Зинадан кўтарилганимда сарой оғаси Антонио мени:
– Княгинадан кўп нарса ундираман деб хом хаёл қилма, у мисли кўрилмаган даражада хасис… эри ўлганидан сўнг ҳамма ишни ўз қўлига олди, ҳозир ҳеч кимга кун бермаяпти, – деб огоҳлантирди.
– У қампирми? – дея сўрадим таваккалига.
– Кампир дейсанми? У жуда ёш ва гўзал нарса… ҳали йигирма бешга ҳам тўлмагандир… Уни кўрганингда бу фаришта бўлса керак деб ўйлайсан… Ҳаа, ташқи қиёфа алдоқчи бўлади.
– Менга деса, ялмоғиз бўлмайдими, мен ундан ўзимнинг улушимдан бошқа ҳеч нарса кутаётганим йўқ… Мен даллолман, княгинанинг уйи сотилади; мен бу уйни сотиб ўзимнинг фоизимни чиқариб оламан – хайр, саломат бўлинг.
– Аммо, бу унчалик осон иш эмас… У ҳали сени қонингга ташна қилади. Шу ерда тўхтаб тур, унга сенинг келганингни хабар қиламан.
У мени вестиюблда қолдириб, княгинани, айтганидек, “жаноб олийлари”ни хабардор қилгани кетди, нима у эркак кишимиди, тавба. Мен бу гумбази расмлар билан безатилган, деворига манзарали газламалар осиб ташланган қадимий саройнинг ҳаддан ортиқ совуқ вестиюблида унчалик кўп вақт кутиб қолмадим.
Алҳосил, Антонио қайтиб келди ва уларнинг “жаноб олийлари” мени кутаётганини айтди. Биз саф тортган қатор хоналардан ўтдик ва ниҳоят бошқалардан каттароқ ҳонада пасқам дераза ёнида котиба ўтирар, унинг орқасида княгина нимадир ёзиб ўтирган эди. Антонио тавозе билан унга:
– Жаноб олийлари, мана синьор Проетти келди, – дея яқинлашди.
У қоғоздан бош кўтармай:
– Яқинроқ келинг, Проетти, – деди.
Мен яқинлашиб бордим ва унга олдидан қарадим, шунда дарҳол Антонио уни фариштага ўхшатганда муболаға қилмаган экан деган фикрга келдим. Унинг юзи нафис ва ёқимли, сочлари тим қора, узун мужгонлари эса яноқларига соя солиб турар эди. Озгина юқори кўтарилган бурунчаси шундай бежирим ва тиниқ эдики, унинг фақат атир-упаларнинг муаттар ҳидларига ўрганганига шубҳа йўқ эди. Юқори лаби сал баландроқ бўлган кичкина оғзи худди атиргулга ўхшар эди. Мен унинг қадди-қоматига разм солдим. У эгнига солиб олган қора нимча унинг сарв қоматига чиппа ёпишиб турар эди: унинг оёқлари думбоқ, кўкраги дуркун, бели шу қадар хипча эдики, унга бармоқлар ҳам етадигандек эди. У кўрсаткич бармоғига олмос узук тақилган оппоққина, нозиккина, нафосатли қўллари билан нималарнидир ёзиб ўтирган эди. Кейин княгина бошини кўтариб менга қаради. Унинг катта, қора кўзлари майин боқар эди. У:
– Хўш, Проетти, уйни айланиб кўрамизми? – деди.
Унинг овози меҳрибон ва ёқимли эди. Мен бош ирғаб:
– Худди шундай, княгина, – дедим.
Княгина қўлига катта темир калитни олар экан:
– Бу ёққа юринг, Проетти, – деди.
Биз яна бир-биридан ўтиладиган хоналардан юриб вестюбюлга чиқдик. У қошида шоша-пиша эшик осиб турган Антониога:
– Антонио, гўлахларга айтинг, печкага бошқа ўтин ташламасин, иссиқдан димиқиб ўлиш ҳеч гап эмас бу ерда, – деб буюрди.
