Биз неча киши эдик? Олти. Икки аёл – Амилькаренинг хотини Аделе, унинг Римга меҳмонга келган тернилик жияни Жемма ва тўрт эркак – Амилькаре, Ремо, Сирио ва мен. Бизнинг биринчи хатомиз ошқозонида яраси борлиги боис аламзада, арзимаган нарсалардан ҳам жаҳли чиқиб кетадиган тажанг дўстимиз Сириони таклиф қилганимиз бўлди. Иккинчи хатомиз эса Амилькарега ресторан танлашни ишонганимиз эди. Чунки у уч киши учун пул тўлаши лозим бўлгани боис каттароқ чиқимдор бўлишни истамаслиги табиий эди. Биз Индипенденца майдонида учрашганимизда у ўзига таниш бўлган бир ресторанни айтиб ўшанга борамиз деб туриб олди. Унинг айтишича, ресторан хўжайини унинг дўсти эмиш, бизга яхши қарашиб, нархини ҳам бир оз келиштириб берар эмиш…
Учинчи хатомиз, биз вокзал биқинидаги бир кўримсиз мавзеда яхши ресторан бўлмаслигига ақлимиз етиши керак эди. Бу мавзеда Макаодаги казармадан чиққан аскарлар ва Римдан ўтиб кетаётган поезд тўхтаганда тушган йўловчилар бўлар эди. Ана биз тунд бинолар ёнидан кўча бўйлаб тўғри бораяпмиз. Ўша кеча ҳақиқий январь туни – ачиштириб чимдим оладиган қаттиқ совуқ эди. Сархил таомлар ейишни хуш кўрадиган Амилькаре тинмасдан:
– Дўстларим, бугун мен ўзимни астойдил меҳмон қилмоқчиман… буйрак, жигар, ошқозон ва бошқа ички аъзоларим ҳақида қайғурмасдан ейман, ичаман. Сени ҳозирданоқ огоҳлантириб қўяйин, Аделе, одатинг бўйича жаврашни хаёлингга ҳам келтирма, – деб сайраб борар эди.
– Менга нима, – деди қувноқ ва хўпасемиз эрининг тескариси бўлган озғин ва маъюс Аделе, – ҳозир билганингни қил… Аҳволингни эртага кўрамиз…
Бу вақтда Ремо қорачадан келган гўзал қиз – Жемма билан ҳазил-ҳузулни бошлаб юборган, Сирио иккаламиз эса сўнгги футбол ўйинини муҳокама қилиб кетаётган эдик. Шу тариқа, турли замонларда Италия учун бўлиб ўтган жанглар, курашлар номи билан аталган – Кастельфидардо, Палестро, Калатафими, Марсала каби кимсасиз кўчалардан ўтиб, тепасига иккита электр чироқ орасига кўз-кўз қилиб “Траттория “Африка” деб ёзиб қўйилган эшикка яқинлашдик. Ичкарига кирдик.
Ресторанга кирганимиз заҳоти қанақа жойга келиб қолганимизни тушундик. Биринчи хонада фақат вино ичувчиларга мўлжалланган бир нечта мармар столлар бор эди; иккинчи бўлим дағал парда билан иккига ажратилган. Биринчи қисмидан ошхона жой олган, иккинчи қисмида эса устига дастурхон ёзилган беш-олтита стол бўлиб, шу жой ресторан деб аталар экан. Қолган жойларига вокзал атрофидаги одатга мувофиқ буткул бетартиблик ҳукмронлик қилар эди: полга ёғоч қипиғи тўшалган, девор сувоқлари кўчиб тушган, лиқилдоқ стол-стуллар, ямалган, тешилган, кир-чир дастурхонлар. Бизни энг қийнагани бу – рестораннинг музхоналиги, намчиллиги ва худди ғордаги каби баданни тешиб юборадиган даражада совуқлиги эди. Ҳатто остонадан ўтаётганда Сирио:
– Оҳҳо, нима ҳам дердик, Африка!.. Бу ерда ўпка касалини орттириб олиш ҳеч гап эмас… – дея хитоб қилиб юборди.
Совуқ қотганидан ўтирганлар бош кийимини ҳам ечмаган, ёқаларини тик кўтариб олган эди, нафас олганида оғзидан худди кўчадаги каби ҳил чиқар эди.
Биз столлардан бирига ўтирдик, шу заҳоти олдимизга бош тузилиши деярли тўрт бўрчак, туман қоплаганга ўхшаган кўзида норозилик аломати қотиб қолган ресторан хўжайини югуриб келди. Уни кўриб Амилькаре фавқулодда севиниб кетди ва ундан:
– Мени танидингизми, синьор Жованни? – деб сўради.
