Альбер Камю. Ён дафтарчалар

XX аср француз адабиётининг йирик намояндаларидан бири, адабиёт бўйича 1957 йилги Нобель мукофотининг соҳиби Альбер Камю (1913-1960 йиллар) моҳир адиб, драматург, файласуф сифатида инсоният маданиятида ёрқин из қолдирган. “Калигула”, “Ёт киши”, “Тубанлашув”, “Ўлат” каби ва яна бошқа ўнлаб машҳур асарлар санъаткор қаламига мансубдир. Камюнинг “Ён дафтарчалари” (ёзувчининг ўз тили билан айтганда — “дафтарлари”) ўқувчида ҳассос санъаткорнинг ижод олами сирлари, дунёқараши, табиат ва жамиятга муносабатлари ҳақида бир олам тасаввур ҳосил қилади. “Ён дафтарчалар” узоқ йиллар давомида — 1935 йилдан то адибнинг фожиали ўлимига қадар битилган бўлиб, мавзулари ранг-баранг: уларда адабиёт, санъат, фалсафа, сиёсат, табиат, ижтимоий ҳаёт ҳодисалари, кундалик турмуш икир-чикирлари ва бошқалар ўз аксини топган.
Адибнинг шахсий ёзувлари бўлган “Ён дафтарчалар” у вафот этганидан кейин Франциянинг “Галлимар” нашриётида уч жилдлик ҳолида чоп этилган.
“Ён дафтарчалар”нинг бир қисми Москвада 1990 йилда “Радуга” нашриётида асарлар тўплами таркибида рус тилида босилиб чиқди. Қуйида биз ана шу нашрдан олинган ўқувчиларни қизиқтириши мумкин бўлган айрим қайдлар ва фикрлар таржимасини эълон қилаяпмиз.

V ВА VI ДАФТАРЛАРДАН

(1945 йил сентябрь— 1951 йил март)

* * *

Мен нечун файласуф эмас, санъаткорман! Сабаби: фикру ёдим ғоялар эмас, сўзлар оламида.

* * *

Шифокор эшиги олдида мук тушганлар худди даққи жониворларга ўхшаб кетади.

* * *

Одамлар нега ичишади? Шунинг учун бўлса керакки, шароб бутун тафаккурга жило бериб, жами вужудни жунбушга келтиради. Хулоса шул: қадаҳ — ночорлик ёки норизолик аломати.

* * *

Ҳаётдаги энг муҳим масала — одамлар орасида умргузаронликни қандай ўтказиш.

* * *

Бизга “яратган образингда қиёфа йўқ”, деб таъна қилишади. Бироқ, ҳамма гап шундаки, тимсолнинг ўзи юзсиз. Тўнкалардан ўрнак олишимизни билишмайдигандек, тағин муҳаббатдан йироқсизлар, деб ёзғиришади…

* * *

Сент-Бьё: “Мен ҳамиша шундай фараз қиламанки, мабодо инсон зоти бир дақиқа ёлғондан тўхтаб, ичидагини ошкор айтса борми, жамият шу заҳоти титилиб кетган бўларди”.

* * *

Гиммлернинг врачи бўлиб хизмат қилган (ва Дахаудан яхши хабардор бўлган) Карл Герхарднинг сўнгги сўзлари:
“Дунёда ҳали ҳам адолатсизлик борлигидан афсусдаман”.

* * *

1905 йил инқилоби Москвадаги босмахоналардан бирининг ишчилари ишбай ҳақ тўланишида нуқталар ва вергулларнинг ҳам ҳарф қаторида саналишини талаб қилиб, иш ташлашидан бошланган…

* * *

Москва Коммунаси пайтида Қувурлар майдонидаги тўплар ўқидан вайрон бўлган бино олдида ўлик жасадидан кесиб олинган бир парча гўшт солинган ликопча турар ва унинг тагида шундай ёзув бор эди: “Жабрдийдаларга мадад учун ўз ҳиссангизни қўшинг”.

* * *

Столипиннинг қотили Дмитрий Багровга шоҳона илтифот кўрсатилди — у фрак кийган ҳолида осилиш бахтига муяссар бўлди.

* * *

Инсонни ўлимга ҳукм қилиш — уни одам бўлиб олиш имкониятидан маҳрум қилиш демакдир.

* * *

Ёллаш. Қалами учидан учқун чиқмаган адибларнинг кўпчилиги ўзларини коммунистлар сафига уришаяпти. Бу — санъаткорларга тепадан қараб туриш имконини берадиган ягона илинж. Шу маънода коммунистлар — толеи чопмаганлар партияси. Табиийки, бу қўрғоннинг дарвозалари тирбанд.

* * *

Достоевский мазмунидан кўра, бу ҳаётнинг ўзига кўпроқ муҳаббат қўйиш керак, дейди. Тўғри, дарҳақиқат, ҳаётга муҳаббат сўнганида унинг мазмуни ҳам ўз-ўзидан ўчиб қолади.

* * *

“Дорилбақода қабр деган бир қаср борлигининг ўзиёқ дилга севинч бағишлайди”.

* * *

Марксизм — қозибозликка ғиж-ғиж тўлиб, ҳуқуқ илми анқонинг уруғига айланган фалсафадир.

* * *

Қулларга эҳтиёж мўл жойда имкони борича кўпроқ мусиқа ижод қилиниши зарур. Толстойнинг айтишича, бир немис князи шундай фикрда бўлган экан.

* * *

Толстойнинг иш столида қолиб кетган охирги, тугалланмаган асари шундай номланган: “Дунёда гуноҳкорнинг ўзи йўқ”.

И.Бек таржимаси.

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2003 йил, 10-сон