Бу гапини эшитиб ҳайрон бўлиб қолдим. Чунки вестибюл ва бошқа хоналар чидаб бўлмас даражада совуқ эди. Биз зинадан кўтарила бошладик – у олдинда, мен орқада. Княгина олдинда юриб борар экан, ундан кўз узмадим. Унинг қадди-басти ҳақиқатан гўзал эди: оёқлари алифдек тўғри, қомати ниҳоятда хушбичим эди; эгнидаги қора кийими унинг бўйни ва қўлларини янада оппоқ қилиб кўрсатарди. Биз асосий зиналардан юриб икки қаватга кўтарилдик, орқа эшик тарафдаги зиналардан яна икки қават юрдик ва ниҳоят том остининг энг ичкарисидаги хонадонга олиб кирадиган темирдан маҳкамлаб ясалган зинага чиқдик. Княгина бу зиналардан кўтариларкан, мен унинг ортидан судралиб оёқларини кўриб қолармиканман дея кўз узмай келавердим. Мен буни хоҳламаган бўлсам-да, худди севган аёлнинг қошида тиз чўккан ҳолга келган эдим.
Биз, поли плиткали, деразаларига хона шифтига етадиган баландликда, худди турманикига ўхшаш баландликда панжара урилган икки хонадан иборат хонадонга кирдик, мен бу нарсаларни дарҳол илғадим. Учинчи хона кичкина айлана минора ичида эди. Ойнаванд эшик жигарранг черепица билан ёпилган катта томга осилган панжарали айвонга олиб чиқар эди. Княгина ойнаванд эшикни ланг очиб айвонга чиқди-да:
– Бу ёққа келинг, Проетти, қаранг, қандай манзара, – деди.
Ҳақиқатан, айвондан гўзал манзара кўзга ташланар эди: бу ердан Римнинг турли усулда ёпилган томлари, гумбазлари, қўнғироқлари яққол кўринар эди. Ҳаво очиқ эди, ҳатто мовий осмон остида кўринаётган томлар орасидан Авлиё Пётр черковининг ҳам гумбазлари кўзга ташланар эди. Бу манзарага ўта ҳаяжон билан боққаним боис кўзимга ҳеч нарса кўринмас эди, княгина бутун хаёлимни ўғирлаган, ундан бошқа нарсани ўйламас эдим. Кейин у хонага қайтиб кирди. Мен унга юзланиб бехосдан:
– Қандай қулайликлари бор? – деб сўрадим.
– Ваннани айтяпсизми? Мана у, – жавоб берди княгина.
Шундай деб мен шу ванна бўлса керак деб ўйлаган тўғри бурчакли кичкина, шифти паст, деразаси йўқ, ванна ўрнатилган хонани кўрсатди. Бир қарашдаёқ бу ванна хонаси ижарага бериладиган уйлардаги каби кўримсиз бир ванна эканини фаҳмладим. Княгина ванна эшигини ёпиб қўлларини нимчасининг чўнтагига солиб хона ўртасига келиди-да:
– Хўш, нима дейсиз, Претти, сизнингча, қанча сўрашимиз мумкин? – деди.
Мен унинг гўзаллиги асирига айланиб бўлганим, яна у билан мана бу том остида ёлғиз қолганимдан қаттиқ ҳаяжонга тушганим боис унга ҳеч нима деб жавоб қайтара олмасдан бақрайиб турар эдим. У менинг айни дамдаги кечинмаларимни ангалади чоғи, асабийлашган тарзда оёғин ерга уриб:
– Нима ҳақда ўйлаётганингизни билсак бўладими? – деб сўради.
Мен шошилиб:
– Хомчўт қилаяпман… Бу ерда учта хона, аммо лифт йўқ, бунинг устига харидор уйни таъмирлаши керак бўлади… Менимча, уч ярим миллион сўралса ёмон бўлмайди.
– Эй Проетти, – ҳаяжонланиб бақириб юборди у, – Проетти, мен етти миллион сўрамоқчи бўлиб турибман!
Тўғрисини айтсам, мен дастлаб довдираб қолган эдим. Бундай гўзаллик ва пулга харисликнинг бирлашиб кетгани мени буткул эсанкиратиб қўйган эди. Ниҳоят мен:
– Етти миллионга, княгина, буни ҳеч ким олмайди, – дея минғирладим.