Бу саволга у мулозамат юзасидан бўлса-да, бир оз жилмайиб ҳам қўймасдан:
– Менинг отим Жованни эмас, Серафино… тўғриси, мен сизни таний олмайроқ турибман, – деди.
Уни танимагани Амилькарега салбий таъсир қилди, у ўзини танитиш учун хўжайинни ҳар хил саволларга кўмиб ташлади. Хўжайин бирмунча вақт пешонасини тириштириб турди ва ниҳоят:
– Ҳаа, энди эсладим! Сиз янги йилни шу ерда кутиб олдингиз тўғрими, сизни колбаса ва чечевица билан меҳмон қилган эдик, – деди.
Амилькаре унга янги йилни уйда кутиб олганини айтди. Шундай қилиб, улар бир-бирини таний олмади. Сўнг хўжайин яғири чиқиб кетган оқ камзули чўнтагидан таомнома чиқарди-да, менга юзланиб:
– Синьор нима буюрадилар, – деб сўради.
Шу билан уларнинг беҳуда эслатишлари ниҳоясига етди.
Биз таомномани олганимиз заҳоти кўрдикки, бу ерда тузукроқ нарса камёб. Фақат пишлоқли макарон, қовурилган қўзи гўшти, товуқ гўшти, пишлоқ ва мевалар. Обрўсини сақлаб қолиш мақсадида Амилькаре:
– Менимча, бу ерда фирма таомлари ҳам бор… спагетти, шундай эмасми? – деб туриб олди.
Хўжайин бу ерда ростдан ҳам спагетти бор эканини тасдиқлади. Ҳаммамиз спагетти ва газак буюрдик, баъзилар яна қовурма ва қовурилган товуқ гўшти айтишди. Ширинликни кейинроқ айтадиган бўлдик. Шу вақт тўсатдан Сирио шўрва ичмоқчи эканини айтиб қолди. Хўжайин унга товуқ гўшти қайнатилган шўрва олиб келишини ваъда қилди. Кейин у биздан қандай вино ичишимизни сўради: қизил, оқ? Биз фраскатини танладик. Хўжайин бир шиша вино, қадаҳ, нон ва салфеткага ўралган анжомларни келтириб ошхонага чиқиб кетди.
Амилькаре руҳи кўтарилиб:
– Қалай, бу жой сизга ёқдими?.. ростданам яхши жой-а? – деб сўради.
Биз ҳеч нарса демай бир-биримизга қарадик. Шундан сўнг Сирио барчамизнинг фикримизни жамлаб:
– Қанчалик яхшилигини ҳали кўрамиз… Ҳозирча мен жамоат халажойида ўтирганга ўхшаяпман, – деб жавоб берди.
Бу жавоб Амилькарега мутлақо ёқмади ва дарҳол Сирио иккаласи ўртасида тортишув бошланиб кетди: доим дилозорлик қилиб, одамларнинг кайфиятини бузиб юрасан; сенга эса пулни тежаш бўлса бас; ошқозондаги яра билан сенга ресторанда нима бор ўзи; кўзинг чиққудек бўлиб ютасан-у, пул сарфлагинг келмайди… Бизга хийла вақт ҳеч нарса олиб келишмади. Хизмат кўрсатиш сифати паст ресторандагиларга ўхшаб биз нон еб, вино ичиб ҳар турли мавзуда гаплашиб ўтирдик.
Оёқларимиз музлаб кетди, белимиз қотиб қолди. Шу вино – балки унга сув қўшилгандир таъкидлади Сирио – чунки уни ичганимиз сайин совуқ еб бораётган эдик. Ахийри, сабри тугаган Амилькаре ошхонага йўл олди. Бир зумда у мамнун бўлиб қайтиб келди ва ҳозироқ бизнинг буюртмамизни олиб келишини эълон қилди. Амалда эса унинг ортидан пайдо бўлган хўжайин фақат газакнинг ўзини олиб келган эди. Биз тарлекага қарадик: нақадар даҳшат! Бир жуфт артишок (ўтсимон полиз ўсимлиги), ветчинанинг (дудланган чўчқа гўшти) юпқа тилимчаси ва бир дона сардина (сельдларга мансуб майда балиқ). Сирио Амилькарега юзланиб:
– Сенинг меҳмондорчилигинг худо билади, қандай барҳам топар экан, – деди.
