қуруқ ерда ўтирган гадойга кўзим тушди. У қўлларини садақа учун узатиб турган бўлса-да, юзини қуёшга тутиб турар эди. Унга қараб кўзларимни ярим юмиб ҳолимга кулиб қўйдим. “Нимадан қўрқаман? Агар мана шу гадога ўхшаб ҳеч нимасиз қолсам ҳам ҳозирги кунимдан бахтли бўламан”.
Шунда чўнтагимдаги мингталикларимни чиқардим, уларни қўлларимда чангаллаб тиланчининг олдига бордим-да, биттасини унинг олдига қўйиб олган шляпасига ташладим; у кўр экан менга дуо беришнинг ўрнига ўша ҳолича қуёшга юзланиб, тиланчиларнинг ёд бўлиб кетган сўзларини такрорлаб ўтираверди.
Кўприкнинг ортида, сал тепароқда соат сотадиган дўкон бор эди. Ўйлаб ўтирмасдан ўша дўконга кириб ўн саккиз минг лирга хотинимга атаб соат сотиб олдим. Қолган минг лирга такси ёллаб ўз дўконимга кетдим.
Қўрқув қалбимни буткул тарк этмаган бўлса-да, бир оз енгил тортгандек эдим.
Эрталабдан келган харидорлар нимани сўраса рал қилар эканман, ўзимни ҳеч нарса бўлмагандек тутишга ҳаракат қилар эдим. Улардан бирига сўраган нарсасининг тугаганини айтсам, бошқасига жуда баланд нарх айтардим, учинчисига у сўраётган молнинг сотилгани, витринадаги фақат кўргазма учун турганини айтардим. Мен ҳатто шу чоқда харидорларга ёқмайдиган тарзда дағаллик қилаётганимдан ўзимда қандайдир мамнуният ҳис қилдим. Ўзимга “Дадил бўл, фақат биринчи қадам қийин бўлади, нарёғи мойдек кетади”, деб далда берар эдим.
Ўша куни чошгоҳда уйга қайтиш менга азоб бўлди, бўлиб ўтганларга қарамай, хотинимни ҳали ҳам севадиганга ўхшаган эдим. Мен шундан қўрқар эдимки, энди яна ҳар бир тийин учун курашишим, унинг мени хасис дея хақорат қилишини эшитишим, мен бутун икки йил давомида яшаган машаққатли ҳаётни яна қайтадан бошлашим керак бўлар эди. Бироқ муҳаббатимнинг буткул хазон бўлганига ишонч ҳосил қилганимда қандай аҳволга тушганимни бир кўрсангиз бўлар эди. Хотиним менга оддий бир буюмга айланиб қолган эди. Мен ҳатто унинг бурни упа остида қандай ялтираётганини ҳам кўрдим. Аммо унга:
– Жонгинам, қара, сенга совға олиб келдим, сен орзу қилган қўл соати – дедим.
У менга қўлини узатди, мен унга соатни тақиб, гўё севган умр йўлдошига кўрсатиладиган меҳр-муҳаббат рамзи каби чўлпиллатиб бўса олдим. Ичимда эса “Ҳа, мен сени ўпдим, аммо бу бўса Иуданинг ўпичидан ҳам ёлғон бўлса керак!”, деб қўйдим. Шуни айтишим керакки, виждонига доғ туширганига ишонч ҳосил қилганми, билмадим, Валентина менга жуда мулойим муомала қилиб, мени аврамоқчи бўлар эди. Лекин менга бунинг сира қизиғи қолмаган эди: кўнглимдаги севги ипи узилган, энди уни улашга уринишнинг ҳожати қолмаган эди.