– Бу ахир Париоли… Бу ахир, тарихий қаср… Римнинг марказида.
Шу тариқа, у хона ўртасида, мен эса йўлдан озишимдан чўчиб сал чеккароқда туриб бир оз савдолашдик. Мен гапириб ётибман-у, аслида фақат у ҳақда ўйлайман, кўзларим билан еб қўйишимга сал қолди уни. Охир-оқибат, у мени менинг ихтиёримга қарши тўрт миллионга кўндирди, аммо бу ҳам жуда қиммат эди. Ҳақиқатан, хонадонни капитал таъмирламаса бўлмайди, бунга миллион лир ўйнаб кетади, бунинг устига солиқ ва бошқа майда-чуйда харажатларни қўшсангиз, бемалол олти миллионга бориб қўяди. Менинг мўлжаллаган харидорим бор эди, бўлди, шу нархга келишдик деим-да кетдим.
Орадан бир кун ўтиб қасрга қандайдир ноодатий манзарали иморатни кўришга қизиқиб юрган ёш архитекторни эргаштириб келдим. Княгина калитни олиб унга хонадонни кўрсатди. Архитектор бир оз савдолашгандан сўнг биз ўзаро шартлашиб олган тўрт миллионга уйни олишга рози бўлди.
Эртасига эрта тонгда – соат ҳали саккиз ҳам бўлмасдан туриб хотиним уйғотиб княгина телефонга сўраётганини айтди. Княгинанинг овози қулоғимга ёқимли ва мулойим мусиқадек эшитилиб, гўё у мени аллалаётгандек кўзларим юмилиб бораяпти. Мен бу мусиқани тунги халатда, муздек полда оёқ яланг ҳолда туриб тинглар эдим, бу вақтда бояқиш хотиним тиззанлаб ўтириб олиб оёғимга тунги туфлимни кийдириб қўйди ва елкамга пальтомни ташлади. Мен гўшакдан келаётган жуда кам гапни тушундим, деярли тушунмадим десам ҳам бўлади, аммо ўша гапларнинг орасида кутилмаганда иккита сўз кайфимни учириб юборди:
– Беш миллион…
Мен дарҳол:
– Княгина биз ахир тўрт миллионга келишган эдик-ку… биз лафзимиздан қайта олмаймиз…
– Ишнинг лафзга алоқаси йўқ… Ё беш миллион ёки тўхтатамиз
– Аммо, княгина, у қочиб кетади
– Аҳмоқ бўлманг, Проетти, беш миллион бўлмаса, савдони тўхтатинг.
Тан олиб айтишим керак, у айтган “аҳмоқ” сўзи шу тобда менга қўпол эшитилиб хафа қилмади, аксинча, қулоғимга хушомаддек эштилиб мойдек ёқди. Унга сизга маъқулини қиламан, деб у билан хайрлашиб, янгиликдан хабардор қилиш мақсадида харидорга қўнғироқ қилдим. Телефон симининг нариги тарафида мижозимнинг қандай наъра тортганини эшитдим:
– Сиз билан ҳазиллашиб бўлмайди! Бир кечада миллион қўшиб чиқибсиз.
– Нима ҳам қилардик… Буйруқ.
– Бўпти, кўрамиз… Мен бир ўйлаб олай…
– Демак, менга хабар қиласиз?
– Ҳа, ўйлашамиз, кейин хабарлашамиз.
Натижада унинг ҳаётда хабарлашмаслиги маълум бўлди. Шу вақтдан бошлаб менинг ҳаётимда княгина билан яқин муносабатда бўлган янги давр бошланди. У менга кунига камида уч марта қўнғироқ қилар эди. Хотиним ҳар сафар “Яна сенинг княгинанг!” дея истеҳзо қилар, мен эса гўё севган ёрим қўнғироқ қилгандек тўлқинланиб кетар эдим. Аммо бу ерда қандай муҳаббат бўлсин! Княгина пулни яхши кўрарди. У ҳар қандай судхўрдан ҳам тамагир, хасис, саркаш ва тадбиркор эди. Гўёки, унда юракнинг ўрнига пул йиғиладиган тирқишли қутича бор эди, чунки у ҳар доим пулдан бошқа нарсани ўйламас эди. Ҳар сафар у қўнғироқ қилганда уйнинг нархини оширишга бир баҳона ўйлаб топарди, гарчанд, улар арзимаган беш ёки ўн минг лира бўлса ҳам. Бугун у ванна – сув ўтказиш учун тўланган пулни ҳам ҳисобга киритиш керак, эртага – дераза ортидаги манзара, индинга – қасрнинг эшиги тагидаги автобус бекати ва бошқа сабаблар. Бироқ мен беш миллионда қатъий туриб олдим. Шунда ҳам харидорлар бир келиб ана шу нархни эшитгандан сўнг бошқа кўринмай кетаёган эди.