Газакни салгина тотиб кўрганлар ветчинанинг ниҳоятда шўр эканини билишди, у оғизга олиб бўлмас даражада тузланган эди.
– Африка ветчинаси, – деди Сирио. У чамаси бутун кеча давомида Амилькарени масхара қилиб, унинг жиғига тегмоқчи эди.
Хуллас, газакнинг ҳаммаси тарелкада қандай келган бўлса шундайлигича қолди. Бахтимизга унинг ортидан спагетти келиб қолди. Ундан кўтарилаётган қуюқ буғ рестораннинг муз қоплаган ҳавоси бўйлаб тепага ўрлар эди. Лекин уни ҳам оғзингизга солсангиз салгина илиқлиги сезилар эди, холос. Сирио эса, гўёки бир жавоҳир излаётгандек ҳафсала қилиб, қошиқ билан шўрвасини кавлар эди. Кейин у хўжайинни чақирди-да, мутлақо жиддий оҳангда:
– Сиз овчимисиз? – деб сўради.
Хўжайин саволни тушунмаганини айтди. Шунда Сирио:
– Мана бу шўрвани милтиқдан ўқ отиб қилмаганмисиз мабодо ? – деб сўради.
– Нима демоқчисиз ўзи, тушунтириб гапиринг, – деди хўжайин.
– Демоқчиманки, сизнинг шўрвангиз фақат тутундан иборат экан.
Хўжайин ўта қўпол тарзда қаршилик билдириб:
– Қанақа тутун?.. Менинг шўрвамда тутун борми?.. Тутун сизнинг каллангизда, тушундингизми! – деб жавоб қилди.
Сирионинг ранги ўчди ва овозини кўтариб:
– Мен сизга шўрвадан тутун ҳиди келаяпти деб айтдимми, сиз бунга ишонишингиз керак, – деди.
Хўжайин тўнғиллаб ошхонага чиқиб кетди ва шўрва қайнаган қозонни кўтариб келди. У қозонни ҳар биримизнинг бурнимизнинг тагига олиб келиб кўрсатаётган чоқда:
– Вой! Суварак! – деган чинқириқ эшитилди.
Ҳаммамиз овоз келган томонга ўгирилдик. Чинқирган Амилькаренинг жияни Жемма эди; у кўрсаткич бармоғи билан ўзининг тарелкасидаги спагетти орасидан бир қора нарсани кўрсатар эди. Хўжайин дарҳол:
– Қанақа суварак!.. бу куйган пиёз-ку, – дея узмирлик қилди.
Бироқ Жемма:
– Суварак деяпман-ку… Қаранг… унинг панжаларини кўраяпсизми, – дея ўзининг айтганида туриб олди.
Хўжайин унга яқин бориб қаради: у росмана суварак эди. Уни вилкага қистириб олди-да пинагина ҳам бузмасдан:
– Тушунарли… бу қувурдан тушган бўлса керак… Шунақаси ҳам бўлиб туради… – деди.
Бошқа ҳеч нарса демасдан у қозони ва суварагини кўтариб ошхонага чиқиб кетди.
Биз нима дейишни билмасдан бақрайиб қолдик.
– Менинг қорним оч, емасам бўлмайди! – дея вилкани қўлига олиб ўзининг қарорини эълон қилди Амилькаре.
Жирканишимизни енгишга уриниб биз ҳам унга эргашдик. Ёлғиз Жемма кўнгли тормаётганини айтиб овқатга қўлини ҳам теккизмади.
Спагеттини еб бўлгандан сўнг тўймаган бўлсак-да, совуқ ўтиб кетганидан ҳаммамиз пальтомизни кийиб олишга шошилдик. Энди биз стол атрофида устки кийимда ўтирар эдик. Шу пайт хўжайин пайдо бўлди, ҳовлиқиб олдимизга товуқ гўшти ва қовурма солинган ликопча қўйиб чиқди. Товуқ гўшти ориқ ва қуруқ эди – бунақа нарсаларни тўртинчи даражадаги газакхоналарда беришади. Қовурма эса қовурға, тери ва мойдан иборат эди, боз устига, у эрталаб пиширилган бўлса керак, бизга иситиб олиб келишибди. Бир парча гўштга вилка ботирган Амилькаре уни боши узра кўтариб қутургандек бақирди:
– Ахир шуни еб бўладими!.. Хўжайин! Хўжайин!
Дарҳол юзидан заҳар томиб турган хўжайин пайдо бўлди. Амилькаре ундан:
– Марҳамат қилиб айтинг-чи, сиз нима учун ресторан очгансиз? – деб сўради.