Орадан озроқ вақт ўтиб тузган режамни амалга ошира бошладим. Кун ўтмасдан унга нимадир совға қилар эдим. Дўконда эса харидор бир нарсани сўраб улгурмасидан “Савдо йўқ”, деб жавоб берар эдим. Банкдаги ҳисобим кун сайин камайиб борарди. Ярим миллион лир –.унчалик катта пул эмас, икки ой ўтиб банкда бир лир ҳам пулим қолмади. Валентина эса ҳеч нарсадан бехабар эди. У одатдагидек, америка сигаретасини чекиб журнал ўқиб кунни кеч қилар, кечқурун эса дугоналари билан кинога кетар эди. Фақат навбатдаги совғани олаётган чоқда:
– Ана кўрдингми, пулим қолмади деган гапингга ишонмаганимда ҳақ эканман. Ҳозир сен олдингидан анча-мунча кўп пул сарфлаяпсан. Сени сахийсан деб айтмаётган бўлсам ҳам, ҳар ҳолда аввалгидек зиқна эмассан, сендан пул сўрашнинг ҳожати йўқ, уни сен ўзинг сарфлаяпсан, – дер эди.
Мен гап қайтармас эдим, бошимда эса: “Ғалабангни байрам қилишга шошилма!” деган гап айланар эди.
Банкдан охирги беш минг лирни олганимда ўша кун етиб келди. Бу пулнинг ҳаммасига америка сигаретаси сотиб олдим, ёнимда эса бор-йўғи уч юз лир қолди, холос.
Энди чошгоҳ маҳали бўлаётган эди. Дўконга боришнинг ўрнига уйга қайтиб келдим-да, тўғри ётоқхонага йўл олиб, эгнимдаги кийимларимни, ҳатто пойафзалимни ҳам ечмасдан ҳали ҳам йиғилмаган жойимга кириб ётиб олдим. Валентина ҳали ухлаб ётган эди, нариги ёнига ағдарилди-да, уйқу аралаш:
– Сен уйдамисан? Бугун якшанбами? – деб сўради.
Кейин яна ухлаб қолди.
Унинг уйғонишини кутиб сигаретни сигаретга улаб чекиб ётавердим. У яна бир соатча ухлади, сўнг уйғонди, ҳали кўзларини очишга улгурмасдан:
– Бугун байрамми? – деб сўради.
– Ҳа, байрам – дея жавоб бердим мен.
У ўрнидан туриб шошилмасдан кийина бошлади. У жимгина кийинди, фақат орада гўё бугун бутунлай байрам эмаслигини сезгандек, бир-икки бор: “Бугун қандай байрам ўзи?”, дея такрорлади.
Мен унинг харажатлар учун қачон пул сўрашини кутиб ётавердим: ўта дангасалигига қарамай, бозор-ўчарни унинг ўзи қилар эди, овқат тайёрлашга келиб-кетадиган хизматкор ёрдам қиларди.
Валентина ваннага ўтди, кийин кийинишни якунлаб кофе тайёрлаб хизматкор билан валақлашиб ўтириш учун ошхонага йўл олди. Мен ҳам ўрнимдан туриб ошхонага кирдим, биз жимгина ўтириб кофе ичдик. Байрам ҳақидаги гап унинг хаёлидан кетмаётган ва у қандай байрам эканини ўйлаб топа олмаётган эди. Шунинг учун у мендан яна:
– Айта қолсанг-чи, бугун қанақа байрам ўзи?.. Лючиянинг айтишича, бугун ҳеч қандай байрам эмас, ҳамма дўконлар очиқ. – деб сўради.
– Бугун менинг байрамим, – дея совуққон оҳангда жавоб бердим ва ётоқхонага қайтиб яна костюм ва оёқ кийимимни ечмай ётиб олдим.
Менимча, Валентина бу ҳаракатимни жиддий қабул қилмаётганини намойиш этиш ниятида ошхонада яна бирпас хизматкор билан гаплашиб ўтирди. Ниҳоят у бошимга келиб қўлларини белига тираб:
– Ишлаш ишламаслик – сенинг ишинг. Кроватда истаганингча думалаб ётавер… Аммо агар ейишни хоҳласанг, бозор-ўчарга пул чўз, – деди.
Мен ҳавога қараб тутун пуфладим-да:
– Пул? Менинг пулим йўқ, – деб жавоб бердим.
– Қанақасига сенинг пулинг йўқ?
– Шунақасига, йўқ!
– Қулоқ сол, бу яна нима инжиқлик? Сен нимани ўйлаяпсан? Ахир сен пул бермасанг, мен озиқ-овақт сотиб ола олмайман, агар озиқ-овқат бўламаса, нима еб, нима ичамиз!