Ниҳоят бахтли тасодиф юз бериб бу уйни ўйнаши учун сотиб олмоқчи бўлган миланлик йирик саноатчи учраб қолди. У ўрта ёшлардаги қорачадан келган, чўзинчоқ юзли, оғзи тўла тилла тиш, нарх-наволарни яхши биладиган, серҳаракат ва уддабурон одам эди. У хонадондаги энг майда нарсаларни ҳам кўздан қочирмай кузатиб чиқди-да, княгинага такаллуф ҳам қилиб ўтирмасдан дангалига:
– Бунақа хароба кулбадан Миланда кир ювадиган хона сифатидагина фойдаланадилар… Агар зарурий таъмирлаш ишлари бажарилса – пол қилинса, дераза каттартирилса, мана бу ҳеч нарсага ярамайдиган нарса алмаштирилса – у ваннани кўрсатди, – хонадон менга етти-саккиз миллионга тушади… Майли, муҳими бу эмас… бозор нархи талаб ва таклифга қараб белиланади… Сизга ана шундай хонадон керак одам учраб қолди – нарх сиз айтганча бўла қолсин.
У княгина қошида ишбилармонлик одатига биноан ошкора ва дағал оҳангда гапирган чоқда ҳисобда янглишгандек бўлди, шунинг учун у чиқар-чиқмас княгина дили сиёҳ бўлиб:
– Проетти, биз катта хато қилдик, – деди.
– Қанақа хато?
– Биз атиги беш миллион сўрадик, бу одам етти миллион сўраганимизда ҳам берар эди.
– Княгина, сиз унинг қандай одам эканини тушунмадингиз деган хавотирдаман: унинг пули жуда кўп – бу ҳақиқат, аммо у машъуқасининг ишқида ақлдан озган – сиз билан баҳслашмайман, лекин унинг беш миллиондан ортиқ бир тийин ҳам бермаслигига ишончим комил, – деб жавоб бердим мен.
– Аёл кўнглига йўл топиш учун эркаклар нималарга қодир эканини сиз билмайсиз, – бу гапни айтаётиб менга пулга харисликдан бошқа нарса ифода этмаётган гўзал кўзларини тикди.
– Бўлиши мумкин… аммо мен бунинг акси бўлишига ишонаман, – дедим хижолат бўлиб.
Хуллас, эртасига чошгоҳда миланлик қасрга ўз нотаирусини олиб келди. Биз ҳали ўтиришига ҳам улгурмасимиздан княгина:
– Синьор Казинаги, мени маъзур тутинг, мен туни билан ўйлаб чиқдим, кечаги нархга уйни сота олмайман.
– Нима учун?
– Шунинг учунки, биз уни олти миллионга сотмоқчимиз.
Шу тобда Казирагини бир кўрганингизда эди. У ўрнидан туриб мутлақо хотиржам оҳангда:
– Княгина, сизни шарафлайман ва ҳузур-ҳаловат тилайман, – дея хайрлашиб чиқиб кетди.
У кўздан ғойиб бўлгани заҳоти:
– Ана, кўрдингизми, ким ҳақ бўлиб чиқди? – деб сўрадим ундан.
– Ҳали кўрасиз, биз олти миллион лирга харидор топамиз.