– Сизнингча, нима иш билан шуғулланишим керак?
– Нима қилсангиз қилинг – кўча супуринг, гўрковлик қилинг, трамвай ҳайданг, фақат ресторанга хўжайин бўлманг.
Шундай қилиб, яна можаро бошланди, тўғриси, жанжал жуда авж олиб кетмади, негаки, хўжайин ўзининг нохуш ўйлари билан андармонлиги боис унчалик хафа ҳам бўлгани йўқ. Бошига қалпоқ кийиб олган ошпаз чиқиб хўжайинни чақиргунга қадар мунозара шу тарзда давом этди. У кетди. Амилькаре ошпазга қараб:
– Эй ошна… Сиз бизни заҳарладингиз! – деб бақирди.
Ошпаз унга жавоб ҳам қайтариб ўтирмасдан ғойиб бўлди, биз эса яна қўзи қовурғаси ва товуқ суяклари билан курашни давом эттирдик.
Ҳамманинг кайфияти ёмон эди; биз кўчадагидан баттар совуқ едик; ошқозонларимиз хом-хатала қовурилган ва яхши қайнамаган бемаза нарсаларга тўлган эди. Ниҳоят ўзининг хатога йўл қўйганини тушунган Амилькаре хатосини бир оз бўлса-да, тўғриламоқчи бўлиб, икки шиша қизил вино ва бисквит буюрди. Бу вино ва бисквит кеча давомида еган-ичганларимизнинг энг тузуги эди. Бироқ бу хизмат хўжайинга қарашли эмас эди. Шишалар оғзи очилмаган эди, бисквит эса Миландан олиб келинганди. Биз винони ичдик. Бу – барбера эди. Биксвитни газак қилиб бир оз ичимиз илигандек бўлди.
Бу вақтга келиб ресторан деярли бўшаб қолди. Биздан бошқа ёнимиздаги столда ўтириб карта ўйнаётган бир гуруҳ ёшлар қолган эди, холос. Уларга ресторан хўжайини ва ошпази келиб қўшилди. Бутун кеча давомида Жемма билан ҳазиллашиб ўтирган Ремо вино ичиб ширакайф бўлгач, қўшиқ айтгиси келиб қолди. У ҳар доим ширинликдан сўнг қўшиқ айтар эди. Мен у қўшиқни жуда ҳам ёмон ижро этади демоқчи эмасман, лекин унинг репертуарида атиги бир нечтагина қўшиқ бўлиб улар аллақачон барчамизга ёд бўлиб кетган. Аммо бугун у даврамизга янги қўшилган Жемми учун куйламоқчи эди, унинг ниятини фаҳмлаб биз куйлашига рози бўлдик. Лекин, Ремонинг қўшиқни қандай айтиши ҳақида тасаввур қилишингиз учун мен олдин унинг ўзини тасвирлашим керак. У қорамағиз, жингалак сочлари тор пешонасини тўсган, кўзларига қон сачрагандек қисилган, паст бўйли йигитча эди. Бунинг устига шунча қўпол кўринишига қарамай, у қўшиқ айтаётганда дағал бўлмасдан, аксинча, бачкана бўлиб кетарди. У қўшиқни қайси қизга бағишласа, унинг қўлидан тутиб қошида тиз чўкар, кўзларини қисиб, лабларини чўччайтириб, эҳтирос билан майин овозда куйлай бошлар эди. Бу ҳам етмагандек, унинг барча қўшиқлари қофиялари бир хил: ё “иш” безовталаниш, чўкиш, оғиш ёки “лар” – орзулар, гуллар, гўзаллардан иборат эди. Шундай қилиб, кечада Ремо Жеммининг қўлидан ушлаб, юзини юзига яқинлаштириб куйлай бошлади, биз эса унинг журъатидан саросимага тушиб жимгина томоша қилавердик. Жемма кулар эди, Ремони унинг кулгиси завқлантириб, биринчи қўшиғи тугагандан сўнг иккинчисини бошлаб юборди. Шунда қўшни столдагилар ҳам жимиб биз томонга қарай бошлади. Кейин у томондан кулги овози эшитилди ва ниҳоят улардан бири Ремони калака қилиб куйлай бошлади, бошқа бири эса столнинг тагига бошини тиқиб мушукка ўхшаб миёвлай бошлади. Ремо уларнинг бу қилиғини ё пайқамади ёки ўзини сезмаганга олди. У учинчи қўшиғини бошлади, қўшни столда ҳам масхара қилиш ва миёвлаш авжига чиқди. У куйлашдан тўхтади ва ўз қадрини ҳимоя қилиб:
– Бўлди, етар, яхшиси мен тугата қолай… – деди.