– Ҳа, мен ҳам шу ҳақда ўйлаяпман, еб-ичишга ҳеч нарсамиз бўлмайди.
– Бу нимаси, – деди у, – сен билан тортишиб ўтирмоқчи эмасман. Пулни тунги стол устига қўй, – дея у хонадан чиқиб кетди.
Мен сигарет чекишда давом этдим, бир неча дақиқадан сўнг у қайтиб кирганда:
– Валентина, мен мутлақо жиддий айтяпман, менинг бир чақа ҳам пулим йўқ… менда фақат уч юз лира қолди, холос… бошқа йўқ, – дедим.
– Банкда пулинг бор-ку… Қанақа хасислик ёпишиб олди сенга бугун?
– Йўқ, бунга хасисликнинг ҳеч ҳам алоқаси йўқ, менинг пулим тугади, холос. Ишонмасанг, мана – қара, ўзинг.
Чўнтагимдан банкдан очилган ҳисоб дафтарчамни очиб унга кўрсатдим. Бу сафар у ҳеч нарса демади, чунки бундай нарсаларни тушунмайди, шунингдек, ўзини тинч қўйишимни ҳам сўрамади.
У менинг жиддий гапираётганимни тушунди ва юзида қўрқув аломати пайдо бўлди. Дафтарчага қаради-да, бўшашиб стулга ўтириб қолди.
Мен:
– Сен мени зиқна дединг, қанча кўп сарфласам, кўзингга шунча хасис бўлиб кўринавердим. Шунда мен қасдан пулни исроф қилишни бошладим… Мен бор-будимнинг ҳаммасини сарфлаб юбордим… Савдони ҳам йиғиштирдим. Ана энди ҳаммаси тугади. Энди менинг ўзимга ейишга нарса сотиб олишга ҳам ҳеч вақойим қолмади. Аммо энди сен мени қизғанчиқ деб айта олмайсан!
Шунда у ўтириб йиғлай бошлади, чамамда, пул учун эмас, менинг уни ёқтирмай қолганимни фаҳмлагани учун кўз ёши қилаётган эди:
– Сен ҳеч қачон севмагансан мени, – деди у. – Энди эса менга едириб-ичиришни ҳам истамаяпсан.
– Нима ҳам қилардик! – жавоб бердим мен. – Менинг пулим йўқ.
– Мен сен билан қола олмайман… Онамникига кетаман.
– Хайр!
У дастлаб қўшни хонага чиқди, кейин эса ҳаётимдан буткул ғойиб бўлди. Ўшандан бошлаб уни ҳеч қачон кўрмадим.
Бир оз вақт ўтказиб ўрнимдан туриб мен ҳам уйдан чиқиб кетдим. Қуёшли кун эди: битта нон сотиб олдим-да, уни қирғоқда турганча еб олдим. Дарё сувининг оқишини томоша қилиб ўтирар эканман, шу онда ўзимни ниҳоятда бахтиёр ҳис қилдим. Ўтган икки йиллик оилавий ҳаётимни эса умримнинг аҳамиятсиз бир эпизоди каби хотирамдан ўчириб ташлашни дилимга тугдим. Кексайган чоғимда ана шу икки йил икки қисқа кундек хотирамда жонланса керак.
Шошилмасдан нонни едим-да, кичкина фавворадан сув ичиб олиб, акамнинг олдига йўл олдим. Ундан иш топгунимга қадар бошпана бериб туришни сўрамоқчи эдим. Ҳақиқатан, бир неча ҳафта ўтиб электромонтёр бўлиб ишга жойлашдим.
Валентинани эса, айтганимдек бошқа кўрмадим. Аммо, биласизми, у мен ҳақимда қандай миш-мишлар тарқатмади? Унинг айтишича, мен шу қадар кўп пул совурар эмишманки, менинг ақлга сиғмас даражада исрофгарлигимнинг оқибатини ўйлаб мени ташлаб кетишга қарор қилган эмиш.

Русчадан Дамин Жумақул таржимаси