Ҳаммасига қўл силтаб кетишим керак эди-ю, аммо мен княгина ростакам севиб қолган эдим. Эҳтимол. шунинг учундир кетолмагандирман. Бир неча кундан сўнг беш ярим миллионга мен топган харидор одатдагиларга сира ўхшамас эди. Кишининг ақлини шоширадиган рақамни эшитганда ҳам бир оғиз эътироз қилмади. У Пандольфи деган баланд бўйли ва айиққа ўхшаган бақалоқ ёш заминдор эди. Биринчи учрашгандаёқ уни жиним суймади. Мен уни княгинага таништирганимда унинг нима учун нарх устида тортишмаганини билиб олдим. Маълум бўлишича, уларнинг кўплаб умумий дўстлари бор экан. У княгинага шундай қарар эдики, унинг княгинанинг ошиқларидан бири эканига шубҳа йўқ эди.
Биз одатдагидек уч хона ва ваннани кўздан кечирдик. Кейин княгина ойнаванд эшикни очиб унга бу ердан очиладиган манзарани кўрсатиш мақсадида у билан айвонга чиқди. Мен хонада қолдим, бу ердан уларни бемалол кузатишим мумкин эди. Улар қўлларини панжарага қўйди, худди у тасодифан бўлгандек қўлини суриб бориб княгинанинг қўли устига қўйди. Мен секинлик билан йигирмагача санадим. Қўллар йигирма лаҳза бирга турса нима бўлибди, аммо йигирмагача санаб кўринг-чи, нимани ҳис қилар экансиз! Йигирманчи лаҳзада княгина ўзини эркин тутиб қўлини тортиб олди ва улар хонага қайтишди. У хонадон ўзига маъқул бўлганини айтиб жўнаб кетди. Биз ёлғиз қолдик, у, уятсиз:
– Кўрдингизми, Проетти! Беш ярим миллион… ҳали бунинг устига яна қўшамиз.
Эртасига эрталаб яна княгинанинг олдига келдим. Мени одатдагидек залда котибаси билан кутиб ўтирган княгина хурсандчилик билан:
– Биласизми, Проетти, сиз топган харидор билан айвонга чиққанда нима топдим? – деди.
Мен унга “У сизни севиб қолган, шуни топдингизми?” демоқчи бўлдим, аммо тилимни тийдим.
– Айвоннинг бир бурчагидан Вилла Боргезанинг катта қисми кўриниб турар экан. Проетти, темирни иссиғида босиш керак… Бугун биз синьор Пандольфидан олти ярим миллион сўраймиз.
Сиз ҳам тушундингизми? Пандольфининг ўзини севиб қолганини билиб, унинг ишқини ўйин қилмоқчи. Княгинанинг қўлини тутиб турган йигирма лаҳза унга нақд бир миллионга тушяпти: ҳар лаҳзаси учун эллик минг лир. Ажойиб иштаҳа! Бу сафар унинг айтган пулини олишига ишончим комил эди. Шу вақт қалбимда тўсатдан ғайирлик, рашк ва нафрат туйғуси туғён қилди. Ахир, мен унинг савдодаги даллоли эдим, энди эса у мени ошиқ-маъшуқлик ишларига даллол қиляпти. Хаёлимни жамлаб олишга ҳам улгурмасдан кескинлик билан:
– Княгина, менинг ишим – даллоллик, қўшмачилик эмас, – дедим ва қизариб-бўзариб югуриб чиқиб кетдим.
У сира ҳам хафа бўлмасдан ортимдан:
– Сизга нима бўлди, Проетти? – деб сўраб қолгани қулоғимга чалинди.
Бу унинг ёқимли овозини сўнгги бора эшитишим эди.
Орадан бир ой ўтиб, хизматкорлар оғаси Антониони учратиб қолдим ва ундан:
– Княгина яхшими? – деб сўрадим.
– У эрга тегяпти.
– Кимга? Ундан ўша чердагини сотиб олган Пандольфигами?
– Қанақа Пандольфи… унга бобо бўлишга ярайдиган қари аҳмоққа, жанубий вилоятлик князга… Бироқ, ийиғи чиққан бой. Айтишларича, Калабрининг деярли ярми унга қарашли эмиш… Ҳосили калом, чинакам овчининг ови бароридан келаверади.
– Ҳали ҳам ўзгармаганми?
– Ҳа, фариштанинг ўзгинаси.
Русчадан Дамин Жумақул таржимаси