Аммо бу нарсаларга сира ҳам алоқаси бўлмаган Сирио аралашиб:
– Куйла… Жоҳил ва тарбиясиз кимсаларга эътибор қилма… Куйла, – деди.
Бу гаплар бўсаға тарафдаги қизил светир кийган паст бўйли сариқ жингалак сочли боланинг қулоғига жаранглаб эшитилди. У ўрнидан туриб Сирионинг бошига келиб:
– Ким экан у тарбиясиз ва жоҳил кимсалар? – деб сўради.
Сирио – ҳеч кимдан қўрқмайдиган жуда баджаҳл бола.
– Ҳамманг! – дея жавоб берди у.
– Уҳ, мана гап қаёқда! Хўш, нима учун? Ахир биз ресторанда ўтирибмиз… Бу ер жамоат жойи: ким нимани хоҳласа ўшани қилади.
– Биз ҳам нимани истасак ўшани қилаяпмиз… айнан шунинг учун айтаяпманки, анави столда ўтирганларнинг барчаси тарбия кўрмаган беадаб кимсалар.
Бу гапдан сўнг хўжайин, ошпаз ва сариқ машакнинг икки жўраси ўрнидан туриб, устимизга бостириб келди.
Шу пайт машак:
– Асли, сен кимсан ўзи? Нима керак сенга? Билсак бўладими, нима керак сенга? – деб бақирди.
Шу гапни айтаркан у Сирионинг галстугидан тутмоқчи бўлиб қўлини чўзди.
– Торт, қўлингни, торт! – дея бақирганча ўрнидан сакраб турган Сирио рақиб билан бурунма бурун бўлди. Кучли зарб билан у машакнинг қўлини силтаб ташлади. Шунда машак Сирионинг костюмининг ёқасига ёпишиб уни орқага суриб кетди. Даврамиздаги икки аёл чинқириб юборди. Ремо:
– Бас қилинг! Аралашманг! – деб бақирди.
Бир лаҳза ҳам ўтмади чоғи, кутилмаганда Амилькаре ўрнидан сакраб туриб машакнинг кўкрагини свитерининг устидан чангаллаб, қутурганча уни хона турига қараб итариб кетди. Музлатгичга бориб урилган машак унга қисилиб қолмаслик учун энгашиб қолди, Амилькаре эса, уни эзиб ташламоқчи бўлгандек бор гавдаси билан унинг устига ташлади. Аммо қўққисдан унинг йўғон гавдаси орқага қайтиб, чалқанчасига йиқилди ва шу кўйи худди кундага ўхшаб қимирламай қолди. Машак боксчи экан, Амилькаренинг иягининг остига қисқа зарб берибди. Нокаут бўлган Амилькаре полга тўшалган ёғоч қипиғи устига ёйилиб қолди.
Ҳаммаси кутилганидек ниҳоясига етди: полиция бизнинг исми-шарифларимизни ёзиб олди, аёллар йиғлашди, иягини уқалаб ўтирган Амилькаре бир чақа ҳам тўламайман деб туриб олди; Сирио, Ремо ва мен пулни тўладик, хўжайин бўлса, ошхонада туриб олиб бизга:
– Сизга нима бор эди ўзи ресторанда! Уйгинада ўтирсангиз бўлмасдими! – дея бақирди.
Биз тратторидан судралиб чиққан эдик ҳамки, кимдир тепадаги деразадан сарқитлар ўралган тугунни отиб юборди. Тугун Амилькаренинг бошига тушиб сочилиб кетди.
– Вой, кечирасиз! – деган ингичка овоз эшитилди. – мушукларга егулик эди.
Бу ерда мушуклар ҳақиқатан кўп эди, улар тугундан сочилган нарсаларга яқинлашиш учун ундан бизнинг узоқлашишимизни пойлаб ўтиришарди. Аммо жаҳли чиқиб, ақли чекинган Амилькаре бу ишни траттори хўжайини қасддан қилган деб ўйлаб яна тратторига муштлашиш учун қайтиб кирмоқчи бўлди. Биз уни куч ишлатиб судраб кетишга мажбур бўлдик, у шляпасини балиқ тангаларидан тозалар экан, оғзига нима келса қайтармай сўкинар эди. Шундай қилиб, биз кечани хайрли ўтказдик.
Русчадан Дамин Жумақул таржимаси